ЖАҲОН АДАБИЁТИ ВА САНЪАТИ ҚИСҚАЧА ҚОМУСИ

reading

БЕРГМАН  ЭРНСТ  ИНГМАР – атоқли швед кино ва театр режис­сёри, муаллифлик киносининг йирик намояндаси. Бергман 1918 йил 14 июлда Швециянинг Уппсала шаҳрида дунёга келган. 2007 йилда 89 ёшида вафот этган. Бергман ижодининг бошланиши 1940 йилларга тўғри келади. У дастлаб пьесалар ёзган ва маҳаллий театрлар саҳнасида қўйилган. Унинг режиссёр сифатидаги фаолияти 1944 йилда “Инқироз” фильми билан бошланган. Бергман  умри давомида элликдан ортиқ кинофильм суратга олган ва яна шунча спектакль саҳналаштирган.  У “Севгимиз осмонида ёмғирлар”, “Ҳинд кемаси”, “Зулматдаги мусиқа”, “Турма”, “Бу ерда содир бўлиши мумкин”, “Аёллар кутмоқда”, “Муҳаббат дарси”,  “Еттинчи тамға”, “Иблис кўзи”, “Сукунат”, “Шахс”, “Эҳтирос”, “Номус”, “Шивирлар ва қичқириқлар”, “Илон уруғи”, “Сўнгги репетиция”, “Сарабанд” каби машҳур фильмларнинг муаллифи. У яратган фильмларнинг аксарияти Оскар, Берлин, Вафта, Бодил, Канн, Сезар каби нуфузли халқаро киномукофотларга бир неча бор сазовор бўлган. Бергман турли йилларда Хельсинборг, Гётеборг, Мальмё, Стокгольм, Мюнхен шаҳарларидаги театрларда  режиссёр ва бадиий раҳбар вазифаларида ишлаб,  дунё адабиётининг йирик намуналари асосида спектакллар саҳналаштирган.  Жумладан, “Макбет”, “Қирол Лир”, “Ўн иккинчи кеча”, “Ҳамлет” (У.Шекспир), “Калигула”(А.Камю), “Орзу трамвайи”(У.Теннесси), “Дон Жуан ёхуд тош меҳмон”(Пушкин), “Гедда Габлер”, “Пер Гюнт”, “Шарпалар”(Г.Ипсен), “Мезантроп” (Мольер),  “Чайка”, “Уч опа-сингиллар”(А.Чехов), “Мария Стюарт”(Ф.Шиллер) спектакллари Бергман номини тарих саҳифаларига муҳрлади.

БЕСТСЕЛЛЕР – ҳозирги вақтда  тижорий мақсадда ёзиладиган оммабоп адабиётга нисбатан ишлатиладиган ушбу тушунча 1889 йилдан  буён муомалада бўлиб, дастлабки даврда чоп этилибоқ, тезда оммалашиб кетган китобларга нисбатан ишлатилган. Китоблар дастлабки тиражларининг қай даражада оммалашишига қараб чоп этилган.  Бу давргача бўлган китоблар орасида асосан диний адабиётларнинг бозори чаққон бўлган. Бестселлер адабиёт бадиийликка дахли бор ёки йўқлиги нуқтаи назаридан бир қанча турларга бўлинади. Бестселлер тушунчаси асарнинг бадиий савиясини ёки сотувда келтирадиган даромад даражасини англатмайди. Бу шунчаки китобнинг оммабоплигини билдиради. XVIII асрга келиб, “Телемахнинг саргузаштлари” (Ферелон), “Элоиза” (Руссо), “Манон Леско” (Прево) каби асарлар бестселлер бўлган бўлса, XIX асрда Шатобриан, Вальтер Скотт, Жюль Верн, Ижен Сю сингари муаллифларнинг асарлари, XX асрда эса Маргарет Митчелл, Агата Кристи, Жером Сэлинжер, Клайв Льюис, Стивен Кинг, Атрур Хайли, Сан-Антонио каби адибларнинг китоблари энг оммабоп адабиёт намуналарига айланган.

БОККАЧЧО ЖОВАННИ – Европа илк уйғониш даври адабиётининг йирик намояндаси, машҳур итальян шоири, адиб, олим. Боккаччо 1313 йил 16 июлда Францияда таваллуд топган. 1375 йилда Италияда, 62 ёшида вафот этган. У йигирма ёшигача ота касби савдогарлик билан шуғулланиб, кейинчалик адабий фаолиятга ўтган. Боккаччо инсонпарварлик ғояларининг  йирик тарғиботчиси  сифатида Данте ва Петрарка каби замонасининг буюк  шоирлари сафида бутун Европа маданияти тараққиётига катта ҳисса қўшган сиймолардан биридир. У ўзининг “Диана уйи” (1334), “Филострато” (1336),  “Филоколо” (1336-38), “Тезеида” (1339–41),  “Муҳаббат ҳисси” (1340), “Фьезолан илоҳаси” (1341), “Корбаччо” (1354–55)  поэмалари, “Амето”  постарал романи, “Фьяметто” (1343), “Декамерон” (1350), “Данте Алигьери ҳаёти” (1360) сингари йирик бадиий асарларида ўзининг фалсафий, гуманистик қарашларини ифода этган. Шунингдек,  лотин тилида “Илоҳлар тилининг генеологияси”, “Тоғлар, ўрмонлар, булоқлар, кўллар, дарёлар, ботқоқлар ва денгизлар”, “Машҳур кишиларнинг бахтсизликлари”, “Машҳур аёллар ҳақида”  каби трактатлар ёзган.  Юзта қиссани ўзида жамлаган “Декамерон” Боккаччонинг номини мангуликка муҳрлаган шоҳ асардир. Мазкур асарни атоқли таржимон Қодир Мирмуҳаммедов ўзбек тилига ўгирган.

“БОДИЛ” МУКОФОТИ – Дания Қироллигининг бош киномукофоти. Мукофот 1948 йилда Дания миллий киношунослар ассоциацияси томонидан таъсис этилган. Ушбу киномукофотнинг номи даниялик икки буюк актриса Ипсен ва Кьер Бодиллар шарафига қўйилган.  “Бодил” ҳар йили ўн иккита номинация бўйича берилади. Дунёга машҳур даниялик кинорежиссёрлардан Ларса фон Триер, Томас Винтерберг, Тобиас Линхольм, Пер Флю, Сюзанна Бир, Эрик Клаусен, Билле Аугуст ва бошқалар ушбу мукофотга бир неча марталаб сазовор бўлган.

БОЛЛИВУД –  ҳинд кинематографиясининг расмий номи. Болливуд атамаси Бомбей ва Голливуд сўзларидан ясалган бўлиб, 1932 йилдан бери қўлланилади. Ҳиндистон Республикасининг Мумбай (собиқ Бомбей) шаҳри киносаноати АҚШнинг Калифорния штатидаги йирик киносаноат – Голливудга ўхшатмаси сифатида юзага келган. Болливуд йирик кино ишлаб чиқариш маркази бўлиб, Толливуд, Колливуд, Сандалвуд, Молливуд, Олливуд каби бошқа тилларда фильм ишлаб чиқарувчи саноат компанияларини қамраб олади. Яъни, Болливуд тушунчаси фақатгина ҳинд киносинигина англатмайди. Урду, панжоб, инглиз, малай, каннар, орий, тамил, телгу ва бошқа бир қанча тилларда ишлаб чиқариладиган барча фильмлар Болливуд маҳсулоти ҳисобланади.

Мафтуна МУҲАММАДАМИНОВА
тайёрлади

2018/12

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi