Луиш де Стау МонтейрУ (1926–1993) Майизхўр эркак

Луиш де Стау Монтейру

(Роман)

Ҳар куни, ҳаво очиқми, ёмғир ёғяптими, бундан қатъи назар, эрталаб соат саккизда ўрнимдан тураман. Бу – ҳаётимдаги энг тартибли ишларимдан бири. Тураётиб, оёқ кийимимни қидираман,  шу яқин жойда, тунги стулчам ёнида бўлиши керак.
Куним ваннахонадан бошланади. Соқолимни оламан.
Эшик тақиллайди.
Фернанда.
– Киравер.
– Бугун қандай кунлигини биласанми?
– Бугунми, шанба.
– Тўйимизга бир йил бўлди.
Унга нима дейишни билмайман. Аммо бу кун байрам деб ҳисобланиши аниқ.  Фернанда нишонлашимизни хоҳлаётган бўлса керак.
– Тўғриси, бу ҳақда ўйламабман ҳам. Сен нима қилмоқчисан?
– Тушдан кейин уйда бўлмайман. Аммо сени кечки овқатга кутаман. Ота-онам, яна бир-икки киши бўлади. Келасанми?
– Шунга хурсанд бўлсанг келаман.
– Келишдик. Соат саккиздан кеч қолма.
Уйдан чиқиб кўча бўйлаб идора томонга юраман. Банкка кириб чиқишим керак. Таътилда бўлсам-да, бу визитни қолдира олмайман. Байшедаги кафеда бир финжон қаҳва ичиб, Оуру кўчасига буриламан. Фернандага совға олишим керак. У бундай мулозиматларга амал қилиш лозим деб ҳисоблайди. Кечки овқатга қайнонам ҳам келадиган бўлса, совға олишим шарт. Олмасам, қайнонам қайнотамни  бурчакка тортади-да, икковлари мен томонга қараб, бир нималарни шивирлашади. Ҳозироқ нақд кўриб турибман: ўтган йили малла рангга бўялган сочлари сийраклашиб қолган, осилган кўкраклари шу қадар каттаки, афтидан, маҳаллий слесар тайёрлаб берган бюзгалтер уларни аранг ушлаб турибди.  Мени айблаётган ёқимсиз нигоҳини ҳис этаман, совуқ сўзларини эшитгандай бўламан. Қуриб кетгур.
Заргарлик магазини ёнида тўхтайман. Дарвоқе, Фернанданинг қўл соати борми, йўқми? Ҳар сафар мен билан ваннахонада бир вақтда учрашиб қоладими, демак, бор. Унга тилла билакузук олсам-чи? Балким марварид ипли тўғнағич  олганим дуруст бўлар? Қанча тураркин? Ипак рўмол ёки тунги кўйлак ҳам бўлаверар? Ишқий совға бўларди-да.
Магазинга кириб, пештахтага яқинлашаман. Ёшлиги юз-кўзидан балқиб турган сотувчи қиз менга нима кераклигини сўрайди.
– Хотинимга совға олишим керак, Аммо нима олишни билмайман. Менга ёрдам бера олмайсизми?
– Албатта, Бу – бизнинг ишимиз.
Магазинда у ва Худо. Иккалалари менга ёрдам беришади.
– Хотинингизга нима маъқул келишини билсангиз керак?
– Йўқ, буни билмайман.
– Хонимнинг ёшлари нечада?
Бу қиз ё кимнидир қаттиқ севиб қолган ёки унаштириб қўйилган. Чунки менинг ёшимдаги эркак хотинига совға олаётганини кўриб, ҳаяжонланиб кетди. У менинг бу ҳаракатимдан ўзининг “ўлимга қадар севги”деган  орзуси нақадар тўғрилигига ишонч ҳосил қилди. Юз ифодасидан менга ёрдам беришга тайёрлигини сезиб турибман. Ва яна шуни билиб турибманки, кечқурун, магазин ёпилганидан сўнг бу қиз ошиғининг елкасига бошини қўйиб, бугун бўлган воқеани унга гапириб беради: “Азизим, биласанми, бугун магазинимизга ажойиб бир сеньор кириб келди. Сен тасаввур ҳам қила олмайсан, ўрта ёшлардаги эркак хотинига совға излаб юрибди… ҳаяжонланганидан нима харид қилишни билмайди… мен бўлсам бизнинг севгимиз ҳақида ўйлаб кетдим… бир кун келиб… орадан қанча йиллар ўтгач, сен ҳам магазинга кириб, менга совға харид қилмоқчи бўласан-у,  бахтиёрлигингдан нима олишни билмай туриб қоласан…”
Шу нарса жаҳлимни чиқариб юборди. Қизни беҳудага лақиллатишнинг нима кераги бор?
– Хотинимнинг ёши нечадалигини аниқ билмайман, билишни ҳам истамайман. Бугун тўйимиз бўлганига роса бир йил тўлгани учун  совға олмоқчиман, холос. Агар олмасам, қайнонам бутун оқшом асабимни ўйнатади. У мени қизининг муҳаббатига муносиб бўлмаган бир пасткаш ёки бундан-да ёмони – ўзини катта олиб, қизи менга турмушга чиқиб, аёллик ва  оналик бахтига муяссар бўлмаганидан афсусланади. Тушунаяпсизми? Шунинг учун ҳам совға олмоқчиман. Хотинимга  тоқатим йўқ, агарки сиз бор ҳақиқатни билмоқчи бўлсангиз, шундайлигимни  аниқ айта олмайман ҳам. Энди тушунгандирсиз?
Сотувчи қиз кўзларини катта-катта очиб менга қарар экан, қўллари беихтиёр пештахта устидаги молларни йиғиштира бошлади.
– Бу тўғрида менга гапиришингиз ўринсиз… Менинг бу ишга мутлақо  даҳлим  йўқ. Бир дақиқа сабр қилинг, шеригимни чақираман…
Кулган бўламан. Қизнинг юзида  табассум пайдо бўлади.
– Сиз шундай оҳангда гапирдингизки, мен бор ҳақиқатни айтаяпсиз деб ўйладим.  Чиппа-чин ишониб ўтирибман-а.  Кулиб юбормаганингизда, мен ҳеч қачон бунинг ҳазиллигини  билмасдим. Хўп, майли, ишга ўтайлик. Биз Италиядан чиройли кўйлаклар олдик… Бир дақиқа… Зўр атирларимиз ҳам бор. Нима дейсиз?
– Ёмон таклиф эмас.
– Хотинингиз қандай атирларни ёқтиришини билсангиз керак?
– Тўғриси, билмайман.
– Хотинингизни бироз бўлса-да билганимда менга осон бўларди…
– Сизга “Femme” ёқадими?
– Ёқмаганида уйланмас эдим.
– Яна ҳазил қиляпсиз-а. “Femme” жуда яхши, аммо қиммат атир.
– Бир флаконини оламан.
– Совғага қанча пул сарфламоқчисиз?
– Иложи борича кам сарфлаганим маъқул.
– “Femme” минг эскудога яқин туради. Тўғри келадими?
– Келади.
Бу қизча билан нега энди ади-бади айтишиб ўтирибман? Бошқаларга ўзимнинг туриш-турмушимни тиқиштиришга нима ҳаққим бор? Ҳар ким ҳаётда нималарга эришишда, у ёки бу нарсага ижобий муносабатда бўлишда эркинликка эга. Бошқаларнинг тажрибаси фойда бермаслиги мумкин. Бу ҳам майли, магазинда ўзимни тарбиясиз кишидек тутдим. Одоб қоидаларига риоя қилиш керак. Фернанда шундай дейди. Аммо… нега энди риоя қилиш керак? Мен қаёқдан ҳам билай… Эҳтимол, бундай қилиш ҳаётнинг муҳим қоидаси ёки ер юзида яшашнинг зарур шартидир. Нима бўлганда ҳам, моҳияти битта. Буни, тўғрисини айтсам, мен яхши биламан.
Байшедаги марказий савдо расталаридан олган майизим ёмон эмас экан. Кечгача етадиганини ғамлаб қўйдим.
Инглизлар “charity begins home” – мурувват уйдан бошланади дейишади. Бу мақолни, менингча, шаҳар четидаги хароб кулбаларда яшайдиган аёллар эрлари рўзғорга кам пул берганларида айтишарди, аммо саксофон ихтиро қилинганидан кейин, ҳукумат тепасига лейбористлар келишгач, истеъмолдан бутунлай чиқиб кетган. Бугун уни Англияда ҳеч ким эсламайди. Эслашга ҳожат йўқ. Эндиликда черковнинг ризахоналари ва турмуш қурмай ўтириб қолган қизларгина хайрия қилишади. Якшанба кунлари бу қизлар оч-наҳорларга бир нималарни тарқатишаётганини кўрганман. Уларнинг олдига кимлар келишига ҳам аҳамият берганман. Бу бечоралар уларга ким хайрия қилаётганини кўриб, арзимас ҳадяларни енгил табассум билан қабул қилишади.
Мен инглизларнинг бу мақолини бироз таҳрир қиламан: “мурувват” сўзини “одоб сақлаш”га ўзгартираман. Аминманки, ўзимнинг олдимдаки одоб сақлай олмас эканман, бу ишни бошқалар олдида мутлақо бажара олмайман.
Чуқурроқ мушоҳада юритилса, мен худди Фернандадан қаёққадир қочиб қутулишнинг иложини топа олмаётганимдек, ўзимдан ҳам қочиб қутула олмайман. Буниси энди ўта оғир иш.
Банкка кириб, зиналардан юқорига кўтариламан. Ҳар галгидек, одамлар тўпига дуч келаман. Улар аккредитив йўли билан пул, ёзган аризаларига жавоб олишга, қарз кўтариш ёки кредитни расмийлаштириш учун келишган. Ҳаммаларида мақсад шу.
Мени кутиб туришибди. Сўров аризаларини мен ёзиб берсам, уларга ижобий жавоб  олишларини яхши билишади. Мен уларсиз ҳам яшай оламан, аммо уларнинг менсиз яшашлари қийин.
Учрашган пайтларимиз ҳамма бир-бирига кулимсираб қарайди. Иш кабинетининг ҳеч ким кўрмайдиган жойига пухта яшириб қўйилган вис­ки ичилмаган бўлса ҳам…
Оғзимдаги майизни чайнаб, уйимга кираман. Қайнота-қайнонам келиб бўлишибди. Машиналари эшик олдидан сал пастроқда турибди.
Фернанда эшикни очиб, мени қўлтиғимдан олади. Бир оғиз гап айтишга ҳам қўймай, меҳмонхонага бошлайди. Меҳмонлар диванга астойдил жойлашиб олишибди.
Қайнотам менга қўлини узатади.
– Табриклайман. Сизларга совға олувдик… Маъқул келади, деб ўйлайман.
Қайнонамга ўгириламан. У менга яхши маънода, аммо тушунарсиз бир нималар демоқчи бўлади.
Фернанда тараддудланиб турибди. Чунки бундай учрашувлар менинг бир оғиз сўзим билан остин-устун бўлиб, ота-онаси ўртамиздаги совуқ муносабатдан хабар топиб қолиши ҳеч гап эмас. Буни у яхши билади. Шу боис тиним билмайди.
– Ота-онам бизга нима совға қилишганини кўрдингми? Бу ўша – биз орзу қилган нарса. Хурсандмисан?
– Йўқ.
Фернанда кулиб, ота-онасига  тушлик пайти  биз совға қандай бўлса ҳам,  мен уни ёқмади демаслигимга  келишиб қўйганимизни тушунтиради. Сўнг менга ўгирилади.
– Сен ютдинг. Шундай совғани ёқмади деб айта олишингни  ҳатто тасаввур ҳам қилмагандим.
Унинг овозидан мендан хафа бўлганини сезиб турибман.
Кийимларимни алмаштириш учун хонамга кираман. Ёстиқ устида Фернанданинг йирик-йирик ҳарфлар билан менга ёзган эслатма хати турибди: “Сендан илтимос, бугун кечқурун менга эътиборлироқ бўл. Ҳар куни изтиробдан қанчалар эзилаётганимни ёлғиз Худо билади. Раҳм-шафқат юзасидан мени одамлар олдида камситма. Сендан бошқа ҳеч нарса илтимос қилишга қодир эмасман”.
Раҳм-шафқат қолмади деб ким айтди?
Бечора Фернанда… Қанчалар тубанлашиб кетганман-а.
У  ёш боладек, мендан ранжитмаслигимни илтимос қилмоқда.
Қанчалар пасткашман.
Болалигимда йиқилиб тушиб йиғлай бошласам, отам доим: “Тур ўрнингдан, ўғлим, эркак киши йиғламайди!”, дер эди.
Ойнага қараб, галстугимни тўғрилайман-да, ўзимга ўзим такрор-так­рор уқдираман: эркаклар йиғламайди. Эркаклар йиғламайди. Эркаклар йиғламайди.
Мен эса йиғлайман.
Қўлимга совғани ушлаганча меҳмонхонага кираман.
– Фернанда, мен сенга муносиб совға қидирдим. Совға қилишни  билмаслигимдан яхши хабардорсан. Мана шу атирни сенга олдим. Ёқади деган умиддаман.
Фернанда совғани очиб кўради. Қўлини узатиб мени ўпади.
Худо хайрингни берсин, Фернанда… Юрагингга яқин олма… Мени ранжитма. Сен туфайли менда мавжуд бўлган фазилатлар билан ўйнашма. Мен сен учун чин дилдан ҳаракат қилмоқдаман…
– Совға учун раҳмат. Минг бор раҳмат. Ўзим ўйлаган нарсани олибсан.
– Жуда соз. Мен сенга ёқмайди, дея қўрққан эдим.
Қайнотам ёнимга келади.
– Таътил қандай ўтмоқда?
– Деярли тамом бўлди.
– Сизнинг ўрнингизда бўлганимда, ишбилармон бирорта одамни топиб қўйиб, ўзим умримнинг охиригача мазза қилиб дам олардим.
– Бундай қилолмайман. Хоҳламайман ҳам. Ишни ўзим назорат қилмасам, ҳаммасини йўқотаман. Иккинчидан, менга ишлаш ёқади.
– Нималар деяпсиз. Сизнинг ўрнингизда бўлсам бутун Европани кезиб чиқардим… Мадрид, Бургос, Севилья, Париж…
– Бу шаҳарларни кўриш сизга ёқса, нега энди саёҳат қилмайсиз?
– Ёшим ўтиб қолди-да. Дўстларимни,  кафени ва қарилик одатларимни   бу ерда  қолдириб кетишни истамайман.
– Қариликни бўйнингизга олганингизга кўп бўлдими?
Қайнотам жавоб қайтармайди. Елкаларини қисиб, кексалик ҳамманинг ҳам бошида борлиги, бундан қочиб қутулиб бўлмаслиги ва буни мен яхши билишимни менга сўзсиз уқдирмоқчи бўлади.
Қайнонам менга худди зоопаркдаги ҳайвонга мўралагандай қарайди. У мени аввал бошдан ёмон кўради. Унинг учун мен ўрта тоифанинг қизини яхши кўриб қолишга журъат  қилолган оддий вакилиман. Тўйимиздан кейиноқ, қайнонам менга ҳеч бўлмаганда Фернанда даражасига етишим зарурлигини кўп бор писанда қилган. Бу иш амалга ошмаганидан кейин, унинг мени кўрарга кўзи қолмади, унингча мен сеньорлик ниқоби остига яшириниб олган оддий ҳайдовчиман. Буни унинг кўзидан яққол  билса бўлади.
Қайнонам менга қандай жавоб қайтаришни билмай қолган эрига ёрдамлашиш мақсадида суҳбатимизга қўшилади.
– Фернандага совға қилган атирнинг номи нима экан?
– “Femme”.
– Жуда яхши атир. Менда ҳам бор. Сизлар ҳозир гаплашганингиздай, нега энди Мадридга бориб дам олмайсизлар? Фернанда ҳаво алмаштирарди,  бир неча қишлик кўйлак сотиб олиши ҳам мумкин эди. Бизнинг даврамиздаги одамларнинг  маълум мажбуриятлари бор. Ҳозирги авлод бўлса, уларни аллақачон ёдидан чиқариб бўлган…
– Noblesse oblige?
Қайнонам мен ҳазиллашаяпманми ё жиддий атаяпманми – билмай, менга таажжубланиб қарайди.
– Эҳтимол сиз ҳақдирсиз. Аммо ҳақиқат  шундаки, биз бу ҳаётда фақат ўзимизга ёққан нарсалар билангина шуғуллана олмаймиз. Намунали классик қайнона сифатида гапираётганим йўқ, шу важдан ҳам сизларнинг ишингизга ҳеч қачон   аралашган эмасман. Баъзан, бир нималар менга ёқмай қолганида ҳам, ўзимни ҳеч нима бўлмагандай, ҳеч нарсани сезмагандай  тутаман. Фақат… буни энди айтишим керак, Фернанданинг кийиниши мени қониқтирмайди.
– Бу унинг иши.
– Фикрингизга қўшилмасликнинг иложи йўқ. Аммо сиз Фернанда билан бу тўғрида гаплашишингиз керак. Фернанда қандайдир тикувчи аёл каби кийинишини ҳатто тасаввуримга ҳам келтирмаганман. Яқинда биз Эшторилга бордик. Замонавий қизларнинг чўмилиш кийимларини кўриб ҳайрон  қолдим. Қайнонамнинг оғзи очилиб қопти, деб ўйламанг. Мени таажжубга солган нарса шуки, оналар қизларини худди хорда ашула айтадиган солисткалар каби кийинишларига  монелик қилмайдилар. Мана энди, сеньорни актрисадан ажратиб бўлмай қолди… Сизни ишонтириб айтаманки, Фернанда яхши тарбия кўрган… Мадридга боришингизга астойдил ҳаракат қилаётганимнинг боисини тушунгандирсиз?
– Мен ҳам, Фернанда ҳам Мадридга боришни хоҳламаймиз.
– Нега энди?
– Биринчидан, имкониятимиз йўқ. Иккинчидан, агар бизда хорижга бориш иштиёқи туғилганида ҳам, Мадридга бормас эдик.
– Сабаби?
– Биз саёҳат учун Европани танлаган бўлар эдик.
– Сизнингча, Мадрид Европада эмасми?
– Европада. Аммо Мадрид Лиссабон учун мисоли Порту каби хориж.
– Билиб қўйинг: Мадриддаги бугунги дўконлар Париж ёки Лондондаги магазинлардан асло қолишмайди. Менга кўпни кўрган кишилар айтишган: Мадрид эндиликда Европанинг  йирик шаҳарларидан бири…
Ҳар гал қайнонам билан гаплашар эканман, ўртамизда “совуқ уруш” ҳолати юзага келади. Буни аллақачон тушуниб етганман, аммо кўпинча майда-чуйда гапларга аралашиб, худди бундан бирор фойда чиқадигандай, кичик тўқнашувлар юзага келишига сабаб бўламан. Мен ҳам, қайнонам ҳам ўзгармаймиз.
Хайрият, Фернанда олдимизга келиб, бизни чалғитди-да, навбатдаги фалокатнинг олдини олди.
Эшик тақиллади. Ҳамма янги меҳмонларни кутиб, эшикка қаради. Род­ригешлар келишди. Хушсурат ажойиб оила.  Қайнотам ва қайнонамнинг эски танишлари. Уларни тўйимиздан бери биламан. Ичимлик қуйилган қадаҳларни қўлларига  тутқазаман. Ўзим виски ичаман. Родригеш мени четроққа буради.
– Хўш, қария, ишларинг қалай? Ўзи ҳам минг йил бўлди-ёв сени кўрганимга. Жуда афсусланарли. Яқинда  сизлар  тўғрингизда гапирдим.
– Наҳотки?
– Бизга маҳаллий жунта учун номзодлар керак. Дўстим, биз ҳаммамиз бирор иш билан машғул бўлишимиз керак. Бунга нима дейсиз?
– Бу таклифингизни қўя қолинг, жаноб инженер. Ҳатто илтимос қилсалар ҳам бу иш билан  шуғулланмайман. Мен ўзим билган иш билан бандман: шляпалар, кепкалар, қалпоқлар.
– Афсусдаман, дўстим. Сизлар танқид қилишни биласизлар, холос. Бирор ишни бошлаш пайти келганда эса, ўзингизни четга оласиз…
–  Мен яхши ҳам, ёмон ҳам гапирганим йўқ, жаноб инженер. Бу иш мени қизиқтирмайди, ўзига тортмайди ҳам.  Сизларни танқид қилганим тўғри, аммо нима бўлганда ҳам,  маҳаллий жунтами, бошқасими, барибир бормайман.
– Мен ҳам шу ҳақда гапиряпман-да: танқид деса – марҳамат, иш деса…
Кулиб юборишдан ўзимни зўрға тияман. Мен учун ғоят кулгили ҳолат. Родригеш бўлса, нима учун кулаётганимни тушунмайди.
– Ўлай агар, нимага кулаётганингизни тушунган бўлсам. Нимаси кулгили? Вақтимга ҳам, одамларга ҳам ачиниб кетаман-да…
– Менга қаранг, жаноб Родригеш, мен сиз айтган нарсаларга кулаётганим йўқ, сизнинг соддалигингиз кулгимни қистатяпти.
– Соддалигим?
– Тасаввур қилинг, жаноб инженер: сиз мени айбсиз бўлсам-да, ўлимга ҳукм қилдингиз. Мен эса эртадан-кечгача бу ноҳақликни ва шундай қилишингизга асос бўлган нарсаларни танқид қиламан. Тасаввур қилдингизми? Гапларим жонига теккан қамоқхона ходими бўлса, бўйнимга солиб мени осадиган  сиртмоқни  яхшироқ боғлашига қарашворишимни илтимос қилади. Илтимосини рад қиламан. Шунда у: “Маҳбуслар ҳукмдан доимо норози бўладилар, менга ўхшаган бир инсофли одам уларнинг аҳволини яхшиламоқчи бўлса, илтимосини ерда қолдирадилар”, деб мендан қаттиқ ранжийди. Мени тушунаяпсизми? Менинг бу ҳикоям сизнинг соддалигингизни тасдиқлаётганини пайқагандирсиз?
– Дўстим,  бироз оширвормадингизми?
– Албатта, оширвордим. Мен келтирган мисолнинг маҳаллий жунтага мутлақо алоқаси йўқ. Мен уни сиз  бу гапларга менинг муносабатимни тушунишингиз учун келтирдим, жаноб инженер.
– Сизларни тушуниш қийин. Майли, нима бўлса ҳам, таклифим  кучида қолади. Фикрингиз ўзгарадиган бўлса, менга хабар қиларсиз…
Меҳмонхона эшиги очилиб, эр-хотин Виейралар кириб келади. Ўрта ёшли, бой-бақувват, анча йиллардан бери жамиятнинг илғор қисмига мансубликларини тан олдириш учун  самарасиз курашиб келаётган оила. Ўзларининг фикрича, улар бундай мартабага тўла ҳақли.
Доктор Виейра Фернанданинг қўлини ўпиб, менинг олдимга келади. Саломлашамиз. Меҳмонларга мадери ичимлигини таклиф этаман. Бу иш жонимга  тегди. Ўзимни босиш учун виски ичаман. Оғзимга майиз соламан, кейин яна, яна майиз ейман. Мени узоқдан кузатиб турган қайнонам олдига боришимга ишора қилади.
– Сиз ҳали ҳам одамлар олдида майиз ейдиган одатингизни ташламабсиз-да? Бу жуда ярамас одат. Ишонинг менга. Сизни танимаган одамлар руҳий касал деб ўйлашлари мумкин. Кўзи тушган кишига худди тирноғингизни ғажиётгандай кўринасиз. Иши юришмай қолган ёки асаби чатоқ одам шундай қилади. Мен сизга фақат яхшиликни раво кўраман. Мени тўғри тушунинг, биз ўз даражамиздан пастлашиб кетмаслигимиз керак. Хаёлимизга келган нарсани қилаверсак нима бўлишини, қандай аҳволга тушишимизни тасаввур қиласизми? Ўйлаб кўринг-а.
Ажойиб фикр. Одамлар  ҳамёнларини майизга тўлдириб, кўчада сайр қилиб юришларини хаёлимга келтираман.
– Худога шукур, ҳамма ҳам майизхўр эмас. Шундай бўлганида, унинг баҳоси, биласизми…
Чўнтагимдан Байшедаги магазиндан сотиб олган бир ўрам майизни олиб, қайнонамга узатаман. У елкасини қисиб рад этади. Бир дона йирик майизни оғзига соламан.
– Жуда ширин.
– Бу сизнингча ширин, ишончингиз комил бўлсин – сизнингча ширин.
Омадим келди: хизматкор аёл кечки таом тортилганини маълум қилди. Ҳаммамиз ошхонага юрамиз. Фернанда меҳмонларга жойларини кўрсатади.
Ҳаммага кулиб қарашга ҳаракат қиламан, берилиб суҳбатлашаман. Қайнонамнинг ҳазилларига қотиб-қотиб куламан, қайнотам нима деса, фикрига тўла қўшиламан. Сеньора Виейра яхши хизматкор аёл топиш қийинлигидан гап очади.
– Фабрикалар иш бошлаганидан кейин, аёллар саноат соҳасида ишлашга ўтиб кетишди. У ерда кўпроқ пул топишади-да, кўнгилларига келган ишни қилишади. Даҳшат. Кейин эса бу йўлни танлаганларидан афсусланишади. Улар кўп, жуда ҳам кўп  нарсалар мавжуд бўлган  уйларимизни ташлаб кетишмоқда, ҳайҳотдай фабриканинг ҳаракатдаги бир мурватига айланишмоқда. Бетоб бўлиб қолганларида ёки бирор ташвиш бошларига тушганида билишади бизларнинг уйларимизда хизматкор бўлиб, қандай яхши  яшашганини.
Қайнонам унинг гапларини маъқуллайди.
– Бугун ҳеч жойда тартиб қолмади. Ҳамма ўзим бўлсам, кўпроқ нарсага эришсам дейди. Авваллари хизматкор аёллар тикиш-бичишни, тўқишни билишарди. Энди-чи? Ҳеч нарсани билишмайди. Дазмол қилишни ҳам. Буларнинг ҳаммаси қўлларидан келганида бугунгидан кўра кўпроқ пул топишлари мумкинлиги тўғрисида ўйлаб ҳам кўришмайди. Бор гапни айтаяпман. Дам олиш куни берсангиз, кунни шунақа бемаъни ишлар билан ўтказишадики… Бир вақтлар хизматкорларимиз рақсга тушишни билишмасди, аммо қўлларидан кўп нарса келарди. Энди бўлса, шунчаки оддий таом тайёрлашни ва самбу рақсига тушишни билишади, холос. Шу боисдан ҳам улар фабрикаларда ишлашни хоҳлашади: у ерда ҳеч ким улардан бир нима талаб қилмайди, бемалол бузуқчилик қилишлари мумкин.
Доктор Виейра кулимсираб, аёлларга ижтимоий муаммоларнинг моҳиятини меҳрибонлик билан тушунтиради:
– Гап сизлар айтаётган нарсаларда эмас, йўқ, уларда эмас. Биз даҳшатли бир замонда, ўтиш даврида яшамоқдамиз. Ҳамма нарса ўзгариб бормоқда. Бизнинг ўзимиз ҳам  буви ва буваларимизга ўхшаб қолдик. Бўлаётган ўзгаришлардан қўрқмаслигимиз керак.
Баҳсга қайнонам қўшилади:
– Бу айтган гапларингиз шунчаки  эртак, дўстим, ҳа, ишонаверинг,  эртак. Ҳаммасига сизга ўхшаган одамлар айбдор. Одамларга улар ҳазм қилишга тайёр бўлмаган мавҳум ғояларни сингдиришга ҳаракат қиласизлар. Бу дунёга, биласизми,  қатъий интизом керак. Сизни ишонтириб айтаманки, авваллари хизматкор аёллар бугунги ишчи ва хизматчилардан кўра бахтлироқ эди (Қайнонам ўзининг бу монологидаги “ишчи” ва “хизматчилар” деган сўзларни талаффуз қилганида афтини буриштириб, уларнинг устидан ошкора кулаётганини яшириб ўтирмади). Авваллари хизматкор аёллар уйларимизни қолган умрларига бемалол етадиган тилла сеп билан тарк этардилар. Энди бўлса, фабрикаларда ишлаб бўлганларидан кейин бўйинларида қарз, мияларида  ахлат чиқиндидан бошқа ҳеч нарса бўлмайди.
Қизиқарли суҳбатга  ҳисса қўшмоқчи бўламан.
– Сиз мутлақо ҳақсиз. Улар бирмунча бахтли, бирмунча эркин ва инсон деб аталишга бугунгидан кўра муносиброқ эдилар.
Қайнонам менга тикилиб қараб турибди, сўзларимни тинглаб, юз ифодамдан мен уни мазах қилаяпманми ёки жиддий гапираяпманми, шуни билмоқчи. Жиддий фикр билдираётганимга ишонч ҳосил қилгач, кулиб давом этади:
– Фикрингизга қўшиламан. Уларда авваллари бўлган эркинликни бугунги эркинлик билан мутлақо солиштириб бўлмайди. Аммо, ёддан чиқармаслик керакки,  эркинлик   ҳаётда одамларга зарур бўладиган  ҳамма нарса дегани эмас. Эркинлик бу ҳаётнинг инсонни ўзига ром қилувчи нарсаларидан бири.
– Биз яқинда, аниқроғи, кеча хизматкор аёлни зинапояда бир йигитнинг бошини айлантириб тургани учун бўшатиб юбордик. Бор-йўғи бошини айлантираётгани учун. Биз тўғри қарор қилдик, деб ўйлайсизми,  дейман.
Қайнонам яна менга қарайди, кипригимни ҳам қоқмай гапираётганимни кўриб, хотиржам бўлади.
– Фернанда шундай қилган бўлса, демакки, унинг бундай қилишга етарли асоси бор. Нима бўлганда ҳам, сизларга айтишим керакки, принцип нуқтаи назаридан мен сизларнинг бу қарорингизни маъқуллайман. Биз уйда соғлом муҳит бўлишини таъминлашимиз керак, ўзимиз учун ҳам, хизматкорлар учун ҳам. Борди-ю, Фернанда зинапояда беҳаёлик қилаётган хизматкор аёлни кўриб, ўзини кўрмаганга олганида, ўша юзсизнинг шеригига айланган, ўзининг оддий мажбуриятини бажармаган бўларди.
Хизматкор аёл қаҳва олиб келди. Қайнонам менга ўгирилиб, французча шивирлади:
– On ne doit parler de ces choses devant le bonnes. Prennez garde.
Меҳмонхонанинг ўзидаёқ доктор Виейра рақсга тушишни таклиф этди. Таклиф ҳаммага маъқул келди. Ҳаммамиз шу яқин-орадаги меҳмонхонага йўл оламиз. Энг юқори қаватга кўтариламиз. У ердаги стол атрофида учта француз аёл худди юз йилдан бери кимдир келиб уларни кулдиришини кутишаётгандай маҳзун ўтиришибди.
Оркестр уйқусираган тўрт мусиқачидан иборат. Улар бизга табассум қилганча, бир вақтлар қайсидир мусиқачи хушчақчақ одамлар учун ёзган қўшиқни ижро эта бошлашади. Учта қария ва биз унинг тугашини кутамиз. Гоҳ-гоҳ оркестрга қараб кулиб қўямиз.
Уйқусизликдан кўзлари киртайган хизматкор, иши кўплиги шундоққина кўриниб турибди,  олдимизга келди.
Ҳар сафар португалияликлар вақтичоғлик қиладиган жойларга борганимда, мени бир нарса ҳайратга солади. Бутун дунёда кабарелар кечқурунлари мижозлар билан тўлиб кетади, томоша залларида бирорта бўш ўриндиқ қолмайди. Одамлар мириқиб дам олишади, бемалол хурсандчилик қилишади. Португалияда бўлса бундай жойлардаги кечки ҳаёт кундузги ҳаётнинг давоми: зерикарли ва бир хил. Одамлар рақсга тушишмайди, дурустроқ кулишмайди ҳам. Қаҳқаҳа ўз умрини яшаб бўлгандай.  Кулишдан қўрқишади – кимдир кўриб қолиши мумкин-да.
Наҳотки мен ҳам шундайлар қаторига қўшилиб қолган бўлсам?
Наҳотки кулишни унутган бўлсам?
Наҳотки бутун мамлакат кулмай қўйган бўлса?
Наҳотки португалияликларни ҳамиша жиддий бўлишга, ўзларини худди ёш болалар катталарга тақлид қилгандай ҳамма жойда расмий қиёфада кўрсатишга, шундай юриш-туришга мажбурловчи қонун мавжуд бўлса?
Наҳотки менинг мамлакатимда ёшлар қолмаган бўлса? Эҳ, улар қанча эди-я!
Наҳотки биз ҳаммамиз дунё  елкамизга жуда муҳим бир мажбуриятни юклаб қўйди, деб ўйласак?
Қўлимдаги вискини ичиб, газакка майиз ейман. Инженер Родригеш менга қараб кулимсирайди.
– Дўстим, ўттиз йил аввал бундай меҳмонхоналар йўқ эди, уларнинг пайдо бўлиши… ҳар ҳолда  ёмон эмас.
Атрофга қараб, француз аёлларини кўраман, Фернанданинг меҳ­монларига назар соламан. Жиддий жанжалли тўфон яқинлашиб келаётгани аниқ: инженер Родригеш, қайнонам ва уйқусираб ўтирган оркестр жонимга тегди. Бу ердан тез чиқиб кетгим, кўчага чиқиб, узоқ-узоқларга, масалан, Хитойга кетворгим  келиб кетди. У ерда  бир нималарга ишониб яшайдиган одамлар бор.
Кўп ичиб қўйдим. Бунга ўрганган эмасман. Бутун вужудимни асабий бир  ҳолат чулғаб олмоқда. Ичим қизиб турибди.
Кўйлагим ёқалари остида бироз уриниб қолган эски қадрдоним – йўл-йўл гулли галстугимни тақаман.
Йиғлагим келади. Бундан нима фойда? Аммо, барибир, йиғласам дейман. Шунчаки бўлса ҳам.
Бўйнида йўл-йўл гулли галстуги бор эркакка айланаман ва Фернандадан мен билан рақсга тушишини сўрайман. У ўрнидан туради ва менга чирмашади.
– Сендан жуда хурсандман, онамнинг гапларига ғашинг келмаганига. Бу осон бўлмагандир?
–  Йўғ-е, Фернанда,  қийин бўлгани йўқ.
– Иккимиз тўғримизда жуда кўп ўйладим. Бир жиҳатдан, мен ютқазибман. Бир жиҳатдан олганда, албатта.
– Нимани кўзда тутаяпсан?
–  Никоҳимизни.
– Биз одоб қоидаларига амал қилар эканмиз, бу ҳеч кимни қизиқтирмайди. Бу дунёда муҳим деб ҳисобланган ҳамма нарсаларнинг замирида одоб қоидаларига амал қилиш ётади. Қадим замонлардан бери одамлар айни шундай яшашади.
– Жуда кўп ичибсан…
–  Нега буни айтаяпсан?
– Яхши кайфиятинг мени алдай олмайди. Кўп ичсанг хурсанд бўласан. Биз анчадан бери эр-хотинмиз. Буни унутма.
Бўйнида йўл-йўл гулли галстуги бор эркак чекиниб, Фернандани қўйнидан озод қилади. Залнинг ўртасига бориб ҳаммага эгилиб, кўримли қуллуқ қилади. Алмиранте Рейш театрининг расмий маросимларни бошловчи ходими ҳаваскорлик театрининг ўртамиёна актёрини томошабинларга тақдим этаётиб ёки буниси энди аниқроқ ва энг ёмони – қишлоқ  сиёсатдони Лиссабондан келган таниқли сиёсатшуносни у қишлоқ аҳолисининг ютуқ ва муаммолари мавзусидаги маърузаси олдидан  уни тингловчиларга таништирганидагина шундай қуллуқ қилиши мумкин.
– Ўзимни таништиришга ижозат бергайсиз. Мен Фернанданинг эри бўламан. Кўпроқ ичса куладиган, аммо бундай қилишига етарли асослари бор эрман. Шундай эрманки, ўз даврамнинг типик вакилиман, ўзимни бемалол “civis Iusitanus sum” деб таништиришим ҳам мумкин. Ўз ҳаётидан мамнун, омади келиб учраган меҳрибон хотинидан бағоят хурсанд, аммо ундан қутулишни жуда-жуда истайдиган, шундай бўлса-да, ҳаёт лаззатларидан баҳраманд бўлишда давом этаётган эрман. Бунинг сабаби… бунинг сабаби… сабаби… шундай дейишади-да…
Фернанда бўйнида йўл-йўл гулли галстуги бор эркакка хавотир билан қарайди.
– Ўлай агар, жуда кўп ичибсан. Ишқилиб, буни бошқалар сезишмасин-да.
Бўйнида йўл-йўл гулли галстуги бор эркак яна бир бор таъзим қилади.
– Эй Худо, Худо яратган одамлар, инсон бўлиб вояга етишлари мумкин бўлган одамлар бугун  қандай аҳволга тушишганини, қандай қиёфаларга кириб олишганини Худо ҳам, бошқа ҳам – ҳеч ким кўрмасин,  билмасин-да. Яратган эгам билмаслиги мумкин эмас, аммо… бугун одамлар шу қадар тубанлашганки, билмаса яхши эди-да. Фернанда, сен тушундингми? Бугунги аҳволимиз ҳақида қандай қўшиқ куйлаш лозимлигини биласанми? Бу қўшиқ: “Эҳ, бизга Худонинг  раҳми келсин, қаҳри келмасин…” деган сўзлар билан бошланиши керак.
Иккимиз инженер Родригеш ўтирган стол ёнидан ўтамиз. У бизга мамнун қарайди ва Фернанда билан чиройли рақсга тушганимизни айтади.
– Ёшим бўйича отангиз тенги одамман, шу маънода айтишим керакки, сизларни мамнун ҳолда кўриш жуда ёқимли. Ишонинг, чиндан ҳам рақсга тушишни қойил қилдингиз.
Бўйнида йўл-йўл гулли галстуги бор эркак кулимсираб жавоб қилади:
– Бизга ўхшаган бахтли жуфтликни ўттиз йиллар чамаси кўрмаган бўлсангиз керак?
Инженер ажабланиб елкасини қисади, бизнинг соғлиғимиз учун қадаҳ кўтаради. Айни пайтда у ножоиз сўзлари учун бўйнида йўл-йўл гулли галстуги бор эркакни унинг ёшлиги ва атрофда одамлар борлиги учун кечирганини билдириб қўйишни ҳам унутмайди…
Ётоқхонамдаман. Бу ерга киришим билан хонани олов ўраб олаётгандай бўлади. Кўчанинг нариги бетига ҳайҳотдай реклама тахтасини ўрнатишган, унинг неон чироқлари ҳар саккиз дақиқада ўчиб-ёнади. Ҳар саккиз дақиқада хонам дўзахнинг оловидай қизил рангга бўялади. Гардеробнинг ойнасида, лакланган полда  рекламанинг сўзлари тескари тарзда шуълаланади: “акетопИ”, “акетопИ”…
Ойнадан қараб, реклама сўзларини тўғри ўқиш мумкин: “Ипотека. Кредитга автомобиль сотиб олиш”.
Ётоқхонам қора, қизил рангларга тўлиб, ажабтовур манзара ҳосил бўлади. Костюмимни стол устига ташлайман. Кроватнинг четига ўтириб, ботинкамни ечаман. Ойнада аксимни кўраман: танам ерга эгилган, ботинкамнинг пошнасидан ушлаб турибман.
Ўзларини ўта муҳим шахс, алоҳида зот деб ҳисоблайдиган, бошқаларникидан тамомила ажралиб турадиган шим киядиган одамлар ҳам кечқурун кроватнинг бир четига ўтириб, ботинкалари, шимлари, пайпоқларини ечишармикин? Бу ишни ўзлари қилишармикин? Агар, шундай бўлса, нега энди димоғдорлик қилишади?
Эшик тақиллайди. Жавоб беришга улгурмай хонага Фернанда ички кийимда кириб келади. Ундан атир ҳиди анқийди. Юзи помидордай қип-қизил.
– Кирсам бўладими?
– Кириб бўлганингни ҳисобга оладиган бўлсак, саволинг ўринсиз.
–  Сен билан гаплашмоқчиман.
– Гапир.
– Сен ҳамма нарсани чигаллаштириб юборасан, фойдаси йўқ. Мен сен билан гаплашиб, қандай аҳволда эканлигимни сенга тушунтирмоқчиман, ўзингнинг аҳволинг эса ўзингга маълум.
– Қулоғим сенда.
–  Мен яна бир бор иқрор бўлдимки,  сен  оила аъзоларимни ва оилам билан боғлиқ ҳамма нарсаларни ёмон кўрасан.
– Шундай деб ўйлаётган бўлсанг, хато қиласан. Мен оила аъзоларингни ёмон кўрмайман.
– Фикримни тугатишга имкон бер. Илтимос, умрингда бирор марта бўлсин, гапимни бўлма. Охиригача айтиб олай. Мен сенга севгим туфайли турмушга чиққанман. Буни яхши биласан. Сени севганман, ҳозир ҳам севаман. Умид қиламанки, бу масалада сен алданаётганинг йўқ.  Такрор айтаман: сени севганман ва севаман ҳам. Сен яна шуни биласанки, мен сенга ота-онамнинг раъига қарши туриб бўлса-да текканман. Улар бу никоҳ яхшиликка олиб бормайди, дейишганди. Ҳақ бўлиб чиқишди.
– “East is east and west is west and never…”
–  Фикримни бўлма деб илтимос қилдим. Мен сен билан танишганимда ёш эдим, ҳаётнинг нималигини тушунмасдим. Биламан, сен ҳозир кулиб, бу ибора кўк муқовали романда бор, дейсан.
– Ҳамма нарсалар қандай бошланган бўлса, шундай тугайди.
– Яна фикримни бўляпсан. Майли, билганингдан қолма. Мен қандай тарбия олганимни ҳам яхши биласан. Иккаламиз ҳам биламизки, мендаги ижобий нарсалар,  шубҳасиз,  менинг ота-онамдан олган тарбиям, келинлик давримда мен амал қилган қоидалар, кўп эркаклар ўз хотинларида кўришни хоҳлашган фазилатларга эга бўлиш учун қилган ҳаракатларим маҳсули. Шундайми? Буни сен билмаслигинг мумкин эмас.  Сендан яширмоқчи эмасман: сен ўшанда ўзингни тутишинг билан мени ром, кўзларимни кўр қилиб қўйгандинг. Сендаги барча нарсалар мен учун янгилик эди. Суҳбатларимиздаги бошқаларникига мутлақо ўхшамайдиган ғояларинг, қувноқлигинг, самимийлигинг ва… бугун энди тамомила бошқача одам бўлиб қолганинг. Буни ўзинг ҳам тасаввур қилолмайсан…
Реклама шуъласида Фернанда  ётоқхонам хоналари каби гоҳ қизил, гоҳ қора ранг тусини олади. Мен хонанинг доимо қора рангга буркаладиган бурчагида ўтирибман. Қизил шуъла оёқларимнинг учигагина тушади. Фернанда кроватда, худди рангли фильмлардаги кадрдай ўтирибди. Нега энди у менга ваъз ўқиди?
– Мен сен билан бирга бўлишни, сендан қолиб кетмасликни хоҳладим.  Имконим борича ҳаракат  қилдим. Менга ишон, бу ишнинг уддасидан чиқа олмадим, чоғи… Сенинг қандай одамга айланиб қолганингни кўрганимда бунинг учун худди мен айбдордай ҳис қиламан ўзимни. Негалигини билмайман. Сенинг маҳзунлигингда ҳам айбим бордай. Ҳаммасига бир ўзим айбдордай… Сен билан нималар бўлаётганининг ҳаммасига… Аммо, бу ҳали энг ёмони эмас.
Фернанда паст овозда йиғлай бошлайди.
– Агар билсанг, биз бутунлай бошқача яшашимиз, бошқача бўлишимиз мумкин эди. Сен мени севишингга, севгингда барқарор туришингга умид қилса бўларди.  Сен аёл кишининг тун кечалари кроватда ёлғиз ўзи ётиши нималигини тушунмайсан. Бу ҳолатни кўриб, сезиб турган хизматкор аёллар нигоҳидаги ажабланишни ҳаёлингга ҳам келтира олмайсан. Уларнинг ҳамма нарсадан хабардорлигини-чи? Нима бўлишига қарамай, мен ҳаракат қилдим, умид қилдим, уриндим…
Реклама шуъласи кроватда титраб, тўлғониб йиғлаётган Фернанданинг гавдасига тушади. Деворда “Ипотека” сўзи тескари бўлиб кўринади. Бечора Фернанда, бечора ўзим. Ўрнимдан туриб, унинг ёнига ўтираман. У бошини ёстиққа буркаганча давом этади:
– Ажрашишимиз мумкин эмас, аммо сен шуни хоҳлайсан. Иккимиз икки томонга бурилиб кетайликми?  Мен нима қилишим, қаерга боришим керак? Ота-онамнинг олдига борайми? Сен менинг шунча йил бирга яшаганимиздан кейин уйимга қайтишимни хоҳлайсанми? Шу ҳақда ўйлаганмисан? Сен, ўзинг нима қиласан, нима қилмоқчисан? Яхши биласанки, мен бошқа биров билан турмуш қуришни, янги ҳаёт бошлашни мутлақо хоҳламайман. Сен бўлса мени жаҳаннамга раво қилмоқчисан.  Аммо… бу ҳам муҳим эмас. Агар менда…менда… қолганида борми, бу азобларга ҳам рози бўлардим, йўқ, йўқ…
Фернанданинг сочларини силайман. Унда ҳам, менда ҳам бирор тўхтам йўқ. У ҳам, мен ҳам бирор нарсада айбдор ёки гуноҳкор эмасмиз. Ҳар иккимизда келажак ҳам йўқ. Аминманки, бугунги кунимиз ҳам йўқ ҳисоби.
Фернанда  азоб билан давом этади:
– Менинг диним ажралишга  изн бермайди, буни сен яхши биласан. Изн берганида ҳам мен… ҳеч қачон… Энди эса… қонун изн бериши учун, агар шундан бошқа йўл қолмаса, керакли ишни қилишим мумкин. Мен учун қайси йўл тўғрилигини билмайман: шундоқ ҳам  йўқотиб бўлган кишимни йўқотишми ёки сен мен билан ажраша олмаслигинг учун ҳам яшаётганингни билган ҳолда бир умр хўрланишми? Мени шу нарса – мен сенинг бор-йўғи қонунда кўзда тутилган хотининг эканлигим, бошқа ҳеч ким эмаслигимни билганим, агар биз қонун исканжасига тушиб қолмаганимизда бошқалар каби яхши яшашимиз мумкинлиги қийнайди. Сен нима деб ўйлайсан – бошқача яшашимиз мумкинмиди? Иккаламизнинг аҳволимиз нақадар аянчли эканини тасаввур қиласанми? Мен фақат ва фақат бир нарса ҳақида ўйлайман: биз бахтли бўлишимиз мумкин эди. Ўтмишимиздан ҳеч нарса қолмади. Ҳаммаси сароб бўлиб чиқди.
Реклама шуъласида қизил рангга бўялган кроватнинг бир четида ўтириб, деворда “Ипотека” сўзини тескари ўқиганча Фернанданинг бошини силайман.
Майли, кўнглини бир ёзиб олсин.
Изтироб яна хуруж қилади. Фернанда бошини чойшабга уриб ҳўнграйди.
– Тушунмайман, тушуна олмайман. Ҳеч нарсага ақлим етмай қолди. Сен ва мен, агар билсанг, шунчаки икки кишимиз. Икки киши… бошқа ҳеч нарса эмас. Бир-бири билан боғланмаган, бир-бирига даъвоси йўқ, меҳр-оқибати ҳам йўқ, биргаликда амал қилиши лозим бўлган қоидалари, ҳаётлари учун зарур бўладиган ғоялари ҳам йўқ одамлармиз. Қонун эмиш… сенинг принципларинг, менинг тарбиям… Айт-чи, буларнинг ҳаммаси… тасаввур қилайлик – бўлмаганида, биз яхши яшармидик? Мен нимани хоҳлайман? Нима хоҳлашимни билганимда эди. Онам ҳамиша тарбияли бўлиш, белгиланган тартибларга риоя қилиш лозимлигини уқдирарди. Бу тартиб-қоидаларни ким жорий қилган ўзи. Қонунми? Ёки қонун даражасидаги принциплардан келиб чиқадими бу талаб? Агар   кимдир аввалдан белгилаб қўйган таомилларга қатъий амал қилиш шарт бўлса, нега энди ўша қоида ва таомилларнинг ўзи бизда, масалан, сену менда йўқ? Йўқ нарсага қандай қилиб амал қилиш мумкин?
Фернандага нима жавоб қайтаришни билмайман, аммо… нималардир дейишим керак-ку…
– Ҳаммаси сен ўйлаганингдан кўра мураккаброқ, Фернанда. Ўта мураккаб. Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, қонун ва принциплар хушхулқлиликнинг ўзига хос формаси эканлигини тушуниш мумкин. Одамлар қонун ва принциплар яшириб турган нарсаларнинг ҳаммасига амал қилиш лозим, деб ҳисоблайдилар. Уларни принциплар қизиқтирмайди. Принцп­лар муаммонинг юзида, холос. Мен сендан бир нарсани сўрамоқчи эдим. Сен менинг бугунги аҳволимни кўриб, мен билан бирга ўтган умрингга ачинишингни, тазарру қилишингни айтаяпсан. Бунга ҳожат йўқ. “Сендаги ўзгаришлар мени шу аҳволга солди”, дея ўйлашинг ҳам керак эмас. Бу фикрга қўшила олмайман. Бундай эмас, бундай бўлмаган. Биз ўйлаганимиздан ҳам мураккаброқ…
Фернанда мени тузоққа туширмоқчи бўлади.
– Хўш, унда нима. Э Худо, нима учун шу ҳолга тушдик?
Чойшаб ёпиб, Фернанданинг ёнига ётаман. Ётоқхона деворлари қизил рангга бурканади.
Эркаклар йиғлашмайди. Эркаклар йиғлашмайди…

* * *

Ҳар куни, ҳатто якшанбада ҳам эрталаб соат саккизда тураман. Нотаниш одамлар олдида майиз емайман. Одам деган шунақа “қоидали” бўлиши ҳам керак-да. Ўрнимдан тураман-да, ойнани ҳам очмай, Фернанда уйғониб кетмаслиги учун, оёқ учида юриб, ваннахонага йўл оламан.
Ҳар кунгидан кўра кўпроқ ювинаман. Бунга сабаб бор.
Мен бугун Фернанда билан ётдим.
Ўзимга ўзим хиёнат қилдим.
Ўзимни ўзим кечира оламанми?
Ётоғингга аёл киши кириб келса, ўзида бор нарсанинг ҳаммасини сенга бахшида этиб турса, бундай саҳоват, бундай умумжаҳоний совғани рад қилиш қийин.
Бундай қилмай, Фернандани ўзининг ётоғига чиқариб юборганимда нима бўларди?  У ўзининг гулли ички кийимида, бўйнини эгиб, аёллик шаъни қандай таҳқирланаётганидан тўкилаётган кўз ёшларини мендан яширганча хонамдан жимгина чиқиб кетарди.
Мен-чи?
Тонггача эгилган қадди кўз олдимдан кетмас, уни тушунмаганим, озгина бўлса-да, меҳрибончилик қилмаганим учун азобланиб чиққан бўлардим.
Фернанда уйғонмасидан аввал, уйдан кўчага чиқаман. Мизерикордья кўчасидан пастлиқ томонга юра бошлайман. “Флор ду Мунду” магазинидан майиз сотиб оламан.
Қизиқ, бирга ўтказган тунимиз ҳақида Фернанда нималарни ўйлаши мумкин?
Мен у билан муносабатимни яхшилашим мумкинлигиними?  Эҳтимол, эрим, Худога шукур, инсофга кела бошлабди, дер ўзича.
Бугун яна ётоқхонамга кириб келса-я.
Уч-тўртта майизни оғзимга соламан.
Бугунги тунни бошқа бир жойда ўзказганим маъқул бўлса керак. Кечроқ унга қўнғироқ қилиб, Португа хизмат сафарига кетаётганимни айтаман. Бирорта тинишимни учратиб, у билан суҳбат асносида бир муддат Фернанда ва у билан боғлиқ ҳамма нарсани унутиш илинжида “Бразилейра” кафесига кираман. Ичкарида бирорта ҳам таниш қиёфа йўқ. Ташқарига чиқиб, Нова-ду-Алмада кўчаси бўйлаб юраман. Чорраҳадан Муқаддас Николай кўчасига буриламан. “Мерриндинья” кафесига кириб, бир финжон қаҳва буюраман. Пештахта ёнига жойлашиб олгач, қулоғимга қаҳва ичиб ўтирган икки кишининг овози эшитилади.
– Бу ишни яна айлантирса бўларди. Аммо векселимнинг муддати тугаб қолди-да.  Улар кафолатчини сўраб қолишди.
– Нима, топа олмадингми?
Бу савол ориқ, қўлда ўралган сигарани бурқситиб чекаётган пакана кишига берилди. У жавоб беришга шошилмади, елкаларини қисиб, оғзидан паға-паға тутун чиқарарди, бу дунёда кафолатчилар кўчаларда тўда-тўда бўлиб юрмаслигини уқдирмоқчидай бўлди.
– Йўқ, топа олмадим. Сенингча, қаердан топишим мумкин эди ўша кафолатчини?
– Родригешни танийсанми?
– Иккита таксиси бор Родригешними?
– Унинг акаси, Рибейреда дўкони бор.
– Йўқ, таниш эмасман.
– Бу одам векселларнинг муддатини узайтириш билан шуғулланади. Бекорга эмас, албатта. Ишингни битириб берса, комиссияга эмас, унга бирор нарса берарсан?
Қаҳванинг ҳақини тўлаб, кўчага чиқаман. Бу ерда тасодифий одамларни учратиш қийин: асосан эски пойабзалларини ялтиллатиб тозалаган олифтанамо нусхалар, улар бу ерда банк қоғозларини тўлдиришни билмайдиган ёки бутунлай саводсиз одамларни учратиб, ўзларича ҳожатбарорлик қилмоқчи бўладилар.
Кимдир елкамга қўлини қўяди. Ёш йигит, қўлида эски ёзув машинкаси.
– Сизга криминал регистрнинг сертификати керак эмасми?
– Йўқ, керак эмас.
У бир сўз ҳам демай мендан узоқлашади ва кўчани кесиб ўтади.
Бошқа бир нусха менга илашади. Ўрта ёшларда, костюми алламбало, эски кўк кўйлагига янги ёқа қадалган. Шундай қилса, кўйлагининг умри узаяди, деб ўйлайди.
– Мабодо нотариус керак эмасми? Балким гувоҳларга эҳтиёжингиз бордир? Жиддий айтаяпман, бу ерда анча йиллардан бери ишлайман…
Кўчанинг нариги бетида ёзув машинкали йигит топган мижози билан гаплашиб турибди. У бошига шолрўмол ўраган бир неча аёлларни ўзи билан эргаштириб, кўчанинг паст томонига юради-да, бир зумда кўздан ғойиб бўлади.
Мен ҳам кўчани кесиб ўтиб, бурчакдаги Лузалита дўконнинг пештахтаси ёнида тўхтайман.
Нова-ду-Алмада ва Муқаддас Николай кўчалари кесишган бу чорраҳа жуда чиройли. Бу ердан бирор марта ҳам уч-тўрт дақиқа тўхтаб ўтмаган эканман.
Атрофга боқаман. Одамларни кузатаман, улар қандай яшаётганларини тасаввур қилишга ҳаракат  қиламан. Кўзим янги адвокатимга тушади.
У Муқаддас Николай кўчаси бўйлаб юқорига кўтарилиб келмоқда эди. Қўлида мантия – роҳиблар ридоси, худди бир чақирим масофани чопиб ўтгандай, оғир нафас олади. Орқасидан чиройли бир қиз келмоқда. Адвокатнинг портфелини кўтариб олган.
Юқоридан туриб, уларни кузатаман.
Адвокат бошини қуйи солганча аста юриб келмоқда. Қорни гоҳ ўнгга, гоҳ чапга  селкиллайди. Вақти-вақти билан тўхтаб дам олади. Ёнидан одамлар ўтиб боришмоқда. Улар қайрилиб, адвокатга салом беришади, у бўлса дарҳол бошидан шляпасини олади,  нотаниш одамларни учратгандек, шляпасини қўлга олишининг ўзи саломга алик дегандай, бошини сал қимирлатиб қўяди, холос.
Ёнимдан худди мени кўрмагандек, кўрса ҳам, ўзини иши бошидан ошиб  ётган, ҳатто кўчада ҳам бир дақиқа бўлсин чалғишга вақти йўқ кишидек кўрсатиш учун бепарво ўтиб кетади.
Бу одамда ўзини бошқаларга таъсирини ўтказа оладиган, қўли узунлигини кўрсатиш учун зарур бўладиган ҳамма нарсалар бор. Бунга шубҳа қилмаса ҳам бўлади.
– Жаноб адвокат…
У тўхтайди. Атрофига қараб, менга кўзи тушади. Танийди. Жиддий нигоҳи билан менга ўхшаш мижозлари кўплиги, уларни бир-биридан ажратиш мушкул ишлигини намоён этмоқчи бўлади.
Менга ажиб табассум билан қарайди. Бу билан ёдида қолганимни, аммо кимлигимни аниқ айта олмаслигини билдиради. Икки қадам юргач, кутилмаганда мен томонга ўгирилади ва дарҳол таний олмаганига узр сўрайди. Беш-олти дақиқа сўзлашганимиздан кейин у мендан фабрикаларим тўғрисида сўраб қолиши мумкин. Шундан қўрқиб турибман.
Йўлнинг ўртасида тўхтаб, менга яна кулимсираб қарайди ва мен томонга юради.
– Маъзур тутгайсиз, ишонишингиз қийин, аммо мен сизни бирданига танимабман. Иш кўплигидан миям ачиб ётибди. Кўчада кетаётиб ҳам, бир муаммо хусусида ўйлаб келаётган эдим. Сизга яқинлашганимдагина ёдимга тушдингиз. Дарвоқе, фабрикаларингиз ишлаб турибдими?
Туриш-турмушнинг кундалик эҳтиёжлари ичига ғарқ бўлган бундай нусхаларнинг ҳаммаси бир гўр…
У  қўлимдан ушлаб, юқори томонга юра бошлайди. Афтидан, шу ҳолда кўчани кесиб ўтиб, суд биносига етиб олмоқчи. Аммо… бирданига фикри ўзгаради. Бу пайтда судларда полиция билан боғлиқ ҳар хил майда-чуйда ишлар кўрилади. Шундай ишлардан бирида қатнашиш учун келганини билишимни хоҳламади чоғи.
– Сиз бу ерга суд мажлисида нутқ сўзлаш учун келдингизми?
– Мен қатнашишим лозим бўлган ишни суд мажлиси дейиш унча тўғри бўлмайди. Бу биз жиддий шуғулланишимиз зарур бўлган муҳим ишлардан бири, тушунгандирсиз?
– Тўғриси, тушунганим йўқ.
–  Уйимиз эшик оғасининг ўғли билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлган. Сиз, дўстим бундай ҳолларда ёрдам беришни истамасам мен ҳақимда қандай гаплар тарқалишини яхши биласиз: гўё мен нафси ҳакалак отган наҳангман, катта пулли ишларни қўлга оламан, холос. Хуллас, дўстим, мен скаутлар тили билан айтганда, савобли иш билан бандман…
Суд биноси эшигига етиб келамиз. Тўхтаймиз. У менга ўгирилиб, қўлини узатади.
– Мана, етиб ҳам келдик, дўстим. Сизнинг вақтингизни олмоқчи эмасман. Қачон учрашишимиз мумкин. Балким эртага…
Атайин ғашига тегмоқчи бўламан.
– Ижозат берсангиз, сизни ичкарига кузатиб қўйсам. Қиладиган ишим йўқ. Суд йиғилишида  қатнашсам дегандим…
Бу сўзларимдан, сезиб турибманки, у безовта бўла бошлайди. Менинг йиғилишда қатнашишимни мутлақо истамайди. Ажабтовур баҳоналарни ўйлаб топади.  Қўлидаги портфелида ўта муҳим ҳужжатлар борлигини айтиб, мен билан гаплашишга бошқа вақти қолмаганини писанда қилади.
Мен қайсарлик қилиб,  сўзимда туриб оламан.
Биз деворлари кўк рангли расмлар билан безатилган йўлак бўйлаб борамиз. Зинадан аста юқорига кўтариламиз. Адвокат зина майдончасида  тўхтаб, менга тушунтира кетади:
– Агар билсангиз, дўстим, бу кичик, арзимас бўлиб кўринган ишларнинг биз учун аҳамияти жуда катта. Шу ишлар боис, биз аппелляция берганда ёки Олий судда учрашиб қолишимиз мумкин бўлган судьялар билан алоқа ўрнатамиз… Мен жиноий ишлар билан мутлақо шуғулланган эмасман. Аммо… баъзан айрим арзимас “дело”ларни қўлга олишимга тўғри келади, ўшанда ҳам ҳаётий ҳақиқатлардан узоқлашиб кетмаслик, бунинг учун эса осмондан сал пастроққа тушиш учун шундай қиламан… Иккинчидан, шу ишлар сабабли янги судьялар билан танишиб оламан.
Зинадан кўтарилишда давом этамиз. Кенг вестибюлга кирамиз. Бирданига қилаётган ишимдан ўзим уялиб кетаман. Шу жойнинг ўзида, вестибюлда адвокат билан хайрлашиб кетворгим келади.
Одамнинг бирор камчилигини сезиб, уни юзига солиш –  шахсий ҳаётига  аралашиш, гарчи бу иш анча қизиқарли бўлса ҳам, ёпиқ қозоннинг қопқоғини кўтариб, ичида нима борлигини кўришдек уятли иш. Кимнингдир сирини билиб олиб, буни унга сездириш эса ўта пасткашлик. Бунинг ўрнига, мен ўзимни қанча сўраса шунча тўлашга қодир бой-бадавлат мижоз қилиб кўрсатишим тўғрироқ бўлади. Нима бўлганда ҳам, адвокатларга ҳурмат билан қараганим маъқул.
Мен унга маълум приципларга амал қилмаслик даражасига етмасдан ҳам кўзланган мақсадга эришиш мумкинлигини англатишим керак, холос.
Нозик жиҳатлар кўп-да.
Чўнтагимдан майиз олиб, оғзимга соламан.
Умуман олганда, инсоний фазилатларни сақлаб қолишдан ташқари биз яна нима қилишимиз керак?
Уйга қўнғироқ қиламан. Гўшакни Фернанда кўтаради.
– Сенмисан?
– Ҳа, менман. Кечки овқатга келасанми?
– Кечки овқатга ҳам, уйга ҳам келолмайман, азизам. Портудаги агентлик билан боғлиқ муаммолар  чиқиб қолди. Ўша ерда бўлишим керак. Ҳозирнинг ўзида йўлга чиқаман. Машинада бориб, эртага қайтаман. Бу ҳақда сенга аввалроқ айтмоқчи эдим, аммо иложи бўлмади.
– Жомадонингни нарсаларинг билан жўнатайми?
– Йўқ, азизам, менга ҳеч нарса керак эмас.
– Ишончинг комилми?
– Албатта.
( Давоми бор)

Рус тилидан Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ таржимаси

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi