Азизиддин НАСАФИЙ КОМИЛ ИНСОН КИТОБИ

Poetry

Тасаввуф ва ирфоннинг етук назариётчиси, ватандошимиз Азизиддин ибн Муҳаммад Насафий милодий XIII асрнинг бошида Насаф шаҳрида туғилган. Бу даврда Насаф ирфон ва тасаввуфнинг йирик марказларидан ҳисобланиб, фиқҳ, тафсир, ҳадис ва калом илми бўйича ҳам йирик олимлар ушбу диёрдан етишиб чиққан. Бошланғич маълумотни туғилган шаҳрида олган Азизиддин таҳсилнинг кейинги босқичини Бухорои шарифда давом эттиради. Бу ерда у тасаввуф, фалсафа, калом ва тиб илмларини чуқур ўзлаштиради. Айниқса, Ибн Сино таълимоти ва ҳинд фалсафаси унинг кейинги илмий ҳаётида сезиларли из қолдиради. Мўғул босқини сабаб, Насафий Мовароуннаҳрни тарк этиб, нисбатан осойишта макон қидириб, Хуросонга боради. У ерда шайх Нажмиддин Кубронинг шогирди Саъдиддин Ҳумувийга қўл бериб, маънавий сайру сулук одоби ва асрорини ўзлаштиришга киришади. Ваҳдат ул-вужуд таълимотининг асосчиси – Шайх Муҳиддин ибн Арабий ҳамда Шайх Нажмиддин Куброларнинг таълимотини уйғунлаштиради.
Азизиддин узоқ умр кўриб, Эрондаги Язд шаҳрининг Абркўҳ деган жойида вафот этади.
Азизиддин Насафийнинг  кўплаб асарлари бизгача етиб келган. “Кашф ул-ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар кашфи”), “Зубдат ул-ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар қаймоғи”), “Мақсад ул-ақсо” (“Сўнгги мақсад”), “Инсони комил” (“Комил инсон”), “Манозил ус-сойирин” (“Сайр этувчиларнинг манзиллари”), “Усул ва фуруъ” (“Асос ва рукнлар”), “Баён ат-танзил” (“Нузул этиш баёни”), “Мабдаъ ва маъод” (“Асл манба ва унга қайтиш”), “Мифтоҳ ул-ас­рор” (“Сирлар калити”), “Нафси инсоний” (“Инсоний нафс”), “Ваҳдати вужуд” (“Борлиқнинг ягоналиги”) ана шулар жумласидандир.  Буларнинг ичида “Комил инсон китоби” алоҳида ўрин тутади. Ирфон ва тасаввуф аҳлининг асарларида  инсоннинг маънавий камолоти энг асосий масала ҳисобланган бўлса-да, шу маънавий камолотни касб этиш жараёни изчил ва батафсил, содда ва тушунарли тилда баён этилган манбалар жуда оз. Азизиддин Насафийнинг китоби айнан ана шу жиҳати билан бошқа ирфоний манбалардан афзал бўлиб туради.
Алишер Навоий “Ҳолоти Сайид Ҳасан Ардашер”да Сайид Ҳасаннинг севимли китоблари қаторида Азизиддин Насафийнинг рисолаларини ҳам қайд этган. Шунингдек, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”да набий билан расул ўртасидаги тафовут ҳақидаги жумлалар Насафийнинг “Комил инсон” китобидаги матн билан ўхшаш эканлиги бу китоб Навоий учун ҳам асосий илҳом ва ижод манбаи бўлганлигидан далолат беради.
Марҳум устозимиз Нажмиддин Комилов “Комил инсон китоби”нинг му­қаддима қисмини таржима қилиб, 2000 йилда “Туркистон” газетасида эълон қилгандилар. Домланинг оила аъзоларининг таклифи билан китобнинг тўлиқ таржимаси камина томонидан 2013 йили охирга етказилган эди. Турли сабаблар билан энди эълон қилинаётган ушбу асар Шарқ тафаккури тарихи билан қизиқадиган ўқувчиларга манзур бўлади, деган умиддамиз.

Таржимондан

Муқаддима

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Алҳамду лиллаҳи роббил аъламин вал оқибатул лил-муттақийн ва ла удвону ала залимин вассолоту васаллам ала анбиёи ва авлиёи хайру халқиҳи ва ала алиҳим ва асҳабаҳимит тоййибин тоҳирин.
Аммо баъд. Заифлар заифи, фақирлар ходими, Азизиддин Муҳаммад Насафий бундай дейди: дарвешлар гуруҳи (уларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!) бу бечорадан соликлар учун билиши лозим бўлган илмларга оид бир нечта рисола жамъ этишни сўрадилар, токи бу рисолалар бизга дастур ва ҳамдам – дўст бўлса ва сендан ёдгорлик бўлиб қолса, деб илтимос қилдилар. Дедим: соликлар билиши керак бўлган илмлар кўпдир. Ҳаммаси ҳақида ёзсам, чўзилиб кетади. Шу боис, сизларнинг хоҳишларингизга мувофиқ энг зарурларини жамлаб ёзаман. Уларнинг истак-илтимосларини қабул қилдим ва токи хато ва залолатдан мени сақласин, деб Тангри таолодан мададу кўмак тиладим.
Ва йигирмата рисола ёзиб, бир ерга тўпладим. Булардан ўнтасида (шундай илмлар) жамланганки, улардан бошловчилар ҳам, якунловчилар ҳам баҳра олурлар – бошловчи учун имон-эътиқод пайдо бўлишига ва якунловчининг имон-ишончи мустаҳкамланишга – кўпайишга сабаб бўлур. Ва ўнтасининг (мазмун-маъноси) шундайки, унда фақат ниҳояга етганлар насиб – баҳра олурлар, бошловчилар улардан баҳра ололмаслар. Ва рисолаларга (киришдан) олдин бешта фасл ёздим. Бу фаслларнинг ҳар бири шу йўлдаги (илмлар) учун асос бўлади. Ҳаммасини икки жилдда жам­ладим.
Аллоҳнинг сўзи: (Бунга) муваффақ қилиш эса, Аллоҳнинг ихтиёридадир. Унга таваккул этдим ва Унга инобат қилдим (ихтиёримни топширдим).

Аввалги фасл

ШАРИАТ, ТАРИҚАТ ВА ҲАҚИҚАТ ҲАҚИДА

Аллоҳ сени икки оламда азиз қилсин, билгилки, шариат анбиёнинг айтганларидир, тариқат анбиёнинг қилганларидир ва ҳақиқат анбиёнинг кўрганларидир. “Аш-шариату қавли ва тариқатул афъол вал ҳақиқатул аҳвали”. Солик (тариқат йўлига кирган одам –  Н.К.) аввал шариат илмини охиригача  ўргансин, билиб олсин ва кейин тариқат талабларини зарурий ва тўлиқ ҳолда адо этсин ва шундай даражага олиб чиқсинки, токи ҳақиқат нурлари унинг саъю ҳаракати, қалб интилишлари даражасига мувофиқ юз кўрсатсин.
Эй дарвеш! Кимки пайғамбари айтган сўзларни қабул қилибдир, у шариат аҳлидандир, кимки пайғамбари қилган ишни қилибдир, у тариқат аҳлидандир ва кимки пайғамбари кўрган нарсани кўрибдир, ҳақиқат аҳлидандир. Кимдаки (бу уч фазилат) бор, ҳар учала (фазилат) эгасидир, кимдаким иккитаси бор – у икки (фазилат) эгасидир ва кимдаким биттаси бор бир (фазилат) эгасидир. Кимдаки (булардан) бирортаси бўлмаса, ҳеч нарсаси йўқдир.
Эй дарвеш! Ҳар учала (фазилатга) эга кишилар комилдирлар ва улар халойиқнинг раҳнамоси (имоми, йўлбошчиси)дирлар ва ҳеч (фазилати) бўлмаган кишилар ноқислардирлар ва улар ҳайвонлар ҳисобига кирадилар.
Эй дарвеш! Шуни яхши билгинки, одамларнинг аксари одамий суратида бўлгани билан маънода сийрати одамий эмаслар ва ҳақиқатда эшак, ҳўкиз, бўри, йўлбарс ёки илон, чаён кабидирлар. Сен бунинг тўғрилигига аниқ ишонишинг керак. Ҳар бир шаҳарда бир нечтагина сурату сийрати (маъноси) одамий бўлганлар бор, қолган кўпчиликнинг (одамий) сурати бору аммо одамий сийрат (маъно)лари йўқ.
Аллоҳнинг сўзи: “Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўп­чилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир.

Иккинчи фасл

КОМИЛ ИНСОН БАЁНИДА

Билгилким, комил инсон деб шариат, тариқат ва ҳақиқатни тўлиқ эгаллаган одамни айтадилар. Агар бу иборани тушунмасанг, бошқача сўз билан айтай: билгилки, комил инсон шундай инсонки, унда тўрт сифат камолга етган бўлсин: эзгу сўз, эзгу амал (феъл), эзгу ахлоқ ва маориф.
Эй дарвеш! Тариқат йўлига кирган барча соликлар шу ният билан яшайдилар ва соликларнинг муроду мақсади, амалий ишлари шу тўрт нарса (сифат)ни камолга етказишдир. Кимки шу тўрт нарсани камолга етказса, ўзи ҳам камолотга етган бўлади. Аммо, афсуски, бу йўлда қанча талабгорлар келиб, (охирига етказолмай) мақсадлари амалга ошмасдан йўқолиб кетдилар.
Эй дарвеш! Комил инсонни билдинг, энди шуни билгилки, бу комил инсоннинг исмлари кўп, уни турли ибора ва лақабу истиоралар, ўхшатишлар билан тилга оладилар. Бу исм ва ташбеҳларнинг ҳаммаси ростдир (муносибдир). Эй дарвеш! Комил инсонни шайх, йўлбошчи (раҳнамо, пешво), ҳодий ва маҳдий дейдилар. Ва доно, болиғ (балоғатга етган), комил, мукаммал ҳам деб сифатлайдилар. Ва имом, халифа, қутб ва замон эгаси ҳам дейдилар. Ва жаҳонни кўрсатувчи жом, дунёни акс эттирувчи кўзгу, улуғ тарёқ (заҳарга қарши дори) ва иксири аъзам (буюк эликсир) дейдилар. Уни ўликни нафаси билан тиргузувчи Исо, ҳаёт сувини ичган Хизр ва қушлар тилини биладиган Сулаймон подшога менгзайдилар. Ва бу комил инсон ҳамиша оламда мавжуддир ва биттадан ортиқ эмасдир, зеро, бутун мавжудот (борлиқ) мисоли бир Шахсдир ва комил инсон шу Шахснинг қалбидир. Мавжудот қалбсиз бўлмайди, демак, комил инсон ҳамиша оламда бор. Қалб биттадан ортиқ эмас.
Оламда донолар кўп, аммо Олам қалби бўлган киши биттадан ортиқ эмас. Бошқалар эса турли мартабададирлар, ҳар бири (муайян) мартабани эгаллагандир. Агар мазкур олам ягонаси (яъни комил инсон) оламдан ўтса, бошқа биттаси унинг мартабасига етган бўлади ва унинг жойини эгаллайди, токи Олам қалбсиз қолмагай.
Эй дарвеш! Ё бутун олам Мавжудот қисмлари – нарсалар тўлдирилган қутига ўхшайди, бу Мавжудот оламда (қутида) ҳеч нарса ва ҳеч ким  ўзидан ва бу қутидан хабардор эмас. Фақат Комил  инсонгина ўзидан ва қути (аҳволидан) хабардордир. Мулк, малакут ва жабарут оламларида ҳеч нарса унга яширин ва ноаниқ қолмайди. Нарсалар моҳияти ва нарсалар ҳикмати (хоссалари) моҳиятини охиригача кўради ва билади. Одамлар Коинотнинг қаймоғи ва хулосаси ва Мавжудот дарахтининг мевасидирлар. Комил инсон эса одамларнинг  хулосаси ва қаймоғидир. Мавжудот ҳам сурат, ҳам маънода бус-бутун ва биратўла Комил инсон назари остидадир. Зеро, меърож ҳам сурат, ҳам маънода шу томондандир.
Сўз чўзилмасин ва мақсаддан четлашмайлик. Эй дарвеш! Комил инсон Худони таниб, Худо дийдорига мушарраф бўлгач ва нарсалар моҳияти, нарсалар ҳикмати (хоссалари)ни билиб олгач ва кўргач, (Худони таниш ва дийдорига мушарраф бўлгандан кейин), халққа роҳат етказишдан яхшироқ тоатни билмади ва халққа фойдали сўз айтиш ва савоб ишлар қилишдан кўра яхшироқ роҳатни билмади, токи одамлар бу сўзларни эшитиб, шунга яраша иш қилсалар, ҳаётни осонлик билан кечирсалар ва бу олам балоларию фитналаридан эмин бўлсалар ва охиратда (азоблардан) нажот топсалар.
Ва кимки шундай қилса, анбиёнинг меросхўридир, чунки анбиёларнинг илм ва ишлари анбиёларнинг қолдирган меросидир, анбиёларнинг илми ва ишлари анбиёлар фарзандидир. Шундай экан, уларнинг мероси фарзандларига тегишлидир.
Сўз чўзилиб кетиб, мақсаддан узоқлашмайлик!
Эй дарвеш! Комил инсон оламни тузатиш ва халқ орасида тўғрилик, ростликни юзага келтириш (қарор топтириш) ва ёмон одатлар, расм-русумларни халқ ўртасидан олиб ташлаш ва халқ орасига эзгу қонун-қоидаларни жорий этиш ва одамларни Худога даъват этиш ва кишиларга Худонинг улуғворлиги, ягоналигидан хабар бериш ва охират мадҳини қилиш ва охиратнинг боқийлиги, собитлигидан гапириб, дунёни кўп мазаммат этади ва дунёнинг ўзгарувчанлиги, бевафолигидан ҳикоятлар қилади. Ва дарвешликнинг фойдаси, камтаринлик, фақирликни тушун­тиради, токи дарвешлик ва камтаринлик одамлар қалбига ёқсин. Бойликка ҳирс ва  шуҳратпарастликнинг зарарини тушунтирсин, токи одамларда бойликка ва шуҳратпарастликка нисбатан нафрат уйғонсин. Ва яхши, савоб иш қилувчиларни охиратда жаннатга мушарраф бўлишларини таъкидласин (бунинг акси ўлароқ) ёмонларнинг охиратда дўзахга тушишини айтсин. Ва жаннатнинг яхшилигию, дўзахнинг ёмонлиги (азобидан) муболаға билан ҳикоятлар қилсин ва шу орқали одамларни бир-бирларига меҳрибон, севикли қилиб тарбияласин, токи улар бир-бирларига озор бермасинлар ва бир-бирларини қўллаб, роҳат етказсинлар. Ва одамлар ҳам тил ва қўллари билан бир-бирларининг тинчлиги, фароғатини таъминлайдиган бўлсинлар дея кўрсатма берсин. Одамлар бир-бирининг тинчлиги, омонлигини сақлаш зарур эканлигини кўргач ва билгач, улар маъно юзасидан ўзаро аҳдлашиб олган бўладилар (фикр-мақсадлари бирлашади). Улар бу аҳдни ҳеч қачон бузмасинлар ва кимки бу аҳдни бузса, унинг имони йўқ: “Ман ла аҳду лаҳу ла имани лаҳу”, “Ал муслиму мин саламал муслимун минлисониҳи ва аҳдиҳи”.
Эй дарвеш! Анбиёнинг даъвати бундан ортиқ эмас. Қолганлари авлиёларнинг тарбиясига киради: “Иннамо анта мунзирув ва ли кулли қавмин ҳад”.
Аллоҳнинг сўзи: Сиз эса фақат огоҳлантирувчидирсиз. Ҳар бир қавм учун ҳидоят қилувчи (пайғамбар) бордир.
Анбиёнинг даъвати олам раҳматидир. “Ва мо арсалнока илла раҳматан лилаламин”.
Аллоҳнинг сўзи: “(Эй Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз.”
Ва авлиёнинг тарбияси махсус (хос)дир. Чунки анбиё сифатланган, таъриф-тавсиф этилган (танланган)лар бўлсалар, авлиё эса кошифлар – очувчилардир.
Эй дарвеш! Худонинг раҳмати барча мавжудотга етади (тегишли)дир, анбиёлар раҳмати барча одамларга етади ва авлиё раҳмати барча талабгорларга етади. Анбиёнинг даъвати шудир, (уларнинг сўзларини йиғса), ҳаммаси бир сўзга жойланади (маъноси бир), ҳаммалари бир-бирларини тасдиқ этдилар ва бу сўз (анбиёлар сўзи) ҳеч қачон бекор бўлмайди.
Сўз чўзилиб кетди ва мақсаддан узоқлашдик. Мақсадимиз эса комил инсон баёни эди. Комил инсоннинг камолоти ва улуғворлигини эшитдинг, энди шуни ҳам билки, бу комил инсон шунчалик камолоти ва улуғворлиги билан  куч-қудрати йўқ ва у ночорлардай ҳаёт кечиради. Қаноат ва осойишталик билан муроса қилиб умр ўтказади. У илм ва ахлоқда комилдир, аммо қудрат ва бахтиёрлик жиҳатидан ноқисдир.
Эй дарвеш! Вақти келиб, комил инсон қудрат ва ҳокимият эгаси бўлар, ё ҳоким ёки подшоҳ бўлар. Аммо одамзотнинг қудрати (барибир) чексиз эмас, чегаралангандир. Агар чуқурроқ ўйлаб қарасанг, ҳақиқатда инсоннинг қудратидан кўра ожизлиги, бахтидан кўра бахтсизлиги кўпроқ.
Анбиё ва авлиёлар, подшоҳлар ва султонлар жуда кўп нарсаларнинг бўлишини хоҳлар эдилар, лекин улар бўлмади. Кўп нарсаларнинг бўлмаслигини хоҳлардилар, бироқ улар бўлди.
Демак, маълум бўлдики, барча одамлар – комил ёки ноқис бўлсин, доно ёки нодон бўлсин, подшоҳ ёки раият бўлсин ожиз ва чорасиздирлар. Уларнинг бахтсиз кунлари кўпроқ…
Комил инсонлардан баъзилари (ҳаётни ўрганиб), одам фарзанди (истаган) мурод-мақсадига етишиши, бутун бахтга эга бўлиши мумкин эмаслигини кўриб, саъй-ҳаракат билан қудрат ҳосил қилишнинг иложи йўқлиги, бахтсизликда умр йўқотишга маҳкум эканликларини билиб, дунёни тарк этишдан яхшироқ иш йўқлигига кўзлари етиб, озодлик ва  фароғатни барча тоату ибодатдан афзал деб билдилар. Шу учун тарки дунё қилиб, озод ва хотиржам бўлдилар.

Учинчи фасл

ОЗОД КОМИЛ ИНСОН ҲАҚИДА

Билгилким, айтиб ўтилганидай, комил инсонда тўрт нарса (сифат) камолга етган бўлиши керак, яъни: эзгу сўз, эзгу иш, эзгу ахлоқ ва маориф. Аммо озод комил инсон улдирким, унда саккиз нарса (сифат) камолга етган бўлсин, яъни: эзгу сўз, эзгу иш, эзгу ахлоқ, маориф, тарк, узлат, қаноат ва хумул (беному нишонлик, фақирлик). Кимки шу саккиз нарсани камолга етказган бўлса, у ҳам комил, ҳам озод, ҳам болиғ (балоғатга етган), ҳам  ҳур (эркин)дир.
Эй дарвеш! Кимдаки аввалги тўрт сифат бўлсаю охирги тўрт сифат бўлмаса, комилдир, аммо у озод эмасдир. Кимдаки охирги тўрт сифат бўлиб, аввалги тўрт сифат бўлмаса, у озоддир, аммо комил эмасдир. Кимки, айтилган саккиз сифатнинг ҳаммасига эга бўлса, уларни охирига етказган бўлса, у комил, озод, балоғатли ва ҳурдир.
Энди озод комил инсон кимлигини билиб олдинг, шуни ҳам билки, озод комил инсонлар икки тоифадирлар. Улар (дунёни) тарк этиб, озод ва фориғ бўлгач, иккита тармоқ (тоифа) юзага келди: баъзилари тарк этишдан узлатга чекиниб, қаноат, беному нишон бўлишни (хумул) ихтиёр этдилар, баъзилари эса таркдан кейин ризо, таслимни (бўйинга олиб), тафаккур қилишни ихтиёр этдилар. Барчасининг мақсадлари озодлик ва фароғат (руҳий осойишталик) эди. Баъзилари эрк ва фароғат тарку узлат, қаноату хумулдадир, дедилар. Яна баъзилари эрк ва фароғат тарк, ризо, таслим (буткул Аллоҳга таяниш, барча амрига рози-ризолик) ва назора қилиш (тафаккур этиш)дир деб айтдилар. Ҳар икки тоифа ҳам оламда мавжуддирлар ва ҳар бири ўз ишлари билан машғулдирлар.
Узлат, қаноат ва хумул ихтиёр этганлар шуни билдиларки, асалга иссиқлик (мижози) ва кофурда совуқлик (мижози) бирга бўлгани каби дунё ва дунё аҳли суҳбатига хилма-хиллик (тафриқа) ва паришонлик хосдир. Шу боис ҳам дунёни ва дунёга муҳаббатни кўнгилдан чиқариб ташладилар. Агар борди-ю, уларга бирор дунёвий нарса юз кўрсатса ёки неъматлару лаззат берувчи нарсалардан нимадир муяссар бўлса ва ёки дунё аҳлининг суҳбати содир бўлса, улар қабул қилмадилар ва (хафа бўлиб) йиғлайдирлар. Бошқалар арслон, йўлбарс, илон ва чаёнлардан қўрққани ва қочгани каби, улар дунё ва дунё аҳлидан шундай қўрқиб қочадилар. Аммо ризо, таслим ва назора қилиш (тафаккурга берилиш)ни ихтиёр этганлар шуни англаб етдиларки, одамзот нима юз бериши (қандай воқеага дуч келишини) олдиндан билмайди. Шундай бўладики, киши бирор ёқимли нарса (ёки воқеа)га дуч келади, аммо оқибатда бу ёқимли нарса зиён келтиради, яъни дастлаб ёқимли туюлган нарсада одам учун зиён бўлиши мумкин. Аммо шундай пайтлар бўладики, бирор нарсага дуч келганда ёки бирор воқеа содир бўлганда, у сизга ёқмайди, лекин унда сизнинг фойдангиз (яширинган) бўлади.
Бу тоифа (яъни ризо, таслимни танлаганлар) ушбу сирдан воқиф бўлгач, ўз тадбирлари, ирода-ихтиёрларини йиғиштириб қўйдилар, барчага беэътиборлик билан қарайдиган бўлдилар, буткул ризо ва таслим йўлига ўтдилар, натижада агар мол-мулк ёки мансабга эришсалар шод бўлмадилар ва агар мол-мулк,  жоҳ – мансаб кетса ғам емадилар ва агар янги кийим топилса кийдилар, агар эски кийим бўлса ҳам (ғамгин бўлмай) кийиб юравердилар. Агар дунё аҳли суҳбати муяссар бўлса, хушвақт бўлдилар ва дунё аҳлини ўз суҳбатларидан баҳраманд этдилар. Охират аҳли суҳбатига эришсалар ҳам хушвақт бўлдилар ва уларнинг суҳбатидан фойда кўрдилар ва ўзлари ҳам уларга фойда етказдилар.
Ва бу бечора (яъни Азизиддин Муҳаммад Насафий – таржимон) узоқ муддатлар узлат, қаноат ва хумулда эдим, шу тоифа аҳли билан танишдим. Ва яна кўп вақтлар ризо, таслим ва назора қилиш билан машғул бўлдим. Ва ҳозир ҳам шу (йўлда)ман. Лекин мен қайси йўналиш (тармоқ) яхшироқ эканини аниқ билмадим, бирон-бир томонни афзал деб билганим йўқ. Бугун бу рисолани ёзаётганимда ҳам уларнинг бирортасини иккинчисидан афзал деб ҳисобламадим ва ҳисоблай олмайман ҳам. Зеро, ҳар икки томонда кўп фойдали жиҳатлар билан бирга офат келтирадиган жиҳатларни ҳам кўраман.

Тўртинчи фасл

СУҲБАТ БАЁНИДА

Билгилки, суҳбат кучли таъсир ва азим хосиятларга эга. Мақсадга етмаган солик муродига етмайди, чунки у доно одамлар суҳбатига эришмагандир. Дононинг суҳбати – қудратли кучга эга, у юракка етиб боради ва моҳиятларни англашга кўмаклашади. Кимки (тариқат йўлида) бирор нарсага эга бўлган бўлса, бу донолар суҳбати туфайлидир. Қолган барча усуллар воситадир, холос. Риёзат ва ҳаракат, жаҳду жадаллар кўп. Аммо барча риёзатлар, одобу шароитлар доно суҳбатига етишни, (шунга тайёргарлик)дир, холос. Солик доно суҳбатига муносиб бўлса, унинг иши ниҳоясига етган, яъни тариқатни охирига етказган бўлади.
Эй дарвеш! Агар солик бир кун ёки бир лаҳза доно кишининг суҳбатини қозонсаю, бу юз йил, балки, минг йил риёзату мужоҳидот (курашлар)дан кўра яхшироқ ва фойдалироқдир. “Ва инна йавман инда раббика каалфи санатим миммо тауддун”.
Аллоҳнинг сўзи: “Дарвоқе, Раббингиз наздидаги бир кун сизларнинг ҳисобингиздаги минг йилга баробардир”.
Ҳар қанча тоат-ибодат қилиб, риёзат чекмасин, тайёргарлик кўрмасин, киши доно суҳбатига эришмай, бирор мақсадига муяссар бўлиши мумкин эмас.
Эй дарвеш! Кўп одамлар борки, доно суҳбатига эришдилар, аммо фойда кўрмадилар. Бунда икки ҳолат бўлиши мумкин: ё у одамда истеъ­дод йўқ, ёки мақсади доно мақсади билан маънодош эмас. Истеъдоди йўқ одам суҳбат аҳлидан эмас ва истеъдоди бўла туриб, ҳаммақсад бўлмаса, у ҳам суҳбатдош эмас. Зеро, суҳбатдош бўлиш мақсад бирлиги, яъни ҳаммақсадликдан ҳосил бўлади. Ҳар қачонки икки ёки ундан ортиқ одамлар орасида мақсад ягоналиги бўлса, улар суҳбатдош бўла оладилар ва агар мақсадлари битта бўлмаса, суҳбатдош бўла олмайдилар.
Суҳбат маъносини билдинг, энди шуни ҳам билки, дарвешлар суҳбатида ўтирсанг, кам сўзлагин, сендан сўрамасалар, гапирма. Ва агар сендан бирор нарсани сўрасалару, сен эса билмасанг, уялмасдан, тезда “билмайман”, деб айт. Ва агар жавобни билсанг, сўзни чўзмасдан, қисқа қилиб сўзла, токи эътиборли ва фойдали бўлсин. Баҳс-мунозарага берилиб кетма. Дарвешлар орасида ўзингни такаббур билан катта тутма. Тўрга ўтиб ўтираман, деб интилма, балки, жойни бошқаларга бер ва суҳбатдошлар хилватда (хонақоҳда) бўлсалар, яъни суҳбатдошлардан бошқа киши бўлмаса, расмиятчилик – такаллуф қилиб, ўзингни одобли қилиб кўрсатишга уринма, чунки бир неча ҳолатда такаллуф ярашмайди, зеро озодлик – такаллуфга берилмасликдир.
Эй дарвеш! Албатта, беадаблик қилма, чунки беадаблик ҳамма жойда ва ҳамма вақт тўғри эмас, биз (бетакаллуф деганимизда) мақсадимиз сенга хилватда (хонақоҳда) такаллуфсиз яшамоқлигингни айтишдир, чунки (бу ерда) агар сен расмиятчилик (такаллуф) қилсанг, бошқаларнинг ҳам расмиятчилик қилишига тўғри келади. Бунда дарвешларга малол келади ва суҳбатдошдан лаззат топмайдилар, бунга эса сен сабабкор бўласан. Албатта, бутпараст бўлма ва ҳеч нарсани ўз бўйнингга айлантириб қўйма (яъни нарсаларга сиғинма), бошқалар нима қилсалар, сен ҳам қилгил.
Эй дарвеш! Рухсат этилган ишларнинг ҳаммасини қилиш ёки қил­маслик зарур эмас. Аммо суҳбатдошлар (биродарлар) қиладиган ишни бажаришга бош қўшсанг, бу мурувват ва ёрдам бўлади, агар бош қўшмасанг, мурувватсиз бўлиб чиқасан. Яна (шуни ҳам айтайки), қайси ишга одатлансанг, бу иш сенинг бутинг бўлур ва суҳбатдош биродарлар орасида бутпараст бўласан. Эй дарвеш! Зарур бўлмаган ва дўсту биродарлар роҳатига сабаб бўлмайдиган ишларни қилишга одатланма, чунки одат қилсанг, бутпарастга ўхшаб қоласан, ёмон одатни тарк этиш – бутни синдириш мардларнинг иши.

Бешинчи фасл

СУЛУК БАЁНИДА

Билгилки, сулук – сайр демакдир. Сайр эса “сайр илаллоҳ” ва “сайр филлоҳ”дан иборат. Сайр илаллоҳ (Аллоҳ томонга сайр)нинг охири – ниҳояти бор, аммо сайр филлоҳ (Аллоҳда сайр)нинг охири – ниҳояти йўқ. Ва сайр илаллоҳ шундан иборатки, солик шундай сайр қилиши керакки, ўз борлиғида йўқолиб, Худонинг борлиғида бор бўлсин ва Худода (Худо ёдида, муҳитида) тирик, билгувчи, эшитгувчи, кўрувчи ва гапирувчи бўлсин.
Эй дарвеш! Агарчи солик ўзлигидан буткул қутулган (унутган) бўлиб, лекин мабодо борлиғимдан бир нарса бор деб ўйлайдиган бўлса, бу ўй-фикр қўзғолиб қолади ва тўла ишонч ҳосил қиладики, бу борлиқ Худонинг борлиғидан бошқа нарса эмас. Бу борлиқ Худонинг борлиғи эканини билгач ва кўргач, сайр илаллоҳ охирига етган бўлади ва сайр филлоҳ бошланади. Сайр филлоҳ (Аллоҳда сайр) шундан иборатки, солик Худонинг борлигида бор бўлади ва Худо билан (Худо нурида) тирилиб, доно, кўрувчи, гапирувчи ва эшитувчи бўлади, яна бир неча бор шундай сайр қиладики, барча нарсаларнинг, нарсалар ҳикмати – хоссаларининг охиригача батафсил ва теран билиб англайди ва ҳақиқат – моҳиятни кўради. Мулк, малакут ва жабарут оламида ҳамма нарса ва ҳодисалар унга аён бўлиб қолади. Баъзилар бир одам мана шу ҳамма нарсани билиб олиши мумкин ва  билмайдиган нарсаси қолмайди, деганлар. Яна баъзилар бир одам бунинг ҳаммасини билиши мумкин эмас, зеро, одамнинг умри қисқадир, Худонинг илму ҳикмати эса кўпдир, деганлар. Шундан келиб чиқиб, сайр филлоҳ (Аллоҳда сайр)нинг охири йўқ деганлар.
Эй дарвеш! Сулук маъносини билдинг, энди шуни ҳам билгилки, ҳикмат аҳли (файласуфлар) дейдиларки, сендан Худогача  узунлик тариқасида масофа бор, чунончи, шу жиҳатданки, мавжудот қисмларидан ҳар бир қисми (кўриниши)нинг Худога нисбати дарахтнинг ҳар бир аъзо – қисми, мартабаларининг дарахт уруғига нисбати кабидир. Ва тасаввуф аҳли дейдиларки, сендан Худогача кенглик тариқасида масофа бор, чунончи, бу шунга ўхшашки, мавжудот қисмларидан ҳар бир қисмининг Худога нисбати бу китобдаги ҳарфларнинг ҳар бирининг китобга нисбати каби. Ваҳдат аҳли фикрича эса, сендан Худогача на узунасига, на кенгликда ҳеч бир йўл йўқ. Шу сабабданки, мавжудот қисмларидан ҳар бир қисмнинг Худога нисбати ушбу китоб ҳарфларидан ҳар бир ҳарфнинг қаламга қиёси (нисбати) кабидир. Шунинг учун ҳам вужуд биттадан ортиқ эмас, деганлар ва Худо таоло ва тақаддаснинг вужудидир ва Худо вужудидан ўзга вужуд йўқ ва бунинг бўлиши мумкин эмас.
Эй дарвеш! Бу беш фаслни Абркуҳ жомеъ масжидида жамладим ва ёздим.
Ва алҳамдулиллаҳи Роббил аъламин.

БИРИНЧИ РИСОЛА

ИНСОН МАЪРИФАТИ БАЁНИДА

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Алҳамду лиллаҳи Роббил аъламин вал оқибатул муттақин ва салату вас саламу ала анбиёиҳи ва авлиёиҳи хайра холқиҳи ва ала алиҳим ва асҳабиҳим ат тоййибинат тоҳирин.
Аммо баъд. Заифлар заифи ва фақирлар ходими Азизиддин Муҳаммад ан-Насафий бундай дейди: дарвешлар жамоаси (кассараҳумуллоҳ) бу бечорадан инсон маърифати (инсонни таниш) борасида бир рисола тасниф этиб, инсоннинг зоҳиру ботинини тушунтирсангиз, дея истак билдирдилар. Яъни сурат юзасидан инсон хилқати қандай ва ботин юзасидан инсоний руҳ нима эканлигини ва инсоний руҳнинг тараққиёти қаергача боришини баён этсангиз. Ва яна ҳар бир инсонда нечта руҳ борлиги ва ҳар қайси руҳ нима билан машғул бўлишини ҳам изоҳлаб берсангиз, деб илтимос қилдилар. Уларнинг талабини қабул қилдим, хатолар, адашишлардан сақласин деб Тангри таолодан мадад сўрадим.
Биринчи фасл

ИНСОН ХИЛҚАТИНИНГ СУРАТИ

Икки дунёда Аллоҳ сени азиз этсин, билгилки, инсоннинг аввали (асоси) бир жавҳар (субстанция, моҳият)дир ва инсонда бирин-кетин мавжуд бўладиган барча нарсаларнинг ҳаммаси ўша жавҳарда мавжуд эди, уларнинг ҳар бири (улғайиш жараёнида) зоҳир бўладики аъзолар хоҳ ички, хоҳ ташқи бўлсин, жавҳар ёки ораз (ташқи белгилар, акциденция) бўлсин, барчаси нутфада мавжуддир ва нутфада инсоний камолотга керакли ҳамма нарса бор, буларнинг ҳаммаси унинг ўзи билан бирга ва ўзидан ҳосил бўладиган (хоссалар)дир. Яъни нутфа ҳам, китоб ҳам, қалам ҳам, қоғоз ҳам, сиёҳдон ҳам, ўқиладиган ёзув ҳам ўқувчидир.
Эй дарвеш! Инсон нутфаси кичик оламнинг бирламчи жавҳари (асоси)дир ва кичик оламнинг зоти (ўзлиги) ҳамда уруғидир. Зеро, ишқ олами кичик оламдир, нутфа ўз-ўзига ошиқдир, ўз жамолини кўришни, сифатлари, исмларини мушоҳада қилишни хоҳлайди. (Шу боис) тажаллий этишни истаб, феъл (ҳаракат) сифатини олиб, аралаш ҳолатга киради. Ижмол (яхлитлик) оламидан тафсил (бўлиниш) оламига ўтишга интилади ва кўплаб суратлар, шакллар, маънолар, нурлар кўринишида зоҳир бўлгиси келади, токи унинг жамоли кўриниб, сифат ва исмлари, феъл-атвор, хислат-хусусиятлари намоён бўлса.

(Давоми бор)

Форс тилидан Нажмиддин Комилов ва Олимжон Давлатов
таржимаси

2019/1

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi