ЙОҲАНН ВОЛФГАНГ ГЁТЕ (1749–1832) ШЕЪРИЯТ ВА ҲАҚИҚАТ

yohan_volfgang_gyote

Биринчи қисм

 ҲАЁТИМ ҲАҚИДА

 Der nicht Geschundene wird nicht erzogen[1]

 Cўзбоши

 Мазкур асарга сўзбоши сифатида қуйида бир дўстимизнинг мактубини келтириб ўтмоқчиман, очиғини айтганда, бундай қийин ишга қўл уришимга айнан шу хат туртки бўлган, десам янглишмайман.

“Азиз дўстим, биз Сизнинг жами ўн икки жилддан иборат шеърий асарларингизнинг барчасини олганмиз, уларни ўқиб чиқиб, таниш ва нотаниш маълумотлардан воқиф бўлдик, ҳа, мана шу тўплам шарофати билан анча-мунча унутилган нарсалар кўз ўнгимизда қайтадан жонланиб, намоён бўлди. Мазкур ўн икки жилдга яхлит бир асар сифатида қараб, ундан муаллиф ва унинг истеъдоди тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш кишига ҳузур бағишлайди. Шу боис унинг жонли, сермазмун ёзувчилик ҳаёт йўлини белгилаб берган ушбу ўн икки жилд ўтган йиллар учун камлик қиладигандай туюлиши табиий. Шунингдек, айрим асарларнинг юзага келишига кўпинча ўзига хос воқеалар сабаб бўлгани, қолаверса, уларда ҳам муайян зоҳирий воқеа, ҳодисалар, ҳам ботиний дадил таълимий босқичлар акс этганлиги, шу билан бирга, маълум бир муваққат маънавий ва эстетик тамойиллар, қонун-қоидалар ҳамда эътиқод ва ахлоқ нормалари ҳам мужассам эканлиги сир эмас. Бироқ умуман олганда, мазкур саъй-ҳаракатлар маҳсули гўё бир-бири билан ўзаро боғланмай қолгандек таассурот қолдиради, ҳаттоки улар бир ёзувчининг қаламига мансубми-йўқми, деган шубҳа ҳам уйғотади.

Дўстларингиз бу орада ўз изланишларини давом эттириб, Сизнинг турмуш ва тафаккур тарзингиз билан яқиндан танишишга, бу борадаги айрим жумбоқ ва баъзи бир муаммоларга жавоб топишга муваффақ бўлишди, бунда уларга эски, қадрдон хайрихоҳлик ва кечиккан алоқа-муносабатлар қўл келиб, учраган тўсиқ-қийинчиликларни енгишда жозибадорлик бахш этгани аниқ. Шунга қарамасдан, дўстона маслак ва қарашларимиздан келиб чиқиб, юзага келадиган у ёки бу масалаларда мухлисларингизни қўллаб-қувватлайсиз, деган ёқимли туйғудан дилимиз таскин топади.

Биринчи масала шуки, Сиз маълум бир сабабга кўра тартиб берилган ўз шеърий асарларингизни келгуси янги нашрда тадрижий тарзда жамлаб, ижодингизга хизмат қилган ҳаётий ва руҳий ҳолатларни, Сизга таъсир кўрсатган мисолларни, шунингдек, ўзингиз амал қиладиган назарий тамойилларни маълум бир ўзаро боғлиқликда тақдим этсангиз. Эҳтимол, бу билан наинки торроқ, балки янада кенгроқ доирада ёқимли ва фойдали иш қилинган бўлур эди. Ёзувчи то умрининг охирига қадар ҳам ўз мухлислари билан келажак ҳақида суҳбатлар қуришдек фазилатларни бой бермаслиги лозим. Ҳамонки, маълум бир ёшга етганда кутилмаган, кучли таъсирчан асарлар билан майдонга чиқиш ҳар кимга ҳам насиб этавермас экан, унда онг тиниқлашиб, билим мукаммаллашган бир пайтда жуда қизғин, қизиқарли ва жонли ижод қилиш мақсадга мувофиқдир, токи бу санъаткордан таълим олиб келаётган ўқувчиларнинг билимларини янада оширишга хизмат қилсин”.

Шу қадар самимият ила битилган бу талабнома каминада қизиқиш уйғотди, чунки биз илгарилари адашмаслик учун ўз йўлимиздан ҳавас ва иштиёқ билан бориб, бошқаларнинг талабларини рад этиб келган бўлсак, кейинчалик қандайдир хайрихоҳлик бизларни тўлқинлантириб, меҳр билан янги бир фаолият сари йўналтириши айни муддао бўлди. Шунинг учун ҳам мен дарҳол ишга киришдим, ўн икки жилддаги катта ва кичик шеърий асарларимга йилма-йил тартиб бериб, белги қўйиб чиқа бошладим. Бунда улар яратилган давр ҳамда мавжуд шарт-шароит ва ҳолатларни хаёлан тасаввур қилиб кўришга ҳаракат қилдим. Тез орада бу ишнинг унчалик осон эмаслиги аён бўлди, чунки аввал эълон қилинган нарсалар орасидаги бўшлиқларни тўлдириш учун муфассал маълумотлар ва изоҳлар зарур эди. Қолаверса, энг аввал бошлаб қўйилган, лекин охирига етказилмаган машқларим, ҳаттоки баъзи бир якунланган нарсаларимнинг қораламалари ҳам буткул изсиз ғойиб бўлган эди, натижада барчасини бутунлай қайта ишлашга ва бошқа бир шаклга келтиришга тўғри келди. Бундан ташқари, илм-фан ва бошқа ўзимга бирмунча бегона туюладиган соҳаларда, санъат соҳасида ўзим ёзган ёки дўстларим билан ҳамкорликда эълон қилинган нарсаларни ҳам бирма-бир қайтадан эслашга уриниб кўрдим.

Менга хайрихоҳ кишиларнинг талабларини бажо келтириш учун буларнинг барчасини аста-секин ана шу мақсадга йўналтирмоқчи бўлиб, мана шундай саъй-ҳаракатлар ва фикр-мулоҳазаларга берилдим: чунки ўша жуда пухта ўйлаб қилинган талабларни қондириш йўлида ички кечинмалар, ташқи таъсиротлар ва ўзим босиб ўтган назарий ҳамда амалий босқичларни навбатма-навбат тасвирлашга ҳаракат қилганим сайин торгина ўз шахсий ҳаётим бир ёқда қолиб, кенг олам сари юз тутдим. Шу тариқа менга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатган юзлаб маълум ва машҳур кишиларнинг сиймолари кўз ўнгимда намоён бўлди, натижада нафақат бир вақтнинг ўзида юз берган воқеа-ҳодисалар, балки улкан сиёсий жараёнларнинг оқими ва ривожланишига ҳам алоҳида эътибор қаратдим. Зотан, таржимаи ҳолнинг асосий вазифаси ҳам аслида шу – инсонни ўзи яшаган даврга хос бўлган шарт-шароитлар, мавжуд қийинчиликлар ва қулайликлар ичра тасвирлашдан ва унинг инсон сифатида дунёқараши қай тарзда шаклланиб борганини ва у санъаткор, шоир, ёзувчи бўлса агар, ана шу дунёқарашни зоҳиран қандай акс эттира олганини кўрсатиб беришдан иборат. Лекин бу унча-мунча одамнинг қўлидан келадиган иш эмас, зеро, индивид, яъни шахс ўз-ўзини ва ўз асрини яхши билиши, ўзини ўзи шакллантириб, ўз тақдирини ўзи белгилай олиши лозим экан, гарчи барча мавжуд шарт-шароитлар остида ҳам асли нас­лига тортиб, яхши-ёмонни давр, замон ўзи билан бирга олиб кетса-да, барибир бемалол айтиш мумкинки, ҳар бир инсон ўн йил олдин ёки кейин дунёга келадими, бундан қатъи назар, ўз таълими ва ташқи таъсири жиҳатидан бутунлай бошқа одамга айланиб қолиши ҳам шубҳасиз.

Бизнинг мазкур баёнимиз шу йўл билан, яъни шу хилдаги фикр ва мулоҳазалар, уриниш, тажриба ва кечинмалар, шундай хотира, эсдаликлар ва муҳокамалар асосида юзага келди. Унга худди шу нуқтаи назардан ёндашилиб фойдаланилса, ўринли ва ҳаққоний иш бўлур эди. Қолган нарсалар ҳақида эса, айниқса ярим шеърий, ярим тарихий талқинлар хусусида сўз айтиш учун ҳали ҳикоямиз давомида кўплаб фурсат топилади.

 

 

БИРИНЧИ  КИТОБ

 

Мен 1749 йилнинг 28 августида, кундузи, соат миллари ўн иккига занг урган пайтда Франкфурт-Майнда дунёга келган эканман. Туғилиш чоғимда омадли бўлганман: Қуёш Паризод буржи остида ўзининг кундузги энг юқори нуқтасида бўлган. Юпитер ва Зуҳро унга самимий боқиб, Меркурий ҳам бундан четда турмаган, Сатурн билан Марс эса бепарво бўлишган. Фақат эндигина тўлишган Ой бор кучи билан акс нур таратиб, туғилишимга монелик қилган, холос.

Мунажжимлар мен учун жуда қулай деб ҳисоблаган мана шу жиҳатлар ҳарқалай каминанинг ҳаётини сақлаб қолган бўлса ҳам ажаб эмас: чунки доя кампирнинг нўноқлиги сабабли деярли ўлик туғилиб, такрор-такрор уринишлар туфайлигина тирик қолган эканман. Лекин менинг яқинларимни қаттиқ ташвишга солган бу воқеа ҳамшаҳарлар учун ибратли бўлган, негаки ўшанда жамоа оқсоқоли лавозимини эгаллаб турган бобом Йоҳанн Волфганг Текстор бундан тегишли хулоса чиқариб, акушер (доя)ни ишга олган, доялик сабоқларини ташкил қилган, бу ташаббус, албатта, мендан кейин дунёга келган кўпчилик гўдаклар учун фойдали бўлгани аниқ.

Агар мундоқ эслаб кўрадиган бўлсам, навқирон ёшлик чоғларимизда бошқа бировлардан эшитганларимизни ўзимизнинг кузатувчан тажри­баларимиз туфайли кўрган ёки билган воқеаларимиз билан чалкаштириб юборган пайтларимиз ҳам кўп бўлган. Бу ҳақда аниқ бир нима деёлмайман-у, аммо-лекин эски бир уйда яшаганимиз эсимда: у аслида бузилиб, қайта солинган иккита уйдан иборат эди. У ердаги айланма зина алоҳида-алоҳида хоналарга олиб чиқарди, қаватларнинг ҳар хиллигини эса зинапоялар кўздан пана қилиб турар эди. Пастда жойлашган кенг уй даҳлизи биз болалар, мен ва синглим учун энг севимли жой бўлиб, унинг эшиги ёнидаги ёғоч панжара орқали бемалол кўчани томоша қилиш ва очиқ ҳаводан баҳраманд бўлиш мумкин эди. Кўпчилик уйларда учрайдиган, аслида қушлар учун мўлжаллаб қурилган бундай қафаслар Geräms деб аталарди. Унда кўпинча аёллар бир нималарни тикиб-чатиб ёки тўқиб ўтиришар, ошпаз хотин тайёрлаётган салатларини сархиллаб, кўздан кечирар, қўни-қўшни хотин-жувонлар бир-бирлари билан нималарнидир маслаҳатлашиб, гапга тушиб кетишар, шу тариқа кўчалар бу ердан туриб, йилнинг яхши фаслидаги жанубга хос ажиб манзара касб этарди. Ҳамма бу ерда ўзини эмин-эркин ҳис этар, бир-бирларини янгиликлардан хабардор қиларди. Болалар ҳам мана шу панжара қафас орқали қўшниларнинг болалари билан танишиб, бирга ўйнашарди. Рўпарамизда яшайдиган уч ака-ука фон Оксенштайнлар билан ҳам худди шу тарзда танишганман. Улар вафот этиб кетган собиқ жамоа оқсоқолининг ўғиллари эди. Бизлар бир-биримиз билан чиқишиб, апоқ-чапоқ эдик, кўп вақтимизни бирга ўтказардик, ака-укалар ҳам менга ҳазил-ҳузул қилишни яхши кўришарди.

Оиламиздагилар кўпинча ҳар хил қизиқчиликлар, баъзан турли-туман шўхлик ва шумликлар ҳақида ҳам сўйлаб беришардики, уларни яхши эслаб қолардим. Шуниси ажабланарлики, одатда ёлғиз турадиган ва жиддий, туппа-тузук одамлар ўзлари билиб ё билмасдан, мени шўхлик қилишга ундар эдилар. Улардан бирини айтиб берай. Бизга яқин жойда кулолчилик бозори бўларди. Ота-онамиз у ердан наинки ошхонага керакли кулолчилик буюмларини, балки биз болалар ўйнашимиз учун мўъжазгина идиш-товоқчаларни ҳам харид қилишарди. Ажойиб кунларнинг бирида, тушдан кейин уйдаги жимжитликдан фойдаланиб, ўйинчоқ идиш-товоқчаларимни олдим-да, секин панжара  қафас томон йўналдим. У ерда ўйинчоқларимни бирпас ўйнаб ўтирдим, кўнглим тўлавермагач, нима бўлди-ю, товоқчанинг биттасини олиб, кўчага қараб улоқтирдим, унинг майда-майда бўлиб синганини кўриб, ўзимда йўқ хурсанд бўлганимдан чапак чалиб юбордим. Менинг бу қилиғимни ака-ука Оксенштайнлар кузатиб туришган экан, менга қараб: “Яна!” деб қичқиришди. Мен ҳеч иккиланмай яна биттасини ирғитдим, тағин қийқириқ устига қийқириқ: “Янаям кўпроқ!” Шу алфозда барча идиш-товоқчалар, хумчалар, ҳатто кичкина қаҳвақайнаткични ҳам тош ётқизилган кўчага улоқтириб, чил-чил қилдим. Қўшни ака-укалар қарсак чалиб, мени олқишлашди, уларни қойил қолдирганимдан ўзим ҳам бениҳоя хурсанд эдим. Қарасам, ҳаммасини синдириб бўпман, қўшнилар эса ҳамон қичқиришда давом этишарди: “Яна, яна!..” Мен ошхонага чопиб бордим-да, қолган ликопчаларни опкелиб, уларни ҳам кўчага улоқтирдим. Ўзиям зўр томоша бўлди-да; мен ликопчаларни синдириш билан овора, ака-укаларнинг эса бундан сира кўнгли тўлмасди. Кейин кимдир келиб, мени тўхтатиб қолди. Шу қадар кўп сопол буюмлар синиб, бўлар иш бўлган эди, бунга сабабчи айёр, муғомбирлар эса бу воқеани умрларининг охирига қадар эслаб, қотиб-қотиб кулиб юрадиган бўлишди.

Бувимиз, аслида ҳаммамиз у кишининг уйида яшардик, даҳлиз ёнидаги каттакон хонада истиқомат қилар, биз болалар ўйинга берилиб кетиб, улар ўтирган оромкурсигача, баъзан касал бўлиб ётганларида, то каравотлари олдига етиб бориб қолганимизни ҳам билмай қолардик. Бувим чиройли, озғингина, ҳамиша оппоқ ва ораста кийиниб юрадиган аёл эди. Очиқ, самимий, юмшоқ муомалали, меҳрибон, бошқаларга ҳамдард ва хайрихоҳ инсон сифатида хотирамда сақланиб қолган.

Уйимиз жойлашган кўчани Ҳиршграбен[2] деб аташарди, аммо унда на бирон-бир чуқур, ўра ёки хандақ кўринмаганидан, бунинг маъносини тушунтириб беришларини истардик. Бизларга ҳикоя қилишларича, уйимиз жойлашган жой аслида бир вақтлар шаҳардан ташқарида, ҳозирги кўчамиз ўрнида эса қачонлардир ўра, чуқур бўлган, унда бирқанча буғулар сақланган экан. Гарчи ўша замонларда кенас (князь), ҳукмдор ва қуролбардорларнинг шаҳар ташқарисида ов қилиш ҳуқуқлари таназзулга учраб, овларига халақит бериб туришганига қарамай ёки шаҳар душманлар томонидан қамал қилинган пайтларда ҳам, ҳайвонлар бу ерда боқилиб, парвариш қилинган экан, чунки қадимий урф-одат, анъанага кўра, сенат ҳар йили бир буғуни сўйгизиб, гўшт-ёғини халққа тарқатиб келган. Бу одат бизга жуда маъқул бўлди ва ҳозир ҳам ёввойи қушлар ва ҳайвонлар сақлаб боқиладиган ана шундай беозор ҳудудлар ёки қўриқхоналарнинг бўлишини чин дилдан истадик.

Уйимизнинг шундоққина орқа тарафида, айниқса, юқори қаватдан туриб, то шаҳар деворларига қадар чўзилиб кетган кўз илғамас боғ-роғлардан иборат ажойиб манзара кўзга ташланарди. Бироқ шу ерлардаги жамоага қарашли майдонларнинг чорбоғларга айлантирилгани ва от бозоридан то бу ерлардаги  уйлар, иморатлар ва катта-катта боғларгача барча-барчаси аллақачон ўзлаштирилиб, эгали бўлиб кетгани оқибатида кўча муюлишида жойлашган бизнинг уй ва яна бошқа баъзи бир ҳовлилар қисқариб, торайиб қолган эди, натижада ҳовлимизнинг  хийла баланд  деворлари ортида бизлар ўзимизни қўл узатса етгудек ана шундай жаннатмонанд гўшалардан гўё мосуво бўлгандай ҳис қилар эдик.

Уйимизнинг учинчи қаватида бир хона бор эди, уни Gartenzimmer[3]деб аташар, бу билан гўё дераза олдидаги камгина ўсимликлар бутун бир боғнинг ўрнини босгандай бўларди. У ер менинг севимли жойим эди, жон-жон деб ўтирардим. Хонадан боғ-роғлар, шаҳар деворлари ва узун тупроқ ғовлар оша юқорилаб чўзилиб кетган ажойиб манзарали, серҳосил пасттекисликлар кўзга ташланарди. Мен у хонада ёз ойларида одатда дарс тайёрлаб ўтирардим, гоҳо момақалдироқ гумбирлаб қолса, овозининг тинишини кутар, кечки пайтлари ботаётган қуёшни томоша қилиб тўймас эдим. Айни чоқда қўни-қўшниларнинг боғларда гулларга қараб юришганига, болаларнинг ўйнаётганига, жўраларнинг чақчақлашиб ўтирганига кўзим тушиб, кегли[4] ўйнаётганларнинг шовқин-суронини тинглаб ўтирарканман, вужудимни чулғаб олган ёлғизлик туйғуси ва бундан ҳосил бўлган қандайдир ғам-ғусса, ниманидир қўмсаш, соғинч ҳисси мендаги жиддийлик ва олдиндан сезиш, билиш қобилиятига вобаста бўлиб, ўз таъсирини тез орада янада яққолроқ намоён қилди.Устига-устак уйнинг эски, бурчаксимон, ғадир-будур, бесўнақай ҳолати қоронғи, ҳувиллаган, ваҳимали кўп жойлари билан бир бўлиб, мурғак бола қалбида қўрқув ва қалтироқ уйғотар эди. Бахтга қарши ўша даврда шундай бир тарбиявий “қоида” мавжуд эдики, унинг вазифаси болаларни олдиндан сезиш, пайқаш қобилиятидан эрта маҳрум қилиб, уларни кўзга кўринмас нарсалардан қўрқмасликка ўргатиш ҳамда ваҳима, даҳшатларга кўниктиришдан иборат эди. Шу боис биз болалар ётоқхонада ўзимиз ёлғиз ухлашимиз лозим эди, борди-ю бунинг уддасидан чиқолмай, кечаси секингина ўрнимиздан туриб, хизматкорлар ёки оқсочлар пинжига киришга уринадиган бўлсак, йўлимизда тунги халатини тескари кийволган отамиз бехосдан пайдо бўлар ва бизни қўрқитиб, яна ётоғимизга олиб келиб қўяр эди. Бунинг бола руҳиятига нақадар ёмон таъсир кўрсатишини тасаввур қилиш қийин эмас. Қўрққанга қўша кўринар, деган гап бор, икки ўт орасида қолган бола шўрлик қўрқувдан қандай қилиб халос бўла олсин? Аммо табиатан қувноқ  ва дилкаш онамиз бу муаммонинг яхши ибратли ечимини ўйлаб топди. У киши ўз мақсадига бизларни рағбатлантириш, тақдирлаш орқали эришди. Ўшанда айни шафтолилар пишган палла эди, онам уларнинг болдай мазасини мақтаб, оғзимизнинг сувини келтираркан, агар тунда қўрқувни енга олсак, эрталаб бизни сийлашга ваъда берарди. Қарабсизки, бундан иккала томон ҳам бирдай мамнун эди.

Уй ичига кираверишдаги танобийни отамиз қатор Рим проспектлари билан безатиб чиққан эди. Улар Пиранезининг айрим ўтмишдошлари томонидан ўйма нақшлар билан моҳирона ишланган қимматли асарлар бўлиб, ҳар гал кўрганимда эътиборимни ўзига жалб қиларди. Бу ерда мен ҳар куни Пиацца дел Пополо (газета майдони), Колизей, Пётр черкови ва майдони, Энгелсбург (фаришталар қасри) сингари ва яна бошқа кўплаб диққатга сазовор жойлар билан яқиндан танишиш имконига эга эдим. Ушбу манзараларнинг ҳар бири менда чуқур таассурот қолдирарди. Одатда ўз фикрини қисқа ва лўнда баён қиладиган падари бузрукворим баъзан лутф қилиб, улар ҳақида мухтасар ҳикоя қилиб берарди. Унинг итальян тилига ва ўша мамлакат билан боғлиқ жамики нарсаларга меҳр-муҳаббати ниҳоятда баланд эди. Ўша ёқдан олиб келган мўъжазгина мармар ва бошқа маъданлардан иборат бўлган табиатшунослик тўпламини гоҳо бизга фахр билан кўрсатарди. Кўп вақтини итальян тилида ёзаётган саёҳатномаси устида ишлаш билан ўтказар, ёзганларини эринмай таҳрир қилар ва оққа кўчирарди. Итальян тилининг билимдони жаноб Жовинацци отамизга бу борада ёрдамлашиб турарди. Отам дурустгина қўшиқ ҳам айтарди, онам эса пианино чалиб, унга жўр бўларди. Шу туфайли бўлса керак, Solitario bosco ombrosoни[5] ҳали ўзим яхши тушунмай туриб, тезда ёдлаб олганман.

Умуман олганда, отамиз ўзига хос мураббийлик, устозлик салоҳиятига эга бўлган, ишдан бўш вақтларида кўрган-билганларини бошқаларга ҳам бажонидил ўргатиб келган. Масалан, онам билан турмуш қургач, у кишини наинки пианино чалиш ва қўшиқ айтиш, балки тиришқоқлик билан ёзиш-чизишга ҳам ўргатган, шу боис онам итальян тили бўйича ҳам муайян билим ва кўникмага эга бўлган.

Одатда биз болалар қўлимиз бўшади дегунча, бувижонимизнинг олдига қараб чопардик, чунки у киши яшайдиган хона кенг ва ёруғ бўлиб, турли хил ўйинлар ўйнашимиз учун жой етарли эди. Бундан ташқари, бувимиз бизларни ҳар хил майда-чуйда нарсалар билан овунтиришни билар ҳамда тансиқ луқмалар билан сийлаб турарди. Рождество оқшомларидан бирида бувим қилган барча мурувват ва хайру саховатларининг гултожиси сифатида бизлар учун қўғирчоқ театри томошасини ташкил қилдириб, кўҳна уйимизга янги бир олам олиб кирди, десам муболаға бўлмайди. Ушбу кутилмаган томоша ўғил болаларда кучли таассурот қолдирди ва бу таъсир узоқ вақт сақланиб қолди.

Аввалига унсиз иштирокчилар ижросида қўйилган мазкур мўъжазгина саҳна томошаси машқлар натижасида бора-бора жонли, қизғин драматик жўшқинлик касб этиб, у меҳрибон бувижонимиз томонидан биз болалар учун васият қилинган сўнгги мулк ҳам бўлиб қолди. Кундан-кунга зўрайиб борган хасталик оқибатида бизларни ташлаб кетган бувижонимизнинг вафоти бутун хонадон учун оғир йўқотиш бўлди ва кўпгина ўзгаришларга олиб келди.

Бувижонимиз ҳаётлигида отам уйда бирон-бир ўзгариш ёки янгиланиш қилишга ботинолмай юрган бўлса-да, катта қурилишларга зимдан тайёргарлик кўраётгани барчага бирдай маълум эди. Бошқа кўплаб қадимий шаҳарлар каби Франкфуртда ҳам ер, жойдан ютиш мақсадида ёғоч иморатлар устига наинки иккинчи, балки кейинги қаватларни ҳам қуриш аҳоли ўртасида одатга айланган эди. Бунинг оқибатида ўзи шундоғам тор кўчалар янаям ваҳимали ва қандайдир қўрқинчли тус оларди. Ниҳоят, шундай бир қонун жорий этилдики, унга кўра, кимки янги уй қураётган бўлса, фақат икки қават учунгина рухсат берилиб, қолган биноларнинг вертикал, яъни тик бўлиши талаб қилинадиган бўлди. Отам учинчи қаватдаги яққол кўриниб турган хонани йўқотмаслик учун, ташқи меъморий кўринишга аҳамият бермай, фақат ички жиҳозларга эътибор қаратиб, унгача ҳам кўп кишилар қўллаган ҳийлани ишга солди, яъни уйнинг устки қисмларига тирговуч тираб қўйиб, остки қисмларини бирин-кетин бузиб ташлаб, янгитдан қуришга киришди. Бу найранг аслида эски уйнинг бутунлай йўқ бўлишига олиб келса-да, ташқаридан қараганда янги қурилишнинг гўё таъмирлаш ишларидек таассурот уйғотишига хизмат қилар эди.

Шундай қилиб, отамиз бузиш ва тиклаш ишларини аста-секин олиб боришни мўлжаллаганди, чунки қурилиш техникасини жуда яхши тушунар, айни чоқда оилани назорат қилиб туришни ҳам эсдан чиқармаган эди. Ушбу “янги” давр биз болалар учун ажиб ва кутилмаган янгиликларга бой бўлди. Авваллари ўқиш ва ишлашимиз учун бизга торлик қилган хоналар, турли хил ўйинлар ўйнаган йўлакларимиз, доимо озода сақлашимиз лозим бўлган деворлар, буларнинг ҳаммасини ғишт терувчи устанинг, сувоқчининг чўкичи-ю, дурадгорнинг ойболтаси остида бирин-кетин йўқ бўлаётганини кўриб туриш, бу орада тирговуч тиралган хода, тўсинларга муаллақ осилиб ўйинқароқлик қилишлар-у дарс тайёрлаш ҳамда айтилган ишларни бажаришга мажбурлик – буларнинг барчаси ёшларни анча-мунча довдиратиб қўйиб, яна ўзларига келишлари оппа-осон кечмади. Аммо бу ноқулайликлар тезда унут бўлди, чунки ўйин майдони илгарига қараганда хийла кенгайган, бунинг устига хода-тахталар узра сакраб ўйнаш ҳам мумкин эди.

Отамиз дастлаб ўз режасини қатъий амалга ошириб борди, бироқ кейинчалик томнинг бир қисми олиб ташланиб, тўшалган клеёнкаларга қарамасдан, ёмғир томчилари то бизнинг ўринларимизгача ўтиб кетавергач, ўз болаларини хайрихоҳ дўстлари ихтиёрига вақтинча бўлса-да, бериб туришга мажбур бўлди.

Бу, албатта, ўз навбатида баъзи бир ноқулайликларни ҳам келтириб чиқарди, чунки шу пайтгача уйда алоҳида яшаб, озода юрган болалар бирданига кўпчилик орасига тушиб қолиб, бемаъни ва аблаҳ кимсалар билан ҳам юзма-юз келишга мажбур бўлиб, улардан ҳимояланишга ўзларини ожиз сезишган.

Бу пайтда мен ўзим туғилиб ўсган жонажон шаҳрим билан энди-энди танишаётган эдим: шаҳар бўйлаб бора-бора эмин-эркин, баъзан ўзим ёлғиз, баъзида эса қувноқ дўстларим билан бирга у ёқдан бу ёққа бориб-келиб, сайр қилиб юрардик. Теварак-атрофдаги ана шундай жиддий ва диққатга сазовор жойлардан олган таассуротларимни баён қилиш учун аввало ўзим туғилиб ўсган масканни тасвирлаб беришим керак бўлади. Майн дарёсининг катта кўприги менинг энг севимли сайргоҳим эди. У ўзининг узунлиги ва мустаҳкамлиги ҳамда чиройли кўриниши туфайли азал-азалдан диққатга сазовор иншоотлардан бири, бинобарин, аслзодалар ҳокимияти томонидан ўз фуқаролари учун кўрсатилган ғамхўрлик ифодаси бўлмиш бирдан-бир, ягона обида ҳам ҳисобланади. Ҳақиқатан ҳам ушбу гўзал дарё ўзани бўйлаб дам юқорига, дам қуйига назар ташларканман, кўприк ўртасидаги қуёш нурида ажабтовур ялтираб турган олтин хўрозга ҳар гал кўзим тушганда, қалбим чексиз қувончга тўларди. Одатда шундан сўнг, Заксенҳаузен томонга қараб йўл олардик ва бир крейцер (эски танга пул) эвазига дарё бўйлаб сайрни давом эттирардик. Дарёнинг бу томонида узум бозори, юкларни тушираётган кранлар кўзга ташланарди, айниқса, савдо кемаларининг соҳилга кириб келиши, улардан ҳар хил ва баъзан ғалати, ғаройиб йўловчиларнинг тушиб келишлари бизга ниҳоятда қизиқ туюларди. Шаҳар ичкарисига киришингиз билан сизни Заалҳоф самимий қарши олади, бу ерда қачонлардир кайзер буюк Карл ва унинг ворисларининг қасри бўлганлиги эҳтимолдан холи эмас. Саноатлашган ҳунармандлар шаҳрида бозор кунлари, айниқса, Варфоломей черкови атрофида жуда тиқилинч, тирбанд бўлади. Бу ерлар азалдан сотувчилар, майда савдогарлар ва дўкондорларнинг талашиб-тортишиб савдо қиладиган асосий жойи бўлган, шу боисданми, яқин-яқинларгача ҳам бу ерларга бирон-бир тузукроқ муассаса бино қилишнинг иложи бўлмаган. Черков ёнидан ўтган, охири темир панжаралар билан тугайдиган йўл ёқасида жойлашган дўконлар биз болаларни ўзига оҳанрабодек тортарди, чунки бизлар у ердан арзимаган бир батцен (танга, чақа)га турли хил ҳайвонларнинг расмлари солинган ранг-баранг зарҳал варақчалар сотиб олардик. Аммо тиқилинч, тор ва ифлос бозор майдони бўйлаб одамнинг юргиси келмасди. Ҳали-ҳануз эсимда, майдонга туташ қассобхоналарнинг гўшт сотиладиган тор ва хунук пештахталари олдида даҳшатга тушиб, қочиб кетганман. Рёмерберг эса бунинг бутунлай акси эди. Янги шаҳар томон олиб борадиган Kräm кўчасидан ўтган йўлдан юриш ёқимли эди, бироқ бизларни Либфрау черкови ёнидан Zeilга[6] олиб чиқадиган биронта кўчанинг йўқлиги ранжитар ва биз ҳар гал Ҳазенгассе ёки Катариненпфорте кўчалари орқали айланиб ўтишга мажбур бўлардик. Аммо биз болаларнинг эътиборимизни ўзига кўпроқ жалб қиладиган нарсалар ҳам йўқ эмасди, булар асосан, шаҳар ичида жойлашган митти шаҳарчалар, қалъалар ичидаги қалъалар, тошдеворлар билан ўралган монастирь ҳудудлари, шунингдек, неча-неча асрлардан бери сақланиб келаётган Нюрнбергер Ҳоф, Компостелл, Браунфелс сингари қалъага ўхшаш маконлар эди. Уларнинг тамал тоши Шталлбург замонидан бошлаб қўйилган бўлиб, бу қўрғонлардан ўз вақтида турар-жойлар ва касб-ҳунар масканлари сифатида фойдаланиб келинган. Ўша даврларда Франкфуртда деярли ҳеч қандай меъморчилик обидалари бўлмаган: ҳамма нарсалар узоқ ўтмишни, шаҳар ва унинг теварак-атрофида яшовчи аҳоли учун нотинч кечган замонларни эслатиб турган. Қадимий шаҳар чегараларини белгилаб турган дарвозалар ва миноралар, яна ва яна дарвозалар, миноралар, тошдеворлар, кўприклар, тупроқ ғовлар, хандақлар бутун шаҳарни қамраб олган ва уларнинг барчаси жамоат хавфсизлигини таъминлаш зарурати юзасидангина, ҳаттоки кенг ва чиройли кўчалар, майдонлар ҳам ҳеч қандай тартиб посбонининг иши эмас, балки барчаси зулм ва тасодиф туфайлигина бунёд этилгани яққол ва равшан кўриниб турибди. Эски йилномалар, ёғоч ўймакорлиги намуналари, масалан, Франкфуртнинг қамал қилиниши ҳақида ҳикоя қилувчи ўйма нақшлар, суратлар болалар қалбида қадимшуносликка муайян ҳавас уйғотади, айни чоқда яна бир хоҳиш, чунончи, қандайдир қизиқиш ёки гўзалликка даъво қилмаган инсоний ҳолатлар ўзининг бор бўй-басти, хилма-хиллиги ва табиийлиги билан намоён бўлади. Шундай қилиб, шаҳар деворининг ички йўлаги бизнинг энг севимли сайргоҳларимиздан бирига айланган эди, биз бу ерга йил мобайнида бир неча марта келиб, шу атрофларни айланиб чиқардик. Боғ-роғлар, ҳовлилар ва улардаги уйлар, бинолар то Цвингер[7] қадар чўзилиб кетган; бунда кўпминглаб кишиларнинг уй-рўзғор билан боғлиқ майда ва пинҳоний ҳолатларини кузатиш мумкин эди. Бойнинг ҳашаматли чорбоғидан тортиб, оддий фуқаронинг мевазор боғигача, фабрикалар, (газламаларни) оқартириш майдонлари ва шунга ўхшаш кўпгина муассасалардан тортиб, то қабристонга қадар – зотан, шаҳар ҳудудининг ўзида кичик бир олам мавжуд эди – ҳар қадамда муттасил ўзгариб борадиган хилма-хил, айни чоқда бизнинг болаларча тасаввуримизга сиғмайдиган ғалати, ғаройиб томошанинг гувоҳи бўлиш мумкин эди. Чунки ўша чўлоқ иблис[8] дўстини деб кечаси Мадридда томларни қўпориб ташлагани билан, бу ерда, қуёш чарақлаб нур сочиб турган очиқ осмон остида кўз ўнгимизда бажарилган ишларга қиёслаганда, у дўсти учун ҳақиқатан ҳам ҳеч нима қилмаган. Бу   йўлдаги турли хил миноралар, зиналар ва дарвозачалардан ўтиб олиш учун зарур бўлган калитлар эса тўқимачилик фабрикасининг хўжайинлари қўлида эди ва биз уларнинг одамларига яхшилаб хушомад қилишимизга тўғри келган.

Рёмер деб аталадиган ратуша бизлар учун яна бир бошқа маънода аҳамиятлироқ эди. Унинг гумбазли кенг заллари ичида сал бўлмаса йўқолиб қолай дердик. Бир куни кенгашнинг сессиялари ўтказиладиган ўта жўн, бироқ улкан хонасига ҳам киришга муваффақ бўлганмиз. Маълум бир қисми панель билан қопланган деворлари оппоқ, шунингдек, гумбази ҳам оппоқ, аммо бу ерда сурат ёки қандайдир санъатдан асар ҳам йўқ эди. Фақат деворнинг қоқ ўртасига шундай қисқача ёзув битилган эди:

 

Бир одамнинг фикри

Йўқ одамнинг фикридир:

Ҳар икковин ҳам ҳаққоний

Тингламоқ  даркор.

 

Мазкур мажлис аъзолари учун мўлжалланган ўриндиқлар қадимий усулга кўра, ердан бир поғона баланд қилиб ўрнатилган эди. Шунда биз сенатимизда жорий этилган тартиб-қоидалар нима учун ўриндиқларга боғлиқ эканини осонгина англаб олдик. Чап қўлдаги эшикдан то рўпарадаги бурчакка қадар, биринчи ўриндиқда шеффен (суд маслаҳатчиси – тарж.)лар ўтиришарди, бурчакда эса оқсоқолнинг ўзи ўтирарди, унинг олдига кичкина столча қўйилган; оқсоқолнинг чап томонидан бошлаб, то деразаларга етгунча иккинчи ўриндиқ эгалари жой олишган; деразалар ёнидан бу ёққа қараб, учинчи ўриндиқни ҳунармандлар эгаллашган; залнинг ўртасида эса баённома тузувчи котиб учун стол қўйилган эди.

Рёмерда бўлган чоғимизда бир гал бургомистрнинг қабул маросимида ҳам қатнашганмиз. Бироқ бизлар учун энг қизиғи, кайзер сайлови ва унга тож кийдириш маросими билан боғлиқ удумлар эди. Назоратчиларнинг кўнглини овлаб, кайзер ҳузурига олиб чиқадиган кенг, ёруғ, деворларига фрескалар солинган, бироқ панжара билан бекитиб, ўралган зина пиллапояларидан юқорига кўтарилганмиз. Деворларига тўққизил, қирмизи гулқоғозлар қопланган, дабдабали, жимжимадор зарҳал ҳошиялар билан безатилган сайловчилар хонаси бизда чуқур таассурот қолдирди. Эшик тепасига ҳам турли хил нақш, гул, безаклар ишланган бўлиб, унда кайзернинг байрамона либосидаги, империянинг нишонларига кўмилган, ғаройиб нарса ўйнаётган ёш болалар ёхуд ҳомий руҳ, илоҳлар тасвирланган эди. Биз буларнинг барчасини диққат билан кўздан кечириб, бир кунмас-бир кун тож  кийдириш маросимини ҳам ўз кўзларимиз билан томоша қилишимизга умид боғладик. Хона деворларига маълум бир баландликда гир айланасига жами кайзерларнинг портретлари ҳам ишланган экан, уларнинг фаолиятлари ҳақида бизга озми-кўпми ҳикоя қилиб берган хизматчи дўстимиздан мамнун бўлиб, зални тарк этдик.

Буюк Карл тўғрисида эртакнамо афсонавий гапларни кўп эшитганмиз, аммо чексиз чалкашликларга чек қўйган Рудолф фон Ҳабсбургнинг мардлиги, жасорати ҳақидаги тарихий ҳикоя бизларни ниҳоятда қизиқтириб қўйди. Шунингдек, Карл Тўртинчи ҳам эътиборимизни ўзига тортди. Биз унинг ўз рақиби, муқобил кайзер Гюнтер фон Шварцбургга франкфуртликларнинг садоқати учун улардан ҳеч қандай хафа бўлмагани ҳақида, қолаверса, Goldne Bulle[9] ва Halsgerichtsordnung[10] тўғрисида ҳам эшитган эдик. Максимилианни эса инсонпарвар ва халқпарвар бўлган, деб эшитганмиз. Маълум бўлишича, у ўзи Германиянинг сўнгги императори бўлишини башорат қилган экан, ҳақиқатан ҳам тарихда шундай бўлган, фақат унинг ўлимидан кейин, Испания қироли Карл Бешинчи билан Франция қироли Франц Биринчи ўртасида кимни сайлаш масаласи муаллақлигича қолган. Бу ҳақда яна бир миш-миш гап ҳам юради: эмишки, бир кайзернинг портрети сиғадиган жой ортиб қолган экан, бу ҳарҳолда тасодифдек туюлса-да, бироқ ватанпарварлик руҳидаги кишиларни хавотирга солган.

Атрофни айланиб бўлгач, собор (бош черков)га боришга, дўст ва душманлари тан берган ўша шоввоз Гюнтернинг у ердаги қабрини зиёрат қилишга  отландик. Қабр  устидаги  ғаройиб  тош  бир  хилда  қўйилган, унинг шундоққина ёнида жойлашган, конклав (кардиналлар кенгаши – тарж.) ҳузурига олиб борадиган эшик биз учун ҳадеганда очилавермади, юқори мутасаддилар билан гаплашганимиздан сўнггина ниҳоят, ичкарига киришга муваффақ бўлдик, лекин буни тасаввур кучи билан хаёлан кўз олдимизга келтирганимизда, янаям яхшироқ бўларкан: негаки, энг қудратли ҳоким, ҳукамолар муҳим масалаларни ҳал этиш учун тўпланишган Германия тарихидаги бундай ғалати хонани биринчи марта кўриб туришимиз эди, чунки унда на ҳашамат, на расамад бор эди, бунинг устига ҳаммаёқда тўсинлар қалашиб ётарди.

Ҳафсаламиз пир бўлиб турган бир пайтда, ратушада Goldne Bulleни хорижлик меҳмонлар билан биргаликда кўришимизга ижозат берилганини эшитиб, кўнглимиз кўтарилди.

Болалар, албатта, охирги тож кийдириш маросимлари ҳақидаги ҳикояларни жон қулоқлари билан тинглашарди: чунки бу маросимларни ўз ҳаётидаги муҳим воқеа деб ҳисобламаган кекса франкфуртликни топиш ҳам амри маҳол. Айниқса, Карл Еттинчига тож кийдириш маросими жуда дабдабали бўлган, ўшанда Франция вакили ажойиб зиёфатлар берган, бироқ пировардида кайзер Мюнхенда ўз қароргоҳини жорий этиш масаласида хийла мушкул аҳволда қолиб, шаҳарликларга шахсан мурожаат қилишга мажбур бўлган экан.

Франц Биринчининг тож кийиш маросими ҳам ундан қолишмаган, бунда, албатта, император аёл Мария Терезанинг ҳиссаси катта бўлган. Унинг гўзаллиги Карл Еттинчининг муносиб жиддий қиёфаси ва кўк кўзлари аёлларда қанчалик катта таассурот қолдирган бўлса, маросим қатнашчилари бўлган эркакларни шунчалик ўзига мафтун қилган. Шу маънода улар бир-бирлари билан баслашишган дейиш ҳам мумкин. Ҳаммаси осойишта бир вазиятда ўтган: чунки Аахен сулҳи[11] барча ихтилофларга чек қўйган. Ўша тантаналар ҳақида гапирганда, бўлиб ўтган ҳарбий юришлар тўғрисида, жумладан, Деттингендаги жангни ҳам, гўё бу барча хавф-хатарлар бахтиёр ва беташвиш одамлар учун баайни кўнгилочар “тадбирлар” сифатида хизмат қилгандай, ўзгача ҳузур билан эслашган.

 

Ана шундай ватанпарварона танглик шароитида орадан ярим йил ўтиб-ўтмай, бирданига ярмаркалар бошланиб қолиб, барча болаларнинг дилида фавқулодда ғалаён бош кўтарди. Қисқа вақт ичида шаҳарда шу қадар кўп дўконлар қурилиб, кучли тўлқинланиш, жонланиш юзага келганки, улардаги молларни ортиш-тушириш жараёнлари дастлабки пайтларда одамлар онгида кучли қизиқиш уйғотиб, мулкка болаларча гоҳ у тарзда, гоҳ бу тарзда эга бўлишнинг чексиз хоҳишини келтириб чиқарди. Айни чоқда дунё ишлаб чиқарадиган, дунё аҳолиси ўртасида ўзаро алмашинадиган жамики маҳсулотлар тўғрисида ҳам муайян тасаввур ҳосил бўла бошлади.

Одатда баҳор ва кузда бўлиб ўтадиган бундай ғаройиб тантаналар қадим замонлардан то бизгача етиб келган анъана ва удумларни яна бир бор қизғин ва жонли равишда намоён қилишга киришди. Ярмарка иштирокчиларини кузатиб бориладиган кунда бутун халқ оёққа туриб, серқатнов кўчалари ва кўприкдан ўтиб, Заксенҳаузен томон ошиқарди. Одамлар деразалар олдига тўп-тўп бўлиб уймалашиб олишар, гўё оломон атайин тиқилинч қилиш учун, томошабинлар эса бир-бирларини томоша қилиш учунгина кўчага чиққандай таассурот қолдирарди, чунки улар кутган ва кўрмоқчи бўлган томоша аслида кеч кириб, қоронғи тушгандан кейингина содир бўлар эди.

Ўша қадимги нотинч замонларда ярмаркага келадиган савдогарлар йўлда ўзбошимча қароқчилар ҳужумига учраб, бир зумда бор-будларидан ажраб қолишлари ҳам ҳеч гап эмас эди, шунинг учун ҳукмдорлар фармонига мувофиқ, уларни қўлда қурол билан то Франкфуртга қадар кузатиб, қўриқлаб бориш жорий этилган. Аммо баъзан шаҳарликлар билан ярмаркага келаётганлар ўртасида уруш-жанжаллар чиқиб турган. Азалдан давом этиб келаётган бундай нифоқларни тинч йўл билан бартараф этиш юзасидан битимлар тузилиб, музокаралар олиб борилган ва шу тариқа одамларда ишонч-умид уйғотишга эришилган.

Бу орада ўз бўлинмаларини шаҳар дарвозалари олдига қўйиб чиққан шаҳарликлар кавалерияси империя таркибидаги шаҳарлар ва давлатлар томонидан кузатиш, қўриқлаш учун тегишли ваколат берилган отлиқлар ва гусарларга дуч келади. Кечга томон томошаталаб одамлар оқими тобора кўпайиб боради. Қош қорайиб, оқшом чўккач, Нюрнберг почта араваси ҳам етиб келади ва уни ёш-яланглар қийқириб кутиб олишади. Мавжуд урф-одатга кўра, унинг ичида кампир ўтирган бўлиши керак эди, бироқ бир-бирларини туртиб-суриб, арава ортидан интилган оломоннинг ғала-ғовури остида буни аниқлашнинг имкони бўлмайди.

Яна бир бошқа, ажойиб байрамлардан бири ҳуштакбозлар суди деб аталади. Ушбу маросим илгарилари муҳим савдо шаҳарларининг аҳолиси божларни тўлашда бир оз енгиллик берилишини сўраб, кайзерга мурожаат қилган замонларни ёдга солади. Кайзер уларнинг талабини қондиради, бироқ бу имтиёз йиллик бўлиб, уни ҳар йили янгилаб туришга тўғри келган. Мазкур жараён Варфоломей ярмаркаси, яъни кузги ярмарка бошланмасидан олдин, оқсоқолга рамзий совға-саломлар олиб келиб, топширишни тақозо этарди. Мабодо оқсоқол кайзер томонидан тайинланмаган ва уни шаҳарнинг ўзи сайлаган бўлса ҳам, бу имтиёзлар сақланиб қолаверган. Бож эркинлиги билан боғлиқ бундай удум, маросимлар Алт-Бамберг, Нюрнберг, Вормс ва бошқа шаҳарларда то ҳозиргача ҳам давом этиб келмоқда. Биби Марям таваллуди арафасидаги кун оммавий суд мажлислари ўтказиладиган кун сифатида белгилаб қўйилган. Кайзер зали, бир поғона баландда шеффенлар, ўртада оқсоқол ўтирибди, ўнг тарафдан эса томонларнинг ишончли вакиллари ўрин олган. Котиб баланд овозда ҳукмларни ўқий бошлайди, вакилларга ҳужжатдан нусхалар тарқатилади. Шунда бирданига ғаройиб мусиқа садолари янграб, ўтмиш замонларни эслатади. Уч нафар ҳуштакбоздан бири сибизға, иккинчиси поммер ёки гобой[12] чалиб, учинчиси бас овозда жўр бўлади. Уларнинг эгнида ҳаворанг-заррин пальто, бошларини бекитиб олишган, ҳамроҳлари ҳам худди шундай кийинган. Суд мажлиси вақтинча тўхтатилади, ҳуштакбозлардан бир киши вакил сифатида олдинга чиқиб, рамзий совғаларни – чиройли қилиб йўниб, силлиқланган, қалампир тўлдирилган ёғоч қадаҳ оқсоқолга тақдим этади, унинг устидаги ғалати қилиб кесилган, ипак билан тикилиб, зеб берилган бир жуфт қўлқоп берилажак ва қабул қилинажак имтиёзларга ишора эди. Булардан ташқари, яна оқ таёқча ва майда кумуш тангалар ҳам тақдим этиларди. Вормс шаҳридан келган вакил ҳатто фетр (аъло нав юпқа наматсимон мато – тарж.) шляпа ҳам тақдим қилган экан.

Вакил сўзини айтиб, совғаларни топшириб бўлгач,  оқсоқол  томонидан муайян имтиёзлар белгиланади, шундан сўнг, ҳуштакбозлар ҳамроҳлари билан қандай келган бўлса, шундай даврани тарк этади, суд эса ўз ишини давом эттиради. Бу орада иккинчи ва учинчи вакилларга ҳам сўз берилади, масалан, Нюрнберг шаҳри ўзи ва ҳамкор шаҳарлар учун ҳар йили ана шундай виртуоз вакилларни сафарбар қилишни ўз зиммасига олган эди.

Биз болалар бундай байрамларга ниҳоятда қизиқар эдик. Одатда байрамдан сўнг, қадаҳ ва таёқча, бир жуфт қўлқоп ёки эски вайспфенниг – майда кумуш тангаларни қўлга киритиш мақсадида бобомизни кўргани борардик. Албатта, бундай рамзий маросимларнинг мазмун-моҳиятини ўтган асрларни тасаввур қилмасдан, авлод-аждодларимиз, ота-бобо­ларимизнинг урф-одат, удум ва анъаналарини эсга олмасдан туриб, тушунтириб бериш қийин, зеро, ҳуштакбозлар ва вакиллар ҳамда ажиб совға-саломлар тарихи бундан яққол далолат бериб турибди.

Ана шундай қадимий байрамлар кетидан биз болалар учун қувончга тўла яна бир ажойиб шодиёна кириб келарди, чунончи, бу байрам шаҳар ташқарисида, очиқ осмон остида ўтказилар эди. Майн дарёсининг ўнг соҳилида чор атрофи озода қилиб ўралган, теварагида азим жўка дарахтлари кўкка бўй чўзиб турган олтингугуртли чашма бўларди, ундан сал нарида мана шу шифобахш чашма сабабли бир вақтлар бунёд этилган шифохона ҳам бор эди. Йилнинг маълум бир кунида шу яқин атрофда жойлашган яйловларга ҳар томондан чўпон-чўлиқлар етиб келишади, байрам бошланиб, базму жамшид алламаҳалгача давом этади. Шаҳарнинг бошқа бир тарафида ҳам худди шундай майдон, чашма ва жўка дарахтлари бор. У ерга троица байрами муносабати билан қўй-қўзилар ҳайдаб олиб келинади, шу билан бирга, бечора етим болалар ҳам таклиф қилинади, мақсад уларни ташқи олам билан ошно этиш, шу тариқа ҳам маънавий, ҳам жисмоний жиҳатдан чиниқтиришдир. Қишлоқ ҳаётига оид мана шундай ажойиб байрамлар, сайру-сайиллар болалик хотирамда ўчмас бўлиб сақланиб қоларкан.

Бу орада уйимиз ҳам тайёр бўлган, энди ҳаммамиз яна жамулжам бўлиб, ўзимизни яхши ҳис қилар эдик. Уй эндиликда етарли даражада кенгайган, ёруғ ва шинам, бир қанча деразалар оша боғ-роғлар манзарасини бемалол томоша қилиш мумкин эди. Ички пардоз ишлари ҳам тез орада ўз ниҳоясига етказилиб, тартибга солиш қолганди, холос.

Булар энг аввало, отамнинг чарм ёки ярим чарм муқовали китоблар тўплами бўлиб,  унинг иш кабинети деворларини безаб туриши лозим эди. Улар орасида лотин ёзувчиларининг чиройли қилиб чиқарилган ҳолланд нашрлари, шунингдек, Римдан олиб келинган кўпгина антиқий нарсалар ҳамда наинки амалий, балки илмий ҳуқуқшуносликка оид асарлар ҳам бор эди. Тўпламдан энг зўр итальян шоирларининг китоблари ҳам ўрин олганди, айниқса, Тассо ижодига отамнинг меҳри баланд эди. Шунингдек, бу ерда сафарномаларнинг энг сўнгги нусхаларини ҳам учратиш мумкин эди, муаллиф унинг Кайслер ҳамда Немайц ҳақидаги бобларини меҳр билан, берилиб тузатар ва яна тўлдиришда давом этарди. Булардан ташқари, ҳар хил зарур қўлланмалар, турли-туман тиллардан луғатлар, ва яна бошқа кўплаб фойдали ва ёқимли нарсалар муҳайё эди. Мазкур тўпламнинг иккинчи ярми тоза, озода, чиройли  пергамент муқовали китоблардан иборат бўлиб, улар болохона бўлмасига алоҳида қилиб териб қўйилган эди. Отамиз янги чиққан китобларга буюртмалар бериш, уларни қабул қилиб, тахлаб жой-жойига қўйиш ишларини ҳам алоҳида меҳр билан бажарарди. Бу борада у ёки бу асар ҳақида муайян маълумот берадиган илмий-оммабоп хабарлар, эълонларни ҳам кўздан қочирмас, қолаверса, юридик диссертациялар тўплами ҳам йил сайин кенгайиб борар эди.

Илгари эски уйимизда ҳар ер-ҳар ерда осиғлиқ турган расмлар ҳам ҳаммаси энди чиройли, зарҳал рамкаларга солиниб, отамнинг иш кабинети ёнидаги алоҳида хонанинг деворларига симметрик тарзда илиб қўйилди. Отам доим бир фикрни кўп такрорлаб юргучи эди, унингча, вафот этиб кетган санъаткорларга камроқ мурожаат қилиб, кўпроқ тирик инсонлар ижоди билан шуғулланиш мақсадга мувофиқ бўларкан, чунки ўтганлар ижодига баҳо беришда жуда кўп нотўғри, хато фикр, хулосалар ўтиб кетмаслигига кафолат бериб бўлмас экан. Унинг тасаввурига кўра, расмларни Райн шаробига қиёс этиш мумкин экан, зеро, шароб вақт ўтган сайин кучайиб, янаям мазалироқ бўлгани каби, санъат асарларининг аҳамияти, қадр-қиймати ҳам йил сайин тобора ошиб боравераркан. Шу маънода у кўплаб қадимги, эски расмларнинг қорамтир ёки кўпроқ жигарранг тусга кириши натижасида ҳосил бўлган улардаги уйғунлик, ҳамоҳанглик мухлислар томонидан эътироф этилиб, кўпроқ қадрланишига ҳам урғу берди. Аммо отам ишонтириб айтдики, у янги расмларнинг келгусида қорайиб қолмаслигидан ҳечам хавотирга тушишни хоҳламас, чунки уларнинг шу тарзда қадр-қиммати ошиши ҳақидаги фикрга қўшилолмас экан.

Падари бузрукворимиз ана шундай нуқтаи назар ва қарашлар асосида кўп йиллар мобайнида франкфуртлик жами санъаткорлар ижоди билан шуғулланиб келди: улар орасида рассом Ҳирт эман ва қорақайин ўрмонзорларини, қишлоқ манзараларини айниқса, чорва моллари билан омихта қилиб, маҳорат билан тасвирлаган, яна Траутманн Рембрандтдан ибрат олиб расмлар чизган, Шюц эса Райн ерлари мавзуига мурожаат қилган бўлса, Юнкерн ижодини гуллар, мевалар ва натюрмортсиз тасаввур қилиб бўлмайди, қолаверса, у нидерландияликлардан улги олиб, ўз асарларида инсонларнинг сокин ҳаёт тарзини моҳирона акс эттирган. Яна бир ажойиб санъаткор, дармштадтлик сарой рассоми, Бринкманнинг шогирди Зеекатц эди, у Гётелар хонадонининг оилавий суратини чизган мусаввирдир.

Уйдаги қолган бошқа хоналар ҳам ниҳоят, бирин-кетин тартибга келтирилди, деразаларга илгариги юмалоқ ойналар ўрнига силлиқ тошойналар ўрнатилиб, хоналар ёп-ёруғ бўлди. Отамнинг кайфияти ҳам, гарчи оилада баъзан у-бу камчилик чиқиб қолган пайтларда у қадар бўлмаса-да, ҳарҳолда аввалгидан яхшироқ эди. 1755 йилнинг 1 ноябрида Лиссабонда рўй берган кучли зилзила фавқулодда воқеа сифатида болалар қалбини ҳам илк бор чуқур ларзага солди. Улкан гўзал қароргоҳ, бандаргоҳлар ва савдо-сотиқ шаҳри даҳшатли мусибатга учради, баҳри уммон қутуриб, кемалар чилпарчин, уйлар, турар-жойлар, черковлар вайрон бўлди, миноралар қулаб, қирол саройининг бир қисмини сув ювиб кетди, ер ёрилиб, олов пуркай бошлади, ҳаммаёқ тутун ичида қолиб, харобазорга айланди. Бир дақиқа аввал соғ-саломат юрган олтмиш минг одам зумда ҳалок бўлди, тасодифан омон қолганлар эса табиий офат етмагандай, яшириниб-пусиб юрган ёки мана шу офат туфайли озодликка чиққан жиноятчи гуруҳларнинг қурбонига айланди.

Мамлакатнинг катта ҳудудларига хабарлар тарқаб улгурмаёқ, офатнинг ўзи етиб борди: айрим жойларда кучсиз ер силкинишлари давом этиб турди. Художўй тақводорлар панду насиҳат, файласуфлар таскин айтиш, руҳонийлар эса дуо ўқиш билан бу даҳшатли воқеага ўз муносабатини билдирдилар. Бутун жаҳоннинг диққат-эътибори бир муддат шу нуқтага қаратилди, дунёнинг тўрт тарафидан жабрдийдаларга ҳамдардлик ва хайрихоҳлик билдирилган хат-хабарлар тўхтовсиз оқиб кела бошлади. Эҳтимол, даҳшатли иблиснинг ваҳшатлари ҳам ер юзи бўйлаб бунчалик тез тарқалмаган бўларди.

Болаларга ушбу воқеаларнинг барчаси таъсир қилмай қолмади, албатта. Диний ақидаларда ер ва осмонни яратган, ўз паноҳида асрагувчи Тангри доно ҳамда меҳрибон, дея талқин этилади, шундай экан, унинг айбдор ва айбсизларни баравар ҳалокатга маҳкум этганини қандай тушуниш мумкин? Бу саволга жавоб топишга мурғак қалбларнинг уринишлари беҳуда эди, зотан, бундай ҳодиса олдида нафақат улар, балки донишмандлар, олимлар ва қонун билимдонлари ҳам ожиз эдилар.

Келаси ёзда Кўҳна Аҳд (Таврот) шу қадар батафсил таъриф-тавсифлаган Худонинг қаҳр-ғазабига ўзимиз ҳам бевосита гувоҳ бўлдик. Бир куни тўсатдан кучли дўл ёғиб берди, устига-устак момақалдироқ даҳшатли гумбурлаб, чақмоқ чақди, уйдаги деразалар дириллаб, янги қўйилган ойналар чил-чил бўлди, яп-янги жиҳозлар, нодир китоблар ва бошқа қимматбаҳо буюмлар ишдан чиқди, бундан ниҳоятда қўрқиб кетган болаларни хизматкорлар панароқ жойга олиб бориб, ўзлари мук тушиб, дарғазаб Тангридан раҳм-шафқат сўраб, унга нола қила бошладилар. Отам эса ваҳимага тушмади, ўзини йўқотмай, дарҳол деразаларнинг тавақаларини ошиқ-мошиғидан суғуриб ташлади, гарчи бу билан бир нечта ойналарни синишдан асраб қолган бўлса-да, аммо ҳаял ўтмай дўл кетидан шаррос ёққан ёмғир натижасида хоналарнинг ичи ва зиналар сувга тўлди.

Бу каби ҳодисалар оқибатида отамизнинг биз болаларга ўзи бермоқчи бўлган дарс сабоқлари ҳам бир оз ортга сурилди. Падари бузрукворимизнинг ёшлиги Германиянинг ўша даврдаги пешқадам ўқув даргоҳларидан бири бўлган Кобург гимназиясида ўтган. Ўқиш даврида тилларни чуқур ўрганган, чунки бу илмий тарбиянинг бир жиҳати ҳисобланарди, сўнгра Лайпцигда ўзини бутунлай ҳуқуқшунослик илмига бағишлаган ва ниҳоят, Гиссенда „Electa de aditione hereditatis”[13] деган мавзуда диссертация ёқлаган ва мазкур илмий иш ҳуқуқшунослар томонидан ҳали ҳам юқори баҳоланиб келади.

Ўзлари қилишга улгурмаган ишларнинг фарзандлари томонидан амалга оширилишини кўриш барча оталарнинг эзгу истагидир. Ўз билимларига ишонибми ёки ўша даврдаги муаллимларга унчалик ишонқирамагани туфайлими, отам биз болаларга ҳартугул ўзи дарс беришни ният қилиб, жуда зарур бўлган айрим ҳоллардагина ҳақиқий ўқитувчилар кўмагига таянадиган бўлди. Бунга аллақачон томир отган педагогик дилетантлик (юзакичилик) ва умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларнинг ўз ишига совуққонлиги ҳамда ўта расмиятчилиги сабаб бўлган бўлса, ажаб эмас. Шу боис ўз касбининг устаси ёки фидойиси бўлмаган кишилар бераётган сифатсиз дарслардан воз кечиб, билим олишнинг бошқа бир оқилона йўлини қидирган бўлса ҳам, эҳтимол.

Отамиз ўзи танлаган йўлдан бориб, ҳаёт кечирган, мен ҳам худди шундай йўлдан боришим лозим эди. У менинг туғма қобилиятларимни гўё ўзида етишмагандек, ниҳоятда қадрларди, чунки ўзи барча нарсага ўзининг фавқулодда тиришқоқлиги, асослилик ва такрорлаш туфайли эришган эди. Кўпинча ҳазиллашибми ёки чинми, агар сенинг қобилиятларинг менда бўлгандами, уларнинг қадрига етиб, бутунлай бошқача йўл тутган бўлардим, дерди.

Тез англаш, такрорлаш ва ёдда сақлаб қолиш туфайли яқин орада отам ва бошқа устозлар берган дарсларни ўтиб бўлдим, аммо бирор нарсани чуқур ўргандим, деёлмасдим. Грамматика менга ёқмас, унга бебош қонун деб қарардим, қоидалар эса истиснолар шу қадар кўплигидан кулгили туюлар, чунки уларнинг барчасини қайтадан махсус ўрганишимга тўғри келарди. Шеърлардан иборат лотин тили дарслиги бўлмаганда агар, билмадим, ҳолим не кечарди. Уларни ёд олиб, ўзимча хиргойи қилиб юрардим. Номигагина ёзилган бу юзаки шеърларнинг бемаза қофияларидаги жўғрофий номлар шунчаки эслаб қолишда қўл келарди, масалан:

 

Обер-Иссел: балчиқ жой

Обод юртга чаплар лой.

 

Нутқ тузилиши ва матал, ибораларни тез англаб, мазмун-моҳият ва тушунчаларни ҳам бир зумда фаҳмлаб олардим. Нутқдаги айрим камчилигимга қарамасдан, риторик нарсалар ёки маълум мавзу юзасидан бериладиган топшириқларни бажаришда ҳеч ким менинг олдимга тушолмасди. Ёзган иншоларим отамга зўр қувонч бағишлар ва бунинг учун кўпинча у кишининг пул мукофотларига ҳам сазовор бўлардим.

Целлариуснинг дарслигидаги ўша шеърларни ёдлашим керак  бўлган хонада отам синглимга итальян тилидан дарс ўтарди. Вазифамни тезда бажариб бўлгач, итальянча сўзларга қулоқ солиб ўтирардим ва бу тил менга худди лотин тилидан шодон чекинишдай туюларди.

Хотира ва комбинацияда пешқадам бўлган болалар билан баб-баравар эдим, шунинг учун отам менинг бирор олий ўқув юртига боришимни ҳам кутмаган. У менга тез орада ўзи ёқтирган Лайпцигда аввал ҳуқуқшуносликка ўқишимни, сўнг бошқа бир университетга кириб, докторлик диссертациямни ҳимоя қилишим лозимлигини тайинлади. Иккинчи ўқиш масаласида қаерни танлашим унга барибир эди, фақат Гёттингенни, билмадим, нимагадир ёқтирмас эди: мен эса айнан ўша ерга қаттиқ ишонардим ва ундан умидим катта эди.

Бундан ташқари, Ветцлар билан Регенсбургга, ҳеч бўлмаса Венага ва у ердан Италияга боришим лозимлигини уқтириб, яна шуни ҳам такроран айтдики, аввало Парижни кўришим зарур экан, чунки Италияга бориб келгач, ҳеч нарсанинг қизиғи қолмас эмиш.

Келажак ёшлигимнинг ушбу эртаги кўп такрорланди, зеро, у Италия ҳақидаги ҳикоя билан бошланиб, Неаполь сафарномасида ниҳоясига етди. Ундаги жиддийлик ва ширасизлик гоҳ тарқагандай, гоҳ жонлангандай туюлар ва биз болалар қалбини бу жаннатларни кўриш орзуси қамраб олганди.

Тобора кўпайиб борган хусусий дарсларимни қўшни болалар билан баҳам кўра бошладим, бироқ улар билан биргаликда ўтган бу дарслар мени қониқтирмади; ўқитувчилар бепарво, лоқайд, ўз ишига масъулиятсиз эди, қолаверса, шерикларимнинг шумликлари ўзи шундоғам арзимас, ночор дарс соатларини йўққа чиқарарди. Сабоқларга ранг-баранглик бахш этиб, дарсларнинг қизиқарлилигини таъминлайдиган хрестоматиялар ҳали бизгача етиб келмаган эди.

Ўжар Корнелиус Непос ҳамда ваъз-насиҳатлар ва диний дарслар туфайли янаям маъносиз туюлган Инжилнинг биз ёшлар учун ҳеч қандай қизиғи йўқ эди; бунинг акси ўлароқ, ўша даврдаги немис шоирларининг мутолаасидан сўнг, қалбларимизни қофия ва шеърга бўлган қандайдир ташналик чулғаб олганди. Бу ҳиссиёт менда анча аввал пайдо бўлган, чунки вазифаларимни бажаришда риторик муносабатдан кўра поэтик ёндашув қизиқарлироқ кўринган эди. Биз болалар одатда якшанба кунлари учрашиб турардик ва ҳар биримиз ўзимиз ёзган шеърлардан ўқиб беришимиз лозим бўларди. Худди ўша пайтда қандайдир ғаройиб воқеа содир бўлди-ю, узоқ вақт ҳаловатим йўқолди. Мен ўз шеърларимни, қандай бўлмасин, ҳар доим энг яхши деб ҳисоблардим. Бироқ тез орада шуни сездимки, аслида бемаза нарсалар олиб келадиган рақобатчи шерикларим ҳам худди ана шундай ҳолатда бўлиб, ўзларини бировдан сира кам деб ўйлашмас экан. Бундай ишларга ноқобил, аммо ўзи яхши бир бола бор эди, билишимча, унинг шеърларини мураббий ёзиб бераркан, у эса уларни наинки зўр деб ҳисоблар, балки ўзим ёзганман деб юрар, буни менга ўзи ҳар доим очиқ-ойдин айтар эди. Шунда кўнглимдан балки мен ҳам васвасага учиб, адашаётгандирман, эҳтимол, ўша шеърлар ҳақиқатан ҳам меникидан яхшироқдир, ким билади, болалар олдида ўзимни зўр қилиб кўрсатишга уриниб, чиндан ҳам ноҳақлик қилаётгандирман, деган ўй кечди ва бу нарса мени жуда узоқ вақт қийнаб, безовта қилиб юрди. Ҳа, ўшанда ишларим ҳам пича юришмай қолган. Ниҳоят, беғамлик ва иззатталабликдан бир оз таскин топиб, қолаверса, бизнинг ҳолимиздан хабар топган ота-она ва муаллимларимиз олдиндан тайёргарликсиз берган вазифани муваффақиятли бажариб, барчанинг мақтовига сазовор бўлганимдан кейингина кўнглим тинчиб, ўзимга келганман.

Ўша даврларда ҳали болалар учун кутубхоналар ташкил қилинмаган эди. Катталар болаларча кайфиятда бўлиб, ёш авлодга таълим бериш қулайроқ, деб ҳисоблардилар. Амос Комениуснинг „Orbis pictus“[14]идан бошқа шу хилдаги китоб ҳали қўлимизда йўқ эди. Тўғри, Библия (Инжил)нинг мисгар уста Мериан томонидан мис билан ишлов берилган, ярим форматда босилган салмоқли жилдига ҳам тез-тез кўзимиз тушарди. Бундан ташқари, Готтфриднинг “Йилнома”си бор эди, бу китоб ҳам ўша уста томонидан мис билан ишланган бўлиб, бизни дунё тарихидаги энг ғаройиб ҳодисалар билан таништирар эди. „Acerra philologica“[15]  эса ҳар хил масаллар, мифологиялар ҳамда ажиб ва ғаройиб нарсалар билан ошно этарди. Орадан кўп ўтмай, Овидийнинг “Эврилишлар”и билан бақамти бўлиб, биринчи китобларини ўқиб-ўрганиб чиқдим, натижада кўплаб муҳим воқеа, ҳодисалар ва ажойиб манзараларнинг шоҳиди бўлиш билан бирга, ҳар доим ўз севган ишим билан машғул бўлдим.

Қадимий нарсалардан яна Фенелоннинг “Телемах”и билан янги черков таржимаси орқали танишишга муяссар бўлдим, гарчи у ўта номукаммал бажарилган бўлса-да, ҳарҳолда менга ёқди. “Робинзон Крузо”нинг ўз вақтида келиб қўшилиши ҳам мутлақо табиий эди, жумладан, “Фелзенбург ороли”[16] хусусида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Лорд Ансоннинг “Оламга саёҳат”и эса ҳақиқатнинг устунлиги эртаклар оламининг бой фантазиясига узвий боғланиб кетганлиги билан жозибали эди. Бу китобни ўқиган пайтларимизда беихтиёр глобусга бармоқларимизни теккизиб, ўша ажойиб денгизчи билан бирга хаёлан дунё кезардик. Шундан сўнг, яна бир талай бошқа асарлар билан ҳам танишдим, гарчи уларни мукаммал деб бўлмаса-да, ўтган замонларнинг руҳи ва кўрсатган хизматлари ҳақидаги холисона ҳикоялари туфайли қадрли дейиш мумкин эди.

“Халқ китоблари” ёки “Халқ асарлари” деб номланган ўша китобларни чиқарган нашриёт Франкфуртнинг ўзида маълум ва машҳур бўлиб кетди, китоблар эса бозори чаққонлигидан ўта сифатсиз сиёҳшимгич қоғозга бир хил ҳарфлар билан деярли ўқиб бўлмайдиган ҳолда босила бошланди. Биз болалар ширинлик ўрнига ўрта асрнинг ушбу қимматли қолдиқларини бир неча крейцер эвазига китобфурушдан харид қилолганимиздан бахтиёр эдик. Шу тариқа, Ойленшпигель, тўрт Ҳаймон болалари, соҳибжамол Мелузина, император Октавиан, гўзал Магелона ва Фортунатусдан тортиб, то абадий яҳудийгача, барчаси бизларнинг хизматимизда эди. Бунинг афзаллиги шунда эдики, башарти мазкур асарлар титилиб кетгудай бўлса ҳам, дарҳол яна янгисини сотиб олиб, ўқишда давом этаверардик.

Худди ёзда айни оилавий сафарга чиққан пайтингизда ҳаво тўсатдан айниб, момақалдироқ гумбурлаб, кайфиятингиз бир зумда бузилгани каби хасталиклар ҳам кутилмаганда ёшликнинг энг гўзал фаслига тўғри келиб қолар экан. Менинг ҳаётимда ҳам худди шундай бўлди. Фортунатусни хазина ва сеҳрли қалпоқчаси билан эндигина сотиб олган эдим, бирданига кўнглим беҳузур бўлиб, иситмам кўтарилди, бу чечакнинг аломати экан. Унга қарши эмлаш бизда доим катта муаммо бўлиб келган, гарчи машҳур ёзувчилар буни аниқ ва ишонарли тарзда тавсия қилишганига қарамасдан, немис шифокорлари бу борада амалиётга қўл уришга ҳамон иккиланиб келишади. Мавҳум фикрловчи инглизлар эса келиб, ўзига тўқ ва бидъатдан холи бўлган оилаларнинг болаларини мўмай ҳақ эвазига чечакка қарши эмлашди. Бироқ кўпчилик мудом эскича фикрда эди: касаллик кўплаб оилаларни қамраб олди ва талайгина болаларнинг ҳаётига зомин бўлди, шунда ҳам айрим ота-оналаргина синалган воситадан фойдаланишга журъат қилдилар. Дард бизнинг хонадонга ҳам етиб келиб, мени ўз исканжасига олди. Бутун аъзойи баданимга чечак тошиб, юзимни бекитиб олиб, бир неча кун ётиб қолдим. Дард енгиллаши учун қимирламай ётишимни маслаҳат беришди. Бир амаллаб буни уддаладим, аммо мени иложи борича иссиқ сақлашга ҳаракат қилишганидан аҳволим оғирлашди. Орадан анча вақт ўтиб, бир куни ниҳоят, худди юзимдан ниқоб олиб ташлангандек, ўзимни енгил ҳис қилдим, баданимда чечак излари қолмаган, бироқ юз тузилишим сезиларли даражада ўзгарган эди. Ўзим ёруғ оламни яна кўриб турганимдан, баданимдаги доғлар йўқолганидан хурсанд эдим, лекин бошқалар менга ўша кунларни эслатишдан ўзларини тияёлмадилар. Айниқса, шўх-шаддод, тили бурро холам мени кўриши билан: “Жин урсин! Қариндош, юзинг бунча хунук бўлиб кетибди!” деса бўладими. Сўнг, бир вақтлар мени фахр билан қўлида кўтариб олиб юрганини эслаб, гапириб кетди, шунда мен одамларга улашган қувончимиз бир кун келиб ўзимизга жазо бўлиб қайтишини тушуниб етдим.

Ёшлик – бебошлик дегандай, мени на қизамиқ ва на шамолчечак четлаб ўтди ва ҳар гал одамлар менга эсон-омон қутулганингга шукур қилгин, дейишарди. Аммо афсуски, орқаваротдан бошқа бир нима сездирмай пусиб келар ва бу нарса мени чуқур ўйга толдирарди. Ана шу азоблардан қутулиш учунми, ўзим ҳам сабр-чидамга бир оз кўникдим, қолаверса, насронийларнинг бағрикенглик таълимоти ҳам тавсия этганидек, менга айниқса, сабот-матонатли, бардошли инсонларнинг фазилатлари тақлид қилишга лойиқ бўлиб туюлди.

Оилавий дард-изтироблар ҳақида гап кетар экан, шу ўринда яна бир укамни[17] хотирлаб, эсга олиб ўтгим келади, у мендан уч ёш кичик бўлиб, худди шу хасталикка дучор бўлган эди. Унинг табиати нозик, ўзи камгап ва қайсар эди. Умри қисқа экан, болалик даврини яшаб ўтолмади. Мендан кейин туғилиб, узоқ яшаш насиб этмаган сингилларимдан бири бениҳоя чиройли ва ёқимтой эди, у ҳам кўп ўтмай, бизларни ташлаб кетди, орадан йиллар ўтиб, биргина синглим билан икковимиз қолдик.

Ўша касалликлар ва бошқа ёқимсиз тўсиқ ва камчиликлар барчаси бир бўлиб, икки баравар оғир оқибатларга олиб келган: чунки отамиз таълим-тарбиявий ишлар бўйича муайян тақвим тузиб олган, шекилли, ҳар қандай бой берилган нарсанинг, масалан, дарсларнинг ўрни бевосита тўлдирилишини хоҳлар ва ким соғайиб чиқса, унга икки баробар кўп вазифа топширар эди. Албатта, буни бажариш менга қийинчилик туғдирмаган, ўсиб-улғайишимга маълум даражада монелик қиларди, холос.

Бундайин дидактик ва педагогик мушкулотлардан қочиб, одатда бобомиз ва бувимиз ҳузуридан паноҳ топардик. Улар яшаётган хонадон Фридбергергасседа жойлашган бўлиб, у ер бир замонлар қаср бўлгани кўриниб турарди: чунки кириб боришингиз билан икки томони қўшни уйларга туташган кунгурали каттакон дарвозага кўзингиз тушади. Торгина йўлакдан ўтиб, теварак-атрофи баланд-паст бинолар билан ўралган кенг ҳовлига чиқилади. Одатда биз ўша бинолар ортидаги ястаниб ётган, жуда яхши сақланган, хийла узун ва кенг боғ томон югургилаб борардик, йўлаклар токзорлар билан иҳоталанган, икки четидаги жўяк ва гулпушталарда ошхонабоп ўсимликлар ва турли-туман гуллар эрта баҳордан то кузга қадар барқ уриб ўсиб ётарди. Жанубга қараган девор бўйлаб яхши ҳосил берадиган шафтоли дарахтлари қатор тизилиб кетган, бизлар учун ман этилган мевалари ёз бўйи ғарқ пишиб, кўзимизни куйдирар эди. Аммо биз у тарафга иложи борича қадам босмас эдик, чунки ширинтомоқликни қондиролмаслигимизни яхши билардик ва шунинг учун қарама-қарши томонга йўл олардик, у ерда қорағат буталари кўз илғамас узоқларга  чўзилиб кетган, меваларидан то кузга қадар бирдай баҳраманд бўлар эдик. Булардан ташқари, баланд тарвақайлаб ўсган кекса тут дарахти ҳам бор эди, унинг мевасини яхши кўрардик, барги эса ипак қуртлари учун озуқа эканини билиб олган эдик. Ушбу сокин, тинч гўшада ҳар кеч бобомнинг гулзор ва мевазорларни астойдил парвариш қилиб юрганини кўриш мумкин эди, оғирроқ ишларни эса бир боғбон бажарарди. Бобом гўзал чиннигул чаманзорига эринмай қараб, уни кенгайтириш учун бор куч-ғайратини аямасди. Шафтоли дарахтларининг ҳосилдорлигини янада ошириш учун шохларини шпалера (устунча)ларга ярим доира шаклида чиройли қилиб боғлаб чиқарди. Лола, гиацинт (сунбул) ва бошқа турдош ўсимликларнинг пиёзларини саралаш ва сақлаш билан ҳам ўзи шуғулланар, бу ишларни ҳеч кимга ишонмасди. Яна бир нарсани яхши эслайман, бобом турли хил атиргул навларига куртак пайванд қилишнинг ҳам ҳадисини олган эди. Бу ишларни бажаришда гул тиканларидан сақланиш учун қўлларига ўша алмисоқдан қолган чарм қўлқопларни кийиб оларди, бунақа қўлқоплар эса бисёр эди, чунки уларни ҳар йилги “ҳуштакбозлар суди”да беминнат олиб турарди. Эгнида ридо, жуббага ўхшаган уй халати, бошида эса эзилган, ғижим қора бахмал шапка бўлар, шу туришида бобом Алкинос билан Лэртсни[18] эслатарди. Бобом боғдорчилик ишларини ҳам худди хизмат вазифаси каби мунтазам, аниқ ва пухта бажарар, ҳар доим пастга тушишдан олдин идорадаги зарур ишларини битириб, ҳужжат ва қоғозларини ҳам тартибга келтириб қўярди. Эрталаб ратуша – шаҳар бошқармасига бориб келар, сўнг тамадди қилиб олгач, ўтирган жойида бир оз мизғиб олар, хуллас, бир-бирига ўхшаш кунлар шу тарзда ўтиб борарди. У киши камгап, бировга қаттиқ гапирмасди, жаҳллари чиққанини ҳам эслолмайман. Теварак-атрофидаги ҳамма нарсалар эски, қадимий эди. Панель (ёғоч-тахта) қопланган кабинетида қандайдир янгилик бўлганини билмайман. Кутубхонасида ҳуқуқшуносликка оид асарлардан ташқари фақат илк сафарномалар, денгиз бўйлаб саёҳатлар ҳамда кашф этилган мамлакатлар ҳақидаги китоблар бор эди. Умуман олганда, бу ердагидан бошқача бўлиши мумкин бўлган қандайдир сокин ва абадий тинчлик ҳолатини тасаввур қилолмасдим. Бу ҳурматли қарияга нисбатан иззат-икромимизни  янада  оширган  нарса, унинг ўзи ва ўз тақдирига тааллуқли воқеа, ҳодисаларни башорат қилиш қобилиятига бўлган қатъий ишончимиз эди.  Чунончи, бобом бувимдан бошқа ҳеч кимга ичидагини очиқ-ойдин ёрилмасди, лекин биз барчамиз рўй берадиган воқеа, ҳодисаларнинг хосиятли тушлар орқали унинг ўзига олдиндан аён бўлишини яхши билардик. Мисол учун, ҳали у шаҳар кенгашининг ёш аъзоларидан бири бўлган пайтларда рафиқасига шеффен (суд маслаҳатчиси)нинг ўрни бўшаб қолиши ва у ўзига насиб қилишини айтади. Ҳақиқатан ҳам тез орада шеффенлардан бири миясига қон қуйилиб ўлгач, сайлов ва соққа билан овоз бериш белгиланган куни уйдагиларга меҳмонлар ва табриклаш учун келувчиларни кутиб олишга тайёргарлик кўраверишни тайинлайди ва ўша куни ҳақиқатда ҳам ҳал қилувчи олтин соққа унинг фойдасига чиқади… Ушбу воқеа тушида қандай аён бўлганини кейинчалик шундай тушунтириб берган: шаҳар кенгашининг одатдаги йиғилиши бўлаётганмиш, шунда ҳалиги ўлган шеффен бирданига ўрнидан туриб, пастга тушибди-да, унинг олдига келиб, илтифот билан: менинг ўрнимни эгаллашингиз мумкин деб, эшикдан чиқиб кетибди.

Собиқ оқсоқол вафот этганда ҳам худди шунга ўхшаш ҳодиса юз берган. Бунақа пайтларда кайзернинг оқсоқол тайинлаш ҳуқуқидан фойдаланишига имкон бермаслик учун одатда янги оқсоқол сайловини зудлик билан ўтказишга ҳаракат қилинарди. Бу гал идорага ярим тунда вакил кириб келиб, навбатдан ташқари йиғилиш эртасига эрталабки пайтга белгиланганини маълум қилади. Шунда кутилмаганда вакилнинг чироғи ўчиб қолиб, шам қолдиғини бериб туришларини сўрайди. Бобом: унга бутун шам беринглар, ахир у мени деб юрибди, дейди. Фаришталар омин деганми, эртаси куни соққа билан овоз бериш бобом фойдасига ҳал бўлиб, у бир овоздан оқсоқол этиб сайланади.

Бизга маълум бўлган бошқа тушлар ва кароматлар ҳам худди шундай жўн, оддий бўлган. Ҳануз эсимда, болалигимда бобомнинг китоблари ва ёзма тақвимларини титкилаб ўтириб, бир куни боғдорчиликка оид аллақандай ёзувларни топиб олганман: бугун тунда N. N. олдимга келиб, шундай-шундай деди… исм ва ваҳий шифр билан ёзилган эди. Ёки шунга ўхшаш яна бир изоҳ: бугун кечаси кўрдим… қолган сўзлар шифрланган бўлиб, ўшанда ҳеч нарсани англаёлмаганман.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, ҳеч қандай башорат қилиш қобилиятига эга бўлмаган шахслар ҳам баъзида ўз муҳити доирасида бир лаҳза бўлсаям, айни чоқда ўзидан узоқда содир бўлаётган касаллик ёки ўлим ҳолатларини қандайдир ҳиссий туйғу ёки ишора, аломат воситасида олдиндан сезиб, пайқай олишган. Аммо улардаги бундай қобилият болалари ёки набираларига ўтмаган, улар кўпроқ серғайрат ва хушчақчақ, қувноқ одамлар бўлишган.

Кези келганда, фурсатдан фойдаланиб, бизларга ёшлигимизда кўп яхшиликлар қилган бундай кишиларни миннатдорлик билан эслаб ўтмоқчиман. Мелбер исмли вофуруш бир одамга турмушга чиққан иккинчи холам шулар жумласига киради. Улар шаҳарнинг бозорга яқин бўлган энг гавжум, тиқилинч ерида туришарди. Ғала-ғовур ичида йўқолиб қолишдан қўрқиб, биз болалар ушбу манзарани уларнинг уйида деразадан томоша қилиб ўтирардик. Ўшанда дўконлардаги беҳисоб турли-туман маҳсулотлар орасидан айнан қизилмия (дуккакли ўсимлик, ширинмия деб ҳам аталади – тарж.) ва ундан тайёрланадиган юмалоқ-ясси жигарранг пишириқларни ёқтириб қолганмиз. Шу холам жуда қувноқ аёл бўлган. Онам ёшлигида озода кийиниб, нафис юмушлар билан машғул бўлишни ёки китоб ўқишни яхши кўрган бўлса, холам қўни-қўшниларнинг олдига бориб, қаровсиз  қолган болаларга ғамхўрлик қилишни, уларнинг сочларини тараб, кўтариб олиб юришни ёқтирган, шу жумладан, менга ҳам кўп вақтини ажратган. Тож кийдириш маросими сингари байрамлар бошланди, дегунча уйга сиғмай қоларди. Кичкина қиз бола пайтидан бошлаб, мана шунақанги тадбирларга қатнашиб келган. Бир куни даврага сочилган пулларни териб олиб, кафтида тутиб турса, кимдир қўлига бир уриб, пулларни туширворган экан. Яна бир куни кайзер Карл Еттинчи кўчадан фойтунда ўтиб бораётган бўлган, ҳамма одамлар жим, у эса йўл четида турган кўйи кайзерга қараб бор овози билан vivat![19] деб қичқирган, шунда кайзер ҳам бошидан шляпасини олиб, унга миннатдорчилик билдирган экан. Холам уйда ҳам доим хушчақчақ эди, биз болалар уларникида  кўплаб  қувноқ дамларни бирга ўтказганмиз.

Яна бир холамиз Санкт Катарина черкови руҳонийси Штарк билан турмуш қурган эди. Пастор[20] ўз эътиқоди ва рутбасига мос равишда кўпинча ёлғиз яшар, унинг ажойиб кутубхонаси бор эди. Мен у ерда аввало, Ҳомер билан насрий таржима орқали танишганман, у жаноб Лённинг “Энг ғаройиб саёҳатларнинг янги тўплами”да “Троя давлатининг забт этилиши ҳақида Ҳомер баёни” деган сарлавҳа остида берилган эди. Мазкур лавҳалар менинг онгимга шу қадар салбий таъсир кўрсатганки, мен узоқ вақт Ҳомер қаҳрамонларини фақат мана шу образлар қиёфасида тасаввур қилиб юрдим. Воқеаларга келсак, менга жуда ёққан, уларнинг таърифига сўз йўқ эди, фақат асарда Троянинг эгалланиши ҳақида лом-мим дейилмагани ва асарнинг Ҳектор ўлими билан шундай хира, нурсиз, лоқайд тарзда тугаши ҳафсаламни пир қилган эди. Бу ҳақда поччамга айтган эдим, у менга Вергилийни тавсия қилди ва мен уни ўқиб, тўла қониқиш ҳосил қилдим.

Биз болаларга бошқа дарслар билан бир қаторда мунтазам равишда диний сабоқлар ҳам бериб борилиши ўз-ўзидан тушунарли эди. Бироқ черковга оид протестантлик[21] аслида қуруқ панд-насиҳатнинг бир кўриниши эди, холос: ақлли, бамаъни маърузалар ҳақида ҳеч ким ўйламас, таълимотнинг ўзи эса на вужудга, на қалбга малҳам бўла оларди. Шунинг учун ҳам қонуний черков таркибидан ажралиб чиқишлар юзага келган. Сепаратизм ва пиетизм тарафдорлари, ҳеррнҳутер (мазҳаб аъзоси)лар ва мамлакатдаги индамасларнинг барчаси Тангрига янада яқинлашиш ниятида бўлишган, бироқ бунга умумдиний йўл билан эмас, балки насронийлик орқали эришиш кўпроқ мумкин бўлиб туюлган бўлса, эҳтимол.

Бу ҳақдаги фикр ва қарашлар тўғрисида ҳар хил гаплар қулоққа чалинарди: чунки руҳонийлар ҳам, қавмлар ҳам икки қарама-қарши гуруҳга бўлинган эди. Ажралиб чиққанлар сон жиҳатидан озчиликни ташкил этса-да, аммо уларнинг фикрлаш тарзи ўзига хослиги, самимийлиги, қатъий ва мустақил эканлиги билан ўзига жалб этарди. Бундай фазилатлар ва уларнинг ифодаси ҳақида эса ҳар хил гап-сўзлар юрарди. Айниқса, художўй бир тунукасоз устанинг ўз касбдоши саволига берган жавоби жуда машҳур бўлиб кетган эди. Ўша ҳамкасби афтидан, устани мот қилмоқчи бўлиб, ундан пиринг ким, деб сўраган. Ўз ишига моҳир темирчи уста шунда қувноқлик билан пири сифатида Довуд пайғамбарнинг номини тилга олган экан.

Шу ва шунга ўхшаш гаплар болаларда ҳам ўзига яраша таассурот қолдирган ва уларни худди шу сингари фикр ва қарашларга ундаган бўлса, ажаб эмас. Хуллас, олам гўзаллиги ва ҳар хил эзгуликлар насиб этиб, Яратганнинг илгариги ғазаблари ҳам унут бўлгач, уларда ер ва осмонни яратган ва ўз паноҳида асрагувчи улуғ Тангрига бевосита яқинлашиш фикри туғилган, бироқ бу йўл ўта ғалати ва ғаройиб эди.

Болалар умуман биринчи диний ақидага амал қилишган. Тангри табиат билан бевосита алоқада ва инсонга ҳам худди шундай муносабатда, унга ва юлдузларнинг ҳаракатланиши, кун ва йил фасллари, ўсимлик ва ҳайвонлар учун ҳам ғамхўрлик қилади. Бу ҳақда насронийларнинг диний китоби – Инжилда аниқ ва равшан айтиб ўтилган. Аммо болалар бир нарсага тушунолмай, изланади ва унга Кўҳна Аҳд (Таврот) тарзида меҳроб барпо этмоқчи бўлишади. Табиий маҳсулотлар дунёни муқояса тарзида намоён этиши ва улар узра аланга ёниб, ўз яратувчиси томон интилган инсон кўнглини ифодалаши лозим эди. Шундай қилиб, мавжуд бўлган ва тасодифан кўпайган табиатшунослик тўпламидан энг яхши палла ва нусхалар изланади, аммо уларни қандай жойлаштириш муаммоси кўндаланг турарди. Отамизнинг қизил рангда локланган, заррин гуллар билан чиройли қилиб безатилган мусиқий пульти бор эди. У чорқирра эҳром шаклида бўлиб, квартетлар учун жуда қулай эди. Болалар уни ўзлариники қилиб олиб, табиат тўпламини босқичма-босқич қилиб жойладилар ва бу манзара жуда қувноқ ва муҳим аҳамият касб этди. Тонгги қуёш чиқаётган пайт илк ибодат қилиниши лозим эди, фақат ёш руҳоний қандай аланга олдиришни билмасди. Аммо унда чекиладиган шамча бор эди, у лангиллаб ёнмаса-да, ҳарҳолда бурқсиб хушбўй ҳид таратар эди. Ҳа, бу ўртамиёна ёниш ва буғланиш кўнгилдаги истакни алангага қараганда кўпроқ ифодалай оладигандек туюлди. Қуёш ҳам аллақачон ётоғидан кўтарилган, лекин қўни-қўшниларнинг уйлари шарқ томонни тўсиб турарди. Ниҳоят, қуёш томлар узра кўринди ва дарҳол ёндирувчи ойна билан чиройли чинни идишнинг энг тепасида турган чекиладиган шамча аланга олдирилди. Ҳаммаси кўнгилдагидек, тоат-ибодат ҳам мукаммал бўлди. Меҳроб уйда ўзи учун ажратилган хонанинг муҳташам зийнати бўлиб қолди. Ҳар бир киши унда яхшилаб безатилган табиатшунослик тўпламини кўрар, болалар эса ундаги яширин сирни яхши билишарди. Меҳроб ўша тантананинг такрор бўлишини қўмсарди. Бахтга қарши, қуёш энг қулай жойга кўтарилган чоғда чинни идиш қўлда эмасди. Болалар чекиладиган шамчаларни мусиқий пультнинг юқори юзасига қўйди, улар ёқилди ва ибодат шунчалик катталашдики, руҳоний ўз қурбони қанчалик зиён келтирганини ҳам сезмай қолди. Шамлар лангиллаб, қизил лок ва чиройли заррин гуллар ҳам ёниб, ёвуз руҳ ғойиб бўлгандек эди, фақат унинг қорайиб кетган, кетказиб бўлмайдиган оёқ излари қолган эди, холос. Буни кўриб, ёш руҳоний саросимага тушди. Тўғри, у зарарни ажойиб поғоналар орқали қоплашни биларди, бироқ унда энди янги қурбонлар  учун жасорат етишмас ва қанчалик хавфли бўлмасин, бу тасодифга шу сингари йўлдан бориб, Тангрига яқинлашиш учун ишора ва огоҳликка даъват деб қарашни истарди.

 

 

(Давоми келгуси сонларда)

2019/1

[1] Der nicht Geschundene wird nicht erzogen – Бу аслида юнонча ҳикматли сўз бўлиб немисчага сўзма-сўз таржима қилинган маъноси: кимки қийналиб кўрмаса, одам бўлмайди (Барча изоҳлар таржимонники – М. А.).

 

[2] Ҳиршграбен (Hirschgraben) – Hirsch – буғу, Graben – чуқур, ўра, хандақ (нем.).

 

[3] Gartenzimmer (нем.) – деразалари боғ томонга қараган хона.

 

[4] Кегли – типпа-тик қўйиб териладиган шиша шаклидаги чиллакларни шар билан уриб йиқитиш ўйини.

 

[5] Solitario bosco ombroso (итал.) – Соя-салқин, қалин ўрмонча. Итальян шоири Петро Метастазио (1698-1782) қаламига мансуб шеър, ўша даврда ниҳоятда оммалашиб, тез-тез қўшиқ қилиб куйланган.

 

[6] Kräm, Zeil – Франкфуртда жойлашган кўчаларнинг номлари.

 

[7] Цвингер (Zwinger) – Шаҳарнинг ички ва ташқи деворлари ўртасидаги бўш жой.

 

[8] Чўлоқ иблис – Фаранг адиби Лесажнинг “Чўлоқ иблис” (1707) номли ижтимоий-танқидий романидаги бош қаҳрамон.

 

[9] Goldne Bulle – Карл IV томонидан Франкфуртда 1356 йилдан бошлаб жорий этилган қонуний ҳужжат, унда жумладан, кайзер сайловлари тартиби ҳам ўз ифодасини топган.

 

[10] Halsgerichtsordnung – Германияда ўрта асрларда жорий қилинган жиноят ва жиноий-процессуал қонунлар тўплами (1532 йилда кайзер Карл V томонидан чиқарилган).

 

[11] Аахен сулҳи – Австриянинг меросхўрлик тартиб-қоидалари бўйича урушларига чек қўйган (1748).

 

[12] Поммер, гобой – ёғочдан ясалган, пуфлаб чалинадиган мусиқа асбоблари.

 

[13] Electa de aditione hereditatis (лот.) – Мерос мулкни қабул қилиш ҳақида айрим мулоҳазалар.

 

[14] Orbis pictus (лот.) – Комениус томонидан 1658 йилда нашр қилинган суратли дарслик.

 

[15] Acerra philological (лот.) – 17, 18 асрларда тез-тез чоп этилган антик антология.

 

[16] Фелзенбург ороли – Йоҳанн Георг Шнабелнинг утопик романи.

 

[17] Укаси Ҳерманн ҳам чечак касали билан оғриб, бевақт вафот этган.

 

[18] Алкинос ва Лэртс – Ҳомернинг “Одиссея” номли эпик достонидаги образлар. Гёте бобосини мансабига кўра қирол Алкиносга, боғдорчилик ишлари билан шуғуллангани учун Одиссеянинг отаси – Лэртсга ўхшатган.

 

[19] Vivat! – Яшасин! (лот.).

 

[20] Пастор – протестант мазҳабидаги руҳоний.

 

[21] Протестантлик  –  Ғарбий Европада XVI асрдан бошлаб католицизм (насроний динининг Рим папаси бошлиқ мазҳаби)дан ажралиб чиққан турли насроний мазҳабларнинг умумий номи.

 

Олмон тилидан  Мирзаали АКБАРОВтаржимаси

 

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi