Алишер НАВОИЙ (1441–1501)    

alisher_navoiy

 

 ҚОН ЁШИМ СОРИҒ  ЮЗ УЗРА…

 Қон ёшим сориғ юз узра ошкор этти фироқ,

Заъфаронзоримни ғамдин лолазор этти фироқ.

 

То фироқ уйига кирдим, ваҳки, ашкимдин эди,

Гарчи юз гавҳар, аёғимға нисор этти фироқ.

 

Дам-бадам оҳим чекарга сабр ила тоқатни ақл

Ихтиёр этти, вале беихтиёр этти фироқ.

 

Жон талошур элни марг андоқки айлар музтариб

Лабларинг истар кўнгулни беқарор этти фироқ.

 

Деб эдук ишқ андуҳидин ҳар дам афғон қилмали,

Ваҳки, бу даъвода бизни шармсор этти фироқ.

 

Кет фараҳким, ғамни, меҳнат тошин олиб, кўнглума

Юз туман мисмор бирла устувор этти фироқ.

 

Эй Навоий, васл аро бўлғайки, боқиб кулгамен

Доғларниким кўнгулга ёдгор этти фироқ.

 

Демангиз нетти фироқ охирки бўлдунг душмани,

Манъи васли хусрави Жам иқтидор этти фироқ.

 

 

(“Ғаройиб ус-сиғар”, 315-ғазал)

 

Луғат:

 

Заъфаронзор – заъфарон экилган жой; маж.: ошиқнинг сарғайған юзи.

Нисор этмоқ – сочиш (кишига эҳтиром маъносида унинг бошидан бирор нарса (гул, танга, гавҳар) сочиш); сочқи.

Марг – ажал, ўлим

Музтариб – талвасага тушиш, изтиробга тушиш

Афғон – фиғон, оҳ-фарёд.

Фараҳ – шодлик.

Меҳнат – машаққат, қийинчилик, ғам

Туман – юз минг

Мисмор –  мих, қозиқ

Нетти – нима қилди

Хусрав – подшоҳ

 

 

Байтларнинг насрий баёни

 

Дилнавоз ЮСУПОВА шарҳи

 

  1. Фироқ сарғайган юзим устидаги қонли кўз ёшимни ошкор қилди, заъфаронлар ўсган чеҳрамни ғамдан лолазорга айлантирди.
  2. Фироқ уйига кирган эдим, э воҳки, фироқ кўз ёшим туфайли пайдо бўлган юзлаб гавҳарни оёғим остига сочқи қилиб тўкди.
  3. Ақл ҳар замон оҳ чекавериб, охир-оқибат сабр-тоқатни ихтиёр этган эди, лекин фироқ уни ихтиёридан жудо қилди.
  4. Ўлим жон талвасаси вақтида одамларни қандай изтиробга солса, фироқ лабларинг истагида бўлган кўнгилни шундай ҳолатга солди.
  5. Ишқ ғуссасидан ҳар лаҳза дод-фарёд қилмаймиз, деб айтгандик, лекин, э, воҳки, фироқ бу даъвода ҳам бизни шарманда қилди.
  6. Эй шодлик, кет, чунки фироқ машаққат тоши билан кўнглимга ғамни юз мингта мих билан қоқиб қўйди.
  7. Эй Навоий, ҳали шундай замонлар келадики, висолга етишиб, айрилиқдан ёдгор бўлган кўнгил доғларига боқиб куламан.
  8. Охир-оқибат сенинг душманингга айланган фироқ сенга нима қилди, деб сўраманг. Зеро, фироқ Жамшиддек қудратли подшоҳнинг висол сари олиб борувчи йўлини тўсиб қўйди.

 

 

 

Ғазалнинг умумий маъно-моҳияти

 

Мазкур ғазал мумтоз адабиётимизда кенг тарқалган фироқ мавзусига бағишланган. Ғазалда “фироқ” сўзининг радиф сифатида олиниши шоирнинг ушбу орзуга алоҳида ёндашганлигини кўрсатади.

Матлаъдаёқ кучли муболағавий тасвирга гувоҳ бўламиз. Ошиқнинг юзи ҳижрону алам туфайли заъфарон (сариқ) тусга кирган, фироқ шиддати ҳаддан ошгач, ошиқ сариқ юзи узра қонли кўз ёш тўка бошлайди, бу кўз ёшлар ҳатто унинг заъфарон ўсгандек тасаввур қолдирувчи сариқ юзини лолазорга айлантиради. Маълумки, заъфарон сариқ тус берувчи хушбўй ўсимлик бўлиб, мумтоз адабиётимизда одатда ошиқнинг ғамдан сарғайган юзига нисбат берилади. Бу ўринда шоир заъфаронзорнинг лолазорга айланиши билан боғлиқ ташбиҳдан фойдаланяптики, бу фироқнинг таъсир кучини кўрсатишда бетакрор бадиий восита сифатида хизмат қилган.

 

Қон ёшим сориғ юз узра ошкор этти фироқ,

Заъфаронзоримни ғамдин лолазор этти фироқ.

 

Кейинги байтда тасвир янада қизиқарли тус олади: ғазалнинг лирик қаҳрамони фироқнинг уйига кирган эди, унинг кўз ёшларидан пайдо бўлган юзлаб гавҳарларни фироқ ошиқнинг оёғи остига тўкиб, гўё унга эҳтиром кўрсатди (Фироқнинг усталигини қарангки, унинг уйига ташриф буюрган меҳмон учун сочқини ҳам ошиқнинг ўзидан олиб, яна унинг ўзига бахшида қиляпти). Байтда қўлланган ташхис (жонлантириш) санъати китобхон кўз олдида манзаранинг янада жонли чиқишини таъминлаган:

 

То фироқ уйига кирдим, ваҳки, ашкимдин эди,

Гарчи юз гавҳар, аёғимға нисор этти фироқ.

 

Навбатдаги байтда тасвирланишича, ақл ниҳоят тақдирга тан бериб, сабр ва тоқатни ихтиёр қилмоқчи эди, лекин фироқ яна уни бу ҳолатидан беихтиёр қилиб, ўз измига солди:

 

Дам-бадам оҳим чекарга сабр ила тоқатни ақл

Ихтиёр этти, вале беихтиёр этти фироқ.

 

Мумтоз адабиётдаги ташбиҳга кўра, ёрнинг лаби – оби кавсар ва  ошиқ бу лаблардан оби ҳаёт, яъни жон топмоқчи. Лекин фироқ бунга йўл бермаяпти. Бу худди жон талвасасида ётган кишининг ўлим билан олишувига ўхшайди.

 

Жон талошур элни марг андоқки айлар музтариб

Лабларинг истар кўнгулни беқарор этти фироқ.

 

Кейинги байтларда тадрижийлик яна давом этади. Ошиқ бир вақтлар “биз ишқ изтироблари ичра собитмиз, яъни ишқ ғами бизни оҳу фиғон қилишга мажбур қилолмайди” деб иддао қилган эди, лекин фироқ шиддати бу даъвони пучга чиқарди, яъни ошиқни эл ичра шармсор қилди:

 

Деб эдук ишқ андуҳидин ҳар дам афғон қилмали,

Ваҳки, бу даъвода бизни шармсор этти фироқ.

 

Фироқ ғами шундай ортдики, энди ошиқ учун шодлик ва хурсандчиликдан ному нишон қолмади, чунки фироқ ғам тошини олиб, кўнгилнинг устига юз мингта мих билан ғамни шундай қоқиб қўйдики, энди бу кўнгилга шодлигу хурсандчилик сиғмайди. Яна ташхис санъати воситасида фироқнинг жонлантирилиши китобхон кўз ўнгида ажойиб бир лавҳани гавдалантиради.

Фироқдан ёзғириш кайфияти устувор бўлган ғазал мазмуни мақтаъга келганда бирдан бошқача тус олади: шоир ўз-ўзига мурожаат қилиб, тез орада фироқ чекиниб, висол устувор бўладиган кунлар келишини, шунда кўнгилда фироқ аламидан қолган доғларни ёдгорлик сифатида  кулиб эслашини умидворлик билан таъкидлайди:

 

Эй Навоий, васл аро бўлғайки, боқиб кулгамен

Доғларниким, кўнгулга ёдгор этти фироқ.

 

Бу умидворлик ҳисси ғазалнинг сўнгги байтига келганда реал воқелик билан уйғунлашади. Яъни, ушбу ғазал унинг лирик қаҳрамони ўзи учун беҳад азиз бўлган киши (ёри, дўсти ёхуд замона ҳукмдори)дан айрилиқда эканлигида ёзилган бўлиб, шоир тез орада у билан дийдорлашувига ишонади. Зеро, байтда айтилишича, фироқ шоирга душманлик қилиб, маълум муддат унинг Жамшиддек қудратли подшоҳ васлидан баҳраманд бўлишига тўсқинлик қилди:

 

Демангиз нетти фироқ охирки бўлдунг душмани,

Манъи васли хусрави Жам иқтидор этти фироқ.

 

Ғазалнинг шоир ихлосмандлари томонидан тартиб берилган “Оққуюнли мухлислар девони”дан ўрин олганлиги (мазкур девон 1471 йилда тузилган), кейинчалик ўзининг илк расмий девони “Бадойиъ ул-бидоя”га киритилганлигини ҳисобга олсак, унинг 1471 йилдан аввалроқ, эҳтимол шоир Самарқандда яшаган даврларида яратилганлиги тахмин қилинади.

Ғазал рус тилига А.Сендик томонидан таржима қилинган. Ғазалга хос қофияланиш тизими ва радиф (“разлука”)нинг сақланиши таржиманинг шаклий муваффақиятини таъминлаган. Баъзи байтлар (4-,5-байтлар)даги ноқисликларни ҳисобга олмаганда, мазмунда ҳам асл матнга анча яқинлашиш бор. Таржима аслият ҳажми (8 байт) доирасида амалга оширилган, фақат унда еттинчи ва саккизинчи байтлар ўрни алмаштирилган. Бу тасодифий эмас, зеро анъанавий ғазаллардан фарқли ўлароқ, ушбу ғазалда тахаллус охиридан аввалги байтда келтирилган. Бундай ҳолат Алишер Навоий ғазалларида оз бўлса-да (2600 ғазалдан 10 тачасида) учраб туради. Ушбу ҳолдан бехабар мутаржим таржимада гўё бу “хато”ни тузатган бўлиб, байтлар ўрнини алмаштирган бўлса, эҳтимол.

 

 

Ғазалнинг русча таржимаси

 

 

Таржимон – Анатолий Сендик

 

Кровавые исторгает слезы из глаз разлука,

Шафран на тюльпан меняет, зная свой час, разлука.

 

В доме ее не скоро жемчужными станут,

Но уж потом любому их даст про запас разлука.

 

Цепи долготерпенья не мы для себя избрали,

Не слушая возражений, решила за нас разлука.

С гибелью бьется воин, отвагою жизнь спасая,

А я от тебя не спасся и милой не спас, разлука.

 

Чтобы тебя не тешить, страдать мы решили молча,

А все же наши стоны слыхала не раз, разлука.

 

Радости нам не видеть, страдания – наша доля,

Об этом гвоздями к сердцу прибила приказ разлука.

 

Не спрашивайте, за что я разлуку так ненавижу,–

Нам запрешая встречи, тверда, как алмаз, разлука…

 

О Навои, утешься, не раз еще ты с любимой

Вспомнишь, смеяс, что, дескать, было и у вас разлука.

 

 

Ғазалнинг инглизча таржимаси

 

 

ТаржимонАида Буматова

 

On the visage yellowish, my bloody eye drop revealed, parting,

My face where saffron grows, from grief, turned into a tulip field, parting.

 

I entered the parting house, dear me, with hundreds of pearls

Emerged from my teardrops, then at my feet are filled, parting.

 

Wit has groaned from time to time and wanted to be patient at last,

But depriving of its intent, left it unfulfilled, parting.

 

Like death at time of agony, put me into a great torment,

Also put in pain, for soul, kissing your lips appealed, parting.

 

We said we do not wail each moment from the suffering of love,

However, so much of dishonor – over our head – spilled, parting.

 

Hey joy, get out of sight forever – for – with the stones of burden

A hundred thousand of clinch nails – into my heart sealed – parting.

 

Hey Navoiy, time will come and I will unite with my love,

As keepsakes, I laugh at heart sores that are not well-healed, parting.

 

Do not ask me, as my foe, what did it with me in the end,

Between powerful king Jamshid and me became a shield, parting.

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi