ТОҲИР МУҲАМЕДОВ. САВОД ТАРИХИГА ОИД ҲУЖЖАТ

school-library-5121

Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг  бой қўлёзма хазинасида “Саййид Амир Ҳайдар Баҳодирхон мактуботи” номли бир нодир қўлёзма сақланади. Унда Бухоройи шариф тахтини 1799 – 1800 йилдан то 1826 йилга қадар эгаллаб турган Амир Ҳайдарнинг турли хил расмий мактуб ва ҳужжатларининг нусхалари (жами 963 та) жамланган. Улар амир ҳукмронлиги йилларида битилган. Мактублар форс-тожик тилида бўлиб, уларнинг асосий қисми Бухоронинг машҳур зодагонларидан бири бўлмиш Сайид Аҳмад хожа нақиб номига йўлланган (Сайид Аҳмад хожа – Амир Ҳайдарнинг суюкли жияни, Жўйбор хожаларидан бирининг рафиқаси бўлган синглисининг ўғли).
Қўлёзмада жамланган ҳужжатлар XIX аср бошида Бухоро хонлигидаги ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг турли жиҳатлари, яъни амалга оширилган ҳар хил маъмурий тадбирлар, ҳарбийлар табақасининг аҳволи, турли лавозимдаги давлат арбобларининг вазифа ва ҳақ-ҳуқуқлари, Бухоро ва унинг атроф вилоятларида умумий таълимга оид қимматли ва қизиқарли маълумотларни ўз ичига олади. Шунингдек, мазкур ҳужжатларда амирнинг маънавий дунёси, унинг маданиятга, сарой ва умуман хонликнинг маиший турмушига муносабатини ҳам кузатиш мумкин. Шунинг билан бирга, Саййид Ҳайдар Баҳодирхоннинг Бухоро хонлигида юз бераётган барча ишлардан яхши хабардорлиги ва уларга муносабати, ислом дини ақидалари ва байрамлари, никоҳ, оилавий муносабатлар ва ҳоказоларга тегишли масалалардаги билимдонлиги диққатни ўзига жалб этмай қолмайди. Бир сўз билан айтганда, бу қўлёзма воситасида биз амир ҳамда унинг яқинлари ҳаёти ва фаолиятининг умумлашма тасвирини берувчи бой ва холис маълумотга эгамиз.
Амир Ҳайдарнинг шахси, ҳукмронлик тарихи, амир саройида ҳукм сурган муҳитга бағишлаб ёзилган бошқа рисолалар ҳам мавжуд. Маърифатпарвар шоир Аҳмад Дониш (1827–1897)нинг бир рисоласида қуйидаги сатрларни ўқиймиз: “Тинч ва осойишта кунларда амир пойтахтда эканида уламолар гуруҳи унинг ҳузурида тўпланар ва ўз суҳбатлари билан кўнглини хушнуд қилар эди. Бухоро махдумларининг машҳур ва иззатли фарзандлари гуруҳ-гуруҳ бўлиб аркка чиқар ва амир қошида таълим олишар ва илмий баҳслар юритар эди. Ҳеч ким бир даврда бундай ҳукмронлик тартиботи ҳақида сўз юритмайди. Унинг овозаси барча мусулмон ўлкаларига тарқалди ва заминнинг турли ерлари ва юртларидан мардумлар Бухорога таълим олиш учун кела бошлади. Илм ва шариат қонунлари шу қадар равнақ топдики, исломиятда илгари ўтган биронта ҳукмдор даврида уламолар бу каби иззат ва шуҳратга эришган эмаслар”.
Соф илмий ва бошқа турли хил адабиётларда бу давр ҳақида биз учратишимиз мумкин бўлган маълумотлар ниҳоятда умумий тарздадир. Амир Ҳайдар ҳукмронлигига оид ҳар бир тарихий манба уни тадқиқ этишда маълум аҳамиятга эга, албатта. Бироқ, ўша даврга мансуб расмий тарихлар асосан маълум қонун-қоидаларга бўйсунган ва бу қонун-қоидалар талабларини деярли четлаб ўтолмаган, шу туфайли улар ҳам Бухоро хонлиги ижтимоий-сиёсий ҳаётининг ҳаққоний тасвирини тўлақонли бера олмайди. Биз сўз юритаётган нодир қўлёзма манбанинг шакл ва мазмуни, яъни, унинг Бухоро амирининг суюкли жиянига йўллаган соф ва қисман расмий ҳамда ярим шахсий мактуб – ҳужжатларидан ташкил топганлиги шу билан эътиборлики, улардан бошқа ҳеч бир расмий тарихларда акс этмаган маълумотларни (гарчи улар айрим ўринларда бир-бирига ҳамоҳанг бўлса-да) ўқиш ва англаш мумкин.
Мактублар ва ҳужжатлар амир девонхонасида махсус дафтарда ҳисобга олиниб, улардан нусха кўчирилгани ва бу иш бирон буйруқ асосида эмас ёки амир учун эмас, балки девонхонадаги умумий тартиб ва анъанага кўра амалга оширилгани эътиборга олинса, мазкур қўлёзманинг XIX аср биринчи чорагидаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт тарзини ҳаққоний акс эттирувчи ҳужжат сифатидаги қиммати янада ошади. Саййид Ҳайдар Баҳодирхон қўлёзма ҳужжатлари саҳифаларидан тахт эгаси бўлмиш сиёсий арбоб сифатидагина эмас, балки айрим ўринларда кутилмаган, фавқулодда сифатларга эга бўлган билимдон шахс каби намоён бўлади.
Маълумки, бизнинг адабиёт ва санъатимиз яқин кунларгача ниҳоятда мафкуравийлаштирилган ва машҳур “реализм”имиз қонуниятлари талабига мослаштириб келинган. “Тадқиқотчилар” бирон ҳукмдор ва унинг атрофидагиларнинг ҳаёти, ҳукмдорлик тарихи ва фаолиятига бағишланган ишларида тарихий маълумотларни шундай шарҳлаб берганларки, бунда амир ва зодагонлар муттасил айш-ишрат билан машғул бўлган, ҳарамларидан чиқмаган, у ердан чиққан вақтларини эса мазлум халққа янгидан-янги солиқлар солишга сарфлаган. Борди-ю, шундай бўлса, бизнинг бу табаррук заминимиз қандай қилиб Ўрта Осиё ва араб Шарқ маданиятининг ривожини таъминлаган, бутун дунёга машҳур олимлару саркардаларни, файласуфлару муҳандисларни, ҳунармандлару мусаввирларни, шоирлару хаттотларни етиштириб берган, деган саволга бу “тадқиқотлар” жавоб бермаган. Эндиликда эса мана шу қолипни бузиб, адолатсизликни бартараф этмоқ ва асил ҳақиқатни рўёбга чиқармоқ учун анча-мунча саъй-ҳаракат  керак бўлади.
Амир Ҳайдар ўз мактубларига Қуръондан кўплаб оятлар киритади, айрим ўринларда шеърий мисраларга мурожаат этади (Улар хоннинг ўзиникими ёки бошқа бирон ижодкорникими, ҳозирча маълум эмас). Мактубларда баён этилажак мақсад кўп ўринларда хоннинг ўз жиянига қарата бирон масала юзасидан айтилган оталарча панд-насиҳатлари билан қоришиб кетган. Мактублар асосан қуйидаги аниқ масалаларга бағишланган: уларда хон қўл остидаги ер-мулк ҳақида маълумот беради; ўз мулкидаги қабилалар сони ва уларга муносабат ҳақида сўз юритади; бирон шахс ҳақида конкрет мулоҳаза билдиради; ўзбек қабилаларини урушга жалб этиш тартиби ҳақидаги маълумотларни жамлаган чизмани келтиради; мамлакатнинг у ёки бу ноҳиясига солинажак солиқ миқдорини кўрсатиб ўтади; шаҳарлар кўриниши ва истеҳком ҳамда қалъа деворларини таъмир этиш борасида кўрсатмалар беради; маъмурий аппаратни ушлаб туришга кетаётган мулк ва бошқа сарфларни санаб ўтади; у ёки бу олим, муаллим, фотиҳ, шунингдек, қўшни ўлкалардан келган меҳмон ва саройнинг бошқа ходимларига берилажак маош ва совғалар миқдорини белгилайди. Мактубларнинг адресатлари доираси нисбатан чекланган. Юқорида айтиб ўтганимиздек, уларнинг аксарияти Саййид Аҳмад хожага йўлланган ва жуда оз миқдоригина айрим саркарда, фақиҳ ва муаллим-олимларга ёзилган.
Бухоро хонлигида XVIII аср охиридаёқ кўзга ташлана бошлаган ва давлат ҳокимиятини мустаҳкамлашга қаратилган жараён амир Ҳайдарнинг у ҳукмронлик қилиб турган даврда жорий этилган янги тартиб-қоидаларда намоён бўлган умумий ислоҳотчилик фаолияти билан тўла мос тушади (Амир Ҳайдар ўз отаси Шоҳ Мурод (1785–1800)нинг сиёсатини давом эттирди). У ислоҳотчиларнинг яратувчиси ва илҳомчиси, маҳаллий зодагонлар эса уларни бажарувчилари эди. Зотан, ўз қўлларида йирик ер эгалигидан тортиб бутун савдо-сотиқ, ҳунармандчилик ва ҳоказоларни жамлаган маҳаллий зодагонларга таяниш амир Ҳайдарга ўзи кўзлаган ислоҳотларни ҳаётга жорий қилиш имконини берди.
Саййид амир Ҳайдар Баҳодирхоннинг Бухоро тахтини эгаллаган йиллари мамлакатда анчайин нотинчликлар даври эди. Унда бир вилоят иккинчисига уруш эълон қилар, бошқа бир вилоят ўзини мустақил деб эълон қилиб, шу йўлда ўзаро низолар олиб борар эди. Марвда туркман қабилалари, Қарши, Чоржўй ва қатор бошқа шаҳарларда ўзбек қабилалари қўзғолон кўтарган эди. Шу туфайли Бухоро амири мамлакатда осойишталик ва тартиб ўрнатгунга қадар ғалаёнчи ҳокимлар ва қабилалар қаршилигини енгишга анча куч ва ҳаракат сарфлашга мажбур бўлди. Аммо бундан амир Ҳайдар ҳар қандай масалани ҳам куч воситасида ҳал қилишга мойил деган фикр  келиб чиқмаслиги керак. Ҳужжатлар унинг зодагонлар ва оддий халққа нисбатан турли вазиятларда турлича ва мос ҳолда, ниҳоятда ўйлаб фаолият кўрсатганини кўрсатади: бир ўринда вилоят ҳокимини алмаштириш йўлидан борса, бошқа ўринда бозордаги нарх-наволарни пасайтиради, яна бир вазиятда у тинчлик ва осойишталикка эришиш учун, халқдан олинаётган солиқлар миқдорини камайтирганига гувоҳ бўламиз.
Қуйидаги ҳужжат Бухоро амирининг аҳоли ўртасида умумий зарурий таълимни жорий этиш ҳақидаги қонунни амалга ошириш борасидаги тадбир ва кўрсатмаларига бағишланган. У Қарши вилоятининг ҳокими Амир Ҳайдарнинг жияни Саййид Аҳмад хожа Файзий номига битилган:
“Абу-л-фатҳ Амир Ҳайдар Баҳодир подшоҳ сўзумиз Сайид Аҳмад хожа Файзийга.
Сиёсат ва шариат паноҳлари, фақоҳат ва аморат дастгоҳлари, вилоятларнинг посбонлари, фазилат ва жалолат эгалари, иззат ва шижоат мансабдорлари бўлмиш Охунд қози мулло Муҳаммад Шариф, Охунд мулло Ашур Муҳаммад муфти, Охунд қози мулло Шайх, Аҳмадбий Мирзо, Дўстбий додхоҳ, Ниёзбий додхоҳ, Мирзо Алибий, Олимбий, Ибодиллобий, Фозил эшикоғабоши, Охунд қози Ниёзали, Охунд қози Қурбон, Охунд қози мулло Қулмуҳаммад, Охунд қози Абдурраҳим хожа, Охунд қози Подшоҳ хожа, Охунд қози Амир, Охунд қози Ориф хожа, Барот тўқсоба, Муҳаммад Назартўқсоба, Турди Али Мирохур, Ҳаёт мирохур, Мирзо Али қоровулбеги – қайсики ўз ақл-заковотларига кўра олий марҳаматга сарафроз бўлганларни аҳолига зарурий умумий таълим бериш қоидасига мувофиқ: Қарши шаҳрига Мулла Ашур Муҳаммад, Мулло Фатҳулло, Мулло Қўзи, Мулло Тонг Муҳаммад, Мулло Шермуҳаммад, Мулло Сафар, Мулло Ўроз, Мулло Тангриберди, Мулло Ҳаёт Муҳаммад ва Мулло Аваз Муҳаммадларни.
Ўз жамоаси учун Мулло Қул Муҳаммадни, Қасми (жамоаси) учун Мулло Аваз Муҳаммадни, Майманак(жамоаси) учун Мулло Раҳимни, Косон (шаҳри жамоаси) учун Мулло Хол Муҳаммадни, Қамаши (жамоаси) учун Мулло Абдуссалимни, Ҳисор (жамоаси) учун Мулло Зокир хожа, Мулло Абдураҳим, Мулло Раҳмонберди, Мулло Абдурраҳим Қўштамғали, Мулло Бобой қўштамғалиларни.
Чироқчи (жамоаси) учун Мулло Баротни, Қаларшайх (жамоаси) учун Мулло Нурмуҳаммадни, Чорбоғ(жамоаси) учун Мулло Ашир Муҳаммадни, Пистахон (жамоаси) учун Мулло Аваз Бадални, Ирғовул (жамоаси) учун Қаландар хожани, Янгиқўрғон (жамоаси) учун Мулло Бобо хожани, Ғуржоб (жамоаси) учун Мулло Ниёз хожани, Шеробод (жамоаси) учун Мулло Ниёз Муҳаммад Элчинни, Сайдобод (жамоаси) учун Мулло Сайид Муҳаммадни, Келиф (жамоаси) учун Исҳоқ хожа ва Мулло Миржамолиддинларни, Панжоб (жамоаси) учун Мулло Боймурод ва Мулло Холмирзоларни, Пашахурд (жамоаси) учун Мулло Ҳасанни, Бойсун (жамоаси) учун Мулло Холмуродни, Қўҳтар (жамоаси) учун Мулло Абдукаримни юбораётирмиз. Сиз мазкур муаллимларга шуни тайинлаб қўйингки, улар зарурий умумий таълимни барча тобе халқ пухта эгалламоғини таъминласунлар.
Муҳтасиблар ҳам уларга ёрдам кўрсатсунлар, токи зарурий умумий таълимни ўтамаган биронта ҳам балоғатга етган киши қолмасин. Барча кишилар умумий зарурий таълимни пухта эгалласинлар.
Қарши ва Ҳисор шаҳарларига юборилган мазкур муаллимларнинг айримларига учта маҳрам ҳам бердик – уларга бошчилик қилсинлар. Келиф, Шеробод, Сайдобод, Пошхурд ва Панжобга юборилган муаллимларга ҳам маҳрамлар етиб борадилар. Ва улар ўз хизмат жойларида истиқомат қилгунларига қадар, маҳрамлар ҳам шу жойда уларнинг (яъни муаллимларнинг – Т.М.) бошчилигида турмоғлари лозим. Ўз хизмат ҳақларини эса (маҳрамлар) қонунга мувофиқ оладилар.
Кўрсатмага мувофиқ амал қилинг ва унга хилоф иш тутманг. Вассалом. 1803–1804 йиллар.”
Ушбу ҳужжатдан кўриниб турибдики, ҳали XIX аср бошларидаёқ Бухоро хонлигида аҳоли ўртасида умумий мажбурий таълимни тўла йўлга қўйиш учун давлат ғамхўрликни ўз зиммасига олган. Шу билан бирга, умумий таълим ишлари жойларда қандай йўлга қўйилгани ҳукумат томонидан назорат остига олинган. Фармондан маълум бўлишича, Бухоро амири жойлардаги таълим масалаларининг аҳволини билиш ва шу асосда кейинги чора-тадбирлар белгилаш мақсадида жойларга назоратчиларни юборишни ўз суюкли ва ишонган жиянига топширишининг ўзи маориф масалаларига ғамхўрлик ниҳоятда масъулиятли эканлигидан далолат беради. Биз кичик бир мақолада саводхонлик тарихига оид бир ҳужжат матнинигина ҳавола эта олдик, холос. Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида сақланаётган шу каби қатор ҳужжатлар тўлиқ тадқиқ этилса ва ўқувчиларга етказилса, миллий маориф тизимимизнинг бақувват илдизлари, тажриба ва анъаналари ҳақидаги билимларимиз янада тиниқлашган бўлар эди.

2019/1

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi