БЕРТОЛЬД БРЕХТ (1898–1956) СИЧУАНДАН ЧИҚҚАН МЕҲРИБОН

bertold_brext

(пьеса-парабола)

VI

Шаҳар чеккасидаги арзон рестораннинг алоҳида хонаси. Официант тўйга келган меҳмонларга шароб қуяди. Шен Де ёнида қария, келинчак, қиз жиян, Шин ва ишсиз киши туришибди. Бурчакда ёлғиз Бонза кутиб ўтирибди. Олдинги планда Сун онаси Ян хоним билан гаплашмоқда. У қора смокингда.
СУН. Ойи, бир оз нохушлик юз берди. У ўзига хос соддалик билан, дўконни сотолмайман, деди. Қандайдир кишилар у қарзга олиб, сенга берган икки юз кумуш долларни талаб қилишибди. Амакиваччаси қарз учун орада тилхат йўқ, деб ўзи менга иқрор бўлган эди.
ЯН ХОНИМ. Сен унга нима дединг? Сен, албатта, унга уйлана олмайсан.
СУН. Бу гапларни унга гапириш фойдасиз. У жудаям тўмтоқ. Мен амакиваччасига киши юбордим.
ЯН ХОНИМ. Амакиваччаси уни сартарошга бермоқчи-ку.
СУН. Мен бу гапларга барҳам бердим. Сартарошнинг ҳам қораси ўчди. Энди амакиваччаси ҳам ўйлаб кўради, бас, икки юз кумуш доллар менинг қўлимда экан, дўконнинг ҳам куни битди, у берилган қарз учун гаровга олинади. (Лекин у яна ўйлайди) Тағин уч юз олмасам, мен учолмайман.
ЯН ХОНИМ. Чиқиб, мен уни кўчада пойлаб тураман. Сен келиннинг ёнига бор, Сун!
ШЕН ДЕ (томошабинларга). Мен унга ишониб, адашмадим. У кайфиятини сира бузмади. Албатта унга учишдан воз кечиш оғир. Лекин у ўзини тетик тутаяпти. Мен уни севаман. (Бош ишораси билан Сунни ўз ёнига чақиради) Сун! Сен келин билан ҳали қадаҳ уриштирмадинг.
СУН. Хўш, нима учун ичамиз?
ШЕН ДЕ. Келажак учун.
Ичадилар.
СУН. Куёв костюмни ижарага олиб юрмасин.
ШЕН ДЕ. Келин гоҳи ёмғирда қолиб, кўйлаги ивиса ҳам майли…
СУН. Энг яхши орзулар учун!
ШЕН ДЕ. Улар тезроқ рўёбга чиқсин!
ЯН ХОНИМ (ташқарига чиқаётиб, Шинга). Мен ўғлимдан беҳад хурсандман. Мен унга ҳамиша, истаган қизингга уйланасан, деб айтар эдим. Нега дейсизми? Ахир, у механик ва учувчи. У ҳозир менга нима дейди денг? Ойи, мен севиб уйланаяпман. Пул бу ҳали ҳамма нарса эмас. Бу – севгига суянган никоҳ! (Келинчакка) Бир кун эмас, бир кун шундоқ бўлиши керак-ку.
Шундоқ эмасми? Аммо онага осон тутманг. Ҳа, осон эмас. (Бонзага, баланд овозда) Жоним, жудаям шошилаверманг. Маросимни ўтказишга кетган вақтингиз қадар вақт сарфлаб, ҳақингиз учун талашсангиз, шубҳасиз, у анча ортган бўларди. (Шен Дега) Биз бироз кутамиз, азизам. Мўътабар меҳмонлардан бири ҳали келмаган. (Ҳаммага) Узр. (Кетади)
КЕЛИНЧАК. Май бор экан, кутаверамиз.
ИШСИЗ. Шошилиб, қаёққа ҳам борамиз.
СУН (баланд овозда, ҳазиломуз). Никоҳ олдидан сени бир имтиҳон қилиб кўрмоқчиман. Никоҳлар яшин тезлигида ўтказилаётган ҳозирги замонда бу иш фойдадан холи эмас. (Меҳмонларга) Хотиним қанақа одам ўзи, мен билмайман. Мана шу нарса мени ташвишлантиради. Хўш, айт-чи, уч дона чой баргидан беш пиёла чой тайёрлай оласанми?
ШЕН ДЕ. Йўқ.
СУН. Демак, мен чойсиз қолар эканман. Хўш, кафтдек курсига чиқиб, ёта оласанми?
ШЕН ДЕ. Иккимизми?
СУН. Ёлғиз ўзинг.
ШЕН ДЕ. У ҳолда – йўқ.
СУН. Мана, пешонамга қандай хотин битганини кўриб қўйинг.
Ҳамма кулади. Шен Денинг елкаси оша, эшикда Ян хоним кўринади. У кутилаётган меҳмондан дарак йўқ, деб Сунга елкасини қисади.
ЯН ХОНИМ (соатини кўрсатаётган Бонзага қараб). Намунча шошиласиз? Яна жиндак кутамиз, холос. Қаранг, ҳамма ичиб, чекиб ўтирибди, ҳеч ким шошилаётгани йўқ. (Меҳмонлар ёнига келиб ўтиради)
ШЕН ДЕ. Ишни саранжомлашни бир гаплашиб олсакмикин?
ЯН ХОНИМ. О, марҳамат қилиб, бугун ишдан оғиз очманг. Тўй совиб қолади, шундоқ эмасми?
Қўнғироқ чалинади. Ҳамма ўгирилиб эшикка қарайди, аммо ҳеч кимдан дарак йўқ.
ШЕН ДЕ. Ойинг кимни кутаяпти, Сун?
СУН. Бу ҳозирча сир. Айтмоқчи, амакиваччанг Шой Да қайларда юрибди? Биз у билан чиқишиб қолдик. Жуда ақлли йигит! Калласи ишлайди! Нега индамайсан?
ШЕН ДЕ. Билмадим. Мен у ҳақда ўйлашни истамайман.
СУН. Нега энди.
ШЕН ДЕ. Сен у билан чиқишмаслигинг керак. Мени севсанг, уни севолмайсан.
СУН. Унда амакиваччангни жин урсин. Қани, ич! (Зўрлаб ичиради)
КЕЛИНЧАК (Шинга). Тўйга ўхшамаяпти.
ШИН. Сиз нима деб ўйловдингиз?
БОНЗА (шартта ўрнидан туриб, Ян хонимга яқинлашиб, унга соатини кўрсатиб). Мен кетишга мажбурман, Ян хоним. Бугун яна битта тўй бор, эртага эрталаб дафн маросими.
ЯН ХОНИМ. Пайсалга солиб ўтириш менга хуш ёқади деб ўйлайсизми? Биз бир кўза шароб етади, деб ўйлагандик. Қаранг, кўза бўм-бўш. (Баланд овозда Шен Дега) Ҳайронман, азизим Шен Де, амакиваччанг нега бизни шунча куттириб қўйди?
ШЕН ДЕ. Амакиваччам?
ЯН ХОНИМ. Азизим, биз ўшани кутаяпмиз. Мен эски расм-русумлар тарафдориман, шундоқ яқин қариндошинг тўйда бўлиши шарт.
ШЕН ДЕ. О, Сун, бу ҳалиги уч юз кумуш доллар учун!
СУН (унга қарамай). Нима учунлигини эшитиб турибсан. У эски расм-русумларни севади. Мен буни ҳисобга олишим керак. Яна чорак соат кутамиз, келмаса, жин урсин, ўзимиз бошлайверамиз!
ЯН ХОНИМ. Албатта, ҳамма эшитган бўлса керак, ўғлим почта самол­ёти учувчиси бўлиб ишга жойлашаяпти. Бу мени қувонтиради. Бу замонда ишлаб, кўпроқ пул топиш керак.
КЕЛИНЧАК. У Пекинда яшайдими?
ЯН ХОНИМ. Ҳа, Пекинда.
ШЕН ДЕ. Сун, энди Пекинга боролмайман деб ойингга айтишинг керак.
СУН. Агар гапларинг бир жойдан чиқса, буни унга амакиваччанг айтади. Менимча, у бошқача фикрда бўлса керак.
ШЕН ДЕ (қўрқиб). Сун!
СУН. Сичуанни кўрарга кўзим йўқ! Кўз қиримни ташласам, бу ердагилар, биласанми, менга нима бўлиб кўринади? Қирчанғи от бўлиб. Улар бошларини у ёқдан-бу ёққа силтагани-силтаган: вой, устимизда нима тарақлаяпти? Йўғ-ей? Биз энди керак бўлмай қолдикми? Бу қанақаси? Вақтимиз битдими? Майли, улар бу ўлакса шаҳарда бир-бирини ғажийверсин! Биз бу ердан чиқиб олсак, бас!
ШЕН ДЕ. Аммо мен пулни қайтариб бераман, деб ваъда қилдим.
СУН. Буни боя айтдинг. Шундоқ нодонликка борасанми, а? Яхшиям, амакиваччанг келади. Ич ва ишни қандай битиришни бизга қўйиб бер! Биз ҳаммасини тинчитамиз.
ШЕН ДЕ (жиғибийрон бўлиб). Ахир, амакиваччам келолмайди!
СУН. Нега келолмас экан?
ШЕН ДЕ. У ҳозир бу ерда йўқ.
СУН. Хўш, унда айт-чи, энди қандоқ яшаймиз?
ШЕН ДЕ. Ўйлайманки, сенда анави икки юз кумуш доллар турибди. Уни эртагаёқ эгасига қайтариб, тамакини сақлаб қоламиз, тамаки қиммат, уни цемент заводи дарвозаси олдида пуллаймиз. Йўқса, ярим йиллик ижара ҳақини тўлаб бўлмайди.
СУН. Буни каллангдан чиқар! Тамом, унут! Мен, учувчи Ян Сун, кўчада, цемент заводи ишчиларига тамаки сотаманми? Ундан кўра ўша икки юз кумуш долларни бир кечада совуришим ёки сувга оқизишим афзал эмасми! Амакиваччанг менинг кимлигимни билади. Мен у билан келишганман, у тўйга деб яна уч юз келтиради.
ШЕН ДЕ. Амакиваччам келмайди.
СУН. Келади, келмай иложи йўқ.
ШЕН ДЕ. Мен бор жойга у оёқ босмайди.
СУН. Ғалати-ку!
ШЕН ДЕ. Сун, қулоғингга қуйиб ол: у сенга дўст эмас. Сени мен севаман. Амакиваччам Шой Да ҳеч кимни севмайди. У менга дўст, аммо дўстларимга дўст эмас. У учувчи бўлиб жойлашарсан, деб чол-кампирнинг пулини олишингга рози бўлди. Лекин тўйга деб у уч юз кумуш доллар келтирмайди.
СУН. Нега келтирмас экан?
ШЕН ДЕ (унинг кўзларига тикка боқиб). Унинг айтишича, Пекинга ёлғиз битта чипта олганмишсан.
СУН. Кеча шундоқ бўлган эди, аммо бугун мен унга кўрсатишим мумкин! (Кўкрак чўнтагидан иккита қоғозни чала-ярим чиқазади). Кампир кўриб қолмасин. Пекинга бир жуфт чипта, иккимизга. Сен ҳали амакиваччанг бизнинг никоҳимизга қарши деб ўйлайсанми?
ШЕН ДЕ. Йўқ. учувчилик – яхши касб. Менинг энди дўконим йўқ.
СУН. Сени деб мебелни сотдим.
ШЕН ДЕ. Бас, бошқа гапирма! Билетларни кўрсатма! Ҳозир шундоқки, ҳамма нарсадан кечиб, сен билан кетиб қолишим ҳеч гапмас. Оҳ, Сун, сенга уч юз доллар беролмайман, чол-кампирни ўйласанг-чи!
СУН. Сен мени ўйласанг-чи!
Пауза
Яхшиси, ич! Ёки сен эсли-ҳушли хотинларданмисан? Менга ақлли хотин керак эмас. Мен ичсам, гўё яна учаман. Сен ҳам ич, балки шунда тушунарсан мени.
ШЕН ДЕ. Мени тушунмайди деб ўйлама, сен учмоқчисан, мен эса ёрдам беролмайман, мана шуни тушунмайсан.
СУН. “Мана, самолёт, севгилим, лекин битта қаноти бор!”
ШЕН ДЕ. Ҳалол йўл билан Пекиндаги ўша жойга жойлашиб бўлмайди. Шунинг учун мен ҳалиги икки юз кумуш долларни қайтариб олишим керак. Ҳозироқ пулни бер, Сун!
СУН. “Ҳозироқ пулни бер, Сун!” Нималар деяпсан? Менга хотинмисан ёки йўқ? Мени сотаяпсан-ку, наҳотки тушунмасанг? Ҳайриятки, бахтимизга, бу ёғи сенга боғлиқ эмас, ҳаммаси аллақачон ҳал қилиб қўйилган.
ЯН ХОНИМ (совуқ оҳангда). Сун, келиннинг амакиваччаси келади деб ишонасанми? У бу никоҳни истамайди, шунинг учун ҳам келиши даргумон.
СУН. Нималар деяпсиз, ойи! Биз у билан шундоқ қалинмизки, орадан қил ўтмайди. Мен эшикни ланг очиб қўяман, токи у дўстининг тўйига келиб, бизни дарҳол топиб олсин. (Эшикка бориб, уни тепиб очади. У кўп ичиб қўйган, енгил чайқалиб изига қайтади, Шен Денинг ёнига ўлтиради) Кутамиз. Амакиваччанг сендан ақллироқ. Севгини ҳаётдан ажратиб бўлмайди, деб жуда тўғри айтди. Энг муҳими, бу ишлар оқибатида ҳам эрсизу ҳам дўконсиз қолишингни у яхши билади.
Ҳамма кутади.
ЯН ХОНИМ. Келаяпти!
Оёқ товушлари эшитилади, ҳамма эшикка тикилади, оёқ товушлари узоқлашади.
ШИН. Жанжал бўлади. Сезаяпсизми? Келин тўйни, куёв унинг амакиваччасини кутаяпти.
СУН. Амакивачча жаноблари шошилмайдилар.
ШЕН ДЕ (секин). Оҳ, Сун!
СУН. Чўнтагимга бир жуфт чиптани солиб, саноқни ҳам билмайдиган бир нодон билан қаққайиб ёнма-ён ўтиришимни қаранг! Бир кун эмас, бир кун полицияни уйимга бошлаб келиб, мендан икки юз долларни талаб қилишингни олдиндан кўриб турибман.
ШЕН ДЕ (томошабинларга).  У яхши одам эмас, менинг ҳам шундоқ бўлишимни истайди. Уни севадиган мен ёнида ўтирибман, у эса амакиваччамни кутади. Аммо менинг атрофимда аламзадалар – касалманд чолу кампир, эртага дўкон эшигида бир коса гуручга кўз тикиб турувчи камбағаллар, иш жойим қўлдан кетмаса эди, деб қўрқиб-қалтираб юрувчи пекинлик нотаниш учувчи ўлтиришибди. Улар ҳаммаси менга суянади, шунинг учун мени муҳофаза этади.
СУН (шиша кўзага тикилиб қарайди, кўзада шароб қолмаган). Шароб солинган кўза – бизнинг соатимиз. Биз камбағал кишилармиз, меҳмонлар шаробни ичиб тугатишибди, демак, соатимиз энди бутунлай тўхтаб қолибди.
Ян хоним унга “жим бўл” деб ишора қилади, яна оёқ товушлари эшитила бошлайди.
ОФИЦИАНТ (киради). Яна шароб келтирайми, Ян хоним?
ЯН ХОНИМ. Йўқ, менимча етади. Шароб кишини бўшаштириб юборади, шундоқ эмасми?
ШИН. Пули ҳам озмунча эмасдир.
ЯН ХОНИМ. Мен шароб ичсам, нуқул терлайман.
ОФИЦИАНТ. Унда ҳисоб-китоб қила қолайлик?
ЯН ХОНИМ (унга қулоқ солмай). Жаноблар, яна жиндак сабр. Келиннинг қариндоши ҳозир йўлда бўлса керак. (Официантга) Халал берма!
ОФИЦИАНТ. То ҳисоб-китоб қилинмас экан, мен ҳеч кимни қўйиб юбора олмайман.
ЯН ХОНИМ. Мени бу ерда ҳамма танийди.
ОФИЦИАНТ. Шунинг учун ҳам қўйиб юбора олмайман.
ЯН ХОНИМ. Тавба! Бугунги хизматкорлар шунақа! Сен нима дейсан, Сун?
БОНЗА. Яхши қолинглар! (Виқор билан юриб, чиқиб кетади)
ЯН ХОНИМ (жиғибийрон бўлиб). Қимирламанглар! Руҳоний ҳозир қайтиб келади.
СУН. Ойи, бўлди, бас қилинг энди. Жаноблар, руҳоний кетиб қолгач, сизларни ортиқ тутиб туролмаймиз.
КЕЛИНЧАК. Юринг, бобожон!
ҚАРИЯ (стаканни бўшатиб, жиддий). Келиннинг соғлиги учун!
ҚИЗ ЖИЯН (Шен Дега). Ундан ранжиманг. Юракдан чиқазиб айтди. У сизни яхши кўради.
ШИН. Ана шармандалик!
Барча меҳмонлар кетади.
ШЕН ДЕ. Мен ҳам кетсаммикин, Сун?
СУН. Йўқ, сен кутиб турасан. (Унинг рўмолидан силтаб тортади, рўмол бир тарафга қийшайиб қолади) Ёки бу сенинг тўйинг эмасми? Мен кутаяпман, кампир кутаяпти. Чамамда, у ҳали ҳам кўкда учган лочинни кўрмоқда. Рост, мен ишонаман, бу муқаддас Ҳафшанба куни рўй беради: унда онам эшикка қараб юради, шу пайт унинг томи устидан ўғлининг самолёти гумбурлаб учиб ўтади. (Бўм-бўш стулларга қараб, гўё уларда ҳали ҳам меҳмонлар ўтиргандай) Хонимлар ва жаноблар, нега ширин суҳбатни давом эттирмаяпсиз? Ёки бу ер сизга ёқмаяптими? Тўйни бироз кечиктирдик, сабаби, бир мўътабар меҳмон ҳаяллаб қолди, бунинг устига – келин ҳали муҳаббат нималигидан бехабар. Сизларни бироз овунтириб туриш учун мен – куёв ҳиргойи қилиб бераман. (Куйлайди)

Муқаддас Ҳафшанба ҳақида қўшиқ

Кимда ким камбағал бешикка ётмиш,
Шу сирли алланинг завқини тотмиш.
Соҳиби тахт бўлар камбағал бир кун,
Деган қўшиққа у ишонмиш бутун.
Бу қутлуғ Ҳафшанба куни рўй берар,
Ўша кун камбағал тахтга ўлтирар.

Ўша кун қабоҳат бўғилар буткул,
Ўша кун эзгулик очилар гул-гул.
Қўлни қўлга бериб хўжайин, қарор,
Шаробхона сари боришар хушҳол.
Муқаддас Ҳафшанба куни муқаррар
Қилтириқ семизнинг меҳмони бўлар.

Анҳор суви оқар ортига равон,
Ёмонлар кўринмас, ҳамма меҳрибон.
Ўша кун барчага роҳат бўлар, бас,
“Ҳа, бўл!” деб бировни биров ниқтамас.
Муқаддас Ҳафшанба куни муқаррар
Ер юзи жаннатдек яшнаб-ярқирар.

Ўша кун генерал бўларсан тайин,
Мен эсам, кўкларга учардим лекин.
Ваннинг оғриқ қўли тузалиб тамом,
Сен ҳам тиниб-тинчиб, олардинг ором.
Муқаддас Ҳафшанба куни эҳтимол,
Сен ҳам тиниб-тинчиб қолардинг, аёл.

Ортқ кутолмаймиз, тугади бардош,
Заҳматкаш инсонлар, барча қари-ёш
Қутлуғ Ҳафшанбани талаб қиламиз,
Қутлуғ Ҳафшанба кун келақолсин тез,
Токи дам олайлик биз ҳам бемалол!

ЯН ХОНИМ. У энди келмайди.
Учови ўтирибди, иккисининг кўзи эшикда.

ИНТЕРМЕДИЯ

Мешкобнинг тушига яна фаришталар киради. У катта бир китобни очиб, шу кўйи ухлаб қолган. Мусиқа.
ВАН. Ҳайриятки, келдингиз, оқилу донолар! Бошимни қотирган бир саволга жавоб берсангиз. Руҳоний руҳонийликни тарк этиб, цемент заводига ишчи бўлиб кетди. Унинг ташландиқ, хароба кулбасидан бир китоб топиб олиб, унда ғалати бир жумлага дуч келиб қолдим. Сизга ўқиб бермоқчиман. Мана эшитинг. (Тушида кўринаётган китобни ўнг қўлида тутиб, чап қўли билан уни варақлайди. Ҳақиқий китоб тиззасида турибди. У ўқий бошлайди) “Сунг вилоятида Чангалзор деган жой бор. У ерда кактуслар, сарвлар ва тут дарахтлари ўсади. Билакдек келадиган ниҳолларни одамлар кесиб, итларига катак ясашади. Ундан уч-тўрт карра йўғонроқ дарахтларни бой ва кибор оилалар кесиб, тобут учун тахта йўнишади. Танасига қулоч етмайдиган дарахтларни эса айрим одамлар ҳашаматли ёзлик иморатларига ғўла ўрнида ишлатишади. Шундай қилиб, бу дарахтларнинг ҳаммаси ўзининг ярим умрини аранг яшаб, арра ва болтага ем бўлади. Ким кўпроқ фойда келтирса, ўша кўп азоб чекади”.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Бундан чиқдики, ким ўта фойдасиз бўлса, ўша ҳаммадан қадрли бўлар экан-да?
ВАН. Йўқ, у ҳаммадан бахтиёр бўлади. Энг ярамас инсон – энг бахтиёр инсон.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Тавба, нималарни ёзишмайди!
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Бу ривоят нега сени ўйлантириб қўйди, мешкоб?
ВАН. Шен Де туфайли, оқилу донолар! У муҳаббатда бахт топмади, негаки, яқинларингга меҳрибон бўл, деган қоидага амал қилди. Бу дунё учун у ўта оқкўнгил шекилли!
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Бекор гап! Ожиз ва нотавон бандасан! Кўриб турибманки, бит билан шаккоклик тенг ярмингни ямлаб қўйибди.
ВАН. Албатта, албатта, эй оқилу доно! Узр! Балки аралаштириб кўрармикансиз, деб ўйлабман.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Бу сираям мумкин эмас. Дўстимиз (учинчи фариштага ишора этади, унинг кўзлари ости шишиб, кўкарган) кеча баҳсга аралашган эди, мана оқибати.
ВАН. Яна амакиваччасини чақиртиришга мажбур бўлди. Ўзим синаб кўрганман, у жудаям эпчил киши, аммо ўша ҳам ёрдам беролмаяпти. Дўконнинг куни битганга ўхшайди.
УЧИНЧИ ФАРИШТА (ташвишланиб). Балки, ёрдамлашиб юборармиз, нима дейсизлар?
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Менинг фикримча, у ўз ўзига ёрдамлашмоғи керак.
ИККИНЧИ ФАРИШТА (кескин). Яхши киши қанча кўп қийналса, ўзлигини шунча кўп намойиш этади. Азоб-изтироб кишини тозалайди!
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Ундан умидимиз катта.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Қидирувларимиз жилла натижа бермаяпти. Биз гоҳо яхши ният, эзгу мақсад, бир талай юксак тамойилларга дуч келамиз, аммо булар бари яхши инсон номини олишга камлик қилади. Бир қадар яхши одамлар учрайди, улар одамдек яшамайди. Усти-бошимизга ёпишган мана шу хору хаслардан ҳар кеча қаерда тунашимизни тасаввур қилавер.
ВАН. Ахир, сиз, ҳеч бўлмаганда…
ФАРИШТАЛАР. Зарари йўқ. Биз ёлғиз кузатувчилармиз, холос. Ва ишонамизки, яхши инсон ана шу қоронғу дунёда ўз ўрнини топиб олади. Юк қанча оғир бўлса, куч шунча мустаҳкам бўлади. Яна бироз сабр қил, мешкоб, кўрасан, ҳаммаси хайрли…
Фаришталар аста сўниб, овозлари пасайиб боради. Ниҳоят, улар ғойиб бўлиб, овозлари тамом эшитилмай қолади.

VII

Шен Де тамаки дўкони ортидаги ҳовли. Аравачада уй-рўзғорга тегишли лаш-лушлар. Шен Де ва Шин қуритиш учун дорга ёйилган чойшаб ва ич кийимларни йиғиштириб олишаяпти.
ШИН. Мен сизнинг ўрнингизда бўлсам, дўконим учун тиш-тирноғим билан курашардим.
ШЕН ДЕ. Қўйсангиз-чи! Дўкон учун ҳатто ижара ҳақи тўлашгаям пулим йўқ-ку… Бугун чол-кампирга икки юз кумуш долларни қайтаришим керак, уни бировга бериб қўйдим, энди тамакини Ми Дзю хонимга сотишга тўғри келади.
ШИН. Хуллас, ҳаммаси тугади денг? На эр, на тамаки, на бошпана! Кўрпангга қараб оёқ узатмасанг, шунақа бўлади. Энди қандай яшайсиз?
ШЕН ДЕ. Билмадим. Балки тамаки тозалашга ёлланарман.
ШИН. Жаноб Шой Данинг чалвори бу ерга қаёқдан келиб қолди? Нима, у яланғоч жўнадими?
ШЕН ДЕ. Унинг бошқа чалвори бор эди.
ШИН. Уни бутунлай кетди дедингиз, шекилли? Нега чалворини қолдирибди?
ШЕН ДЕ. Керак эмасдир-да.
ШИН. Уни жойлайми?
ШЕН ДЕ. Йўқ.
Ҳансираб, бўғилиб Шу Фу киради.
ЖАНОБ ШУ ФУ. Бас қилинглар. Менга бари аён. Сиз ўзингизга ишонган чол-кампирни қутқараман деб шахсий бахтингиздан воз кечдингиз. Йўқ, бу маҳалла, ҳаммага шубҳа билан қаровчи бу тошбағир одамлар сизни бекорга фаришта деб атамайди. Куёвтўра сиз кўтарилган маънавий юксакликка кўтарила олмади, сиз у билан ажрашдингиз. Энди кўплар учун нажот оролчаси бўлмиш дўконни бекитмоқчимисиз? Мен бунга чидаб туролмайман. Мен ҳар куни эрталаб эшигимдан боқиб, дўконингиз олдида тўпланган бева-бечораларни, уларга гуруч улашиб бераётганингизни кўриб турардим. Наҳотки, бу энди такрорланмаса? Наҳотки, хайрли иш ҳалокатга маҳкум бўлса? Оҳ, ана шу олийжаноб ишда сизга ёрдам қўлини чўзишга ижозат берсангиз эди! Йўқ, ҳеч нарса деманг! Мени ишонтиришнинг ҳожати йўқ! Ёрдамимни қабул қилишингизни айтиб, ваъдалар ҳам берманг! Аммо, мана (Чўнтагидан дафтарчасини олиб, чек ёзиб, уни аравача устига ташлайди.) сизга чек, ўзингиз истаган рақамни унга ёзишингиз мумкин. Мен энди ҳеч нарса даъво қилмайман, фақат сизга нисбатан ҳурмат-эҳтиромга тўлиб, оёқ учида юриб, жимгина, камтаринларча, фидойиларча йўлимга равона бўламан! (Кетади.)
ШИН (чекни кўздан кечириб). Қутулдингиз! Сиздақаларга омад ҳамиша ёр! Қани, минг кумуш доллар деб ёзинг, анави ҳушини йиғиб олмасдан мен банкга югурай.
ШЕН ДЕ. Кийимлар солинган саватни аравачага қўйинг. Кирчининг ҳақини чексиз ҳам тўлай оламан.
ШИН. Нима? Чекни олмайсизми? Бу жиноят! Чекни олсам, унга турмушга чиқишимга тўғри келади, деб ўйлайсизми? Бу ғирт жиннилик. Ахир у мени лақиллатинглар, деб ўз оёғи билан ўзи келиб турибди-ку! Бунақалар шундан завқ олади. Наҳотки, ўша учувчингиздан ҳамон кўнгил узолмаяпсиз? У сизни қанчалар хўрлаганини бутун маҳалла, бутун Сариқ кўча билади.
ШЕН ДЕ. Ҳаммасига камбағаллик айбдор. (Томошабинларга)

Мен кўрдим, у тунда қовоғин солиб,
Осилтириб олди лаби-лунжини.
Сержаҳл кўринди шунда нақадар!
Эрталаб кўйлагин олиб қарадим,
Илма-тешик экан кўйлаги.
Шум кулгуси мени даҳшатга солди.
Аммо оёғида йиртиқ туфли кўриб,
Яна англадимки, севаман уни…

ШИН. Ҳали уни оқламоқчимисиз? Бунақанги тентакликни сира учратмагандим. (Жаҳли чиқиб) Бу ердан жўнасангиз, худога шукур дердим.
ШЕН ДЕ (ич кийимни дордан олаётиб, чайқалиб кетади.) Бошим айланди.
ШИН (унинг қўлидан ич кийимни олиб). Узаниб-энгашганингизда бошингиз тез-тез айланиб турадими? Бошқоронғи бўлманг тағин? (Кулади.) У сизни роса туширибди-ку. Агар шу гап рост бўлса, иш чатоқ, бундай пайтларда чек берилмайди. (Саватни кўтариб, саҳнанинг ичкарисига қараб кетади.)
ШЕН ДЕ (Унинг изидан индамай қараб қолади. Кейин ўзини кўздан кечиради, кафти билан қорнини силайди, юзида шодон бир табассум пайдо бўлади. Секин). О, бахт! Менда инсон туғилаяпти! Ҳозирча ҳеч нарса сезилмайди. Аммо у мана шу ерда. Дунё уни яширинча кутади. Шаҳарларда аллақачон айтиб юришибди: шундоқ бир одам пайдо бўладики, у билан ҳисоблашишга тўғри келади… (Томошабинларга ўзининг жажжи ўғлини гўё таништириб) Учувчи!

Осмон ўпар тоғлар, овлоқ ерларни
Забт этувчига сиз айтинг шарафлар!
У кимсасиз чўллар, саҳролар оша
Инсондан инсонга мактублар элтар.

(Хаёлан ўғилчасини етаклаб, у ёқдан-бу ёққа юра бошлайди.) Юр, ўғлим, дунёни кўриб қўй. Мана бу – дарахт. Унга эгилиб салом бер. (Таъзим қилади.) Қулоқ сол, ана мешкоб келаяпти. У бизга дўст, унга қўлингни чўз, қўрқма. Марҳамат қилиб, ўғлимга бир кружка сув беринг! Бугун ҳаво иссиқ. (Ўғлига сув тутади.) Вой, полициячи келаяпти! Яхшиси, унга кўринмайлик. Фей Пун бойнинг боғига кириб, олча узайлик. Фақат биров кўриб қолмасин. Юр, етимчам! Нима, сенинг ҳам олча егинг келаяптими? Жим, секинроқ, ўғлим! (Атрофга олазарак боқиб, ҳадиксираб, эҳтиёт бўлиб юришади.) Йўқ, яхшиси бу ёққа юрамиз, буталар бизни пана қилиб туради. Вой, тиккасига бориб нима қиласан? (Бола афтидан ойисини судрайди, ойиси кўнмайди.) Ақлни ишга солайлик. (Тўсатдан кўниб, рози бўлади.) Қўймадинг, қўймадинг-да… (Болани кўтаради.) Олчаларга қўлинг етадими? Уларни тўппа тўғри оғзимга солавер, шунда ҳеч қаёққа кетмайди! (Ўғли оғзига солган олчани еб кўриб) Ширин! О, полициячи! Қочамиз! (Қочадилар.) Мана, кўчага ҳам чиқиб олдик. Энди ўзингни бос, шошилма, йўқса, бошқалар гумонсираб қолишади. Гўё ҳеч нарса бўлмагандай… (Хаёлан боласи билан сайр этиб, куйлайди.)

Олуча бечорани
Бир дайди ушлаб олди,
Жудаям эпчил экан,
Бўйнидан тишлаб олди…

Бола етаклаб мешкоб Ван киради. У Шен Дега ҳайрон бўлиб қарайди.
ШЕН ДЕ (Ваннинг йўталганига ўгрилиб). Ван, ўзингмисан? Ассалому алайкум!
ВАН. Шен Де, эшитдимки, аҳволинг оғир, қарзингдан қутулиш учун дўконни сотмоқчи эмишсан. Аммо манави бола бошпанасиз. Кушхона ҳовлисида тентираб юрибди. Бу бир неча ҳафта бурун устахонасидан айрилиб, ичкиликка берилган дурадгор Ли Тонинг ўғли бўлса керак. Унинг болалари оч-яланғоч, дарбадар юришибди. Буни нима қилсам экан?
ШЕН ДЕ (болани ундан олиб). Кела қол, болам. (Томошабинларга)

Ҳой, эшитинг! Инсон бошпана сўрар,
Бугун ёрдам сўрар эртанги инсон.
Унинг дўсти, сизга таниш жаҳонгир
Уни паноҳига олур шу замон.

(Ванга) У жаноб Шу Фунинг чолдеворида яшаб туради, балки мен ҳам ўша ёққа кўчиб ўтарман. Менинг ҳам ўз болам бўлади. Фақат бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очма, Ян Сун эшитиб қолмасин, бизнинг унга керагимиз йўқ. Қуйи шаҳарда Лин Тони топиб айт, менинг қошимга келсин.
ВАН. Раҳмат сенга Шен Де. Бирор чорасини топишингни билардим. (Болага) Кўрдингми, яхши киши ҳамиша чорасини топади. Мен бориб, отангни чақириб келай. (Кетмоқчи бўлади.)
ШЕН ДЕ. Дарвоқе, Ван, қўлинг қалай? Мен сен учун гувоҳликка ўтмоқчи эдим, аммо амакиваччам…
ВАН. Ташвиш чекма. Қара, мен ўнг қўлимсиз ҳам ишни эплай оламан. Менга энди ўнг қўлнинг кераги йўқ. (Ўнг қўлсиз кўза ва кружкани қандай эплашни кўрсатиб беради.) Мана, қара, менга бунинг ҳеч қийинчилиги йўқ.
ШЕН ДЕ. Аммо қўлинг шундоқ қотиб қолмаслиги керак. Менинг аравачамни ол-да, ундаги бор нарсани сотиб, докторга учра. Ўз сўзимнинг устидан чиқолмаганимга ҳижолатман. Бунинг устига, сартарошнинг чолдеворини олишга ҳам рози бўлдим. Сен бунга нима дейсан?
ВАН. Унда уйсизлар ва ўзинг яшай оласан, бу менинг қўлимдан кўра муҳимроқ. Дурадгорни чақириб келаман. (Кетади.)
ШЕН ДЕ (унинг ортидан қичқириб). Мен билан докторга бораман деб ваъда бер!.. (Шин қайтиб кириб, унга турли имо-ишоралар қилади.) Нима гап?
ШИН. Ақлдан оздингизми? Киши сўнгги лаш-лушлари билан аравачасини ҳам бировга совға қиладими? Унинг қўли оғриса, сизга нима? Агар бу гапдан сартарош хабар топса, ўша чолдевордан ҳам қувиб ҳайдайди сизни. Кирингизни ювганим учун ҳақимни ҳали тўлаганингиз йўқ!
ШЕН ДЕ. Сиз нега мунча заҳарсиз? (Томошабинларга)

Яқинларингизни топтаб, эзишдан
Наҳот чарчамайсиз? Манглайингизда
Очкўзликдан бўртиб турар томирлар.
Чин юракдан чўзилган қўлнинг
Бериши ҳам осон, олиши ҳам.
Сахий бўлиш нақадар зарур!
Очиқ чеҳра бўлиш нақадар яхши!
Ширин сўзлар
Бағрингиздан узилар енгил нафасдек…

(Шин аразлаб кетиб қолади.Болага) Сен шу ерда ўтириб тур. Ҳозир отанг келади.
Бола ерга ўтиради. Ҳовлига ёши ўтиб қолган эр-хотин киришади. Улар Шен Де дўкон очган кун келишган эди. Эр-хотин катта қопларни кўтариб олишган.
ХОТИН. Ёлғизмисан, Шен Де? (Шен Де “ҳа” деб боши билан тасдиқлагач, хотин жиянини чақиради, жияни ҳам қоп кўтариб киради.) Амакиваччанг қани?
ШЕН ДЕ. Кетди.
ХОТИН. Қайтиб келадими?
ШЕН ДЕ. Йўқ. Мен дўконни сотаман.
ХОТИН. Биз буни эшитдик, шунинг учун ҳам бу ёққа келдик. Биров биздан бир неча қоп тамаки барги қарз олган эди, шуни қайтариб берди. Янги уйингга ўз бисотинг билан шуларни ҳам ташлаб ўтсанг. Уларни қўйишга жойимиз йўқ. Кўчада турса, шубҳа-гумон қилишади. Дўконингда чеккан озоримиз ҳақи “йўқ” демайсан, деб ўйлайман.
ШЕН ДЕ. Марҳамат, мен “йўқ” демайман.
ЭРКАК. Бу қоплар кимники деб сўраб қолишса, меники деб айтавер.
ШЕН ДЕ. Ким сўраши мумкин?
ХОТИН (унга диққат билан тикилиб). Масалан, полиция. У ерда бизни хуш кўришмайди ва ҳар қадамда синдиришга ҳаракат қилишади. Қопларни қаерга қўяйлик?
ШЕН ДЕ. Билмадим. Айниқса, ҳозир бирор ножўя иш қилиб, турмага тушиб қолишдан қўрқаман.
ХОТИН. Ўзингга ўхшамаяпсан. Энди етмагандай, бисотимизда қолган шу бир-икки қоп тамакидан ҳам ажраб қолмасак эди!
Шен Де жим тураверади.
ЭРКАК. Биласанми, балки шу тамаки бизга дастмоя бўлар. Балки биз ўзимизни ўнглаб олармиз.
Шен Де. Хўп, мен қопларингизни яшириб қўяман. Ҳозирча улар ичкари ҳужрада тура турсин. (Улар билан ичкарига киради.)
Бола унинг изидан қараб туради. Сўнг қўрқа-писа ахлат челаги ёнига бориб, ундан бир нима олиб ея бошлайди. Шен Де ва бошқалар қайтиб киришади.
ХОТИН. Биласанми, энди суянган тоғимиз – сен.
ШЕН ДЕ. Хўп. (Болага кўзи тушиб, қотиб қолади.)
ЭРКАК. Эртадан кейин сени жаноб Шу Фунинг уйидан топиб оламиз.
ШЕН ДЕ. Энди кетинглар, тобим қочиб турибди. (Уларни кузатиб қўяди.
(Келганлар кетишади.) У – оч. Ахлат челагини титкилаяпти. (Болани кўтариб, болакайнинг гезарган лабларини кўрсатиб, томошабинларга мурожаат қилади. Ўз боласига нисбатан ҳеч қачон шундай тошбағир бўлмасликка қасамёд этади.)

О, ўғлим, о, учувчи!
Келмоқдасан қай бир дунёга?
Ахлат челагида балиқ овлашингни истайди улар!
Мана бу гезарган лабларга бир қаранг!

(Болани кўрсатиб)

Ўзингизга ўхшаш жонга оқибат шуми?
Бу ўз мевангиз-ку, ахир!
Сизда раҳм йўқ!
Шўрликлар, ўз-ўзингизга этмайсиз шафқат.
Хўш, мен ўз боламни нечук ҳимоя этгум?
Энди айланаман она йўлбарсга!
Ҳа, шу болакайга кўзим тушгандан буён
Сиздан айирилишни истайман.
Ўз ўғлимни, лоақал шу битта гўдакни
Қутқармагунимча менга тиним йўқ!
Ўғлим, мактабимда, ўша ахлат ўрада
Менга алдов ё мушт билан берилган сабоқ
Энди сенга холис хизмат қилмоғи зарур!
Ўғлим, энди ёлғиз сенга меҳрибон бўлгум,
Энди бошқаларга – йўлбарс, йиртқич бир ҳайвон.
Шундоқ бўлиши шарт,
Худди шундоқ бўлади!

(Амакиваччасига айланиш учун кета бошлайди.) Яна бир карра, ўйлайманки, сўнгги бор уннаб кўришга тўғри келади. (Йўл-йўлакай Шой Данинг чалворини олади. Қайтиб келган Шин унинг изидан қизиқсиниб қараб қолади. Келинчак билан қария киради.)
КЕЛИНЧАК. Дўкон берк, лаш-лушлар ҳовлида! Демак, ҳаммаси тамом!
ШИН. Мана енгилтаклик, ҳавойилик ва худбинлик оқибати! Қаёққа думалаяпти, дейсизми? Пастга! Жаноб Шу Фунинг чолдеворига, сизнинг ёнингизга!
КЕЛИНЧАК. У ерни хушлармикин? Биз арз қилгани келувдик. Оёқ остида каламушлар илма-тешик қилиб ташлаган пол. Сартарош совунлари моғорлаб кетгани учун бизни ўша чолдеворга таклиф этган. “Сизга бошпана бермоқчиман, нима дейсиз?” эмиш… Нима дердик, “Уят ва шармандалик!”  деймиз.
Ишсиз киради.
ИШСИЗ. Шен Де кўчиб кетаяпти дейишяпти, ростми?
КЕЛИНЧАК. Ҳа, у ҳеч кимга билдирмай, қочиб қолмоқчи эди.
ШИН. У ўзининг синиб қолганидан ҳижолатда.
ИШСИЗ (ҳовлиқиб). Амакиваччасини чақириш керак! Унга шундай деб маслаҳат беринглар! Ёлғиз ўша бирор чорасини топа олади.
КЕЛИНЧАК. Ҳақ гап! Тўғри, у хасис, лекин ҳар қалай, дўконни қутқариб қолади, шунда бизга ҳам фойдаси тегади.
ИШСИЗ. Мен сизни эмас, унинг ўзини ўйладим. Лекин, рост гап, сиз учун ҳам уни чақириш керак.
Ван билан дурадгор киради. У иккита болани етаклаб олган.
ДУРАДГОР. Сизга қандай раҳмат айтишга ҳам ҳайронман. (Бошқаларга) Бизга бошпана ваъда қилишаяпти.
ШИН. Қаердан?
ИШСИЗ. Жаноб Шу Фунинг уйидан! Бу – кичкинтой Феннинг шарофати туфайли. Шен Де гўё: “Ҳой, эшитинг! Инсон сиздан бошпана сўрар!” – деб хитоб этдию бизга дарҳол бошпана топиб берди. Укаларингга қуллуқ қилинглар!
Дурадгор ва унинг болалари кичкинтойга қуллуқ қилишади.
Бошпана сўраганинг учун қуллуқ сенга!
Шой Да киради.
ШОЙ ДА. Хўш, бу ерда нима қилиб турибсизлар?
ИШСИЗ. Жаноб Шой Да!
ВАН. Ассалому алайкум, жаноб Шой Да! Қайтиб келганингиздан бехабар эдим. Сизга таниш дурадгор Лин То. Шен Де бону унга жаноб Шу Фу уйидан бошпана ваъда қилган эди.
ШОЙ ДА. Жаноб Шу Фунинг уйида ортиқча жой йўқ.
ДУРАДГОР. Демак, биз кўчиб ўтолмас эканмиз-да?
ШОЙ ДА. У бино бошқа бир мақсадга мўлжалланган.
КЕЛИНЧАК. Демак, бизни у ёқдан ҳайдашади, шундоқми?
ШОЙ ДА. Чамамда, шундай.
КЕЛИНЧАК. Унда биз қаёққа борамиз?
ШОЙ ДА (елкасини қисиб). Менинг билишимча, Шен Де бону – айт­моқчи, у жўнаб кетди – сиздан ҳимматини аямайди. Аммо келажакда бу иш оқилона ҳал этилади. Текинга овқат берилмайди, ҳимматга яраша хизмат бўлиши керак. Ҳар кимга ҳалол ишлаб, оёққа туриш имконияти берилади. Шен Де ҳаммангизга иш топиб бермоқчи. Кимда ким мен билан ҳозир Шу Фунинг уйига борса, қуруқ қолмайди.
КЕЛИНЧАК. Бундан чиқдики, Шен Де учун хизмат қилар эканмиз-да?
ШОЙ ДА. Ҳа. Тамаки тозалайсиз. Орқа хонада уч қоп тамаки бор. Олиб чиқинг!
КЕЛИНЧАК. Унутманг, бизнинг ҳам ўз дўконимиз бўлган, биз ўзимиз учун ишлашни афзал кўрамиз, негаки, ўз тамакимиз бор.
ШОЙ ДА (ишсиз ва дурадгорга). Сизлар-чи? Шен Де учун ишлайсизларми? Ўз тамакиларинг йўқ шекилли?
Дурадгор ва ишсиз норози бир қиёфада ҳужрага киришади. Уй эгаси хоним пайдо бўлади.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Хўш, жаноб Шой Да, дўконни сотасизми? Мана, сизга уч юз кумуш доллар.
ШОЙ ДА. Ми Дзю хоним, мен дўконни сотмасликка қарор қилдим, ижара шартномасига қўл қўймоқчиман.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Нима? Учувчи учун пул керак эмасми?
ШОЙ ДА. Йўқ.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Ижара ҳақи тўлашга ҳам пулингиз бордир?
ШОЙ ДА (аравачадан сартарош ташлаб кетган чекни олиб, тўлдиради). Мана, жаноб Шу Фу ўн минг кумуш долларга ташлаб кетган чек, биласиз, у менинг жиянимга хуштор. Ишонмасангиз, ўқиб кўринг, Ми Дзю хоним! Ярим йиллик ижара ҳақи – икки юз кумуш доллар бугун кечқурун соат олтигача қўлингизга тегади. Энди Ми Дзю хоним, ижозатингиз билан мен ишни давом эттирай. Мен бугун жуда бандман, маъзур тутишингизни сўрайман.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. О, тушунаман, жаноб Шу Фу учувчининг изидан бораяпти! Ўн минг кумуш доллар! Ҳар қалай бугунги ёш қизларнинг беқарорлиги ва енгилтаклиги мени ҳайрон қолдиради, жаноб Шой Да. (Кетади. Дурадгор ва ишсиз ичкаридан қопларни кўтариб чиқишади.)
ДУРАДГОР. Тушунмайман, нега мен сиз учун қоп ташишим керак экан?
ШОЙ ДА. Менинг тушунганим кифоя. Ўғлингизнинг иштаҳаси карнай. У овқат сўрайди, жаноб Лин То.
КЕЛИНЧАК (қопларга кўзи тушиб). Менинг поччам бу ёққа кирган эдими?
ШИН. Ҳа.
КЕЛИНЧАК. Қопларни танидим. Бу бизнинг тамакимиз.
ШОЙ ДА. Секинроқ гапиринг. Бу менинг тамаким, негаки, менинг дўконимда турибди. Шубҳалансангиз, ҳозироқ полицияга бориб, шубҳа-гумонларга барҳам беришимиз мумкин. Борамизми?
КЕЛИНЧАК (аччиқланиб). Йўқ.
ШОЙ ДА. Ўз тамакингиз йўқ шекилли. Балки энди, Шен Де бону ҳиммат қўлини чўзиб турганда фойдаланиб қоларсиз? Қани, марҳамат қилиб, менга Шу Фунинг уйини кўрсатиб қўйинг.
Дурадгорнинг кичкинтойини қўлидан етаклаб, Шой Да чиқади. Унинг изидан дурадгор, унинг болалари, келинчак, қария ва ишсиз равона бўладилар. Келинчак, дурадгор ва ишсиз қоп кўтариб чиқишади.
ВАН. У ёмон одам эмас, аммо Шен Де – раҳмдил.
ШИН. Билмадим. Кир ёйилган дордан чалвор йўқолиб қолди. Амакиваччаси кияр эди. Бунда бир сир борга ўхшайди. Ажабо, нима экан?
Чол билан кампир киради.
КАМПИР. Шен Де бону бормилар?
ШИН (қуруқ). Кетиб қолди.
КАМПИР. Қизиқ! У бизга бир нима бермоқчи эди.
ВАН (ўз қўлига алам билан боқиб). У менга ҳам ёрдам бермоқчи эди. Қўлим қотганидан қотиб бораяпти. Шен Де тез орада қайтса керак. Одатда амакиваччаси бу ерда узоқ турмайди.
ШИН. Шунақа денг?

ИНТЕРМЕДИЯ

Ваннинг қўналғаси. Мусиқа. Мешкоб уйқусида фаришталарга ўз ташвишлари ҳақида сўзлайди. Фаришталар ҳамон сафарни давом эттирмоқдалар. Уларнинг юзларидан хориб-чарчаганлари кўриниб туради. Кетаётиб, улар мешкобга ўгирилиб қарашади.
ВАН. Сизлар қадам ранжида қилишингиздан олдин, оқилу донолар, мен жонажон синглим Шен Дени туш кўрдим, унинг аҳволи бениҳоя оғир эди. У дарё ёқасидаги қамишзорда, аёллар ўз жонига қасд қиладиган жойда турар эди. У ғалати чайқалар, ботқоққа тортувчи аллақандай юмшоқ, аммо оғир бир юкни судраб бораётгандек бўйни эгик эди. Мен чақирсам, у бир қоп ёзма фармойишларни нариги қирғоққа олиб ўтишим керак, йўқса, улар ивиб, ёзувлари ўчиб кетади деб жавоб берди. Ростини айтсам, унинг елкасида мен ҳеч нарса кўрмадим. Аммо сиз фаришталар, о, қандай шармандалик! Тунаш учун бошпана тополмаганингизда у уйи­дан жой бергани учун унга улуғ фазилатлар инъом этганингизни эслаб, қўрқиб кетдим. Энди унинг учун қанчалар ташвиш чекаётанимни тушунган бўлсангиз керак.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Масалан, нимани камайтирайлик, Ван?
ВАН. Масалан, севги ўрнига шунчаки майл ҳам бўлаверади ёки…
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Аммо бу яна ҳам оғирроқ, о, бандаи гумроҳ!
ВАН. Ёки адолат ўрнига мурувват.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Унда ҳамманинг боши ташвишдан чиқмай қолади.
ВАН. Ёки номус кетиб, андиша қолса ҳам бўлаверади!
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Лекин юк яна-да оғирроқ бўлади, о, бандаи нодон!
Фаришталар ҳорғин қадам босиб, кўздан ғойиб бўлишади.

VIII

Шой Данинг тамаки фабрикаси. Жаноб Шу Фунинг чолдеворларида Шой Да кичик тамаки фабрикаси очган. Панжарадан нари томондаги бино одамлар билан тирбанд. Айниқса, хотин-қизлар, болалар кўп. Улар орасида келинчак, қария, дурадгор ва унинг болалари. Панжара олдида Ян хоним, унга эргашиб, Сун пайдо бўлади.
ЯН ХОНИМ (томошабинларга). Мен сизларга айтсам, ҳаммангиз учун ҳурматли Шой Да жанобларининг донишмандлиги ва қаттиқ қўллиги туфайли ўғлим тушкун бенаводан фойдали кимсага айланди. Бутун маҳаллага маълум бўлганидек, Шой Да жаноблари кушхона яқинида кичик, аммо тез ривож топган фабрика очдилар. Уч ой бурун мен у кишига мурожаат этишга мажбур бўлдим. Кўп ўтмай, у мен билан ўғлимни қабул қилди.
Фабрикадан чиқиб келган Шой Да Ян хонимга яқинлашади.
ШОЙ ДА. Хизмат, Ян хоним?
ЯН ХОНИМ. Жаноб Шой Да, мен сиздан ўғлимнинг гуноҳини сўраб келдим. Бугун эрталаб уйимизга полициядан келиб, никоҳ ваъдасининг бузилгани ва қинғир йўл билан икки юз кумуш доллар ўзлаштириб олингани учун Шен Де бону номидан арз қилганингизни айтишди.
ШОЙ ДА. Худди шундай, Ян хоним.
Ян хоним. Жаноб Шой Да, барча фаришталар ҳаққи, яна бир бор шафқат қилинг. Пул йўқ. Учувчи бўлиш режаси амалга ошмагач, ўғлим уни икки кунда совурди. Биламан, у ярамас. Сал бўлмаса, у менинг мебелимни ҳам сотиб, қари онасини ҳам ташлаб, Пекинга кетиб қолаёзди. (Йиғлайди.) Шен Де бону бир пайтлар уни яхши одам санар эди.
ШОЙ ДА. Сиз нима дейсиз, жаноб Ян Сун?
СУН (қош-қовоғини солиб). Менда у пуллар энди йўқ.
ШОЙ ДА. Ян хоним, ноъмалум сабабларга кўра, жияним кўрсатган ўша меҳру оқибат ҳаққи, мен бетийиқ ўғлингизга яна ёрдамлашаман. У ҳалол меҳнат қилиб, ўзини тузатади, деб Шен Де умид қилади. Мен уни фабрикамга ишга оламан. Унинг иш ҳақидан икки юз кумуш доллар аста-секин чегириб қолинади.
СУН. Хуллас, ё турма, ё фабрика денг?
ШОЙ ДА. Ҳа, танлаб олинг.
СУН. Шен Де билан гаплашсам бўладими?
ШОЙ ДА. Йўқ.
СУН. Унда иш жойимни кўрсатинг.
ЯН ХОНИМ. Сизга минг раҳмат, жаноб Шой Да! Соҳиби мурувватсиз, бунинг учун фаришталар ярлақайди сизни. (Сунга) Сен ҳақ йўлдан оздинг. Энди ҳалол ишла, онангнинг кўзига уялмасдан, тикка қарайдиган бўл.
Шой Дага эргашиб, Сун фабрикага киради.
(Рампага қайтиб) Биринчи ҳафталар Сунга қийин бўлди. Иши унга ёқмас, ўзини кўрсатиш фурсати ўнг келмас эди. Фақат учинчи ҳафта деганда, омади юришди. У собиқ дурадгор Лин То билан тамаки солинган қопларни ташиши керак эди.
Сун ва собиқ дурадгор Лин То бир йўла икки қопдан тамаки кўтариб киришади.
ДУРАДГОР (йўталиб, инқиллаб тўхтаб қолади ва қоп устига ўтиради). Тинкам қуриди. Энди қаридим, бунақа ишларга ярамайман.
СУН (ўтириб). Нега сен бу қопларни уларнинг башарасига отмайсан?
ДУРАДГОР. Кейин-чи? Тирикчилик деб ҳатто болаларни ҳам қўшга қўшганман. Қанийди, дейман, ҳолимизни Шен Де бону бир кўрса! У раҳмдил эди.
СУН. Ҳа, у ёмон эмас эди. Турмуш машаққати бўлмаганда, балки биз Шен Де билан аҳил яшаб кетардик. Ҳозир у қайларда юрибди экан. Хўп, қани, ишлайлик – одатда у айни шу паллада пайдо бўлади. (Қўзғалишади. Яқинлашиб келаётган Шой Дани кўриб) Қопингни менга бер-чи, чўлоқ! (Лин Тонинг бир қопини ҳам кўтаради.)
ДУРАДГОР. Раҳмат, оғайни! Агар у шу ерда бўлса борми, қари одамга ёрдамлашганингни кўриб, сени мақтар эди. Ҳа, ҳа…
Шой Да киради.
ЯН ХОНИМ. Жаноб Шой Да, албатта, астойдил ишлаётган ҳақиқий ишчи кимлигини дарҳол пайқади ва индамай туролмади.
ШОЙ ДА. Ҳой, тўхтанглар-чи! Нима гап ўзи? Нега сен фақат битта қоп кўтариб олгансан?
ДУРАДГОР. Мен бугун бироз чарчадим, жаноб Шой Да, Ян Сун ёрдамлашиб юборди…
ШОЙ ДА. Сен, оғайни, изингга қайт-да, бир йўла учта қопни орқалаб ол. Ян Сун қилган ишни сен ҳам қила оласан. Ян Сун ғайрат қилиб ишлаяпти, сен-чи?
ЯН ХОНИМ (шу пайт собиқ дурадгор яна икки қоп юкни елкасига ортиб олади). Албатта жаноб Шой Да Сунга бир оғиз ҳам сўз қотмади, лекин унинг кимлигини билиб олган эди, келаси шанба куни иш ҳақи берилаётганда…
Ўртага стол қўйишади, Шой Да пул солинган халтача кўтариб киради. У назоратчи – собиқ ишсиз билан ёнма-ён туриб, иш ҳақи тўлайди.
Столга Сун яқинлашади.
НАЗОРАТЧИ. Ян Сун – олти кумуш доллар.
СУН. Кечирасиз, фақат беш кумуш доллар бўлади. (Назоратчи қўлидан рўйхатни олиб) Қаранг, бу ерга олти иш куни деб ёзилибди, ҳолбуки, мен бир кунни судда ўтказдим. (Мунофиқона) Менга оз бўлса ҳам ўз иш ҳақимдан бошқаси керак эмас.
НАЗОРАТЧИ. Демак, беш кумуш доллар! (Шой Дага) Тасодиф, жаноб Шой Да!
ШОЙ ДА. У беш кун ишлаган бўлса, қандай қилиб, олти кун ёзилибди?
НАЗОРАТЧИ. Тахминимча, бу менинг хатойим, жаноб Шой Да. (Сунга совуқ охангда) Бу бошқа такрорланмайди.
ШОЙ ДА (Сунни бир четга бошлаб). Мен яқинда пайқадимки, сиз кучли одам экансиз ва буни фирмадан яширишни истамайсиз. Назоратчи фирма зарарига ҳалигидай, тез-тез янглишиб турадими?
СУН. Ишчилар орасида унинг танишлари бор, улар назоратчини ўз одамлари деб билишади.
ШОЙ ДА. Тушунарли. Ҳимматга ҳиммат. Мукофот олишни истайсизми?
СУН. Йўқ. Аммо мен саводли кишиман, деб айтиб қўймоқчи эдим. Биласизми, бироз ўқиганман. Назоратчи ишчиларга илиқ муомала қилади, лекин ўқимишли эмас, фирма манфаатларини тушуниб етмайди. Ўтинаман, менга бир ҳафта муҳлат беринг, жаноб Шой Да. Фирмага қўл кучимдан кўра ақлий кучим кўпроқ фойда келтиришини исбот қиламан.
ЯН ХОНИМ. У дадил туриб, шундоқ деди. Мен ўша оқшом Сунга “Сен учувчисан! Ҳозирги иш жойингда ҳам учишга қодирлигингни кўрсатиб қўй! Уч, лочиним!” – деб айтдим. Дарҳақиқат, ақл ва билим нималарга қодир эмас! Ақлинг ва билиминг бўлмаса, нечук одам бўлдинг? Менинг ўғлим Шой Да жанобларинг тамаки фабрикасида чинакам мўъжиза кўрсатди!
Сун оёқларини кериб, ишчиларнинг ортида турибди. Улар тамаки солинган саватларни бошларидан ошириб, бир-бирларига узатмоқдалар.
СУН. Қани, қимирланглар, намунча иммиллайсанлар! Саватни шунақа узатадими? Тезроқ! (Болага) Сен нега ўтирмайсан? Ўтир, жойни банд қилма. Устига ўтирсанг, тамаки яхшироқ жойланади. Ялқовлар! Сенларга нега пул тўлаймиз ўзи? Чаққонроқ деяпман! Жин урсин ҳаммангни! Чолни нарига ўтказинглар, болалар билан ишласин! Бу ерда қўли ишга қовушмаяпти! Қани, ҳа, баракалла! (Иш маромига мос қилиб, чапак чалади, сават қўлдан қўлга тез-тез ўта бошлайди.)
ЯН ХОНИМ. Авом кишиларнинг ғанимлиги, уларнинг беҳисоб таъна-дашномига қарамай, ўғлим ўз бурчини адо этаверди.
Ишчилардан бири саккизинчи фил ҳақида қўшиқ бошлайди. Бошқалар нақоратни айтиб, унга жўр бўлишади.

Хўжайиннинг етти фили бор эди,
Бор эди боз саккизинчи фили ҳам.
Еттитаси ёввойи, бу – хонаки,
Еттисини кузатарди дам-бадам.
Қани, қадам қўйинг чаққонроқ!
Ўрмонда бир тўнка қолмасин, ҳа, чуҳ!
Ҳаммасини қўпориш керак,
Ҳадемай тушади қоронғу!

Етти фил ўрмонда тўнка қўпорар,
Саккизинчи филда хўжайин – сувор.
Кун бўйи кузатар саккизинчи фил,
Нечук ишлаяпти бошқалар…

Қани, энди тезроқ ташинглар!
Ўрмонда бир тўнка қолмасин, ҳа, чуҳ!
Ҳаммасини қўпориш керак,
Ҳадемай тушади қоронғу!

Етти фил ишлашни ортиқ истамас,
Улар бари кўзлар тинчини.
Хўжайин келди, у ғазабнок,
Гуруч билан сийлар саккизинчини.

Хўш, бу қандай номаъқулчилик?
Ўрмонда бир тўнка қолмасин, ҳа, чуҳ!
Ҳаммасини қўпориш керак,
Ҳадемай тушади қоронғу!

Етти фил айрилди тишидан,
Фақат саккизинчи филда тиш қолди.
У бошқа филларни ботирди қонга,
Хўжайин кўрдию хахолаб кулди.

Қани, энди тезроқ ташинглар!
Ўрмонда бир тўнка қолмасин, ҳа, чуҳ!
Ҳаммасини қўпориш керак,
Ҳадемай тушади қоронғу…
Бемалол юриб, сигара чекиб, Шой Да чиқиб келади. Ян Сун кулиб, учинчи банднинг нақоратига жўр бўлади, охирги бандга етганда, чапак чалиб, суръатни оширади.
ЯН ХОНИМ. Шой Да жанобларига ўз ташаккуримизни қандоқ айтишга ҳам ҳайронмиз. У сездирмай-нетмай, ёлғиз талабчанлик ва донишмандлик билан Сунда яшириниб ётган барча яхши жиҳатларни юзага чиқарди. У жиянига ўхшаб кўкўпар ваъдалар бермади, лекин ҳалол меҳнат қилишга мажбур этди. Ҳозир Сунни таниёлмайсиз. У уч ой олдинги Сунга сираям ўхшамайди! Ўйлайманки, сиз менинг фикримга қўшиласиз! Қадимда бекорга айтишмаган: “олийжаноб киши – қўнғироқ, урсанг жаранглайди, урмасанг, жим туради…”

(Давоми бор)

Рус тилидан Жамол Камол таржимаси

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi