МУҲАММАДЖОН ХОЛБЕКОВ филология фанлари доктори, профессор РЕАЛИСТИК ПРОЗА УСТАСИ

muhammadjon_xolbekov-640x400

(Мериме ижоди ҳақида)

Проспер Мериме (1803 –1870) – XIX аср француз танқидий реализм адабиётининг таниқли вакили, беназир драматург ва бадиий наср устасидир.
Ёзувчи узоқ ва мураккаб ижодий йўлни босиб ўтди. Ижодкор сифатида, у Стендаль ва Бальзакдан олдинроқ, классицизм прозаси  инқирозга йўл тутиб, романтизмга ўз ўрнини бўшатиб бераётган йилларда танилиб улгурган ва эътироф қозонган эди. Мерименинг сўнгги новелласи – “Локис” 1869 йилда, Париж Коммунаси воқеаларидан икки йил аввал, Флобернинг “Туйғулар тарбияси” қиссаси ва Поль Верленнинг “Назокатли йиллар” шеърий тўплами билан бир вақтда чоп этилди. Хуллас, асрнинг биринчи ярмига келиб, танқидий реализм ўз тараққиётининг янги босқичига ўтиб улгурган, юзага чиқаётган натурализм оқими (Э.Золя, ака-ука Гонкурлар) аломатлари аниқ кўрина бошлаган, адабиёт ва санъатда эса, ҳатто реализмга ёт қарашлар намоён бўла бошлаганди.
Мерименинг ботиний қиёфасини, унинг дунёни ҳис этишга хос қарама-қаршиликларни, бадиий услубининг ўзига хос хусусиятларини у яшаган давр тараққиёти билан вобаста тасаввур қилмасдан англаб бўлмайди, яъни ёзувчининг адабий фаолияти мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти билан чамбарчас боғлиқдир. Адиб ижодининг асосий босқичлари, умуман олганда, Франция тарихидаги кескин бурилишлар, муҳим воқеалар билан, аввало, 1830–1848 йиллардаги  инқилобий ҳаракатлар тадрижига мос келади.
Мерименинг ижодий фаолияти 20-йиллар бошида, яъни талабалик (1823 йилда у Париж университетининг ҳуқуқшунослик факультетини битирган) даврида бошланган. Дастлаб Мериме ижодида ўта романтик кайфият устуворлигини кузатамиз. У Байронни зўр ҳавас билан мутолаа қилади, “Оссиан қўшиқлари”ни француз тилига таржима қила бошлайди. Бироқ, Мериме ижодининг шаклланишида унинг 1822 йил Стендаль билан танишуви, шубҳасиз, ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Стендаль билан танишувидан сўнг, Мерименинг мустақил ижодий фаолияти бошланди, десак тўғрироқ бўлади. 1825 йилда Мериме “Клара Гасуль театри” (Theatre de Clara Gazul) пьесалари тўпламини нашр эттиргач, кенг оммага танилди. Ушбу китобнинг нашр қилиниши адабий муҳитда катта шов-шувларга сабаб бўлди. Мериме тўпламга кирган пьесалар мазмунини ўзи тўқиб чиқараркан, уларни актриса Клара Гасулга тегишли қилиб кўрсатади. Янада ишончлироқ чиқиши учун Клара Гасулнинг жанговар руҳга тўлиб-тошган таржимаи ҳолини тўпламга муқаддима сифатида илова қилади. Афтидан, Мериме пьесалари мазмунининг ўта сиёсийлиги ва қирол назоратининг қатъийлигини ҳисобга олиб, ўзини китоб муаллифи сифатида танилишини истамаган.
Мерименинг “Гюзла” номли навбатдаги асари сюжети ҳам бадиий тўқима билан боғлиқдир. “Гюзла”нинг биринчи нашри (1827) ёзувчининг ўзи тўқиган ҳамда ажнабий истилочиларга қарши озодлик учун фидокорона курашга бутун куч-қудратини бахшида этган халқ улуғворлиги ва қаҳрамонлигини тараннум этувчи йигирма тўққиз баллададан иборат эди. Улар сирасига адиб халқ қўшиғининг таржимасидан иборат достонни ҳам қўшади.
Мерименинг бадиий тўқимадан иборат бу асари ҳам муваффақият қозонади. Ҳатто Пушкин ва Мицкевич ёзувчи тасаввурида яратилган бу асарларни славян халқ шеъриятининг маҳсули тарзида қабул қилишиб, улардан айримларини рус ва поляк тилларига ўгиришади. Масалан, Мицкевич “Морлак Венецияда” балладасини таржима қилган бўлса, Пушкин ўзининг “Ғарбий славян қўшиқлари”га “Гюзла”нинг қайта ишланган ўн битта достонини киритади.
1828 йил Оноре де Бальзакка тегишли нашриёт Мерименинг олис XIV асрнинг  суронли воқеаларига  бағишланган  “Жакерия” номли тарихий драмасини нашр этади.
Мериме адабий фаолиятининг биринчи босқичи эса унинг “Карл IX салтанатининг йилномаси” номли тарихий романи билан якун топади. Роман ёзувчининг ўша даврдаги ғоявий ва бадиий изланишлари ва ўзига хос реалистик қарашлари маҳсули эди.
“Карл IX салтанатининг йилномаси” романида, “Жакерия”даги каби, Мериме муҳим, даврининг чуқур ижтимоий-сиёсий ўзгаришлари тасвирига мурожаат қилади. Роман воқеалари XVI асрнинг иккинчи ярмида бутун Францияни ларзага солган диний ва фуқаролик урушлари йилларида кечади. Ушбу воқеаларнинг кульминацион нуқтаси Варфоломей туни (1572 йилнинг 24 августига ўтар кечаси, яъни авлиё Варфоломей куни)да католиклар томонидан гугенотларнинг даҳшатли қирғин қилингани эди.
Роман бош қаҳрамонлари, оддий зодагон оға-ини Жорж ва Бернар де Мержиларнинг шахсий ҳаёти ва тақдир кечинмаларини ёритаркан, Мериме Франция тарихидаги энг мудҳиш драматик саҳифалардан бирига, XVI асрда протестантлар билан католиклар ўртасидаги ихтилофларнинг диний ниқоб остида иқтисодий ва сиёсий зиддиятларни яшираётган фуқаролик урушлари даврига мурожаат қилади. Францияда гугенотлар ҳаракати ғоят мураккаблиги  ва чуқур ботиний қарама-қаршиликларга эгалиги билан фарқланарди. Унинг асосий ғояси ва манфаатлари – Жан Кальвин диний таълимотига  ниҳоятда мос тушувчи буржуазия сиёсатини ташкил этарди.
Муаллифнинг ниятига кўра, аслида романнинг бош қаҳрамони оға-ини де Мержилардан кенжаси – Бернар бўлиши лозим эди. Унинг графиня Диана де Тюржига муҳаббати тарихи “Карл IX салтанатининг йилномаси” сюжети негизида катта ўрин эгаллайди. Асарда, адибни ўзига ҳамиша жалб қилиб келган воқеликнинг романтик ибтидоси ўз аксини топади, десак тўғрироқ бўлади. У ёшликнинг жозибаси ва гўзаллиги, қаҳрамонлар руҳий иштиёқининг олийжаноблиги ва жасорати, улар қалбида кечаётган ҳис-туйғулар жўшқинлигидан яралган. Ҳикоя қилиш услубининг қисқа ва лўндалигига қарамасдан, эҳтиросли, таъсирчан ва хуррам аслзода Диана де Тюржининг образи кўп қирралидир. Тийнатининг сирли моҳияти, Бернарнинг ботиний қиёфаси каби Варфоломей тунининг мудҳиш синовлари соатларида намоён бўлади. Ижтимоий фалокатлар бир вақтнинг ўзида қаҳрамонлар ички дунёси ривожидаги юқори драматик таранглик ҳолатига ҳам айланади. Бернар қўрқув ва даҳшат ҳисларининг ўз маслаги устидан ғалаба қозонишга йўл қўймайди, Диананинг қалбида эса муҳаббат ҳамда фидойилик бидъат ҳукми устидан ғолиб келади.
Вилоятдан чиққан, тажрибасиз зодагоннинг пойтахт сари йўли давомида, сўнг Парижнинг ўзида, кейинчалик Ла-Рошелга қочиш чоғида бошидан кечирган саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилиш Меримега  XVI аср француз жамиятининг ёрқин манзарасини тасвирлаш имконини беради. Ёш гугенот – софдил ва барқарор феъл-атворли Бернар де Мержи барча синовлар, васвасалар ва хатарларга қарамай, оталардан мерос қолган эътиқодига ҳамда ўз ишига содиқлигича қолади. Бироқ у садоқат ва жонкуярлик ила хизмат қилаётган ишнинг ўзига диний мутаассиблик ва жинояткорлик муҳри босилган эди.
Бернарнинг акаси, Жорж – интеллектуал жиҳатдан кучсизроқ шахс. Агар Бернар – бу, аввало, фаолият кишиси бўлса, Жорж – мулоҳазакордир. Жорж Уйғониш даври ҳур фикрлилигининг издошига айланган. Унинг севимли китоби Рабленинг исёнкорона руҳга йўғрилган “Гаргантюа ва Пантагрюэл” романидир. У нозиктаб санъатшунос, ҳиссий гўзалликка ошуфта эпикурчи файласуф. Жорж ҳақиқатпарвар, муттасил изланувчи инсон. Унинг образи муаллиф томонидан мураккаб ички фаолият истиқболида берилган ва фақатгина шу фаолият билан боғлабгина уни англаб етиш мумкин.
Гугенотларнинг маслак савдойилигидан ҳафсаласи пир бўлганлиги сабабли ва партия доҳийлари томонидан унга етказилган шахсий аламлар Жоржни католиклар тарафига ўтишга ва уларнинг эътиқодини қабул қилишга ундайди. Боз устига, шу тарзда у ўзининг ботиний эркинлигини яхширок муҳофаза қиладигандек кўринади, католик черкови асосан  юзаки расм-русумларни талаб қилса-да, ўз ихлосмандларининг шахсий ҳаётига у қадар аралашмайди. Ўз харакатларида Жорж яна теран рағбатларга амал қилади. Воқеаларнинг кейинги ривожи унинг тийнатига хос қатъиятлилик билан давом этади. Жорж де Мержи Қирол Карл мурожаат қилган жиноий топшириқларни бажаришни рад этади. Варфоломей тунидаги қонли қирғинда иштирок этишдан бош тортади ва қўлида қурол билан ҳимоясиз болали аёлни ўққа тутаётган қотилларга ташланади. Бунинг учун уни қамоққа ҳукм қиладилар. Озодликка чиққач, у бундан буён қиличини қинидан суғурмасликка ва диний фатволарда иштирок этмасликка онт ичади. Зеро, у ҳар иккала томоннинг ваҳшийлигини етарлича англаб етган эди.
Жоржнинг, ўз давридан ўзган якка инсонпарварнинг изланишлари ке­йинчалик қандай ривожланиши мумкинлигини биз билмаймиз. Ла-Рошел деворлари остида Бернар акасини таний олмайди ва Жорж ўққа учиб ўлади. Мардонаворлик руҳи билан тўлиб-тошган Жоржнинг ўлими саҳнаси билан роман воқеалари якун топади. Сюжет ривожи шу алпозда узилади. Қаҳрамонларнинг кейинги тақдири тўғрисида ҳикоя қилиш муаллифни қизиқтирмайди. Бош қаҳрамон беихтиёр айбдор бўлиб қолган биродаркушлик урушида мамлакатнинг ҳукмрон доиралари дин ва черков номидан қўзғаган фуқаролик низоларининг ғайриинсонийлиги ва шафқатсизлиги романда ўз рамзий ифодасини топган. Хуллас, “Карл IX салтанатининг йилномаси”романининг фожеавий хотималаниши муаллифнинг иккала қаҳрамонга бўлган муносабатига янги саволларни қўяди. Узоқ вақт роман сюжетида Жорж образи четда, Бернарнинг етук, кўтаринки ва дангал образи соясида қолган бўлса, романнинг охирги бобларида у (чамаси, дастлабки ниятга тескари) биринчи планга чиқарилади. Эҳтимол, “Йилнома” устида ишлаш жараёнида ушбу персонаж объектив жиҳатдан муаллифнинг тийнатига яқинроқ бўлиб чиққандир.
“Карл IX салтанатининг йилномаси” – адиб бадиий маҳоратининг мутлақ етуклигидан далолат берувчи асар. Романнинг услубий аломатлари ёзувчи қарашлари билан белгиланади: диний уруш йилларида мамлакатда ҳукмрон ижтимоий муҳитни ҳар томонлама ва холис тавсифлаш, биринчи планга оддий одамлар ахлоқи ва кайфиятларининг тасвирини чиқариш асосий ўринда туради.
Бундай ёндашув роман композициясининг ўзига хослигини, унинг тарихий солнома жанрига яқинлигини таъминлайди (ушбу хусусият муаллиф томонидан бежизга асар сарлавҳасида ажратиб кўрсатилмаган). Мериме романида ягона, яққол ифодаланган сюжет ўқи мавжуд эмас, муаллиф узоқдан, секин-асталик билан ўқувчини кульминацион нуқтага – Варфоломей тунининг мудҳиш тасвирига олиб келади, мудом воқеаларни бир жойдан бошқасига кўчираверади, романнинг айрим боблари алоҳида ажралиб, кичик тугалланган бутунлик хусусиятларини касб этади. “Йилнома” композицияси ниҳоятда динамикдир. Эпизодларнинг жадал алмашинуви, ҳикоянинг шиддатли суръати қарама-қарши кучларнинг кескин ва шафқатсиз кураши, ҳис-туйғуларнинг қизғин жўшқинлиги шундай муҳитни яратишга ёрдам беради.
Мериме  ўз романи устида ишларкан, олдинги йилларда тўплаган драматурглик тажрибасидан кенг фойдаланади. Ёзувчи имкон қадар лўндаликка интилади, романтикларга хос бўлган узундан-узоқ тавсифлар ва лирик чекинишлардан қочади. Ўз персонажларининг ботиний қиёфаларини чизаркан, бу тавсифларни, одатда, қандайдир бир маънодор бадиий детал негизига қуради. Бундай усул роман қаҳрамонларининг қисқа, аммо аниқ ва нафислик билан чизилган сиймоларини янада бўрттириб кўрсатувчи даврнинг хилма-хил ва жонли ҳамда тарихий фонини ташкил этувчи фигураларнинг бутун бир галереясини яратиш имконини беради.
“Карл IX салтанатининг йилномаси” романи босилиб чиққан 1829 йилдан бошлаб адибнинг ижодий камолотида ҳам жиддий ўзгаришлар юз берди. Реставрация йилларида Мериме катта ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни тасвирлаш, кенг қамровли сиёсий манзараларни қайта жонлантириш, тарихий сюжетларни қайта ишлаш билан қизиқади, унинг эътиборини новелла жанри ўзига тортади.
Ёзувчи ўзининг 30-40 йилларда яратган асарларида сиёсий мавзуларни бевосита ёритмайди, ахлоқий, ботиний зиддиятларнинг тасвирига чуқур кириб бораркан, шу билан бирга тарихийликдан кўра кўпроқ замонавий муаммоларга асосий эътиборини қаратади. Энди Мериме роман жанридан узоқлашади, драматургия билан деярли шуғулланмайди, бутун диққатини асосан кичик жанр, яъни новеллага қаратади ва ушбу жанр унга адабиёт оламида шуҳрат олиб келади.
Мериме новеллаларида ўз даврининг бир қанча етакчи мавзулари кўзга ташланади. Улар, биринчи навбатда, давлат ва жамият ахлоқининг кескин фош қилинишида намоён бўлади. Ўз шаклларига кўра анчайин ранг-баранг кўринишдаги ушбу танқидий тенденциялар ёзувчининг дастлабки, 1829-1830 йилларда яратилган “Мозаика” (1834) тўпламига кирувчи новеллаларида яққол намоён бўлган эди.
“Таманго” новелласида Мериме аччиқ киноя билан буржуа тамаддунининг иккиюзламачи ва бераҳм типик вакили, қул савдогари капитан Леду образини яратади. Капитан Леду ва унинг ҳамтовоқларига новелла мазмунида хабашлар сардори Таманго ва унинг қабиладошлари қарши туришади. Оқ танлиларнинг мустамлакачилик фаолияти ва хабашларнинг эзилишига қарши чиқаркан, Мериме 20-йиллар илғор француз адабиётида кенг тарқалган мавзуни ривожлантиради. Мисол учун, ўша йиллар шу мавзуда яратилган Виктор Гюгонинг “Бюг-Жаргаль” романи китобхонлар даврасида эътибор қозонган эди. Бу даврда романтизм йўлини танлаган Гюгодан фарқли ўлароқ, Мериме идеаллаштирилган ва реал воқеликдан устун тургувчи қабила бошлиғи образини яратмайди. Адиб ўз қаҳрамонининг ибтидоий одамлигини, ёввойи қиёфасини бор бўйича тасвирлашга ҳаракат қилади. Таманго, бошқа хабашлар каби жоҳил, бидъатларга ишонувчи, кўр-кўрона туйғулар таъсиридаги худбин ва шафқатсиз киши. Бироқ, Тамангога ўзини қул қилмоқчи бўлганлардан юқори тургувчи чуқур инсоний туйғулар ҳам хосдир. Бу ҳолат унинг эркинликка интилишида, садоқатида, тийиқсиз бўлса-да, қудратли ҳисларга қодирлигида, оғир синовлар пайтида намоён бўлган мағрурлиги ва матонатида кўзга ташланади. Шу тариқа китобхон ўта разил буржуа  Ледуда, одамови Тамангога қараганда кўпроқ ваҳшийлик туйғуси яширинлигини тушуниб етади.
Шу боис новеллада Тамангони қулликда кечган аламли ва машъум қисмати тўғрисида ҳикоя қилувчи якун ўткир киноя тарзида ўз ифодасини топади. Бу ерда ёзувчининг ҳар бир сўзи чуқур киноявий маънога эга. Плантаторлар, Тамангони ҳаётга қайтариб, уни намунавий полк ноғорачисига айлантирадилар, улар хабашга марҳамат кўрсатганларига ишончлари комил эди. Бироқ, эркинликка ўрганган қора танли паҳлавон – бу “марҳаматлар”дан ичикиб, ичкиликка ружу қўяди ва тез орада касалхонада вафот этади.
“Таманго” новелласи якуни XIX аср ғарб реалистик прозасида мус­тамлакачилик мавзусининг кескин танқид қилинишида ўзига хос муҳим аҳамият касб этди.
Ахлоқий фазилатлар бойликнинг қабиҳ ҳукмига бўйсуниши ва манфаатпарастликка мувофиқ келмаслиги тўғрисидаги мулоҳазалар Мерименинг бошқа бир новелласи – “Триктрак ўйини”  (1830)да муаммо тарзида кўтарилади. Унда навқирон денгиз зобити, лейтенант Роженинг руҳий драматик ҳолати берилган. Пул учун ўз тийнатига хиёнат қилгани, ҳатто ўғриликкача пасткашлашгани борасидаги ўй-фикрлар Рожега тинчлик бермайди. Бу ҳолат аста-секин унинг руҳий мувозанатига ҳам путур етказади. Мериме ўз новелласига ушбу ғоявий ва психологик мотивларни сингдириб, уни тўсатдан руҳий барқарорликдан маҳрум бўлиб қолган кимсанинг ақл назоратидан чиқиб кетаётган кечинмаларини жонлантираркан, зўрайиб бораётган руҳий изтиробини тасвирлаш билан якунлайди. Мериме XVIII асрдан мерос бўлиб қолган руҳий ҳаёт қонуниятлари хусусидаги рационалистик тасаввурларни енгиб ўтаркан, бадиий адабиётдаги психологик таҳлил чегараларини янада кенгайтирди. Шу билан бирга ушбу таҳлил тури ёзувчи учун бош мақсад эмасди асло. Лейтенант Роженинг фожеавий кечинмалари ҳақида ҳикоя қиларкан, муаллиф биринчи навбатда бу кечинмаларни келтириб чиқарган объектив ва ижтимоий сабабларни аниқлашга интилади.
Бир қатор новеллаларида (“Этруск гулдони”, “Қўшалоқ хато”, “Арсена Гийо”)  Мериме жамиятнинг бераҳм ва бағритошлигини қоралайди. Ахлоқсиз ва риёкорликка муккасидан кетган жамият, Мериме тасвирлаб ўтганидек, ёрқин танҳо тийнатларни ҳазм қилолмайди. У самимий туйғуларнинг ҳар қандай кўринишига душманона муносабатда, ўзига сал бўлса-да мос келмайдиган барча ақидаларни йўқ қилишга уринади. Табиатан нозиктаъб кишиларда эса ўткир жиззакилик ҳиссиётини уйғотади, атрофдагиларга ишончсизликни туғдиради.  “Этруск гулдони” (1830) новелласи қаҳрамони Сен-Клер ҳаётда самимий ва табиатан мулойим, атрофини ўраб олган маънавий қашшоқ жамоадан фарқли ўлароқ, кучли туйғуларга қодир киши. Айнан шу сабаб жамият Сен-Клерга нисбатан душманлик кўзи билан қарайди, охир-оқибат уни нобуд қилади.
Айнан ушбу мавзунинг реалистик ечимини биз Мерименинг сара новеллаларидан бири – “Қўшалоқ хато”да кузатамиз. Ушбу новеллада бош қаҳрамонлар уч нафар. Уларнинг ҳаммаси ҳам у ёки бу даражада худбинликка учраган, атрофида ҳукмрон пул ҳокимияти томонидан мажруҳланиб, қулга айлантирилган шахслар, масалан, Шаверни – тўпори ва бачкана мулкдорнинг типик мужассами.
Айни пайтда Мериме ўз замонасининг инқилобий-республикачилик ҳаракатидан узоқ бўлиб, ишчилар синфининг курашига салбий муносабатда эди. Унинг тасаввурини ҳаяжонга солувчи халқ ҳаёти романтикасини Мериме ҳали буржуа тамаддуни қамраб улгурмаган мамлакатлардан излашга уринади ва Корсика (“Маттео Фальконе”, “Коломба”) ҳамда Испаниядан (“Кармен”) қидиради. Бироқ, бадиият илҳомлантирган қаҳрли қаҳрамонлар, халқ орасидан чиққан оддий кишилар образларини яратаркан, Мериме уларнинг ботиний қиёфаларидаги қадимий ёки ибтидоий қирраларни руссочасига ёки романтик йўсинда идеаллаштиришга интилмайди, ўз нав­батида, уларни ўраб турган ёввойилик, қолоқлик ва қашшоқлик онгида туғдирган салбий, хунук томонларини ҳам яширмайди.
Илк бор ушбу мавзу адибнинг “Маттео Фальконе” (1829) новелласида, асар қаҳрамонларининг фавқулодда бўрттирилган образида жаранглаган. Мазкур мавзунинг кейинги ривожини Мерименинг 1831–1833 йиллар “Ревю де Пари” журналида чоп қилинган “Испаниядан мактублар” номли тўрт очеркида кузатамиз. 1840 йилда эълон қилинган, ҳажман жажжи роман жанрига яқин “Коломба” (1840) новелласида бу мотив тўлиқ ўз ифодасини топади.
Ушбу новелла сюжети контраст усулига мос ҳолда қурилган. Делла Реббиа ва Барричини оилалари ўртасида юзага келган душманлик адовати зиддиятларини тасвирларкан, Мериме мутлақо бир-биридан фарқли икки дунёқарашни, ҳаётга икки муносабатни қарама-қарши қўяди. Улардан бири қиссанинг бош қаҳрамони Коломбада мужассам бўлган, илдизлари адолат ва ор-номус тўғрисидаги халқона тасаввурларга бориб тақалса, бошқаси буржуача ахлоқ заминида шаклланган риёкор ва мунофиқ адвокат Барричини сиймосида мужассамлашган. Агар Коломбо учун аскарлик жасорати ва мардликдан улуғроқ туйғу бўлмаса, Барричинининг асосий қуроли пул, пора, ҳуқуқий фисқ-фасоддан иборат бўлиб кўринади.
Новелланинг қолган образлари ҳам ёзувчи томонидан таъсирчан, бадиий жиҳатдан маҳорат билан яратилган. Бу, авваломбор, Коломбонинг акаси Орсо-Ватерлоо жангининг қатнашчиси, истеъфога чиққан француз зобитидир. Қадрдон заминдан узилиб қолган Орсонинг ички кечинмалари қиссанинг муҳим ғоявий йўналишларидан бирини ташкил этади. Очиқкўнгил ирландиялик, полковник сэр Томас Невилнинг қизи Лидиянинг ботиний қиёфаси воқеалар давомида кўрсатиб берилган. Тантиқ ва эркатой қизгина жонли воқелик билан тўқнашаркан, жамиятдаги шартлилик ҳақида аста-секин унутабориб, самимий туйғуларга кўпроқ бўйсуна бошлайди. Лидия Невелнинг назокатли, лекин нозик, қайсидир даражада заиф сиймоси ёзувчига қисса марказий қаҳрамонининг беназир ва ёввойи гўзаллигини янада яққолроқ ажратиб кўрсатишга ёрдам беради.
Мериме ўзининг машҳур новеллаларидан бири “Кармен”да (1845) ҳам контраст усулидан фойдаланади. Бир томондан, қаршимизда ҳимоячи, қизиқувчан олим ва саёҳатчи, нозиктаъб, аммо бирмунча заифлашган европача тамаддун вакили бўлиб кўринган муаллиф ўқувчи эътиборини ўзига тортади. Унда, албатта, ҳикоячининг таржимаи ҳолига оид деталлар кўзга ташланади. Тўғриси, тафаккурнинг инсонпарварона ва халқчиллик тарзи Мерименинг ўзини ёдга солади. Аммо, муаллиф- ровий сиймоси қайсидир даражада киноявий тарзда ёритилган. Ҳикоячининг илмий изланишларини баён қилганида, уларнинг асоссиз  ва мавҳумлигини кўрсатганида ёки ўз қаҳрамонининг атрофида қайнаб жўшаётган ҳаёт драмасини хотиржам кузатишга мойиллигини тасвирлаганида муаллифнинг лабларида истеҳзоли табассум пайдо бўлади, ушбу муҳим чизгиларнинг вазифаси – Кармен ва дон Хосега хос бўлган бетакрорлик, эҳтирослилик, табиий қудратни имкон қадар ёрқинроқ намоён этишда қўлланади.
Дарвоқе, Кармен ва дон Хосенинг кучли эҳтиросларга берилиш қобилиятида ўқувчини ҳайратга солгувчи, улар табиатининг барқарорлиги, сиймоларидан таралаётган жозиба манбаи қаҳрамонлар жисмида жо бўлиб келади. Кармен ўзи вояга етган жиноий муҳитдан кўпгина ёмон иллатларни ўзига сингдирган. У ёлғон гапирмай, ўзгаларни лақиллатмай яшолмайди, у ишқий ўғрилик ҳийласида иштирок этишга ҳам тайёр. Карменнинг зиддиятли, ботиний қиёфасида ҳукмрон жамиятнинг заифлашган ёки тошбағирлашган вакилларида бўлмаган ажойиб руҳий сифатлар мавжуд. Бу – унинг учун энг сирли туйғу – муҳаббатда, самимийлик ва софликда намоён бўлади. Соҳибжамол Кармен ўта мағрур, ашаддий эрксеварлик, ботиний мустақиллигини сақлаб қолиш учун ҳаммасини, ҳатто ҳаётини ҳам қурбон қилишга тайёр.
Ўз ижодий фаолияти сўнгида Мериме яна бир неча новелла ёзди. Албатта, “Мовий хона” (1866), “Жуман” (1870) ва айниқса, “Локис”да (1869) биз новелланавис Мерименинг сайқалланган бадиий услуби ва аломатларини кузатамиз.
Мериме новеллалари ёзувчи адабий меросининг энг ёрқин саҳифаси бўлса, ажабмас. Ёзувчининг сара асарлари XIX аср француз реалистик прозасининг ривожланишида муҳим роль ўйнади.
Ўтган асрда адиб новеллалари ва  “Карл IX салтанатининг йилномаси” романи таниқли адабиётшунос ва таржимон, устоз Озод Шарафиддинов томонидан она тилимизга ўгирилди ва бир неча бор қайта нашр қилинди. Яқинда, академик Акмал Саидов сўзбошиси билан Мериме асарларининг бир жилдлиги нашрдан чиқди.

2018/12

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi