ФИКР – ФАҲМЛАШ ИБТИДОСИ

ahmadjon_meliboyev-640x400

Дунё одамзот учун яратилган. Бинобарин, уни асраб-авайлаш, жиҳозлаш, зарур бўлганда қутқариш ҳам одамзотнинг ўзига, унинг эзгу, гўзал амалларига боғлиқ. Шундай амаллардан бири Ўзбекистон Президентининг БМТ минбаридан туриб, “Маърифат ва диний бағрикенглик”  деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш тўғрисидаги таклифи бўлди. Инсониятнинг бу ёруғ оламда тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаши учун ғоят муҳим бўлган бу тарихий ҳужжатни  дунё ҳамжамияти якдиллик билан қўллаб-қувватлагани Ўзбекистоннинг дунё олдидаги нуфузини янада оширди.
Бир йил тарихан  қисқа давр. Аммо унинг ҳар куни, ҳар бир соатидан мақсадга мувофиқ фойдаланиш унумли самараларга олиб келиши аниқ. 2018 йили ташқи сиёсат соҳасида янги сермазмун саҳифалар очилди, қатор хорижий давлатлар, биринчи навбатда,  қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатлар тикланди. Йўллардаги сунъий тўсиқлар олиб ташлангани бир оила аъзоларининг, қариндош-уруғ, дўст-қадрдонларнинг дийдорлашувига йўл очди, Ўзбекистон раҳбарининг яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳурмат-эҳтиромга асосланган янги сиёсати маъно-моҳиятини дунёга намоён этди. Одамларнинг талаб-истакларини рўёбга чиқариш, уларни эшитиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш  янги  сиёсатнинг муҳим йўналишига айланди. Давлатимиз раҳбарининг мамлакат Парламентига мурожаатномасида бу йўналишдаги ислоҳотлар 2019 йилда ҳам изчиллик билан давом эттирилиши маълум қилинди. Бундан англашиладики, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўзини амалга оширилаётган ислоҳотларга бевосита даҳлдор деб ҳис қилиши, фаол ташаббускор бўлиши, ғайрат-шижоат намуналарини  кўрсатиши зарур.
Йил давомида ҳаётимизда жиддий ўзгаришлар юз берди. Йирик замонавий саноат объектларининг ишга туширилиши, 336 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилгани,  шаҳар ва қишлоқларимизда жами 3,5 миллион квадрат метрдан зиёд намунавий уйлар ва кўпқаватли уй-жойлар фойдаланишга топширилгани, аҳолининг даромадлари 12 фоизга ошгани, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими янада такомиллашаётгани, шубҳасиз, катта ютуқ. Мамлакатимизда ёш оилалар ҳар жиҳатдан қўллаб қувватланаётгани, уларга ва ногиронларга уй-жой берилаётгани, фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган аёлларга қўшимча ижтимоий ёрдам кўрсатилаётгани дунё миқёсида олганда ҳам янгиликдир.
Ўзбекистон бугун давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, миллий тараққиётга эришишнинг бошқа самарали йўли йўқ. Замон шиддат билан ривожланиб бормоқда, эндиликда жамиятга янги фикр, янги ғоя, янги инновацион сиёсат, янги етук кадрлар зарур. Бусиз кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Бундай йўлни танлаганлар, шубҳасиз, ютади.
Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш ҳеч қачон эскирмайдиган, кун тартибидан тушмайдиган вазифалардан бири. Шундан келиб чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёев “Давлат хизматлари тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш вақти келганини таъкидлади.  Бу қонуннинг қабул қилиниши мамлакатда коррупция, порахўрлик, таъмагирлик каби жиноий хатти-ҳаракатларнинг олдини олади. Давлат ўз хизматчисининг бугуни, эртаси ва, умуман, тақдирига кафил экан, бундай айнишларга ўрин қолмайди. Мансабдан кетсам тирикчилигим нима бўлади, деган хавотирга тушмайди.
Президент Парламент фаолиятидаги сусткашликка, ташаббускорликнинг етишмаслигига яна бир бор тўхталиб ўтди. Дарҳақиқат, депутатларнинг  иши кўп ҳолларда расмий йиғилишлардан, юзаки муҳокамалардан иборат бўлиб қолмоқда. Бугунги кунда соғлиқни сақлаш, олий ва ўрта махсус таълим  тизимида талай камчиликлар мавжудки, уларга бефарқ қараб бўлмайди. Давлатимиз раҳбари Қонунчилик палатасида Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича алоҳида қўмита ташкил этиб, унинг аъзолари асосан ҳудудларда фаолият кўрсатиши зарурлигини таклиф этди. Олий Мажлис раҳбарияти қонунлар муҳокамасига  халқ оммасини янада кенг, самарали жалб қилиши, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиши, Интернет тармоғида махсус “майдонча”лар яратиши зарур. Ҳар бир фуқаро давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича  фикрини эмин-эркин билдириши, бунинг учун “Менинг фикрим” махсус веб-саҳифасини ташкил этиш кўплаб зилол сувли булоқларининг кўзини очади, донишманд халқимизда мамлакат тақдирига дахлдорлик туйғуси кучаяди, маънавий уйғоқлик юзага келади, муаммоларнинг ечим йўллари топилади.
Мурожаатда давлатнинг функция ва ваколатлари ҳаддан ташқари марказлашиб кетгани рўй-рост айтилди. Бу усулдан воз кечиш зарур. Юртбошимизнинг вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларига кўпроқ мустақиллик бериш тўғрисидаги таклифини тадбир иштирокчилари мамнуният билан кутиб олдилар. Туман ҳаётига тааллуқли оддий  муаммони марказий идоралар орқали ҳал этиш, бунинг учун қанчадан-қанча қоғоз қоралаш, навбат кутиш, имзо қўйдириш, димоғдор “тўра”ларнинг қабулхоналарида сарғайиб ўтириш жамиятнинг бугунги даражасига мутлақо тўғри келмайди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари 2019 йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш” йили деб ном беришни таклиф этди. Йиғилиш иштирокчилари  таклифни якдиллик билан қўллаб-қувватладилар. Чунки, бугун хорижий сармояларсиз, кучли ижтимоий сиёсатсиз мамлакатни ривожлантириб бўлмайди. Энг аввало, ўз маблағини бошқа бир мамлакат иқтисодиётига киритмоқчи бўлган сармоядорларнинг ишончини қозониш, бунинг учун ҳуқуқий кафолат тизимини шакллантириш, маблағлардан самарали фойдаланишга эришиш зарур бўлади. Мурожаатда айтилганидек, бугун ҳар бир киши, лавозими ва ваколатидан қатъи назар, ўз билими ва маҳоратини муттасил ошириб бориши, раҳбарлик маданиятини чуқур  эгаллаши зарур. Негаки, бизни чиндан ҳам “оғир йил кутиб турибди. Халқимиз таъбири билан айтганда, сув келса симириб, тош келса кемириб, танлаган йўлимиздан қайтмаслигимиз шарт. Ҳаётда ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди. Ўзимиз ҳаракат қилмасак, ҳеч ким бизга беғараз ёрдам бермайди. Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмаслигимиз керак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол ишласак, ўз олдимизга қўйган мақсадларга, албатта, етамиз”.
Мурожаатнома матнини қайта-қайта ўқир эканман, кўнглимдан шу мулоҳазалар ўтди. Йил йилдан фарқ қилмоқда, дедик. Худди шундай,  дунё ҳам кечаги дунё эмас. Муҳим стратегик  чорраҳаларда эски асрдан янги асрга  кўчиб ўтган, кўлами кенгайиб бораётган хавфли  кураш  давом этмоқда. Унинг замирида табиий бойлик, мўмай хомашё заҳиралари тасарруфини қўлга киритиш, ўзга халқларнинг асрлар давомида шаклланган  турмуш тарзини “ислоҳ” қилиш, ёшлар онги ва қалбини эгаллаш учун уларнинг эътиқодларини сусайтириш, бефарқлик, масъулиятсизлик касалига мубтало қилиш, миллий маданият асосларини  оломон маданиятига алмаштириш мақсади ётади. Бундай ҳаракатлар ошкора эмас, турли ниқоблар остида  олиб борилади. Ҳаётий тажрибаси етарли бўлмаган, турмушнинг оғир синовларига дуч келмаган, ҳамма нарсага ҳавас кўзи билан қарайдиган ёшлар кутилмаган “илтифот”ларга  маҳлиё бўладилар, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай нияти бузуқ кимсалар қўлида ўйинчоққа айланиб, ота-боболарига хос миллий-маънавий илдизлардан узоқлашганларини сезмай  қоладилар.  Мафкуравий хуруж кўринмас офат янглиғ халқ, миллат ҳаётига қўнғироқ чалмай  кириб келади,  илдиз отади, одоб-ахлоқ қоидаларини емиради, онг-шуурда хиёнат ва сотқинликка  майл уйғотади. Шундай экан, ҳар биримиз – вазирми, депутатми, вилоят ёки туман ҳокимими, сиёсий партия етакчиси ёки ижодкор зиёлими – барчамиз огоҳ бўлишимиз, мулоқотдан ўзимизни четга олмаслигимиз шарт. Неча минг йилдирки, дунёнинг жамики ютуқлари асосида шу оддий инсоний фазилат ётади.
Давлатимиз раҳбарининг халқ билан мулоқот қилиш, уни тинглаш сиёсати эълон қилинганида, бу янгиликка айримлар ажабланиб қарашди. “Одамлар бошингни қотириб ташлайди, ҳамма ўзининг муаммосини айтади, бошқани ўйламайди”, дегувчилар ҳам  бўлди. Не бахтки,  мулоқотлар чоғи шахсий маиший муаммолар билан бирга, жамият, давлат манфаатлари, миллатнинг шаъни, Ватанимизнинг фахри-ғурури, юртимизнинг келажаги билан боғлиқ ғоят муҳим таклиф-мулоҳазалар куюнчаклик билан айтилдики, бу ҳолат одамларда сиёсий маданият, ижтимоий фаоллик туйғуси ошиб бораётганининг тасдиғи эди.
Ёшлигимда қишлоғимиз оқсоқолларидан эшитган ушбу таъриф ҳамон ёдимда: “Ўзи дуруст йигит, аммо гапининг ушови йўқ…”. Ушов – фикр, гапнинг мағзи, пўсткалласи. Синчков киши ҳузурига келган одамнинг мақсад-муддаосини сўз бошлаши биланоқ, ранг-рўйига қараб ҳам англайди. Донишмандлар фикрни ҳаётнинг жон булоғига қиёслашади. Фикрдан тўхтаган одамнинг умри ҳам тўхтайди, энди у фақат мавжуд бўлиб қолади, дея ўзларига сабоқ беришган, бу аччиқ ҳақиқатдан бошқаларни ҳам огоҳ қилишган.
Фикр жамиятни, давлатни ҳаракатда, курашда, изланишда, демакки, ривожланишда ушлаб туради. Фикрлар хилма-хиллиги миллий тараққиёт йўлларини очади. Фикр мудрай бошласа, унга этиёж сусайса, жамият  ҳам мудрай бошлайди. Абу Ҳомид Ғаззолийнинг қуйидаги фикрига эътибор беринг: “Суннатда бир соат фикр қилиш бир йиллик нафл ибодатидан яхшидир. Аллоҳнинг китобида ҳам тадаббур ва эътибор, мулоҳаза ва тафаккур хусусида кўп тарғиблар бор. Фикрнинг нур калити ва фаҳмлаш ибтидоси экани сир эмас. У илмларни овлайдиган тўрдир…”
Илмларни эгаллашдаги сусткашлик, бепарволик хусусида кўп ва хўб ёзилган. Абдулла Қодирийнинг “Аҳволимиз” шеърида ўқиймиз:

Кўр бизнинг аҳволимиз, ғафлатда қандай ётамиз,
Жойи келган чоғида виждонни пулга сотамиз.
Ўғлимизга на адаб, на фан, на яхши сўйламак,
На худони буйруғи бўлган улум ўрготамиз.
Қорнимиз шундан иборат бўлди ушбу чоғда,
Ўнтадан бедона боқиб, ёзу қиш сайротамиз.
Ҳамда ҳар кун такяларда наша, кўкнори чакиб,
Баччага кокил солиб, оҳ-воҳ билан ўйнотамиз.
Келингиз, ёшлар, зиёлилар, бу кун ғайрат қилинг,
Ухлаганлари агар Қодир эса, уйғотамиз.

Улуғ адибнинг қуйидаги шеъри янада таъсирли:

Кел, эй миллат, бу кун бир маслаҳат бирлан қарор ўлсун,
Бу кундан ўткан ишларға пушаймон бирла ор ўлсун.
Қилайлик бу куни ғайрат, ҳама бирдан қилиб ҳиммат,
Жаҳолат чўлу саҳросики, минбаъд сабзазор ўлсун.
Адашмай кумушу олтинни ҳама боёнлар асло,
Солиб дорилфунунлар ҳамда мактаблар ҳазор ўлсун.
Ўқишсин миллат авлоди, бизни доим дуо айлаб,
Қилиб таҳсил улумларни фунуна яхши ёр ўлсун.

Таниқли мутафаккир  Исмоил Гаспринский “Таржимон” газетининг 1883 йил 15-сонида эълон қилинган “Меҳнат ва тараққиёт” номли мақоласида куюниб ёзган эди: “Муаллимлик (бизда) қадрсиз, шарафсиз. Мактаблар ночор. Мадрасалар ночор. Лондонга боринг-да, биринчи дуч келган мактабга киринг: 10-12 ёшлик болаларнинг фикр-қарашлари қанақа? – Биздаги қирқ ёшлик кишилардек фикрлайдилар. Бир неча тил ўрганадилар, етти-саккиз фан ўқийдилар… Мактабда илм ўргатилади. Кўчага чиқсангиз, оддий одамлар ҳуқуқ ва фалсафа, ижтимоиёт ва сиёсат ҳақида шундай фикрлайдиларки, ҳайрон қоласиз. Кутубхоналарда хилма-хил тилларда миллионлаб китоблар… Фабрика-заводларга киргудек бўлсак, унда кўрганларимиз биз учун охирзамоннинг нақд ўзи: беш юз йиллик эман қалинлигидаги маъданни ёғдай кесадилар, минг пудлик темир чўкич уни  дазмоллаб, инжа (нафис) тунукага айлантиради. Инглизлар бунга меҳнат ва билим туфайли эришдилар…”
Бундай аянчли аҳволни Тавалло жуда ўхшатиб ҳажв қилади:

Оврупо аҳли, сиз қулоқ тутингиз,
Биз ҳунарлар ёзуб тонуштирамиз.
Келтурунг занбарак, қурол неча хил,
Бизни собқон била отуштирамиз.
Афтомобил аробангиз қайда,
Ҳўқанд арба билан чопуштирамиз.
Биз билурмиз, сиз тўғри сўзни(нг) қули,
Лек биз ялғонлар қотуштирамиз.
Дўстни душман этуб, солиб иғво,
Гап тошуб ўртага чоқуштирамиз.

Шундай бўладики, ҳаётимизда, турмуш тарзимизда  мавжуд айрим  камчиликлар, феъл-атворимиздаги нуқсонлар, тарбиянинг бузилаётгани, бепарволик, танбаллик, ўзимбўлайчилик кайфиятлари  хусусида гап очилса, кўплар буларнинг ҳаммасига бугунги “алғов-далғов, ур кетди, сур кетди”  замон, яъниким глобаллашув айбдор дейди. Зиммасига ҳеч нима олмайди.  Аслида-чи? Бу саволга шоир Тавалло ўз вақтида ғоят ўринли жавоб берган:

Тескари деманг, замон, бизнинг юришлар тескари,
Элдин ибрат олмайин, бизда туришлар тескари.
Йўқ деманг, бизда муҳаррир, шоир, эй, аҳбоблар,
“Ой юзунгдан, вой кўзунгдан” деб ёзишлар тескари.
Ўзгалар тонг отмайин мактабга юзланганида,
Тушгача уйғонмайин бизда ётушлар тескари…

“Тараққий топган миллатлар эрта тонгда саф-саф бўлиб, илму маърифатга йўл тутсалар, биз тўда-тўда бўлиб ошга чопамиз”, дейди Фитрат домла.
Қўшиқ ихлосмандлари  “Манам Мажнуни ишқ, дўстларки, бир Лайлони изларман, Жамоли гул, сочи сунбул, кўзи шаҳлони изларман”, деб бошланувчи машҳур ашулани яхши билишади. Ушбу қўшиқ муаллифи қуйидаги сатрларни ҳам битган:

“Илмсизликдан бўлур бўлса қаю миллат хароб,
Илмсизликдан келур миллатга келса ҳар азоб,
Илмсизликдан қилур чўх ғайрилар бизга итоб,
Илмсизликдан эрур тўти уйи жойи ғуроб,
Эй мусулмонлар, бизим сиздан бу одат истариз,
Илм учун жаҳду жадал қилмоқ давомат истариз.
Барча миллат ичра бизлар илм учун муҳтожмиз,
Илмсизликдан мудом музтар ўлуб, қаллочмиз,
Тўйдилар бегоналар илм ила, бизлар очмиз,
Илм боғида ҳама булбул эса, қашқочмиз,
Эй мусулмонлар, бизим сиздан бу одат истариз,
Илм учун жаҳду жадал қилмоқ давомат истариз…”

ХХ аср бошларида “Илмсизлик миллатни охир-оқибат хароб қилади, эл-юрт бошига неки азоб, неки хароблик келса, билингки, бу – илмсизлик оқибатидир. Бошқалар илм булоғидан баҳраманд бўлиб, тўйиб турганларида, биз оч-яланғоч ўтирибмиз. Бас, биз ҳам илм олишга жаҳду жадал қилайлик, илм боғида булбулдек сайрайлик. Умр беҳуда ўтиб кетади, чойхонаю майхонани макон айлаб, ёнбошлаб ётавермайлик. Олиму фозиллар  боис дину миллат обод бўлғай”, дея ўз ватандошларини илм зиёсига даъват этган шоир ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида Тошкентда шаклланган адабий муҳитнинг Сидқий Хондайлиқий, Камий, Тавалло, Хислат каби вакилларидан бири Мискин домла бўлади.
Бугунги мураккаб шароитда ҳар бир давлат ўзи кўзлаган мақсад сари интилар экан, илм-фан ютуқларидан ғоят самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоғи лозим. Мутафаккир боболаримиз айни шу ҳақиқатни кўп бор такрорлашган. Якунланган йилнинг муҳим ютуқларидан бири давлатимиз раҳбарининг илм-фан ривожига алоҳида эътибори бўлди, десак, муболаға бўлмайди. Деярли фалаж аҳволга тушиб қолган Фанлар Академияси томирларига жон кирди, моддий-техник базаси мустаҳкамланди, академия таркибида  қатор илмий-тадқиқот институтлари ва марказлар ташкил этилди.  Шу билан бирга, мамлакатимиз олий ўқув юртларининг сони сезиларли даражада ошди, нуфузли хорижий ўқув юртларининг филиаллари иш бошлади, кечки ва сиртқи бўлимлар тикланди. Умрини илм-фан тараққиётига бағишлаган муҳтарам олимларимизга эътибор кучайди, “Устоз-шогирд” мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. Олий ўқув юртлари раҳбарларига маълум  мустақилликлар берилди. Энг муҳими, “квота” деган тўсиқ бекор қилинди. Фақат футболда эмас, илмий йўналишда ҳам ўзига хос “селекция” билан шуғулланиш, иқтидорли ёшларни имтиёз асосида ўқишга қабул қилиш топшириғи берилди. Вилоятларда Президент мактабларини ташкил этиш жараёни бошланди. Ижодкорларни қўллаб-қувватловчи “Илҳом” жамоат фондининг ташкил этилиши, маданият ва санъат муассасалари ҳамда йирик компания ва банклар ҳамкорлигида “Дўстлар клублари” фаолият бошлагани ҳам йилнинг қувончли воқеалари сафидан жой олди.
Мурожаатномани қайта-қайта ўқир эканман, ён дафтаримга ушбу фикрларни ёзиб қўйдим: “Мамлакатда ишончли инвестиция муҳитини  яратиш керак. Ўзбекистон ҳар жиҳатдан ишончли мавқега эга бўлсагина, сармоядорлар сафи кенгаяди. Бунинг учун улар билан ишлашга доир жаҳон тажрибасини ўрганиш зарур. Ҳар бир раҳбар шу муҳитни яратишга ҳисса қўшиши, бунинг учун ўз устида ишлаши, малакасини ошириши, зарур бўлса, илғор фикрловчи ёшлардан ҳам нималарнидир ўрганиши лозим. Малака ва савияни оширмай, илмий тафаккур булоқларини очмай туриб бу вазифани бажариб бўлмайди. Дунё кун сайин ўзгариб бормоқда. Бу жараёндан орқада қолиб кетган раҳбар, наинки бирор лавозимда, шахсий ҳаётида ҳам орқада қолиб кетади. Иқтисодиётда бозор муносабатларига тўла ўтмоқдамизми, унинг ёзилган ва ёзилмаган қонунларига тўла амал қилишимиз талаб этилади. Ҳаммага бир хил шароит яратилиши,  “эркатой”, танқид ва назоратдан холи ташкилотлар бўлмаслиги зарур”.
Дунё давлатчилиги тарихидан маълумки, миллий тараққиётга эришиш учун жамиятнинг маълум қатлами вакиллари эмас, улар билан бирга барча-барча биргаликда, бир мақсад йўлида қатъий ишонч билан ҳаракат қилмоқлари даркор. Бу хусусда таниқли тарихчи олим Бахтиёр Исоқов шундай ёзади: “Ҳар бир одам эсини таниганидан бошлаб, орзу-ҳаваслар оғушида яшайди. Орзулари амалга ошадиган куннинг келишига умид боғлайди. Умид инсоннинг қалбини ёритувчи шамчироқ. Шу шамчироқ ўчмаса, умид ҳам сўнмайди. Умидбахшлик эса эртанги кунга бўлган ишончни оширади. Ишонч туйғуси барқарор экан, инсон янада кучли ва журъатли бўлиб бораверади…”
Бугун Ўзбекистон, унинг кўпмиллатли халқи айни шу туйғу, шу  ишонч билан яшамоқда. Юртимиз ибрат ва ҳавас манзилига айланиб бораётир.  Оғир синовлардан омилкорлик билан ўта олишимизни, мамлакат иқтисодиётининг бугуни ва эртанги истиқболини, моддий ва маънавий “заҳира”ларимизни, яна нималарга қодирлигимизни яхши биламиз. Шу билан бирга, олдимизда янада масъулиятли вазифалар турганини ҳам тасаввур қиламиз. Бу вазифалар Мурожаатномада аниқ-равшан айтиб ўтилди: мамлакатда қатъий тартиб-интизом ўрнатилиши, ижро маданияти кучайиши, иқтисодий ўсиш суръати ошиши, инфляция жиловланиши, дунё мамлакатларининг иқтисодий тажрибасини ўрганиш, статистика юритишни эркинлаштириш (бу жуда оғир вазифа), солиқ тўлаш маданиятини ошириш, лоқайдлик, дангасалик, боқибеғамликка барҳам бериш зарур. Аҳоли саломатлигини сақлаш, ҳалол меҳнатни рағбатлантириш, ҳар соҳада соғлом рақобат бўлишига эришиш ҳам муҳим. Ташкилотлардан бирининг масъул ходими телевидение орқали қанча кишига ногиронлар аравачаси тарқатилганини муҳим ютуқ сифатида айтганидан кўра, йил давомида  бу нуқсоннинг олдини олиш йўлида қандай профилактика ишлари олиб борилганини айтгани маъқул. Тест маркази ходими “Олийгоҳлар бинолари, йўлаклар ва аудиторияларга қанча кузатув аппаратлари ўрнатилганини маълум қилганидан кўра, ота-оналарни бу  ноҳалол йўллардан қайтаргани дуруст. Бунга эса оммавий ахборот воситаларидан, хусусан, телевидение ва радио имкониятларидан, газета-журнал саҳифаларидан  унумли фойдаланиш орқали эришиш мумкин. Жадид боболаримиз кўп бор таъкидлашганидек, жамиятда мавжуд бўлган (одамларнинг феъл-атворида ҳам) муаммоларнинг барчасини илм-маърифат, тафаккур, тарғибот-ташвиқот ишлари  билан ҳал қилса бўлади. Бунинг учун матбуот халқнинг ўй-хаёллари, дарду ташвишларига яқин бўлиши керак.
Савол туғилади: матбуотимизда шундай яқинлик мавжудми? ОАВ бугунги кун нафаси билан яшамоқдами? Жон-жонига, қон-қонига сингиб кетган ҳайбаракаллачиликдан халос бўла олдими? Умуман, ёзма журналистиканинг бугунги мавқеи қандай, келажаги борми?
Матбуот халқ ҳаёти билан яқинлашишга, ҳар қалай ҳаракат қилмоқда, бугунги кун билан яшашга, интернет билан мусобақада ўз мавқеини сақлаб қолишга интилиш бор. Айрим вилоят, шаҳар ва туман газеталарида журъатли таҳлиллар, “жизиллатадиган” мақолалар пайдо бўлмоқда. Аммо шунинг ўзи билан қаноатланиб бўлмайди.
Матбуотнинг асосий вазифаларидан бири ўқувчини, жамиятни хабардор қилиш эди. Ҳозир ҳам шундай. Бугун бу функцияни ОАВнинг кундан кунга фаоллашиб бораётган янги тармоғи – интернет журналистикаси қойилмақом қилиб бажармоқда. Эртага, ундан кейин ҳам айни шундай бўлади. Ёзма журналистика зиммасига эса ўқувчида фикр уйғотиш, тафаккурини чиниқтириш, воқеа-ҳодисалар моҳиятини тушунишига кўмаклашиш вазифаси юкланаётир. Бир мисол. Бир ерда девор қулаб тушган бўлса, интернетда бу тўғрида тахминан қуйидагича  хабар тарқалади: “Фалон жойда фалон иморатнинг девори гумбурлаб қулаб тушди. Шаҳарда ваҳимали миш-миш тарқалди. Қурбонлар ва жароҳатланганлар тўғрисида маълумотлар олинганича йўқ…” Шу воқеа тўғрисида хабар ёзмоқчи бўлган ҳурматли газета девор қаерда қурилгани, тупроқ таркиби қандайлиги, қурилишда қандай материаллардан фойдаланилгани ва бу ҳодиса бошқа жойларда такрорланмаслиги учун нима иш қилиш кераклиги хусусида мулоҳаза юритади. Яна мисол. Интернетда Россия Президенти Путин пойтахтни кўчириш тўғрисидаги таклифга рози бўлди, деган хабар тарқалди. Журналистик маҳоратдан бошқача мақсадда фойдаланишнинг ажойиб намунаси. Ўқувчи ҳаёлига дарҳол Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари келади. Орадан бир кун ўтгач, газеталардан бирида гап узоқ шарқ марказини Хабаровскдан Владивостокка кўчириш ҳақида бораётгани маълум қилинди.
Майли, шундай ҳам бўлсин, дейлик. Аммо миллий журналистикани ривожлантириш учун бошқа соҳалардан ҳашарга келган баъзи мутахассислар зўр бериб уқдиришаётганидек, бу ёзма ва оғзаки журналистика   бир-бирини инкор этувчи йўналиш ҳам, ягона ғолиблик учун  аёвсиз кураш мусобақаси ҳам эмас. Ҳар иккиси  бир-бири билан апоқ-чапоқ бўлиб, бир-бирини тўлдириб яшашга ҳақли ва шундай бўлиб қолади ҳам. Бир пайтлар телевидение яратилганида баъзилар театрларнинг ҳалокатини башорат қилган эди. Аммо бу янгилик туфайли икки ўртада соғлом рақобат юзага келди ва ҳар икки томон  бундан манфаатдор бўлди. Ёзма ва оғзаки журналистика баҳси ҳам шундай бўлишига ишончим комил. Фақат… айрим шартларга риоя қилинса, бас.
Улуғ ватандошимиз Исҳоқхон Ибрат “Газет хусусида” сарлавҳали шеърида шундай ёзади:

Газет кўрмаган бехабар халқлар
Мисли ўлгандир ва ё ухлаган.
Газет амру маъруф этар халқга,
Ёзар кўп хабарларни этмай ниҳон.

Ибрат домланинг “Садои Фарғона” газетаси нашр этила бошланганида таҳририятга йўллаган табригида газета “Миллатимизни тараққийга тарғиб айласун, сўзни қилмай афсона”, деган сатрлар бор. Шу икки мсолнинг ўзида матбуотнинг энг асосий вазифалари акс этиб турибди: газеталар халқни тараққиётга, илм-маърифатга даъват этсин, фикри мудраб қолганларни  уйғотсин, муҳим хабарларни четлаб ўтмасин, ҳаммасини очиқ-ойдин ёзсин. Афсонавий, яъни баландпарвоз  сўзларни ёзиб, ҳақиқатнинг юзига соя солмасин, энсани қотирмасин.
Ушбу сатрларни шарҳлашдан аввал, 2019 йил учун обуна мавсуми қандай ўтганига бир назар ташлайлик. Эллик йилдан зиёд вақтдан бери матбуот ишига дахлдор бўлиб юрган бир қаламкаш сифатида менинг кузатганларим шу бўлдики, вилоят, шаҳар ва туманларимизда газета-журналларнинг фидойи мухлислари, куюнчак ўқувчилари билан бирга, обуна деса юзига чечак, баданига қизамиқ тошадиган, “шу ташвишдан бир амаллаб қутулиб олайлик-да” дегувчи раҳбару раҳбарчалар, мутасаддилар ҳам бағоят кўп экан. “Фалон газета ёки журналдаги мақолани ўқидингизми?” деб сўраш қулоқларига оғир ботар экан. Мажбурий обунанинг бекор қилинишини улар байрамдай, узоқ чўзилган қишнинг ўрнини баҳор эгаллаганидай қабул қилишди.  Бунинг учун уларни айблаш фикридан йироқман. Айб ўзимизда. Аммо… ҳаммамизда эмас. Номи улуғ, супраси қуруқ, сўзида маъно-матра йўқ, бошдан-оёқ ҳавойи мақтов сўзлардан иборат, бир-бирини такрорлайдиган, ўқувчи онги ва тафаккурига ҳеч нарса бермайдиган “лаббайчи” нашрлар айбдор. Газетачилик ҳаддан ташқари жўнлашиб кетди, қизга, келинга, куёв болага матбуот нашри очиб бериш  тўйларимиздаги урфлардан бирига айланди. Ҳатто, бу тўғрида яхшигина латифа ҳам тўқилди: “Бир ота ношуд ўғлини уришаётганмиш: “Сен бола, кимга тортдинг ўзи? Дўкон очиб бердим, эплай олмадинг. Фермага мудир қилиб қўйдим, чорванинг ярмини очдан ўлдирдинг. Дубайга жўнатдим, бир мирисиз қайтдинг.  Уйингда шумшайиб ўтиргандан кўра, ҳеч бўлмаса, бирорта газет-пазет очишга ҳам қурбинг етмайдими?…”
Оқибат шу бўлдики, журналистикада кадрлар тақчиллиги юзага келди. Малакали муҳаррир, тажрибали масъул котиб, дизайнер, саводли корректор топиш осон бўлмай қолди. Танишларимиздан бири газета очаётганини айтиб, мендан бош муҳаррирликка бирор кишини тавсия қилишимни сўради. “Муҳаррирни нима қиласиз, корректор топинг, гапнинг эга-кесимини жойига қўядиган, келишикларни фарқлайдиган, бўғинни тўғри кўчирадиган бўлсин”, дедим киноя қилиб. Тушунмади. Мана энди, мактаб ўқитувчиларини бўлар-бўлмас нашрларга ёппасига обуна қилдириш, обуна пулининг ярмини “туя” қилишдек  ярамас қоидага барҳам берилганида, таассуфки, “Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади”, деганларидек, бундан обрўли, сўзи салмоқли нашрлар зиён кўрди. Сўзим қуруқ бўлмасин, вилоятларимиздан бирида узоқ йиллик қадрдоним, дурустгина лавозим эгаси мен томонга аста энгашиб, “Устоз, Жаҳон адабиёти”ни, “Тафаккур”ни, “Шарқ юлдузи”ни, “Ҳуррият”ни ўқимасак, бошқа яна нимани ўқиймиз. Ўн йилдан бери обуна бўламан. Ҳамма сонлари уйимизда сақланади. Аммо… бу йил маъзур тутасиз. Обуна билан шуғулланганларни…”, деди овозини пастлатиб.
Бир неча йилдан бери республика “Маънавият тарғиботчиси” ўқув маркази сабоқларида қатнашаман. Малака оширишга асосан маорифчилар келишади. Якунланган йили умумий ўрта мактабларнинг директорлари ҳам келишди. Суҳбат асносида улардан яқин орада қандай китоблар ўқишгани, газета-журналларнинг қайси мақолалари ёдларида қолганини сўрайман ва… бу тўғрида гап очганимга қаттиқ пушаймон бўламан. Кап-катта кишини изза қилиш – хунук иш. Бир-икки кишини демаса, бошқаларида мутлақо жавоб йўқ. Мен уларга бугун китоб, газета-журнал ўқимай туриб, она тили ва адабиёт, тарих, чет тили ўқитувчилари, маънавиятчилар ўқувчиларга қандай дарс ўтишлари мумкин, дея  ажабланиб қарайман. Улар бўлса мактаб директорининг кундалик ташвишларидан бехабарлигим учун  менга янада кўпроқ ажабланиб қарашади.
Алқисса, бир-биримизга ажабланиб қарашдан фойда йўқ. Ниманидир ўзгартиришга тўғри келади. Бу ишни мактаб кутубхоналаридан бошласак, бир вақтлар ўзимиз ўқиган мактабларга бир қучоқ китоб, газета ёки журнал билан бориб, тил, адабиёт, тарих ва маънавият дарслари қандай ўтилаётганига қизиқсак, ёмон бўлмасди.
Газеталаримизнинг  сустлиги, муҳаррирларнинг журъатсизлиги, хусусий “қўлбола” нашрларда саводхонлик ҳаминқадарлиги ҳақида гап очилганда, мен журналистика факультетларига қабул қилиш қоидалари хусусида ўйлаб кетаман. Хижолатдан юзимга қизиллик югуради. Қартани ўзим очиб қўя қолай: журналистика факультетларига кирмоқчи бўлган абитуриентларни тахминан икки гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчиси – мактабда иншо ёки баённи чиройли ёзадиган, қуйи матбуотда хабар ва мақолалари эълон қилинган, ижод қаламига эга бўлай деб қолган ижодкорликка мойил ёшлар. Иккинчиси – ижодкорликдан йироқ, фақат  қуруқ ёдлаш хусусиятига эга йигит-қизлар. Тестдан қайси гуруҳ ўтади? Албатта, иккинчи гуруҳ. Бу тўғрида телевидение орқали  чиқиш қилдим. Журналистикага иқтидорли ёшларни қабул қила олмаяпмиз, дедим. Мутасаддилардан бири эътироз билдирди: “Сизларнинг вазифангиз ўша қуруқ ёдловчиларни ҳам ёзишга ўргатиш” деди буйруқ оҳангида. Ҳаёт минг йил аввал исботлаб берганки,  буйруқ, талаб ёки бошқа бир босим билан болани ижодкор қилиб бўлмайди. Яхши устоз тўрт йилда унинг қалбидаги нимжон куртакларни парваришлаб, уларни юзага чиқариши  мумкин, холос. Қабул қоидаларини ўзгартириш пайти келди,  бу ишни пайсалга солмаслик керак.
Шу ўринда бир таассуфимни ҳам айтиб ўтай. Бундан тўрт йил аввал   абитуриентлардан бирининг журналистика факультетига кириш учун ёзган ижодий ишини ўқиганим ёдимда. Одатда, ижодий ишнинг муаллифи, қайси вилоятдан эканлиги сир тутилади. Аммо, ишни ўқиб билдимки, бу йигитча сурхондарёлик, Шукур Холмирзаев, Тоғай Мурод, Менгзиё Сафаров асарларини сув қилиб ичиб юборган, мулоҳаза юритишига қараганда, мактабни тугатганига  кўп йиллар бўлган, ҳаётни чуқур ўрганган, ҳикоя, қисса ёзса ёзгудек  ижодкор экан. Жумла тузиш маҳорати, деталлардан фойдаланиши эътиборимизни тортди. Имтиҳон комиссиясининг раиси билан маслаҳатлашиб, иншони қайта-қайта ўқиб, унга энг юқори балл қўйдик. Аммо… бу ишимиздан фойда чиқмади. Тестдан ўта олмабди.  Кейин маълум бўлишича, ўша йили у  факультетга бешинчи марта ҳужжат топшириши экан. Бошқа келмади. Биз йўқламадик. Матбуот, балким бадиий адабиёт янги бир овоздан маҳрум бўлганини  ҳеч ким билгани ҳам йўқ.
Хулоса ўрнида журналистика назариясидан келиб чиқиб,  бир ҳақиқатни айтишим керак. Матбуот жамиятнинг демократик институтларидан бири. Бинобарин, жамият қандай бўлса, унинг институтлари қатори матбуот ҳам шундай бўлади. Жамият  олдида турган вазифалар ўз-ўзидан матбуотнинг ҳам бош вазифасига айланади. Икки йилдирки, жамият ўзгармоқда, танқидга тоқат пайдо бўлаётир. Давлат одамларни, одамлар эса давлатни тингламоқда. Бу муносабатта шаффофлик, очиқлик кўзга ташланаётир. Мақсад, узоқ келажакда эмас, бугун, эртага, ундан кейин ҳам яхши яшаш экан, ўзгариш навбати матбуотга келганини тан олайлик,  бу жараён оптималлаштириш, қотиб қолган андозалардан воз кечиш билан уйғунлашадиган бўлса,  буни ҳам тўғри тушунайлик. Адлия вазирлиги ходими собиқ тузум пайтида қабул қилинган, 1993 йилдан кейин вазирликда рўйхатга олинмаган жамики меъёрий ҳужжатлар бекор қилинганини расман маълум қилди. Оёққа тушов, тафаккур йўлига ғов бўлиб турган барча нарсалардан воз кечиш, ортиқча новдаларни кесиб ташлаш ҳосилга ҳосил қўшса қўшадики, асло боғнинг умумий қиёфасини бузмайди.

Аҳмаджон Мелибоев

2019/1

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi