ТОНГ НАСИМИН СОЙИР ЭТКАН...

alisher_navoiy

Тонг насимин сойир эткан гул узоримдур менинг,
Секритиб майдонға кирган шаҳсуворимдур менинг.

Гард эмас, гардинда балким кўрмасун деб эл кўзи,
Волиҳу саргашта жони хоксоримдур менинг.

Маркабининг наълидин ҳар дам чоқилған ўт эмас
Ким, кўнгул отлиғ заифи беқароримдур менинг.

Баски, телмурди кўзум киргайму деб майдон аро,
Кўз қароси йўқки, доғи интизоримдур менинг.

Ул баҳори ҳусн минган қатраафшон бодпой
Гулшани айш очқали абри баҳоримдур менинг.

Чобуки меҳр ўлди бемеҳру ҳарун кўк тавсани,
Тутманг отинким, эшитмак они оримдур менинг.

Йўлида айлай фидо кўз гавҳарин, жон жавҳарин,
Эй Навоий, етса ул чобук, нисоримдур менинг.

(“Ғаройиб ус-сиғар”, 349-ғазал)

ЛУҒАТ:

Сойир – сайр этувчи
Шаҳсувор – 1) чавандоз; 2) севикли ёр, маҳбуба
Гул узор – гул юзли, гулчеҳра
Волиҳ – мафтун
Саргашта – сарсон, овора; паришон
Маркаб – от
Наъл – тақа
Қатраафшон – қатра сочувчи
Бодпой – чопқир, учқур от
Абр – булут
Тавсан – 1) арғумоқ от, ўйноқи от; 2) саркаш, асов, шўх
Ҳарун – қайсар, ўжар
Байтларнинг насрий баёни

Дилнавоз ЮСУПОВА шарҳи
1. Тонг шамолини сайр этувчи қилган менинг гулюзли ёримдир, аслида ушбу шамол майдонга от сакратиб кирган чавандоз ёрим туфайлидир.
2. Унинг ортидан кўтарилган чанг гард эмас, балки ушбу чанг туфайли элнинг кўзи ёримни кўрмасин деб, сарсон бўлган менинг хоксор жонимдир.
3. Отининг тақасидан ҳар замон чақнаган ўт эмас, балки менинг кўнгил отли бир заифи беқароримдир.
4. Ёрим майдонга кирармикан, деб кўзим кўп термулди, сиз кўраётган бу кўзимнинг қораси эмас, балки интизорликнинг доғидир.
5. Ҳусн баҳори (соҳибжамол ёрим) минган ўша от ҳаётим гулшанини шод этувчи кўкламимнинг булутидир.
6. Меҳрнинг оти бемеҳр бўлди, осмоннинг оти қайсар бўлди, уларнинг отини менинг олдимда тутмангки, эшитишга ҳам ор қиламан.
7. Эй Навоий, агар ул чобуксувор ёрим йўлдан етиб келса, кўзим қорачиғи ва жоним гавҳарини унинг йўлига нисор этаман.
Ғазалнинг умумий мазмун-моҳияти

Алишер Навоийнинг мазкур ғазали ишқий мавзуда бўлиб, унда шўх ва бепарво ёрнинг таърифи келтирилган. Ушбу ёр от минишга моҳир чавандоз бўлиб, ғазалда бошдан охиригача унинг йўлига кўз тиккан ошиқнинг руҳий ҳолати: дарду аламлари, изтиробу соғинчлари баён қилинган. Маҳбуба тонг саҳардан от миниб майдонга кирганда, тонг шамоли ҳам унинг атрофида сайр қилади:

Тонг насимин сойир эткан гул узоримдур менинг,
Секритиб майдонға кирган шаҳсуворимдур менинг.

Ёр учқур оти билан сайр қилганда, бутун эл унга ҳайрат билан боқадилар, ҳавода чанг кўтарилади. Лирик қаҳрамон наздида кўтарилган бу тўзон чанг эмас, балки ошиқнинг эл кўзидан рашк қилиб, ўзининг тупроқмонанд паришон жонини унинг йўлига тикканидир:

Гард эмас, гардинда балким кўрмасун деб эл кўзи,
Волиҳу саргашта жони хоксоримдур менинг.

Кейинги байтларда табиат ҳодисалари ва ёр тавсифи қиёси билан боғлиқ параллелизм давом этади. Ёр ҳар от ўйнатганда, унинг туёғидан ўт чақнайди, лекин ошиқ буни ўт деб эмас, балки ёр кўйида заифи беқарор бўлган кўнгли деб ҳисоблашларини истайди, зеро унинг ишқ ўтида ўзи ҳам ўтга айланган бу зор кўнгли унинг жисмидан чиққудек бесаранжом:

Маркабининг наълидин ҳар дам чоқилған ўт эмас
Ким, кўнгул отлиғ заифи беқароримдур менинг.

Маҳбуба гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай қолади. От ўйнатиб, баъзан майдондан узоқлашиб кетади. Шундай пайтда унга интизор ошиқнинг кўзлари телмуриб, майдонни излайди, ёрим яна кўриниб қолармикан деб унинг йўлларига кўз тикади. Ошиқнинг кўзларидаги қоралик қорачиқларидан эмас, балки ёрини кутган ошиқнинг интизорлигидан пайдо бўлган доғлардир:

Баски, телмурди кўзум киргайму деб майдон аро,
Кўз қароси йўқки, доғи интизоримдур менинг.

Навбатдаги байтда ажойиб сўз ўйинига гувоҳ бўламиз. Интизорлик шу даражага етдики, ошиқнинг назарида меҳр (қуёш)нинг оти бемеҳр бўлди, осмон арғумоқи қайсар бўлди, энди ошиқ уларнинг отини эшитишни ҳам истамайди. Байтда “тутманг отин” бирикмаси икки маънода: “номини айтманг” ва “отининг жиловини тутманг”, яъни “тўхтатманг” маъноларида қўлланилганки, бу орқали ийҳом санъатининг бетакрор намунаси вужудга келтирилган. Шунингдек, “отини тутманг” дейилишининг яна бир сабаби энди уларнинг оти ўзгарди: меҳрнинг оти бемеҳр бўлди, осмон арғумоғининг оти эса қайсар эканлигига ҳам ишора бор:

Чобуки меҳр ўлди бемеҳру ҳарун кўк тавсани,
Тутманг отинким, эшитмак они оримдур менинг.

Ғазал ёр йўлида жонфидолик қилиш истаги ва садоқат туйғулари ила интиҳо топади. Мақтаъда шоир агар ул чобуксувор ёри йўлдан етиб келса, кўз қорачиғи ва жонининг гавҳарини унинг йўлига мумнуният билан нисор этишини таъкидлайди:

Йўлида айлай фидо кўз гавҳарин, жон жавҳарин,
Эй Навоий, етса ул чобук, нисоримдур менинг.

Ғазал рус тилига Анатолий Сендик томонидан таржима қилинган. Мутаржим ғазалдаги радифни сақлаб қолишга ҳаракат қилган, ҳатто уни (“менинг”) сўз бирикмаси (“роза моя”) тарзида ифодалаган. Баъзи байтлар, хусусан тўртинчи байт таржимасида аслиятдан четга чиқиш ҳоллари кўзга ташланади.
Ғазал рус тилига аслиятдан фарқли ўлароқ 6 байт ҳажмида (мақтаъдан аввалги байт тушириб қолдирилган ҳолда) ўгирилганки, бу ҳол мутаржимнинг байтдаги мураккаб сўз ўйинини таржимада бериш масъулиятини ҳис қилгани ва хато қилишдан сақланганлиги билан боғлиқ бўлса керак.

Ғазалнинг русча таржимаси

Таржимон – Анатолий Сендик
Та, что свежей ветерка на рассвете,– роза моя.
Та, что смелей всех наездниц на свете, роза моя.

В прах обратившись, душа моя пылью за ней летит,
Щурятся люди, за это в ответе роза моя.

В облаке пыльном мерцают не искры из-под подков,–
Сердце спалила мое на две трети роза моя.

Долго она меня ждать заставляет, но я дождусь,
Язв ожиданья боятся лишь дети, роза моя.

Прелесть весны на коне ветроногом в росах сверкающих,–
Вот мою душу поймавшая в сети роза моя.

У Навои самоцветы глаз, жизни жемчужина.
Спешься, прими подношения эти, роза моя.
Ғазалнинг инглизча таржимаси

Таржимон – Қосимбой Маъмуров
SHE WHO’D ME WALK IN A DAWN WIND…
She who’d me walk in a dawn wind was my flowery beloved.
A horse rider who galloped into the field was due to my beloved.

It isn’t dust, but due to dust, folks’ eyes see my beloved not.
It was my dusty soul that was wandering there, believe or not,

It was not fire but lightning of my horse-shoe strike.
Nor is it my soul steed that makes troubles go spike.
To see if my beloved enter the field my eyes stared a lot.
It isn’t my eyes’ apple that you saw, but my missing spot.

That steed my beautiful beloved is riding fast to enjoy,
Is a spring cloud that presents my life garden much joy.

Love’s horse turned loveless, persistent was heaven’s horse.
Before me don’t hold the horse, to hear I shame even worse.

Hey Navoiy, if my horse-rider beloved reaches me so cool.
I’ll sacrifice to her road my eyes’ apple and all soul’s pearl.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
4 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi