АМЕДЕО МОДИЛЬЯНИ

Modilyani

Амедео Модильяни (1884–1920) ғоят истеъдодли бўлса-да, ўз даврида эътироф этилмаган, қашшоқликда умр кечирган рассом эди. Модильяни ижодининг бошланиш даврида Италия замонавий санъатида импрессионизм етакчи услублардан саналган. Уни импрессионизмга ўргатган хусусий мактаб имкониятлари ҳали футуризмга ўтиш босқичида эди.
Модильяни Ливорно шаҳрида (Тоскана, Италия) сефард яҳудийлари бўлмиш Фламинио Модильяни ва Евгений Гарсеннинг оиласида туғилди. У оилада энг кичик – тўртинчи фарзанд эди. Фламинио Модильяни кон муҳандиси бўлиб, Сардиниядаги кўмир шахтасига раҳбарлик қилар ва, шу билан бирга, қарийб ўттиз акр келадиган ўрмонзордаги хўжаликни бошқарарди.
Амедео дунёга келган пайтда оиланинг ишлари инқирозга юз тутган эди. Онаси тирикчилик учун француз тилидан дарс берар, таржима билан шуғулланарди. Жумладан, у Габриел д’Аннунционинг асарларини таржима қилган, болаликдан француз тилини чуқур ўрганган эди.
Онасидан қолган хотираларга кўра, Модильяни хасталикда алаҳсираб ётиб, хаёлан итальян мусаввирларининг ноёб асарлари ичида кезган ва ўзининг дунёга мусаввир сифатида келганлигини англаб етган. Тузалиб кетганидан сўнг, ота-онасининг рухсати билан Ливорнодаги санъат академиясида рангтасвир бўйича сабоқ олишни бошлайди. 1898 йилдан Гульельмо Микелининг хусусий рассомлик студиясига қатнаб, импрессионизмга йўналтирилган машқларни, Жино Ромитининг ательесида эса кийимсиз одамлар тасвирини чизишни ўрганади. 1902 йили Флоренциядаги рангтасвир мактабига киради. Айни шу йиллари Флоренция музейларига қатнаб, ўзини мафтун қилган Уйғониш даври санъатини чуқур ўрганади.
ХХ аср бошларида Париж жаҳон санъатининг маркази ҳисобланарди. Модильяни 1903 йилдан Венеция нафис санъат институтида ўқиб, 1906 йилнинг бошида Парижга кўчиб келади. Морис Утрилло, шоир Макс Жакоб, Людвиг Мейднер, Пабло Пикассолар билан ижодий ва дўстлик муносабатини ўрнатади. Аммо у бу шаҳарда ғоят қаттиқ моддий қийинчиликлар қуршовида кун кечирарди. У ижара уйи ҳақини тўлай олмасдан тез-тез алмаштирар, хонадон соҳибларига эса пул эвазига асарларини қолдириб кетаверарди. Бу ҳолат доктор Поль Александр унга уйни совға қилгунигача давом этган. Поль Александр Модильянининг биринчи ҳомийси бўлиб, унинг асарларини сотиб олади. Шунингдек, портрет чизишга буюртмалар ташкил қилади. Рассомнинг машҳур “Амазонка” портрети айнан шундай буюртма асосида яратилган. Поль Александрнинг саъй-ҳаракатлари билан Модильянининг асарлари сотила бошлайди ва нуфузли кўргазмаларда иштирок этади. Хусусан, Поль Александрнинг талаби билан у ўзининг бешта асарини мустақил рассомлар салонига кўргазмага қўяди, улар ичида “Яҳудий аёл” портрети ҳам бор эди.
Бироқ, Модильянининг асарлари омманинг эътиборини тортмади, чунки, унинг асарлари футуризмга яқин бўлиб, Пикассо ва Жорж Браклар асос солган таомилдаги оқим – кубизмга мансуб эмасди.
1909 йилда Модильянининг Монпарнасдаги ательега кўчиб, румин ҳайкалтароши Константин Бринкуши билан танишиши унинг ижодига катта таъсир кўрсатади. Бу даврда у асосан ҳайкалтарошлик билан шуғулланади. Рассомнинг ўз фаолият соҳасини нима учун ўзгартиргани ҳақида ҳозирда бир неча тахминлар юради. Эҳтимол, Модильяни асарларининг кўргазмалардаги муваффақиятсизлигидан кейин ўз кучини ҳайкалтарошликда синаб кўрмоқчи бўлгандир.
Аммо ўша вақтда Модильянининг ҳайкал ясаш учун ҳом-ашё олишга ҳам имконияти бўлмаган. Қийинчиликлар ва соғлиғининг ёмонлиги туфайли у она шаҳри Ливорнога бир муддат қайтиб кетади. Унинг Поль Александрга ёзган хатларидан аён бўлишича, Модильяни Ливорнода мармардан ишлаган ҳайкалларини Парижга жўнатиб турган, аммо у ясаган битта мармар ҳайкал ҳам сақланиб қолмаган. Айтишларича, унинг ўзига хос изланишларини тушунмаган танишлари у ясаган бюстлар устидан кулади. Амадео эса сармаст ҳолатда уларнинг барини Сена дарёсига ташлаб юборган. Эндиликда эса уларни ҳануз қидиришмоқда.
1914 йилда Биринчи жаҳон уруши бошлангач, Модильяни саломатлигининг ёмонлиги туфайли ҳарбий хизматга олинмайди. Шу сабабли у уруш йилларини Парижда қолган Пикассо, Хуан Грис, Хаим Сутин ва Моисей Кислинг каби рассомлар гуруҳи даврасида ўтказади. Ҳомийси Поль Александр ҳам урушга кетади. Коллекционер Поль Гийом Модильянининг янги ҳомийси сифатида фаолият бошлайди ва рассомнинг асарларини ўз галереясида намойишга қўяди.
Бу даврда Модильяни асосан дўстлари ва ўз даврининг бошқа машҳур кишилари портретларини чизади. Айнан портретлар уни Париж богемасининг машҳур сиймоларидан бирига айлантиради. У биринчилардан бири бўлиб, ню услубида ҳиссий жиҳатдан реалистик тасвирлар ярата бошлади.
Кейинчалик Модильянини поляк шоири Леопольд Збровски ўз ҳомийлиги остига олиб, уни уй ва пул билан таъминлаб туради. Рассом Збровскининг буюртмасига асосан 1916–1917 йилларда ню жанрида салкам ўттизта асар яратади. Збровски туфайли Модильянининг ишлари Лондонда кўргазмага қўйилди ва юксак мақтовларга сазавор бўлди.
1917 йилнинг 3 декабрида Берта Вейль галереясида Амедео Модильяни асарларининг шахсий кўргазмаси очилади. Галерея полиция маҳкамасининг рўпарасида жойлашган эди. Мусаввирнинг кўргазмага қўйилган асарларидан ғазабланган қонун посбонлари атиги бир неча соатдан кейин экспозицияни ёпишга мажбур қилишади. Чунки Модильяни ишлаган йўналиш анъанавий экспрессионизм йўналишига хос, бир қарашда оддий, аммо жиддий асарлар эди. Унинг асарларида инсон танаси мавҳум, маълум доирага солинган тимсоллар билан эмас, балки реал портрет шаклида тасвирланади.
1917 йилнинг апрелида Модильяни Клоаросси академиясининг талабаси бўлмиш ўн тўққиз ёшли Жанна Эбютернни учратади. Жанна рассомнинг қалбини эгаллаш билан бирга унинг асосий моделига айланади – Модильяни уни йигирма бештадан ортиқ картиналарида акс эттиради. 1919 йилда улар никоҳдан ўтишга қарор қилишади, аммо Модильянининг хасталиги туфайли тўй маросими амалга ошмай қолади.
1920 йилнинг 24 январида Париж клиникаларининг бирида Модильяни сил хасталиги туфайли вафот этади. Орадан бир кундан ўтиб, 25 январда эса унинг суюклиси Жанна Эбютерн айрилиққа чидолмай ўзини юқори қават деразасидан ташлайди. У бу вақтда тўққиз ойлик ҳомиладор эди. Бу фожиа кўпчиликни ларзага солганди. Уларнинг дафн маросимида деярли ижодий элита вакиллари иштирок этади ва шундан кейингина Модильянининг ишларига қизиқиш бошланиб, унинг буюк рассом эканлигини тан олишади.
Рассомдан қисқа умри давомида юздан ортиқ асар яратган. Бу ишларнинг асосий қисми портретлар ва аёллар тасвирларидан иборат. Унда рангтасвирлар намуналари, авангардчилар ўртасида машҳур бўлган ­натюрморт деярли йўқ. Ню жанрида яратилган асарлари ижодий меросининг дурдонаси ҳисобланади. Модильянини фақат инсон қизиқтирарди ва бу дунёда инсон чеҳрасидан-да гўзалроқ нарса йўқ, деб ҳисобларди.

Муниса МУҲАМЕДОВА
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн
институти “Музейшунослик”
кафедраси доценти

1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi