ҲОЗИРГИ ЗАМОН РУС ШЕЪРИЯТИДАН

rus_sheriyati

ВЛАДИСЛАВ ЦИЛЁВ

 

(1963 йилда туғилган)

 

 

ҒУССАМНИ ОЛ

 

Кимнингдир мушфиқ қўли

Қуяди бир тотли сут…

С. Есенин 

 

Ғуссамни ол, ола қол,

Эт чароғон кўнглимни.

Соҳибдилим! Бўла қол!

Шуъланг-ла  ол  кўнглимни.

 

Хоч-ла мени шарафла,

Нақадар гўзал дийдор.

Кўтар шиддатлар ила

Қай маконки, мен хумор.

 

Мусибатларга ажр –

Қайдадир осмонларда

Сут тутасан, бу қадр,

Барака эҳсонларга.

 

Майдалайсан  қолдирмай,

Ғуссаларим алвидо.

Маликам! На тотли май,

Қалбда йиғлайди Исо!

 

ЁҒИНГАРЧИЛИК

 

Бир зумга унуттир  оламни,

Дардимга, Бегойим,  бўл ҳамдам.

Томчилар чертмоқда ойнамни,

Дуо мўл бўлгандай кетар дам.

 

Йиғлоқи бир фасл тўлғар ҳис,

Мунғайиб туради дарича.

Бахтсиз қиз, олдингда чўкай тиз,

Жилмайиб мени эсла.

 

Қайинлар азобдан кийган тож,

Шамолга михланган ул юрак.

Кўз ёшлар  мавжланиб тилар бож,

Этади куйдириб жизғанак…

 

…Аллала ҳад билмас дардларим,

На тотли сўзларинг берсин жон.

Юлқинар ҳурликка хатларим,

Исёнкор бағримни  этиб   қон.

 

Дарахтим  бир бутоқ саботи,

Шамларинг  эритиб турдим даст.

Истамам абадий ҳаётни,

Бир лаҳза  Севгим-ла бўлсам, бас.

 

 

ОЛЬГА КУЗЬМИЧЁВА – ДРОБИШЕВСКАЯ

 

(1964 йилда туғилган)

 

 

* * *

 

Самоларга қадайман нигоҳ…      

Мен – сувман, мен – дарё, зангори.

Сен кимсан? Билдингми, ўзинг, оҳ?

Сўнгги йўқ осмонлар диёрим.

 

Гоҳи мен мавжлангум юксакда,

Порлайсан кўкларда сен гоҳи.

Барибир… Биз нозик ришта-ла 

Заминга боғланган жуфт оҳу.

 

 

ГЕРМАН  ВЛАСОВ

 

(1965 йили туғилган)

 

 

ЛАЙЛАК 

 

Мен  кўза эмасман

тиқмоқчи бўлган

жигари тумшуғингни

ушлайману қирқаман

оппоқ қанотларингни

шунда ёстиқ жилдида

доғи қолган қайноқ қонларинг ила

ким бўлиб уйғонарсан

 

 

* * * 

 

Ортга қайтмас бир тонготарда

ифодада сўзлар  беҳуда,

водариғки худди стол устида

оқ сичқонлардек бўлганмиз жуда.

 

Фақат тажриба – қиёс ўғли,

ва тахмин қилмоқлик охири:

ҳайратсиз кечмагай умр йўли,

болакай, тушунасанми буни?

 

Бироқ кўзни қамаштирадиган

кескир шуъла таралса шу зум.

Нима  қилдик бўғиб ўлдирадиган

ўлим йўқ бўлса-чи, ўлим?

 

 

Нима гапинг бор қўриқчига

икки енгли махлуқ беозор,

қўрққанингда  даминг ичингга

руҳга тилмоч бўлолмас изҳор.

 

 

* * *

 

Яснаядан[1]  кетмоқ  муқаррар  ёзиғ

абадга хайрлашинг  тириклар сўнгбор

олқиш сенга музлаб ётсанг-да озиқ 

ғилдираклар йўлни ўлчайди қаҳҳор

 

ой йўлларни ҳали кумушлантирар

аёз кокилларни бўяйди  оққа

темир йўл оҳанрабо олдга интилар

қайчи ҳам йўқ бу йўлларни кесмоққа

 

чечан бичиқчининг моҳирлиги сир

қор кўйлагин қанақасин танлайсан

яшаш ари инин сийракламоқ кабидир

қиш роҳати абаслигин англайсан

 

эвоҳ  фурсат ўтди из қолди фақат

ойналарда паравоз тутуни кезар

остига олганча елар темир мусибат

наркоз бермасдан кесар

 

индамай  кетолмади кетаётган зот

сутранг қор Астапово[2]ни ташлаган кўмиб

хоҳламас кетаётган бермоққа  жавоб

донишманд ҳақиқатдан кўз юмиб

 

 

РОМУЛ  ЕЛЕСЕЕВ

 

(1971 йилда туғилган)

 

 * * *

 

Соғинчдан  йиғламасин майли мусиқа;

Ихрамасин созда  камонча ҳам, бас.

Фақат ғарибларнинг оҳи ҳақиқат,

Аршга шом намоз чоғ ўрласа бир пас.

 

 

Меникими бир чўғ Измер тунида,

Самарқанд қуёшидан аталган инъом.

Чоржўй қовунлари иси маст қилган,

Бухоро ҳусайини рангидай калом!

 

Менгами шу хазина, ёт элларники!

Кўксимдан бир бошқача учмоқда дуо.

Бугун  ул дилрабо Ноз – боқмаса ҳамки

Шойи чодрасини туширмаса ҳам раво.

 

Майли билакузуклар безасин чандон,

Ойчеҳра Нилуфарим қўлларин гул-гул.

Банги чилимини ўт олдиражак хандон,

Қайсар Гўзал кибрияойимга мен қул.

 

Фақат ёлғиз қолмоқ ҳаддан даҳшатли.

Жомеъ гумбазларидай паноҳбон неки.

Меники Хотами анбиё сўзи ҳикматли,

Феруза Шарқ осмонлари кўринг, меники. 

 

Фақат шамол сурон билан шитоб эсади

Қисмат бошида қутурган йиртқич турланар.

Гоҳ ёввойи қоплон  каби ташна кезади,

Гоҳ қоялар аро, кимнингдир арвоҳидай сирғалар.

 

Истамбулнинг дев, адашар жинкўчалари

Гўзаллик-ла учрашмоққа чиқишар боғлаб наво.

Мен бугун миноралар ҳаёти ила мағрур туриб

Сенинг исминг ярим кеча ҳайқираман дилрабо.

 

Бахт ҳақида нимадир де кекса донишманд,

Бағрим васвасадан увада-хароб сийрат.

Айтишар-ку, юрт гўзалларининг дилбанд

Юрагида Аллоҳ каломи яшайди фақат.

 

Дейдиларки, улар мисоли оқ-оппоқ тош

Нушоб қадаҳларида доим шуъла таратиб.

Сархуш давраларга ҳеч бўлмаганлар сирдош,

Тонг нури-да ўпмагай манглайларин порлатиб.

 

Нақшланган илонлар қийшанглагайлар ҳолсиз,

Чеккаларида нозик  мармар узукларининг.

Нега айтинг Илоҳиёт қолгайми бир он ожиз?

Нечун  латофатлари ўликмижоз уларнинг?

 

Фақат оқсоқоллар-да беришмас бунга жавоб,

Қалбимда улар дарди беролмаса-да таскин.

Жаннат неъматларнинг ҳеч бирини ҳам бу тоб,

Лайли қайноқ бўсасига тенглаштиролмам лекин.

Ҳазарнинг шунчакимас ҳар бир мавжли тўлқини,

Шабодаси нигоҳдан гўё сирғалиб ўтар.

Мен  фақат нафс хоҳишин лаззатларини,

Ҳеч қачон алишмайман  жинниликларингга дилбар.

 

Соғинчдан  йиғламасин майли мусиқа;

 Ихрамасин созда  камонча ҳам, бас.

 Фақат ғарибларнинг оҳи ҳақиқат,

Аршга шом намоз чоғ ўрласа бир пас.

 

 

ВАДИМ МУРОДХОНОВ

 

(1974 йилда туғилган)

 

 

* * *

 

Титраниб-қалтираб уйғонар баҳор,

у билан ҳовлида кун ўтган сари

осмонга вафосиз, билч-билч эрир қор,

тупроққа қовушган ойпари.

 

Пистоқи маъвога забун дайрда,

англайсан айбингни бирдан. Начора?

Гуллар  ва қушларнинг сафига кирасан,

абрлар тўпини санолсанг, бечора.

 

Кўнгил янги неъмат ишқида ҳалак

Ва йиртар иккига омад дафтарин.

Ит ҳурар, шамолой учиб ҳалгинчак

сочар томлар узра терак патларин.

        

 

ТОҒДАГИ ВОҚЕА

 

Соқоли ўсиб кетган, ғижим шапкада,

ўтганди ёнимиздан, пайқаган ҳамма.

Тоғда эрта ётдик. Тош қотибмиз, тош,

чўнг юкимиз бордай ҳорғин елкада.

 

Муқаррардай эди  тушга кирмоғи.

Таважжуҳи фақат бироз аломат:

тошлар оша оч арвоҳдай сирғалиб келиб,

қуюқ туман қучоғига йўл олди шу пайт.

 

 

 

 

Ўв, бизнинг тошлар аро кечган тунимиз,

дўстларимдан бири шоири замон,

йўқ эди шеър битмаган бирорта куни,

бироқ уни эслаб қўймади бир он.

 

Бошқа ошнам эзғин китобхон даҳо,

саҳфаларни титкилаган соқоллари  ҳам,

ён дафтари шов-шувларга тўла доимо,

уни одам ҳисобига кўрмади бу ҳам.

 

Шунда ҳам кетмаган у. Шунда ҳам азим.

Яшар  киприкларнинг ортида кутиб.

Афтидан, ҳали замон менинг бир ўзим

соқоли ўсган дўстни оламан кутиб.

 

 

ЮРИЙ БОНДАРЬ

 

(1974 йилда туғилган)

 

* * *

 

Кетаётган номаълум қизга

 

Қўнғироқ қилмаган менга ҳеч чоғ у,

Телефон рақамимни билмас, ҳақиқат.

Бироқ қанақадир сирли куч, ёҳу,

Бир кун келмоқни дуч айлаган қисмат.

 

Эҳтимол ул зебо Парижда яшар,

Балки ундан-да хуш мовий диёри.

Сочи олтинранг куз, кўзлар қамашар,

Натали деб чақирарлар дилдорни.

 

Дайдиганда сонсиз оломон аро

Кўзлар учрашдилар бир марта, нохос.

Йўлларимиз экан ҳаётда айро,

Ҳеч қачон бир сўқмоқда ёнма-ён кетмас.

 

Худойим, нега унда дилимга ботган,

Дардни эслайвергим  кўнгил ўртовчи.

Юлдузлар остида тунда йўл олган

Мен ҳам ҳамма каби  битта йўловчи.

 

 

 Рус тилидан Вафо ФАЙЗУЛЛОҲ таржималари

 

[1] Ясная – Ясная Поляна Л.Толстой туғилган ва  яшаган, умрининг охирида ташлаб кетган қишлоқнинг номи. Шоир сўзнинг луғавий маъносига ҳам эътиборни қаратади.

 

[2] Астапово – темир йўл бекати, Лев Николаевич йўлда, поездда шамоллаб қолиб, шу жойга тушишга мажбур бўлади ва тузалмасдан вафот этади.

 

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi