“ПАХТА ИШИ” АНАТОМИЯСИ

murod_abdullayev

Номингни қаро деган – пахтагинам, сенмисан,
Лўппи дея ютганим – лахтагинам, сенмисан,
Авахтада бош урган тахтагинам, сенмисан?!
Фақатгина халқ яшар, фақатгина қолур халқ.

Абдулла ОРИПОВ

Мустақиллик учун кураш тарихи истибдод замонининг энг қора кунларидан бошланиб, ХХ асрнинг тўқсонинчи йиллари бошига қадар давом этди. Истиқлол даврида бу улуғ неъматни англаш, қадрига етиш ва жаҳон узра тарихан бой ўтмишга эга ўзбек давлатчилиги қаддини тиклаш жараёни “инсон онгидаю замон қаърида” буюк эврилишлар билан давом этаётир.
Бу улуғ йўлнинг сабоқлари кўп! Қуйида ҳикоя қилинаётган бир сулола қиссаси яқин ўтмишимизнинг энг қора кунлари бўлмиш сўнгги қатағон даври воқеаларига бағишланган. Шуҳрат Бобоёров, унинг отаси ва бобоси бошига тушган кулфатлар, ситам ва изтироблар эрксизлик замонида ҳар бир ўзбек оиласи тортган азоб-уқубатлардан фарқ қилмайди. Уч ойлик раиснинг тақдири унга тақдирдош халқнинг аччиқ қисмати ва ниҳоят, ёруғ кунлар шукронаси билан бевосита боғлиқ.

* * *

– Мен ким – Шуҳрат Бобоёров, бор-йўғи уч ойгина раислик қилиб, ғараз ниятда тўқиб чиқарилган сиёсатнинг даҳшатли чангалига тушганлардан бири эдим, – деб бошлаганди у вафотидан бир йил аввал Қарши шаҳридаги чоққина қаҳвахонада бўлиб ўтган суҳбатимизда. – Авваламбор, бу “пахта иши”, “ўзбек иши” деб аталган сиёсий ўйинлар қандай мақсадда амалга оширилгани тўғрисида сўзласам.
Хўш, ўзи нима учун керак эди олти миллион тонна пахта етиштириш? Жавоб шуки, собиқ иттифоқ барча соҳаларда дунёда биринчи бўлишга даъвогар эди. Космонавтиками, машинасозликми, қишлоқ хўжалигими, санъатми, адабиётми, маданиятми, қатъий назар, у энг юқори кўрсаткичга эришмоққа жаҳд қилганди. Ўшанда пахта толаси бўйича биринчи ўринга чиқиш учун Москвага “9 миллион тонна” деган рақам керак бўлиб қолди. Шу тўққиз миллионнинг олти миллиони Ўзбекистон чекига тушди.

* * *

Собиқ маҳкум бироз сукутга чўмиб, сўзида давом этди:
– Мен 1983 йил август ойининг ҳам ярми ўтиб хўжаликка раҳбар этиб тайинландим, ҳужжатларда сайланди, деб ёзилган. Асли раис оиласида туғилганман. Отам ҳам шу колхозда узлуксиз йигирма йилга яқин раҳбарлик қилган. 1974 йили 51 ёшида вафот этган.
Ниятим отамнинг номига муносиб бўлиб ишлаш эди. Хўжалигимиз вилоятдаги ягона орденли хўжалик. Отам уч марта Ўзбекистон Олий Совети депутати бўлган, кўп мукофотлар олган. Вафотларидан тўққиз йил сўнг мени шу ишга қўйишди.
Ўшанда пахта ҳосили етиштириб бўлинган эди. 15 августдан сўнг қанча парвариш қилинса ҳам ҳосилга ҳосил қўшиб бўлмаган. Буни мутахассис сифатида яхши биламан. Орадан икки ҳафта ўтиб йиғим-терим бошланди. Янглишмасам, 2-3 сентябр – ўша вақт Усмонхўжаев келиб, Қашқадарёнинг юқори районлари раҳбарларини йиғиб мажлис қилди. Мажлис “Гулис­тон” колхози боғида бўлди. Масала битта: қачон пахта тайёрлаш режаси бажарилади? Навбат Шаҳрисабз туманига келди. Хўжалик раҳбарлари минбарга чақарилиб, ўз оғизлари билан ваъда беришяпти. Навбат менга етгач, 25 сентябрлардан гапиришга тўғри келяпти. Шунга қарамасдан, ўз фикримни айтдим. Катталарнинг кўзига ёмон кўринмаслик учун, ҳам ўзимни ҳимоя қилиб, хўжалигимиз тоғ олди зонасида жойлашгани, ҳамма вақт теримга бошқалардан беш-ўн кун кечроқ тушишимизни айтиб – ўша вақтлар 7 ноябрь энг катта байрам ҳисобланарди – байрам кунлари бажарамиз, демоқчи бўлганимда Усмонхўжаев: “Тўхта, тўхта, сен нима деяпсан?” деди. Мен: “7 ноябрь атрофида бажаришга ҳаракат қиламиз”, дедим. Минғирлаброқ гапирарди Усмонхўжаев: “Сенинг ноябрда бажарадиган планинг – тўртинчи сорт пахтанг кимга керак?” деди. Ўша вақтда вилоят раҳбари Ғойипов эди. “Қаёқдан топгансизлар буни? Ноябрь деяпти-ку, бу”, деганда Ғойипов вазиятни юмшатиш учун: “Йўқ, адашди, адашди, 7 октябрь дейман деб, 7 ноябрь деб юборди”, деди. Усмонхўжаев мендан қайта сўради: “7 октябрми, ноябрми?” Мен ўз сўзимда турдим: “Ноябрь! 7-10ларда бажарамиз”…
У бирданига тутақиб, “Туш, трибунадан. Чиқ. Кет. Бўшатинглар буни”, деб мени мажлисдан ҳайдади. Чиқиб кетаётгандим, ижроқўм раиси Мавлон ака Муҳаммадиев орқамдан етиб келди: “Тўхта, Шуҳрат. Сен нега унақа дединг. Мажлиснинг ройишига қараб гапирмайсанми? Тўхтаб тур, менимча, мажлисдан кейин сен билан суҳбатлашишса керак”, деди. Мажлис тугаб, мени чақиришди. Раҳбарлар чойга киришаётган экан. Рўзмат Ғойипов мени Усмонхўжаевнинг олдига обориб: “Бу ёш йигит, ишлайди. Муддатни адаштириб юборди. Рухсат беринг, ишлайверсин”, деди. Усмонхўжаев “ҳа” ҳам, “йўқ” ҳам демасдан ичкари хонага кириб кетди.
Мен ҳам шу билан кетдим. Барча топшириқларни бажариб боравердик. Ҳатто икки ўн кунликда хўжалигимиз графикни яхши бажаргани учун рағбатлантирилди. Илғор бригадаларга машина берилди. Бир ой ёки қирқ кун ўтиб биринчи терим тугади. Ўша вақтда бизнинг хўжалик 5,8 минг, мажбурияти билан 6 минг тонна; туман 62,5 минг, вилоят – 600 минг, рес­публика 6 миллион тонна пахта топшириши керак экан. Юқоридан туриб, теппа-тенг тақсимланганга ўхшайди. Кулгили нисбат…
Бу – ҳар гектар ердан 38 центнердан кондицион ҳосил олинганда ҳам бажариш қийин бўлган режа эди. Хуллас, биринчи терим тугагандан ке­йин кунлик топшириқни бажариш оғирлашиб бораверди. Ўша йили июль ойида Шаҳрисабз туманига аввал вилоят прокурори бўлиб ишлаган Ҳалил ака Холиқов биринчи котиб бўлиб келганди. У доим “қўшиб ёзишга йўл қўймаймиз, бу яхшиликка олиб келмайди”, деб мажлис ўтказарди. Бизлар: биринчи котиб шу фикрида турса, ҳаммамиз тинч бўламиз, деб жуда хурсанд эдик. Лекин бу одам аҳдида бир ойдан зиёдроққина туриб берди, холос. Вилоятдан юборилаётган вакиллар кетма-кет алмашаверди… 20 октябрда Шаҳрисабзга обкомнинг иккинчи котиби Иван Головачёв келди. Ҳамма ишнинг бузилиши шундан бошланди. “Қўшиб ёзишга йўл қўймаймиз”, деб юрган Холиқов ҳам бу гапни айтмайдиган бўлди, унинг кайфияти кун сайин тушиб кетаверди. Биз: “Маҳкам туринг”, деб кўп айтганмиз. Бироқ Головачёв келганда биринчи терим тугаган, юқоридан қўйилаётган режани бажаришга мутлақо имкон қолмаганди.
Пахта тозалаш заводидаги штабда ҳар куни Головачёв ярим кечгача ўтиради. У ўзбек тилида яхши гапирарди. Ўша “разбор” дегани кеч соат 10-11ларда бошланса, 2-3 гача давом этарди. Иван Иосипович одамларни юзинг-кўзинг демай роса ҳақорат қиларди. Унга ёлғондан бўлса ҳам кунлик топшириқни “бажариш”инг керак эди. “Бажармаган”ни ҳақорат қиларди. Октябрь ойи охирларида 80 тонна, чўлдаги Шаҳрисабз массиви ҳисобидан 20-30 тонна, жами 100-110 тонна пахта топшириб келаётгандик.
20 октябрлардан кейин, бир кун  навбатим келганда “разбор”га кирсам, Головачёв, Холиқов, пахта заводи директори Суюн Жўраев ўтиришган экан. Головачёв бирданига пахта қанча бўлди, деб сўради. Мен: “Хўжаликдан 80 тонна, ҳали чўлникини хабарини олганим йўқ”, энди айтишади деганимда, “Э, массивингни билмайман. Сеники бугуннинг ўзида 130 тонна бўлган”, деди. “Қанақасига 130 тонна?! Ҳозир пахта пунктидан келаяпман: 80 тонна топширдик”, деганимда у “Сен илон, чаён, 130 тонна пахтани жойига қўясан. Чиқ, кет!” деди. Штабга телефон қилдим: “Биз 80 тонна пахта топширдик-ку?!” Штабда ўтирадиган Бозор Мардонов “Йўқ, Шуҳрат, сен 130 тонна пахта бергансан”, деди. “Қанақасига?” десам, “Ўзинг тушуниб оласан”, деб жавоб қилди…
Қўшиб ёзишга мажбурлаш шу тарзда бошланди. Шундай бўлса ҳам тўғри маълумот бериб боравердик. 80 тонна юқори зонадан, Шаҳрисабз массивидан 20-30 тонна пахта терилаяпти. Бироқ беш-олти кун ичида ҳақиқий терим билан пахта штаби маълумоти ўртасида 300 тоннага яқин фарқ пайдо бўлди. Яъни қўшиб ёзилган сохта маълумот…
Шу орада Шароф Рашидов вафот этди. У киши “пахта фронти жангчиси” эди, шу “фронт”да ҳалок бўлди. Бутун республикада мотам… Олти миллион тонна деган рақам Помиру Эверестдек қўл етмас бўлиб тураверди. Шундай бўлса ҳам, ўйлайман: балки туманимизга Головачёв обкомнинг зўравон вакили бўлиб келмаганида, бу ташвишлар бошимизга тушмасмиди?! Ноябрь ойи бошланди. Терим охирлаяпти. Айни шу кезда Головачёв яна мажлис қилиб ҳаммани — ўқитувчими, хўжалик раҳбарими, эркак ё аёлми, фарқи йўқ, қўпол сўзлар билан ҳақоратлай бошлади. Бир куни мен: “Ишламайман”, деб мажлисдан чиқиб кетдим. Ўшанда план тўлмаётгани учун хўжаликларда зарбдор бригадалар тузилган эди. Чорвами, болалар боғчасими, мактабми – ҳамма жойда зарбдор бригада ташкил қилинган.
Белимга фартук тақиб далага чиқиб кетдим. “Разбор”ларга бормадим. Ўша вақтлар рация бўларди. “Тез етиб кел”, дейишса ҳам бормадим. Эртаси куни “Райкомга чақиришяпти”, деб машина юборишди. Имкон топиб, Холиқовга учрадим. “Халил ака, нотўғри ишлар бўляпти. Ўзингиз қанақа ваъдалар қилувдингиз”, деганимда, у: “Шуҳрат, сен нимани биласан? Бу Головачёв билан ўйнашиб бўлмайди. У – Москванинг одами. Сен каби раиснигина эмас, мендай райком котибини ҳам йўқ қилиб юборади”, деди. Қисқаси, иш тазйиқ остида давом этаверди.
Яна бир куни, 3-4 ноябрларда “Гулистон” хўжалигида катта мажлис бўлди. Уни Худойбердиев ўтказди. Яна: “Пахта тайёрлаш планини бажарасизлар”, деган гап. Мен 15 дақиқа кечикиброқ келдим, секин бориб раислар сафига кирдим. Головачёв, айниқса, менга қаттиқ ёпишганди. Ўзбекча, русча сўзларни қўшиб, аралаштириб, “Ты слышком умный, слышком грамотный”, деб заҳрини сочаверди. Фурсатдан фойдаланиб, мени Худойбердиевга сўктирмоқчи бўлди. Раислар сафида турганимда қўлимдан ушлаб Худойбердиевнинг олдига олиб чиқди: “Мана, кетиб қолган раис…”
Мен салом бердим. У киши отамни яхши биларкан. “Сизнинг раис бўлганингизни эшитиб, хурсанд бўлдик. Сизга ишонамиз. Ҳамма топшириқни бажарасиз. Эртага яна келаман, хўжалигингизга бораман. Албатта, уйдагиларга, Ғани аканинг набиралари, болаларига салом айтинг”, деди. Шундан сўнг Головачёв ҳеч нарса деёлмай қолди…
Айни ўша вақтлар Андропов Марказқўмнинг Бош секретари эди. Кейин эшитсам, у Рашидовга нисбатан беғараз, холис муносабатда бўлмаган. Қандайдир ўчи бор экан. Шунинг учун Ўзбекистонга десант ташлади. Қатағон бошланди: текшир-текшир, қама-қама. Ҳамма ваҳимада, юрак ҳовучлаб юради. “Бугун фалончини қамабди”, эртага яна: “Фалончи қамалибди. Фалончи вафот этибди”, “Фалончи ўз жонига қасд қилибди”… Бундай гаплар жуда кўпайиб кетди.
1984 йилнинг кўклами. Чигит экиб бўлинган, беш-олтита чинбарг ҳам чиққан. Кечагидай эсимда: 26 апрель куни тумандаги мажлисдан қайтаётгандик. Шаҳрисабзда қуёш чарақлаб турибди. Бироқ хўжалигимиз устида бир парча қоп-қора булут. Баҳор ҳавоси эмасми – бир километр жойда ёмғир ёғиб, иккинчи километрда ёғмай ҳам туради. Етиб борсам, қаттиқ дўл ва жала ёғаётган экан. Сел келиши аниқ эди. Мен сел йиғилиб, тўпланиб оқадиган бир жойни билардим. Ҳайдовчига: аввал ўша ерга ҳайда, дедим. Борсам, даланинг ичидан лойқа сув отилиб чиқяпти. Сувнинг “шашти”дан билдимки, эккан пахтамизнинг 60-70 фоизи жала ва дўл остида қолган…
Қоронғи туша бошлаганда идорага келдим. Одамлар ташвиш-таҳликада. “Нима гап?” десам, “Терговчилар келишди. Бухгалтериянинг барча ҳужжатлари, кассани қулфлаб, Сизни кутишяпти”, дейишди. Ичкарига кирдим. Орқамдан келишиб, ўзларини таништиришди. “Ҳужжатларни олаяпмиз”, дейишди. “Майли, олинглар”, дедим. Шу тариқа бизнинг хўжаликдаям тергов ва тафтиш бошланди.
Энди ўйлаб қарасам, 83 йил ҳисобидан уч ой, 84 йилда уч ой – жами олти ой ишлаганман. Одам боласини менсимаслик, ҳақоратлаш, оёқости қилиш – ана ўша терговдан бошланди. У ёғини гапириш жуда оғир: бугун прокуратурага, эртага милицияга, кейин Тошкентга – МВД, Прокуратурага… Вилоят прокуратураси бир кун тинч қўймайди.
Алам қиладиган оғир гаплар, 84-йил май ойидан бошланди. Прокуратурага чақиришиб, “Фалон хонага киринг”, дейишди. Ҳозир миллатини ҳам билмайман: ё Карташян, ё Карташов эди (Гдлян гуруҳи аъзоси ва унинг юртдоши Альберт Карташян). Ёш. Менсимасдан исм-фамилиямни сўраб, протоколни олдимга қўйди. Калондимоғлик билан муомала қилиб, қўрқитишга ўтяпти: “Ҳозироқ сени қамоққа оламан”, дейди. Мен ўз ҳақ-ҳуқуқимни озроқ билардим: “Прокурор санкциясисиз қандоқ қамоққа оласиз? Бу ишда бизларнинг бирор манфаат кўрган жойимиз борми?” дедим. “Сенга санкция керакми? Менинг ўзим санкция!” деди. Сўнг папкасидан бир пачка қоғоз олиб: “Қанча санкция керак санга?” деб олдимга ташлади. Қарасам, ҳақиқатдан фамилия, исм қўйилмаган, печатланган, прокурор имзолаган санкция. “Мен истаган одамимни қамоққа оламан”, деди.
Шу зайлда одамнинг ғурурини топтайдиган босим билан сўроқ давом этаверди. Бу ёқда тафтиш кетаяпти. Орада чигитни қайта экдик. Бир амаллаб кўчатларни ундириб олдик. Хўжаликнинг кўрсаткичлари яхши эди. Мавсум ўртасида вилоят раҳбари Туропов келиб, даладаги ишлардан хурсанд бўлди. “Баҳорда селдан кўп талафот кўргандингиз. Мана, чигитни қайта экиб-кўкартириб олибсиз, ҳосил яхши”, деди. Шунда райком секретари Январ Иноятов мени четга тортиб: “Шуҳрат, дардингни айт, ҳозир. Кайфияти яхши экан”, деди. Мен иккиланиб турганимда Январ Пўлатовичнинг ўзи гап бошлаб қолди: “Нормўмин Туропович, раиснинг бир дарди бор, айтмаяпти”. “Нима гап раис, айтинг”, деб сўради вилоят раҳбари. Мен: “Нормўмин Туропович, бу тергов билан тафтиш бизларни роса чарчатди. Шу вақтгача гувоҳсан, гумондорсан, деб сўроқ қилишаётувди. Энди айб­ланувчи деб протокол тузишяпти. Қачонгача давом этади бу?”, деганимда Туропов шимининг киссасини кўрсатиб: “Чўнтакка ҳеч нарса тушмаганми?” деди. Мен: “Йўқ. Агар ўз манфаатимизга бирор сўм ўзлаштирган бўлсак, олий жазо беришса ҳам розиман. Буни тафтишдаям, терговдаям исбот қилиб бераман”, дедим. “Унда қўрқманг, кайфиятни бузмай ишлайверинг. Қаттиқ ишланг”, деди.
Улар кетишгач, ўзимни анча босиб олдим. Шунчаки, текшириш экан-да, деб ўйладим. Йўқ, аксинча тергов авжга чиқди. Қандай ишлаётганимизни ҳам билмаймиз. Ҳамма хўжалик раҳбарлари тушкун аҳволда. Нима қилишни билмайди… Орада 84-йилнинг декабри ҳам келди. “Чўнтагингизга кирмаган бўлса – қўрқманг, кўнгилни бузмасдан ишлайверинг”, деган Туропов катта бир мажлисда: “Буларнинг ҳаммасини бўшатинг”, деб топшириқ берди. Бор-йўғи олти ой ишлаб бунақа “тавқи лаънат”га дучор бўламан деб, ўйламагандим. Жуда уят бўлди. Ўзимдан ҳам кўра, аждод-авлодларим шаънига нуқси урмасайди, деб ичимни ит таталайди. Нима деган одам бўлдим?.. Бошимни кўтара олмайман. Юрагимга қил ҳам сиғмайди. Лекин мен сингари беайб балога қолган хўжалик раҳбарлари кўп эди. Улар билан йиғилишиб турамиз. Кейинроқ барча хўжалик раҳбарлари вазифадан олиб ташланди.
Майли эди ишдан озод қилиб, тинч қўйишса. Йўқ, тинимсиз сўроқ-қистов: Тошкентда, ИИВ ертўласида ва ҳоказо… Хуллас, сўроқ бериш 86-йилнинг апрелигача давом этди. Умримизнинг икки йили терговда, тафтишда ўтиб кетди. Бошимизни урмаган жой қолмади. Кейинчалик билдикки, ҳуқуқ органлари иши тўлиғича десантчилар қўлига ўтган экан. Бутурлин, Усатов, Гайданов, Дидоренко… Эшитиб юрибмиз: ана шу – Дидоренко дегани хўжайин. ИИВга сўроққа борамиз. Ҳамма зир титрайди.
Бир марта, эсимда, Шаҳрисабз ва Китоб туманлари раҳбарлари Марказқўмга бордик. Маъмурий бўлимда алоҳида қабул қилишди. Гайданов ва Дидоренко ўтирибди. Ички ишлар вазири ўринбосари Раҳимов ўзбекча сўзлади. Бир кўришдан билдим: яхши инсон экан. Арзга келган барча хўжалик раҳбарлари дардини русча айтиб берди. Сўнг раисларга: “Талабларингни рус тилида айтинглар, сизларда гуноҳ йўқлигини тушуниб турибман. Ҳамма иш буларнинг қўлида”, деб Гайданов ва Бутурлинни кўрсатди. Ҳамма хўжалик раҳбарлари ҳам фикрини русча баён қилолмади. Мен ўтирган жойимдан ўзимча икки оғиз тилмочлик қилгандим, яқинроққа чақириб олишди. Хуллас, ўша ерда йигирма уч киши ўз “дарди”ни ўзбек тилида айтишди, мен рус тилида тушунтириб бордим. Охирида Гайданов мендан сўради: “Ўзинг кимсан, бу ерда нима қилиб ўтирибсан?” Мен: “Шаҳрисабз туманидаги Ленин номидаги колхоз раисиман. Ўзимнинг ҳам дардим шу, шунинг учун келганман”, дедим. Қўлида рўйхат бор экан. Унга қараб: “Сен ҳали ҳам очиқда юрибсанми? Биз сени нега қамоққа олмадик?” деди.
Кейин тушунсам, арзгўйларнинг додини русча тушунтириб берганим ёқмаган экан уларга. Бирор натижасиз чиқиб кетавердик. Яна ўша хўрлаш, яна ўша таҳқир. Тажрибаси катта раислар: “Энди фақат Москвадан нажот топамиз, деган хулосага келишди. “Сен ёшроқсан”, деб мени танлашди. Тўрт киши – Шаҳрисабздан, беш киши – Китобдан Москвага жўнадик. Марказқўмга бир эмас, кўп мурожаат қилдик. Арзимиз, муддаомизни айтдик. Маъсул ходим дардимизни эшитиб бўлгач: “Шу гапларинг учун жавоб бера оласизларми? Ҳақиқатан шунақа бўлганми?” деб овозимизни ёзиб олди. Биз: “Ҳар бир сўзимиз, аризадаги ҳар бир ҳарф учун жавоб берамиз. Бор гап – шу”, деганимиздан кейин: “Мен раҳбариятга арзларингизни етказаман”, деб телефон номерини берди. “Икки-уч ё тўрт кундан сўнг хабарлашинглар”, деди. Бир ҳафта кутсак ҳам жавоб бўлмади. Қўнғироқ қилганимизда: “Ҳали жавоб ололганим йўқ”, дейди. Ахийри: “Қайтаверинглар. Қанақа қарорга келсак, хатни Ўзбекистонга жўнатамиз”, деди.
Москвага бориб қаноатланмасдан қайтдик. Бир марта “Тегишли органларга жўнатдик”, деган мазмунда хат келди. Республика оммавий ахборот воситаларидан биронтаси бу ишга қўл уришига кўзимиз етмади.
Бу мақола ё ёзилмади ёки ёзилса ҳам “ЛГ”да эълон қилинмади…
Бу ишлар бошланганидан сўнг бир ярим-икки йил ўтди. Иш шу қадар кенг қулоч ёйдики, республиканинг қаерига, қайси вилоят, қайси туманга бормайлик, “фалончи қамалибди” деган гап. Таниш-билишлар: “Бизларда ҳам шу аҳвол”, дейишади. Бирга ўқиган, бирга ишлаган, раҳбар бўлган дўстларимиз бор. Бошқа туманлардаги таниш-билишлар билан учрашамиз, телефонлашамиз, “Нима бўлаяпти?”, деб сўраймиз. Мен-ку, Москвадан қайтгандан сўнг “қўлимни ювиб, қўлтиққа уриб”, бўлди энди, фойдаси йўқ экан, деган хулосага келгандим. Барибир, бирор кун яхши гап эшитамизми, деган илинж ҳам йўқ эмас. Сал фурсат ўтиб, Ички ишлар вазирлиги чақирди. “Адвокат билан келинглар. Айблов фикрини қўлларингизга берамиз”, дейишди. Адвокат билан бориб, тўртта модда қўйилган “Айблов фикри”ни олиб қайтдик. “Энди суд бўлишини кутасизлар”, дейишди.
Хуллас, сўроқ бошланди. Айблов фикрини ўқиб, судья ҳам ўзини шунақанги тутдики… “Уюшган жиноий гуруҳга бошчилик қилиб, юқори ташкилотларнинг ноқонуний топшириқларини бажариб, жамоат ва давлат мулкини талон-торож қилган…”. Бу гапларга “илон ҳам пўст ташлайди”.
Тафтишда ҳам, терговда ҳам хўжаликнинг бирор аъзоси ўз манфаати учун бирор сўм маблағ ўзлаштирмагани аниқ кўриниб турган бўлса! Биз умумий мулкни талон-тарож қилмаган, ўз манфаатимизга бир сўмни ҳам ўзлаштирмаган бўлсак, ахир, қандай қилиб бундай айб қўйилади? Ҳуқуқ посбонларининг қонунга зид хатти-ҳаракати мана шу жойда яққол кўриниб қолди. Кейин ҳуқуқшунослар билан маслаҳатлашсак, бу “айбловни нотўғри квалификация қилиш”га кирар экан… Хуллас, суд икки ойдан кўпроққа чўзилди. Ўшангача Тошкентга борсак ҳам, Москвага борсак ҳам –“иш билан бориб-келдик”, деб юрибмиз. Барибир онанинг кўнгли сезаркан. Ака-укаларимга “судга онамни олиб келманглар”, деб айтаман… Хуллас, орадаги танаффус вақтлари протоколсиз ҳам суҳбатлар бўлиб қолади.
Бизга мажбурлаб “топшириқ” берганларнинг кўпи қамоқда эди. Лекин очиқда юрганлар ҳам бор. Пахта штаби бошлиғи, бошқа вазифадаги одамлар, айниқса, Головачёв! У обком котиблигидан олингани билан очиқда юрганди. Алам қиладиган жойи шундаки, “пахта иши”, “ўзбек иши” деб жуда кўп одамлар қамалди. Уларнинг қанчадан-қанчаси ўз жонига қасд қилди. Яна қанчаси қамоқда, ўлиб кетишди. Қанчадан-қанча оилалар боқувчисиз қолди, болалар етимлик азобини тортди. Наҳотки, бундай ҳақсизлик фақат бир миллат учун ўйлаб топилган бўлса?
Биз суддан Головачёвни гувоҳ сифатида чақиришни сўрадик. “Бизга қандай тазйиқ ўтказгани, “қўшиб ёзиш усули” қандай шароитда амалга оширилганини айтиб берсин”, дедик.
Головачёв келасолиб мен билан қучоқлашиб кўришмоқчи бўлди. Ўзи суд бўлиб ётибмиз. Қўлимниям чўзмадим. “Кириб гувоҳлик беринг, бор гапни айтинг. Кейин кўришаверамиз”, деб суд биносига қараб кетдим. Судланувчиларнинг ҳаммаси бош айбдорларнинг биттаси шу эканини яхши биларди. Ҳамма тишини ғижирлатаяпти, кимдир сўкаяпти, “Ҳамма балони шу бошлади”, деб бармоғи билан кўрсатаяпти.
Суд биринчи бўлиб мендан: “Гувоҳга саволингиз борми?” деб сўради. Мен: “Нима бўлганини ўзи айтиб берсин. Кечаси соат учгача одамларни ҳақоратлаб, пахтанинг сводкасини қалам билан ёзиб берарди: бу хўжалик шунча, бу бригада бунча деб”, дедим. У судьяга қараб риёкорлик қилди: “Мен ўзбек тилини яхши билмайман. Булар нима деяётганини тушунмаяпман”, деди. Ҳолбуки, ўзбек тилини жуда яхши биларди. Судланувчиларнинг ҳаммаси Головачёвнинг “қўшиб ёзиш усули”ни айтиб беришди. Ўшанда суднинг эҳтиёт чорасини ўзгартириб, уни гумондор сифатида суд залининг ўзидаёқ қамоққа олишга ҳуқуқи бор эди. “Алоҳида ажрим чиқарамиз Головачёв қисми бўйича”, деб унга жавоб бериб юборишди…
Барибир кўпнинг қарғиши тегар экан… Головачёв ўша ишлардан кейин Ўзбекистондан кўчиб кетди. Орадан анча йиллар ўтиб эшитсак, у Минск шаҳрида, ўғлининг уйида яшаган экан. Ўғли хизмат сафарига кетиб, уйда бир ўзи қолиб кетади. Ҳеч ким йўғида ўлади. Уйда ит бўлган. Ит овқат топа олмай анча вақт оч қолиб, унинг мурдасини еган, дейишади. Мана шу-да, кўпчиликнинг қарғиши ургани. Худонинг ўзи жазосини берибди!..
Хуллас, қамоқ жазоси бошланди. Ўн бир йил айтишга осон. Ҳаётдан бутунлай умидимизни уздик. Бизларни – далада юрган оддий деҳқон одамларни дини йўқ, миллатининг тайини йўқ, каллакесар, ғирт жиноятчилар ичига олиб бориб тиқишди. 1440 кишига мўлжалланган қамоққа икки минг киши ташланган. Камерани-ку, айтмай қўя қолайлик, ўн кишига мўлжалланган жойга 45-50 кишини тиқиб ташлашган. “Пахта иши” билан қамалган одамлар шу ерда ҳам хокисор: бир-биримизни ҳимоя қилолмаймиз. Бизлар борган зонада Худодан қайтган каззоблар кўп эди. Қамоқхона маъмурияти уларга “ғинг” демайди. Менинг йўқотадиган ҳеч нарсам қолмаган. Бор-йўғи олти ой ишлаб, ноҳақлик азобини бўйинга илганман. Жоним кўзга кўринмайди. Эй, келиб-келиб шуларга бўйсунаманми, дейман. Хуллас, ўшалар билан менинг ўртамда низо кун сайин кучайиб бораверди…
Қамоққа тушганимизга олти-етти ой бўлганда қисқа муддатли учрашув берилди. Ўзим қийналсам ҳам онамни кўпроқ ўйладим. “Бу нима қилганим бўлди? Онамни тамом қилдим-ку”, деб изтироб чекдим. Ўша учрашувда онам билан, ойна ортидан туриб телефон орқали гаплашаяпмиз. Худога шукур, онам бардам ва тетик кўринди. “Ўғлим, яхшимисан?”, – деди. Шундан сал олдин онам раҳматли, раҳматли акам вилоят раҳбарига учрашишган экан. Шу сабаб онам озроқ ўзларини тутиб олиб, мени хурсанд қилгиси келган эканлар: “Ўғлим, вилоятнинг янги раҳбари билан учрашдик. У киши яхши муомала қилди. “Мен ўрганиб чиқдим, вилоятда битта сизнинг ўғлингиз эмас, жуда кўп киши ноҳақ қамалган. Энди озроқ сабр қилинглар. “Пахта иши”ни жиддий ўрганаяпмиз. Болаларингизни бағрингизга қайтарамиз, деб ваъда берди у киши”, деди.
Бу гапга у қадар ишонмаган бўлсам-да, онамга далда бўлсин деб, ўзимни хурсанд қилиб кўрсатдим: “Мана, кўрдингизми она, ҳақиқат барибир юзага чиқади. Сиз ўзингизни эҳтиёт қилинг. Мен яқинда бораман. Ҳаммаси ўтиб кетади”, деб улар билан хайрлашдим. Икки-уч кун, ҳафта ичида бошқа маҳбуслардан ҳам шундай гапларни эшита бошладик. Лекин бу миш-миш гап: қанчалик тўғри, қанчалик нотўғри – буни ичкарида туриб билмаймиз. Бунинг устига кўп жойдан ҳақиқат излаб, ёрдам сўраб, ҳеч бир натижа бўлмагани учун ишона олмаймиз ҳам.
Орадан кўп вақт ўтмай: “Қашқадарё вилояти раҳбари республика раҳбарлигига ўтди”, деган хабарни радио орқали эшитдик. Мен ўшанда одамларнинг биринчи марта хурсанд бўлганини кўрганман. Ана энди бу тавқи лаънату азоблардан қутуламиз. Ислом Абдуғаниевич Марказқўмнинг биринчи секретари бўлибди”, деган гаплар. Ҳамманинг кўзида қувонч, бир-бирини табриклаган. Ҳақиқатдан ҳам кўп вақт ўтмасдан…
Тўғри, бошида бизни ҳеч ким “Бор кетавер”, деб қамоқдан озод қилиб юбормаган. “Шартли равишда муддатидан олдин озод қилинсин”, деган моддалар бўларди. Шу тариқа уч йилу ўн ойда – 1990 йилнинг 19 февралида уйга қайтдим… Қамоқдан озод бўлганимизга шукур қилиб, Яратганга раҳмат айтиб юрибмиз. Яна кўп вақт ўтмасдан: “Энди тўлиқ оқланасизлар”, деган гаплар эшитилиб қолди. Бизни Тошкентга чақиришди. Борсак, респуб­лика Олий судида пахта ишлари бўйича ноҳақ жабрланганлар ишини қайта кўриб чиқиш бўйича комиссия тузилган экан. Унинг раислигига Исмоил Жўрабеков тайинланган. Муовини – Абдусамат Полвонзода. Бу комиссия ноҳақ жабрланганлар ишини синчиклаб ўрганиб, адолатни қарор топтира бошлаган кезлар эди. Ўшанда вилоятлар бўйича ҳам ноҳақ жабрланганлар ишини кўриб чиқиш учун керакли ҳужжатларни тайёрлаш жараёнига ҳуқуқшунос мутахассислар жалб этилган экан…
Абдусамат ака билан Олий суднинг қайсидир қаватида учрашиб, лифтда бирга пастга тушдик. У киши мени комиссия иш олиб борадиган хонага бошлаб кирди. Шу иш бўйича шуғулланаётган Турсунов деган йигит билан саломлашдим. У мени танигани учун: “Шуҳрат ака, мана, сизларнинг ишингиз бўйича шуғулланаяпмиз. Яқин кунларда “ҳаракатларида жиноят аломати йўқлиги учун оқланди, деган ҳужжатни оласиз”, деб мени хурсанд қилмоқчи бўлди. Бироқ қамоқда жабр чеккан сафдошларим эсдан чиқмади: Зиёдуллаев деган раисимиз қамоқдан чиқиб келиб, бир ойдан сўнг вафот этди. Қосим Тошев деган раис бувамиз бўларди, у киши эса қамоқхонанинг ўзида вафот этган. Мен Турсуновдан: “Биринчи бўлиб Зиёдуллаев билан Қосим Тошевнинг ҳужжатларини ҳал қилиб беринглар”, дедим. Турсунов менинг нима деяётганимни тушунмади-да: “Э, Шуҳрат ака, аввал ўзингизникини ҳал қилиб берайлик”, деди. Бирдан ичимда дард қўзғалиб, Турсуновга: “Э, оғайни сени оқланди деган қоғозларингни энди уларга керагиям йўқ. Улар ўлиб кетди. Бола-чақаси хурсанд бўлсин”, дедим.
Абдусамат ака хонадан кетмаган – орқамда турган экан. Келиб елкамга қўлини ташлаб, Турсуновга шундай деди: “Кўрдингми, қандай одамларни қамаб қўйганмиз. Шу ерда ҳам ўзини эмас, вафот этганларнинг ҳужжатини тезроқ қилиб беринглар, деяпти. Бу киши айтган одамларнинг ҳужжатини тез топинглар”, деди-да: “Мен билан бу ёққа юринг”, деб хонасига олиб борди. Шунда ҳам тўлиқ оқланишга у қадар ишонмайман, Абдусамад аканинг илиқ муомаласи сабаб ботиниб сўрадим: “Ўзи югуриб юрибмиз-у, бироқ оқланамизми, йўқми?”. У киши: “Эй, Шуҳрат, – деди менга, – орқангизда ким турганини биласизми?”. “Йўқ, билмайман”, дедим. Абдусамад ака столи тортмасини очиб: “Буни бир ўқиб кўринг”, деди. Кўрсам, СССР Олий суди раисидан Юртбошимиз номига келган хат. Унда В.Теребилов: “Сиз ҳуқуқ органлари ишига қўпол равишда аралашиб, жиноятчиларни озод қилиб юбораяпсиз. Бундай қилиш мумкин эмас”, деган мазмунда дағдаға қилган. Ислом Каримов эса ўша хатнинг устига: “Архивга. Тарих учун!”, деб ёзиб қўйган экан. Абдусамат ака шуни кўрсатиб: “Кўрдингизми, ким турибди ортингизда!” – деди.
– Бизлар бу хатни у кишига олиб борганимизда, отиб юбориб: “Ташла буни архивга. Бегуноҳларнинг ҳаммасини оқлаймиз!” деганлар.
– Шу воқеадан, яъни республика Олий судидаги ушбу мулоқотдан сўнг фикрим тиниқлашди, – деб давом эттирди гурунгимизни Шуҳрат Бобоёров. – Ислом Абдуғаниевичнинг бу қадар катта қатъият билан қанчалар оғир юкни елкасига олиб ишга киришганини тўлиқ идрок эта бошладим. Бизлар-ку, ўзимизнинг бошимизга тушган ташвишдан шунча эзилганмиз. Лекин бу одам шунча кишининг, бутун бир халқнинг юкини елкасига олишга ўзида қандай куч топа олди экан? У кишининг бир ўзи бўлса – бутун бир Москва, бутун бир СССРнинг сиёсатига қарши бориш учун одамда филнинг юраги бўлиши керак эмасми! Мен Ислом Абдуғаниевич қандай қилиб бу ишга жазм этди, деб минг марта ўйлагандирман. У киши Қашқадарёда ишлаб юрган вақтлари жуда кўплаб оилалар ҳаётини ўз кўзи билан кўрган. Туманлар, бутун воҳа одамлари билан мулоқотда бўлган. Улардан эшитган гаплар юрагида дард бўлиб йиғилаверган: “Хўп, биттаси, иккитаси айби учун, қонунга зид номақбул иши учун қамалган бўлсин. Лекин бирданига шунча одам жиноятчи бўлиши мумкинми? Иккинчидан, булар жиноятчи бўлса, уларнинг яшаш шароитини ўз кўзим билан кўриб турибман-ку. Уйига борсанг, турмуши ночор одамлар аҳволига боқиб, юрагинг титилиб кетади. Болалар, аёлларнинг юзида қон йўқ. Шундай одамлар ҳам ўғри бўладими? Йўқ!”. Бундай изтиробли ўйлар у кишига тинчлик бермаган. Қамалганларнинг кўплари уста пахтакор, халқ ичида обрўйи катта инсонлар бўлишган. “Шундай одамлар-а. Йўқ, бу ишга хотиржам қараб бўлмайди”, деган қатъият  ўша вақтлардаёқ юрагига ўрнашган. Қамоқдан чиқиб келганимдан сўнг раҳматли онам бир гапни айтиб берди. Ислом ака: “Айбсиз бўлатуриб жавобгарликка тортилган одамлар оиласидан хабар олиб туринглар. Уйига борсанг ёқишга ўтини йўқ, ейишга… Рўзғори аранг ўтиб турган одамлар ҳам шунақа жазо оладими?” деган.
Албатта, Ислом аканинг бундай катта юкни зиммасига олишига ўша пайтлар Чингиз Айтматов, Одил Ёқубов сингари машҳур адибларнинг марказий матбуотда, Кремлнинг съездлар саройидаги чиқишлари – “пахтанинг бехосият неъматга айлангани” ҳақида куюниб сўзлаганлари, атоқли шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Миллион эгатларга сочилган ўзбек”, “Ушоқ чигитни ҳам этмай деб увол, Миллион эгатларга эгилган халқим!” сингари тагдор мисралари катта туртки бўлган бўлиши керак, деб ўйлайман…

* * *

Хоҳласам, хоҳламасам – ўша “антиқа суд” жараёнидаги эпизодлар қайта-қайта ёдга келаверади. У ерда айтилган гапларнинг барчаси деярли ёд бўлиб кетган. Бизнинг тилимизни тушунмайдиган прокурор Дурдиметов менга савол бераяпти. Хўжалигимизнинг бош ҳисобчиси раҳматли Авлоқул бобо Қодиров айбланувчи сифатида жавоб беряпти. У 1923 йилда туғилган, отамнинг қадрдон дўсти, иккаласи бир кунда урушга кетишган. 1945 йилда Берлинда партияга ўтган. Агар таржимаи ҳолини айтиб берса, собиқ коммунистик тузумга у кишидан кўра содиқ одам Москванинг ўзида ҳам топилмайди. Авлоқул бобо нафақат иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси сифатида, балки ундан кейин – тинчлик йиллари олган мукофотлари билан ҳам ақлингизни шошириб қўярди. Адашмасам, қирққа яқин орден-медаллари бўларди. У киши урушдан сўнг ГДРни тузишда қатнашиб, 47-йили қишлоғига қайтиб келган. Менинг раислик давримда ҳам ишлаб турганди. Дурдиметовнинг сўроқларига: “Мен бу катта кучга қарши чиқолмаганман”, деб жавоб берди. Авлоқул бобо рус тилини жуда яхши биларди, ҳатто урушдан сўнг олмонлар орасида юриб, немис тилини ҳам ўрганиб кетган экан. Дурдиметов: “Судланувчи Қодиров! Сиз уруш вақти фашистлардан қўрқмай, Сталинграддан Берлингача борибсиз. Нима учун тинч даврда “приписка қиласан” деганларга қарши чиқолмадим, қўрқдим, деяпсиз?” деса бўладими? Авлоқул бобо, ёши катта бўлишига қарамасдан, гапга уста, ҳозиржавоб одам эмасди. Жуда камтарин, ҳокисор инсон эди. Нима дейишни билмай тўхтаб қолди…
Мен чидаб туролмадим! “Мумкинми, мен жавоб берсам”, деб рухсат сўраб, фикримни айтдим. Қўлдан келганча рус тилида гапирдим. “Уруш йиллари бобой кимга қарши курашиш кераклигини яхши билган”, дедим.
Яна бир аянчли, одамни кулиб туриб йиғлатадиган воқеа бизлар қамалиб кетганимиздан кейин бўлган экан. Шаҳрисабзнинг тоғ зонасида пахта ўсмайди. Шоди Мўминов деган яқин оғайним бўларди. У Бухоронинг Қоровулбозорига яқин – биздан 300 километр узоқ Шаҳрисабз массивида пахта экди. У яшайдиган жойдаги одамлар фақат картошка экишган, чорва, боғдорчилик билан шуғулланган. Шу ҳам уч юз чақирим жойга мажбуран бориб, жазирама саҳрода пахта етиштиргани учун суд бўлиб қамалди. Уни “сохта ҳужжат тайёрлаб, 75 минг сўмлик қўшиб ёзишга йўл қўйган” деган айблов билан судга чақиришдан олдин ўша хўжалик аъзолари: “Раисимизни, бухгалтеримизни, одамларимизни қамаманглар – майли биз шу 75 минг сўмни тўлаб берамиз”, деб ҳақиқатан ўшанча пулни тўлашган. Судга пул тўлангани ҳақида ҳужжат тақдим этилган. Ўйлашимча, уларни суд қилган судьялар ҳам бечора оддий деҳқонларнинг бегуноҳ эканини тушуниб туришган. Бўлмаса, Шоди Мўминов олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганидан сўнг, ўша ернинг ўзида қамоққа олиниши керак эди. Ҳар қалай Гдлян ва Ивановнинг шериклари – Тошкентга келиб жойлашган десантчилар Москванинг номидан “Шунақа қиласан, “шунча срок берасан”, деб туришгандан кейин судьяларда ҳам қатъиятсизлик бўлган.
Бу кулгили воқеанинг давомини айтсам, суд тугагандан сўнг ҳукмни Шоди Мўминовнинг қўлига бериб: “Раис бобо, қамоққа ўзингиз бора қолинг”, дейишган. Соддалик ҳам шунчалик бўлар-да. Қаршидаги қамоқхонага қўлида ҳукм билан ўзи борган. “Мана менинг ҳукмим – қамоққа олинишим керак. Ўзим келдим”, деган. Шоди Мўминов билан бирга бир жойда муддатни ўтадик.

* * *

20-30-йилларда беш-олти қоп буғдойи, икки-учта сигири, битта оти бўлган одамни қулоқ қилиб юбораверишган. Шунинг учун Сибирда, Украинада ҳозиргача ҳам яшаб келаётган аждодларимизнинг авлодлари бор экан…
Беихтиёр, ўз аждодларим эсга тушади. Шўро замонида оилавий сулоламизнинг уч авлоди қатағон жабрини чекди. Биринчиси, менинг бобом — Бобоёр амин. Туғилган йилиниям билмаймиз. Қачон вафот этганини ҳам. Тўғрироғи, қаерда, қачон отилгани ҳам номаълум. У киши амин бўлган эканлар. Биз буни элнинг оғзидан эшитганмиз. Отамдан сўнг туғилган Сами амаким ҳам вафот этиб кетди. Бир пайтлар бизнинг жойларимиз Бухоро амирлигига қараган. Ўша вақтда ўн битта қишлоқнинг бошлиғини “амин” дейишган. Амирликнинг ер солиғи ва бошқа тўловлари шу амин орқали ундирилган. Бобоёр бобомиз 17-18 ёшида отасининг ёнида ер ҳайдаб юрган. Орада уч-тўртта амин ишни эпламаганидан сўнг амирлик ва бекликдан келишиб, “Аминликка кимни қўямиз, иш юрмаяпти”, деганда қишлоқ оқсоқоллари йиғилишиб, “Ёш бўлсаям шу Бобоёрни аминликка қўйинглар, биз шунга бўйсунамиз”, дейишади. Шундай қилиб, у киши 18-19 ёшларида аминликка кўтарилган. Бу 1917-1918 йилларга тўғри келади. Петроградда давлат тўнтариши бўлиб, қизиллар ҳукумат бошига чиққанидан сўнг ҳам – ҳатто ўтган аср 30-33-йилларигача ер эгалари, мулкдорлар бўлган, коллективлаштириш кейин бошланган. 1927-1928 йилларгача бобомиз Шаҳрисабзда бообрў аминлар даражасига етишган. “Қизиллар эрта бир кун кетади-да”, деб аминлигини қилиб юраверган. Мен, бобомни кўриб қолган одамлардан кўп эшитганман: у киши қарасаки, қизиллар кетмаяпти. Сал қарши чиққанни йўқ қилиб юбораяпти. Майли, ҳеч бўлмаса, бола-чақанинг бошига ўзимизни сақлаб қолайлик, деб ер-сувини берган. Ўзига тегишли мол-мулк, отларигача топширган. Жуда ориятли, жисмонан бақувват, полвон одам бўлган эканлар. Кураш, кўпкарини гуллатган. Ўзига хос ўжарлиги ҳам бўлган. Ер-сувини топширганидан кейин ҳам тинч қўйишмайди. Очлик, қийинчилик даври. Тинимсиз таҳдиду тазйиқдан кейин, ер-сувини, мол-мулкини топшириб ҳам қутула олмаган одамлар қизилларга қарши қўлига қурол олишга мажбур бўлишган. Эшитган гапларимизга қараганда, 30-йиллардаям бобомиз уйига гоҳ келиб, гоҳ келмай, тоғу тошларда ўзича қизиллар ҳукуматини тан олмай юрган. Яқин-яқинларгача ҳам “ўшанда бобонг тоғу тошларда қочиб юрган”, деб кўп гапиришарди. Сўнг бобомни ушлаб қамашган. Баъзи миш-мишлар бўйича отиб юборишган. Тожикис­тонда Данғара сув омборида ишлатиб-ишлатиб, ўша ерда ўлдириб юборишган, деган гапларни ҳам эшитганмиз.
Қишлоғимизда бир темирчи уста бўларди – Шодмоновнинг отаси, яқинда 106 ёшга кириб вафот этди. Ниҳоятда соғлом, бақувват одам эди. Шу киши билан кўп суҳбат қилганман, “Бобом – босмачи бўлганми?”, деб сўраганман. “Э, қанақасига босмачи! Ер-суви бор, озроқ бадавлат эди, холос. Ўшандаям, одамларга уруғлик берарди. Камбағал, бева-бечоралар бошини силарди. Кимни уйлантирган, кимни ишлатган. Ўзиям тинмай ишларди. Ҳеч қанақа босмачи эмасди!” деб жавоб қилганди саволимга. Энди тушунсак, бизга “босмачи” дейишган одамлар – миллий озодлик курашчилари экан. Бироқ “бобонг – босмачи” деган гапнинг тавқи лаънати жуда ёшлигидан отам билан амакиларим бошига тушган. “Бойнинг боласисан”, деб мактабдан ҳайдашаркан уларни. Раҳматли отам билан амаким кўп эслашарди: “Мактабга ҳам қўйишмасди. Бизларнинг кунимиз машоқ териб ўтарди. Буғдойни хомлигича чайнардик”.
Отам 18 ёшида урушга кўнгилли бўлиб кетган. 1944 йили контузия аҳволда урушдан қайтган. Урушдан ярадор аҳволда қайтиб келган шу одамни “ҳарбий билетинг қалбаки”, деб қамашган. Қаршидаги қамоқдан чиқиб келгач, отам раҳматли Тожикистонга қочган. 50-йилларга келиб, бу ёқдан: “Англашилмовчилик бўлган”, деб хат боргандан кейин қишлоққа қайтган. Шундай ноҳақликлар азобини тортган отам 51 ёшида вафот этди. Элнинг бошида туриб, 18 йил хўжалик раҳбари бўлишга ҳам улгурди.
Ўзимнинг тақдирим ҳам худди бобом ва отамники сингари бўлди. Ўзи бу мустабид тузум, деярли ҳар йигирма йилда халқни қийратиб турарди. 1917-1920 йилларда Ленин шу сиёсатни олиб борди. Сталин ҳокимиятга келгач, узлуксиз қатағонлар бўлди. Айниқса, 1937-1940, 1950-йилларда ноҳақлик авж олган. 60-йилларда Хрушчевнинг “Американи қувиб ўтиб, ундан ўзиб кетамиз” деган сиёсати сабаб, “бир йилда уч йиллик гўшт планини бажариш” учун уйларидаги қўй-эчкилар давлат ҳисобига олиб қўйилишидан ташқари озмунча одам қамалганми?
80-йилларга келиб, “ўзбек иши”, “пахта иши” ўйлаб топилди. Санасак, тўрт марта – ҳар йигирма йилда бир мартадан қатағон сиёсати амалга оширилган. Лекин бу жуда яширинча, ҳар жиҳатдан хаспўшланган сиёсат эди. Жудаям оддий одамларга балки тегишмагандир, лекин эл ичида обрўси бор, бошқаларга етакчилик қилиш қобилияти бўлган миллатнинг гуллари териб қатағон қилинган. Чунки мустабид тузумга нима деса “хўп” дея бўйнини эгиб турадиган қуллар керак эди. Одамларнинг маълумоти, қобилияти уларни қизиқтирмаган. Фақат мутъе, бўйни эгилган, қора ишни қиладиган авом керак бўлган. Шунинг ўзи қатағон эмас, геноцидга ҳам тўғри келмайдими?! Аниқ бир мақсадни кўзлаб, бир миллатнинг иккинчи миллат томонидан таҳқирланиши, бу – бориб турган геноцид эмасми!

* * *

Тарих бир нарсанинг баҳосини ҳалигача тўғри қўя олгани йўқ. Усмонхўжаевнинг ўрнига Рафиқ Нишонов қўйилди… Месхети турклари билан ўзбеклар ўртасида жанжал чиқариш қаердадир эмас, ДХҚ (КГБ) тайёрлаган, жуда чуқур ўйланган фитна эди. Қасддан шундай фитна чиқарилиб, Фарғона водийсию Тошкент вилоятида оломон кўтарилганда уни бостириш учун ташланган кучлар одамларни қўрқитиб қўйишни мақсад қилишган эди. Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, бу секин портлайдиган мина эди. Раҳбарият шу фитнани бозорда бир килограмм қулупнай устида чиққан жанжал деб талқин қилди.
Ҳа, тарих ҳамма нарсага ўз баҳосини бериб боряпти…
Мухбир изоҳи: шу ўринда собиқ маҳбуснинг сўнгги гапларига бироз эътироз билдириш зарурати бор. Тарих бўлиб ўтган ҳамма воқеаларга эртами-кеч ҳаққоний баҳосини беради. Бироқ бутун бир миллатнинг шаънига туҳмату бўҳтонлар ёғдирган, 70 минг кишининг ҳибсга олиниши, 600 минга яқин кишининг жиноий жавобгарликка тортилиши, улардан айримларининг отилиши, ўз жонига қасд қилиши, қамоқда орттирган азоб-уқубатлар боис ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлганлар, канчадан-қанча одамларни талаган, юлғичлик қилган, ноҳақ қамоқ жазосига тортганлар ҳали айшини суриб юрибди. Головачёвнинг мурдасини ўзи боққан ит еб қўйган бўлса-да, у сингари одамларни тўғри йўлдан оздирганлар қутқуси билан “оқни қора” деган Гдлян ва Ивановлар нариги дунёда эмас – шу дунёнинг ўзида қонуний жазосини олиши керак!
Шуҳрат Бобоёровнинг ҳикоясини тинглай туриб баногоҳ ўйлаб қоласиз: унинг ўзи ва отаси, бобоси бошига тушган кўргуликлар миллий озодлик учун курашнинг тўқсонинчи йиллар бошига қадар давом этган муайян бир даврини қамраб олади…
У қамоқдан чиқиб келганидан сўнг анча йиллар ўтиб Қашқадарёда ­Ислом Каримов билан учрашгани ҳақида айтиб ўтди. Ислом Абдуғаниевич сўнгги қатағон даврини эслаб, ўша азоб-уқубатлар боис “ажалидан беш кун аввал” вафот этганларни эслаб нутқ сўзлаганда, “уларнинг хотирасини унутмайлик, тарих учун битиб қўяйлик” деганда Юртбошига ўша йиллардаги мардлиги ва жасорати учун – ўзининг ва ўзи каби минг-минглаб айбсиз айбдор бўлиб қамалган ва сўнг “оқланганлар”нинг миннатдорлигини, дил изҳорларини билдиришга муваффақ бўлди. Ушбу суҳбат ҳам айни ўша кунларда диктофонга туширилган. Ўшанда у эндигина 58 ёшга кирганди. Бироқ “сўнгги қатағон” даврида олган мудҳиш азоблари юрагида ўз изини, маънавий жароҳатини қолдирган эди. У ана шу азоблар билан яшарди. Ҳар куни шу ҳақда ўйларди ва шу азобни қайтадан бошдан кечиргандек бўларди. Юртимиз озодликка чиққани учун қалбида шукронаси бисёр эди.
Орадан икки йил ўтиб, у ўзининг олтмиш ёшини нишонламоқчи бўлди. Бутун вилоятдан, мамлакатнинг турли бурчакларидан дўстлари қутлагани келишди. Олтмиш йиллик таваллуд санаси чинакам тўйга айланиб кетганди. Ахир, не-не азоблардан сўнг бундай дориламон кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Севинчи чексиз эди. Бироқ… фожиа юз берди. Тўй охирига етмай азага айланди. Шўро замонининг шунча азоб­лари, маънавий қийноқлари, миллий ғурурни ерга урувчи таҳқирларига дош берган юраги бу қадар хурсандчиликни кўтара олмади. Унга шифокорлар ўзингизни ортиқча ҳаяжонлардан тийинг, юрагингизни асранг, деб маслаҳат беришганди. Бироқ юрак қурғур маслаҳатга қулоқ солмас, шифокорлар амри билан тепмас экан-да… Шуҳрат Бобоёровнинг олтмиш йиллик таваллуд айёмига келган биродарлари уни кўзда ёш, қалбларида катта изтироб билан тупроққа қўйишди.
Бу Беҳбудию Фитрат, Чўлпону Абдулла Қодирийлар бошлаб берган миллий озодлик учун – халқимиз эрки ва Ватанимиз мустақиллиги учун кураш тарихининг сўнгги сабоқлари бўлиб қолди.

Мурод АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист

2018/12

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi