Николай ДОБРОЛЮБОВ Рус мунаққиди БОБУР ВА БОБУРИЙЛАР ҳақида

nikolay_dobrolyumov

Таржимондан:
Дунё олим ва адибларининг Бобуршоҳ ижодига муносабати, асосан, тўрт йўналишда кузатилади: Бобурнинг подшоҳ сифатидаги сиёсий фаолияти (1), унинг ижодига улуғ санъаткор сифатида мурожаат этиш (2), “Бобурнома”га камёб тарихий манба сифатида қараш ва уни таржима қилиш (3) ҳамда Бобуршоҳнинг шахси ва жасорати хусусида бадиий асарлар (4) ёзиш. Айни мана шу йўналишлар Россияда XIX асрдан кузатилади.
Жаҳон афкор оммаси ичида Бобур сиймоси ва унинг асарларининг вужудга келиши, тараққиётида Россия олимларининг ҳам ўз улуши бор. Дастлаб “Энциклопедик лексикон”да (СПб, 1835) “Бобурнома”га “Буюк мўғул Бобурнинг тарихий хотираларининг сарлавҳаси” дея қисқа изоҳ билан Россия бобуршунослиги бошланади. “Бобурнома”нинг матни Қозонда Н. И. Ильминскийнинг “Бобурнома” ёки Султон Бобур хотиралари” сўзбошиси билан эълон қилинган (1857)дан сўнг Бобур шахсига қизиқиш ортган ва шу йилнинг ўзида И.Н.Березин томонидан тузилган “Турк хрестоматияси”нинг 1-қисмида (226-272-бетлар) Бобуршоҳ асарларидан намуналар чоп қилинган. Бу илмий ҳаракат бошида турган Н.Ильминский “Университетда (Қозон унив.) турк-татар курси учун Кириш маърузаси”да “Бобурнома” материалига тарихий чиғатой тили нуқтаи назаридан ёндашган (1865). Айни даврда рус мунаққиди Н.Добролюбов “Ост-Индиянинг тарихи ва ҳозирги ҳолатига назар” (1857) асарини “Современник” журналида эълон қилган. Албатта, қисқа умри (1836-61) давомида, асосан, XIX аср рус адабиёти ҳақида мақола ёзиб юрган рус мунаққидининг Ҳиндистондаги Ост-Индия компанияси ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳамда бобурийлар тарихини чуқур ёритишига нима сабаб бўлган эди, деган табиий савол туғилади.
Унга жавобан айтиш мумкинки, мақола “Н.Турчинов” имзоси билан чоп этилган бўлиб, бу тахаллуснинг Н.Добролюбовга алоқадорлиги ҳақида Н.Чернишевский бундай хабар беради: “У (Н.Добролюбов – Ҳ.Б.) “Н.Турчинов” тахаллуси билан “Современник” журналининг 1857 йил сонида “Ост-Индиянинг тарихи ва ҳозирги ҳолатига назар” сарлавҳали мақола эълон қилди. Мақола шу йилнинг май ойида кўтарилган сипоҳийлар қўзғолони ҳақида бўлиб, у бутун ёз давомида кенгайиб борган. Бу ҳодиса Ғарбий Европада ва бизда катта қизиқиш уйғотди. Журналга у ҳақда мақола керак эди. Бундай воқеалар хусусида мақола ёзиб юрган ходим (яъни, Н.Чернишевскийнинг ўзи – Ҳ.Б.) уни ёзишга тайёр эмас эди, шунинг учун мақола ёзишни Николай Александровичдан илтимос қилдим. У дастлаб воқеалар билан кам хабардор эканини айтиб рад қилди, сўнгра ҳар ҳолда бу вазифани қониқарли даражада бажаришга киришиб, илтимосимни бажо қилишга рози бўлди. Ҳақиқатан ҳам мақола яхши чиққан эди”.
Ҳиндистон тарихидан бизга маълум бўлишича, сипоҳийлар қўзғолони номи билан тарихга кирган ҳаракат 1857 йилнинг 10 майида Мирут шаҳрида инг­лиз армиясида ёлланма жангчи бўлиб хизмат қилаётган сипоҳийлар полкида бошланган. Қисқа муддатда Деҳли қалъасини эгаллаган қўзғолончилар яна икки ҳафта давомида бутун Шимолий Ҳиндистонни ишғол қилган эдилар. Бу ҳаракатга Лакнау ва Панжоб аҳолиси ҳам қўшилган. Инглиз ҳарбийлари қўзғолонга қарши 8 июнда Деҳлига кириб келган бўлсалар-да, катта қаршиликка учраб, ниҳоят 20 сентябрдагина Деҳлини эгаллай олган эдилар. Бутун ёз давомида инглиз бошқарувига қарши йўналган бу қўзғолонда минглаб мусулмонлар иштирок этган, у инглизларнинг Шарқдаги муваффақиятли юришига жиддий тўсиқ бўлган эди. Бутун Ғарбий Европани ҳаяжонга солган ушбу воқеалар арафасида Россия Кавказни забт этиш учун уруш бошлаган, сўнгра қуролини Марказий Осиёга қаратгани Русия қўшинининг ҳаракатидан маълум бўлиб қолган ва ундан кейин навбат Ҳиндистонга келиши мумкинлигини матбуотдаги мақолалар билдириб турар эди. Биргина рус матбуотида, жумладан, “Отечественние записки”да “Ҳиндистондаги жиноятлар ва турмалар ҳақида” (1857, №7); “Библиотека для чтения”да “Ост-Индия шу йилнинг бошида” (1857, №10) ва айни мақола “Русский вестник” (1857, XI, 2-китоб)да қайта босилган; шунингдек, “Русский инвалид”нинг 133-, 174-, 214-, 231-сонларида; “С.-Петербургские ведомости” газетасининг 163-, 164-, 169-, 240-сонларидаги мақола ва хабарлар эълон қилинган. Инглизларнинг “Times” (“Таймс”) газетаси ҳолатни тан олиб, “Ҳиндистон ҳозир яна курашга чоғлидир” дея ­эътироф (1857, 31 июл) этишга мажбур бўлган ҳолат эди.
Н.Добролюбов мақоласи 2 қисмдан иборат бўлиб, унинг дастлабки қисмида Ҳиндистон тарихига мурожаат этилган ва “ҳинд қолоқлиги”нинг сабаблари тарихан кўпинончли мамлакат бўлгани ва ҳиндлар қаршиликдан кўра, итоатга мойиллиги билан асосланиб кўрсатилган. “Ҳиндлар қолоқлигига қарши инглиз цивилизациясини олиб кириш” баҳонасида, асарнинг 2-қисми иқтисодий ва ҳарбий уруш бошлаган инглиз мустамлакачилари “фаолияти”га бағишланган. Н.Добролюбов мақоласида Ост-Индия компаниясининг босқин­чилик ҳаракатининг қоралангани унинг мана бу бошланғич сўзларидан маълум: “Ост-Индия ҳайрати (ажабланиши) мана неча ойдан бери бутун Европа эътиборини жалб қилмоқда. Унинг ҳозирга қадар тинмаётгани инглиз қуролининг сипоҳийларга қарши курашда айрим муваффақиятлари бутун мамлакат бўйлаб тарқалмоқда. Кутилмаганда Ҳиндистон Англия босқинидан ҳалос бўлиши шубҳасиз, ҳозирги қўзғолон Ост-Индия компаниясининг мамлакатдаги аҳволига ўзгартиришлар киритиши мумкин”.
Асарнинг 1-қисмида муаллиф Ҳиндистондаги Бобурийлар асос солган салтанат, Панипат жанги, Бобуршоҳ, Акбаршоҳ, Аврангзеб ҳақида батафсил сўз юритган.

ОСТ-ИНДИЯНИНГ ТАРИХИ ВА
ҲОЗИРГИ ҲОЛАТИГА НАЗАР

Ост-Индия ҳайрати (ажабланиши) мана неча ойдан бери бутун Европа эътиборини жалб қилмоқда. Унинг ҳозирга қадар тинмаётгани инг­лиз қуролининг сибойларга қарши курашда айрим муваффақиятлари бутун мамлакат бўйлаб тарқалмоқда. Кутилмаганда Ҳиндистон ­Англия босқинидан халос бўлиши ҳам, шубҳасиз, ҳозирги қўзғолон Ост-Индия компаниясининг мамлакатдаги аҳволига ўзгартиришлар киритиши ҳам мумкин. Европадан Ҳиндистонга бир неча ўн минглаб жангчи ва миллион фунт-стерлинг юборилишининг ўзи инглиз ҳукуматининг хавфсизлик чоралари кўраётганининг исботидир. Гўёки, “Таймс” ибораси билан айтилган “Ҳиндистон ҳозир яна курашга чоғлидир” сўзлари ушбу ҳолат ҳақиқатига яқин келади. Шунга қарамай, шубҳа йўқки, энди қўзғолонни охирига қадар босдириш учун Ост-Индия компаниясининг ерлашишига қараганда ҳам кўпроқ куч керак бўлади.
Ҳайратли хабарлар инглиз ҳукуматини чўчитиб ва хавфга солиб қўйдики, инглиз матбуотида ҳиндларга қарши мақолалар кучайиб кетди. Бу ҳолат кутилмаганда ҳайратланарли тус олди. Англиянинг давлат одамлари, амалдорлари, Ост-Индия компаниясининг ходимлари, ҳатто қизиқувчан саёҳатчилар ҳам Ҳиндистондаги воқеалар ҳақиқатидан яқиндан хабардор бўлиб, аллақачонлардир инглиз ҳокимияти маҳаллий қўзғолончилар томонидан хавф остига олинганини башорат қилмоқдалар. Улар бошқарувдаги тартибсизликларни, аҳолига зулм қилинаётганини кўрдилар, уларда соқов норозилик пайдо бўлганини ва бу эртами-кечми очиқ кўринишга келиши мумкин, чунки ҳар қандай инсоний сабру бардошнинг ҳам ўлчови бўлади. Энди ҳозир айтилаётган ҳавфли башоратлар, инглиз газеталари тан олаётган ҳақиқат, бу қўзғолон тасодифан ўз-ўзидан вужудга келмаганини, бу ҳолат Ҳиндистондаги инглиз бошқарувининг азал-оқибати эканини тан олмоқдалар. Омма фикрига кўра, сипоҳийларнинг ҳозирги исёни, бу огоҳлантирувчи тўлқин бўлиб, эртами-кечми Ҳинд – Британия мулкларида кучайиши мумкинлиги, у ҳолда тарихан воқеаларнинг бориши бу буюк қўзғолонга дебоча бўлиб хизмат қилиши айтилмоқда. Ҳақиқатан ҳам, аҳолининг тинчликпарвар характери, замонлар давомида ҳар қандай зулмга кўникувчанлиги охирги вақтда Ост-Индия компаниясининг нисбатан осон бошқарувига сабаб бўла олмагани, келиб чиққан қўзғолон Ост-Индия муносабатига қарши норозилик қўзғолони бўлгани бу тарихий зарурат экани аён бўлди. Унинг сабабларини у ёки бу ҳодисадан эмас, балки Ҳиндистоннинг бутун давомли тарихидан ва бугунги ҳисоб-китобидан келиб чиққан тарихий ҳаракатдир. Бу нуқтаи назар Ост-Индия воқеаларига илова равишда шунчалар зарурки, у ерда инглизлар ҳукмронлигининг ўрнатилиши бу тарих ҳақиқати бир неча кичик воқеалардан иборат эмаслигини кўрсатмоқда. Ост-Индия компаниясининг Ҳиндистонда жойлашуви дастлабки пайтда ва француз таъсири билан курашаётган даврда инглизлар қўлидан чиқиб кетган жой ва мулклар бундай таъсирларни йўқ қилиши мумкин эди. Буларга қарамай, у ерда жойлашиб олиб, бутун Ҳиндистонга ҳукмронлик қилмоқчи бўлган тақдирда французлар бундай тасодифлардан наф кўрмагани ҳолда айрим йўқотишларга учради ва бунинг сабабини ноқулай вазиятдан кўрган эдилар. Бунда айрим шахсларга айб қўйилиши ҳам мумкин: халқ қудрати, асрлар давомида халқ орасида етилиб келган қувват, куч бу инглизларнинг тўғридан-тўғри муваффақиятларининг гарови сифатида баҳоланди. Ўша халқ қудрати, ўша халқ руҳи тарихий жараёнда ҳозирги қўзғолонга сабаб бўлган бош омил сифатида тушунилади. Фақат бу ерда масала мураккаброқ эди, чунки ҳинд халқи турлича тараққиётни бошдан кечирди. Унинг бошига ўз халқининг бошқарувидан ташқари, ислом ва насронийлик, шарқона деспотизм ва инглиз савдо бошқаруви, браҳманлик инончи ва Европа тамаддуни кабилар ҳам қўшилди. Бошбошдоқларча тараққий этган халқ ҳақида, унинг танбал сажияси ва доимо босим остида бўлиши, ҳар бир янги таъсирнинг қоронғи жиҳатлари ва сўнггида воқеалар чигалининг хавфли тус олиши халқ онги ўзгаришига сабаб бўлди. Бу воқеа қандай келиб чиқди, қандай қилиб Ост-Индия компанияси секин-аста бугунги ҳолга тушиб қолди – тўғрироғи, унинг бугунги қисматини яхшироқ кўрсатиш учун бу тарихий очерк орқали китобхонларга инглиз бошқарувидаги Ҳиндистоннинг ҳозирги ҳолатини изоҳламоқчимиз.
Ҳозир Англия қўли остида бўлган ҳинд қабилалари жуда катта ҳудудни эгаллайди (1400000 инглиз км/мили), бу улкан ҳудудда 160 миллион киши ҳаёт кечиради, уларнинг олтидан бири исломга эътиқод қилади, қолганлари ҳиндларнинг ўзак динлари ва одатлари бўйича яшайдилар. Бу ерда яшаётган европали аҳоли маҳаллий халққа нисбатан сезиларсиз даражададир. Улар ҳаммаси бўлиб 30 мингдан иборат европалик лашкарлар ва бир неча ўн мингларча инглиз амалдорлари, савдогарлари ва саноатчиларидир.
Аҳолининг яриморолда яшаётган нуфузи жуда зич ҳолда турмуш кечиради. Аввалги вақтларда бундай зичлик у қадар катта эмас эдики, Ҳиндистон азалдан тарихан аҳоли яшаб келган ўлкалардан биридир. Унинг табиий бойликлари доимий суратда Ҳиндистонни ўраб турган тоғларнинг шимолидан келганлар томонидан таланган, табиат саховати билан бу ерда яратилган неъматлар бўлинган. Ҳиндистонда дастлаб яшаган аҳоли ҳақидаги маълумот сақланмагани учун бу қабилалар ҳозирги яриморолга қаердан келиб қолганини айтиш қийин. Қадимги Ҳиндистон ўз тарихчисига эга эмас эдики, биз у ҳақдаги илк маълумотларни Геродотдан оламиз. Лекин Ҳиндистоннинг бошқа халқларга нисбатан қадимгироқ бўлган адабий ва ҳуқуқий ёдгорликлари унинг бой ва тараққий этган тамаддуни бўлганини исботлайди. Лекин таассуфки, бундай тараққиётдаги тамаддун бизнинг эрамиздан беш аср олдин, Дорою Гиштасплар ва Искандар Мақдунлилар даврида ривожланишдан тўхтаган эди. Буюк тараққиётдан кейинги бундай турғунликнинг сабаби ҳинд тамаддунига асосланади. Бу тамаддун тамойилларини ҳаракатга келтирган руҳ шунда эдики, улар ўзларининг илк бошланғичи билан курашишлари ва бу йўлда тўхтамасликлари лозим эди. Улар тездан жорий этилиши билан Шарққа хос фанатик қизиқувчанлик ривожланиб, ўзининг сўнгги натижаларини берди – қизиқувчанлик руҳида бошланган бундай ҳаракатларнинг ҳаммаси фақирликда акс этган эди. Турли томонлардан тоғ ва денгизлар орасида ташқи дунёдан ажралган ҳинд ўзича алоҳида ҳаётда яшар, бошқа халқларникига ўхшамаган ўз дунёқарашини ишлаб чиққан эди…
Ҳиндистоннинг шундай сокин ва турғун ҳаёти минг йилдан кўпроқ давом этди. Аҳоли ерга тинчгина ишлов берди, ер эгалари ҳукумат олдида ўз вазифаларини сокин бажарди, ҳукумат ўз солиқларини тинчгина қабул қилиб олди ва онда-сонда бўлиб турган ўзгаришлар туфайли ҳам ҳеч ким тинч ҳинд ҳаёти ҳақида қайғурмади. Турғунлик бу сокин мамлакатга ташқаридан кучлар кириб келгунга қадар бу турғунлик давом этди. Тўқнашув VIII асрда мусулмонлар Ҳиндистонга кириб келиб, ўзларининг диний эътиқодларини сингдиришларидан бошланди. Лекин бу масалада ҳам уларга диний фанатизм халақит берди: ўз эътиқоди ҳимояси учун минглаб кишилар қўзғолдилар. Мусулмонлар Ҳиндистоннинг шимолий қисминигина эгаллаб, у ерда Афғон ҳокимиятини ўрнатдилар. Орадан уч юз йил ўтиб (1004), Ҳиндистоннинг шимолий қисмини Маҳмуд Ғазнавий эгаллади.
XIII асрдан бошланган мўғул истилоси секин-асталик билан ярим оролни қамраб олди. XIV асрнинг охирида (1399) (Ҳиндистон шимолидаги) афғон сулоласининг бошқаруви Амир Темурни қониқтирмади ва юз минг лашкари билан Деҳлига кириб келди. Шу вақтдан эътиборан Ҳиндистонда Темурийлар сулоласи ўрнатила бошлади. XV асрдан бу ҳукуматни афғон қўзғолонлари ва раҳбарларнинг ўзаро урушлари пароканда қила бошлади. Лекин Бобур давридан бошлаб, унинг Панипатдаги (Деҳлининг шимолида) ғалабасидан сўнг бутун Ҳиндистон ҳокимиятини қўлга олди ва бу салтанат мустаҳкам қарор топди.
Мусулмон темурийларнинг интилишлари шундайки, улар ҳиндларнинг миллий талабларига осонгина мослашди. Муҳаммад пайғамбардан ке­йинги араблардан фарқли равишда XIV асрдан диний ташвиқот усули ўзгартирилди. Ички бошқарувларга бефарқ бўлган аввалгилар фақат ўз ҳокимияти манфаатини ўйлаб, уларни кенгайтириш йўлини тутдилар… Лекин заминдорлар кўпроқ мустақилликка эришиб, юқори лавозимдаги амалдорларнинг тазйиқидан узоқлашдилар. Уларнинг ҳаракатлари олдиндан юқоридан белгилаб қўйилган қонунлар билан эмас, бевосита ўзларининг ишлаб чиқариши билан боғлиқ бўлди. Улар ҳукумат олдида фақат тўлаётган солиқлари учунгина жавобгар бўлиб қолдилар. Шундай қилиб, халқ заминдорга бевосита ўзининг эгаси сифатида қарашга одатланди, уларнинг мулклари ҳинд одатлари бўйича наслдан наслга ўтиб борди, улар белгиланган солиқни ҳукуматга тўлаш билан чекланиб, ниҳоят бобурийлар салтанати даврида ўз ерларида эгалик қила бошладилар. Шундай қилиб, ҳинд заминида азалий одатлардан ташқари, ерга эгалик ҳуқуқи шаклланди.
Бундай ўзгаришларга қарамасдан, халқ ўз таълимоти тамойилларига содиқ қолди, яъни уларнинг ҳаммаси ўзларининг аввалги сокин ҳаётини сақлаб қолдилар. Ҳатто ҳинд халқи мамлакатни ким бошқараётганига бефарқ бўлиб қолди. Агар ҳукумат яхши бўлса, бу Брахманинг донишмандлиги ва қудратининг ифодаси сифатида қабул қилинди. Аввалгидан бошқача янги ҳокимият пайдо бўлди, бироқ бу ҳам Браҳманинг иродаси бўлиб, у ўз қудратини намоён қилишнинг янги бошқарувчисини топгани эди. Бу ҳолатларда ҳиндлар шахсият масаласида изчил бўлиб, шахс уларни унвондан айрилтирди. Бу ҳолат, айниқса, машҳур саркарда Бобур даврида ҳам кузатилган эдики, у ўз асарида қуйидагиларни ёзади: “Ҳар қайси ерда тобиъ ва мутиъ навкар ва чокар ва жамъи муайян ва муқаррардур. Подшоҳнинг насб ва азли хотири (271 б) тиласа, ҳар кимниким бировнинг ериға ўлтурғузди, ул ерга тобиъ ва мутиъ навкар ва чокар тамом бу кишининг бўлур, балки подшоҳининг тахтида ҳам бу хосияттур. Ҳар ким подшоҳини ўлтуруб, тахтға чиққунча фурсат топса, ул подшоҳ бўлур. Умаро ва вузаро ва сипоҳий ва раият барча анга итоат ва инқиёд қилурлар. Бурунғи подшоҳидек подшоҳ ва фармонраво билурлар”. Бундай қарашлари орқали Бобур нега энди халқ мутлақо ҳукуматнинг бошқарувига бепарво эканини изоҳламоқчи бўлган, ўзи билан ҳукумат олдидаги ишларга аралашишдан тийилган. Халқнинг қуйи синфлари олдидаги вазифа фақат уни бошқараётган унвонли кишини билиш, у билан яқин муносабатга киришиш, айни шу ҳолдагина уларнинг тирик жон эканликлари намоён бўлади…
Секин-асталик билан Ҳиндистон заминида ҳинд эътиқоди билан бирга муҳаммадийлик шакллана бошлади: мулкдор ва заминдорлар исломни қабул қилдилар ёки мусулмон бошлиқлари билан алмашдилар. Бутун Ҳиндистонни узоқ йиллар бошқарган Деҳли императоридан ташқари, амалдор мусулмонлар ҳам ажойиб кишилар бўлган: Декан (шаҳри) нозими, Уд (ҳудуди) қироли, Мисор (вилояти) султони ва Бенгал набоби (бошқарувчиси) шулар жумласидан. Қуръон талаблари бўйича давлат бошқаруви ҳиндларнинг аввалги раҳбарлик тизимидан кескин фарқланмади. Браҳманинг сабр-қаноат ҳақидаги донишмандона ҳикматлари ҳаётда ўз тасдиғини топди, ҳар ҳолда ҳиндни келишувчилик билан яшаш шароитига кўниктирди. Ҳинд тасаввурида Браҳма иродасига кўра, аслида Қуръонда белгиланган тарзда ҳукмдорнинг солиқ олиши ҳиндистонлик учун қонуний ҳолдай кўринди: у ўзини доимо ердан вақтинча фойдаланувчи деб ҳис қилди, унга эгалик эса юқори унвонли кишиларга тегишли эди. Шунинг учун ҳам мусулмонлар солиғи – ҳирож аввалги солиқларга қўшимча бўлса ҳам, лекин у доимо заминдор томонидан тартибли равишда йиғилди ва ерга тўлиқ эгалик ҳуқуқини сақлаган кишиларга етказилиб турилди.
XVI–XVII асрлар бобурийлар салтанати Ҳиндистон учун ўзининг донишмандона давлат бошқаруви тизимини мерос қилиб қолдирди. XVI асрнинг 2-ярмида ҳукмронлик қилган Акбаршоҳ, 1707 йилда вафот қилган Аврангзеб шундай донишманд ва ажойиб ҳукмдорлар сифатида хотирланади. Ҳақиқатан ҳам Акбаршоҳ амалдорлар бошқаруви учун жуда кўп ижобий ислоҳотларни қонунлаштирди, солиқ йиғишнинг энг яхши тизимини жорий қилди, давлат киримларини кўпайтирди, йўллар қурдирди, почта ҳаракатини тўғри йўлга солди, қўшинда яхши интизом ўрнатди, гўзал иншоотлар қурдирди, ҳозир сақланган харобалар ҳам саёҳатчиларга уларнинг асл маҳобатини кўрсатиб турибди. Аврангзеб, айниқса, ўзининг муҳташам ва қулай меъморий иншоотлари билан шуҳрат қозонди. У ҳокимиятга келгунга қадар қўлига қурол олиб, Декан шаҳрида ўз ҳокимиятини ўрнатиш учун курашиши керак эди. Бу жанглар ҳам мўғулларнинг аввалги вайронагарчилик урушларидан фарқ қилган. Бундан кейин Аврангзеб ўз зиммасига жуда кўп ижтимоий вазифалар олди, бу орқали ўзи эришган заминни қўлда сақлаб туриш иқтидорини кўрсатди, уруш оқибати туфайли ишсиз қолганларга иш берди. Шунинг баробарида кўплаб буюк иншоотлар: масжидлар, сарой ва хонақоҳлар қурдирди. Бу бунёдкорлик бир француз ёзувчисининг таъбирича, халқ учун маҳобат манбаи нима эканини кўрсатди.
Шунингдек, бу қудрат ва маҳобат ҳақиқатан ҳам буюк бобурийлар салтанатига бетимсол улуғворлик келтирди. Лекин ҳинд жамияти шундай қурилган эдики, ҳукумат бошлиғининг шуҳрати ва унинг ҳудудининг кенглиги муҳим эмас эди. Буюк бобурийнинг бойлиги ва ажойиблиги уни солиқдан бутунлай озод қилмади. Аксинча, секин-аста солиқлар ортиб борди. Акбардан аввал ўтган Шершоҳ Сурий, масалан, ҳосилнинг тўртдан бирини талаб қилди. Акбаршоҳ ҳамма кичик солиқларни бекор қилиб, ягона солиқ тизимини барпо қилди. Ишлаб чиқарувчилар билан солиқ йиғувчилар орасида ўртачи амалдорлар пайдо бўлмаслиги учун масъул бўлган амалдорлар тизимини шакллантирди. Мусулмон амалдори билан ишлаш ёки ўз жамоатидаги амалдор билан яшашдан осонроқ бўлганми билмадик, бироқ бундан қонуний солиқ ва унинг ҳукуматга тез етиб бориши ютди. Акбаршоҳ даврида мусулмон амалдорларининг сони ортди, сипоҳсолор ёки субадор (волий – тарж.) каби янги муовинлар белгиланиб, уларга лозим бўлганда уруш очиш ва ўлим жазосига ҳукм қилиш ҳуқуқи берилди. Акбаршоҳ улкан мамлакатни 12 ҳудудга бўлгани каби бундай субадорлар сони ҳам 12 га етказилди. Шу билан бирга субодар ёнида қўшимча вазифалар жорий қилиндики, бу вазифаларга кўпроқ киборлар тайинланди. Акбаршоҳ тамойилига кўра, киборлар жамиятини сақлаш ва уларнинг мамлакатдаги обрўсини ошириш лозим бўлди. Қуръонга кўра, ҳиндлар кофир бўлса-да, уларга нисбатан раҳмли бўлиш талаб этилганди. “Оламнинг яратувчиси, – деб ёзади Акбаршоҳ ўз китобларида, – подшоҳларга шуни ишониб топширдики, улар ўз халқини саодатли қилишлари ва айниқса, таниқли оилаларнинг номуси ва шуҳрати ҳақида қайғуришлари лозим”. Бундай дунёқараш, кўринадики, ҳиндлар учун эътиқод муҳим саналгани каби улар руҳига мос келар эди. Кузатилишича, ҳар ҳолда халқ энг яхши мусулмон ҳукмдорига қарши чиқмаган, қайсики, аввалги ҳукмдорлар пайтида содир бўлган телбаларча исёнлар бўлмаган.
Халқнинг ақлий ривожи Акбаршоҳ олдида юқори бўлмаганини шу нарса тасдиқлайдики, Акбаршоҳ томонидан янгитдан олиб кирилган ғоялар ҳам етарли тушуниб етилмаган. Акбаршоҳ (1605) ҳақиқатан даҳо (гениал) кишилардан эди. Унинг ҳолати ўзининг эркин ниятларини тўлиқ амалга оширишга имкон бермаса-да, у ўз ақлий қудратига яраша ишлар қилиб улгурди. Муҳаммад ва Пайғамбар ворисларининг қонунлари асосида тарбияланган Акбаршоҳ исломда ҳаётнинг бутун қулайликларини кўрди, ўз фалсафий мулоҳазаларини кенгайтириш орқали дору-р-роҳат уйлари – ибодатхоналар қурмоқчи бўлди. Халқнинг диний эътиқоди юқори эканини англаб, Акбаршоҳ уни қондириш мақсадида роҳиб Францис Ксавье насронийликни тарғиб қилса ҳам уни қўл остида узоқ сақлади, унинг сўзларига қулоқ тутди, гарчи бу сўзлар унга ёқмаса ҳам ўз мамлакатида унинг томонидан насронийликни тарғиб этилишига қарши турмади. Турли динлар тарихини яхши билган ва ўз эътиқодида собит Акбаршоҳ деистик характердаги ўз диний тизимини яратди. У ўзини Худонинг ердаги элчиси деб атамади ва ўз қарашларини ақлга мувофиқ келадиган тарзда расмийлаштирди. Унинг таълимотига кўра, дунёни улуғ Аллоҳ бошқаради, унга ҳар ким ўз фикри ва ҳаракат йўли билан интилади. Бу Илоҳ ташқи жиҳатдан алоҳида диний кўрсатма талаб қилмайди: Унга эътиқод доимий равишда кундалик ҳаётда бўлиши ва ўзининг шахсий манфаату қизиқишларини инсониятга бағишлаши лозим. У ўз таълимотини Ҳиндистон бўйлаб ёймоқчи бўлди. Бироқ на мусулмон, на браҳман уни тушунмади. Ҳиндларнинг диний эътиқодлари аллақачон шунга келиб қолган эдики, унга қандайдир ақлий турғунлик керак эди. Фикрлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлган, ўз эркин ақлий тараққиёти давомида турли тўсиқларга учраган ҳиндлар гўёки зоҳиран бирор диний шакл билан чекланиб қолишлари мумкин эмас эди. Ов қилишни хоҳламай, халқнинг маънавий тараққиётини ўйламай фақатгина одатдаги урфларнинг бажарилишини кузатиб юришга ўрганган, тантанавор маросимларга ўч ва қурбонликлар қилишга саховатли браҳманлар халқнинг маънавий тараққиётини ўйламас эдилар.
Бундай мамлакат ва халқ орасида Акбаршоҳга ҳар қандай зўрликлардан холи бўлган динни белгилаш лозим кўринди, чунки подшоҳ зулмни истамас эди. У қандайдир истисно қилиб, ўз эътиқодига сипоҳийларча денгиз ва оловни киритди, бу билан унинг дини кўринарлироқ бўлди. Бироқ бу эътиқод Акбаршоҳнинг ўлими туфайли кенг ёйилмасдан тўхтаб қолди.
Худди Акбаршоҳ каби бир қанча подшоҳлар Ҳиндистонга жалб қилинди. Лекин бобурийларнинг ҳолати бундай Ҳиндистон каби мамлакатда ва унинг аҳолиси ҳинд халқига нисбатан ҳасад қилишида эди. Акбарнинг давомчилари халқнинг фаровонлиги ҳақида кам бош қотирдилар. Уларнинг инжиқликлари ҳатто сулҳпарвар ҳиндларни ҳам қарши ҳаракатга чорлади…
Буларга қарши ўзини сақлаб қолиш сақфи табиати бўйича ҳам ниҳоят қуролланишга олиб келди. Ҳиндларнинг қанчалик шахссизлантиришларига қарамай, уларнинг ҳаётга бўлган муҳаббати зулмларга қарши чиқишга олиб келди. Ғайри юртлардан келганларнинг босқини мамлакатни камбағаллаштирди, вазиятдан чиқиш учун қилинган ҳаракатлар ўз ҳукуматининг сусайишига ҳам сабаб бўлди. 1739 йили форс шоҳи Нодир бобурийлар салтанатини бутунлай талаб, Аврангзеб ўғли Муҳаммад XIV га мерос қилиб қолдирган тахтни ўғирлади. Унинг Деҳлини талаб, олиб кетган хазиналари орасида шундай улкан ўлжалар бор эдики, уни фақат тарихгина эсга олади. Бошқа турли ашёю анжомлар орасида Деҳлидан олиб кетилган ва ҳозирга қадар Теҳрон саройларини безаб турган тахт товуснинг қаноти тарзида бутун биллур ва қимматбаҳо тошлардан ишланган эди. Ўлжани эгаллагач, Нодиршоҳ ўша ондаёқ Ҳиндистондан жўнаб қолди, лекин унинг босқини бобурийлар салтанатини ларзага солди, халқнинг сабр косасига қуйилган сўнгги томчи бўлди. Бу воқеалар, яъни ҳокимиятнинг сустлашувидан, биринчи навбатда, Марказий Ҳиндистонда Аврангзебобод билан Берар ўртасида яшовчи маратхалар фойдаланиб қолмоқчи бўлдилар. Бу қавм доим ўзининг жоҳил ва ғазабноклиги билан ажралиб турар, Деҳли султонлари уларни батамом йўқотиб улгурмаган эди. Улардан бири, ўзининг кенг фикри ва амалдаги чаққонлиги билан ажралиб турувчи Сивожий маратхалар ҳокимиятининг асосчиси эди. Унинг даврида кучли Маратха давлати Ҳиндистондан ажралиб чиқиб, мустақил давлатга айланган ва шу билан буюк бобурийлар салтанати нураб борган эди. Ўша вақтда ўзини Низомулмулук атаган Шайд Қулихон Ҳайдаробод давлатини тузди. Бирмунча кечроқ Ҳайдар Али Мисор салтанатини вужудга келтирдики, бу давлат унинг ўғли Тиббу Соиб давридан асримиз бошигача гуллаб-яшнади. Бу барча ҳайратланарли воқеалар кучли урушлар туфайли юзага келиб, ҳукуматлараро урушлар ярим оролни хароб қилган эди. Бундай бошбошдоқлик даврида ҳинд халқи изтироб чекди, бир ҳокимиятдан иккинчисига ўтиб таланди, ўзига енгиллик тилади…
Инглиз-ҳинд компанияси қиролича Елизавета томонидан 1600 йили таъсис этилган эди. Инглизларнинг биринчи савдо ўчоғи – Ҳиндистоннинг ғарбий соҳилидаги Сурат шаҳри 1611 йилда барпо қилинди. Сўнгра фактория (компаниянинг бир қисми – тарж.) 1654 йили Мадрас шаҳрида ва 1664 йили Бомбайда ташкил қилинди. Бу даврлар орасида инглиз савдо компанияси алоҳида кенгайиб борди, Сурат шаҳридаги фактория Агра султони Шоҳ Жаҳонга ўз элчилигини юборди. Бу элчилик ичида шифокор Боуфтон ҳам мавжуд бўлиб, у султон қизини ўлимдан сақлаб қолгани учун алоҳида эъзоз топди. Бунинг учун Шоҳжаҳон эркин савдо қилиш ҳуқуқини берди. Бу ҳуқуқни Боуфтон ўзигагина эмас, компанияга тегишли билиб, фурсатни бой бермай, Бенгалиянинг Ганг соҳилидаги Гугли шаҳарчасида савдо конторасини очди. Кейинроқ бу ерда Калькутта шаҳри ҳам қад ростлади.
Шундай қилиб, Ҳиндистоннинг икки қарама-қарши қутбида жойлашиб олган компания мамлакат ичкарисида ўз ҳаракат доирасини кенгайтира борди. Компаниянинг маблағи у қадар кўп эмас эди, шунинг учун у бутун Ҳиндистонни эгаллашни орзу қилмаганди. Ташкилотнинг бутун сармояси ҳар бири 50 фунтли акцияларга эга бўлиб, унинг қиймати 40 минг фунт стерлингдангина иборат эди. Бу маблағ билан компания ўша пайтда Деҳли султони бўлган Аврангзеб замонидаги мавжуд голланд ва француз компаниялари билан рақобат қила олар эди холос. Бахтга қарши, компаниянинг айрим аъзоларининг ҳаракати туфайли султон билан қарама-қаршилик келиб чиқди. 1690 йили Аврангзеб қўшинлари компаниянинг барча факторияларини эгаллаб, уни тарқатиб юборди. Подшоҳ компания чиновникларини занжирга солиб, Бомбай кўчалари бўйлаб бадарға қилдирди. Вазият кескинлашгани туфайли Сурат шаҳридаги элчилик Аврангзеб олдига ўз вакилларини юбориб, узрхоҳлик қилдилар. Аврангзеб элчиларни занжирбанд қилдирган ҳолда қабул қилиб, уларни тавбасига таянтириб, таъзим қилиб подшоҳдан кечирим сўрашликни буюрди. Ниҳояда эса компанияни кечириб, унинг аввалги имтиёзларини қайтарди, инглиз компаниясидан жабр кўрганларнинг йўқотган чиқимларини мукофот орқали қоплаб ҳам берди. Савдо компанияси ишлари янада жонланди.
Ўттиз йил ўтгач (1726), компания Деҳлига ўз янги элчиларини юборди, унинг таркибида санъаткорлар бўлгани учун бу миссия муваффақият қозониб, подшоҳ билан суҳбатлашиш шарафига эришди. Подшоҳни даволаган Компания шифокори доктор Гамильтон туфайли инглизлар уч нуқтада: Бомбай, Мадрас ва Калькуттада маҳкам ўрнашиб олдилар…
Шундай қилиб, инглиз компаниялари Ҳиндистонда ўз сўзини айта бошладилар. Асрлар давомида қулликка кўниккан халқ улар ерига ўрнашиб олган “маърифатли” компаниялардан норозиликларини секин-асталик билан ифодалай олдилар. Агар Ҳиндистонда китоб чоп этиш йўлга қўйилган бўлса ҳам, ҳинд браҳманларининг китобларини чоп этиб, халқни чалғитиб турганига қарамай, Англиянинг охир-оқибат мақсади маърифат ва цивилизация эмас, балки хусусий эгалик қилиш экани маълум бўлиб қолди. Аввал ҳинд амалдорлари инглиз компанияларидан норози бўлган бўлса, энди амалдорлардан кейин халқ бу норозиликка қўшила борди. Ва ниҳоят у компания ва ташкилотлардаги инглиз бошқарувининг башарасини кўриб, унга қарши исён кўтарди…
Асрлар давомида юқори доираларга қурбон бўлиб келган бахтсиз авлодлар энди бундай ваҳшатларга барҳам бермоқчи бўлди. Бу қўзғолондан уйғонган ҳинд халқига энди қийин бўлади. Бундан кейин исённи бостиргач, инглиз цивилизацияси Ҳиндистонда узоқ йиллар ҳукм суриб, унга раҳбарлик қилмоқчи бўлади. Англиянинг ўзида ҳам Ост-Индия компаниясига муносабат ўзгаради. Энди унинг вазифаси халқни маърифатли қилиш эмас, балки эксплуатация қилиш эканини ҳар ким тушуна боради. Буни сезган ва Ҳиндистонни бошқармоқчи бўлган инглиз давлат одамлари шуни тушунишлари керакки, Ҳиндистон Англия томонидан инглизлар учун эмас, Ҳиндистон учун ҳиндлар томонидан бошқарилиши лозимдир.
Энди сипоҳилар қўзғолони туфайли инглизлар орасида қандай шов-шувлар кўпайган бўлмасин, митинг ва парламентларда Ҳиндистонда ҳукуматни суистеъмол қилган инглиз бошқаруви ҳақида сўз боради. Лондон газеталарида Англия ҳукуматига эътирозли мақола ва хатлар босилиб турибди. Бу қадар кучли тўлқинлар давлат ва жамият камчиликларини очиқ айта бошлагани каби Англиянинг буюк кучидан дарак бермоқда. Ўзининг давлат бошқаруви давомида кўплаб камчиликларни яшириб келган жамият овози энди баралла эшитила бошланди. Эҳтимол, бу жамоатчилик қарашлари Ҳиндистонга халқнинг эҳтиёжларини ҳисобга олишда, сўнгсиз божлар ва солиқларнинг камайишига ёрдам бериши мумкиндир. Ва ўшанда, албатта, Ост-Индия компаниясининг кучли экани ўз тасдиғини топар ва ана ўшандагина тамаддун сари бошқаруви қўлдан-қўлга ўтиб боришини таъминлаши мумкин бўлади.

“Современник”, 1857. № 9

Рус тилидан
Ҳамидулла Болтабоев
таржимаси

2019/3

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi