ВРУБЕЛЬ ВА ДЕМОН

vrubel_va_demon

XIX аср охири – XX аср бошида рус бадиий маданиятининг ривожланишида замонавийликка, янгиликка интилиш билан бирга ўтмишга қизиқиш ҳам шу давр ижодкорлари, хусусан, рассомлари ижодида кузатилади. Михаил Александрович Врубель асарларида моҳир ҳайкалтарош каби бўрттириб, мозаика каби майдалаб рангларни ўз ўрнига тўғри жойлаштира олган, замонасида ўзига хос из қолдирган йирик рассомлардан бири эди. Врубель санъат ҳақидаги қарашларини гапирганида, – қалбни оддийлик билан маҳобатли, улуғвор образлар учун уйғотиш керак, – деганди.
Тадқиқотчилар Врубель ижодида нафақат кубизм, балки  ХХ аср бошларида ривожланган авангардни, яна баъзилари рус символизми ва модернизмининг бошланишини ҳам кўриш мумкин, дея таъкидлашган.
М.А.Врубель 1856 йилда ҳарбий-юрист оиласида туғилган. 1880 йилда Петербург университетининг ҳуқуқшунослик куллиётини тамомлаганидан сўнг Петербург Бадиий Академиясига ўқишга киради. 1884 йилда Киевда қадимдан мавжуд бўлган Кирилл черкови фрескаларининг таъмирида иштирок этади. Мана шу таассуротлари унинг кейинги ижодида, Киевдаги Владимировский жомеси учун акварелда ишланган  “Якшанба”, “Қабр устидаги нола”, “Исонинг туғилиши”,  “Фаришта кадил ва шам билан”  каби эскизларида намоён бўлади. Гарчи бу эскизлар қоғоздан черков деворларига кўчмаган бўлса-да, ўзининг мазмундорлиги, моҳирона ишланганлиги билан санъат ихлосмандлари олдида уларнинг баҳоси пасаймади. Диний мифологик мавзудаги асарларга мурожаат қилиш рассомга бутун борлиқни кўра олишни, гуманистик анъаналарга ўзгача ёндошишни ўргатди.
Врубель ижодида маҳобатли рангтасвирга бўлган алоҳида муҳаббат умр бўйи сўнмади, бироқ бундай катта ҳажмли буюртмалар ҳар доим ҳам бўлавермагани учун шу даврнинг аксарият  рассомлари бундай асарларини безакдорлик билан чуқур фалсафий мазмунга алоҳида урғу бериб яратишга уринишарди.
Буюк шоир М.Ю.Лермонтовнинг “Демон” поэмасига бир қанча туркумли асарлар ишлади. Айтиш мумкинки, ушбу поэма номи билан боғлиқ асарлар рассомнинг ақлий салоҳияти билан бирга руҳий қувватини ҳам белгилади ва ижодий  автобиографиясининг асосига айланиб кетгандек бўлди. Чунки шу даврга қадар христиан мифологиясидаги шайтон – демон доим рассомлар томонидан қўрқинчли махлуқ мисоли ифодаланиб келинган эди. Врубелнинг демони ёлғизликдан, кучсизлигидан қаттиқ қайғуга ботган, ғамгин йигит қиёфасида ишланди.

Врубелнинг фикрича, қадимда Демон тимсолида шайтон ёки иблис эмас,  айнан инсоннинг руҳи, ундаги ёвузлик гавдалантирилган ва шундай қабул қилинган. У ҳам ўз асарида айнан мана шуни ифодалади.
“Ўтирган ҳолатдаги Демон” маҳобатли асарининг биринчи варианти 1890 йилда яратилди. Унда рассомнинг маҳобатли рангтасвирнинг кенг имкониятларига асосланган ечими дастгоҳли рангтасвирда ҳам ўзига хос талқин этилади.
“Демоннинг боши” асарида эса оппоқ қор қопланган катта очиқ яланг­лик фонида қора жингалак соч, қорамағиз, хиёл ерга эгилган юз, ёрилган лаблар, ёвузликдан ёниб турган нотинч қалб акс этган кўзлар ишланган. Асар кичик ҳажмда, акварелда ишланганига қарамай, айтиш мумкинки, йирик ҳажмдаги “Ўтирган ҳолдаги Демон” асаридан образнинг тўлақонли  руҳий жиҳатдан  бойитилганлиги  билан алоҳида ажралиб туради.
Кичик ҳажмдаги оддий қоғозга ишланган “Тамара ва Демон” асарида эса чинакам маҳобатни ҳис этиш мумкин. Чунки бу асарда рассом Демоннинг: – “Илк яратилган куним билан қасам ичаман” – дея руҳланиб қасам ичган вақтини тасвирлаган.
Врубель поэмадаги Тамара образини ҳам “Тобутдаги Тамара”, “Тамаранинг рақси”, “Йиғлаётган Тамара” каби асарларида турли хил ракурсларда тасвирлади, бироқ улар Демон қадар машҳур бўла олмади.
Демон образини рассом  турли хил ҳолат ва кўринишларда ишлади. Уларнинг ҳар бирида ўзига хос унинг айтмоқчи бўлган фикри, мақсади мужассамлашган эди. Образга бу қадар ҳиссий ёндошиш ва кенг, батафсил баён этиш поэмада тасвирланганидан кам эмасди. Айнан шу образ орқали Врубель жуда катта шуҳратга эришди. Унинг туркум “Демон”ларини кўришга ҳамма ишқибоз бўлди.
Чунки тасвирий санъат тарихида иблис, шайтон образига бу қадар чуқур ёндошув, яна уни ёш йигит кўринишида, қалбидаги тундлик ва ёвузликнинг йилтиллаб туришини кўрсатиб бера олиш ҳали кузатилмаган эди. Рассом айни мана шу образни яратилиш йўлида янгиликка интилганлигини, инсон танасини худди ҳайкалтарош мисоли бўрттириб, мозаика каби майда рангларни ўз ўрнида тахлаб қўя олганлигини санъатшунослар кўп бора эътироф этишган.
Демон образи иштирокидаги асарлар шодасида энди фақат “Врубелнинг краскаси”, “Врубелча ноодатий пластик форма топиш” каби иборалар тез-тез ишлатила бошланди. Рассом бу билан чегараланиб қолмай, ижодини халқ ижодиёти, фольклор билан боғлади.  Рус халқ қаҳрамонлари бўлган “Микула Селянинович”, “Малика Греза” каби катта ҳажмдаги паннолари 1896 йилда Нижний Новгородда бўлиб ўтган  Бутун Россия кўргазмасида “Санъат дунёси” гуруҳи ижодкорларининг илк кўргазмасидаги намойишидан сўнг унинг ижоди кенг оммага маълум бўлди. Шундан сўнг Врубель ижодида янги парвоз ва катта бурилишлар юз берди.
Рассом ўзининг маҳоратини сценографияда ҳам кўрсата бошлади. 1898 йили Москвада опера театрида буюртма асосида “Леля қўшиғи” деб номланган  спектакль учун ажойиб декорация ишлайди. Ушбу декорация ёниб кетган бўлса-да, бугунга қадар эскизлари сақланиб қолган. Шунингдек, композитор Н.А.Римский-Корсаковнинг “Шох Салтан ҳақида эртак” (1900), “Боғча”(1897), “Қорқиз”(1899) опералари учун эскизлар, костюмлар яратади.
1895 йилда “Кармен” операси учун ишлаган декорациясига ундан бироз вақт аввал яратган “Фолбин” номли асар эскизи асос бўлиб хизмат қилади.  Унда ёш, қорамағиз аёлнинг нақшли гиламлар фонида қўлидаги карталарга қараб аянчли тақдир ҳақида фол кўриб тургани тасвирланган. Юз ифодасида картада кўраётган тақдирнинг аянчли эканлиги шу қадар ишончли тасвирлаганки, томошабин беихтиёр ишонади. Рассом дастгоҳли рангтасвирда ишлаган композицияларидан маҳобатли панноларида  ҳам унумли фойдаланади. “Кармен” операси безагида ҳам Фолбин образини ўз ўрнида маҳорат билан қўллаган.
XIX аср охири – XX аср бошида Москва гуллаб-яшнаётган эди: одамлар ўз сармоясига эга бўлиб, улар ўзлари учун катта, ҳашамдор уйлар қурдиришарди. Врубель ана шундай уйлардан А.В.Морозова, Е.Д.Дункер, К.Д.Арцибушева ва бошқаларнинг уйлари интеръери ва экстеръери учун  мифологик “Париса суди”, “Тонг” аллегорик триптихи, “Тушки пайт”, “Оқшом” ҳамда “Фауст” каби кўплаб композициялар ишлайди. Ушбу композициялар ичида “Фауст ва Мефистофель парвози” номли фантастик намоён муваффақиятли ва ғоят қизиқарли чиққан. Рассом ушбу асарида ҳам маҳобатлилик ва улуғворлик билан бирга образларнинг ички оламини кўпроқ очиб беришга эътибор қаратган.
М.А.Врубель ижодкор сифатида рангтасвирнинг деярли барча жанрларида баракали ижод қила олган. “С.И.Мамонтов портрети”(1897), “В.Я.Брюсов портрети” (1906) асарларига у “моноқаҳрамон”га мурожаат каби жонли ва кенг дунёқараш билан ёндашади. В.Я.Брюсов ўз портретини худди ойнага қараб турган ўзимни кўргандекман, дея таърифлаб, фикрини шундай якунлайди: – “Бу портретдан кейин бошқаси менга асло керакмас. Мен ярим ҳазил бўлса ҳам Врубель ишлаган портретга ўхшашга ҳаракат қиламан, дея доим  ўзимга таъкидлайман”.
Рассом ҳаётининг сўнгги йилларида руҳий касаллар шифохонасида даъволанади. Ўз касбини севувчи рассом у ерда ҳам тинмай расм  чизаверади.  Жумладан, ўзи ётган хонадаги барча жиҳозларни алоҳида-алоҳида санъат асари сифатида ишлайди. “Чаноқ”, “Дур” (1904), “Кровать”, “Кресло” (1905) каби асарларнинг ҳар бири мукаммал ишланган натюрмортлар эди.
Хасталик даврида у “Пайғамбар боши” номли асар яратади. Бу асардаги портрет қиёфасида рассомнинг ўз юз чизиқларини кўриш мумкин эди.
Михаил Александрович Врубель рус рангтасвирида ўз йўналишига, ўз ранги, ўз чизиқларига эга ва ҳар бир асари орқали томошабинга айтмоқчи бўлган фикрлари мавжуд бўлган рассом эди. У умрининг сўнгига қадар ёшлик даврларидаёқ ўзини мафтун этган ва унга илҳом бағишлаган черков фрескаларидагидек “Олти қанотли Серафим”, “Азроил” каби диний сюжетлар акс этган асарлар яратишдан асло тўхтамади.

Инобат ИМОНҚУЛОВА,
санъатшунос

2018/11

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi