Ҳовард Филлипс ЛАВКРАФТ (1890–1937) Огюст ДЕРЛЕТТ (1909–1971) ОСТОНАДА ПИНҲОНА

ogyust_derlett_xovard_fillips

Оқшом асабий сукут ичида ўтди, мен бир амаллаб хонамга чиқишга баҳона топганимдан енгил тортдим. Кутубхона жавонларида қалашиб ётган эски қўлёзмаларни варақлашга заррача хоҳишим йўқ эди, шу боис Архам-ситидан кеча сотиб олган маҳаллий газетага кўз югуртириш билан кифояландим. Лекин шу заҳотиёқ бу танловимдан қаттиқ афсус чекдим. Биринчи саҳифанинг нақ ярмини эгаллаган бош мақола Жейсон Осборн­нинг чинқириғи данвичлик бир кампирга туни бўйи тинчлик бермаётганига бағишланган эди.
Осборннинг жасади қиш тугаб, қор эригач, Биллингтонлар дарахтзоридаги ялангликдан топилган эди. Мурдани ёриб кўриш шуни кўрсатдики, Осборннинг ҳарорати ўлим олдидан кескин ўзгарган, бундан ташқари, танаси тилка-пора қилинган, аммо нимадан ўлганини кўрсатувчи бирорта ҳам сабаб аниқланмаган.
Муаллифнинг батафсил ёзишича, кампир уйғониб кетган-у, ғалати овоздан ажабланган, лекин у қаердан келяпти, буни ҳечам аниқлай олмаган, у қаердандир ташқаридан, гўё “чексиз осмоннинг зулмат қаъридан” эшитилаётган эди. Хулосада эса “ўша сирли воқеа-ҳодисалару улар сабаб тинчи бузилган онахон ҳикояси пинҳон қолишини кимдир жуда истаган кўринади”, деган тахмин билдирилган эди.
Тўғриси, бу хабар мени қизиқтириб қўйди. Биринчидан, бу мақола Биллингтонлар дарахтзоридан топилган жасадлар “катта баландликдан ташлаб юборилган”, деган аввалги хулосани қарийб айнан такрорларди. Иккинчидан, муаллиф овлоқ ва сокин Данвични қўрқувга солган ўша жумбоққа доир бутун тафсилотларни – Илия Биллингтон тунда осмондан қандайдир мавжудотни чорлаганидан тортиб, сўнгги қотилликларгача – яна бир бошдан санаб чиққан эди. Балки мени боши берк кўчалардан олиб чиқадиган калава учи қўлимга теккандир?!
Бирор кулфат юз беришини дарғазаб бўлиб кутиш ҳиссига тўла муҳит мени бор залвори билан эзарди, бадқовоқ деворлар гўё ҳар бир қадамимни кузатар, қолаверса, уйнинг ўзи ҳам сал ножўя қадам қўйсам, шу ондаёқ устимга қулаб, янчиб ташлайдигандек туюларди.
Ўқиганларимдан баттар асабийлашиб, тўшакда у ёқдан-бу ёққа ағанаб, анча ётдим, ботқоқликдан келаётган қуриллашлар ва пастдаги меҳмонхонада холаваччамнинг хир-хир йўталишидан безор бўлганча, мижжа қоқмай чиқдим. Бу тушиммиди ёки ўнгимми – билмайман, лекин кимнингдир оғир қадамлари бутун уйни титратгани, қоп-қора осмон қаърида момақалдироқдек акс-садо берганини аниқ-тиниқ эшитдим.
Бақалар менга уйқу бермай, тонг отгунча қуриллаб чиқди. Толиққанимдан бошим ғовлаб уйғондим, муздек сувли қўлювгичда узоқ пишқириб ювиндим. Кўнглимда эса жумбоқнинг тагига етиш учун Данвични бир айланишим керак, деган фикр мустаҳкамланиб борарди.
Меҳмонхонага тушганимда столда нонушта тайёр турарди. Холаваччам хўмрайганча саломлашди, аммо ярим кунга машинасини сўраганимда, чеҳраси ёришиб кетди. У дарҳол енгил тортиб, машинани кун бўйи олсанг ҳам майли, деди. Машина ёнигача кузатиб бориб, шаҳарда истаганча қолавер, деб такрорлади. Мабодо бутунлай кетяпман десам, боёқиш юраги қувончдан ёрилиб ўларди.
Гарчи оний кайфият сабаб бу қарорга келган бўлсам-да, лекин шунга қарамай, асосий ниятим миссис Бишоп билан учрашиш эди. Бу кампир ҳақида холаваччам илк суҳбатимизда ҳикоя қилиб берганди. Бу аёл Нарлототеп ёки Йогг-Сототга ўхшаш қадимги номларни билар эмиш. Амброздан эшитганларим бўйича унинг уйини осонгина топсам керак, деб ўйладим. Қолаверса, вақтим ҳам жуда бемалол эди. Агар кампир муғомбирликка ўтса, уни тилга киритиш имкониятим бор – мабодо пул ёрдам бермаса, мен ҳам қувликка ўтарман. Ана шу ишонч билан йўлга отландим.
Миссис Бишопнинг хароб кулбасини топиш чиндан-да қийин бўлмади. Четан девори қийшайган пастқам уйча шундоқ йўл ёқасида турарди. Дарвозадаги лавҳага қинғир-қийшиқ ҳарфлар билан “Бишоп” деб ёзилгани бутун шубҳамни тарқатиб юборди. Машинадан тушгач, сўқмоқ йўлдан дадил ўтдим-да, зинадан кўтарилиб, эшикни тақиллатдим.
– Киринг, – деган ҳирқироқ овоз эшитилди ичкаридан.
Мен остонадан ҳатладим-у, салкам юз йиллик тутун ҳиди ўтирган нимқоронғи хонага кирдим. Биттагина деразадан сизиб кираётган ёруғлик тўқима оромкурсида букчайиб ўтирганча, менга қаттиқ тикилиб турган кампирни ёритарди. Унинг тиззасида каттагина қора мушук муд­рар эди.
– Ўтир, нотаниш кимса.
Атрофга аланглаб, эскилигидан қорайиб кетган, эман ёғочидан ясалган ўриндиқни кўрдим ва бир чеккасига оҳиста чўкдим.
– Салом, миссис Бишоп…
– Нима учун келганингни биламан… – Унинг хира кўзлари юзимга қадалган эди. – Сенинг тақдиринг Биллингтонлар дарахтзоридан, лаънати ботқоқликдан ўтади…
– Номим Стивен Бейтс, – овозим бўғиқ чиққанидан ўзим ҳам ажабландим. – Сиздан бир нарсани сўраш учун келувдим…
Назаримда, у сўзларимни эшитмаётгандек эди.
– Сен минора ёнига бординг-а… Олачипор бақалар сен келганингдан дарак беряпти. Улар Ташқи Оламлардаги Мавжудотларни чақиряпти.
– Кечирасиз-у, гапингизни кўпам тушунмадим, миссис Бишоп.
– Келади, деб кутилган Одам ахийри келди. Унинг қайтганини уйининг эшиклари очилишидан билдим. Бақалар яна қуриллаяпти – ўша кимса ортидан Улар ҳам қайтишига ҳамма нарса шай. Мен ўлимдан қўрқмайман, аммо сўнгги кунларда ажал яқинлашаётганини ҳис қиляпман. Ўзини Стивен Бейтс деб атаган одам, кимсан ўзинг аслида? Нима ҳаққинг бор бу ерга келишга? Ёки улардан биримисан?
– Инсонлигим афт-ангоримдан кўриниб турибди-ку, – дея эътироз билдирдим мен.
– Йўқ, бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ, – Кампирнинг ҳирқироқ овози пасайди, ҳатто шивирлашга ўтди. – Улар ўзи хоҳлаган қиёфада келиши мумкин. Кўп одамлар уларга жон деб хизмат қилади. Сен Уларнинг хоҳишига кўра бу ерга келгансан.
– Йўқ-йўқ, янглишяпсиз, миссис Бишоп!
Шошқалоқлик билан берган бу жавобим ўзимнинг бошимга етди. Кампирни шубҳалар чулғаб олди. У ўзини оқлаётгандек оҳангда давом этди:
– Қасам ичиб айтаман, мен ҳеч қандай ёмон ниятга борганим йўқ, эшитганимни ҳам ҳеч кимга гуллаб қўймадим. Хатни ҳеч ким сўрамаса ҳам, Лим Уэйтли ёзди.
– Жейсон Осборннинг овозини эшитганингизни айтяпсизми?
– Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очганим йўқ!
– Қачон унинг овозини эшитдингиз?
– Боёқиш ғойиб бўлганига ўн кун бўлганидан то жасади топилгунгача ўтган икки ҳафта давомида. Ўзи шу хонада тургандек, сўзларини аниқ эшитдим. Шу пайтгача у билан ҳеч кўришмаган, фақат водийнинг нарёғида яшашини эшитгандим, холос.
– У нималар деди?
– Сирли афсунларни ўқиди, ғалати номларни тилга олди – мен уларни илгари ҳеч эшитмагандим. Бу одамзот тили эди, шунинг учун гапини тушундим. Лекин охирги кечаларда Уларнинг тилида сўзлашга ўтдики, буни энди одамзот тушунмайди.
– У сизга қаердан туриб сўзлади?
– Ташқи Оламлардан. Улар боёқишни ўзи билан олиб кетган ва ейишидан олдин ўша ерда бандиликда сақлаган.
– Уни ҳеч ким емаган, миссис Бишоп. Танаси дарахтзордан топилган.
– Биламан, – деди кампир ўзбилармонлик билан шумшайиб. – Уларга инсон танасининг ҳечам кераги йўқ. Улар очлигини бошқача йўл билан қондиради. Улар инсон руҳи – уни фикрлашга, ҳис қилишга ундовчи асос билан озиқланади.
– Ҳаётий кучми?
– Қандай хоҳласанг, шундай атайвер, нотаниш кимса. Ўша лаънати дарахтзорда Жейсонни топишганида, у ўлгандан ҳам бешбаттар эди. Улар боёқишнинг танасини нимталаган, қиймалаган, шу йўл билан ўз очлигини қондирган, яна қайга борса, жасадни ҳам ўзи билан узоқ вақт судраб юрган.
– Уларни кўрганмисиз?
– Ҳа, десам ҳам, йўқ десам ҳам бўлади, нотаниш кимса. Улар доим шу ерда, биз билан ёнма-ён-у, аммо ҳеч кўзга кўринмайди. Улар ҳар бир сўзимизни эшитиб туради, остонада биқиниб олганча, бизнинг оламга кириш учун чорловни кутади. Кекса эсквайр Уларни чорлади-ю, бироқ жўнаш олдидан қулфлаб кетди. Улар салкам икки аср ҳибсда азоб чекди, У, ниҳоят, Уларни озод қилгани қайтди. Улар яна эркин – гоҳ учаяпти, гоҳ ўрмалаяпти, балки Дарвоза ортида шай туришгандир – Уларга дарвозани очувчи кимсалар та­йин. Эсквайрнинг овози Уларни чорлаяпти, бироқ ҳатто Унинг ўзи ҳам, “Белги” билан ҳимояланмаса, жони хатарда қолиши мумкин. Улар ҳозирча Уни тилка-пора қила олмайди. Сабаби – У ҳозирча Уларни бошқаряпти.
– У деганингиз Илия Биллингтонми?
– Илия дейсанми? – Кампир қиқирлаб кулди. – У бошқа одамларда йўқ билимларга эга эди. У афсунлар билан Ўзга Оламдаги Махлуқни чақириб, ўзига хизмат қилишга мажбур этди. Илия кетишидан аввал Махлуқни қамаб қўйди-да, қачон қайтишини эълон қилди. Бироқ қайтиш вақтини Мисквамакусга ўхшаш яқин гумашталаридан бошқа ҳеч ким аниқ билмайди. Эсквайр ҳамма ерда кезиб юрарди-ю, бироқ уни ҳеч ким таниёлмасди, чунки у ўз қиёфасини бетўхтов ўзгартира оларди. О, Илия хоҳласа, Уэйтли ёки Дотен қиёфасига кирар, Жайлзлар ёки Коурилар дастурхони атрофида ўтирар, бироқ уни ҳеч ким танимас, чунки фақат ташқи қиёфасини кўрарди. Унинг куч-қудрати шу қадар бемисл ва чексиз эдики, фақат айримларгина бу юк залворини кўтара оларди – бари гумашталари бу кучни ўзига сингдиролмай ҳолдан тойиб, ўлиб кетарди. Ёлғиз Илиягина Ўзга Олам юкини кўтара оларди, мана, У Дарвозани очиш учун икки юз йилдан сўнг тағин қайтиб келди.
Яна оҳиста кулги эшитилди, кулги тинганида эса, хонада кечки жимжитлик баттар қуюқлашди.
– Биламан, нотаниш кимса, биламан. Менинг қариб-чуриган танам Уларга керак эмас, лекин Улар Дарвоза ортида биқиниб, нималар деяётганини аниқ эшитиб турибман. Маъносини англамасам ҳам, сўзларини эшитяпман. Она қорнидан тушганимдаёқ шунақа овозни эшитганман, ўшандан буён шундай хислатим бор…
Энди мен холаваччамдан олган маълумотларим мағзини чақа олар эдим. Амброз айтганидек, кампирда чиндан ҳам нафратомуз устунлик яққол акс этиб турарди. Қаршимда намоён бўлган беҳисоб мавҳум илмлар қошида нақадар ожизлигимни англаш мени азобларди. Кампирнинг сўзларидан жумбоқ калити топилишига ҳеч қандай умид йўқ эди.
– Улар Ер юзига қайтиб келиш ва яна ҳукмрон бўлиш учун фурсат кут­япти. Уларнинг макони осмонда ва ер қаъридадир…
– Уларни кўрганмисиз? –деб сўрашдан яна ўзимни тутолмадим.
– Уларнинг Ўзини эмас, ҳар хил қиёфаларини кўрганман. Улар тез орада қайтиб келиши ҳар бир данвичликка маълум. Улар бир гал Дарвозадан ўтиб, Жейсон Осборнни олиб кетишди. Кейин – Лью Вотерберини… Улар яна қайтиб келади, – деди у хўмрайганча.
– Юз йил аввал бобокалонингиз Жонатан Бишоп ҳам шу тарзда ғойиб бўлган.
Кампир хунук ишшайди, кўзлари ялтиллаб кетди.
– Шу саволни беришингни билардим. У катта бобом бўлган. Сир ичига озгина киролган, холос. Аммо бутун сирни билиб олдим, деб ўйлаб, илмидан фойдаланишга уринган. Махлуқни чақириб, Унга буйруқ берган, аммо Уни жиловлашга кучи етмаган. Махлуқ ундан устун келиб, охири боёқишни ҳалок қилди. Унга ҳеч ким ёрдам беролгани йўқ. Айтишларича, кучи етмаган одам Тош халқага амр этиши ва Ўзга Оламдан дўзахий Махлуқни чорламаслиги лозим. Жонатаннинг ўлимидан сўнг Коурилар ва Тиндаллар уруғи бизга қаттиқ адоват сақлади, чунки катта бобом билан бирга ўша уруғлардан бир неча киши дом-дараксиз кетганди…
Кампирнинг сўзлари машъум маънога лиммо-лим эди: унинг гувоҳлиги ашёвий далиллар – қария Бишопнинг ўлими олдидан Илия Биллингтонга йўллаган мактублари, сирли қотилликлар ҳақидаги эски газета мақолаларида ҳам ўз тасдиғини топарди. Юз йилча муқаддам Вилбури Коури билан Жедедия Тиндалнинг ғалати тарзда ғойиб бўлишидан бутун Архам ларзага тушганди.
Баъзи мақолаларда уларнинг жасади икки ҳафтадан сўнг дарахтзор этагидан топилгани батафсил баён этилар, аммо бу кулфатларга Жонатан Бишопнинг алоқаси борлиги ҳақида лом-мим дейилмас эди. Шунга қарамай, Илия махфий сақлаган Бишоп мактубларида бу алоқадорликни сир тутишга ҳатто уриниб ҳам кўрилмаганди. Энди эса кампир Коурилар ва Тиндаллар Бишоплар уруғига адоват билан қараганига уларнинг оила аъзолари дом-дараксиз йўқолгани сабаб бўлганини очиқ тан олиб турибди.
– Катта бобонгиз қандай одам эди, эслай оласизми?
– Йўқ, мен у ўлгандан анча кейин туғилганман. Қарияни кўрган-билганларнинг айтишича, туппа-тузук одам бўлган, аммо ўзига ортиқча ишонар ва таваккалига иш тутар экан, шу сабаб ҳам калтафаҳмлиги бошига бало бўлди. У тош ҳалқани қурди ва Нариги дунёдан Махлуқни чорлади, Махлуқ келиб, уни еб қўйди. Мабодо аждодлар сир-асрори фақат унгагина аён бўлганда, бутун уруғ-аймоғимиз ўлимга маҳкум эди. Хайриятки, ундан кучлироқ одам топилди-да, Маҳлуқни минора ёнидаги Ҳалқага қамади. – Кампир менга синовчан тикилди. – Сен Тизма тоғлар ортида Яшовчилар ҳақида эшитганмисан?
Мен Биллингтонлар кутубхонасидаги эски қўлёзмаларда тез-тез тилга олинувчи бирорта номни таваккалига айтиш учун оғиз жуфтлаган эдимки, кампир кескин қўл силтаб, мени тўхтатиб қолди. Унинг ҳирқироқ овозида қўрқув сезиларди.
– Уларнинг номини тилга ола кўрма, нотаниш кимса. Агар Улар эшитиб қолса, “эшик”дан ўтиб келиши ва бизни таъқиб қилиши мумкин. Ахир, сенда ҳам, менда ҳам Муҳофаза Белгиси йўқ.
Шунда холаваччам Данвичга борганида, икки бесўнақай кимса ундан аллақандай белги ҳақида сўраганини эсладим. Мабодо кампир шу белгини кўзда тутмаётганмикан? Буни очиқчасига сўраб қўя қолдим.
– Уларнинг бари ғирт аҳмоқ, – деди кампир жирканиб, – аслида, бу Белги қандай кўринишини ҳеч ким эслай олмайди. Кимдир шу Белги ҳақида эшитиб қолса бўлди, дарров уни қўлга киритиш-у, Белги ёрдамида куч-қудрат ва мол-давлатга эга бўлишни кўнгли тусаб қолади. Эҳ, аҳмоқлар-а! Белгини Ўзга Оламдан келтирган Мавжудотларда бунақа нафсоний қутқу йўқ. Уларнинг нияти фақат битта – Ер юзига қайтиб, бизни қулга айлантириш, орамизда яшаш, кейин ҳалок этиш ва танамизни ейиш. Ҳозирча Уларга Белгини танувчи ва Уларга ёрдамлашувчи одамлар керак. Сен – Улардан биттасисан. Мен буни биламан. Улар балки ҳали пайқамагандир, аммо буни мен Ўзга Оламлик Маҳлуқлар Жейсон Осборнни олиб кетган тунда англаганман. Синглиси Салли Сойер уни судраб кетишаётганда, пол тахталари қарсиллаб синганини эшитган… Лью Вотерберини олиб кетишганида ҳам айнан шундай бўлган. Фрей хоним уларнинг изини кўрган, кампирнинг айтишича, улар филнинг оёқ изларидан ҳам катта, ҳеч қайси ҳайвонникига ўхшамас эмиш. Уларнинг оёғи тўрттамас, ундан кўп. Фрей хоним яна қанот қоққанда чиқадиган овозни ҳам эшитган, лекин шу ҳақда сўз очганида ҳамма устидан кулган. Қишлоқ аҳли тонгда харобаларни кўргани борганда, у ерда ҳеч вақо йўқ эди – худди сеҳр-жоду қилингандек, излар бир кечада ғойиб бўлганди.
Рости, кампир юз берган воқеаларни бу қадар иштиёқ билан ҳикоя қилаётганидан гарангсиб қолдим. Гўё у менинг шу ердалигимни буткул унутиб юборган-у, кўнглида узоқ вақт ғужғон ўйнаган мудҳиш ўй-хаёллар ўз-ўзидан қайнаб чиқмоқда эди…
– Энг даҳшатлиси шундаки, – сўзида давом этди миссис Бишоп, – ўша Махлуқлар кўзга кўринмайди. Уларнинг яқинлашаётганини фақат ҳидидан сезиш мумкин – бу бадбўй, қўланса ҳидни бошқа ҳеч нарса билан адаштириб бўлмайди…
Мен энди унинг сўзларига қулоқ солмай қўйгандим. Шу кулбада эшитганларим ҳақиқат бўлса-я, деган фикрнинг ўзиданоқ вужудимни муздек тер босарди. Кампир аввалги эсквайрни ҳурмат билан эсга олар, ёшини ҳам ўзича икки юздан ошиқ, деб биларди.
Хулласи калом, Илия Биллингтон бундай эҳтиромга лойиқ эмасди, у ҳолда ўша зот ким ўзи? Ричард Биллингтонми? Ёхуд руҳоний Вард Филипс ўз мактубида “Ричард Боллинхэм отли кимса”, дея тилга олган ярим афсонавий сирли кимсами?
– Сиз айтган эсквайрнинг номи нима? – деб сўрашга журъат этдим.
Кампир сергак тортиб, жим қолди. Бутун суҳбат давомида у менга рўйхушлик бермади – бу очиқ кўриниб турарди.
– Унинг номини ҳеч ким билмайди, нотаниш кимса. Хоҳла, Илия де, хоҳла Ричард, хоҳла, бошқа ном билан ата, у Ер юзида озгина вақт яшайди, холос. Унинг доимий макони – Абадият, у қайта туғилиш учун ўша ёққа кетади. Мен шунча вақт унинг қайтишини кутдим, Белгилар ўша пайт яқинлигини кўрсатмоқда. Унинг номи йўқ, тайинли жойи ҳам йўқ. Унинг уйи – дунёмизнинг нарёғида, вақт ва фазодан ташқарида.
– У жуда кекса бўлса керак?
– Кекса дейсанми? – кампирнинг йиртқич қушлар чангалига ўхшаш қуришқоқ қўли оромкурси суянчиғидан сирғалиб тушди. – У энг қари одамдан ҳам кекса, дунёнинг ўзидан ҳам қари! Бир йил унинг учун бир сониядек, юз йил эса бир соатдек гап!
Кампирнинг жумбоқларини ечишга ақлим ожизлик қиларди. Илия Биллингтонга олиб борар йўл мен чамалагандан кўра ҳам узоқ – у вақт ва фазо қаърига чуқур сингиб кетган экан. Қадрдон соҳилларини ташлаб, аждодлари мамлакатига жўнаб кетишга уни нима мажбур қилди? Бу шошилинч қочишни қайси сабаб изоҳлаб бера олади? Квамиснинг сеҳр-жодусими ё маъмуриятнинг таъқибими – Биллингтон эркин одам бўлгани назарда тутилса, афсуски, бу тахминларга ишониш қийин.
Кампир жим қолди. Уйнинг қаеридадир соат бир маромда чиқилларди. Бишоп хонимнинг тиззасида ётган мушук қўзғолди, белини букди-да, сак­раб полга тушди. Кампир ингичка иягини олдинга чўзганча, ҳирқироқ овозда деди:
– Сенга йўлни ким кўрсатди, нотаниш кимса?
– Ўзим топиб келдим.
– Балки шериф юборгандир?
Мен, ҳукуматга ҳеч қандай алоқам йўқ, деб кампирни ишонтирдим.
– Сенда Муҳофаза Белгиси йўқми?
Яна бош чайқадим.
– Эҳтиёт бўл, нотаниш кимса, тилинг бошингга бало орттириб юрмасин. Одамлар Маҳлуқлар сирини билмоқчи бўлса, Улар буни ёқтиришмайди. Махлуқ тунда, худди посбондек, осмондан тушади-да, бепарво одамни олади-кетади. Ҳар бир сўзингни ўйлаб гапир… – Кампирнинг овози тиниб, қоронғилик бағрига сингиб кетди.
Суҳбат бошидаёқ пайдо бўлган ғалати туйғу менга тинчлик бермасди. Кампир менга нималар деган бўлса, ўзи ўша гапларга қаттиқ ишонарди, Худога эътиқод бу заифага ҳам ёт бўлмаса-да, айни пайтда бидъат-хурофотга ҳам ишониши ажабланарли эди. Унинг қалбида бу икки хил инонч-эътиқод шу қадар ҳайратомуз муроса қилиб яшардики, бирини иккинчисидан ажратиб бўлмасди. Унинг ҳикоясига ишонишдан бўлак иложим қолмади.
Кампир билан хайрлашар эканман, Дюарт ва мен чўкиб бораётган гирдобдан нажот топиш мумкин бўлган бирор қирғоқ йўқлигидан юрагим орқага тортиб кетди. Кампир менга жумбоқни ечишда ёрдам беришни хоҳламаётгани шундоқ ҳам оғир аҳволимизни баттар қийинлаштирар эди. Кампирнинг ўзидек букчайган кулбани тарк этарканман, ёвуз иблису махлуқлар чиндан ҳам борлиги, улар анови тоғларга уя қурганига ишонишга шай эдим.
Уйга қайтаётганимда хаёлимда мингта фикр ғужғон ўйнарди, бироқ уларнинг биронтаси ҳам менга таскин беролмас, барчаси ҳалокат кутиб турган боши берк кўчага етаклаб борарди.
Амброз меҳмонхонада экан. Мени кўрган заҳоти столдан чанг босган қоғозларни шоша-пиша йиғиштириб олди; аллақандай харитаю дастхати униқиб кетган папирусни илғаб қолдим, холос. Мен билан суҳбатлашгиси йўқлиги аниқ кўриниб турарди, шу сабаб кимнинг ёнидан келаётганим ҳақида оғиз очмай қўя қолдим. Оқшом бўйи холаваччам унинг ёнидалигим ўзига малол келаётганини яшириб ҳам ўтирмади, шунинг учун имконият бўлди дегунча, уни тарк этдим. Кечки таомдан сўнг бошим оғриётганини баҳона қилиб, хонамга кўтарилдим.
Ўй-фикрларим айқаш-уйқаш бўлиб ётар, кўнглим фалокатни олдиндан сезар, гумоним ишончга айланиб борарди. Каравотда бошимни чангаллаганча, нима бўлишини кутиб ўтиравердим.
Худди кечагидек оқшом чўкди: бақалар бири олиб-бири қўйиб ҳамон қуриллар, уйни минорадан ажратиб турган қоп-қора ўрмонни қулқиллашу қулдираш овозига кўмиб юборган эди. Бу ерда барча нарса ғалати кўринар, бақаларнинг кўкламги қуриллаши ҳам мудҳиш оҳанг касб этарди. Уларнинг бетўхтов шовқини энг қалин девордан ҳам бемалол сизиб ўтарди. Амброз ўзини ҳеч нарсани эшитмаётгандек тутар, мен эса тишимни тишимга қўярдим – тақдирга тан бермай илож қанча?
Жунбушга келаётган хаёлотимни тинчлантириш учун китоб ўқишга тутиндим. Бостондан келаётганимда қўлимга илинган бир китобни жомадонга ташлаган эдим – Кеннет Гремнинг “Мажнунтол оралаб эсган шамол”и экан, шуни ўқишга киришдим.
Холаваччам ёлвориб ёзган хатга кўра, бу ерга келганимдан буён илк бор қадимги Англия табиатию Грем қаҳрамонларининг сокин оламига шўнғидим. Мен китобдан анча вақт бош кўтармадим, дераза ортида бақаларнинг бетўхтов вақиллашини ҳам деярли унутдим. Китобни ёпганимда ярим тун эди. Чор атрофга кумушранг ёғду сепган кемтик Ой осмонга ўрлаб борар, чироқни ўчирсам-да, ғира-ширалик қуюқлашмас эди.
Каравотда ўтирганимча, Биллингтонлар уйидаги жумбоқ устида бош қотира кетдим. Бирор соатдан кейин йўлакнинг қарама-қарши томонида эшик очилгани эшитилди. Гилам устида бесас юриб келган Амброз меҳмонхонага олиб тушувчи зинага яқинлашди. Пиллапоялар ғичирлади. Нега шундай бўлди – билмадим-у, лекин дарров мақсадини пайқадим. У ботқоқлик ёқасидаги эски минорага бормоқчи. Амброзни чақирсам, тўхтатсаммикан? Нега мени чақирдинг, деса қандай баҳона кўрсатаман?
Амброз майсазордан шоша-пиша ўтиб, ялангликка яқинлашаётгани деразадан кўриниб турарди. У тетик, дадил қадам ташлар, уйқусида юрибди, дейиш ҳатто кулгили эди. Холаваччамнинг ортидан бормаганим маъқул – у дарров пайқаб қолади-да, бу ишимдан норози бўлади.
Очиқ дераза ёнида иккиланиб турар эканман, хаёлимга ажойиб фикр келди. Уйдан минорагача бўлган йўл Амбрознинг кабинетидаги деразадан кўриниб туради. Деразанинг қоқ ўртасига, худди минорага қаратилган фокусдек, доирасимон оддий шиша ўрнатилган. Ундан ой ёғдусига чўмган теварак-атрофни бинойидек кўрса бўларди. Мен шубҳа-гумонларни қувиб, қоронғи зинадан тушдим, меҳмонхонадан ўтиб, кабинетга кўтарилдим. Бу ерга биринчи марта кечқурун киришим эди, шу боис рангли витражда акс этган ёруғлик бу қадар мўллигидан ажабландим. Кабинет худди кундузидек ёп-ёруғ эди.
Стулни дераза ёнига сурдим-да, витражнинг қоқ ўртасидаги кўзчадан қарадим. Ташқи олам кўзимга хира бир саробдек, рўёнинг ҳавога сочилган синиқларидек кўринди. Рўёни кўраяпман, деган фикр мени сира тарк этмас, чунки ҳозирги манзара кундузи кўрганларимга ҳечам ўхшамасди. Ой нури буюмларнинг шакли ва ўлчамини ўзгартириб, чор атрофни мовий гулоб рангига бўяган эди. Теварак-атроф бирдан ғалати ва нотаниш бўлиб қолганди. Туман билан қопланган кенглик устида минора қаққайиб турар, бироқ у энди менга яқинроқда жойлашгандек кўринарди. Миноранинг эни ҳам, бўйи ҳам ўша-ўша эди-ю, фақат ўзи ялангликдан узоқ эмасдек туюларди. Мен катталаштириб кўрсатувчи ойна орқали кўраётгандек сезардим ўзимни.
Ўрмон устидаги кемтик Ойнинг сутдек ёғдусида узоқ-яқин яққол кўринар, ўзим эса минорадан кўз узолмай қолгандим. Бу орада Амброз юқори майдончага чиқиб улгурган ва осмоннинг ғарбий, қоронғи томонига қўлларини чўзиб турарди. Адирларнинг тунд ўркачлари устида жимирлаётган юлдуз туркумлари орасидан Алдебаран занжирини, Орионнинг бир қисми ва сал юқорида – Сириус, Капелла, Кастор, Поллукснинг ёруғ нуқталарини, берироқда эса ой яқинида сояланган Сатурн ҳалқасини кўрдим. Амбрознинг жуссаси оптика қонунлари ва инсон тажрибасига зид ўлароқ кўзимга яққол кўринарди. Бироқ мени шу жойга михлаб қўйган нарса бу манзара эмас эди. Мени қандайдир мудҳиш қиёфалар-у уларнинг муттасил ўзгариши сеҳрлаб қўйганди – мен фақат кўз узмай томоша қилар, ҳатто овоз чиқаришга мажолим йўқ эдим.
Амброз ёлғиз эмасди.
Махлуқнинг танасидан чиққан ўсимта – буни ўзга сўз билан ифодалай олмайман – бетўхтов иланг-биланг қилганча, холаваччамни ҳалқа-ҳалқа ўраб олганди. Илонсимон танадан, худди кўршапалакникидек, бироқ шилимшиқ қанотлар шовқин солиб ёзиларди. Минора томи устида ташқи қиёфасини сўз билан таърифлаб бўлмас ўзга мавжудотлар чарх урарди. Минора пойида, икки ёнда баҳайбат бақага ўхшаш икки махлуқ қотиб турар, улар бир шаклдан бошқасига кирарди.
Бу махлуқларнинг ғичирлаган ва чийиллаган товуши буғ турбинаси шовқинига тенг бақалар вақиллашига қўшилиб кетганди. Амбрознинг боши устида даҳани тишдор, панжаси чангалли илонсимон узун Махлуқлар сузиб юрарди. Бахмалдек товланувчи қора қанотлар ҳавони бесас тилкаларди. Уларнинг афт-ангорига боқишнинг ўзиёқ танамдан бор мадоримни сўриб олди – бу жинлар базми атиги кўзимга кўриняпти, деб ўйлаш юпанчлироқ эди. Аммо юз бераётган воқеалар хаёлотимни остин-устун қилиб юборган, уларни мутлақо жунбушга келган тасаввурим маҳсули, деб бўлмасди.
Ҳавода таранглик кучайиб борар: қоронғи осмон худди қайнаётгандек ва ҳализамон тошадигандек туюларди. Парда қанотли махлуқлар минора устида гоҳ яқинлашиб, гоҳ узоқлашиб айланарди. Минора пойидаги анови мавжудотлар бирдан кичрайди-ю, бадбашара қора гномларга айланди. Амброзни чирмаган Махлуқ танасидаги илонсимон ўсимта эса янада тезроқ иланг-биланглаб, эътиборимни ўзига тортди. Худди сеҳрлангандек ундан кўз узолмай турар эканман, бу мудҳиш манзара бир лаҳзада йўқолади-ю, кўз ўнгимда яна ой нурига чўмган осуда ўрмон пайдо бўлади, деб кутардим.
Илонсимон ўсимта бетўхтов иланг-биланг қиларди деганда, ўз кўзим билан кўрган ўша манзарани аниқ таърифлаб беролмаётганимни тан оламан. Холаваччам устида худди илондек тўлғонган мавжудот аста-секин бешакл алланимага айланди, унинг баданидаги тангачали шилимшиқ парда ой нурида товланиб турарди. Ўртасида бош туриши керак бўлган қора елкадан тирноқли ва сўрғичли пайпаслагичлар бирин-кетин чиқиб келаверди.
Унинг бутун тана бўйлаб қизғиш ва ботиқ кўзлар қараб турарди. Ана шу дўзахий бадбашаралик бирдан махлуқсимон алланимага айланди. Пайпаслагичлар тепага чўзилиб, сўнгра учлари бирлашди, ёғдуга чулғанган тани эса холаваччам узра муаллақ турарди. Зулмат ичидан баҳайбат кўз атрофга аланглади, унинг остида ўрадек оғиз очилди-да, ўрмон узра инсонга ёт бир қичқириқ янгради. Минора пойидаги, икки ёндаги махлуқ унга дарҳол жавоб берди, ботқоқликдаги бақалар ҳам бор овозда дод солди. Ўша қичқириққа Амброз ҳам қўшилди – бу овозни эшитиш ваҳимали эди. Бесас япроқлар устида азалий даҳшатни йўқлаб, ибтидоий ўкирик янгради. Унут бўлиб кетган тилда айтилаётган номлар қулоғимга етиб келди: “Йа! Нарлатотеп, Йа! Йогг-Сотот!”
Вужудимни қуршаб олган қўрқувга дош бериб бўлмасди, беихтиёр ўзимни орқага ташладим, стул билан бирга ағдарилиб тушдим-у, зўрға ўрнимдан турдим. Шовқин-сурон, бақалар вақ-вақаси тинган эди, табиийки, бундан таажжубга тушдим. Нима гаплигини билолмай, стулни турғазиб қўйдим-да, ногоҳоний жимлик сабабини билишга ошиқдим. Фикрларим бир-бирига айқаш-уйқаш бўлиб ётар, миям суллоҳ рўёдан қутулган эди. Оёқларим дир-дир титрар, улар остида стул чайқалар, лекин мен ҳамон минорадан кўз узолмасдим.
Осмоннинг кунботар тарафида, қайсидир юлдуз ёнида хира туман тасмасини кўрдим, у қоронғи ўрмонга чўзилди-да, тош ҳалқа ёнида бир лаҳза секинлашди, сўнг кўздан ғойиб бўлди. Бир дақиқа олдин қизиган жинлар базмидан энди ҳеч қандай асорат қолмаганди!
Минора аввалги жойида турар, лекин бу ерда на мавжудотлар, на Амброз кўринарди. Бақаларнинг вақиллаши энди пасайган, у тунд дарахтзор ичидан элас-элас эшитиларди. Пешонамни ойнага тираганча, бирпас қотиб турдим, атрофга лоқайд боқар экан, бирдан холаваччам балки уйга яқинлашиб қолгандир, деб ўйлаб қолдим.
Мени кабинетида кўрса, дуруст бўлмасди, албатта, ўзим эса анави воқеага берилиб кетиб, вақт қандай ўтганини бутунлай унутиб қўйибман. Ой нурига чўмган ўрмонга сўнгги бор назар ташладим-да, полга сакраб тушиб, кабинетдан чиқишга ошиқдим. Эшикни энди беркитган ҳам эдимки, пастдаги эшик ғичирлади ва зинада қадам товушлари эшитилди. Амброз ёлғиз эмасди: зина тахталарининг хилма-хил ғичирлаши, кимнингдир пишиллаб нафас олиши ва шивирлаши шуни тасдиқларди.
– Шунча пайт-а! – мутлақо ўзгарган бу овоз Амброзники эди.
– Ҳа, жаноб!
– Сенингча, жуда ўзгариб кетибманми?
– Йўқ, фақат юзингиз ва кийимингиз…
– Ўзинг хоҳлаган шаҳарларда бўлдингми?
– Мнар ва Каркосда бир неча аср яшадим. Ўзингиз қаерларда бўлдингиз?
– Ҳар хил жойда, ўтмишу келажакда ҳам. Йўлда кўп одамларни учратдим… – Амброз қўққис тўхтади ва бир оздан кейин деди:
– Секин гаплашганимиз маъқул. Бу уйда бизга хавф-хатар бор. Холаваччам шундай хавф-хатар туғдириши мумкин.
– Нима қилай, бориб ухлайми?
– Уйқу босяптими ўзи?
– Мутлақо йўқ, жаноб.
– Унда хонангга бориб, кутиб тур. Эрталаб барчаси тахт бўлганда, ўзим чақираман.
– Хўп бўлади, жаноб!
– Тўхта. Айт-чи, ғойиб бўлганимдан бери қанча вақт ўтди? Бир йилми? Икки йилми? Ўн йилми?
Зулмат ичра янграган оҳиста кулгидан этим жимирлаб кетди.
– Бир нафас олгунчалик вақт ўтди, холос. Сўнгги марта уйғон­ганингиздан бери ўн йилдан йигирматаси ўтди. Қадимгилар башорат қилган ўзгаришлар дунёни бирин-кетин ларзага солди. Уларни ҳадемай ўз кўзингиз билан кўрасиз.
– Ҳа, айтишгагина осон… Шу ерда сўнгги бор гаплашганимиздан бери қанча замонлар ўтиб кетибди. Энди бориб, дам ол! Дарвозани очиш ва бу дунёни Уларнинг қайтишига ҳозирлаш учун бизга куч-қувват керак бўлади ҳали.
Суҳбат шу ерда тугади, сўнгра Амбрознинг зинадан кўтарилаётган қадам товуши эшитилди. Пиллапояларнинг ғичирлашига жим қулоқ солганча, у яқинлашаётганидан қўрқувга тушдим. Деразадан жинлар базмини кўрганимдан бери ҳис-туйғуларимни бошқара олмай қолгандим. Амброз эшигим олдида бир зум тўхтаб, яна йўлида давом этди. Аввал эшик очилгани, сўнг каравот ғичирлагани эшитилди. Ортидан ҳаммаёққа сукунат чўкди.
Миямда фақат бир фикр – қочиш фикри чарх урарди. Аммо бу қарор сотқинликка тенг эдики, шу боис ҳечам бундай қилолмасдим. Ихтиёримда қолган вақт мобайнида қандай воқеалар юз беришидан қатъи назар, доктор Харпер билан яна бир бор учрашишим зарур, деган қатъий қарорга келдим. Жумбоқни ечишга фақат у ёрдам бериши мумкин, бунинг учун эса унга барча воқеалар ва китобдаги далиллар ҳақида батафсил ҳикоя қилиб беришим керак.
Ҳали тун бўлгани сабаб дарҳол ишга кириша олмасдим, шунинг учун доктор Харпер билиши зарур бўлган воқеаларни бир-бир хаёлдан ўтказганча, узоқ вақт ўринда ётдим. Юз берган барча воқеалар ва шу уйда англаган ҳақиқатларимни бирма-бир қоғозга туширишимга тўғри келади шекилли. Умримдан бир неча соат қолган бўлса ҳам, ана шу ёзувларим Данвичдаги мудҳиш воқеалар сабабини аниқлашга ёрдам бериши мумкин-ку, ахир!
Шу кеча тонг отгунча мижжа қоқмай чиқдим.
Эрталаб Амброз меҳмонхонага тушишини кутиб турдим ва шундан кейингина ётоқхонамни тарк этдим. Аммо беҳуда қўрққан эканман, Амброз нонушта тайёрлар эди. Ўзини бардам-тетик тутиши, юзида хотиржамлик акс этиши мени буткул тинчлантирди, лекин тунги аччиқ ўй-хаёлларимни тарқата олмади. Бу тонг холаваччам жуда сергап бўлиб қолганди – у ҳатто тунда бақаларнинг шовқини уйқунгни бузмадими, деб сўраб ҳам қўйди.
Мен Дюартни, ҳеч қачон бугунгидек мириқиб ухламагандим, деб ишонтирдим. Шунда ҳам, у шубҳа аралаш бош чайқади-да, ботқоқликда бақироқ бақалар кўпайиб кетганидан нолиб, уларни ҳеч бўлмаса камайтиришнинг бирор йўлини топмасак бўлмайди, деб қўшиб қўйди. Унинг бу жонҳалаклиги, рости, мени хавотирга солди. Шунда қўрғоннинг аввалги эгалари ботқоқликка ҳам, у ердаги бақаларга ҳам жуда ўрганиб қолганини эслатдим. Амброз бу гапимга мийиғида кулиб қўйди-да, ишини давом эттираверди. Бундай муносабат ҳам мени яна сергаклантирди, аммо сир бой бермасликка қарор қилдим.
Нонушта пайтида у менга кунни ўрмонда ўтказмоқчи – минорани тикламоқчи эканини айтди. Сўнгра мулойим жилмайиб, мен йўғимда ўзингни бирор машғулот билан овутарсан, деб қўйди.
Мен бу хабардан қувониб кетдим. Демак, кабинетдаги стол устида ётган бир уюм қоғозни бамайлихотир ўрганишимга шароит туғилади. Аммо ўзимни жиддий тутганча, балки сенга бирор ёрдамим тегар, деб сўраб ҳам қўйдим.
Амброз хайрихоҳлик билан жилмайди:
– Раҳмат сенга, Стивен. Дарвоқе, сенга ёрдамчи олганимни айтишни унутибман. Шаҳарга кетган пайтингда бир хизматкор ёлладим. Ҳа-я, унинг гапириши ва кийиниши сал ғалати кўринса, бунга ҳайрон бўлиб юрма, чунки у ҳинду.
Азбаройи ажабланганимдан уҳ деб юбордим.
– Нега бунга ҳайрон бўляпсан?
– Ҳайрон бўламан-да, – дедим юрак ютиб, – Шаҳарда бўлган пайтим бирорта ҳам ҳиндуни учратмадим. Назаримда…
– Бу ердаги тоғларда кимлар яшамайди, демак, ҳечам ҳайрон бўлмаслик керак, – дея дарров жавоб қилди Амброз. – Мен топган ҳинду қўшни ўрмонда беғам яшаб юрган экан.
У ўрнидан турди-да, идишларни йиғиштиришга тушди. Мен атай жойимдан қўзғолмадим, чунки янги изоҳларни кутардим. Амброз буни пайқади чоғи, менга ўгирилди-да, жиддий қиёфада деди:
– Бир тасодиф ҳақида гапирсам, янаям ҳайрон қоласан… Гап шундаки, бу ҳиндунинг номи – Квамис.

(Davomi bor)

Рус тилидан
Рустам Обид таржимаси

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi