Эсонғали РАВШАНОВ ЎШАНДА КЎКЛАМ ЭДИ

12 son eloni

Қисса

Қозоқ тилидан
Меҳмон Исломқул ўғли
таржимаси

Толстой нима деганди:
“Бир неча юз минг одам кичик ерга жамланиб, ўзлари тиқилиб яшаётган заминнинг абжағини чиқаришга қанчалик уринишмасин, гиёҳ унмасин деб ерга қанча тош ётқизишмасин, ниш уриб кўкара бошлаганларини қириб-қиртишлашмасин, тошкўмир, ермой бурқситиб, дарахтларни, жамики жонзотларни ғорат қилишмасин, баҳор шаҳарда ҳам баҳор эди…”
Ўн саккиз ой деганда, аниқроғи, 1984 йилнинг 27 февралида, Москва вақти билан соат 15.30 да бизнинг рота ички дислокация тартибига кўра, афғон еридан чиқди. Термиз шаҳри биқинидаги Ҳайратон кўпригидан ўтиб, юк машинасининг гўрдай қоронғи ва муздай тепасида дам қалқиб, дам уйғониб яна бир кун юрдик. Эртаси куни бизнинг сапёрлар взводи ротадан ажратилиб, Н. шаҳарчасидаги кичик госпиталга жойлаштирилди. Қўмондонлик урушда обдан ҳолдан тойган кичик бўлинмамизни янги буйруқ келгунича шу ерда ушлаб, озроқ бўлса-да, тиниқиб, эсимизни йиғиб олишимизни истаган бўлса керак.
Ўша қўрқинчли кунлар тушларимга кириб, чўчиб уйғонаман. Азалдан уйғона солиб, темир кароватнинг бош тарафини икки қўллаб қаттиқ сиққанимча, керишишга одатланганман. Ялтироқ никел шунчалик со­вуқки, кафтларим жизиллаб, унга ёпишиб қоладигандай қўлларимни дарров тортиб оламан. Совуқ симиллаб, товонимгача етиб боради.
Ўша куни тонгда негадир кафтларим илиққина бир нимага текканидан, аввалига қаерда ётганимни англолмай, гангидим. Кўзимни очиб, тепага қарасам, парданинг очиқ жойидан мен ётган бурчакка қуёш нурлари ёғилаётган экан. Каравотнинг никел дастаси ялтираб, кўзни қамаштирарди. Биз бор-йўғи йигирма чоғли жангчи эдик. Бу ерда зобитлар учун алоҳида уй бўлмаганидан командиримиз госпитал йўлагидаги дори-дармон сақланадиган мўъжаз хонага жойлашган. Унга туташ кенг йўлак казармага айлантирилган. Камина – сержант, командирга ўринбосарман. Командирнинг юзига қуёш тушиб, уйқусини бузди, шекилли, чапаничасига сўкинди.
Баҳор келди. Афғонистонда қарийб икки йил давомида ўтган вақт ичида, уруш ҳеч қачон, ҳатто икки дунёда ҳам тугамайдигандай туюлган бўлса, у ернинг олов пурковчи қарғиш теккан қора бужур яланғоч тоғларига-ю, чуқур жарликлар қаъридаги илонизи, қақроқ жилғаларига энди ҳеч қачон баҳор қайтмайди, деб ўйлардим. Баҳор овчи таъқибидан ҳурккан оҳудек бу ерлардан батамом безиб кетган дердим. Урушда иккитагина фасл мавжуд: биринчиси, суяк-суягингни игнадай тешиб ўтгувчи совуқ билан дунёдан тўйдириб юборгувчи қора (оқ эмас) қиш, иккинчиси, ҳеч қачон чанқоғинг қонмайдиган, мудом ҳалқуминг қуруқшаб, ҳолдан тойдирувчи жазирама ёз. Аввал қиш. Узоқ, жуда узоқ давом этадиган изғиринли қора қиш қандай қилиб мияни қайнатадиган гармселли ёзга уланиб кетишини сезмай қоласан.
Ўшандан бери ўттиз беш йил ўтибди. Назаримда, афғон заминида ҳали-ҳамон ўша қаҳрли қиш давом этаётгандай. Ҳар гал, Афғонистоннинг баданни сескантирувчи қора совуғи ёдимга тушганида, саратон бўлса-да, титрай бошлайман. Яна бир эсда қолгани – томоқни ғиппа бўғувчи қўланса ҳид. Унинг барча урушларга хос бўлган ўлимтик ҳиди эканини кейин англаб етдим.
Н. шаҳарчасида кечган ўша кўклам тонглари ғоят ўзгача эди. Тун пардаси сўкилиб, одамларнинг тотли уйқусига озор бермайин дегандай қорабош қизилқуйруқ тўрғай тортинибгина хониш қилади. Унга изма-из қорасайроқ: “Э-э, қўй-е, шу ҳам сайраш бўптими, сайраш мана бундоқ бўлади!” – демоқчидай овозининг борича, борлиқни варанглатиб, тўлиб-тошиб сайрашга тушиб кетади. У худди қўшиқнинг қочиримларини намойиш қилаётган хонанда сингари, бора-бора жазавага туша бошлайди.
Худонинг қудратини қаранг-ки, кечагина борлиқни без бўлиб босиб ётган қаттиқ қор бир кечада ғойиб бўлса-я! Ўрнимдан сапчиб туриб, деразадан ташқарига мўралайман. Госпитал ҳовлисининг кўланка жойларидагина олачалпоқ қор пағалари кўзга ташланади, кунгай жойлар эса қорамтир тусга кирган. Азим чинорнинг ингичка ола-сур бутоғида патлари йилтиллаган сариқ қушча сўнгги бор сайраётгандай жон-жаҳди билан чирқиллайди. Ҳавода қушларга эргашиб бир дилкушо тўлқин у ёқдан-бу ёққа кезинаётгандай. Энди кўп ўтмай димоғларни эркаловчи ифор ҳиди эсса керак. Одамлар “майна” дейдиган афғоннинг ола қанот қув каптари ҳовли юзида виқор билан одимлайди. У ўлган аскарларнинг (тўғриси, буни ўзим кўрмаганман) кўзини чўқиб ейди деганларини кўп эшитгандим. Баҳор қуёши мана шу бехосият қушни ҳам нурлари билан эркаларди. Урушда қуш бўлмайди. Уруш бошланиши биланоқ у ердан, аввало фаришталару, қушлар безиб кетишади. Шу боисдан ҳам оддий сариқ чумчуқ кўзимга ҳам иссиқ, ҳам қадрдон кўриниб кетди. Кўклам келганига ишонч ҳосил қилиб, унинг соғинтирган васли қаршисида бутга сиғинган мажусий каби унсиз қотган бўлардим.
Ўзгача, масъуд дамлар эди. Кейинги ҳаётимда бундай дилнавоз дамлар жуда оз кечди. Бир яхши тушлар кўриб, тонгда дилхуш бўлиб уйғонаман, аммо кўрган тушларимнинг биронтаси ёдимда қолмайди. Уйғонибоқ, деразадан ҳовлига мўралайман. Ҳар тонг у ерда, келган кунимоқ танишганим Сурайё исмли санитар қиз дорга кир ёяётган бўлади. Апил-тапил кийиниб, деразадан ташқарига сакрайман. Командир:
– Яна ўша ярим бетлигинг олдига кетдингми? – деб мазахлаб кулади. Гапига парво қилиш йўқ. Орқасидан бориб, қизни елкаси оша қучиб оламан. У “Қўйиб юборинг!”– деб ҳўл сочиқ билан қўлимга ургач, баттар қучоғимга қаттиқроқ тортаман. Қиз хандон отиб кулади, қучоғимдан чиқишга уринади, вужудим сархушланиб, бошим айланади. Қиз кулгисини эшитганим қачон эди!
– Ҳозир отам келиб, титиғингизни чиқазиб, деворга ёпиштириб ташлайди! – дейди қиз.
Ўзбек тилини билмасам-да, нима деганини тушунаман. Отасини айтиб қўрқитяпти. Қўрқмасам-да, қўрққан бўлиб, толнинг ортига ўтиб, яширинган бўламан.
– Қўрқмас экансиз-а!– деб у менга сув сепади. Мен қочаман.
Қизнинг отаси “титиғимни” чиқазмаслигини яхши биламан. Госпиталимиз сантехниги Мамаёқубнинг айтишича, Сурайёнинг отаси Тешавой тоға танчадан чиққан оловда куйиб ўлган. Отасини қутқараман деб Сурайё ҳам оловда қолиб, бетининг бир томони куйиб, ҳозирги кўйга тушган экан. Шу аҳволида ҳам унга уйланмоқчи бўлиб, совчи қўйган йигитларнинг бирортасига унамапти.
– Мабодо мен оғиз солсам, жон деб рози бўларди-ю, ярим бетли бўлгач, кўнглим чопмайди… Куйган қиз лақабини орттириб, қари қиз бўлиб ўтирипти. Энди, ҳалигиндай… нима десанг, йўқ демайди… кўнади, ука, – деб сўйлоқ тишларини иршайтириб, хиринглаб кулгани ёдимда. Мамаёқуб кулганида нарироқ турилмаса, сарғайган тишларининг орасидан отилган носвой аралаш тупук бетга сачрайди.
Сурайё ҳақиқатдан ҳам ўнг тарафдан қаралса, кўркам чеҳрали, лаблари энди очилаётган қирмизи ғунчадай, ҳинд қизлариникидай қирра бурун, кўзни қамаштиргувчи ёқут каби ёнгувчи кўзларини ўзга тугул ўзидан ҳам қизғангандай паналовчи узун киприклари қандай эди-я! Яна унинг қуюқ, пайваста қошлари бириккан жойидаги латиф холи кўз ўнгимда. Ҳмм… бетига чап ёғидан қарасангиз… йўқ, чап ёғидан қараманг, қарамаганингиз маъқул! Чап тараф бети куйиб буришган… Мен буни гапириш у ёқда турсин, эслашни ҳам истамайман.
Бошқа йилларни билмадиму, ўша йили Ўзбекистонда йигирма олтинчи мартда ўрик гуллади, йигирма тўққизда шафтоли, апрелнинг бирида – гилос билан олхўри, учинчисида эса олча. Сўнг олма билан нок, энг сўнггида – беҳи нафармон гулларга бурканди. Ўша йилдан бошлаб мен ҳар кўклам келиши билан қайси мева дарахти қачон гуллашини кузатадиган, ўшандан бери кундалик тутадиган бўлдим.
Ўрик гуллаган серфайз кунлар эди. Оқшом пайти ўғринча ташқарига чиқиб, госпитал ортидаги тепаликка кўтарилдим. Ўзбекистонда ўрик гуллаган палла борлиқ табиат байрамона жозиба кашф этаркан. Оқшом чоғи тоққа қарасангиз, унинг ёнбағрида ўрикзор боғлар эмас, оқ кўйлакли қизлар бошларидаги дуррачаларини елвиратиб, чўққи сари юқорилаб бораётганга ўхшайди. Шарқ ва ғарбнинг зиёлилари ҳар баҳор келиши билан сакура гуллашини томоша қилиш учун атайин Японияга боришаркан. Имконият бўлганда-ку, шахсан мен ўрик гуллашини кўриш учун ҳар баҳор Ўзбекистонга келган бўлардим…
– Бе, ўрик гули нима бўпти, сиз бодом гулини кўрганингизда эди! –деди Сурайё ўша куни,– гул деб ўшани айтса бўлади.
У ошхона биноси олдида сочига ўрик гулини қистириб, кулимсираб турарди.
– Уни менга ким кўрсатади? – дедим ҳаяжонланиб.
– Бодом биринчи гуллайди, кўпинча совуқ уриб кетади. Мен уни “бодом” демаган, “умризое” деган бўлардим. Ҳар йили аҳвол шу. Мартнинг бошида бир телба совуқ келиб, бодом шўрликни уради-кетади.
Бу гапни у маъюсланиб айтганди. Мен уни юпатгим келди. Аммо юпатолмадим. Палатадан чиқиб, ёнига боргунимча ошхонага кириб, эшикни ичкаридан беркитиб олипти.
Казармага кўнглим ҳувиллаб, бўшашиб қайтдим. Ташқарида илиқ оқ ёмғир шивалай бошлади. Момақалдироқ гулдураб, тоғлар қаъридан акс-садо берди, уфқни ханжардай тилиб, чақмоқ чақди. Ичкарида ўтиргим келмай, ташқарига чиқиб, сандироқлаб юрдим. Шифокор кечки кўрикка чақиргач, ноилож ичкарига кирдим.
– Алвастингни кўрдингми? – масхаромуз оҳангда сўради командир.–Худойим-эй, оёқ-қўлинг болғадай йигитсан, башарасидан одам у ёқда турсин шайтон ҳурккилик ўша “ярим бет”га бунча ёпишмасанг? Ё ўлжанинг осонини тақимингга босмоқчимисан, шум бола,– деди яна.
Овулимиз қариялари бундай бўлмағур кимсалар ҳақида: “Ириган оғиздан чириган сўз чиқади”, – дейишарди. Ичвопти. Ҳар куни ичкиликни қайдан топаркин, ҳайронман.
Ўша кечаси, мени кўпдан таъқиб этувчи қўрқинчли тушни яна кўрибман. Бир гал олис сафардан қайтаётиб, Сешанбе қишлоғида тунадик. Командиримиз маст, аскарлар бўлса яширинча наяки тортиб олишди. Тонгда биз тунаган уй соҳиби – қишлоқ муаллими уйидагилари билан ҳовлисига туташ мачитга чиқиш учун тадорик кўраётган эди. Ҳовли тепасидаги мезанадан муаззин азон айта бошлаганида тунги ичкиликдан ҳали ўзига келолмай, калласи хум командиримиз: “Заткнись!”– деб бақириб қолди. Бир қарасам, мезана томонга автомат ўқталиб турибди экан. Эсимни йиққанча бўлмай, тариллаган овоз эшитилди-да, мезана тепасидан қалпоқдай учган муаззин тўппа-тўғри менинг олдимга гурсиллаб тушса бўладими! Соқолига эндигина оқ оралаган, ўрта ёшлардаги норғил киши экан. Лабининг бир чеккасидан қон сизиб оқарди. Бошдаги салласи ечилиб, қўлига ўралиб қопти. У мендан кўзини олмасдан, кулимсираганча: “Ла илаҳа иллааллаҳ” деди. Юзида қувонч қалққан, гўёки у бир улуғ ишнинг якунидан мамнун ётарди. Ўлим деганлари шунчалик роҳат бўлишига бугунгача ақлим бовар қилмай, истиғфор келтираман. Кимдир: “Доктор чақиринглар, доктор!” деб қичқира бошлади. Муаззин “керак эмас” дегандай бошини қимирлатиб, юзи ял-ял ёнган кўйи сокингина жон берди. Биз апил-тапил йиғиштирилиб, қишлоқдан чиқиб кетдик.
Тушимда ўша муаззин биз ётган госпиталга келиб, барчамизни олдига солиб, госпитал биносини айлантира қувиб юрганмиш. Командир сиртмоққа тушган қулунга ўхшаб, хириллаб, чинқирармиш. Чўчиб уйғондим. Кечаси алламаҳалда маст бўлиб келиб, ётоғига киришга ҳам ҳоли келмай, ёнимдаги бўш каравотда ётиб қолган командир чиндан ҳам оғзидан оқ кўпик сачратиб, хириллаб ётган экан. Силталаб, юлқилаб, аранг уйғотдим. У анчагача ўзига келолмай, каравотдан оёғини осилтирганча, беҳуш ўтирди-да, сўнг гандираклаб ташқарига чиқиб кетди. Ҳозир бориб, йўлакда ўт ўчириш ускуналари тахтасидаги челакка яширган виносини олиб ичади.
Бошқа ухлай олмай, тонггача тўшакда у ёқдан бу ёққа ағдарилиб, бедор ётдим. Кеча оқшом бошланган ёмғир тингани билан ҳаво очилиб кетмади.
Ўша куни эрталаб взвод белгиланган машқ режасига кўра, уч ча­қиримлик югуришга чиқди. Командиримизнинг ҳеч нарса билан иши йўқ, ортимиздан: “Қайтишда кўпроқ қўзиқорин териб келларинг!”– деб хайқирганча, казармада қолаверди. Аскарларни бошлаб булоқли сойга тушаётсам, бошига рўмол ўраб олган аёл эшакнинг икки томонига посанги қилиб осилган иккита флягага булоқдан челаклаб сув тўлдираётган экан. Саломлашиб ёнидан ўтаверсам, таниш овоз:
– Нима, мендан хафа бўлдингизми? – деб қолди. Бошидаги рўмолидан Сурайёни танимабман. Шу аснода, булоқ бошига сув ташувчи машина келиб тўхтади-да, госпиталдаги рус аёллар “красавчик” дейдиган ҳайдовчи йигит билан у ёқ-бу ёқдан гаплашиб қолдик. Йигитлар ефрейторга эргашиб, нари қарай югуриб кетишди. “Красавчик”нинг машина кабинасидан етти-саккиз ёшлардаги, бир-бирларига ўхшаш уч нафар бола сакраб тушиб, машина бочкасига сув тўлдира бошлашди. Улар уч эгизаклигини англадим. “Красавчик” уйлангач, атиги тўрт-беш йил ичида тўққиз ўғил кўриб, кўп болали отага айланганини одамлардан эшитгандим. Хотини фақат учталик эгизак туғар эмиш. Бу фавқулодда хушрўй йигитнинг исми Тошмуҳаммад эди. Ҳамюртлари уни “Тошрасм” дейишарди. Расмда чизилгандай чиройлилигини айтишса керак-да. Мен уни кўрганим сайин адабиёт дарслигидаги Сакен Сайфуллиннинг сурати кўз олдимга келаверади. Тошмуҳаммад ғалати йигит эди. Шунчалик хушчирой, аммо ишониб бўлмайдиган даражада гўл. Бизда “Товуснинг ўзини кўрсанг – анқаясан, оёғини кўрма – қартаясан”, деган гап бор. Буни Тошрасм сингариларни кўрган биров айтган бўлса керак. У доим яланғоч баданига эскириб, у ер-бу еридан пахтаси чиқиб кетган чопон, қай йили тикилгани номаълум, ранги ўнгиб кетган, ҳалпиллаган галифе шим, оёғига қўлантаёқ резина калиш кийиб юрарди. Калишининг юзасига аллақандай аскар бушлатининг ялтироқ, сариқ тугмаси қадалган бўларди. Кўз тегмасин деган ириммикан, дегандим, ундай эмас, уйда калиш киядиганлар кўплигидан алмашиб кетмаслиги учун қадаб қўйганман, дейди. Ундан нимани сўрсангиз ҳам, гапни “билмасам”дан бошлайди. Масалан:
– Тошрасм, оламда нима гап? – десангиз, ўйламай-нетмай “Билмасам…” дейди.
– Тошрасм, дўкон сотувчисини кўрдингми?
– Билмасам…
– Тошрасм, машина қалай?
– Билмасам, машина машина-да, лаънати.
Саволингга аниқроқ жавоб берса, боши балога қоладигандай шундай дейди муғомбир.
Кулиши ҳам ғалати. Ошналарининг аскиясига қўшилмай, асов тўриқ от сингари бир чеккада унсиз туради-да, даврадагилар кула-кула тарқалишга чоғланишганида Тошрасмнинг оғзидан “ўҳ!”деган сас чиқиб, сўнг яна унсиз қоларди. Унсиз қолади, дейиш нотўғри, аслида у унсиз кулаётган бўларди. Бироқ ўзгаларга ўхшаб қақиллаш ҳам, шақиллаш ҳам, ичаги буралгудай қорнини ушлаб, букчайиш ҳам унга бегона, ҳар қандай ҳолатда лаблари қимтиниб ҳам қўймасди, юзи ҳам ўзгармасди, тик келиб қолса фариштанинг ақлини олувчи кўзларидаги совуқ сулувлик бузилмасди. Унинг фақат икки елкаси-ю, қорни куларди. Аввал елкалар оҳиста титраб, сўнг қорни силкина бошларди. Бу ҳолатдан даврада яна қаҳқаҳа кўтариларди. Унинг бу одатини билгувчилар пайров тугагандан кейин ҳам даврани тарк этмай, томоша бошланишини кутиб туришарди. Тошрасмнинг кулишини томоша қилгани атайлаб бошқа қишлоқлардан келадиганлар бор экан.
Бочкаси сувга тўлгач, Тошрасм машинасини ўт олдириб, ўз йўлига кетди. Қарасам, Сурайё эшакни олдига солиб, анча жойга бориб қолган экан. Орқасидан етиб олдим.
– Улар сизга нима деди? – деди қиз, э йўқ, бе йўқ.
– Ким нима дейди?..
– Тошмуҳаммад ака-да!
– Сени жуда сулув қиз деди.
– Ростданми?– деди қиз кўзлари ёниб.
– Йўқ, ҳазил, сен ҳақингда ҳеч нима демади. Ҳар доимгидай “билмасам”нинг нарёғига ўтмади.
– Мен ҳақимда гапирмаслигини билардим,– деди-да, Сурайё негадир бир турли бўлиб, мунғайиб, анча жойгача индамай борди, сўнг:
– У мактабимизга тўққизинчи синфда ўқиётганимда келганди. Муаллим эди. Физкультурадан дарс берарди, – дея сўзини давом эттирди қиз. –Вой-бўй, мактабда унга ошиқ бўлмаган қиз йўқ эди. Ҳатто раиснинг қизи унга севги изҳор қилиб, хатлар ёзган. Қўшни туман райкомининг қизи “Сиз учун жонимни ҳам бераман”, деб суратини юборганини Акрам поч­тачидан эшитгандим. Синфдош қизлар билан ёлғиз қолганимизда фақат бу киши ҳақида гаплашардик. Тўққизинчи синфни битириш арафасида бизларни даштдаги қўриқ совхозга пахта чопиққа олиб кетишди. Куни бўйи чўл жазирамасида чопиқда бўлиб, кечқурун ўғил болалар бўлак, қизлар бўлак каналга бориб чўмилардик. Ўша куни баракда навбатчи бўлганимдан супир-сидир билан банд бўлиб, каналга қизлардан кейин бир ўзим бордим. Ҳеч ким йўқ экан, ечиниб, ўзимни сувга отдим. Каналнинг ўртасигача сузиб бориб, энди орқага қайтаман деганда биров белимдан қаттиқ қучоқлаб олса бўладими. Чинқириб юбордим. Куракдай кафт оғзимни беркитди. Қайноқ лаблар томоғимни ёндиргидай ўпа бошлади. Аввал бундай ҳолатга тушмагандим. Кўзларимни катта очиб қарасам, Тошмуҳаммад муаллим! Иккаламиз олиша-олиша соҳилга чиқдик. У ерга тиззалаб ўтирди-да, йиғлаб юборди. “Эй, Худо, сенга нима ёзиғим бор эди? – деди қўллари билан бошини чангаллаганча,– Қиз битгани менга ошиқ бўлгани билан шу ёшга келгунимча сендан бошқасини севолмасам нетайин, Сурайё?! Фақат Сени, Сенгинани севаман. Сен бўлсанг менга ҳатто қайрилиб ҳам қарамайсан, Сурайё!” – деди у.
– Қўйинг, Тош ака, уят бўлади, – дейман дир-дир титраб. Бошқа нима дейишимни билмай, фақат рўмолимни ғижимлайман. Кейин, бизни биров кўриб қолмадимикин, деган хаёлда атрофга аланглайман. Хайрият, оқшом ғира-ширасида канал яқинида ҳеч зоғ кўринмасди. Ётоққа бирга қайтдик.
– Энди менга бундай гапларни айтувчи бўлманг,– дедим ётоғимизга яқин қолганда,– отам билиб қолса сизниям, мениям тикка сўяди.
– Мен сени севаман, Сурайё! – деди у шивирлаб. – Барибир сен меники бўласан!..
Қолган гапларини эшитмаслик учун баракнинг қизлар ётадиган бўлмасига чопқиллаб кириб кетдим. Туни билан ухлолмай, вужудим жизғанак бўлиб чиқди…
– Уйда қаттиққўл тарбия кўрганмиз,– дея Сурайё кулди. Шу тобда осмон ҳам, манов теварак-атрофдаги тоғлар, анови бошига оппоқ шолрўмол буркалган ўриклару, олчалар, олхўрилару, олмазорлар ҳам қизга қўшилиб кулаётгандай эди.
Бармоқларим титраб, қизнинг билагидан ушладим. У қўлини тортиб олди.
– Ҳеч қачон, – деди қиз ранги ўзгариб,– менга бундай қилиқ қила кўрманг! Бу биринчи ва сўнггиси бўлсин.
Кўнгилда жўш урган ҳаяжон сув сепгандай босилди-қолди.
– Кечир, – дедим, – энди ҳеч қачон бу такрорланмайди.
– Сизга бир қизиқ воқеани айтиб берайми?– деди у кўнгли ёришиб.
– Қизиқ бўлса, айт, – дедим бўшашиб.
– Эсимизни танибмизки, онам бизга ўғил болаларга яқин юрмаларинг, ҳатто улар турган, ўтирган ерга йўламанглар, юкли бўп қоласанлар, деб қўрқитардилар. Учинчи синфда муаллимамиз мени мажбурлаб Шариф деган дудуқ бола билан бир партага ўтқазди. Сумкам доим ўртамизда туради. Шариф “чегаранинг” бу тарафига ўтиши мумкин эмас. Ўтса калтак ейди. Бирда билмасдан унинг ўрнига ўтириб олибман. Қўрққанимдан ўрнимдан сапчиб турдим. Қўлимга тушган чизғич билан уни савалай бошлаганимда “Нима бўлди?” деб муаллима тепамизга югуриб келди. Мен томдан тараша тушгандай қилиб:
– Нима бўларди? Мен манов дудуқдан иккиқат бўп қолдим! – деб ўкириб йиғлай бошладим. Муаллимамиз ҳушидан кетишига оз қолган. Ўша воқеа эсимга тушса, ҳозиргача уялиб кетаман.
– Шунинг билан Тошмуҳаммад нима бўлди?– сўрадим гапини бўлиб.
– Нима бўларди? У киши кеч-қоронғида йўлимни пойлаб: “Сени севаман, барибир меники бўласан!”– дейишини қўймади…
Кутилмаганда эшак ҳанграб юборди. Шаҳарчага яқинлашиб қопмиз.
– Бугунга шуниси етар,– деди қиз кулиб,– сиз энди орқага қайтинг. Анови қия тепаликни айланиб ўтсангиз, тол-теракли тўқай бошланади, ўша ерда қўзиқорин сероб. Соғ бўлинг.
У бироз юргач, орқага қайрилиб:
– Госпиталга бошқа йўл билан келинг! – деб қичқирди. Мен маъқул деган маънода бош силкдим.
Эртасига Сурайё:
– У киши мен кўз очиб кўрган биринчи эркагим,– дея ҳангомасини бошлади. Сурайё Тошмуҳаммадни “у” демайди, ҳурмат билан “улар” дейди. Ўзбекларга хос бу хусусиятни тезда англадим.
– Ўнинчи синфни битириш арафасида жисмоний тарбия ўқитувчимиз Тошмуҳаммад ака раҳбарлигида бир гуруҳ мактабдош спортчи болалар билан вилоятда ўтадиган ўқувчиларнинг спартакиадасига келдик. Иштирокчиларга вилоят марказидаги спорт-интернатининг ётоқхонасидан жой ажратилган экан. Мактабдош қизларни бир хонага жойлаштиришди-ю, негадир мен бошқа тумандан келган рус қизлари орасига тушиб қолдим. Нега бундай бўлганини кўнглим сезувди. Ўша оқшом янги танишган дугоналарим билан чой ичиб ўтирганимизда қизлардан бири деразага қараб:
– Боже мой, сюда сам Радж Капур идёт! – деса бўладими.
Гап ким ҳақида эканлиги фаҳмлаб, юрагим дукуллаб ура бошлади. Зум ўтмай эшик тақиллаб, остонада Тошмуҳаммад ака кўринди.
– Кийин, сени уйда кутишяпти, – дедилар у кишим. Кейин қизларга:
– Бу жияним, мен уни уйга олиб кетаман, – дея изоҳ берган бўлдилар.
Ўшанда қизларнинг уларга маҳлиё бўлиб, тикилишганини кўрсангиз эди. Албатта, қизлар “Радж Капурга “жиян”лигимга ишонишмагани ва менга ҳавас билан қарашаётганларини пайқаш қийин эмасди. Очиғи, ўша онда ўзимни дунёда энг толеи кулган қиз ҳис қилгандим. Озгина муддат, лоақал бир зумгина бўлсин, ўзингни бахтли ҳис қилганга нима етсин!
Тош ака мени интернатга яқин кўпқаватли уйдаги бир хонадонга бошлаб бордилар. Хуллас, ўша кеча мен қизлик… – Сурайё бир зум тин олиб, сўнг қўшимча қилди. – Ўша кечаси мен…аёл бўлдим.
Тош ака мени деразадан мўралаётган ойдан ҳам, шамолдан ҳам қизғандилар. Уларнинг ёниб-куйган бўсалари, қовурғамни синдиргудай эҳтирос ила қучишлари, жундор кўкси билан кўкрагимни сийпалаб, маъносига ўзга тугул ўзи ҳам тушунмайдиган пойинтар-сойинтар, узуқ-юлуқ сўзларидан вужудим толиқиб, эсим оғиб ётса-да, унга жоним билан берилмадим. Ҳозир ўйласам, кулгим келади, улар жинни бўлгандай, ора-сира: “Сенга озор етказмадимми, кечир-чи!” – дейдилар-да, яна эҳтиросдан жунбушга тушадилар. Қизиғи, ўшанда ҳеч қандай озор сезмаганман.
Мен агар “кетдик” десам улар ўша кечаси изимдан дунёнинг нариги чеккасига бўлса-да, кетишга рози бўлардилар. “Ҳеч бўлмаса мени бир мартагина ўп-чи!” деганларига ҳам кўнмабман. Улар менинг ҳам эҳтирос оловида куйишимни истаб, оёқларимни қучиб йиғлаганларида енгил тин олиб, лаззатланганман. Аслида, чинакам лаззат у эмас эди. Бунинг ҳаммаси шунчаки қуруқ гап, жуда ошиб кетса, бир лаҳзалик қозон қайнатар қаҳр, холос. Бундай шафқатсизлик аёлларнинг барчасида бўлади. Тан олиш керак, ҳақиқий лаззат чиройли эркакнинг оғуши экан. Уларнинг оғуши… – Сурайё ерга тикилганча бир зум ўйга чўмиб, сўнг бошини кўтариб деди, – хоҳласангиз мен сизга кейин бир қизиқ нарса кўрсатаман.
– Сен нима кўрсатсанг ҳам кўраман, Сурайё. Аммо айт-чи, Тошмуҳаммадни нега севдинг? – дедим.
Қиз саволимга тушунмагандай, бетимга анграйиб қаради.
– Нима? – деди у, – “Нега севдинг?”, деганингиз нимаси?
Унинг кўзлари пирпиради. “Бунинг эси жойидами?” дегандай бетимга яна тикилди. У мени бунчалик бефаҳм деб ўйламаган, шунингдек, бунчалик бемаъни саволни кутмаганидан ҳафсаласи пир бўлгани сезилиб турарди.
– Аҳмоқона саволимдан хафа бўлма, Сурайё, – дедим бўшашиб, – шунчаки сўрадим… Ундан кўра кўрсатмоқчи бўлган қизиғинг нималигини айт.
Ҳамон бетимга анграйиб турган қиз ниҳоят жилмайиб:
– Уни фурсат келганида кўрасиз, сабр қилинг, – деди.
Шу аснода командирнинг:
– Афоня, итдан тарқаган, қайдасан?! – деган кайф аралаш ҳайқириғи эшитилди. Мен ўрнимдан сапчиб туриб, орқа эшикдан ташқарига отилдим.
Келган кунимиздаёқ командир Мамаёқуб билан ҳамтовоқ бўлиб олди. Аслида бу жойнинг одамлари орасида пиёнисталар йўқ ҳисоби, ҳатто кашандалар ҳам озчиликни ташкил этаркан. Мамаёқубни сурувнинг ичидаги битта тиррақи эчки, деса бўларди. Ҳушёрлигида сўлжайган башарасига қараб бўлмайдиган Мамаёқуб, оғзига арақ тегди дегандан сўзамолга сўзини, оёқлига йўлини бермасди. Қачон қарасанг, дўпписи гарданида турса-да, ерга тушиб кетмаганига ҳайрон бўласан. Қўллари ҳаддан ташқари узун, нақ тиззаларига етади. Манглайи кенг, олакўз. Озғин одамларнинг кўзлари, одатда ботиқ, киртайган бўлади. Буники эса сал бўлмаса сиртга отилиб кетадигандай, қонталаш, чақчайган. Бу жойнинг кўпчилик эркаклари каби у ҳам оёғига резина калишни қўлантаёқ кийиб юради. Мабодо, Мамаёқуб худди кўл ёқасида турган балиқчидай, иккала почасини тиззагача шимариб, тиззаларини уқалаб ўтирса, демак у ичган бўлади. Кеча пайқабман, командиримиз ҳам почаларини тиззасигача шимариб юрадиган бўпти. Қачон қараманг, иккаловининг ўртасида “Чашма”нинг бўш шишаси.
Мамаёқуб, аскарликдан ўрганиб келган бўлса керак, ўрисча гапирганда икки сўзнинг бири сўкинишдан иборат эди. У казармага тонг саҳарлаб келади-да, сувни ёпиб, бир хонадаги иситиш батареясини ечиб олади. Сўнг, то кечгача ўшани ўрнига қайта ўрнатаман деб уринади. Ёнида буйруқ берган бўлиб командиримиз юради. Командирга Худо бериб қолди: “Эй” дейдиган эга йўқ, “қўй” дейдиган хўжа йўқ, штаб бошқа шаҳарда. Ёмон одатга одам тез кўникаркан, казармада интизом бўшашган. Назорат йўқ. Командир: “Ҳаммаси сенинг зиммангда!” деб жавобгарликни менга юклаб қўйиб, ўзи Мамаёқуб билан марказга кетади. Тун алламаҳалда ўласи маст бўлиб қайтади. Ўзи чошгоҳгача ухлагани боис, аскарларни одатдагидай тонгги соат еттида уйғотмасдан, бемалол тўйиб ухлашсин, деб кенглик қилиб юрипти. Кенглиги қурсин, айрим пайтлари уйқудан уйғонади-ю: “Сафлан!” деб ҳайқириб қолади. Бу тунги соат бирми, учми, унга барибир.
Бундай вазиятда орага мен тушаман. Бир яхши томони, тихирлик қилиб, оёқ тираб ўтирмайди. Навбатдаги стаканни симириб, яна уйқуга кетади. Унга мендан кўра Мамаёқубнинг сўзи ўтимлироқ. Кўнгли келганида командир уни “Афоня”, аччиғи келганида “душман” дейди. Ке­йинги пайтда у Сурайёни “душманка” дейдиган бўлган. Сезиб юрибман, ичган пайтида “душман”дан “душманка” ҳақида суриштирадиган одат чиқарган.
Мамаёқуб, қачон сўраманг, бу шаҳарчада нима бўлиб, нима қўйганини игнага илиб, ипга тизгандай қилиб айтиб бера олади. Қай уйда қанча одам борлиги-ю, боласи қаерда ким бўлиб ишлаши ёки нима учун ишламаслигини ҳам билади. У билмайдиган нарса ер остида бўлса керак. Бу жойлик одамлар бир-бирларининг исмларини кам аташади. Барчанинг лақаби бор. Масалан, Сурайё – куйган қиз, Мамаёқуб – Афоня, шифохонанинг ошпази Турсуной опа – тарвуз (тарвуз каби думалоқ ва семиз), Тошмуҳаммад – Тошрасм, хуллас, шундай давом этаверади. Менга опаларча меҳр кўрсатган Турсуной – тарвуз бўлди. У ёши ўттиздан энди ошса-да, эрта етилган, семиз, қўш бағбақали бети дуб-думалоқ, киприклари қайрилма келинчак эди. Одатда семиз кишилар хушфеъл бўлишади. Янгамиз қўли очиқ, оқкўнгил, катта билан ҳам, кичик билан ҳам кулиб сўзлашадиган, сўзлаганида суҳбатдошининг қулоғи оғирдай шанғиллаб, қаттиқ сўзлайдиган, шақиллаб куладиган, полни тешиб юборгудай ер-кўкни зангиллатиб юрадиган, бичими мўл аёл эди. Биринчи эри Павлодарнинг Баёновулидан Шомил исмли татар йигит бўлган экан. Қозоқлигимни билгач, “қайнимсан” деб ўзига яқин оладиган бўлди. Павлодарда ўтган кунлари эсига тушармиди, баъзан “Қанийди, бир тишламгина қази бўлса!” – дея оғзи сув очиб ўтирарди. Шомил оғамизнинг кейинги тақдири нима бўлганини у айтмаган, мен сўрамаганман.
Мамаёқубнинг ҳақиқий исмини биладиганлар кам, барча уни “Афоня” деб чақиради, Унинг Сурайё билан юлдузи тўғри келмайди. Уни гапиртиргим келиб: “Бу яқин-орадаги ёлғиз бўйдоқ – сенсан, билишимча, Сурайё ҳам сенга йўқ демасди, нега унга уйланмайсан?” – деб сўраганимда унинг жавобини эшитиб, ёқамни ушлаб қолибман.
– Ҳурарга ити, сиқарга бити йўқ Сурайёни бошимга ураманми? – деса бўладими. – Мамаюсуф аканинг саккизинчи синфда ўқийдиган Муҳайё исмли қизини кўз остимга олиб қўйибман. Ҳам сулув, ҳам отаси пулдор! Ўша қизга уйлансам, у кишида ўғил йўқ, ҳамма бойлиги менга қолмайдими?!
– Мамаюсуф деганлари ким экан?
– Отамнинг туғишган иниси – амаким бўлади.
– Унда қандай? – дейман шошганимдан тилимга сўз келмай.
– Шундай! – дейди у ёнидан носқовоғини олар экан, – каллани ишлатиш керак, дўстим, каллани!
– Ақлинг жойидами, нималар деяпсан?! Ўша қиз сенга туғишган сингил-ку! – дейман тутақиб.
– Нимаси туғишган? Бир эмчакни эммаса, уйланиш мумкин, деган фатво бор, шуниям билмайсанми, қозоқ?!
– Э, бор бўл-е! – дейман ўзимга келолмасдан.
– Бор бўлсам ҳам, йўқ бўлсам ҳам оталаримиз келишиб қўйишган, мактабни битириши биланоқ тўйимиз бўлади, дўстим.
– Э, дўст бўлмай кет, дўст бўлмай кет-е! – деб ерга туфлайман.
Сурайё Мамаёқубни жинидан баттар кўради:
– Унинг валдирвасирлигига отаси айбдор. У ўз оғасининг қизига уйланган. Бундай никоҳдан соғлом бола туғилармиди? Эркакнинг кийимини кийиб юрса-да, аёлча тирикчилик қилади. Унинг ўзи эмас, эшаги эркак, – деб кулади.
Кейин билсам, у Сурайёга ошиқ бўлиб хат ёзади, ўртага одам қўйиб учрашувга чақиради. Муддао ҳосил бўлмагач, у қандай қилиб бўлса-да, ўч олишни ўйлайди. Ўйлаб-ўйлаб, топгани, Сурайёларнинг оғирини-енгил, узоғини яқин қиладиган йўрға эшагининг устига бензин сепиб ёқиб кетади. Можарога участка инспектори Боймирза аралашгач, Мамаёқуб – Афоня Сурайёнинг отасига икки қоп картошка, бир тележка жўхори поя­си, битта улоқли тўқол эчки бериб зўрға қутулади.
“Мол аччиғи – жон аччиғи”, деганларидай, Мамаёқуб бир даврада ичиб олиб, “Эшак ёқишим репитиция эди, энди бу ярамасларнинг уйини ёқиб кетаман!” – деб чиранибди. Бу гап тирноқ остидан кир қидириб, булутсиз кунда чақмоқ чақтиришни хуш кўрадиган участка инспектори Боймирзанинг қулоғига етгач, Мамаёқубни бўлинмага олиб боради. Бу сафар Мамаёқуб участка инспекторига бир янги палос, икки қоп ер ёнғоқ, беш дона тарвуз билан ўнта қовун бериб, қутулган экан. Буларни Сурайё Мамаёқубга ачиниб гапириб берганди.
Командиримиз Мамаёқуб – Афоня билан доим яширинча нималарнидир гаплашишади. Командиримиз пакана бўйли, калласи хумдай, озғин, сариқ киши. Бундай калта бўй, озғин танага хумдай калла мос келмай, юрса-да, ўтирса-да, бир жойда турса-да, ҳатто ётганида ҳам оғирлик қилади, шекилли, бир ёнига қийшайиб туради. Мамаёқуб – Афоня, аксинча, эртак қаҳрамонларидай қоп-қора, девқомат. Бир ўтирганида икки кишининг овқатини ейди. Бироқ овози ер остидан чиққандай бўғиқ. Икковининг дарди – арақ билан аёл. Қийқириб кулишса, демак, ҳамтовоқлар аёллар ҳақида гурунглашаётган бўлади. Айниқса, кейинги пайтда икковлон кўпроқ пичирлашадиган бўп қолишди. Мен томонга ўғринча қараб, хиринглашишларини айтмайсизми.
Кўп ўтмай командиримиз ўзидан-ўзи “Саша-Сашуля, оҳ, Сашуляга бораман!” деб қўшиқ айтадиган бўлди. “Бунинг Сашуляси яна ким бўлди экан?” дедик-да, қўйдик. Кечқурун ошхона томондан Сурайёнинг қичқириғи эшитилди. Оқшом сокинлигида овоз баралла жаранглаб, барчанинг қулоғини динг қилди. Қарасак, командиримиз думи қисилган лайчадай уйлар орасидан зипиллаб келяпти. Лабида сигарета. Калласи яна жиндай югурса, танасидан узилиб тушадиган ошқовоқ сингари ликиллаб, силкинади. Сочи сигир ялагандай манглайига ёпишиб қопти. Аланг-жаланг орқасига қараб қўяди. Ногаҳон нигоҳларимиз тўқнаш келгач, у ўхшовсиз тиржайди. Бу қилмиши ошкор бўлган нобакор кимсанинг ноилож тиржайиши эди. Ғазабим қўзиганидан, кўзларимга қон қуюлиб, терс бурилиб кетдим.
Сурайё бўлса ошхона зинасида қўлларини белига тираб, бақирарди:
– Ярамас, малъун! Мен сенга Саша ҳам, Наташа ҳам эмасман, мен Сурайёман, манов заҳрингни ўшалар билан ич, қийшангласанг ўшаларга қийшангла, мен ўзбек қизиман! Менга яна яқинлашиб кўр-чи, отамнинг пичоғи билан ичак-чавоғингни қовоқ каллангга салла қилиб ўраб қўяман, чўчқадан тарқаган, ифлос! – дея командирнинг ортидан улоқтирган яримталик шиша тошга урилиб, чил-чил синди. Эртасига командир Афоняга:
– Сашуля деганинг бошига юган-қўриқ тегмаган ёввойи экану, сен нега мени лақиллатдинг? У синдирган арақни тўлайсан! – деб бақираётганини эшитган аскарлар кулиб юришди.
– Сиз ҳам мен ҳақимда шундай ўйларсиз?– деди Сурайё менга тикилиб,– билиб қўйинг, мен сенлардай солдафонларга қўлсочиқ бўлмайман. Сенлар ўзбек қизларини билмас экансанлар. Афғонистонда аёлларни зўрлашни ўрганганларингдан хабаримиз бор, аммо бу ишни бизларга қилолмайсанлар.
Қоним бошга тепди:
– Сенга биров тегадиган бўлса, мендан кўрадиганини кўради! – дедим титраб. Овозим ўзимга нотаниш туюлиб кетди. Ҳақиқатдан ҳам ўшанда Сурайё учун ҳар қандай қалтис ишга қодир эдим. Рангим гезариб кетган бўлса керак, Сурайё бетимга тикилганча бир зум анграйиб туриб, сўнг:
– Эҳ, сиз ҳам ўшалардаймисиз?! – дея эшик томон тисланди. Кейинчалик мен бир япон ёзувчисининг: “Қўрқув аёлни янада гўзаллаштиради” деган иборасини ўқиганимда Сурайёнинг ўша пайтдаги ҳолатини эсладим. Мен у пайтлари умр бўйи Сурайёни қўмсаб яшашимни билмасдим.
У яқин келиб кўзларимга тикилиб:
– Қуриб кетсин, командирингизга ҳам, Афоняга ҳам тега кўрманг, бекордан-бекорга қамалиб кетасиз, – дея, қўлимни олиб, бетига босди-да, бармоқ учларини аста ўпиб чиққач, чуқур тин олиб, деди:
– Энди боринг, ҳозир сизни ахтариб қолишади.
Ботирга ҳам жон керак, деганларидай, анчайинда оғзидан оқ ит кириб, қора ит чиқадиган, оқ тоғни айириб, қора тоғни қайириб юрадиган командиримиз ўша воқеадан кейин жини қоқиб олинган азайимхондай ювошланиб қолди. Ҳаммасидан ҳам ажабланарлиси, у бирдан ичкиликни ташлади. Бунга ишониш қийин эди. Иккинчи ўзгариш – у ўзбек тилини ўрганишга киришди. Мураббий – Афоня. Бир қарасанг, икковлон апоқ-чапоқ бўлиб, шуғулланиб ўтиришган бўлади. Чамаси, сабоқни тусланишдан бошлашган бўлса керак, командир: “Тешавой акамларга”, “Тешавой акамлардан”, “Тешавой акамлар билан” – деб устозига жўр бўлиб такрорлайди. Яна бир қарасанг, командир тил ўргатишга нўноқ мураббийсининг етти отаси-ю, етмиш беш бобосининг бирортасини қолдирмай учиртириб ўрисча сўкаётган бўлади.
Ким нима деб маслаҳат берганини билмайман, командиримиз нима бўлса-да, ишни мураккаблаштирмаслик йўлини ўйлади. Бунинг учун у госпитал ходимларининг кўнглини топиб, шу йўл билан Сурайёдан кечирим сўрамоқчи бўлса керак, жамоага дастурхон ёзадиган бўлди. Дас­турхон бўлгандаям, ойни осмонга бир бор чиқариб, ўзбекларнинг йилда бир марта наврўздагина пиширадиган “сумалак” деган тансиқ таомини пиширадиган бўлдик. Турсуной янга шундай маслаҳат берипти.
Сумалак қайнатишга бир ҳафта тайёргарлик кўрдик.
Командир мени ошхонага навбатчи этиб тайинлади. Бошқалар эмас, мен келганимдан Сурайё қувонди. У ўтган сафар “Сизга бир қизиқ кўрсатаман” деган ваъдасида туриб, қизғиш-яшил муқоваси тўзғий бошлаган китобча келтирипти. Уни бир кўрсатди-ю, қайтадан яшил халатининг чўнтагига солиб олди. Қандай китоблигини сезмай қолдим. Қайта кўрсат, дегунимча ташқаридан Турсуной – тарвузнинг гурсиллаган оёқ товуши эшитилиб, Сурайё ташқарига лип этиб чиқиб кетди. Турсуной – тарвуз эшикдан кира солиб, шанғиллаб:
– Айланай қайиним, маъшуқанг сенга машина аварияси ҳақида гапираётувдими? – деди.
– Қандай авария? – дедим гапига тушунолмай.
– Айтмадими?
– Йўқ, айтмади.
– Айтмаса, айтади, – деди янгамиз. Юпқа лаблари сирли чимирилгандай бўлди.
Кечқурун Сурайё сўрамасам ҳам:
– Бизнинг бахтимизни чилпарчин қилган ўша авария бўлди, – дея ҳангомасини бошлади, – бир гал Тошмуҳаммад акамнинг “Волга”сида тоғдан равоч териб қайтдик. Хурсанд эдик. Рулга мен ўтирдим. У кишим, кўпинча машинасининг рулини менга берарди. Тоғдан тушаётганимизда тормоз ишдан чиқиб, пастликка қараб шувиллаб кетаётганимизни биламан. Кейин отам Тошмуҳаммад иккаламизни ёнаётган машинадан тортиб чиқараётганини тушда кўраётгандай бўлдим. Шифохонада ҳушимга келиб, мен нима бўлсам бўлдим, фақат Тош акамлар соғ бўлсинлар, деб ётдим. Худо тилагимни берди, у кишим соғайиб кетдилар. Минг афсус, отам бечора бизни қутқараман деб баданининг ярми куйган экан, касалхонада кўз юмдилар. Мен эса, ярим бетимдан ажраб, шу кўйга тушгач: “Бу турқим билан Тошмуҳаммад акадай йигитга муносиб эмасман. У кишим бахтга муносиблар. Мен эса, Худо бошга солганини кўрарман!” – деб улар билан учрашмай қўйдим. Ёзган мактубларига ҳам жавоб ёзмадим. Ниҳоят онаси уни уйлантирди… Улар ёзган мактубларни умрим бўйи сақлаб ўтаман. Бировлар ўқиб, устимдан кулишмасин, деб ҳаммасини бир дафтарга кўчириб қўйибман. Унга йўлланмаган жавоб мактубларим ҳам ўша дафтарга кўчирилган. Уни бошимга қўйиб ётаман, ўлсам нариги дунёга кафанимга ўраб, ўзим билан қабрга олиб кетаман!
Ҳалиги китобчанинг сирини энди билгандайман. Унда нималар ёзилган экан? Буни жудаям билгим келарди. Сурайё менинг ниятимни уққан шекилли, қовоғини уйиб:
– Кейин кўрсатарман, ҳозир буни кўришга бўлмайди! – деб чўрт кесди. Унинг феъли кўклам ҳавосидай ўзгарувчан эди. Бир онда қувнаб, бир зум ўтмай маъюсланади. Қизиғи, бу феъли ўзига ярашарди. Сирли китобга қизиқишим баттар кучайди. Унда нималар ёзилган экан, деган фикр миямдан кетмай қўйди.
Сумалак… Ҳалигача эсимда, беш-олти аскар йигит билан ошхонанинг бир бурчагида чанг босиб ётган дошқозонни ташқарига думалатиб олиб чиқдик. Сиғими саксон литр экан. Турсунойнинг кўрсатмаси билан, бозордан ўттиз беш килограмм буғдой сотиб олиб, тош-қум, чўп-сомондан тозаладик. Сурайё ўша оқшом тиш ёриб, гапирмай қўйди. Ошхонада икковимизгина эдик. Мен нимадир айтмоқчи бўлиб оғиз жуфтлайман, у “гапирма” деган маънода кўрсаткич бармоғини лабига босади. Тозаланган буғдойни лаганларга солиб, салқин жойга қўйиб чиқдик. Буғдойнинг устига дамба-дам сув сепиб туриш керак экан.. Ичим пишиб кетди. “Нега индамайсан? Ёки ёнингда юрганим ёқмаяптими? Ёқмаса кета­йин, Сурайё”, – дедим. “Ўтир”, – деди у яна имо билан. Шунда пайқабман, у ҳалидан бери шивирлаб, нималарнидир ўқиб ўтирган экан. Ниҳоят у кафтларини ёйиб, “Аллоҳу акбар!” деб бетини силади. Кейин билибман, қоида бўйича наврўздаги сумалак устида “Ихлос” сурасини қирқ бора такрор тиловат қилиб, айтилган тилаклар Хизр бобонинг қулоғига чалинармиш. Сурайё менинг “Нима тилак тиладинг?” деган саволимга, “Яхши тилаклар-да” деб қўя қолди. Нега экани қайдам, ўша оқшом у икковимизга бахт тилаб, дуо ўқигандай туюлган эди. Мен бунга ҳалигача ишонаман.
Бир ҳафтадан сўнг буғдой ниш уриб, ёрила бошлади. Буғдой куртаги бармоқ узунлигига етиши билан келига солиб, ёғоч келисоп билан пешингача туйдик. Шунда худди гўшт қиймалагичдан ўтгандай қуюқ модда пайдо бўлди. Ундан янги ўрилган майсанинг ҳиди анқирди. Дўкондан сотиб олиб келтирилган етмиш беш килограмм унни қозондаги суюқликка солиб, аралаштира бошлаганимизда Сурайё оқ чит рўмолчанинг учидаги тугунни ечиб, ундан бедананинг тухумидай икки дона оппоқ тош олди-да, уларни ҳамманинг кўз ўнгида “чўлп” этказиб қозонга ташлагач, менга ўғринча қараб, жилмайиб қўйди. Қозонга ўтни мен ёқдим. Сурайё кесилган ўрик шохларини ўчоқ бошига ташиб турди. Командиримиз ўтин чопиш учун ўрикзорни оралаб юрган эди, Сурайё қўлидан болтасини юлқиб олиб, ўзини боғдан қувиб чиқарди.
– Дарахтларнинг жони бор. Ҳозир ғўралаш пайтида болтани кўрса, мева тугиш ўрнига қуриб, ҳосилдан қолади. Манов алвасти шуниям билмайди! – деди қизишиб.
Кечки соат тўққиздан бошлаб янаги кун, кундузги соат учгача қозонга олов ёқдик. Шу вақт оралиғида Сурайё икковимиз навбатма-навбат сумалакни тинмай ковлаб турдик. Кеча қозонга ташланган тошлар капгирга гоҳида бирга, гоҳида алоҳида тегиб, шақиллаган овоз чиқади. Тошлар бирга текканида қувониб кетамиз, бўлак тегса, ранжиб қоламиз. Бу Сурайёнинг ўзи ўйлаб топган ирим. Сумалак ўн уч соат қайнагач, Турсуной таъмини татиб кўриб: “Каромат пишипти!”, – деди. Ўн уч соат мобайнида Сурайёнинг ёнида бўлдим. Сумалак мен учун сеҳрли куй бўлиб туюлди. Бу куйдан энди завқлана бошлаганингда тугаб қолмай, давом этаверса экан, деган тилак айтиб ўтирасан. Мен ҳам сумалак қайнайверса экан, деб тилангандим. Йўқ, у кўкламнинг кўройдин кечасида жуда қисқа, қисқа ҳам гапми, кўз очиб юмгунча, ҳатто киприк қоққунча бўлмай, ярқ этиб сўнган чақмоқ сингари бир лаҳзада пишса денг!
Қозон тагида қолган сақич бу ерларда “қўғирмоч” дея ўзгача қадрланар экан. Одатда уни янги уйланган йигитларга беришаркан. Биз ўша куни қозон тагидан икки тоғора “қўғирмоч” қириб олдик. Турсуной янга қозоннинг тагидаги сақичга айланган қўғирмочни қоғозга ўраб менга берди-да, Сурайёга қараб кўзини қисиб қўйди.
Сумалагимиз барчага маъқул бўлди.
Шундай қилиб, кўрган тушдай бўлиб сумалакнинг қизиғи ҳам ўтди-кетди. Энди Сурайёни кўриш орзуга айланди. Нима десак-да, ихтиёр ўзимизда бўлмаган аскар бўлгач, ошхонага қайта-қайта бориш мумкин эмас. Бормасликка эса тоқатим етмай, ўз-ўзим билан олишиб юрибман. Тушликда взводдан қолиб, столда майиз еб ўтиргандим:
– Нима, қайлиқ ўйнагани борасизми? – деди Сурайё таом пишириш бўлмасидан чиқаётиб. Одам қувончдан ўлмас экан, билъакс мен ўша ўтирган жойимда тил тортмай ўлган бўлардим.
– Қайлиқ ўйнагани? – дейман ҳовлиққандан тилим сўзга аранг келиб. – У нима дегани?
– Қадимда Бухоро амири Олимхон ҳарамга кириш олдидан қора майиз еркан, – деб кулди Сурайё.
– ?
– Бугун навбатчиман. Кечқурун ошхонага келинг, – деди у овқат пишириш бўлмасига кираётиб.
– Келаман, Сурайё!
– Кечки саккизда, кечикманг.
Буни қаранг-ки, кўришга шунча вақт интиқ бўлган нарса мен кутгандай эмас, машҳур “Камастура“ бўлиб чиқди. Ўтган йили шу ерда даволанган танкчилардан бири тумбочкада унутиб қолдирган экан. Ким билсин, ўша номаълум танкчи бу китобни қайдан олган? Аскарларимиз Афғонистондан нималарни олиб чиқишмади, дерсиз. Умрида еб кўрмаган ноз-неъматдан тортиб, уй анжомлари-ю, кийим-бош, радио, телевизор, магнитофоннинг хилма-хиллари дейсизми…
Китоб инглиз тилида экан, ҳижжалаб ўқиб, тушунишга уриниб кўрдик.
– Тошмуҳаммад ака мана бу усулда қўшилишни ёқтирарди, менга эса бу усул умуман ёқмайди, худди бир-бирига жуфтлашиб қолган итларга ўхшайди. Унинг хотини ҳар куни мана шундай буқа-сигирга ўхшаб қўшиламиз, дейдиган кўринади. Қутурган хотин-да, падарига лаънат. Тош ака ундан жирканадилар… Мановини қаранг, манов суратни айтаман, менга мана шуниси ёқади. Ёқишининг боиси – мен учун эркакни ҳис қилиш камлик қилади. Доим кўзларига тикилиб, уни кўриб ётгим келади. Севган эркагимни…
Ўнг қўлим аста кўтарилиб, унинг бўйнига осилди, кейин пастга сирғалиб, кўксига қандай бориб қолганини икковимиз ҳам билмаймиз. Ўтдай қайноқ лаблар бир-бирини қандай топганини ҳам билмаймиз. Биз бутун борлиқни унутган эдик. Уни билишни ҳам истамасдик… Анорлари тошдай қаттиқ эди…
Олам тўнкарилиб борарди.
Олам ёниб борарди.
Китоб сирғалиб тушиб, оёқлар остида қолди.
– Ҳой қиз, онангга айтаман!
Турсунойнинг момақалдироқдай тўсатдан гумбурлаб эшитилган овози тепамиздан муздай сув қуйиб юборилгандай сесканиб кетдик.
– Ҳеч нима бўлгани йўқ, келинойи! – деди Сурайё этагини қоқиб, ўрнидан сапчиб турар экан. Мен ҳам камаримни чала боғлаганча, ўрнимдан сапчиб турдим. Сурилиб-қоқилиб, эшикдан чиқаётганимда казарма томонда барабан чалинди. Ҳар галгидай бу ердалигимни билган йигитларнинг ҳазили бўлса керак, деб ўйлагандим, Йўқ, командирнинг:
– Взво-о-од, сафлан! – деган хитоби эшитилди.
Ўпкамни қўлга олиб, казарма томон югура кетдим. Кўпдан кутган янги буйруқ мана шундай кеч хуфтонни пойлаб келган, шекилли. Шундай қилиб, бош-оёғи ўн беш дақиқада йиғилиб, бўғиниб, тугилиб йўлга чиқиб кетдик.


Бувим айтгувчи эди: “Ундан бери замон ўзгарди, қарағай учига чўртан чиқди”, – деб. Ундан бери ўттиз беш йил қандай ўтди, десалар нима жавоб берар эдим? Ёш эдим, ҳаёт бунчалик бешафқат деб ўйламагандим.
Бир гал хизмат сафаридан келсам котиба қиз:
– Сизни кечадан бери бир ўзбек кампир сўроқлайди, – деди қошини кериб. Менинг ўзбекка нима даҳлим борлигига ақли етмай турипти.
– Яхши, чироғим. Кампир-сампир бўлмаса энди мен қиз-келинчакларга керак эмасман, – дейман ҳазиллашиб. Шундай дегунча бўлмай, телефон безиллаб қўя берди.
– Яна ўша кампир, нима дей, йўқлар дейми? – сўради котиба энсаси қотиб
– Ула! – деб ичкари кириб гўшакни олсам “Турсуной, десангиз билади, тарвуз, десангиз тушунади…” – дея шанғиллаган овоз эшитилди. Танидим. Бу ўша, Н. шаҳарчасидаги ошпаз Турсуной эди. Кўп ўтмай кабинетда олисдан келган янгамиз билан чой ичиб ўтирдик… Олмаотанинг мева бозорида савдо қиладиган қизи билан куёвини кўришга келган экан. Уларни бозор полициячилари нари-бери қувиб, тирикчилик қилдирмаётган кўринади.
– Қозоғистонингиз полний беспредел! Бунчалик юзсиз бўлиб кетган одамларни биринчи кўришим. Қимирласанг пул сўрашади, бермасанг “Келган жойингга қувиб юбораман!” – деб қўрқитишади, – дейди Турсуной янга.
– Унинг бир амалини топармиз, ғам еманг, Турсуной янга. Бошқа нима янгилигингиз бор? – дейман қизиқсиниб.
– Нима янгилик бўларди, шаҳарчамиз ўзгарган, жуда қаттиқ ўсиб кетган. Мустақилликнинг шарофатидан, албатта. Президентимиз ҳақиқатдан ҳам аломат одам, барчаси ўша кишининг меҳнати. Газ тортилди, янги бинолар қад кўтарди. Бугун ҳарбий Н. шаҳарчаси йўқ – Мустақиллик шаҳри бор. Танишларингиз сизга салом айтиб юборишди. Кимдан бошласам экан, масалан, ўзингиз билган Мамаёқуб – Афоня ҳалигача сантехник. У амакисининг Муҳайё исмли қизига уйланган, Мамарасул кўр, Мамасоли кал, Мамашариф ланг деган уч ўғли бор, бири сўқир, бири кал, бири оқсоқ, ҳайтовур бутуни йўқ. Тўнғичи сизларнинг мева бозорда ўрик сотади. Шу ерда юриб бир қозоқ хотинга уйланипти. Мен унинг ёнида нозик ниҳолман. Ўзидан камида беш ёш катта. Буниси етмагандай, мешой қозоқчаниям, ўзбекчаниям билмайди. Фақат ўрисча гапиради. Қачон кўрсанг, оғзидан чилими тушмайди, шўрлик бу паровоз хотинни қайдан топган, тавба. Сўқир отга – қўтир от жуда мос тушипти. Қолган иккови Москвада – қурилишда. Тошрасм дўстингиз бўлса бугун ўн беш нафар ўғилнинг отаси, хотини йил оралатиб гоҳ эгизак, гоҳ учтачак туғиб берган. Болаларининг бириям ўқимади. Бари отасига ўхшаб мактабни чала битқазиб, тирикчиликка аралашиб кетишди. Ўзи нафақага чиқсаям, ҳалигача “красавчик” қолипида, “билмасам” деб эски водовозида касалхонага сув ташиб юрипти. Ҳеч нимага бошини оғритмайди. Госпиталимиз сил даволаш шифохонасига айланган. Йил сайин, баҳорда сумалак пиширамиз. Албатта, сизни эслаймиз…
Сурайёга навбат қачон келаркин, дея тоқатсизланиб ўтирганимни сезгандай Турсуной:
– Хабарингиз бўлса керак… – деб кўз остидан менга бир қараб олди, – шундай қилиб, сизлар кетган йили саврда тоғдан равоч териб келаётган машина ағдарилиб, Сурайё бечора ҳам ўлиб кетди, – деб янга кафтлари билан бетини силади. Бу гапдан юрагим шиғиллаб, ғалати бўлиб кетдим.
– Йўқ… Хабарим йўқ, – дедим тилим аранг айланиб.
– Раҳматли сиз билан хат ёзишиб турамиз, дегувчи эди-ю, тавба…Эҳ, нималар деб алжиб кетдим, кечиринг, қартайди деганлари шу эканда, адашавераман. Сурайё нариги дунёдан хат ёзармиди, демайсизми? Алжиб қолганман, аслида. Ҳали нима деётувдим? Хаёлпараст, жуда ғалати қиз эди, сирини фақат менга айтарди. Биламан, кейин сизга ҳам айтди, у сизни севиб қолганди…. Ўзича тўқиб, авария дейверарди… Гапига фаришта омин, деганми, худди ўзи тўқигандайин тоғдан равоч териб қайтишаётганида аварияга учраб, нобуд бўлса, денг. Кечирасиз, нималар деётгандим? Ҳа, марҳумани ўз қўлим билан ювиб, покизаладим. Албатта, ҳаммаси Яратганнинг қўлида, деган билан жони жаннатда, деб ўйлайман. Боиси, қиз бўлиб туғилиб, қиз бўлиб дунёдан кетди, раҳматли. Унинг бокиралигини билардим, буни кейин шифокор ҳам тасдиқлади.
Кўз олдим қоронғулашиб кетди.
Турсуной янга яна нималар дегани ёдимда йўқ. Меҳмонни кузатгач, шифохонага жўнадим. Шифокорларимиз бошқа касалларга диагноз қўйишда янглишишлари мумкин, бироқ менинг касалимга келганда янглишган эмас. Қон босим хуружи! Жонлантириш палатасида илк тунаган куним Сурайё тушимга кирса керак, деб ўйлагандим, аммо ўша қўрқинчли тушни яна кўрибман. Масжид мезанасидан қулаб тушган муаззин бизларни казармани чир айлантириб қувиб юрган эмиш…

2019/3

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi