ЭВРИЛ ТУРОН (МАМАДАЛИ МАҲМУДОВ) ТУМАНЛИ КУНЛАР ёхуд БОҒДОН ҚАШҚИРИ

elvin_turon

(Қисса)

 

Ўзлигини қадрлаган эл қул бўлмайди.

Аҳмат Оқсоқол  

 

1

Чўққилари осмонга санчилган Тангри тоғи. Ҳайбатли қояларни оралаб ёввойи сой чопмоқда. Унинг ўнг соҳилига, арчазор этагидаги хушбўй ўт-ўланлар устига ялпизранг чодирлар тикилган. Фақат биттаси оқ…

Совуқроқ тун.

Шамол сой шовуллашига қотилароқ жонзотга қўрқув солиб ғувуллайди. Ой, юлдузларнинг мўл-кўл ёғдуларида қоялар илоҳий тус олган. Уларнинг учларидаги соқчилар шайтонлар мисол сирли, хира кўринади. Одамда ваҳм уйғотади. Тун чодирларни қорага бўяшга тиришади. Бунга ой қаршилик қилади. Юлдузлар ҳам.

Ҳамма уйқуда.

Фақат оқ чодир ичида бир шам милтирайди. Бу (эртаклардаги) жинлар чироғини эсга солади. Юрак увишади.

Чодир ичида, қат-қат атлас, бахмал кўрпалар устида бир эркак ва бир қиз яланғоч ҳолда чалқанча ётишибди. Эркакнинг чўзинчоқ боши устарада тақир қирилган. Юзи тошдан йўнилгандай ғадир-будир, отникига ўхшаш узун бўлса ҳам, ўзининг девсимон гавдасига мослиги ва соқолининг мумдай қора, қалин, калталиги, мўйловининг иягига осилиб тушганлиги учун ярашиб турибди. Унинг бўйни буқаникидек йўғон, манг­лайи кенг, ажинсиз. У Юсуфбек.

Қизиллар ўзларини оқ қилиб кўрсатдилар. Уни “Юсуф босмачи” дейдилар. Авом бунга ишонади. Онгли улус ўзгача фикрлайди: “Қизиллар босқинчи”. Бироқ бу сўзни ичидан чиқармайди. Қўрқади. Ўлимдан.Тарғибот зўр. Радио, матбуот туну кун қизилларни мақтайди: “Шўро йўли энг тўғри йўл”. “Босмачи – халқ душмани”. “Социализмда барча эллар тинч, тотув, тўкис яшайдилар”.  “ Босмачи – Ватан хоини”.

Юсуфбек тотли чарчоқдан энди мудрай бошлаган қизнинг сарғиш сочларини тўзғитароқ оғушига олди.

Қиз зорланиб эланди:

– Қўйинг, қўйсангиз-чи, чарчадим, ўлиб қоламан. Тун бўйи уйқу бермадингиз, тонг ёришаяпти, мизғиб олай.

– Мунчалар ширинсан!.. – Юсуфбек унинг олча дудоқларидан армонсиз ўпди.

Қиз ўзи сезиб-сезмай Юсуфбекни қучоқлади, маҳкам, жуда маҳкам қучоқлади.

Пишнаб қолишди.

Икки ўт бир бўлиб ёнди…

Юсуфбек тўймасди…

Қизни қўймади…

Қиз зорланиб тўлғонди.

Қиз нозланиб тўлғонди.

Бу нозланиш эркак ҳирсини телба бир ҳолга келтирди.

Қиз ўзини йўқотиб кўйди.

– Оҳ!.. – Қиз тотли ингради. – Вой-эй!.. Ўлдириб қўясиз! Мунча ёмонсиз. Секин… Секин!..

Қиз олдиндан тайёрланган илиқ сувга ювинди. Сўнг ҳолсиз бир тарзда кўрпа орасига кирди. Ширин чарчоқдан дунёни унутди.

Юсуфбек шошқин сойда чўмилди. Совқотиш ўрнига яйради. Сувдан чиқаркан, туйқис, миясига қизиллар билан авом улуснинг гапи урилди!

“Юсуф – босмачи”.

Ҳар гал бу сўз эсига тушганда, жунбушга келарди. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Унинг қони қайнади, қалин қовоқлари уйилди, кенг қошлари чимрилди, томоғига моякдек без қалқди, дудоқлари асабий титради, залворли муштлари тугилди.

“Босмачимиш!..” – деди ўзига-ўзи зўр алам билан, йирик-йирик, бақувват-бақувват тишларини қирчиратиб, – мен ким учун курашаяпман?!

Шу юрт учун эмасми?!

Шу эл учун эмасми?!

Оломон!..

Қачон уйғонасан?!

Қачон оқдан қорани ажратасан?!

Ёв бўйнингга миниб олгандами?!

Ёв бошингда ёнғоқ чаққандами?!

Ухлайвер!

Ухлайвер!!

Ёв нима деса ишонавер.

Ёв нима буюрса қилавер.

Ваъдаларига учавер.

Жоҳил оломон!

Манқуртлар тўдаси!

Босқинчи ким?

Босмачи ким?

Бор муқаддас нарсаларингдан айрилмасдан олдин каллангни қўлингга олиб ўйла.

Теран ўйла.

Балки шунда сўқир кўзинг очилар.

Балки, шунда юртимизни ғорат қилаётган, элимизни оёқости этаётган чин ғанимни билиб оларсан.

Балки, шунда уни ушбу сўзлар билан ланъатларсан:

Босқинчилар!

Босмачилар!

Худосизлар!

Талончилар!

Мунофиқлар!

Балки, шунда мени оқларсан.

Балки, шунда, босқинчига қарши курашиш учун бир бутун бўлиб қалқирсан.

Шунда мен энг олдинда яловимизни баланд кўтариб бораман.

У ўз сўзига ишонди.

У ўз сўзидан руҳланди.

– Бунга вақт керак, – деди тундан айрилаётган чўққилардан кўз узмай, – узун вақт. Мен шу кунларга етиш учун курашаман! Тангрим, сенга илтижо қиламан: Мени шу кунларга етказ. Сўнг, майли, жонимни ол!

 

2

 

Юсуфбек баланд қирғоқ бўйлаб ёввойи чечаклар ва ўсиқ ўтлар оралаб оқимга қарши юрди. Ой, юлдузлар унга йўлдош бўлди. Кейин улар кўринмай қолди. Чодирга қайтди. Қиз теран уйқуда.

У соқчиларга олти челак қайноқ сув, икки катта тоғора олиб келтирди. Сўнг буюрди:

– Кун ботгунча ҳеч ким чодирга йўламасин!

– Хўп-хўп, – улар қўлларини кўксиларига қўйиб, таъзим қилишди.

– Турк Тангридан бошқа ҳеч кимга эгилиб-букилмайди. Бу ҳақда сизларга айтганманми?

– Ҳа-ҳа.

– Бўлмаса нега ер ўпяпсизлар?

– Бизни кечиринг.

– Кетинглар.

Юсуфбек чодирга кирди. Қизнинг олтинранг сочлари сочилган тиниқ юзига термулиб, ўйланиб қолди: бу қиз осиёликка ўхшамайди. Кўзлари зангори. У Искандар авлодидан. Искандар Ҳиндистонга от сурганда, макадўнларнинг бир бўлаги қор довонларидан ошолмай, Тангритоғда қолиб кетган. Тоғли Бадахшон уруғи шулардан.

Юсуфбек Бухоро мадрасасини битирса ҳам, дунёвий илмни ўзига яраша биларди. Юртоларлар[1] ҳақида ҳам кўп эшитган, ўқиган эди. Жумладан: макадўниялик Искандар тўғрисида ҳам. “Қўрқут ота китоби”, “Темур тузуклари”, “Бобурнома”ларни сув қилиб ичган эди. Хоразмшохлар тарихига ҳам қизиқар, айниқса, Муҳаммадшоҳнинг ўғли Жалолиддин Мангубердига ҳурмати  ортиқ эди. Унга ўхшаш ботир бўлишни истарди. Яссавий шеърлари билан достонларни ёд биларди.

Бироқ олти йилдан бери китоб юзини кўрмади. Чунки шу замон ичида у дам Мадаминбек, дам Кўршерматларга, дам Иброҳимбек, Эргаш каби қўрбошиларга қўшилиб, большавойларга қарши курашди. “Туркис­тон ҳарбий ташкилоти” кўнглига ҳам қўл солиб кўрди. Ҳаммасини бир байроқ остига тўпланишини истади.

Лекин?..

Лекин ҳар бирида миллат дардидан кўра ички “Мен” устунроқдек  эди.

Юсуфбек эса Туркиядан бобо юрти Туркистонга келган Анвар пошодек қўрбошиларни бир-бирлари билан бирлашишини, бир ёқадан бош чиқариб, қизилларга қарши курашишини, оқибат-натижада Туркистонни яхлит давлатга айлантиришни истарди. Буни амалга ошириш учун ҳар бир қўрбоши билан гаплашиб кўрди. Уларни бирлаштиришга ҳаракат қилди. Бироқ қўрбошилар бирлашмадилар. Натижада бирин-кетин мағлубиятга учрай бошладилар.

Большавойлар кучли эди. Уларнинг кучи барча миллатларнинг тенг ҳуқуқли бўлиши ғояларини олға суришларида, оч-яланғочларга ер, сув ваъда қилишларида эди. Юсуфбек бунга ишонмас, “Элнинг  қўйнини  пуч ёнғоққа  тўлдириб  алдаяпти”  дерди.   Қашшоқликдан, урушдан тинкаси қуриган ва очундан узилиб қолган халқ эса аросат ўтида ёнарди.

Анвар пошо ҳам дайди ўрис ўқидан узлатга кетди. Бу Юсуфбекнинг сўнгги умидини яралади. У тубсиз ғам ўрамида қолди. Ишонган йигитларини хилват ерга – қоялар орасига тўплади.

Фикрини айтди:

– Энди қизилларга қарши курашиш фойдасиз. Энди ўз бошимизни қутқазишимиз, олтин, кумуш йиғиб, хорижга кетишимиз, у ёқда шўрога қарши курашда Оврўпа билан Амриқодан кўмак сўрашимиз лозим. Менимча, бу қутлуғ иш учун Туркия ҳам ўз ёрдамини аямас.

Йигитлар уни қўлладилар:

– Тўғри.

– Кўнглимиздаги гап.

– Шошилайлик…

Улар Тангритоққа қараб от сурдилар…

 

3

 

Қиз уйғонди. Унинг феруза кўзларида дам қўрқув, дам севинч ифодалари акс этмоқда. Сочилган сочлари олтиндай товланароқ, гулдай тиниқ юзлари, яланғоч елкалари оша сип-сийдан баданига ёйилиб эниб, сийналарини бекитиб турибди.

Қиз Юсуфбекни талай кундан бери билса ҳам, у отасини ўлдирган бўлса ҳам, не ажабки, уни севиб қолган эди.

“Энди, мени кераксиз нарсадай отиб юборади”, деб ўйлади қиз. Унинг узун-узун киприкларига ёш қалқди.

Юсуфбек қизни яна ўз оғушига олди. Қизнинг ўйи кун тунни ҳайдаган мисол тарқади.

Юсуфбекнинг қучоғида эриб кетди.

Илиқ сувда чўмилишди.

Сўнг тошдек қотиб қолишди.

 

 

4

 

У сўхлик Бобожон отли болшавойнинг қизи. Эл уни: “Бобожон шўро”, “Бобожон ўрис”, онглироқ улус эса “Хоин” дейишарди. Сўхда ундан ҳамма зирқирарди. Чунки у  кўп кишиларни қизилларга сотган. Шермат қўрбошини ҳам. Шунга у кутилмаганда болшавойларнинг қуршовида қолган. Ўртада кескин жанг кечган. Иккала томондан ҳам юзлаб одам ўлган. Шермат қўрбоши оз сонли қўшини билан ўрис ўрдусини зўрға ёриб ўтган…

Мадаминбек қўрбошининг ҳам бошига шу хоин етган. Унинг кўрсатмаси билан қизиллар Қўқон-Яйпан оралиғида жойлашган Мирзақайнар қиш­лоғини сездирмай ҳалқага олади. Шунга қарамай, Мадаминбек қўшини қаттиқ қаршилик кўрсатади. Юзлаб ёвни ер тишлатади. Аммо, оқибат, Мадаминбек асир тушади. Ўрис элига ибрат бўлиши учун Мадаминбекнинг бошини кесиб, уни Мирзақайнарга, баланд оғочга осишади.

Юсуфбекнинг Шермат билан Мадаминбекка нисбатан ҳурмати бўлгани учун ўч олиш истагида сара чериклари билан Сўхни ўраб олади. Минг чоғли қизилни қиличдан ўтказади. Бобожон ўриснинг моягини янчади, кўзига сунгу тиқади ва ўлигини қишлоқ тепасига осади. Унинг ёзуқсиз қизи Чаманни ўзи билан бирга олиб қайтади.

 

5

 

Кун ботарга қиялади.

Уйғонишмади.

Кун учи мовий ғубор ичида элас-элас кўринаётган энг юксак чўққига қўнди.

Юсуфбек кўзини очди. Керишди. Одам ўлдиравергани учун унинг йирик-йирик тарғил кўзи қизил ва қўрқинчли. У катта оқ қовоқни эслатувчи бошини чапга буриб, Чаманга қаради. Кетмондек кенг, чайир, дағал қўллари билан унинг хипча белидан қучоқлади. Ўзига тортди. Оппоқ бўйнига қалин лабларини босди. Чаман унга чирмовуқдай чирмашди.

Ўзларини унутишди…

Ювинишди.

Анча-анчагача жимиб қолишди. Анча-анчагача… Сўнг Юсуфбек тилга кирди:

– Сенга тўймаяпман, – у Чаманнинг сочилган сочларини ғижимлаб, дудоқларидан ўпди. Узоқ ўпди. Қиз унга сингиб борди. Юсуфбекнинг иягидан тишлади.

– Қаттиқ тишла. Қаттиқ.

Қаттиқроқ тишлади.

Юсуфбек ўзини тутолмай қолди…

Чаман ҳам…

 

6

 

Қуёш қон тусли юксак чўққидан юмалади.

Уфқ қизил денгизга айланди.

Покланишди.

Патир, тухум, каклик эти ейишди. Қимиз ичишди.

Тотли чарчоқ ўз домига тортди. Ётишди. Чаман қўрқув аралаш тортиниб деди:

– Менга тўймаслигингизни истайман, жуда истайман. Йўқса, сиз мени… – У “ташлаб кетасиз” демоқчи бўлди. Тили бормади.

Юсуфбек буни илғади.

– Бу дунёда мен тўймайдиган хотиннинг ўзи йўқ.

– Сиз кўп аёллар билан… – Чаман гапини охирига етказмади.

– Ҳа.

– Ҳеч бирини севиб қолмадингизми?

– Бир ой-икки ойга… Мен ўзимни тушунмайман. Менга янгилари…

– Мен ҳам шуларнинг бириман-да, – У Юсуфбекни сўзини бўлди.

– …

– Жавоб бермайсизми?

– Мен ўзимнинг кимлигимни айтдим.

Чаман ўз туйғусини яширишга ожизлик қилди.

– Мен Сиз билан қолишни истайман. Умримнинг охиригача, – у чўққа айланди.

Юсуфбек Чаманни тушунди. Қаҳри қаттиқ бўлса ҳам, унга ачинди. Шунга қарамай, ростини айтишдан ўзини тиймади:

– Мен элликдаман. Сен ўн саккизда. Мен энди кучдан қолиб бораман. Сен эса…

– Ундай деманг, – Чаман Юсуфбекни гапиришга қўймади, – Менга кучингизмас, ўзингиз…

– Ҳавойи гаплар… Сен ҳозирча шундай ўйлайсан. Кейин… Танг­ри қонуни бор. У ҳар қандай кишига ўз таъсирини ўтказади… Фикри ўзгаради…

– Йўқ.

– Иккинчидан: мен отангни ўлдирганман. Вақти келиб…

– Айб отамнинг ўзида. Қанча замон ўтса ҳам мен шу сўзимда тураман.

– Учинчидан: хотиним бор.

– Юзта хотинингиз бўлса ҳам…

– Қизиқ устида айтаяпсан.

– Чин.

– Тўртинчидан: менинг умрим хавф остида. Мен ёт юртларга кетаман.

– Мен ҳам сиз билан…

– Сен уйингга қайтасан.

– Қайси юз билан. Ундан кўра мени ўлдиринг. – Чаман унсиз йиғлади.

Юсуфбек индамади. Кўзини юмди. Лекин ухлолмади. Ихтиёрсиз бир тарзда Чаманнинг тақдири ҳақида ўйлай кетди:

“Ортиқча юк… Бу ҳам майли, ҳар қадамда ўлим хавфи… Ёввойи тоғ-тошларда ёш умри хазон  бўлади. Мен янглишдим. Отасидан ўч олганим етмагандек, қизини ҳам булғадим. Унда нима гуноҳ?”

Юсуфбек узоқ ўйлади. Кутилмаганда Бердибек эсига тушди:

“Ботир йигит, – кўнглидан ўтказди, – эсли йигит. Сайрамлик. У Чаманни телбаларча севиб қолган. Унга никоҳлаб бераман”.

Чаман унинг хаёлини бўлди:

– Сизга хотинингиз ёқадими?

Содда қизнинг содда саволидан Юсуфбек ажабланмади. Унга ўз тўғри сўзини айтди:

– Бошида… Кейин ёқмай колган. Ўртада болалар…

Дунёда сиз нимани яхши кўрасиз?

Юсуфбек: “Юртимни, элимни” дейишга оғиз жуфтлади. Бироқ, негадир, жонидан ортиқ кўрган бу муқаддас номларни айтишдан ўзини тийди. “У буни тушунмайди” деди ичида. Аммо қизнинг кўнглини ўкситгиси келмади. Ҳиссиз, паст товушда унга жавоб қайтарди:

– Ҳаётни.

Юсуфбек уни сўнгги бор юз-кўзларидан ўпди.

Буни Чаман ички бир туйғу билан сезди. У Юсуфбекка ёлворувчан бир нигоҳ билан боқди. Лекин бир сўз демади. Фойдасизлигини уқди. Энди унинг учун ҳамма нарса ўз маъносини йўқотаётгандай, қалби тош сингари ҳеч нарсани ҳис этмаётгандай эди.

 

7

 

Юсуфбек бир режа тузса, уни тез, кўнгилдагидай бажарарди. У чодирни қўриқлаётган соқчи – Тоғбек орқали Бердибекни ҳузурига чақиртирди. Чаман борлиғидан куч-ғайрат ёғилаётган бу девсиёқ йигитга сездирмай разм солди. Унга Бердибекнинг буғдойранг юзлари содда ҳам ёқимлидай туюлди.

Юсуфбек Бердибекка бир чойдиш олтин берди. Сўнг:

– Бу қизни Сайрамга соғ-саломат етказ, – деди, – уни бахтли қил.

– Хўп, – Бердибекнинг қорамтир кўзлари қувончдан порлади.

– Ҳозироқ отлар ичидан тўртта қорабайирни танлаб ол. Икки отга егулик, ичгулик, гилам, кўрпа орт. Чаманни йигитча кийинтир. Уқдингми?

– Уқдим.

– Бир соат ичида йўлга тушинглар.

– Хўп.

– Яхши кунларда кўришгунча.

Чаман ҳўнграб йиғлаб юборди. Бироқ бир сўз дейишга мажоли етмади.

Юсуфбек ғамгин ва тунд қиёфада чодирдан чиқди.

 

8

 

Ўнг қўлини манглайига қўйиб, осмонга қаради. Қуёш ботарга қиялаган. Шундай бўлса ҳам, ҳаво ҳарорати пасаймаган. У вазмин қадамлар билан теграга кўз югуртириб, сой томон юрди. Беш йигит совуқ сойга оёқларини солинтириб, гаплашиб ўтиришибди. Улардан хийла нарида, уч туп қайрағоч кўланкасида талай кас бир кўҳлик болани “беш қарсак”ка ўйнатишмоқда. Баланд қоя тагидаги тош ўчоққа катта қозон осилган. Унда ҳозиргина сўйилган қўчқор қайнаяпти. Бир қулоқ сув сизиб чиқаётган булоқ бошида гулхан ёнмоқда. Унда узун тут новдасига санчилган бутун-бутун какликлар кабоб қилинаяпти. Тоғ ён бағрига, ёввойи нокзор этагидаги бўлиқ кўкатлар ичига тушовлаб қуйилган оқ, қора, кўк, кўнғир отлар ўтлаб юрибди. Юксак чўққилар тепаларидаги қатранғи оғочлари ораларида кўкиш қалпоқли бошлар элас-элас кўзга ташланади. Улар соқчилар. Юсуфбек “ҳаммаси жойида” деб мамнун жилмайди. Мана шу жойдагиларнинг барига у бош. Бу ёвқурлар ҳам пул – сул тўплаш, хорижга кетиш, у ерда мадад кучи олиш ниятидалар.

Юсуфбек шиддат билан ўкириб оқаётган сойга етгач, қояли қирғоқ бўйлаб икки юз қадам жанубга юрди ва баланд тошдан тушаётган шаршарага дуч келди. У одатдагидай шу хилватгоҳда, шаршара ҳосил қилган ҳовузда чўмилди. Сўнг қоялар орқасига ўтди ва қизил, мовий, напармон гуллар оралаб юқорига ўрлади. Ниҳоят бир туп дўлана олдига келиб тўхтади. Атрофга бир лаҳза синчиклаб тикилди. Нокзордан наридаги чўққи учида турган, шохлари буралиб-буралиб кетган олқорни, қорли чўққиларга учиб бораётган бургутни, итолғи, болтаютар, қизилқанот каби қушларнинг чуғур-чуғурларини ҳисобга олмаганда ҳеч нима кўринмади ва эшитилмади. Юсуфбек ўн бир қадам пастга – ўтовдай келадиган оқ тош ёнига тушди ва унинг остида ётган қозондай харсангни четга сурди, чуқурча кўринди. Ғунча қизларни қучганда ҳаяжонланмаган Юсуфбек, чуқурчага қўлини суқиб, кўзани олаётганда ҳаяжонланди.

Сабзиранг кўза олтинга тўла. Ундан кўзини узолмай, хийла туриб колди. Кейин кўзани жойига қўйди, ҳалиги тошни ўрнига сурди ва кўнгли яйраб изига қайтди.

Тиғиз арчазордан анча юқоридаги қорли чўққига қуёш санчилди. Тонгдан бери азалий қоялар узра айланиб учаётган қарчиғайлар тарқала бошлади. Одамнинг кўнглига бегоналик, айрилиқ ва қўрқув ҳисларини солувчи бу овлоқ масканни оғир сукунат қуршаб олди. Юсуфбек оёқлаётган ёзнинг мана шу тиниқ кечқурунида, ўзининг ўн тўққиз нафар йигити билан кундузгига нисбатан кучли ҳамда қўрқинчли гулдираётган сой соҳилида, майин майсалар устига тўшалган беқасам кўрпачалар узра ўтириб, қўчкор, каклик этларини иштаҳа билан еди. Тўрт қиз оқ чодир ичида овқатланишмоқда. Уларга ташқарида танаси эгри-бугри ёввойи нокка суянган ҳолда дароз, бўйни узун, аммо йўғон, кўзи хиёл қисиқ бўлса ҳам чўзинчоқ юзига ярашиб турган Турди исмли бақувват йигит қоровуллик қилаяпти. Унинг қулоғига етган мўйлови учи   буралиб-буралиб кетган. Бугун Турдининг кайфи чоғ, тун бўйи Сўхдан келтирилган Гулрўй билан айш қилади.

 

9

 

Оқшом тумани ёйилди. Чодирларда чироқлар ёнди. Йигитлар овқатланиб бўлишгач, дастурхонга фотиҳа қилишди, қўлларини сой сувига ювишди.

– Энди отланайлик, йигитлар! – Юсуфбекнинг овози момоқалдироқдай гулдиради.

Новча, хушбичим, бардам йигитларнинг бирортаси ҳам чурқ этмай, ўз отларига дадил миндилар. Юсуфбек синчковлик билан уларга бир-бир кўз югуртирди. Ҳаммасининг  кайфи чоғ, кўзлари ёниб турибди. Юсуфбек мамнун жилмайди ва:

– Саримсоқ, Эгам, Болта, сизлар хотинлар билан қоласизлар, бизлар овга борамиз!.. – деди.

Уч йигит ҳаяжон ва қувонч билан қатордан ажралиб чиқишди. Қолган ўн беш киши тик қияликдаги тор сўқмоқдан турнадай тизилиб, “овга” кетишди.

Одатдагидай, Юсуфбек олдинда, олчаранг қашқа тўриқни йўрттириб бормоқда.

У ҳар галгидай қаерга кетишаётганини ҳеч кимга айтмади. Юсуфбек ўзидан бошқага ишонмас ва қаттиқ сир сақлай оларди.

Улар қоп-қоронғи тун қўйнида даҳшатли кўринаётган қояларни, гўристондай жимжит чангалзорларни оралаб ўн беш чақиримча йўл босишди. Сўнг “Туман аримас”, деган довонда тўхташди. Юсуфбек шундагина уларга мақсадини айтди:

– Йигитлар, шу довондан ошсак, Офтоб қишлоғи келади. Буни биласизлар. У ерда Онарбой, Акобир, Маллабой деган бойлар бор. Буниям биласизлар. Уларда на эл, на юрт ғами бор. Уларни мусулмонлар томонида, деб ҳам бўлмайди. Ўзларингга маълум, бир неча марта ёрдам сўраганимизда, бизга қайишмаган. Қизилларни қўллашган. Улар бойишдан бошқа нарсани ўйлашмайди. Шундоқ экан, уларнинг ёвдан фарқи йўқ! Ҳозир биз бу тўнғизларнинг бойликлари билан қизларини олиб, изимизга қайтамиз. Бўлмаса бу нарсалар эртами-кечми шўро қўлига ўтади. Ундан кўра буларни ўзимиз олсак, худо ҳам “раҳмат” дейди. Бунинг учун… – Юсуфбек гапини тугатмай, қоронғи осмоннинг узоқ қаъридан учган юлдузга, кейин этакдаги – ним қоронғи водий тепасидаги ярим ойга тикилиб, бир дақиқа ўйга толди. Сўнг:

– Бунинг учун… – деб чала қолган гапини такрорлади, – уч тўпга бўлинамиз. Ишлар битгач, шу ерда йиғиламиз… Тангри ёр бўлсин, омин!

– Омин!!! – Йигитлар Юсуфбек сингари қўлларини юзларига тортишди.

Улар довондан ошишлари билан тоғ оралиғидаги Офтоб қишлоғи юлдузлар ёғдусида  ғира-шира кўзга чалинди. Йигитлар дарҳол уч гуруҳга бўлиндилар ва ҳадемай чуқур уйқуда ётган қишлоққа кириб бордилар.

Бир гуруҳ йигит Онарбойникига, иккинчи гуруҳ Акобирникига бостириб киришди… Юсуфбек бошлиқ тўрт йигит эса қишлоқ четидаги Маллабойникига келишди, отларини оғочларга боғлашди ва маймундай чаққонлик билан қатранғи оғочидан ясалган қопудан (дарвозадан), кенг ҳовлига тушишди. Уларга Маллабойнинг катта сариқ ити вовуллаб ташланди.  Юсуфбек элликка кирганига қарамай, қоплондай чаққонлик билан ўнг ёнига бир сакраб, итга чап берди ва зарб билан унинг бўғзига ханжар тиқди. Ит ғингшиб йиқилди.

Итнинг қаттиқ акиллаганидан Маллабой уйғониб кетган эди. У тунги оқ кўйлак, оқ иштонда югуриб дераза олдига келди-да, ташқарига олазарак тикилди. Ҳовли қоронғи эди. Маллабойнинг хира кўзи қора шарпаларни кўрмади. Аммо даҳшат билан бостириб келаётган оёқ товушларини эшитди. У “Қишлоқни қизиллар босганга ўхшайди”, деб ўйлади. Шунинг учун у қалтираб-қақшаб оқ чойшабга ўраниб ўтирган хотини билан қизига хитоб қилди:

– Ертўлага бекининглар! Қизиллар босди! Тез!!!

Она-бола яширинишга улгуришган замон, Юсуфбек ва унинг тўрт йигити шохона уйда ҳозир бўлишди. Уларнинг важоҳатларини ҳамда қўлларидаги тўппонча билан ханжарларини кўрган Маллабой кўрқ­қанидан муздек қотиб қолди. Йигитлар ярим соат ичида хоналардаги энг нодир нарсаларни олишга улгурдилар. Шундагина Юсуфбек юмшоқ ўриндиқда бехол ўтирган, тулкиникига ўхшаш юзи қордек оқарган Маллабойнинг олдига келди ва унинг иягидан кўтариб, кулранг кўзига ғазаб билан тикилди.

– Қизиллар ҳомийси, сотқин, қизингни қаерга яширдинг! – деб сўради аста, аммо кўрқинчли оҳангда.

– Қизим йўқ, тақсир, – бой дир-дир титради.

– Ёлғон!

– Ишонинг, тақсир.

– Топ! Ё каллангни оламан.

– Тақсир…

– Бўл! – Юсуфбек Маллабойнинг сўзини шарт кесди ва унинг томоғига ханжар тиради. Бойнинг бутун вужуди дағ-дағ титради, хомсемиз, юмалоқ юзига тер тошди, кўз оқи кенгайди ва у дудуқланиб қолди:

– Та… тақсир…

– Айт!

– А… аввал… ха… ханжарингизни о… олинг…

Юсуфбек унинг кекирдагидан ханжарни олди, лекин қинига солмади, уни чап қўлида  маҳкам ушлаганича, тишларини ғирчиллатиб деди:

– Бўл!!!

Маллабой аста букилиб, оёғи остидаги пахта гулли гиламни кўтарди. Шунда тахта эшикча кўринди.

– Шу ерда, – деди Маллабой қаттиқ касал сингари инграб, – фақат… – У гапини давом эттиролмади ва ҳўнграб йиғлаб юборди. Юсуфбек “овозингни ўчир” дея унинг ингичка иягига ўнг кўли билан бир мушт урди. Бой учиб кетди. Юсуфбек шошилмасдан ханжарини ўнг ёнидаги учига кумуш қопланган қора чарм қинига солди. Сўнг йигитларини чақирди.

– Ертўлага тушинглар. Қизни олиб чиқинглар.

– Хўп. – Йигитлар кўк саллали бошларини эгдилар ва уч дақиқа ичида ертўладан қиз ва унинг онасини судраб чиқишди.

Қиз беҳуш. Узун, сарғиш сочлари ёйилиб, райҳон гулли оқ кўйлагини қоплаган. Юсуфбек унинг муз тусига кирган чиройли юзига, нозик қаддига ёввойи ҳирс билан тикилди. Кейин ундан кўзини узиб, икки йигитнинг қўлидан чиқолмай, қизи томон додлаб талпинаётган онасига заҳарли нигоҳини санчди.

– Қичқирма, мегажин! – деди у босиқ овозда илжайиб. Бироқ Юсуфбекнинг бундай товушидан қўрққулик эди. У одатда қаҳри келганда ёхуд ёмон кўрган одами билан гаплашганда, майинлашар, кулимсирар ва оқибат бирор ёвуз иш қиларди.

– Каттабек, Арслон, сизлар мана бу қанжиқ билан анави инграётган тўнғизни қўл-оёғини боғлаб кўйинглар.

– Хўп! – дейишди нодир нарсаларга тўлдирилган беш хуржуннинг ёнида турган икки йигит.

Улар арқон йўқлиги учун дераза олдига келишди, қизил бахмал пардани тортиб туширишди, уни ханжар билан тўртга бўлишди ва эр-хотинни боғлашди.

– Кетдик, йигитлар! – Юсуфбек эр-хотиннинг нолали йиғисига парво қилмай, қизни кўтарган бўйи эшик томон юрди.

– Кетдик! – Йигитлар ҳам хуржунларини елкаларига олишди.

Бир пасдан кейин улар отларига қамчи босиб, зулмат қўйнига учдилар. Одамларнинг қий-чуви, итларнинг вовуллаши, эшакларнинг ҳанграши орқада қолди. Юсуфбек бошлиқ тўрт йигит “Туман аримас” довонига чиқиб олди.   Бу ерда уларни икки гуруҳ кутиб турган эди.

Юсуфбек олдидаги икки қўли орқасига боғланган, оғзига дўппи тиқилган қизнинг типирчилашига парво қилмай, йигитларга хотиржам нигоҳ юритди. Ўсар билан Қўйбоқарнинг олдиларида ҳам икки қиз боғланган ва оғзига дўппи тиқилган ҳолда ўтиришибди. Барининг хуржуни қаппайган, тўла. Шундай бўлса ҳам Юсуфбек:

– Ов яхши ўтдими? – деб сўради.

– Ҳа, – жавоб беришди бирин-кетин икки гуруҳ ҳам.

Йўлга тушдилар ва тонг қоронғисида чодирларига етдилар. Кейин ўтлоққа отларини тушовлашди-да, хуржунларини олиб, чодирга киришди. Ўсар эса уч қизни бошлаб, ялпизранг чодирларга кетди.

Одатдагидек Юсуфбек “ов”ни ҳаммага тенг тақсимлади. Сўнг ўзига тегишли олтинларни олиб, яланғоч қоялар орқасидаги оқ тошга борди ва чуқурчага яширди. Шундагина Юсуфбек қорни ўлгудай очганини, сонларининг ораси ачишиб оғриётганини сезди. Лекин руҳи тетик эди. У кун бўйи ҳўкиздек тинмай юрса ё ишласа ҳам, руҳи тетик бўлса, асло чарчамас эди.

 

10

 

Юсуфбек дадил қадамлар билан сой бўйига қайтди. Дастурхон атрофида йигитлар уни кутиб ўтиришган эди. Юсуфбек сойда қўлини ча­йиб, тўрга – қават-қават беқасам кўрпачалар устига “уф!..” дея чўкди. Бир дақиқа ўтмай икки ошпаз тўрт лаганда буғланиб турган эт келтиришди. Иккови ҳам айрим ошпазлар сингари хушомадгўй, мақтанчоқ, семиз ва шум эди. Уларнинг   бир-биридан ажраладиган томони – бири новча, иккинчиси пакана эди. Новчаси ўрта ёш, паканаси йигирма бешларда эди.

– Жайноқ, майдан қуй!– буюрди Юсуфбек новча ошпазга.

– Сен, Райимберди, аччиқ кўк чой келтир!

– Хўп-хўп.

– Хўп-хўп.

Иккала ошпаз қўлларини кўксиларига қўйиб, эгилиб-букилишди. Барча хўжайинлар каби Юсуфбек ҳам ўз амрини ҳеч эътирозсиз, тез бажарадиганларни ёқтирарди. Бироқ ортиқча хушомадни хушламасди.

Жайноқ нилуфар гулли пиёлаларга тўлдириб-тўлдириб май қуйди. Сўнг биринчи пиёлани Юсуфбекка, қолганларини ўнгдан узатди.

– Йигитлар, овимиз яхши ўтгани учун ичамиз!

Пиёлалар жаранглади.

Уларга бу одат ўрисдан ўтган эди.

Йигитлар икки кўза май ичишди, олти лаган эт ейишди.Юсуфбек пар ёстиққа ёнбошларкан, майнинг кучи билан ўзларига эрк бериб ғужурлашаётган йигитларга нохуш қаради. Кейин энг четда ўтирган  қизлардай нозик, кўркам, ингичка қошли ўспиринни олдига имлаб чақирди.

– Янгибой, оёғимни уқалаб қўй, – деди Юсуфбек унга ғалати муло­йимлик билан.

Янгибой юқори лаби четини ғалати қимтиб, “тр” деди-да қийшанглаб ўрнидан турди ва йўрғалаб Юсуфбекнинг олдига борди:

– Жоним билан, бегим. – У оқ суруп кўйлагининг енгларини шимариб, ингичка, нозик бармоқлари билан Юсуфбекнинг оёғини уқалашга тушди.

Хиёл ўтмай, Юсуфбек ухлаб қолди.

 

11

 

Қуёш сойдаги нурини йиғиштира-йиғиштира ёввойи бодомзор устидаги чўққига чиқди. Юсуфбек кўзини очди. Аста ўрнидан туриб, кечаги шалолага борди ва ечинди-да, муздек сув тагига кирди. Шунда унинг ғовлаб турган боши тиниқлашди, сассиқ терга ботган чуқур чандиқли (кўп пичоқ еган) бадани яйради.

Юсуфбек ўзини хийла енгил сезиб, сувдан чиқди. Шу он у тасодифан юз қадамча юқоридаги арча шохлари сезиларли силкинганини, бир бош мўралаб бекинганини қўриб қолди. Аммо Юсуфбек ҳеч нарса сезмаган кишидек шошмай кийинаркан: “Ҳим!.. Ким экан бу? – деди энсасини қашиб. – Тилламни ўғирламоқчи  бўлипти-да, тўнғиз! Қани, майли, калласи олтита бўлса, ўғирласин, терисини тириклай шилиб оламан!”

У ўзини дунёда энг зўр, энг ақлли одам деб билар ва шу сабабли унча-мунча одамни назар-писанд қилмас эди. Бироқ шундай бўлса ҳам унинг юрагига ғулғула тушди ва вужудига секин ёйила бошлади. Агар ростдан ҳам олтини ўғирланса, чет элга бориши, у ерда болшавойларга қарши курашга тайёргарлик кўриши ҳақидаги фикрлари пучга чиқарди.

Юсуфбек тез кийинди. Қияликдаги қизғиш қоя томон йўл олди. У ўзини бепарво кўрсатишга тиришиб, ҳеч қаёққа алангламасдан тошдан – тошга сакраб бораркан: “Э, афсус, тўппончам чодирда қолипти!.. – деб кўнглидан ўтказди ва бироз юргач, ўзига-ўзи тасалли берди, – ҳар қалай ханжарим бор!..”

Қизғиш қояга етди. Атайлаб теварагига аланглаб қаради ва чипор тош олдига чўккалади. У шошмасдан кўлига учи ўткир тош олиб, беш-олти дақиқа чипор тош тагини кавлади. Сўнг ўрнидан туриб, у ёқ-бу ёққа аланг­лаган бўлди-да, қоя ёнига ўтди ва камар тагига бекинди. Бу ердан чипор тош кўриниб турар эди.

Ярим соат ўтар-ўтмас чипор тош олдида бир дароз, барзанги кимса пайдо бўлди. Юсуфбек уни ўзининг яқин дўсти – Балхи эканини кўриб, бир дақиқа қотиб қолди. Ўзига келгач, ғазабдан дағ-дағ титради, бурун катаклари кенгайди: “Ит эмган!.. Кўрнамак!.. Ҳароми!..” деб сўкинди ва ханжарини кўлига олди-да, оёқ учида юриб, унинг бошига борди. Балхи жон-жаҳди билан чипор тош тагини титкилаётгани учун буни сезмади. Унинг қоплонники сингари қаттиқ тирноқлари остидан қон сизиб чиқаётган ва бу қон бутун бармоқларини белаётган бўлса ҳам, у зўр бериб ерни тимдалар эди.

– Ҳа, оғайни, тинчликми?! – деди Юсуфбек аста.

Бу гапдан Балхи қиздирилган темирга бехосдан ўтирган кимсадек сапчиб турди ва Юсуфбекнинг заҳар томаётган қонсиз юзини кўриб, тошдек қотиб қолди.

Юсуфбек унинг кенг юзига, муштдай бурнига, сира шумлик аримайдиган ола кўзига чексиз нафрат билан қаради, сўнг:

– Яхшимас оғайни! – деди ниҳоятда юмшоқ оҳангда тиржайиб, – яхшимас, ахир!

Балхи унинг юмшоқ, кулимсираб, “оғайни” сўзини қўшиб гапиришидан билдики, оқибат ёмон бўлади. Бундай кезда Юсуфбек ҳеч кимни, ҳатто ўз боласини ҳам аямайди, унга ҳеч қандай ёлвориш таъсир қилмайди. Балхи буни яхши билади. Шу сабабли у “Энди биримиз ўламиз”, деб миясидан ўтказди ва бирдан Юсуфбекнинг ханжар тутган кўлига зарб билан тепди. Ханжар жаранглаб учиб кетди. Шу заҳоти Балхи маймундай чаққонлик билан унинг ияги остига мушт урди. Юсуфбек орқага тисарилиб бориб йиқилди. Балхи унга ўқдек отилди. Юсуфбек ётган ҳолда унинг киндигидан пастни мўлжаллаб тепди. Балхи орқасига ағдарилди. Юсуфбек қоплондек абжирлик билан отилиб туриб, Балхига ташланди ва тишларини даҳшатли ғижирлатиб, жунли йўғон бармоқлари билан бўйнига ёпишди. Балхи ҳам буқадай кучли ва чаққон эди. У жон ҳолатда Юсуфбекнинг киндигидан пастини чангаллади. Бирдан иккови ҳам хириллаб, бўкириб  бир-бирини қўйиб юборди. Балхи эпчиллик билан унинг остидан чиқиб олди. Энди улар оёқда турардилар. Иккови ҳам қонга, ғазабга, аламга тўлган кўзларини бир-бирига найзадай санчиб, хириллаб, қон томаётган бармоқларини ёзиб, бир-бирига ёввойи шиддат билан яқинлашиб келарди. Кутилмаганда Балхи орқага тез чекинди, ердан сапчадай тош олди ва Юсуфбекнинг манглайига отди. Юсуфбек энкайиб қолди. Тош унинг устидан зувиллаб ўтди. Балхи шиддат билан унга отилди. Юсуфбек ҳам қафасни бузиб чиққан йўлбарсдек қутуриб, унга ташланди. Улар бир-бирларига қаттиқ урилдилар. Балхи гандирак­лаб кетди-да, тошга чалишиб ағдарилди. Юсуфбек икки қадам орқага тисарилиб бориб ўзини тутди. У шу он Балхининг устига отилди ва жон-жаҳди билан унинг бўғзига темир панжаларини санчди. Балхи қаршилик кўрсатишга улгуролмади, кўзлари косасидан чиққудай каттариб, типирчилаб қолди. Юсуфбек бармоқларини тобора чуқурроқ суқа бориб, Балхининг кекирдагини юлиб олди. Сўнг ханжари билан унинг бошини чўрт узиб, сойга улоқтирди. Қутурган тўлқинлар қонга бўялган каллани тошдан-тошга уриб, узоқларга олиб кетди.

 

12

 

Тоғ қорайди. Сув қорайди. Юсуфбек қирғоқни қоплаган митти, чиройли, нимқизил совунак ўтлардан юлиб олди, уларни кафтида ишқалаб кўпиртирди, юз-қўлини ювди. Кейин оқ тош остидаги олтиндан хабар олгани борди. У кўза тўла тилласига тикилиб, хийла ўтирди. Шу топда Юсуфбек ўзини бениҳоят бахтли ҳис қилар, ҳозир унга тун зулмати босган дунё ёп-ёруғ кўринар, боягина тирик бўлган дўстининг боши энди қайлардадир оқиб кетаётганини хаёлига ҳам келтирмас эди.

Ниҳоят Юсуфбек кўзани жойига яшириб, изига қайтди.

Оқ чодирда шам саҳарда ўчди…

Бироқ хиёл ўтмай хавотирли товуш эшитилди:

– Бек ака!..

Юсуфбек қушдай сергак эди. У чўчиб уйғонди. Бироқ қаттиқ чарчаганиданми, товуш қаердан келганини англамади. У шошиб шамни ёқди ва чап томонига қаради. Ёнида Маллабойнинг маъсум қизи Сония қимир этмай ётарди. Унинг тиниқ, шаффоф, мусаффо юзлари пахтадек оқариб кетган, узун-узун киприклари тўсган кўзлари юмуқ эди. Шу туфайли қизнинг ухлаётган ё ухламаётганлигини билиб бўлмасди. Юсуфбек “Тушимда алаҳсираганман, шекилли”, деб ўйлади ва қизнинг оппоқ кўкрагига тикилди. Сўнг кўзлари ёниб, Сонияни маҳкам қучоқлади ва унинг сезилар-сезилмас кўтарилиб тушаётган кўксига лабини босди. Қиз заиф ингради. Шу лаҳзада бояги овоз яна  такрорланди:

– Бек ака!..

Юсуфбек тез ўрнидан туриб, ички кийимда ташқарига чиқди. Ойдин эди. Чодирдан сал наридаги қайрағоч олдида новча, озғин, жағ суяклари туртиб чиққан, чуқур кўз, юмалоқ бир йигит турарди. У Юсуфбекнинг айғоқчиси – Норбек эди. Юсуфбек уни шаҳардаги аҳволдан хабар олиб келишга юборган эди.

– Ассалом алайкум, Бек ака! – У чопиб келиб, Юсуфбекка иккала кўлини чўзди.

Юсуфбек унинг кўлини олмади. Саломга бош ирғаб, жавоб берди. Сўнг ўзини оқлаган бўлди:

– Қўлим тозамас.

– Менга ҳамиша кўлингиз тоза, Бек ака.

– Шундоқ бўлсаям кўришмаганимиз маъқул. Хўш, қандоқ янгилик олиб келдинг?

– Нохуш хабар… Бек ака.

– Хўш?!

– Бухоро қизиллар қўлига ўтди. Амир Олимхон қочди…

– А?!. – деди Юсуфбек беихтиёр. Бироқ бўшашганини сезиб, дарҳол ўзини қўлга олди.

– Норбек, бор, дам ол!

– Хўп, Бек ака, – Норбек бошқа чодирга кетди.

Юсуфбек турган жойида ўйга ботди: “Шундоқ бўлишини олдиндан сезгандим. Амирнинг ўзи фаросатсизлик қилди. Вақтида Жунаидхон, Саид Абдуллалар билан бирлашиш ўрнига, айш-ишратдан бош кўтармади. Ҳатто қизиллардан таёқ еб, улар билан сулҳ тузгандан кейин ҳам ҳарбий кучини мустаҳкамламади. Ҳарбийсиз давлат давлатми? Унинг очиқ дарвозасидан ит ҳам, бит ҳам кираверади. Ахир у кезларда қизиллар кам эди, уларни бир ҳамла билан бир ёқли қилиш мумкин эди. Энди эса болшавойлар кўпайиб, кучайиб кетди. Уларга қарши курашган Колчак, Деникин, Дутовлар ҳам тамом бўлишди, олмон, жапўн, инглиз, амриқоликлар ҳам кўнгилдан кўмаклашмадилар. Энди қизилларнинг ичидан аланга чиқмаса, уларни енгиш қийин. Бу аччиқ ҳақиқатга тан бермасдан илож йўқ. Энди биз ҳам бу ердан тез кетмасак, дорга тортиламиз”.

Юсуфбек чодирга кирди. Лекин оғир ўйлар қуршовида ухлолмади. Ғам-қайғу ва ғулғуладан қутилиш учун сувга ташна одам мисол кўзадан май симирди. Сўнг уни олган жойига – остона ёнига қўйди. Ва тўшак устида мунғайиб ўтирган Сонияга буюрди:

– Тур, ювин!

У қумғондаги илиқ сувга юз-қўлини ювди. Гулсиз оқ сочиққа артинди. Кейин Юсуфбекнинг кўрсатмаси билан тўшак адоғига терги ёзди. Унга иккита нон, тоғ ғози эти ва олтита тухум қўйди. Юзма-юз ўтиришди. Юсуфбек Сонияга кўзадан бир коса май қуйиб узатди.

– Ич, бир қултум ҳам қолдирмай ич, ғам, ҳасратни унутасан.

Умрида май ичмаган қиз қўрққанидан ичди.

Оз-оздан ғоз эти тановул қилишди.

Юсуфбекнинг кайфи ошди.

– Сен сотқиннинг қизи бўлсанг ҳам, менга ёқаяпсан, – Юсуфбек қонга тўлган кўзларини шаҳвоний ҳирс билан Сонияга тикди, – мен сенга ёқаяпманми?

Қиз мовий кўзларини юмиб, очди.

– Кўнглингни айт.

Қиз бошини эгиб, кўтарди.

Бироқ унинг кўзлари қўрқувга тўла эди.

– Мен сенинг қизлигингни олдим. Отангнинг хуни учун. У ўрисга ёрдам берди. Қўрқма, мен сени ўлдирмайман. Аммо сотқинни ҳеч замон кечирмайман! Ҳар қандай ёмонликни кечирсам ҳам, сотқинни кечирмайман! Ҳатто оға-иним бўлса ҳам, ўғил-қизим бўлса ҳам кечирмайман! Ўлдираман! – Юсуфбекнинг кўзи ваҳшиёна ёнди. – Юрт ички сотқинлардан тозаланса, эл эл бўлади. Сен буни тушунмайсан. Сенинг қонинг бошқа. Туркка ўхшамайсан. Сариқсан. Сариқ сулувсан. Ё турк­мисан? Тилинг ғалати. Менга аёлнинг миллати эмас, ўзи муҳим, чиройи муҳим. Тушундингми?

– Тушундим, – Сониянинг кўзи тиниб, боши айлана бошлади.

– Уйқинг келаяптими?

– …

– Ёт, ечиниб ёт, мен сенинг кўз очиб кўрганингман, уялма.

Сония кўрпа орасига кириб ечинди.

Юсуфбек тергини йиғиштирди. Сўнг яланғоч бўлиб, тўшакка кирди. Сониянинг уйғотгувчи… дудоқларидан ўпди, ёндиргувчи эҳтирос билан ўпди.

Қиз ингради.

Беҳол ингради.

Юсуфбек мислсиз эҳтирос билан унинг гилосранг тилини сўрди.

Сония терга ботди.

Юсуфбек ҳам.

Сониянинг кўзи сузилди.

Беқиёс истак билан сузилди.

Юсуфбек ҳам шу ҳолатга тушди.

Бетакрор ҳолатга…

Оқ чодир тўлғонди.

Денгиздаги елкандай тўлғонди.

Тонггача…

Қуёш тикка кўтарилаётганда Юсуфбек чўчиб уйғонди. Тушида оч бўрилар   орасида қолганмиш, қўлида қуроли йўқмиш, қўрққанидан теракка қочиб чиққанмиш. Шунда бўрилар ёввойи одамларга айланганмиш ва ваҳимали чинқирароқ оғочга чиқа бошлаганмиш, Юсуфбек қўрққанидан бақириб, пастга сакраганмиш…

Юсуфбек бу мудҳиш туш таъсирида анчагача ўзига келолмади. Аъзойи бадан терга ботди. У тушини ҳар нарсага йўйиб кўрди. Лекин бири ҳам кўнглига ўтирмади. Унга алам қилди, томоғида каклик тухумидай келадиган нарса ўйнай бошлади. Бора-бора унинг асаби босилди. У секин кўзини юмди. Шу он беихтиёр Норбек айтган хабар эсига тушди: боши тош остида қолган илондай тўлғона бошлади: “Яна озгина, озгина вақт Олимхон енгилмай турганда, хорижга ўтиб кетардик… Бу сўзлар Юсуфбекнинг миясида тегирмон тошидай айланди, айланган сари боши тарс ёрилиб кетаётганга ўхшарди.

“Энди вақтни бой бермаслигимиз керак!”

У ўзи сезмаган ҳолда ўрнидан отилиб турди: оппоқ тўшакда юзтубан ётган, гўзал елкаларию силлиқ болдирлари очилиб қолган Сонияга ҳам қарамасдан тез кийинди ва тўғри шалолага борди.

Юсуфбек ювиниб, кийиниб бўлганда, арчазордан юксакликдаги қорли чўққида лола баргагидай шуъла қалтираб турарди. Бу – сўнгги шуъла эди. Яқиндай кўринган, аслида ҳеч қандай тирик жон ета олмайдиган уфқ айланасидан қон денгизи пайдо бўлган, бу кишига илоҳий бир сир борлигидан далолат бераётгандай эди. Бу ер чуқур сойлик бўлгани учун олис, қорамтир осмонга тошиб чиққан туманот юлдузлар аниқ кўрина бошлади. Юсуфбек салқин шабададан билинар-билинмас чайқалаётган эчкиўт, отқулоқ, пидина сингари    ўт-ўланларни оралаб юриб, сой бўйига келди. Бу жойга йигитлар кечки овқатга йиғилишган эди. Юсуфбек ўзини бехавотир одамдек тутиб, улар билан саломлашди. Сўнг томоғини қириб олиб, секин гапирди:

– Йигитлар, қизиллар Бухорони олипти. Амир хорижга қочипти.

– А!

– Э!

– Вой!

Ҳамманинг юзига қайғу ёйилди. Ўсар эса қалин қовоғини уйди:

– Ўзидан кўрсин. Қўшин тўплаш ўрнига, “Олма пиш, оғзимга туш”, деб оғзини очиб ўтирди. Бухорони қўш  қўллаб қизилларга топширди. Ўзи “эл учун, юрт учун яшаш, ишлаш, лозим бўлса ўлиш муқаддас бурчимиз!” деб жар соларди. Лекин эл-юрт учун ўзи бир иш қилдими? Юртни ғорат қилди. Ҳеч бўлмаса бирор анҳор қазмади. Қайтага эл мулкини ўмарди. Энди, мана, оғир кун келганда элиниям, юртиниям ташлаб қочти. Қочгандаям хазинани олиб қочди. Тўнғиз! Энди эл жабр кўради. Шўрога қул бўлади.

– Тўғри айтасан! – унга қўшилди Қўйбоқар.

– Шўрони мақташаяпти-ку, – гап қистирди лабларини ялаб, қимтиниб   Жайноқ, – халқ тенг, тинч-тотув, тўқ яшармиш.

– Ким айтди?! – сўради Ўсар қамчисини қора чарм этиги қўнжисига асабий уриб.

– Элда шундай сўз юрибди.

– Эл! Эл деганинг пода. Ким нима деса, ишонади, ким нима буюрса қилади. Қулоғингга қўрғошиндек қуйиб ол, овсар, шўро эл қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, алдаяпти.

– Йўғ-е.

Ўсар қизилларни ёмон кўрарди. Бунинг устига қизиққон одам эди. Унинг кўзига қон тошди. Ғазаб билан ўшқирди:

– Ҳе-онангни!.. Қанжиқ!

Жайноқ кўрқиб кетди. Семиз юзи муздек оқарди, оёғи қалтиради.

– Қўрқма, исқирт, сени уришга ҳазар қиламан. – Ўсар юзини четга бурди.

– Кечиринг, билмай айттим.

– Ўч, каламуш!

Жайноқ қўрққанидан елкасини қисган бўйи ўчоқ томонга шошиб йўналди, Қўйбоқар уни чалиб йиқитди.

– Маймун! – деди у ижирғаниб, – қандоқ тузум бўлсаям, ишламасанг мана буни ейсан! – У иккала бармоғи орасидан бошмалдоғини кўрсатди. –  Тушундингми, ювунди?

– Тушундим, – деди ялтоқланиб Жайноқ ва қалқди, – мен лақма эса “Шўро замонида ҳамма тенг яшайди”, деган гапга ишониппан.

– Сен мунофиқсан! Қулоғингга қўрғошиндай қуйиб ол. Нафс бор ерда тенглик бўлмайди! Тенглик дегани нариги дунёда.

– Етар, бас! – деди шиддатли оҳангда боядан бери қайрағоч танасига жимгина суяниб турган Юсуфбек. – Энди ўзимиз ҳақимизда ўйлайлик!

У бирдан сўзидан тўхтади, тез юриб Келдибекнинг олдига келди ва унинг кенг елкасига зилдай қўлини ташлади:

– Қизиллар жуда ёвуз. Уларни ўзларини “мусулмонман” деб юрган ички сотқинлар қўллашаяпти. Шу сабабли копирлар кучайиб боришаяпти. Лаънати сотқинлар! Улар босқинчидан ҳам ёмон!

Йигитлар сой шовқинини  босиб қичқирдилар:

– Ит эмганлар!

– Хоинлар!

– Уларни бола-чақалари билан гумдон қилиш керак!

– Замон келса!.. – Юсуфбек гапни кесди.

– Замон келса ҳам улардан қутилиб бўлмайди, – эътироз билдирди Болта, – дарров замонга мослашади. Миллий қиёфага киради…

Юсуфбек Болтанинг чин сўзи олдида бироз ўйланиб турди, сўнг пичоқдан чандиқ бўлиб кетган қаҳрли юзига қараб деди:

– Бунга йўл қўймаймиз!

– Тепага чиқиб олсалар кучимиз етмайди. Куч ишлатар дажжоларини ишга солади.

Юсуфбек бетгачопар Болтани тўғрисўзлиги учун ҳурмат қилар ва унга ишонарди. Шунга майлини синдирмай деди:

– Болта, тирик бўлсак, бу ҳақда замон келганда гаплашамиз, ҳозирча эрта.

– Тўғри, – Арслон уни маъқуллади.

Юсуфбек йигитларга бир-бир синовчан кўз югуртирди ва кейин жиддий бир тарзда сўради:

– Балки, бизнинг ичимизда ҳам сотқинлар бордир?

Ўртага жимлик чўкди. Ўчоқ бошида ивирсиб юрган Райимберди, Жайноқ, Янгибойлар бир-бирларига ер сингалаб қарадилар. Сукутни Болта бузди:

– Бор.

– Ким?

Ўсар жавоб берди:

– Райимберди, Жайноқ, Янгибойлар бесоқоллар.

– Асосинг борми?

Келдибек ўртага чиқди. Жайноқ, Янгибой, Райимбердилар типирчилаб қолишди.

– Қизиллар билан бирга бўлган деган миш-мишлар юради.

– Бу асос эмас, Келдибек.

– Шамол бўлмаса оғочнинг учи қимирламайди, – деди Арслон.

Каттабек гап суқди:

– Бизга ишонмасангиз, буни Маллабой, Онарбой, Акобирлардан сўранг.

– Энди, бир камим шу эди.

– Қизлари шу ерда-ку, – гапга қўшилди Саримсоқ.

– Чақиринглар!

Каттабек, Арслон, Ўсарлар чодирларга ёндилар. Аммо шу аснода Жайноқ, Райимберди, Янгибойлар от устида эдилар. Йигитлар гап-сўз билан бўлиб буни кеч пайқашди. Келдибек, Саримсоқ, Болталар яйдоқ арғумоқларга сакраб миндилар ва қамчи босдилар. Ярим соат кечмай уларни тутиб келишди. Ранглари ўлик тусига кирган ялоқлар Юсуфбекнинг оёғига йиқилиб эландилар:

– Биз ҳеч кимни сотмаганмиз, сотмаймиз.

– Бўлмаса нега қочдинглар?

– Бир қошиқ қонимиздан кечинг, қўрқдик, туҳмат ёмон.

Қизларни олиб келишди. Қони тез Болта қиличини суғурди.

– Ким ёлғон сўзласа чопаман! – У оч бўридек хириллади, – манавилар қизиллар билан бўлганми, – суқ бармоғида ялтоқларни кўрсатди.

Қизлар унинг аждарҳони эслатувчи важоҳатидан музладилар.

– Кутишга тоқатим йўқ! – Болта қиличини ғазабноқ кўтарди. У беомон ялтиради. Қизлар ўтириб қолишди. Донбаллари ҳўл бўлди. Янгибой, Ра­йимберди, Жайноқларни ҳам иштонларини булғашди. Калта бўйли, кулча юзли қиз (Акобирнинг қизи):

– Э-э-эш-эш-ит-ган-миз – деди эшитилар-эшитилмас овозда дудуқ­ланиб.

– Кимдан?

– У-у-ул-ис-дан.

– О-о-оф-тоб-да ҳам-ма би-ла-ди, – ўрта бўйли, кўркам юзли қиз  (Онарбойнинг қизи) уни тасдиқлади.

– Ле-ле-кин… Ҳеч ким-ни   со-о-от-ма-ган-миз – Янгибой Юсуфбекнинг оёғини қучоқлаб ўпди. Юсуфбек уни бўри билан илакишган қанжиқдек тепиб юборди. У чалқанча қулади. Энсаси тошга урилди. Вой-войлаб бошини чангаллади. Иштонини қайта булғади. Атрофни сассиқ ҳид тутди. Ҳамма оғзи -бурнини қўли билан ёпиб, орқага чекинди.

– Ишонманг, – деди Арслон, – унинг учун муқаддас нарса қолмаган.

– Райимберди билан Жайноқ ундан-да жирканч, – деди Саримсоқ қаримсиқ юзидан қўлини олиб.

– Булғанчлар! – Юсуфбек бурнини жийириб беомон хириллади, – ёқинглар!

Йигитлар сой бўйига ўтин қалашди. Оёқ-қўллари занжир билан танғиб боғланган, оғизларига латта тиқилган нас босганларни унинг устига отишди. Тўрт томондан ўт ёқишди. Қуруқ ўтин гуриллаб аланга олди. Хоинлар жон ҳолатда типирчиладилар. Бироқ бўшололмадилар. Улкан ўт тобора гувуллаб ёниб, уларни кулга айлантирди.

– Бизни заҳарлаш учун қулай пайт пойлашган, – Келдибек Юсуфбекнинг олдига келди.

– Бундан мақсадлари нима?

– Олтин-кумушда…

– Қизиллардан ҳам топшириқ олишган, – гапга уланди Арслон.

– Мирзақайнарда бизга қўшилгандиларми?

– Ҳа, шўро ўрдусини вайрон этган пайтимизда.

– Тушунарли… – Юсуфбек Арслоннинг чап елкасига чап қўлини қўйди, – тушунарли… – Унинг юраги увишди.

Ҳамма ўйланиб қолди.

(Давоми бор)

2019/1

 

[1] Юртоларлар – жаҳонгирлар.

 

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi