ЗАМОНАВИЙ БЕЛАРУСЬ ШОИРЛАРИ ИЖОДИДАН

Poetry

Наум Гальперович

 (1948 йилда туғилган)

  * * *

Йиғла, эй скрипка, мен учун йиғла,

Бағрим ёнсин, дардчил нола, тилакдан.

То ўзни қадрдон ўлкамда кўрай,

Баҳор гуллари-ла қалбимни ўрай,

Йиғлагил, ҳис этай сени юракдан.

 

Камончанг қор босган хотирам титсин,

Борлиғим уйғотсин куйларинг бутун.

Ёдимда қадрдон ошён жонлансин,

Ўрмонлар сеҳрига бу бағр қонсин,

Кузги хазонларни эслайин маҳзун.

 

Майлига, созанданг андуҳим билсин,

Дардман кўнгил йўқдир бунда манимдек.

Онам елкасига бош қўйиб беҳол,

Бир вақтлар мен тўйиб йиғлаганимдек,

Сен ҳам ҳасратингни тўкиб йиғлаб ол…

 

 

* * *

Балки, ҳамма нарса бир кун йўқ бўлар,

Лекин Ватан, қўшиқ абадий қолар.

Ажралмасдир улар, йўқолмас асло,

Токи баҳор дилга ошиқлик солар.

 

Фақат у қайтадан туғилаверар,

Ҳар бир кунда қисмат, унга яшамоқ.

Қадрдон тилдаги ой каби сўзлар,

Майса узра нурдан тўшалган сўқмоқ.

 

Гар ҳаёт айбласа кўп бор, не бўпти,

Ватан деб дард чекмак – дилга олий шаън.

То Ватан бор экан, қўшиқ бор мангу,

То қўшиқ бор экан, барҳаёт Ватан!

 

* * *

 Зулматни ёритган нур сўнмас асло,

Хазонрезги қуршар, бир кун сўламан.

Заъфарон баргларим сочиб бирма-бир,

Қадимги боғ каби ғойиб бўламан.

 

Суҳбатларда бот-бот эслашар мени,

“Бор эди” – янграйди шафқатсиз сўзлар.

Мени севганларнинг энди барчаси,

Унутиб ўзига янги дўст излар.

 

Гарчи мўъжизага ишонмасам ҳам,

Дилим озурдадур, умид дардида.

Унутилиб кетмам, доим яшайман,

Ўзим севганларнинг ёруғ қалбида.

 

* * *

 Шудгорлардан кўтарилар буғ,

Кўм-кўк рангда ярқирар осмон.

Сут ва ноннинг ҳиди анқийди,

Шаҳар томон кетган йўл – аён.

 

Йўқ, афзалмас бошқа йўллардан,

Беминнат ер, тупроқ, ўнг-сўлим.

Унга сингиб боряпман ҳар кун,

Туташмоқда ҳаёт-ла йўлим.

 

Тақдирим шу халқ билан бирга,

Фақат у-ла кетгум бирлашиб.

Кўҳна тилин алқаб яшайман,

Ер ва Осмон билан сўзлашиб.

 

 

Микола Метлицкий

 

(1954 йилда туғилган)

 

Ватан

 О, Ватан, дала-ю ўрмонларинг-ла,

Менинг кўз олдимда бўлдинг намоён.

Сенинг мафтунингман, масрур санайман,

Юксак қарағайлар сафи бепоён.

 

У қумли соҳилга туташ оролда,

Баҳор куйларига тўлмиш янги кун.

Фалакка дуола шукрона айтгум,

Борлиқнинг бу зангор чиройи учун.

 

Шу дарахт шохларин кўркин бир умр,

Эй Худо, муҳрлаб юрагимга сол.

Ватаним тимсолин дилимга жо қил,

Меҳрибон онамнинг сиймоси мисол.

 

Фақат кўз юмсам бас, бўлар намоён,

Қарағайлар чексиз лашкардай турар.

Олтин қумлар узра олтин қуёшда,

Уларнинг танаси зирхдай ялтирар.

 

Бу қўшин қудратли шохлари билан,

Ортимдан бош силкир, жонбахш нафаси.

Ўнгиму тушимда бағишлар ҳузур,

Мен учун уларнинг жарангдор саси.

 

Куз. Шамол беором, билмайди тиним,

Аёзли тунларда ёвуз увиллаб.

Тонггача бу чексиз ўрмонлар ичра,

Ёмғирлар зулматни чиқар савалаб.

 

О, фусункор ерим, о, қарағайлар,

Сизга талпинмайин, севмайин нечун?

Энг гўзал қўшиқдир мангу сасингиз,

Бундан қадрлироқ не бор мен учун?!

 

 

Ўзбекистонга

 Сенга салом йўллайман, эй, Ўзбекистон,

Бағрикенг, муҳаббат, меҳр диёри!

Ватаним фашистлар топтаган пайтда,

Замин жароҳатдан титраган пайтда,

Яқин жигарлардай бағрингга босдинг,

Сен менинг эзилган қондошларимни.

 

Шифобахш тўлқинлар хотирасидек,

Дўстликни куйлади меҳр қалами.

Алангали шеърлар, ғазабла қайнаб,

Ёвларга сочилди Колас[1] алами.

 

Бу шеърлар урушнинг ёвуз кўксини –

Жаҳолат лошини, ўқ каби тешган.

Қанча қурбонларнинг бунда қони бор,

Биз учун муқаддас бу ғалаба – шаън.

 

Гарчи йиллар ўтар замонлар оша,

Уруш жароҳати, оғриғи битмас.

Миллионлаб қалбларга инган дардларни,

Замин ёмғирлари ювиб кетолмас.

 

Ўйга чўмиб турар Колас сиймоси,

Юксак Чимён сари боққандай кўзи.

Тошкентлик ёшларнинг меҳрини туйиб,

Ёришиб кетгандай шоирнинг юзи.

 

Энди мижжасида ашклар изи йўқ,

Яна қайтиб келди бу азиз меҳмон.

Ёруғ меҳринг учун олис диёрдан,

Сенга салом дейман, жон Ўзбекистон!

 

* * *

 Шабнам каби юрак титрар беғубор,

Тақдир гоҳ ўкситар, сийлар гоҳида.

Менинг кўнглим ичра улғаймиш виқор –

Бир давлат тикланди замин роҳида.

 

Диёрим яшнатсин янги кун, замон,

Чексиз фахру ғурур чулғаб танимни:

Дегум, пешонамда бор экан бу он,

Масрур қаршиламоқ ёш Ватанимни.

 

Майли, яшаш нури тушиб қалбига,

Эрксизлик тутмасин бу юртни такрор.

Бўлажак давлатим деворларига

Бахт сатридан қўйгум ёрқин пойдевор.

 

* * *

 Агар қуш бўлолсанг – қарға бўлмагин,

Далада ўлимнинг кўзин чўқувчи.

Агар булут бўлсанг – бўлма ҳеч қора,

Тирик бошоқларни уриб, тўкувчи.

 

Дарахт бўлсанг – хоин тоғтерак бўлма,

Гуноҳи-чун титраб уқубат тотган.

Тош эрсанг – кимсасиз, кераксиз бўлма,

Кўҳна қабр узра моғорлаб ётган.

 

Агар олов бўлсанг – ғазабкор бўлма,

Ортингдан кул эмас, элга тафт етсин.

Агар қўшиқ бўлсанг – қуёш каби бўл,

Токи кўҳна дунё чарақлаб кетсин!

 

* * *

– Айтинг, эй қудратли, асов шамоллар,

Бундайин журъатни қайдин олдингиз?

Шиддатли бўронлар пайти енгилтак –

Дарахтларга тинмай қўрқув солдингиз?

– Биз кўм-кўк бепоён уммонлар узра,

Учиб бордик олис ерларгача то.

Биздаги мустаҳкам бу улкан кучни,

Шиддатли тўлқинлар этдилар ато.

 

– Айтгил эй бешафқат олов, сен недан,

Қувват олдинг, тошмиш бағрингда кучинг?

Бу оқсочли қадим, кўҳна заминга,

Бунча фалокатни қайдан келтирдинг?

 

– Билсанг мен қалдироқ чақмоғи бўлиб,

Замин узра қизил сочларим ёйдим.

Бу тенгсиз журъатни ҳамда қувватни,

Дарахт шохларидан олдим, кучайдим.

 

– Сен ҳам айт, қадрдон эй Она тилим,

Қай буюк куч сенинг тиклади қадринг?

Оғир у қисматлар ичра кўп бора,

Қабрлар тубидан қаддинг ростладинг?

 

– Йўқ, мен чақмоқлардан олмадим қудрат,

Уммонлармас, сўрма не деб имконинг.

Менга туганмас куч этгувчи ато,

Сенинг садоқатинг, меҳринг, виждонинг!

 

* * *

 Менга айтишганди: ўрмон ортида,

Билқ-билқ қайнаб турган булоқ бор зилол.

Унга лаб теккизиб, ичиб тўймайсан,

Кўкдан нур инади, тун бўйи ҳилол.

 

Менга айтишганди: яна қайдадир,

Дарё ортидами, шундай дала бор.

Сув танқис бўлса-да, жавдар, маржумак,

Ҳеч қачон қуримас, сирли қудрат ёр.

 

О, яна кимлардир шундай дейишган,

Қайдадир юлдуз бор, эс-ҳушинг олар.

Бир нигоҳ-ла дилни қайғуга ташлаб,

Ғалаён солару, кўздан йўқолар.

 

Мен буларга асло шубҳа қилмайман,

Бу сўзларга имон келтирар дилим.

Ахир, бу таърифлар барчаси ростдир,

Булар сен ҳақингда эй, Она тилим!

 

 * * *

 Абадият топган қанча ишқ васфи,

Номлар бор юксалган чўққилар қадар.

Ахир, шу севгида илоҳий талъат,

Ахир, шу севгида қанча ғам, кадар.

 

Қанча шоир бедор, тонг отгунча то,

Мангу ошиқларнинг қисматин битган.

Боқийлик йўлини гулларга буркаб,

Қанча ишқ карвони бу йўлдан ўтган!

 

Бадномликдан қанча дил топган қисмат,

Чидаб қор-бўронлар увиллашига.

 Отилган тошларга қилолган сабот,

Дош берган оломон гувиллашига.

 

Гоҳида тазарру сўзин шивирлаб,

Надомат кўйида сўйлашган бот-бот.

Гоҳида муҳаббат тотин туёлмай,

Ишқданмас, шаробдан топганлар нажот.

 

Ҳар қандай истакни бажо этганлар,

Қалбда жиловлолмай муҳаббат кучин.

Шафқатсиз урушлар, қанча қурбонлар –

Берилган биргина ёр қадри учун!

 

Қасрлар йўқ бўлди, ўчмади лекин,

Асрлар кўксида ёзилган зарҳал.

Мангу пок севгига чин тимсол бўлиб,

Ҳамон лол қолдирар бизни Тожмаҳал!

 

4/2019

[1] Белорусь адиби Якуб Колас назарда тутилмоқда.

Рус тилидан Минҳожиддин Мирзо таржимаси

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi