Ҳенри Райдер ХАГГАРД (1856–1925) ДОКТОР ТЕРН

xenri_rayden

(Қисса)

I БОБ

Дилижон жар ёқасида

1896 йилнинг кузида Англияда чечак балоси авж олди. Менинг қадрдон шаҳрим Денчестерда (бу ерда мен шаҳар парламенти аъзоси эдим) аҳоли сони уч-тўрт йил ичида ўша балои офатдан беш минг кишига камайганди, яна қанчадан-қанча одамлар ҳусну латофатларидан, гўзал чеҳраларидан жудо бўлгандилар.
Начора, тақдирга тан бермоқ керак! Ўлганлар ўрнини янги туғилганлар тўлдиради, чечак эса, юқумли эмас, у наслдан наслга ўтмайди; қолаверса, бу офат энди такрорланмайди, деб кўнгилни тўқ тутиш мумкин, зеро, ҳозир бутун мамлакатда вакцинация, яъни чечакка қарши умумий мажбурий эмлаш тартиби жорий қилинган. Энди ким ҳам ўшал машъум эпидемия пайтида ўлганларни шошма-шошарлик билан нариги дунёга жўнатган биз докторларнинг устимиздан шикоят қўзғарди? Ўша чечакдан нобуд бўлганларми? Кўзим етмайди бунга, сабабки, мен инсон жисми ва мускуллари ҳақида шундай мукаммал маълумотга эгаманки, руҳларнинг мавжудлигига ва уларнинг боқий эканлигига ишонишим қийин.
Ҳа, ўйласам ваҳмим келади! Битта Денчестернинг ўзида беш минг киши-я! Уларнинг кўпчилиги менинг таъсирли ваъзларим, фасоҳатли нутқларим касофатидан нобуд бўлдилар, чечакнинг олдини олиш учун қилинадиган эмлаш жараёнини рад этувчи далилларим у шўрликларнинг пашшадай қирилиб кетишига сабаб бўлди.
Тўғри, доктор ҳам барча одамлар сингари хато қилиши мумкин. Лекин борди-ю хато қилмаган бўлса-чи? Агар ўша ўлган одамларнинг ҳаммаси бирдан қайта тирилса-ю мазкур докторнинг қаршисига келиб: “Жемс Терн, бизларнинг қотилимиз сенсан, сен ўз манфаатингни кўзлаб, ўзинг ишонмаган нарсага бизларни ишонтирдинг”, десалар унда нима бўлади? Йў-ўқ, мен улардан – суяклари Денчестер қабристонида чириб ётган ўша навқирон йигитлар, ўн гулидан бир гули очилмаган навниҳол қизлар-у гўдак болалардан қўрқмайман. Бўлар иш бўлган; энди уни ўзгартиришга қурбим етмайди. Ўша ўлганлар ичида фақат иккита азиз инсон мени қаттиқ изтиробга солади. Булар – қизим Женни билан унинг қайлиғи Эрнст Мерчисон. Улар – Женни ҳам, унинг қайлиғи ҳам менинг иззатталаблигим қурбони бўлдилар…
Хотиним қазо қилганидан кейин, Женни мен учун дунёда яккаю ёлғиз энг азиз хилқат бўлиб қолган эди; бу суюкли жигаргўшамни қора ер ўз домига тортганидан буён мен чеккан даҳшатли азоблар дунёда ҳеч кимнинг бошига тушмасин.
Мен докторлар оиласиданман: бобом Томас Терн бутун Денчестер музофотида маълум ва машҳур доктор экан; бобом ўлганидан кейин унинг докторлик касби отамга мерос бўлиб ўтибди. Отам уйланганидан кейин шифохонасини сотиб, Денчестер шаҳрининг ўзига кўчиб келибди ва шу ерда катта довруқ қозонибди, лекин у эндигига катта мартаба бўсағасига етганида, чечак билан оғриган беморни даволаш чоғида бу дарди балони ўзига юқтириб қўйибди, бу дард уни ўпка силига мубтало қилиб, вужудида ўчмас из қолдирибди, натижада отам иқлими илиқроқ мамлакатга кўчиб кетишга мажбур бўлган.
Отам ўз шифохонасини ассистентига қолдирган ва оиласини олиб Мадерага жўнаб кетган (ҳозир мен ҳам, нега бундай қилганимни билмай, шу ерга келганман).
Афсуски, Мадера иқлими отамга тўғри келмаган ва у икки йилча муттасил бетоб ётиб, йиққан бутун сармоясини сарфлаб бўлиб, бева хотини ва гўдак ўғлининг кун кечиришига сариқ чақа ҳам қолдирмай, дунёдан кўз юмган…
Бахтимизга саховатли одамлар бор экан: шу кишилар кўмагида онам Англияга қайтди. Биз, она-бола, Брайтон яқинидаги кичкинагина бир балиқчилар қишлоғида истиқомат қила бошладик. Мен шу ерда ўсиб улғайдим, маҳаллий диний мактабда бошланғич маълумот олдим. Болалик чоғимданоқ отам ва бобом сингари доктор бўлишни орзу қилганман. Чунки катта довруқ қозонган докторларнинг кўп пул ишлаб топишларини эшитган эдим. Болалигимдан муҳтожликда кун кечирганим учун бўлса керак, доимо пул топиш иштиёқида яшадим. Ўша пайтлардаёқ мен мавжуд замон фақат бой-бадавлат одамлар замони эканини, ҳаттоки сиёсий арбоблар ҳам, агар пуллари бўлмаса, ҳеч қандай мартабага эриша олмасликларини билар эдим. Америкада ёки бирон бир олис мустамлака ўлкада фаросатли ва истеъдодли одам, гарчи таянадиган сармояси бўлмаса ҳам, ўз порлоқ истиқболи сари йўл оча олар эҳтимол, лекин Англияда бу ҳақда ҳатто ўйлаб ҳам бўлмасди. Пешонам шўр эмас экан – кутилмаганда менга бахт кулиб боқди. Марҳум отамнинг укаси – амаким қазо қиларкан, менга 750 фунт2 мерос қолдирибди. Бу пул менинг Лондонда кичкина бир хонани ижарага олишимга ҳамда тиббиёт курси талабаси бўлиб институтда ўқишимга имкон берди.
Йигирма тўрт ёшимда курсни қойилмақом қилиб олтин медал билан битирдим ва мени дарҳол Лондондаги энг йирик госпиталлардан бирига доктор этиб ишга олишди. Мажбурий хизмат муддатим тугаганидан ке­йин ҳам, бу госпиталда яна бир йил ишлаб қолдим. Бу орада онам вафот этди. Шунда мен барча қайғу-ҳасратларимни унутиш, заифлашган асаб­ларимни тиклаш ва узоқ муддатли оғир меҳнатдан сўнг бироз дам олиш мақсадида, Англия билан Вест-Индия ва Мексика ўртасида қатнаб турувчи улкан пароход кампанияси эгаларидан бири бўлган дўстимдан, унинг ихтиёридаги пароходлардан бирида текинга сайр қилишим учун рухсат сўрадим ва бунинг эвазига кема аҳлига тиббий хизмат кўрсатишим мумкинлигини айтдим. Таклифим бажонидил қабул қилинди; шу билан бирга, ўртада келишилган шарт бўйича, мен уч ойча Мексикада қолишим, сўнг яна шу пароходда Англияга қайтиб келишим мумкин эди.
Ёқимли ва ғоятда муваффақиятли бўлган бу саёҳатим ниҳоясида мен Вера–Круцга етиб бордим; уйлари баланд-баланд, хилват ва сокин, тор кўчалари ҳамиша соя-салқин бўлган бу шаҳар ўзига яраша чиройли эди. Мен махсус бир мақсадни кўзламаган ҳолда, бу ерда уч ҳафта қолишга қарор қилдим ва маҳаллий госпиталлар ҳамда касалхоналарда ишлаб, сариқ безгакни тадқиқ қилдим. Бу касални мен ўзимга юқтиришдан қўрқмаган бўлсам ҳам, орадан сал вақт ўтар-ўтмай у билан юзма-юз тўқнашишимга тўғри келди.
Уч ҳафтадан кейин мен Мексико шаҳрига бормоқчи бўлдим; у пайтларда бу шаҳарга фақат ё от миниб ё дилижонда бориларди, чунки темир йўл ҳали қурилмаган эди. Ўша вақтда ёввойи мамлакат ҳисобланган Мексикада тез-тез бўлиб турган урушлар, инқилоблар кўпчилик аҳолини уй-жойларидан маҳрум қилган, ишсизлик халқни қашшоқлаштирган эдики, бу мамлакатни босиб ўтаётган сайёҳлар бехавотир юришларига ишонмасдилар.
Вера-Круцдан Мексикога борадиган йўл мунтазам равишда юқо­рига ўрлаб борарди, шу сабабли, Мексико Вера-Круцдан 7000 фут6 баландроқда эди. Бу йўлга чиққан одам энг аввал “иссиқ минтақа”дан, сўнг “мўътадил минтақа”дан ўтади ва ниҳоят “совуқ минтақа”га етиб боради. Иссиқ минтақадан ўтаётганингизда, у ернинг аёллари ҳар қадамда сизга кокос ёнғоқлари ва чанқоғингизни қондиргани анорлар тавсия қилишади; мўътадил минтақада ҳам аёллар, иссиқ минтақада бўлганидек, ялиниб-ёлвориб, апельсин ва бананлар таклиф қилишади, совуқ минтақа аёллари эса худди пастдаги минтақа аёллари сингари чуғуллашиб, сизни сабур япроқларидан тайёрланган кўриниши ва таъми совун кўпигини эслатувчи “шолком” деб аталувчи аллақандай ёқимсиз лойқа суюқлик билан меҳмон қилмоқчи бўладилар. Эсимда, биз мўътадил минтақадан бораётганимизда, унинг бир ерида, атиги ўн бештагина хонадони ва ўн еттита черкови бўлган мўъжазгина шаҳарчадан ўтдик. Бу шаҳарчада черковларнинг ҳаддан зиёд кўплигига сабаб бор экан: шаҳарча яқинида забт этиб бўлмайдиган маҳобатли қоялар бўлиб, бир пайтлар бу қояларга қароқчи тўдалар уя қуриб олган экан; бу ерда қадим замонда аждодлар томонидан жорий қилинган бир таомилга амал қилинаркан; у таомилга кўра, қароқчи тўдаларнинг ҳар бир сардори босқинчилик қилаётган чоғида аёвсиз қатл этиб, руҳларини нариги дунёга жўнатган бегуноҳ одамларнинг арвоҳларини хотирлаб дуои фотиҳа қилиб туриш ва шу йўл билан қилган гуноҳларини ювиш учун, ўз исмига тақовул бўлган авлиё шарафига черков қурган экан. Бу худотарс одат энди йўқ, чунки Мексика ҳокимияти бундан бир неча йил бурун кучли қўшин юбориб, художўй қароқчилар истеҳкомини забт этиб, ўз қароргоҳларини мардона ҳимоя қилган бир неча юз кишидан иборат бўлган қароқчиларнинг ҳаммасини қатл эттирибди.
Саккизта хачир қўшилган аравада бизлар саккиз киши эдик: тўртта савдогар, иккита патер, мен ва бўйи етган бир навниҳол қиз (кейин бу қиз менинг хотиним бўлди). Кўккўз, сарғишсоч, бениҳоя ёқимтой ва мафтункор, чеҳраси ипакдек майин бу қиз Нью-Йорк фуқароси, яъни америкалик бўлиб, муомалада ўзини эркин тутарди. Исми Эмма Беккер эди. Биз дарров тил топишиб олдик ва дилижонда ёнма-ён ўтирдик, орадан сал вақт ўтар-ўтмай, мен унинг бутун ҳаётидан воқиф бўлдим. У ота-онасидан етим қолган ва кун кечириш учун ҳеч қандай маблағи йўқ экан. Мексикадан саксон миля нарида яшовчи аммаси уни ўзининг чиройли ранчосига таклиф қилган, қиз шу заҳоти аммаси таклифини жон-жон деб қабул қилиб, Нью-Йоркдан узоқ сафарга чиқибди.
Биз Вера-Круцдан кундуз куни туш пайтида йўлга чиқдик, ҳашаротлари виж-виж бўлган исқирт бир меҳмонхонада тунадик, тонг отиши билан яна дилижонга ўтирдик-да, аста-аста тепалик сари ўрлай бошладик, йўл шу қадар тик эдики, аравакаш минг ҳайқирса ҳам, хачирларни қамчи билан тинмай саваласа ҳам улар ҳар юз қадам юрганларида тўхтаб-тўхтаб қолардилар. Бу аснода мен мудраб кетарканман, бир пайт мисс Беккернинг ширали янгроқ овози мени уйғотиб юборди: “Кечиринг безовта қилганим учун, доктор Терн, мана бу ёқдаги бағоят гўзал манзарани сиз ҳам кўришингиз керак, албатта” – деб у арава дарчасига ишора қилди.
Ростини айтсам, дунёда бундай ажиб ва кўркам манзара борлигини ҳатто тасаввур ҳам қилмаган эдим. Қуёш қадимги ацтеклар Юлдуз-тоғ деб атаган Оризава ортидан эндигина бош кўтариб чиқа бошлаган эди. Тоғ чўққисидан кўкка ўрлаётган қудратли ва маҳобатли вулқон алангаси бизларнинг бошимиз узра 18000 фут баландликка отилар, тоғ этагини қалин ўрмон буркаган, унинг мангу эримас муз қоплаган чўққиси эса, кумуш янглиғ ярақларди. Оризаванинг ям-яшил ёнбағри ҳали зулмат қўйнида, аммо унинг чўққисидаги омонат қорлар ҳалитдан заррин тусга кира бошлаган эди. Мен умрим бино бўлиб, илоҳий зиёнинг тун зулмати устидан бундай тантанавор ғалаба қозонганини ҳеч қачон кўрмаган эдим… Ниҳоят, мен тонг шафағининг ғоятда ҳашаматли манзарасидан кўз узиб, дилижонимиз шифтига осилган фонуснинг хирагина ёруғида бутун диққатимни ҳамроҳим мисс Беккернинг ёқимтой, дилбар чеҳрасига қаратарканман, бу соҳибжамол қиздан ҳеч кўзимни уза олмасдим. Назаримда, унинг чеҳрасида ҳам қандайдир ғайритаъриф жозиба мавжуд эди. Кўзларимиз учрашди, шунда икковимиз бир-биримизга унсиз тикиларканмиз, энди ҳеч қачон бир-биримиздан ажралишни хоҳламаслигимизни тушундик. Бутун вужудимизни қамраб олган ҳозирги жиддий ҳолатимизни ҳамроҳ йўловчилардан сир тутиш мақсадида, биз ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган энг одми нарсалар тўғрисида суҳбатлаша бошладик. Суҳбатимиз мавзуси дам-бадам ўзгариб турди. Ниҳоят, қиз мудрай бошлади. Мен ҳам унга эргашиб ухлашга уриниб кўрдим, лекин ҳеч уйқум келмади. Дилижонимиз бир ёни тикка тоғ ёнбағри, иккинчи ёни тубсиз жарлик бўлган торгина сўқмоқ йўлдан борарди. Жарлик устини қоплаган қуюқ туман унинг қанчалик чуқурлигини кўзимиздан яшириб турарди. Ушбу манзарани кўрарканман, бу йўл қароқчиларнинг ҳужум қилиши учун жуда қулай жой экан, деган фикр кўнглимга келди. Шу маҳал олдинда бораётган хачир бирдан жуда ғалати тарзда қоқилиб кетди ва айни пайтда яқин орадан ўқ овози эшитилди. Аравакаш билан унинг шогирди дилижондан сакраб тушишди ва ваҳимали додлашганча тубсиз жар қаърига кетма-кет сакрашиб, кўзимиздан ғойиб бўлишди. Дилижон ичида ақл бовар қилмайдиган қиёмат-қойим бошланди: биров додлар, биров худога сиғиниб, паноҳ сўрар, яна биров “Қароқчилар, қароқчилар!” деб айюҳаннос соларди.
Савдогарлар сўкина-сўкина қимматли буюмларини этикларининг қўнжига, қалпоқларининг тагига яшира бошладилар, патерларнинг бири нуқул ув тортиб йиғлар, иккинчиси эса, қўлларини ибодатга қовуштириб, бошини қуйи эгиб, дуо калималарини тинмай ғўлдираб ўқирди. Ҳуркиб кетган хачирлар бир ерга ғуж бўлиб туриб олишди, дилижон эса, ҳар лаҳзада жарга ағдарилиб кетадиган хатарли аҳволда эди. Лекин бу аснода дилижон атрофини қуршаб олган қароқчилар аравага қўшилган хачирларнинг шатак тасмаларини шоша-пиша кесиб ташлаб, уларнинг ҳаммасни ҳайдаб жарликка тушириб юбордилар. Кейин юзида каттакон чандиғи бўлган қорасоқол бир йигит дилижон эшигини очиб, бизларга эҳтиром ила таъзим қилди ва ҳаммамизга аравадан тушишни буюрди. Унинг шериклари камида ўн икки нафар эди. Шу сабабли, буйруққа итоат этмай иложимиз йўқ эди. Ҳаммамизни жарлик ёқасига олиб бориб, бир сафга тиздилар. Бизлар жарликка орқа ўгириб турардик. Мен сафнинг энг чеккасида эдим, Эмма Беккер шундоққина ёнгинамда турди, демак, қўл ушлашишимизга имкон бор.
Муштум зўр қароқчилар савдогарларни бирма-бир роса дўппослаб чалажон қилдилар, тинтиб чиқдилар кейин қип-яланғоч қилиб ечинтирди­лар-да ҳаммаларини тепиб-тепиб бирин-кетин дилижонга ҳайдаб киритиб, эшигини ёпиб қўйдилар. Сўнг икки патерга навбат келди; улардан бирини афв этдилар – ҳамма қароқчиларнинг қилган гуноҳларидан ўтиб дуо ўқигани учун, лекин иккинчи патернинг бошига савдогарларнинг кунини солдилар. Мен астойдил бош қотириб, бу машъум фалокатдан жон сақлаб қолиш йўлини излардим. Шу пайт бирдан бу йўлнинг ҳар бир қаричини ёддан билган аравакаш билан унинг шогирдининг ўйлаб-нетиб ўтирмай, ўзларини тубсиз жарга отганларини кўз олдимга келтирдим – ахир улар ўзларини ўлим қучоғига отаётганларини билганларида, бу мавҳум чуқурликка сакрамаган бўлардилар-ку. Кейин, қароқчилар ҳам хачирларни ҳайдаб жарга тушириб юбордилар. Ваҳоланки, бу сезгир жониворлар тубсиз жар қаърига ҳеч ҳам сакрамаган бўлардилар. Мен шуларни ўйлаб, таваккал қилмоқчи бўлдим ва Эммага пичирлаб дедим:
– Қулоқ солинг, аминманки, даҳшатли бўлиб кўринаётган бу жарлик аслида унча чуқур эмас. Айтинг, шу жарликка мен билан бирга сакрашга розимисиз?
– Албатта розиман, – деди Эмма ўйлаб ҳам ўтирмай, – қароқчилар қўлида бўғизлангандан, сакраганда оёқ-қўлинг синса ҳам тирик қол­ганинг яхши-ку. Лекин биз қулай пайтни кутишимиз керак. Қочмоқчи бўлганимизни кўриб қолишса, албатта, ўқ отиб ўлдиришади.
Биз қулай фурсат келишини кута бошладик. Қароқчилар охирги, тўртинчи савдогарни тинтиб бўлишди. Навбат бизга келаётган эди ва биз ҳамманинг кўзи олдида жарликка сакраш учун шай турардик, лекин айни шу пайт қароқчилар томонидан тинтилаётган шўрпешона савдогар кутилмаганда йўлтўсарлар қўлидан қутилиб чиқиб, қия йўлдан паст томонга қоча бошлади. Босқинчилар бизни унутиб, савдогар орқасидан қувиб кетишди. Фақат битта қароқчи учта савдогар билан бир патер ҳибс этилган дилижон эшиги олдида қолди. Босқинчи йигитлар эса, қийқиришиб, кулишиб қочаётган савдогар орқасидан қувишаркан, устма-уст ўқ отишарди; ниҳоят, савдогар бир ўқдан жароҳатланиб йиқилди, қароқчилар унга худди қузғунлардек ташланиб, шўрликни пичоқлари билан қиймалаб ўлдиришди.
– У ёққа қараманг, – деб пичирладим Эммага. – Юринг, кетдик. Ҳозир айни вақти.
Бир лаҳзада жар лабига бориб турдик; қуюқ туман оёғимиз тагида кўрпа бўлиб тўшалганди. Мен бир дақиқача иккиланиб туриб қолдим, лекин Эмма мени кутмай, дарров жарга сакради. Шунда унинг овози менга пастдан, атиги бир неча фут масофадан эшитилди-ю ўзим ҳам унга эргашиб дарров пастга сакрадим. Биз вужудимизга сингиб, суяк-суякларимизни сирқирата бошлаган қалин туман орасида юриб, жарликнинг тикка ёнбағридан эҳтиётлик билан пастга туша бошладик. Назаримда, ғойиб бўлганимизни ҳали ҳеч ким пайқамади шекилли; сабабки, дилижонга қамалганларни қўриқлаб турган қароқчи қочган савдогарни қийнаб ўлдираётган шерикларини томоша қилиш билан овора эди, афв этилган патер бўлса, атрофида нималар бўлаётганини кўрмас, чунки тиз чўкиб олиб, юзини кафтлари билан қоплаганча, ерга бош эгиб ибодат қилаётган эди.
Бизлар пастроққа тушганимиз сари, туман ҳам сийраклашиб, тиниқлаша бошлади, шунда биз пастга тикка кесиб тушган торгина сўқмоқ йўлдан бораётганимизни кўрдик; сал кам ўн дақиқа ичида ниҳоят пастга тушиб улгурдик ва таъқиб қилувчилар овозини эшитганимиз учун бир оз дам олиб, энди буёғига қандай иш тутишимиз ҳақида келишиб олгани тўхтадик. Биз турган ердан атиги беш қадам нарида тикка кўтарилган бир баҳайбат қоя худди устимизга қулаб тушишга чоғлангандай, омонатгина турардики, ҳатто энг эпчил мушук ҳам унинг устига тирмашиб чиқа олмасди.
– Бу ер анча беҳавотирроқ, – дедим мен.
– Тўғри, аммо биз бу ерда қололмаймиз, – деб эътироз билдирди Эмма; ҳали у гапини айтиб улгурмасидан тепамизда бирдан юракка ваҳима солувчи аянчли фарёд эшитилди ва биз бошимиз узра қалин парда бўлиб турган туман орасини ёриб, тушиб келаётган баҳайбат бир нарсани кўрдик – у нарса ерга гумбирлаб тушиб, бўлак-бўлакларга ажралиб кетди. Биз фалокат юз берган жойга югуриб бордик, у ерда мажақланган дилижоннинг пора-пора қисмлари ва собиқ ҳамроҳларимизнинг тилка-тилка бўлган жасадлари ётарди. Юрагимизни ваҳима қамраб олди ва биз таҳдид хатаридан ўзимизни панага олиш учун, қуйи водийдаги дарахтзордан паноҳ излаб, юрак ҳовучлаганча ўша ёққа югура кетдик.

II БОБ

Гациенда

– Анави нима? – деб сўради бирдан Эмма, биздан сал нарироқдаги ёввойи бананзорда юрган аллақандай жониворларни кўрсатиб. Мен ўша томонга қарадим ва қароқчилар жарликка ҳайдаб тушириб юборган иккита хачирни, уларнинг бўйинларидаги бўйинчадан ҳамда кесилган шатак қайишидан танидим. Кейин бориб уларни осонгина тутдим-да бирига Эмманни миндириб, иккинчисига ўзим миниб олдим; хавф-хатар таҳдидидан қутилишимиз учун, тезда бу ердан узоқроқ жойга қочиб кетишдан ўзга иложимиз йўқ эдики, буни икковимиз ҳам жуда яхши тушунардик. Бироқ, биз эндигина жўнашга шайланганимизда, кимдир мени: “Синьор! Синьор!” – деб чақириб қолди. Мен пистолетимни қўлга олиб орқамга ўгирилдим; чақирган мексикалик бир эркак эди, мен уни танидим.
– Отманг, синьор, – деб у инглиз тилида чала-чулпа гапира бошлади, – мен аравакашингиз Антониоман, шогирдим анави ерда чуқурга тушиб кетди. – Шундай деб у менга бир тубсиз хандақ оғзини кўрсатди. – Сиз анави ёвуз босқинчилардан қочиб қутилмоқчисиз, мен ҳам; ҳозир улар бу ерга тушиб, сизни тутишарди-да ўлдиришади. Ўзи қаёққа кетяпсизлар?
– Сиз Сан-Хозе шаҳарчаси яқинидаги де-Концепцио гациендасига борадиган йўлни биласизми? – деб сўради Эмма.
Гациенда – Мексикада заминдорнинг ер-мулки шундай деб аталади.
– О, биламан, синьора, ҳа, мен жуда яхши биламан синьор Гомецнинг гациендасини, хоҳласангиз эртагаёқ олиб бориб қўяман сизни у ерга.
– Ундай бўлса, бошланг бизни ўша ёққа, – дедим мен ва биз узоқда қад кўтарган тепаликлар сари йўл олдик.
Кеч кириб қуёш бота бошлаганида биз бир ҳиндунинг хароба кулбасига бешикаст етиб бориб, ўша ерда янги кесилган дарахт новдалари билан ёпилган том тагида ётиб ухладик – гарчи тун бўйи ёғиб турган ёмғирдан устимизга тинмай чакка томиб турган бўлса ҳам.
Мен тонг ёриша бошлаган пайтда ўрнимдан туриб ташқарига чиқдим ва у ерда Антонионинг кулба эгаси ҳинду билан пичирлашиб турганини кўрдим.
– Тинчликми, Антонио? Ишқилиб қароқчилар изимизга тушишмабдими? – деб сўрадим ундан.
– Йўқ, синьор, энди улар узоқда қолиб кетишди, – деди Антонио. – Гап шундаки, манави синьор айтишига қараганда, ҳозир Сан-Хозеда касаллар жуда кўпайиб кетганмиш.
Лекин мен унга эътироз билдириб, нима бўлганда ҳам, биз у ерга бориш ниятидан қайтмаслигимизни айтдим. Антонио аввалига тихирлик қилиб, бизни кузатиб боришни хоҳламади, лекин қароқчиларга дуч келишдан қўрқиб ҳамда ваъда қилинган мўмай хизмат ҳақидан қуруқ қолишни истамай, таклифимизга рози бўлди ва биз йўлга тушдик. Шу куни кечга яқин Антонио бутун аҳолиси 3000 кишидан иборат бўлган мўъжазгина ғариб шаҳарча орқасидаги тепаликда қад кўтарган чиройли ва оппоқ иморат – де-Концепцио гациендасини бизга кўрсатди.

Биз шаҳар дарвозасига етиб борганимизда аллакимларнинг бақириқ-чақириқларини эшитдик, мен орқамга ўгирилиб, милтиқлар билан қуролланган иккита отлиқ мексикаликни кўрдим – улар биздан орқага қайтишимизни талаб қилаётган эдилар. Биз уларни изимизга тушган босқинчилар деб ўйладик ва йўл юриб толиққан хачирларимиз биқинига ниқтаб, уларни жадал чоптириб кетдик. Қоча бошлаганимизни кўрган отлиқлар то каттакон оқ тош билан белги қўйилган ергача қувиб келишди-да, кейин қўл силтаб орқаларига қайтишди.
Энди биз шаҳарнинг энг йирик марказий кўчасидан ўта бошладик, аммо бу кўчанинг ҳувиллаб ётганини, унда тирик жонзот учрамаганини кўриб ҳайрон қолдик. Бозор майдонига яқинлашганимизда каттакон бир аравача дуч келдик; унга ортилган қандайдир юклар устига қора мато ёпилган эди, яна қизиғи шундаки, аравакаш оғзи ва бурнини қалин шарф билан ўраб олганди.
Биз гир атрофига маҳобатли, кўркама устунлар ўрнатилган бозор майдонига кириб бордик.
– Ие, анави одамларнинг ухлашига қаранг, – деди Эмма устунлар равоқи тагида қуруқ ерда кўрпа ёпиниб қатор тизилишиб ётган одамларни кўрсатиб. – Бу қанақа халқ ўзи… куппа-кундуз куни, яна кўчада ухлашса-я!
Мен ялт этиб қарадим: ерда ётган бу одамларнинг баъзи бирлари ўқтин-ўқтин бошларини салгина кўтаришар ва яна тагларига тўшалган хазон ё увада латта тўшакларига бош қўярдилар-да, безовта бўлишиб инг­рашар, оҳ-воҳ қилишарди.
Биз бу одамлар тепасидан сал нарироққа кетдик; шунда бир кампир ерда ухлаб ётган аёлнинг (ким билсин, балки у ёшгина қиздир) адёлини очиб ташлаб, фавворадан олиб келган сувни унинг устига қуя бошлади.
Мен бир қарашдаёқ тушундим: бечора қизнинг юзини чечак жароҳатлари чўтир пўстлоқ бўлиб қоплаганди, бадани шу қадар даҳшатли бир тусда эдики, таърифлашга тилим бормайди.
Мен беихтиёр хачир жиловини тортдим, у тўхтади.
– Қора чечак, – дедим мен пичирлаб. – Манави овсар кампир бўлса, совуқ сув билан даволамоқчи.
Кампир бош кўтариб кўзимга қаради ва деди:
– Si, senor inglese, viruele, viruele… – у яна бир нималар жеб жоврай бошлади, лекин мен қолган гапларига тушунмадим.
– У айтяптики, – деб Антонио кампирнинг гапларини таржима қила бошлади, – аҳолининг тўртдан бири қирилиб кетганмиш, ҳозир шаҳарда соғ одамлардан беморлар кўпроқмиш…
– Худо ҳақи, тезроқ кетайлик бу ердан, – дедим мен Эммага; у ҳам хачирини тўхтатиб, қоқ ерда изтироб чекиб ётган шўрпешоналарнинг аҳволига ҳайратланиб боқарди.
– Оҳ, – деди у. – Сиз докторсиз, наҳотки ёрдам қилолмасангиз бояқишларга?
– Бемаъни гапни қўйинг, – дедим мен аччиғланиб. – Ахир қандай қилиб сизнинг ҳаётингизни хавф остида қолдирай? Ундан кейин, ёлғиз ўзим ҳеч нима қилолмайман, менда муолажа воситалари ҳам, ҳеч қандай дори-дармон ҳам йўқ… Юринг, тезроқ кетайлик! – Ва мен Эмманинг хачири жиловидан тортиб, уни шаҳар ташқарисидаги тепаликда жойлашган гациенда томон етаклай бошладим.
Орадан чорак соат ўтар-ўтмай, биз гациенда ҳовлисига кириб бордик; бу ерда теран сукунат ҳукм сурар, “қилт” этган тирик жон кўринмасди. Қулоғимизга эшитилган биттагина жонли товуш – бу чордоқнинг қаеридадир беҳол ётган мушукнинг аянчли миёвлаши бўлди. О, мана, ниҳоят мастиф итлар зотидан бўлган баҳайбат бир кўппак қаердандир югуриб чиқиб, бизни қарши олди. Лекин бу қопағон ит бегона одамларни кўриб, ириллаш ўрнига думини ликиллатиб, бизга эркалана бошлади. Биз хачирлардан тушиб хона эшигини тақиллатдик, аммо ичкаридан “тиқ” этган товуш ҳам эшитилмади. Эшикни тепган эдим, у ланг очилиб кетди ва биз ичкарига кирдик. Кирган заҳотимиз, гациенда эгалари уни ташлаб кетишгани аён бўлди бизга. Боғ этагида, мўъжазгина ибодатхона ёнидаги кичкина қабристон ушбу ҳашаматли уйнинг нима сабабдан ўз ҳолига ташлаб кетилганини бизга изоҳлаб берди. Бу ерда бир нечта янги қазилган гўр бор эди, чамаси, улар гациенданинг ёлланма деҳқонлари – батраклар ва хонадон хизматкорларининг қабрлари бўлса керак. Заминдор Гомец насабидаги одамларнинг хоки дафн этилиб панжара билан ўралган алоҳида жойда ҳам яқинда ўлган одамнинг қабри устига қора тупроқ уйилган эди; кейинроқ бизга маълум бўлишича, бу қабрда Эмма аммасининг эри синьор Гомецнинг хоки ётган экан.
Кейин биз бирон олисроқ масканга бош олиб кетиш мақсадида тинкаси қуриган хачирларимизга миндик – ишқилиб бу мараз дарди бедаводан ўзимизни четга олсак бўлгани… Лекин гациендадан икки миляча нарига борганимизда қуролланган иккита полициячи бизни тўхтатиб, агар уларнинг тақиқларига парво қилмай, яна кетаверсак, милтиқларидан ўқ отиб, бизни орқага қайтаражакларини айтишди.
Биз чечак офати тарқалган ҳудудга кириб қолганимизни ва то чечакнинг охирги қурбонидан кейин олти ҳафта ўтгунча шу машъум даргоҳда қолишимиз шарт эканини энди тушунган эдик. Тақиққа итоат этишдан ўзга иложимиз йўқ эди; биз эгасиз қолган гациендага қайтдик ва баҳоли қудрат ана шу офат уясига жойлашдик. Егулик озуқалар ҳам, уй ҳайвонлари ҳам бу ерда етарли эди, сут ва гўштдан сиқилмадик. Антонио мол-ҳолларга қаради ҳамда хонадон ходими вазифасини бажара бошлади. Боғда пишган мевалар ва сабзавот маҳсули, омборда ун, дон сероб эди.
Шаҳарчадаги бозор майдони гациенданинг ясси томидан бизга худди кафтдагидек яққол кўриниб турарди, уч ҳафтадан ортиқроқ вақт давомида биз у ерда юз бераётган энг қабиҳ ва мудҳиш воқеаларнинг гувоҳи бўлдик. Жон таслим қилаётган шўрликларнинг чекаётган азобу уқубатлари кўринмаган тунги пайтларда эса, уларнинг жон аччиғида инг­раганларини, фарёд чекиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлаганларини ҳамда чечак балосини даф қилиш мақсадида ёки худодан раҳм-шафқат тилагани одамларни тунги ибодатга чақириш учун черков қўнғироқларининг дин пешволари амри билан тинмай бонг уришини эшитардик. Бироқ дин пешволари сафи сийраклаша борган сари қўнғироқларнинг овози ҳам заифлашиб, охир-оқибат бутунлай тиниб қолди. Бу аснода ўлганларни кўмгани тириклар етишмай, беморларга сув келтирувчилар ҳам топилмай қолганди. Эшитишимга қараганда, бундан ўн икки йил олдин америкалик бир ташаббускор филантроп бу ерга бутун аҳолини чечакка қарши эмлаш учун кичик бир санитария гуруҳи билан келган экан.
Эмлаш жараёни олдинига тинч ва хотиржамлик билан ўта бошлабди. Лекин даволанаётганларнинг чечакка қарши эмланган қўлларига пуфакчалар тошиб оғрий бошлаганида, одамлар норозилик билдириб, ғалаён кўтара бошлабдилар, шаҳарчадаги диндорларнинг пешвоси эса: “чечак – бу худонинг ўз бандаларини синамоқ учун юборган бир марҳаматидирки, унга монелик қилмоқ гуноҳи азимдир”, – деб черковда ваъз айтиб, халқнинг филантроп олим ҳақидаги шубҳа ва нафратларини янада зиёда қилибди.
Сан-Хозе аҳолиси дунёда чечак деган балойи азим борлигидан бехабар экан, шу сабабли черковнинг мўмин-қобил қавмлари руҳоний ота – ҳазратнинг фатвосига итоат этиб, сал бўлмаса америкалик олимни тошбўрон қилаёзибдилар, у бошлаб келган санитарларни эса, шаҳардан қувиб юборибдилар. Мана энди ўша итоаткор қавмларнинг фарзандлари ва набиралари бефаросат боболари экиб кетган чечак отли “мева” ҳосилини татиб кўришга мажбур бўлмоқдалар.
Мен бу офатгоҳда икки ҳафтача зўрға чидаб яшадим ва охир-оқибат ҳатто ўз жонимга қасд қилмоқчи ҳам бўлдим. Агар шу ерда қоладиган бўлсам, гарчанд жамики усул ва тадбирларни ишга солиб, бу офаткаш дарди бедаводан ўзимни ҳимоя қила олганимда ҳам, мени ваҳимага солаётган шубҳалар оқибатида, барибир, бу чечак дардига мубтало бўлишим мумкинлигига кўзим етиб турарди. Ниҳоят, Антонионинг воситачилигида мен карантин соқчилари бошлиғи бўлган офицер билан узоқ вақт музокара олиб бориб, ахири бизнинг тунги пайтда карантин чегарасидан ими-жимида ўтиб кетишимизга имкон яратиб бериши учун унга 200 доллар ҳақ тўлашим ҳақида келишиб олдик.
Сафарга жўнашимиз тайин қилинган куни кеч соат тўққизларда биз учовлон гациендадан чиқиб кетишимиз керак эди. Соат чорак кам тўққизда мен сафар жабдуғи шай эканлигини кўздан кечирмоқ учун отхонага йўл олдим. Ие, ўзи нима гап? Қарасам, отхона эшиги олдидаги сув тўлдирилган бак ёнида Антонио турибди; лекин у умуртқа суягининг сирқираб оғриётганига чидай олмай, бадани ғужанак бўлиб азоб чекарди. Мен бир боқишдаёқ Антониода даҳшатли чечак касали аломатлари пайдо бўлганини кўрдим. Лекин вақт зиқ эди, шу боис хачирларни ўзим тез эгарлаб, уларни уй остонасига етаклаб бордим.
– Антонио қани? – деб сўради Эмма биринчи навбатда.
– У йўлимиз бехатар эканлигига ишонч ҳосил қилгани барвақтроқ жўнаб кетди, – деб ёлғон сўзладим. – У бизни тоғ ортида кутиб олади.
Биз гациенда дарвозасидан йўлга чиқдик.
Сафаримиз жуда аломат бўлди, аммо мен у ҳақда ҳикоя қилмоқчи эмасман, сабабки, ҳаётимда юз берган энг муҳим ходисаларнинг чечакка дахлдор бўлган қандайдир сеҳрли жиҳатлари бўлгани учунгина бир пайтлар бўлиб ўтган ҳамма воқеаларни, умуман, тилга олиб ўтдим. Мен отамнинг чечак дардига мубтало бўлган пайтида дунёга келган эканман, мен чечак карантини ҳукм сурган жойдан қочиб чиқиб уйландим, мен… йўқ, қолган воқеаларни вақти-соати келганда сўзлаб бераман. Ҳозир эса шуни айтмоқчиманки, Эмма билан икковимиз ниҳоят Мексикага эсон-омон етиб бориб, ўша ердаги черковда никоҳдан ўтдик. Ўн кундан кейин эса, Англияга жўнаб кетаётган улкан океан кемасининг палубасига чиқдик.

III БОБ

Сэр Жон Белл

Эмма Беккер беш минг доллар сеп билан менга турмушга чиқди ва биз бу пулни менинг амалиёт билан шуғулланишим, яъни доктор бўлиб ишлашим учун сарфламоқчи бўлдик, лекин бу пул Лондонда докторлик қилишим учун камлик қиларди. Шунга кўра, мен Терн номи машҳур бўлган, яъни бобом билан отам ўз докторлик фаолиятлари билан элда довруқ қозонган Денчестерда ишлашни маъқул кўрдим.
У ерга боргач, билдимки, ҳамкасбларимдан фақат биттаси – Жон Беллгина рақобат бобида мен учун хавфли бўлиши мумкин эди. Фаолиятини менинг отам қўлида ассистент бўлиб ишлашдан бошлаган бу одам, оғир дардга чалиниб, Англиядан бош олиб кетишга мажбур бўлган отамдан унинг амалиёти билан шуғулланиш ҳуқуқини сотиб олган эди. Сэр Жон ўз касбининг баркамол билимдони, маҳоратли доктор бўлмаса ҳам, лекин ўзининг илм бобидаги нўноқлигини улуғвор салобати ниқоби панасига яширишга уста эди ва ўзини оппоқ қилиб кўрсатишда ҳамда муолажа чоғида йўл қўйган хатоларини даволанувчилар хаёлидан соқит қилишда, захирасидаги битмас-тугалмас баҳоналарни усталик билан ишга соларди. У қанчалик пулдор бўлса, шунчалик донгдор ҳам эдики, бу ҳақда гап очиб ўтиришимизга ҳожат йўқ. Шу боис, шаҳардаги унга ҳамкасб бўлган омадсиз докторларнинг топиш-тутиши ниҳоятда аянчли ҳолда эди. Бундан ташқари, сэр Жон жамоа ишларига ҳам аралашиб, эътибор қозонган зот бўлиб олибди, турли хил жамиятларнинг аъзоси бўлиб, уларга мурувват ва саховат ила ёрдам кўрсатиб турарканки, бунинг оқибатида у кўпинча пулдан сиқилиб ҳам қоларкан.
Мен Денчестерга борган куним, энг аввало сэр Жон Белл билан кўришишни одамийлик бурчим деб билдим ва унга ўз ватанимга кўчиб келиб, шу ерда тиббий амалиёт билан шуғулланажагимни билдирмоқчи бўлдим. Лекин бу гапим сэр Жонга ёқинқирамагандай туюлди, назаримда.
– Ҳа, мен сизга, яъни марҳум дўстимнинг ўғлига қўлимдан келганча ёрдам қиламан, албатта, – деди у, – лекин шуни олдиндан айтиб қўйишим жоизки, бу ерга ҳатто Гален ё Гарвей келганида ҳам, уларнинг тиббий амалиёт билан шуғулланиб обрў топишлари амри маҳол.
– Шундай бўлса ҳам, ўз омадимни шу ерда синаб кўрмоқчиман, сэр Жон, шояд бадавлат хонадонларнинг дастурхонидаги арзимас урвоқлар менга ҳам насиб этиб қолса, – деб ҳазил қилдим мен.
– Ҳа, ҳа, Терн, сиз менинг ёрдамимдан умидвор бўлишингиз мумкин, албатта, – деб тиржайди у ва бу гапи билан ташриф муддати тугаганини билдирди.
Мен бу одам ҳақидаги фикрларимда ҳеч қачон янглишмаганман, одамларга қилган хизматим эвазига олганим арзимагангина насибамни ҳам у оғзимдан тортиб олишини, менга ёрдам қилиш учун қўлини совуқ сувга ҳам урмаслигини яхши билардим.
Сэр Жонникига ташриф қилганимдан сўнг икки ҳафта ўтгач, биз хотиним билан Денчестерга кўчиб келиб, қиролича Анна замонида қурилган бир ғиштин уйга жойлашдик. Бу уй тиббий амалиёт билан шуғулланувчи доктор учун жуда қулай жой эди: у энг йирик савдо марказининг ёнгинасида, Денчестернинг марказида жойлашган бўлиб, шифти ва деворлари ўймакор нақшлар билан безатилган иккита шинамгина қабул хонаси бор эди.
Тиббий амалиёт бошлаб юборишим учун, хотиним билан икковимиз ўзимизни ўтга, сувга уриб, роса ҳаракат қилдик. Отам ва бобомнинг эски қадрдонлариникига ташриф буюрдик, миссионерларнинг йиғинларига қатнашдик, пулимизни аямай, шаҳарда отнинг қашқасидай таниқ бўлган бир нечта ғийбатчи кампирларни кечқурунги чойхўрликка таклиф қилдик. Улар келишиб чойимизни ичишди ва худди “ким ошди” савдосига келган харидорлардек, уйимдаги янги жиҳозларим, жарроҳлик асбобларимни кўздан кечира бошлашди. Кейин кампирлардан биттаси жарроҳлик асбобларимнинг “ҳурматли докторимиз сэр Жон”нинг асбоб­ларига гўзалликда ҳеч ҳам тенг келолмаслиги ҳақида заҳарханда қилиб гапирди, чунки сэр Жон ишлатадиган асбобларнинг тутқичлари соф фил суягидан бўлиб, улар кумуш гардишлар билан безатилганмиш.
Мен таниш-билишларимдан сўраб-суриштириб, нима учун ҳеч ишим ўнгидан келмаётгани сабабини ниҳоят билдим. Маълум бўлишича, ҳар қадамда йўлимга тўғаноқ бўлаётган одам фақат ўша сэр Жон Беллнинг ўзи экан. Бир қатор муассаса ва ташкилотларда маслаҳат бериш ҳуқуқига эга бўлган сэр Жон менинг бу идораларга ўз хизматимни таклиф этганимни эшитиб, фақат битта маънодор елка қисиш ёки бош чайқаш билан таклифимни рад этувчи маслаҳат бераркан. Ана шунда мен руҳан эзилиб умидсизликка тушдим ва ҳатто Денчестердан бош олиб кетмоқчи ҳам бўлдим, лекин келажакни олдиндан кўриш лаёқатига эга бўлган оқила Эмманинг маслаҳати билан, то пулимиз тугагунча яна бироз кутишга қарор қилдим. Ниҳоят менга ҳам омад кулиб боқди. Денчестерга кўчиб келганимиздан бери орадан бир йилча вақт ўтганида, мени шаҳар клубига аъзо қилиб сайлашди. Ушбу клубнинг “кунда-шунда” аъзоларидан бири Селби исмли истеъфодаги майор бўлиб, у ҳеч қандай иш билан машғул бўлмагани сабабли доим вақтини, албатта, оғзида каттакон сигара, қўлида виски қадаҳи ва содали сув билан клубнинг ё чекиш хонасида, ё билярдхонасида ўтказарди. Сиртдан қараган одамга у соппа-соғ, азамат йигит бўлиб кўринса ҳам, лекин ўз касбини пухта билган доктор унинг ташқи қиёфасига бир назар ташлашдаёқ, саломатлиги унча яхши эмаслигини билиб оларди. Мен у билан танишиб олдим. Биз суҳбатлашиб ўтирган пайтларимизда у ҳар гал ўзининг бетоблиги ҳақида ҳасрат қиларди. Бир куни мен чекиш хонасида ёлғиз ўтирганимда майор Селби кириб келди ва креслога ўтириб олиб оёғини азза-базза уқалай бошлади.
– Нима бўлди, майор, нима, подагрангиз қўзиб қолдими? – деб сўрадим ҳазиллашиб.
– Йўқ, доктор, агар анави қари лўттибоз Беллнинг гапи рост бўлса, унақамас эмиш. Лекин, биласизми, оёғим негадир шу кейинги кунларда жуда қаттиқ оғрий бошлади. Ахири ҳеч чидай олмай, бугун эрталаб унинг олдига бордим. Лекин у, арзимаган бод касали бу, ўтиб кетади, деб кўнглимни тинчитди-да оёғимга сургани алланимабало бир дорини ёзиб берди.
– У… оёғингизни очиб кўрдими ўзи?
– Йўқ, унинг айтишича, ҳар қандай оғриқ сабабини бир чақирим нарида туриб айтиб бериши мумкинмиш.
– Ҳм… ростдан-а? – дедим мен. Кейин бу ҳақда бошқа гап очмадик.
Орадан тўрт кун ўтиб, мен яна клубда ўтирганимда майор Селби оёғини зўрға судраб босиб кириб келди. Унинг ҳамиша анордек қип-қизил, қувноқ чеҳрасида энди дард, изтироб акс этарди. У доимий одати бўйича, ўзига виски билан содали сув буюрди ва менинг ёнимга, диванга келиб ўтирди.
– Бод касалингиз қалай, майор? – сўрадим мен. – Бугун анча тузукроқмисиз?
– Қаёқда, доктор… кеча яна қария Беллнинг олдига борувдим, у оёғимга малҳам суришни тўхтатмасликни буюрди, лекин оғриқ сира ҳам енгиллашмаяпти, қайтага, зўрайгандан зўрайиб боряпти. Хусусан, мен бир нарсага ҳайронман: бод касалига чалинган оёқ не замонда қонталашиб кўкарар эканми?..
– Ие, оёғингиз кўкардими ҳали? – сўрадим мен ҳайрон бўлиб.
– Ҳа, қонталашиб кўкарди. Ишонмаяпсизми? Хоҳласангиз, кўрсатишим мумкин, мана, кўринг! – Ва у шимининг почасини қайириб, тиззасидан сал пастроқ ерни очиб кўрсатди; унинг оёғида кўк-қорамтир тусдаги каттакон доғ бўлиб, бу доғнинг ўртасидаги қонталашиб қорайиб кетган вена қон томири бўртиб шишган ва қотиб қолган эди.
– Сэр Жон кўрдими буни? – сўрадим мен майордан.
– Йўқ, мен ҳам унга оёғимни очиб кўрсатмоқчи бўлувдим, лекин у аллақаёққа шошаётган экан, “тавба, дуч келган одамга ўз дардини айтиб зорланувчи кампирга ўхшайсиз-а”, деб таъна қилди-да жўнаб кетди.
– Мен сизнинг ўрнингизда бўлганимда, уйимга бориб ётардим-да, сэр Жондан, албатта сизни кўргани уйингизга келишини талаб қилардим.
– Бу билан нима демоқчисиз, доктор? – сўради майор ваҳимага тушиб.
– Мен, бу кўкарган доғ яхшилик аломати эмас, демоқчиман, холос… Ўйлайманки, агар сэр Жон оёғингизни ўз кўзи билан кўрса, у сизга мутлақо тиним сақлаб, қимир этмай ётишни тавсия қилган бўларди.
Майор Селби менинг бу гапимга жавобан сэр Жон тўғрисида қандайдир ножўя сўзларни тўнғиллаб сўкинди ва ўзини мукаммал кўрикдан ўтказиш учун, ҳозироқ у билан бирга сэр Жоннинг уйига боришимни илтимос қилди мендан.
– Сизни бажонидил кузатиб борардим, – дедим мен. – Афсуски, бундай қилолмайман, зеро, бу қилмишим билан мен докторлик удумига хиёнат қилган бўламан. Лекин сизни фойтунгача кузатиб қўяман, албатта.
Майор Селби уйига жўнаб кетди, мен ҳам уйимга қайтдим ва бирон иш билан ўзимни овутиш ниятида, илгари Лондон госпиталларида хизмат қилган пайтимда ўзим гувоҳи бўлган қон томирларининг бўғилиб қолиши оқибатида содир бўлган турли хил ҳодисалар ҳақидаги ёзма қайдларимни кўздан кечира бошлаган эдим, шу пайт бирдан эшигим қўнғироғи қулоқни қоматга келтиргудек қаттиқ жаранглади ва қабулхонага капалаги учиб, қаттиқ ваҳимага тушган бир одам ҳаллослаганча югуриб кирди-да зўрға нафасини ростлаб деди:
– Илтимос, сэр, хўжайиним майор Селбининг ҳузурига тезда етиб боришингизни илтимос қилишди сиздан. У бирдан оғир касал бўлиб қолди.
– Мен хўжайинингни кўргани боролмайман. Унинг шифокори бошқа – сэр Жон Белл. У одамнинг беморларини даволашга менинг ҳақим йўқ.
– Сизникига келишдан олдин сэр Жоннинг уйига боргандим, сэр, лекин у аллақаёқдаги бир амлокка икки кунга жўнаб кетибди. Шундан ке­йин, хўжайиним мени сизга юборди.
Мен бордим ва нима бўлганини майорнинг хотини миссис Селбидан эшитдим: эри клубдан қайтиб келиб, бир финжон чой ичибди, сўнг сэр Жон Беллникига боргани отланибди, аммо фойтунга чиқаётганида, бирдан ҳушидан кетиб, чалқанчасига йиқилиб тушибди. Уни уйга олиб кириб диванга ётқизишибди ва шу заҳоти мени олиб келгани уй ходимини жўнатишибди.
Шўрлик майор оғриқнинг зўрайганига чидай олмай иҳраб ётарди.
– Илтимосимни рад этмабсиз, миннатдорман, – деди у базўр инграб. – Анави қари галварс Белл жонимни суғуриб оладиганга ўхшайди, назаримда.
– Қўйинг, унақа деманг, мана, ҳозир кўрамиз-у нима қилиш лозимлигини аниқлаймиз, – дедим мен ва унинг оғриётган оёғини шоша-пиша кўздан кечириб чиқиб рецепт ёздим-да, дарҳол дорихонага одам юборишларини, сўнг то дори олиб келгунларича иссиқ сувга бўктирилган шифобахш бинт билан оғриқ оёқни ўрашни буюрдим, сўнг ўзим қўшни хонага чиқдим. У ерда мени беморнинг қариндош-уруғлари ўраб олишди.
– Эримга нима бўлган ўзи? – сўради миссис Селби.
– Томирларида қон тиқилиб қотиб қолган, – деб жавоб бердим унга, – ўша қуюқ қоннинг бир қисми, тахминимча, ўпкани қон билан таъминлайдиган томирни бўғиб қўйган.
– Хавфлими бу?
– Бизлар умидни узмаслигимиз керак, албатта, лекин майорнинг соғайиб кетишига ишонч йўқ даражадаки, бу ҳақда сизларни огоҳлантириб қўйишни ўз бурчим деб биламан.
– О, бу мумкин эмас, – деб оҳ урди беморнинг укаси ҳазин овозда. – Акам ҳамиша бутун Денчестерда энг ҳозиқ шифокор ҳисобланган сэр Жон Беллнинг назоратида бўлган, ана шу тажрибаси ўткир доктор акамга, фақат салгина бод касалига чалингансиз, деган экан-ку, ахир!
– Кошкийди, сэр Жон бу борада ҳақ бўлиб чиқса-ю, мен янглишган бўлсам.
Майор Селби шу заҳоти сэр Жон Беллга мен қўйган ташхис ҳақида телеграмма юборди. Тезда жавоб ҳам келди. Сэр Жон шу куни, тундаёқ Денчестерга қайтишга чоғланганини, аммо поезд бўлмаганидан қаттиқ афсусланганини ёзиб, мистер Селбига бошқа докторга мурожаат қилишни тавсия қилибди, яна доктор Терн қўйган ташхис фақат назарий мулоҳаза эканини айтиб, менинг ҳар қандай касаллик ҳақида лоф уриб гапирадиган, ҳали тажриба орттирмаган ёш доктор эканимни телеграммага илова қилибди.
Бу орада шўрлик майорнинг куни бита бошлаган эди. У умрининг сўнгги дақиқасигача ҳушини йўқотмади. Лекин унинг дардини енгиллаштириш учун тиним билмай ҳаракат қилганимга қарамай, изтироб чекиши заррача пасаймади. У ўлими олдидан бир қатор фармойишлар берар, насиҳатлар қилар экан, ўлганида албатта жасадини ёриб, ўлими сабабини аниқлашимизни ҳам талаб қилди.
Мен доктор Беллнинг телеграммасидан нусха кўчириб олдим ва қатъий талабимга кўра, бошқа докторни кута бошладим.
У етиб келганида майор ўлиб бўлган эди. Марҳумнинг хоҳишига кўра, сэр Жон, мен ва яна учинчи доктор д-р Жеффрис иштирокида мурдани ёрдик. Мен қўйган ташхис тўғри экан, агар сэр Жон ўз вақтида эҳтиёт чораларини кўрганида борми, беморини ўлимдан асраб қолган бўларди.
Марҳум майор Селби ҳаммага таниқли, ном қозонган одамлиги, айниқса, унинг ўлими сабаби фуқароларга аён бўлгандан кейин шаҳарда катта шов-шув кўтарилди.
Эртаси куни кўп ададда тарқаладиган газеталардан бири марҳум ма­йор жасади ёрилганда нималар аниқлангани ҳақида мукаммал ахборот ёзиб чиқарди. Бу ахборотга яна таҳририятдан ихчамгина бир хабар илова қилинган бўлиб, бу хабарда муаллиф менинг теран билим соҳиби эканлигим ҳақида мақтовли ибораларда фахрланиб ёзиб, қилган хизматларим Денчестер аҳолиси томонидан, албатта, қадрланажагини ҳам унутмабди. Кейин у эски ва янги мактаб докторларини ҳамда уларнинг ишлаш усулларини муқояса қилиши баҳонасида қария сэр Жонни аччиқ киноявий сўзлар билан чақиб-чақиб олибди.

IV БОБ

Стефан Стронг кафил бўлмоқчи

Реклама ва матбуот сўзининг қудрати бемислдир. Эртаси куни қабулхонамга тушганимда, учта бемор мени кутиб ўтирарди.
Бу омадимнинг юриша бошлаганини билдирувчи хайрли далил эди. Мана энди, ошимни ошаб, ёшимни яшаб бўлган бугунги кунимда, мен бир пайтлар чиндан ҳам донги кетган машҳур доктор бўлган эдим, деб дадил айтишим мумкин. Менинг беморларга ташхис қўйиш лаёқатим илҳомбахш эди. Одатда, қабулимга келган хаста одамга бир назар ташлашимнинг ўзидаёқ, унинг касали нима эканлигини аниқ айта олардим. Ваҳоланки, донг таратган, юқори малакали докторлар ҳам беморни синчиклаб текшириб, пухта ўрганиб чиққан бўлишларига қарамай, ташхис қўйишга келганда қийналиб қолардилар.
Ўша унутилмас кундан бошлаб амалий фаолиятим кун сайин кўпроқ самара бера бошлади. Касаллар турли тарафдан қабулимга оқиб келавердилар; ана шунда, Денчестерга кўчиб келганимнинг иккинчи йили охирида йиғилган жамғармамни ҳисоблаб кўриб, сўнгги 12 ой ичида йиғган нақд пулим 900 фунтдан ошганини ва ҳали яна 300 фунтга яқин оладиган пулим борлигини аниқладим. Лекин шу кейинги 300 фунтнинг кўпроқ қисмини мен ҳисобга олмадим, зеро, даволангани учун ҳақ тўлашга қурби етмаган беморларни бепул даволашга қатъий аҳд қилгандим.
Майор ўлими воқеасидан кейин сэр Жон Белл билан ўртамиздаги муносабат тамомила узилди (у бир қанча вақт ҳатто консилиумларда ҳам мен билан учрашишни хоҳламай юрди), ваҳоланки, мен бу тажрибаси ўткир кекса докторга ёмонлик қилишни ҳеч қачон хоҳламаган эдим. Лекин барибир атрофимиздаги барча одамлар доктор сифатида мени сэр Жондан юқори қўярдилар, кейин унинг ўзи ҳам менинг даволаш усулимни ҳеч қачон чиппакка чиқармаган, танқид қилмаган эди; мен тобора юқорига кўтарилиб борардим ва хотиним икковимиз, яна уч йиллардан кейин бизнинг ҳам бойлигимиз сэр Жонникидан қолишмагай, деб орзу қилардик.
Лекин ҳеч кутилмаганда бошимизга оғир савдо тушди. Бу пайт Эмма билан турмуш қурганимизга уч йилча бўлиб қолган ва хотиним она бўлиш арафасида эди.
Эмма, менга ўзинг доя бўласан, деб туриб олди, унинг бу талабига эътироз билдириб дедим:
– Тўлғоқ тутган пайтда сенинг азоб чекиб қийналишингни кўриш, дод солиб чинқиришингни эшитиш мен учун энг оғир машаққат, ҳолбуки доктор бундай пайтда ниҳоятда совуққон, ҳеч нарсани ўйламайдиган бўлиши керак.
Қисқаси, шу кунларнинг бирида, бир консултация пайтида мен тасодифан сэр Жонга рўпара келиб қолдим. Қария, кутилмаганда, бениҳоя ёқимтой табассум билан менга яқин келиб деди:
– Эшитишимча, азизим Терн, яқин орада оилангизда бахтли воқеа содир бўларканми?
– Ҳа, – деб жавоб қилдим мен.
– Ундай бўлса, менинг хизматимдан фойдаланишни тавсия қилардим сизга. Бу масалада менинг кўп йиллик амалий фаолиятимни беэътибор қолдирмассиз, деб умид қиламан.
Сэр Жоннинг акушерлик бобида энг зўр малака соҳиби эканлигини билсам ҳам, унинг таклифи мени бир оз ўйлантириб қўйди; эҳтимол у мен билан алоқани тиклаш ниятида шу ҳолатдан фойдаланмоқчи бўлгандир. Мен бирон фалокат юз бериши мумкинлигини кўнглимга келтирганим учун эмас, балки хотинимнинг мендан бошқа ҳеч кимни ўзига яқин йўлатишни хоҳламаганлиги мени иккилантириб қўйганди. Сэр Жонга шуни айтмоқчи бўлдим-у лекин айта олмадим. Чунки агар айтсам, қария бу гапимни энг қаттиқ таҳқир деб ҳисоблаши ва мени яна ҳам баттарроқ ёмон кўриб қолиши мумкин эди. Шу сабабли, мен унга миннатдорчилик билдирдим ва илтимосини қабул қилдим. Кейин биз қадрдон дўстлардек, қўл сиқишиб хайрлашдик.
Уйга келиб бу ҳақда Эммага гапирган эдим, у менинг шундан бошқача йўл тута олмаслигимни эътироф этиб, рози бўлди.
Мана, Эмманинг ой-куни етиб келиб, онасидек дилбар ва оқбадан, худди мендек қоракўз қизалоғимиз соғ-саломат туғилди.
Хотиним ҳомиладан бўшанган тўртинчи куни эрталаб мен нонуштадан кейин унинг ётоқхонасига чиқдим; шу кунгача у доим ўзини жуда яхши ҳис қилаётган эди, аммо бугун у бир оз ҳастароқ кўринди – Эмма боши оғриётганини айтди. Хотинимнинг ёнида ҳали ўн дақиқа ҳам ўтирганим йўқ эди, хизматкорим югуриб кириб, мени қабулхонада бемор кутаётганини айтди. Мен Эммани ўпдим, ёстиғи ва кўрпасини, ётиши қулай бўлсин учун тўғриладим ва унга, ухлашга уриниб кўр, деб тайинлаб, пастга шошиб тушиб кетдим.
Мен беморни қабул қилиб, унинг кўкрак қафасига қулоқ солиб юраги урушини ўрганаётган пайтимда сэр Жон келиб хотиним хонасига чиқибди. Мен пациент билан хайрлашаётганимда, сэр Жон юқори қаватдан туша бошлади; айни шу пайт лорд Колфорднинг уй ходими қабулхонамга отилиб кириб:
– Сизни олиб кетгани келдим – бегойимни тўлғоқ тутмоқда, – деди.
Турган гапки, шаҳарнинг энг йирик бойи, банкир лорд Колфорднинг хотинига акушерлик қилиш Денчестердаги ҳар битта докторнинг энг биринчи орзуси эди. Мен жарроҳлик асбобларимни шоша-пиша йиғиштириб, лорднинг хизматкори билан йўлга тушдим. Кўчага чиқаётганимда сэр Жон орқамдан бир нима деб қичқирди, лекин гапини аниқлай олмадим ва унга, шошиб турибман, сиз билан кейинроқ гаплашамиз, дедим. Бу гапимга у:
– Ҳа, яхши! – дегандай бўлди.
Бу кундуз соат учларда бўлган эди. Лекин леди Колфорднинг кўзи ёриши шу қадар машаққатли ва мураккаб бўлдики, уйимга фақат кечқурун соат саккиздагина қайтиб келдим.
Кела солиб хотинимдан хабар олгани тепага чиқдим ва астагина хонага кириб, Эмманинг ухлаётганини, уни парвариш қилувчи аёлнинг эса, диванда мудраб ўтирганини кўрдим. Мен оёқ учида юриб бориб, хотинимнинг лабидан астагина ўпдим ва пастга тушиб, яна беморим леди Колфорд ҳузурига жўнаб, бутун тунни унинг хонасида ўтказдим.
Эрталаб соат саккизларда уйимга қайтиб келиб, қабулхонамда ўтирган сэр Жон Беллни учратдим ва унинг афтига бир қарашдаёқ қандайдир бир мудҳиш воқеа юз берганини пайқадим.
– Нима бўлди? – сўрадим мен.
– Нима бўларди? Кеча орқангиздан қичқириб айтганим бўлди. Сиз бўлсангиз, бироз тўхтаб гапимни эшитишни хоҳламадингиз. Кейин мен сизни қидириб ҳеч ердан топа олмадим. Хотинингизда бачадон инфекция­си пайдо бўлган. Мен кечаёқ, шундай бўлса керак, деб тахмин қилган эдим, бугун у дарднинг бачадон инфекцияси эканлигига заррача шубҳам қолмади.
– Бачадон инфекцияси! – дедим оҳистагина пичирлаб. – Агар шу рост бўлса, адойи тамом бўлдим ҳисоб.
– Дарров тушкинликка тушманг, мард бўлинг, хотинингиз – иродаси бақувват аёл, ҳали биз уни ажал чангалидан асраб қолармиз ҳам.
– Лекин сиз менинг леди Колфордга доялик қилганимни унутяпсиз. Ахир у хоним ҳузурига мен тўғри бемор хотиним олдидан чиқиб борганман-ку.
– Ҳа-я! Бу энди унча яхши бўлмади. Начора, бошга тушганни кўз кўрар экан. Лекин биз, шояд охири бахайр бўлса, деб умид қилайлик. Фақат унутманг, бундан кейин сизга узоқдан туриб қичқиришса, албатта, тўхтаб қулоқ солинг.
Биз совуққина хайрлашдик.
Бир ҳафтадан кейин хотиним қазо қилди, яна ўн кун ўтгач эса, латофатли леди Колфорд ҳам Эмманинг орқасидан гўрга кирди.
Шунда мен азадорлик кайфиятидан бир оз ўзимни тийиб, сэр Томас Колфордга, бехосдан қилган айбим туфайли оғир бахтсизликка учрагани муносабати билан ҳамдардлик ва таъзия билдириб мактуб ёздим.
Бу мактубимга жавобан қуйидаги сатрлар ёзилган очиқ хатни олдим. Сэр Томас Колфорд ёзган эди:
“Доктор Терннинг қотилликни риёкорлик билан қўшиб айтишни лозим топганидан сэр Томас Колфорд беҳад таажжубда”.
Бир неча кундан кейин, полиция инспекторидан леди Бланш Колфорд­ни қасддан ўлдирганликда айбдор ҳисобланганлигим учун ҳибсга олинажагимни изоҳловчи яна бир хабарнома келди.
Тунни Денчестер турмасида ўтказдим, эрталаб сўроқ қила бошладилар, шуниси ҳам борки, менинг жиноий ишимни кўриш учун, суд ўзининг махсус сессиясини чақирадиган бўлибди. Тергов чоғида мени леди Колфордни жиноий бепарволик ва ошкора ёвузлик қилиш билан ўлдирганликда айбладилар.
Гувоҳларни одатий сўроқ қилиш тугаб, менинг леди Колфордга доялик қилганим, шунингдек, унинг ўлими ҳақидаги далил ва сабаблар аниқланганидан кейин, навбат сэр Жон Беллга келди ва мен, мана, ниҳоят Белл бор ҳақиқатни айтади, деб ичимда суюниб кетдим.
Сэр Жон бачадон инфекциясининг юқумлилик даражаси ҳақидаги бир нечта саволга жавоб бериб, сўнг мени леди Колфордга акушерлик қилиш учун таклиф этилган кунимдан бошлаб бўлиб ўтган барча воқеаларни бир бошдан санаб чиқа бошлади.
У ўз бемори – менинг хотинимдан хабар олгани кирганида, бир неча симптомларга кўра, Эммада бачадон инфекцияси пайдо бўлганига ишонч ҳосил қилибди. Аммо унинг бу гапи ёлғон эди, чунки сэр Жоннинг ўз оғзидан эшитганим гапга қараганда, ўша куни у бу дарднинг мавжудлигини фақат тахмин қилган ва фақат эртаси кунигина хотинимда бачадон инфекцияси борлигига ишонган. “Шунда мен доктор Тернни бу фалокатдан огоҳлантиргани шошиб пастга тушдим. – деди қария сэр Жон. – У қабулхонадан чиқиб кетаётган эди. Аммо мен унга ўз фикримни айтгани оғиз очганимда, у лорд Колфорддан одам келгани ва ўзининг кўзи ёрий бошлаган леди Колфордга акушерлик қилиш учун таклиф қилингани ҳақида мақтана бошлади. Мен унга бу фахрли таклифдан воз кечишни маслаҳат қилдим. “Сабабки, хотинингиз бачадон инфекцияси билан оғриган, унга қараб турган аёл сизнинг ҳозиргина хотинингиз олдида бўлганингизни айтди”.
Шунда Терн менга: “бундай бўлиши мумкин эмас, чунки хотинимни ҳозир кўриб тушдим, салгина боши оғриётганини ҳисобга олмасак, у соппа-соғ”, деди.
Терн ўз амалиётида энди бир марта бўлаётган бундай ажойиб так­лифдан юз ўгира олмаслигини ва, албатта, леди Колфордга акушерлик қилажагини айтди. “Эҳтиёт бўлинг, азизим, – дедим унга, – деб гапини давом эттирди чол, – агар бирон кор-ҳол содир бўлса, сизни кўра-била туриб қилинган жиноий эҳтиётсизликда айблаб жавобгарликка тортишлари мумкин” – “Мени огоҳлантирганингиз учун сиздан беҳад миннатдорман, лекин онт ичиб айтаманки, хотинимга ҳеч нима бўлмайди, зеро, мен ўз касбимни жуда пухта ўрганганман ва ўз қилмишларим учун ўзим жавоб бера оламан” – деди Терн ва сумкасини қўлига олиб, эшикдан ғизиллаб чиқиб кетди.
Мен сурбетона айтилган бу ёлғон гапларни қандай қаҳру ғазаб ва наф­рат билан эшитганимни таърифлаб беришга ожизман.
Қаттиқ ҳаяжонланганимдан нафасим оғзимга тиқилиб фақат:
– Бу ёлғон, ҳамма айтилган гаплар бошидан охиригача ғирт ёлғон! – дея олдим, холос.
Сэр Жондан кейин, Эммага қараб ўтирган хотин гувоҳлик бера бошлади: у бир неча ёлғон гувоҳликлар берганидан кейин яна уялмай-нетмай айтдики, гўё тепа қаватда зина бошида турганида менинг сэр Жон билан узоқ суҳбатлашганимни эшитганмиш ва суҳбат охирида мен: “Ўзим жавоб бераман ўз қилмишимга” – деганмишман.
Мен бу хотиннинг айтган гапларига эътироз билдиргани бир оғиз ҳам сўз айта олмадим. Фақат, бу аёлнинг ҳамма гаплари ғирт ёлғон, дея олдим, холос.
Кейин мендан, бу ерда гувоҳлар айтган далилларни рад эта оладиган гувоҳлар борми сизда, деб сўрашди. Менда унақа гувоҳлар йўқ эди. Шунда суднинг одатий сўрови бошланди:
– Ўзингизни оқлаш учун қандай гапингиз бор?
Мен бутун бўлган воқеани аслида қандай бўлган бўлса, шундай ҳақиқий ҳолатда сўзлаб бердим ва гувоҳлик берганларнинг ҳамма гаплари бошдан-оёқ ғирт ёлғон эканлигини, сэр Жонни эса, Денчестерга кўчиб келиб амалиёт билан шуғулланишга киришган кунимдан бошлаб мени йўқ қилиш ниятида юрган ашаддий душманим эканлигини айтдим.
Шундан кейин суд ҳайъати залдан чиқиб кетди ва бир оз вақтдан ке­йин менга ишим сессия қурилтойига ҳавола қилинажагини, қурултой эса роппа-расо бир ойдан кейин бўлишини хабар қилишди. Унгача, агар мен ўзимни гаровга олиш учун 500 фунт тўласам ва яна мени кафилга оладиган иккита одам, ҳар бири 250 фунтдан ёки битта кафолат берувчи одам 500 фунт тўласа, маҳаллий суд мени қамоқдан чиқариб юборар экан. Мен умидсизликка тушиб бошимни хам қилдим, зеро, ўз номига қора доғ туширган бир нотавон банда бўлмиш менга раҳм-шафқат қила оладиган ҳеч бир қариндошим ҳам, ёр-дўстим ҳам йўқ эди.
– Миннатдорман сиздан, жаноб раис, менга яхши истак билдирган­ингиз учун, лекин қамоққа боришдан ўзга иложим йўқ, чунки менга кафил бўладиган битта ҳам таниш-билишим йўқ бу ерда, – дедим маъюс кайфиятда.
Шу пайт суд залининг орқа қаторларида бирдан қандайдир безовталик бошланди ва аллаким дағал овоз билан: “Мана, мен кафилга оламан сизни” – деб қичқирди.
Эллик ёшлар чамасидаги бир яғриндор эркак котиб столи олдига келди; бу одамнинг кўпчиган рангпар юзи унинг унчалик соғлом эмаслигидан далолат берар, кал бўла бошлаган бошидаги яккам-дуккам соч толалари, тароққа бўй бермаганлар шекилли, диккайиб турарди; у эгнига анча эскириб қолган қора тусдаги кўйлак кийиб, бўйнига чўғдек қизил галстук боғлаган эди.
– Исмингиз? – сўради ундан суд котиби.
– Вей йигитча, сиз кўпам кеккаяверманг. Ҳали сиз менга 24 фунту 3 шиллингу 6 пенс қарзсиз ва исмимни жуда яхши биласиз, агар унутган бўлсангиз, ижро варақасини охиригача ўқиганингизда билиб оласиз!
– Исмингизни сўраш менинг бурчим, – деди довдираб қолган котиб, – хизматим шуни талаб қилади.
– А-а, шунақа денг, унда марҳамат! Менинг исмим Стефан Стронг. Яна илова қилиб айтишим мумкинки, мен қандай миқдордаги чекка имзо чекмай, исмим ўзининг нақадар қийматли эканлигини билдириб туради. Ҳозир мен бу ерга анави йигитни кафилга олгани келганман… гарчи унинг тўғрисида, исми-шарифи ва ташқи қиёфасидан бошқа ҳеч нима билмасам ҳам. У марҳума ледига касал юқтирганми ё юқтирмаганми – билмайман, лекин шуни яхши биламанки, кўпчилик заҳарловчилар, хусусан, ўзларини чечак эмловчилар деб атовчи тиррақи заҳарловчилардан бири бўлган анави Белл учига чиққан ёлғончи ва мабодо манави йигит чиндан ҳам ледини заҳарлаган бўлса, бу унинг айби эмас. Энди, мана пул, санаб олинг!
Ҳамма иш тугаганидан кейин мен Стронг олдига бориб, унга миннатдорлик изҳор этдим.
– Мен миннатдор бўладиган ҳеч иш қилганим йўқ, – деб жавоб қилди у, – буни сиз учун эмас, бегуноҳ одамларни турмага тиқмасликлари учун қиляпман. Қани, энди менга айтингчи, ўзингизни ҳимоя қилгани етарли пулингиз борми?
Мен унга ҳозирча пулга муҳтож эмаслигимни айтиб, яна бир марта миннатдорлик билдирдим. Сўнг биз хайрлашдик.
Тайин қилинган кун ва соатда прокурор ўзининг айблов нутқини ғоятда баландпарвоз иборалар билан бежаб гапириб, мени разилона моддий эҳтиёж туфайли, ёшгина аёлнинг ҳаётига зомин бўлганликда айб­лаб, бу айбини исботловчи далиллар келтирди. Кейин гувоҳлар тергов қилина бошлади, аммо бу галги терговлар ҳеч қандай аниқлик киритмади. Ниҳоят, навбат сэр Жон Беллга келди ва у дастлабки тергов пайтида айтганларини яна деярли сўзма-сўз такрорлади, холос. Кейин қарши томон гувоҳлари сўроқ қилина бошланди; ана шунда, менинг билимдон ва ўз касбини пухта ўрганган доктор сифатида сэр Жон Беллдан анча юқори туришим, шу сабабга кўра, сэр Жоннинг ичи қоралик қилиб, тиббий амалиётга киришган кунимдан бошлаб менга ғайирлик қилиб келаётгани ҳам, кейин хотинимнинг бачадон инфекциясига учрашида ҳам фақат шу сэр Жоннинг ўз беморини даволашда бепарво бўлганлиги аниқланди. Гувоҳларни сўроқ қилиш тугаганидан сўнг, суд мажлиси эртанги кунгача ёпиқ, деб эълон қилинди.
Мен кафилга олинган бўлганим учун, айбланувчи курсисидан туриб кўчага чиқдим ва ҳеч ким мени танимайдиган, таниш-билишларим учрамайдиган биронта хилватроқ ресторанга бориб овқатланмоқчи бўлдим.
Кўчада шошмасдан аста-аста кетиб бораётганимда, орқамдан изма-из келаётган қандайдир бир одамнинг оёқ товуши эшитилди ва мен шахт ўгирилиб, рўпарамда бўйнига чўғдек қизил галстук таққан мистер Стронгнинг бўзарган башарасини кўрдим.
– Ҳозир сизнинг юрагингиз ғаш, кун бўйи суд залида ўтириб толиққансиз, доктор Терн, – деди у. – Лекин энди нима учун шаҳар кўчаларида бир ўзингиз тентираб юрибсиз, ёр-дўстларингиз билан бирга бўлмай?
– Чунки менинг дўстларим йўқ.
– Шунақа денг? – деди у. – Қани, юринг бўлмаса, бирга овқатланамиз.
Мен мистер Стронгга ташаккур айтдим. Мутлақо менга бегона бўлган бу қариянинг самимий илтифотидан астойдил таъсирланиб кетган эдим. Биз биргалашиб унинг энг йирик дўконига бордик ва торгина йўлакдан ўтиб, хонадонига кирдик. Қадимги модадаги залворли мебеллар билан жиҳозланган бу кенг хонадаги каттакон диваннинг қоқ ўртасида эгнига қора шоҳи кўйлак кийган, сочлари оппоқ оқарган, икки юзи нақш олмадек қизарган кекса аёл ўз орқасидаги жавон устига қўйилган пуштиранг қалпоқли чироқнинг ёруғида китоб ўқиб ўтирарди. Мен бу аёлнинг айнан чечакка қарши эмлаш тўғрисидаги қандайдир рисолани ўқиётганини, рисола муқовасида эса чечакка чалиниб бадбуруш бўлиб кетган бир қўлнинг суврати борлигини, негадир бир қарашдаёқ фаҳмладим.
– Марта, – деди мистер Стронг хонага кираркан, – бу йигит доктор Терн, сенга у ҳақда айтгандим! Бугун у биз билан бирга кечлик қилади. Доктор Терн, бу менинг хотиним!
Миссис Стронг ўрнидан туриб менга қўл узатди. Бу қотмадан келган, хушқомат аёлнинг юз бичими ғоят назокатли, кўк кўзлари мулойим боқарди.
– Хуш келибсиз, хурсандман келганингиздан, – деди унинг майин овози. – Стефаннинг ҳамма дўстлари, айниқса, ҳақиқатпарвар бўлганлари учун таъқиб қилинаётган дўстлари ҳамиша менинг энг азиз меҳмонларимдир.
Шу пайт бу ерга уй ходимаси кириб, кечлик таом тайёр эканлигини айтди. Бизлар қўшни хонага ўтдик. У ерда бизни жайдари, аммо жуда мазали таомлар кутарди. Хайрият, мистер Стронг тоза сувдан бошқа ҳеч қандай ичимлик ичмайдиган муҳтарама рафиқасига тақлид қилмас экан. У менинг олдимга бир шиша олий нав портер қўйди.
Овқатланаётганимизда мен эр-хотин Стронгларнинг бутун умрларини бефарзанд яшаб ўтказаётганларини ва икковлари ҳам ўзларини турли хил “ғоялар”ни тарғиб қилишга бағишлаганларини билдим. Мистер Стронг ҳар қанақа фикр ва ғояларга “анти” муносабатда, яъни қарши экан, унинг хотини эса, фақат “чечак эмлаш” масаласинигина хуш кўрмас экан. Агар ана шу буюк масалани ҳисобга олмасак, бу аёлнинг миясини, англо-сакс­лар исроилийларнинг бедарак йўқолиб кетган ўнинчи насабидан келиб чиққанлар, деган мутлақо беғараз бир “ғоя” бутунлай банд этган эди.
Мен чечак эмлаш масаласидаги суҳбатга барҳам бериб, миссис Стронгнинг исроилийларнинг ўнинчи насаби ҳақидаги фикрига хайрихоҳлик билдирдим ва шу гапим билан бу мулойим табиат аёлнинг кўнглини тоғдек кўтариб юбордимки, у бундан кейинги ҳаётим не кечишини унутиб қўйиб, тез-тез келиб туришни таклиф қилди ва шу заҳоти исроилийлар ўнинчи насабининг олимлар томонидан тахмин қилинган сарсону саргардонликлари ҳақидаги бир даста адабиёт ҳамда рисолаларни менга ўқиш учун берди. Мен миссис Стронг билан шу тарзда танишдим.
Эртаси куни эрталаб соат ўнда яна судланувчилар курсисига бориб ўтирдим; хотиним кўзи ёриётган пайтда унга қараб турган хотин гувоҳлик бераркан, худди доктор сэр Жон билан олдиндан келишиб олгандек, яна ўзлари тўқиган уйдирма гапларни такрорлади. Бошқатдан қатъият билан ўтказилган бу тергов пайтида мазкур аёлнинг айтганлари унчали ишонарли эмаслиги маълум бўлди-ю, аммо у берган гувоҳликларни чиппакка чиқаришнинг имкони бўлмади. Ана шунда менинг адвокатим бўлиб ўтган бор ҳақиқатни ойдинлаштирувчи нутқ сўзлаб деди:

– Бу ерда айтилган барча айбловлар фақат ҳимоямдаги судланувчининг азалдан ашаддий душмани бўлган сэр Жон Белл берган гувоҳликкагина асосланган, лекин бу судланувчи, афсуски, ўзини оқлаш учун биронта ҳам гувоҳни кўрсатолмайди, чунки сэр Жон айтган ўша ёлғон суҳбат пайтида суҳбатни эшитган учинчи шахс бўлмаган, бинобарин, агар сэр Жоннинг берган гувоҳликлари тўғри бўлса, ҳимоямдаги судланувчи телба одам бўлиши керак: шубҳа йўқки, ўз касбининг билимдони бўлган бу доктор бачадон инфекцияси юқумли касал эканлигини, шунга кўра, ўзининг хаста хотини олдидан чиқиб, кўзи ёриётган бемори ҳузурига кетаётганида мазкур дардни бошқасига ҳам юқдириб қўйиши ва оқибатда ўзининг докторлик мавқеи ҳамда обрўсидан жудо бўлиши мумкинлигини билиши керак эди. Майли, биз уни бирон мақсадни кўзлаб, шу даҳшатли ишни бажаришга журъат этди, деб фараз ҳам қилайлик. Агар шундай бўлса, наҳотки у касални юқтиришдан эҳтиёт бўлиш чорасини кўрмасди? Лекин, афсуски, бундай воқеа содир бўлганини, судда келтирилган гувоҳликлардан маълум бўлишича, ҳеч ким пайқамаган.
Шундан сўнг менинг, доктор Белл айтган гапларнинг ҳаммаси, бошдан- оёқ ёлғон, леди Колфорд ҳузурига кетаётганимда хотинимнинг касал бўлиб қолганини мутлақо тасаввур қилмаган эдим, деб ёзган аризамни ўқиб эшиттирдилар.
Суд раиси терговда айтилган ҳамма гаплардан хулоса чиқариб, маслаҳатчиларга шундай кўрсатма берди:
– Ушбу ғайриоддий айблов фақат доктор Белл берган гувоҳликкагина асосланган, судланувчининг хотинини боққан аёл эса, шу доктор Белл­нинг айтганларинигина такрорлади, холос; агар биз, судланувчи ўз манфаатини кўзлаб, соҳибжамол аёлнинг ҳаётини гаровга тиккан ҳолда қўл урган бу ишга, деб фараз қиладиган бўлсак, унда хотинининг оғир ва хатарли касалга чалинганини сэр Жон Белл оғзидан эшитган судланувчининг мутлақо қайғурмагани, ҳайрон ҳам бўлмагани таажжублантирмайдими сизларни? Ҳолбуки, доктор Терннинг ўз хотинини жонидан ортиқ севувчи меҳрибон эр эканлиги ҳаммага маълум. Бу ишда фақат битта тахмин бор: судланувчи сэр Жоннинг гапини тушунмаган ё эшитмаган.
Раиснинг маърузасидан кейин, суд маслаҳатчилари айбловни муҳокама қилгани чиқиб кетишди. Улардан кейин суд раиси ҳам залдан чиқди.
Раис чиқиб кетиши билан залда шивир-шивир, ғовур-ғувур гаплар бошланди. Бу ерга йиғилган одамларнинг ҳаммаси менга адоват ва наф­рат билан ўқрайиб қараётгандек туюлардилар, шуни сезиб, юрагим зириллаб ўтирдим.
Суд маслаҳатчилари анча узоқ қолиб кетишди, мен ўзимнинг ҳозирги аҳволимга аста-аста кўника бошлаб, одамларнинг менга ўқрайиб қарашларига, мени ёмонотлиқ қилиб таҳқирлашларига парво қилмай қўйдим. Энди мен ўз қобиғимга кириб олиб, ўзимнинг келажакдаги аҳволим қандай бўлиши ҳақида мулоҳаза юрита бошладим. Суд маслаҳатчилари қандай ҳукм чиқармасинлар, барибир, менинг келажакдаги мавқеим кундай равшан эдики, ҳозирнинг ўзиданоқ, энди буткул хонавайрон бўлдим, деб айтишим мумкин эди. Ёлғондакам гувоҳлик бериб, сохта қасам ичиб айтган бўҳтон гаплари билан менинг обрўйимни тўккан, покиза исмимни бадном қилган ва ҳалол насибам бўлган бир тишлам нонимни ҳам оғзимдан тортиб олган аблаҳ эса, шундоққина рўпарамда ғолиб чиққанидан ғурурланиб ўтирарди. У ўз ёнидаги одамлар билан бетакаллуф гурунглашаркан, бирдан кўзи тасодифан менинг кўзимга тушди. Бу чол қалбининг энг хилват бир бурчагида виждонининг сўнгги қолдиғи ҳали ҳам сақланган бўлса керакки, у бирдан гунг бўлиб қолди, лаблари гезариб титрай бошлади, сўнг шоша-пиша ўрнидан туриб, залдан чиқиб кетди.
Бу фавқулодда ҳолат сэр Жон билан суҳбатлашиб ўтирган юристнинг эътиборидан четда қолмади шекилли, ҳурматли сэр Жон Беллнинг кайфияти кутилмаганда не сабабдан бунчалик тез ўзгариб қолгани шу заҳотиёқ унга аён бўлди. У олдин менга тикилиб қаради, кейин зафар қозонганини яна кўз-кўз қилиб такаббурона кеккайганча эшик томон кета бошлаган сэр Жонга ўгирилиб қаради.
Бу суд ҳайъати аъзоси чолнинг орқасидан кузатиб қоларкан, олдин шифтга тикилди, сўнг аста-секин ҳуштак чала бошлади.
Чамаси, суд маслаҳатчилари менинг ишимни муҳокама қилишда бир тўхтамга кела олмаётган бўлсалар керакки, орадан анча вақт ўтган бўлса ҳам, ҳануз келмаётган эдилар. Ниҳоят, сал кам бир ярим соатдан кейин полиция бошлиғи, “улар”нинг (яъни судья ва суд маслаҳатчиларининг) чиқиб келаётганини хабар қилди.
Мен маслаҳатчиларнинг юзига тикилиб қараб, устимдан қандай ҳукм чиқарганларини билишга ошиқардим. Ҳукм ўқилишини сабрсизлик билан кутишдаги менинг ҳолатим бемаъни бир алаҳлашга ўхшаб кетди. Суд раиси ўз ўрнига чиқиб ўтирганидан кейин, маслаҳатчилар бошлиғи ҳукмни баланд овоз билан тантанавор оҳангда эълон қилди: “Айбдор эмас, умид қиламизки, доктор Терн бундан кейин яна ҳам эҳтиёткорроқ бўлгай”.
– Бу жуда аломат ҳукм бўлди! – деди суд раиси бир оз аччиғлангандай оҳангда. – У айни пайтда ҳам оқлаяпти, ҳам айблаяпти. Доктор Терн, сиз озодсиз, суд оқлади сизни, лекин минг афсуски, маслаҳатчилар бу жумбоқли жумлани ўз чиқарган ҳукмларига қўшишни лозим топибдилар.
Мен раисга қуйи эгилиб таъзим қилдим ва бу билан унинг менга кўрсатган хайрихоҳлиги учун миннатдор эканимни билдирдим-да оломон орасини ёриб ташқарига чиқа бошладим.
Мен тўғри ўзимнинг ҳувиллаб ётган масканим сари йўл олдим; етиб бориб бўм-бўш қабулхонамга кирдим-да дуч келган биринчи курсига ўтириб, нақадар мушкул ва ночор аҳволга тушганимни мушоҳада қила бошладим: мен ҳам суюкли хотиним, ҳам оқила дўстим бўлган энг азиз одамимни йўқотдим, эришган мавқеим барбод бўлди, инсон ва ҳозиқ доктор сифатида қозонган обрўйимга қора доғ тушди, энди ўзимни қаёққа олиб қочмай, мени бадном қилувчи миш-мишлар ҳамма ерга орқамдан эргашиб бораверади.
Мен ана шу беҳаловат аҳволимни ўйлаб ғамга ботиб ўтирганимда хизматчи йигитим кириб, аллақандай жаноб мен билан учрашмоқчи эканини айтди. Унинг орқасидан қабулхонага жиккаккина бир одам тиржайиб кириб келди. Мен уни кўрган заҳотим танидим: бу одам лорд Колфорднинг менга қарши қўзғаган ишини олиб бораётган ишончли вакилга муовин эди.
– Афсуски, доктор Терн, – деб жоврай бошлади бу пакана одам кафтларини бир-бирига ишқаб туриб, – бошингизга тушган нохушликлардан қутилганингиз йўқ ҳали: жиноят ўрмонидан қутилиб чиққан бўлсангиз ҳам, энди гражданлик ботқоғига ботиб турибсиз! Ҳи-ҳи-ҳи!.. – Шундай деб туриб, у менга бир варақ қоғоз узатди.
– Нима бу? – сўрадим мен.
– Бу сэр Томас Колфорднинг доктор Терндан 10 000 фунт-стерлинг талаб қилувчи гражданлик даъвоси. Ҳар ҳолда, ёшгина, гўзал хотинидан жудо бўлгани эвазига даъвогар талаб қилаётган бу пулнинг унчалик йирик эмаслигини ўзингиз ҳам билиб турибсиз!.. Лорд Колфорд сизни турмага тиқа олмади, шу боис у гражданлик даъвоси билан сизни хонавайрон қилмоқчи бўлди. Агар у ўшанда менинг гапимга кириб, даъвони шундан бошлаганида эди, жиноий иш қўзғашнинг ҳеч ҳожати бўлмасди. Сизни айбдор ҳисобламасликларини мен ўшандаёқ билганман. Суд маслаҳатчилари бахтсиз тасодиф туфайли, билмай хато қилиб қўйган одамни айбдор деб ҳисоблаб ҳибс эттирмайдилар. Лекин граждан даъвоси – бошқа гап, агар бу иш тажрибаси ўткир адвокатга топширилса, даъвогарнинг талаби албатта қондирилгай. Сизга маслаҳатим: тергов бошланишини кутмай, тезроқ бошқа бирон ерга қочиб кетинг. Соғ бўлинг, жаноб доктор… омад тилайман сизга…
Шундай деб бу питрак одамча хонадан ўқдай отилиб чиқиб кетди.
Мен, бунчалик аҳволга тушаман, деб ўйламагандим. Ишим судда биринчи марта кўрилгандаёқ анча-мунча пулим совурилиб кетган эди, энди иккинчи марта бўладиган суд процессига дош бера олмасдим, Колфорднинг даъвосини қондириш ҳақида-ку гап бўлиши мумкин эмас. Хўш, нима қилишим керак? Энди нима бўларкин, деб қўл қовуштириб ўтираверайми? Ундан кўра, бир йўла ҳаёт билан видолашиб қўяқолганим яхши эмасми? Ахир ҳеч нима қолмади-ку мен учун бу ёруғ дунёда! Шу кейинги бўлган машъум воқеалар мени тамомила ҳолдан тойдирган эди. Шу сабабли ўша пайтда мен учун энг улуғ ором ва энг ҳузурбахш фаромушхотирлик рамзи бўлган ўлим хавфини мутлақо ҳис қилмай қўйгандим.
Лекин бу қароримни, гарчи у қатъий ва жиддий қарор бўлган бўлса ҳам, менинг ва яна анча одамларнинг бахтига қарши, амалга оширмадим. Биринчи навбатда, мен газеталарда чоп эттириш учун анча катта мактуб ёзиб, унда леди Колфорднинг ўлимига тааллуқ бўлган барча ҳаққоний далилларни баён қилдим ва онгли равишда атайлаб, ёлғон гувоҳлик берган, мени нобуд қилиш қалбаки қасам ичишдан ҳам қайтмаган сэр Жон Беллнинг ҳақиқий башарасини очиб ташладим. Кейин қизимга у балоғат ёшига етганида топширишни сўраб, иккинчи мактубимни ёздим. Бу мактубимда ўз жонимга қасд қилишим сабабларини айтиб, уни жуда эрта ёлғиз ташлаб кетаётганим учун мени кечиришини сўрадим.
Кейин дори-дармонлар териб қўйилган шкафим олдига бориб, бир оз ўйланиб турдим-да сионид кислотасини танладим. Тўғри, уни ичган одамнинг кўнгли айнийди, лекин таъсири жуда тез ва аниқ бўлади. Сирасини айтганда, ўлганимдан кейин жасадимнинг қорайиб кетиб сасий бошлагани билан менинг нима ишим бор?..

V БОБ

Ажал дарвозаси оғзида

Мен шкафдан дори шишачасини олиб, рюмкага бир ютумли заҳар қуйдим ва ичиш осон бўлсин учун, уни қиттаккина сув билан чапиштирдим. Бу ишимни мен секин-аста, ҳеч шошмасдан бажардим. Энди рюмкадаги оғуни фақат бир кўтаришда ютиб юборишим қолган эди. Шу пайт бирдан, худди елвизак эсгандек, пешонамга совуқ бир нафас келиб урилди. Мен сесканиб кетдим. Қарасам, рўпарамда, зулмат буркаган эшик оғзида Стефан Стронг турарди. Ҳа, бу ўша эди, зеро, ёниб турган шамнинг шуъласи тўғри унинг бўзарган юзи ва сочи тўкилган хум калласига тушиб турарди.
– Оҳо, доктор, маишат зўр-ку, – деди у ғўлдираган, аммо мулойим овозда. – Бу қандай лаззатбахш ичкилик бўлди? Майлими татиб кўрсам? – Шундай деб у рюмкани оғзига олиб борди.
Мен бир лаҳзада ҳушимни йиғиб олдим ва Стефан Стронг қадаҳни ҳали лабига теккизмасидан, бир уриб, рюмкани унинг қўлидан учириб юбордим. У ерга тушиб чил-чил синди.
– А-а… Ўзим ҳам, шунақа бўлса керак, деб ўйловдим! – деди меҳмоним. – Қани, энди айтингчи менга, яхши йигит, нима учун жазм қилдингиз бу ишга?
– Нима учун бўларди? – дедим мен унинг саволига жавобан. – Хотиним ўлди, ўзим бадном бўлдим, боз устига, докторлик амалиёти билан ҳам бошқа шуғуллана олмайман энди… Мени хонавайрон қилиб, саёқ гадога айлантирмоқчи бўлган сэр Томас Колфорднинг қўзғаган янги даъвоси нима билан тугашини кутиб ўтиргандан кўра, дам ғаниматда ўлиб кетганим яхши-ку, ахир!
– Ҳали сиз ўз жонингизга қасд қилиш билан бошингизга тушган азобу уқубатларни енгиллаштирмоқчи бўлдингизми? Ахир сиз, ўзимни шарманда қиладиган, ўзимни ўз кўзимга доҳилан қоралаб, ҳижолат қилувчи ҳеч қандай айб иш қилмаганман, дегандингиз-ку! Мен шу гапларингизга ишонаман. Бас, шундай экан, одамлар сиз ҳақингизда нима деб ўйласалар ўйлавермайдиларми? Биламан, ҳозир сиз жуда оғир аҳволдасиз; лекин мен бир вақтлар бундан ҳам оғирроқ аҳволга тушиб қолгандим, ҳа, ҳа, ишонаверинг. Мен одамлар берган сохта гувоҳликлар касрига қолиб, сургунда кўп машаққатлар чекканман, лекин шунда ҳам ўз жонимга қасд қилишни кўзламаганман. Сургун муддатини ўтаб бўлиб, уйимга қайтгач, секин-секин турмушимни яна тиклаб олдим. Ахир сиз ҳам мендан ўрнак олиб, шундай иш тутсангиз бўлмайдими?
– Афсуски, яқинда бўлиб ўтган фалокатдан кейин биронта ҳам одам менинг хизматимдан фойдаланишни истамайди энди! – дедим.
– Мен топиб бераман сизга ўшандай одамларни. Лорд Колфорднинг сиздан пул ундириш мақсадида қўзғаган даъвоси масаласига келсак, буни ўзим амаллайман. Мен суд ишларига аралашишни яхши кўраман, қандайдир бир-икки минг фунт пулимдан воз кечганим билан камбағал бўлиб қолмасман. Ҳозир эса, мен сизни бугунги кечлик таомимизни биз билан баҳам кўришга таклиф қилгани келувдим; ўйлайманки, бу заҳри қотил ўрнига Стефан Стронг билан ҳамтовоқ бўлиб, портерхўрлик қилсангиз, анча ўзингизга келиб қоласиз. Лекин бу ердан чиқмасимиздан олдин, бу ярамас одатингизни бошқа такрорламасликка сўз берасиз менга! – деб у ерда сочилиб ётган рюмка синиқларини кўрсатди.
– Сўз бераман сизга, бошқа такрорланмайди бу қилмишим.
– Жуда соз! – деди мистер Стронг мени қўлтиғимдан олиб эшик томон юраркан.
Илгари Стефан Стронгникида биринчи оқшомни қандай ўтказган бўлсам, бу сафар ҳам деярли шундай ўтказдим. Миссис Стронг мени очиқ чеҳра билан қарши олди ва бир-иккита савол бериб ишимни суриштирганидан кейин яна ўзининг энг севимли мавзуси – исроилийларнинг йўқолиб кетган ўнинчи насаби ҳақида гапира бошлади, кейин менга бериб юборган китоб ва рисолаларини ҳали ҳам ўқимаганимни эшитиб, қаттиқ аччиғланди. Лекин у бир оздан сўнг жаҳлидан тушди ва мен уйимга хуш кайфиятда қайтдим.
Бундан кейинги бир ё икки ой мобайнида менинг ҳаётимда эътиборга лойиқ ҳеч қандай воқеа юз бермади, агар сэр Томас Колфорднинг устимдан қўзғаган гражданлик даъвоси ҳақидаги ишнинг бирдан тўхтатиб қўйилганини ҳисобга олмасам. Бу суд ишининг тўхтатилиши сабаби ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот эълон қилинмаган бўлса ҳам, менинг тахминимча, сэр Жон Белл яна судда сўроқ бериб, олдинги гал мени қоралаб айтган гапларини бу сафар ҳам такрорлашни хоҳламаган бўлса керак. Ишимнинг бундай якунланганидан хурсанд эдим, албатта, лекин айни пайтда яқиндагина бошлаганим тиббий амалиётимдан буткул жудо ҳам бўлган эдим. Бу ёқда, жамғарганим бир озгина пул тугаш арафасида эди, шунда мен бир амаллаб кун кечиришим учун бир бурда нон топиш иложини қидирадиган куним энди яқинлашиб қолганини тасаввур қила бошладим.
Бир куни эрталаб кабинетимда тиббиёт мавзуидаги бир китобни ўқиб ўтирганимда кўча эшик қўнғироғи бирдан қаттиқ жиринглади.
“Бемор келди!” – деб ўйлагандим. Лекин кабинетимга кириб келган Стефан Стронгни кўриб, ҳафсалам пир бўлди.
– Хўш, аҳволлар қалай, доктор? – деб гап бошлади у. – Нега шунча барвақт келганимга ҳайрон бўлаётгандирсиз? Мен сизни иккита касал болакайни кўриб қўйгани олиб бормоқчиман. Ҳозир борамиз уларнинг олдига, агар қарши бўлмасангиз!
– Йўқ, қаршимасман, албатта. Хизматингизни бажаришга доим тайёрман! – деб жавоб қилдим мен. – Улар қанақа болалар, касаллари нима экан?
– Бир этикдўзнинг ўғли ва қизи, лекин қандай касал билан оғри­ганликларини ўзингиз кўриб билиб оласиз, – деди мистер Стронг.
Биз шаҳарнинг энг ғариб маҳаллаларини извошда кезиб юриб, ахири кўримсизгина бир этикдўзнинг дўкони олдида тўхтадик. Дўкон деразасига сал қўполроқ тикилган бир неча жуфт этик сотиш учун териб қўйилганди, пештахта ортида дўкон хўжайини – қирқ ёшларга борган маъ­юс чеҳрали уста Самуэлс ўтирарди.
– Самуэлс, мана доктор олиб келдим, – деди Стефан Стронг.
– Ҳа, яхши, хотиним билан болаларим ичкари хонада! Нимасини айтай, ўзингиз кўрасиз. Мен кирмайман, қаролмайман уларнинг аҳволига. Қарасам кўнглим беҳузур бўлиб, ўқчий бошлайман, – деди Самуэлс қўрс овозда ва юзини тескари буриб олди.
Биз дўкон ичидан ўтиб, бу ғарибона савдо масканининг орқасидаги хонага кирдик. Бу ерда кимдир баралла додлаб йиғлар ва инграрди. Хона ўртасида, кўринишидан анча барвақт қартайиб қолган, чўпдай озиб, тинкаси қуриган аёл турарди, тўшакда эса, бири уч, иккинчиси тўрт ёшлардаги ўғил бола билан қиз бола ётарди. Мен дарҳол уларнинг касалини текширишга киришдим. Ўғил бола нақ чўғдай қизиб ётар, унинг аъзойи баданига қип-қизил иситма тошган эди. Қизча эса, тирсагидан юқорироқда пайдо бўлган сувли каттакон қизил шишнинг азобига чидай олмай қийналарди. Унинг бутун қўли қизариб яллиғланиб кетганди. Иккала болада ҳам сарамаснинг энг оғир кўриниши мавжудлигига ва уларнинг бундан беш кун бурун чечакка қарши эмланганларига менда шубҳа қолмади.
– Хўш, – деб сўради мистер Стронг, – касаллари нима экан бу болаларнинг?
Мен унга жавоб бердим.
– Нима сабабдан касал бўлишган? Эмланганлари учун эмасми?
– Шундай бўлиши ҳам эҳтимол! – деб мужмалроқ жавоб қилдим мен.
– Самуэлс, бу ёққа кел, нима бўлганини жаноб докторга бир бошдан сўзлаб бер! – деди мистер Стронг.
– Ниманиям айтаман? – деди ота ғижиниб ва болалари томонга қарамасликка уриниб. – Мени уч марта кетма-кет полицияга чақириб олиб кетишди, болаларимни чечакка қарши эмлатмаганим учун жарима солишди: ўзимнинг синглим шу лаънати эмлаш оқибатида жон таслим қилгандан бери жуда қўрқиб қолгандим бу дарди бедаводан – ўшанда синглимнинг бошига виж-виж яра тошиб кетганди… Кейин жарима тўлашга қурбим етмай қолди. Кўриб турибсиз, ишим юришмай, молим касод бўлиб, бир ҳолатда яшаяпман. Ноиложликдан, хотинимга болаларни чечакка қарши эмлаш докторхонасига олиб боришни буюрдим. Мана, ўзингиз кўриб турибсиз нима бўлганини! Минг лаънат ўша эмловчи докторларга ҳам, уларнинг заҳарли эмлашларига ҳам!
Мушкул аҳволга тушган уста шу гапидан кейин бир қўл силтади-да хонадан чиқиб кетди.
Лекин мен бу ерда болаларнинг касалга чалиниши тафсилотига тўхталиб ўтирмоқчи эмасман, фақат шуни айтишим жоизки, қанча тиришиб астойдил ҳаракат қилган бўлсам ҳам, ўғил бола ўлди, аммо қизча тузалиб кетди. Яхшиям бу иккала болани битта лимфа билан эмлашибди. Мен мазкур лимфани ниҳоятда синчиклаб ўрганиб чиқиш лозимлигини ҳукумат аъзоларига анча қийналиб бўлса ҳам, ахири тушунтира олдим, қарангки, бу текшириш ўша лимфада сарамас касали бацилласи бўлганини аниқлаб берди.
Бу воқеа бутун шаҳарга овоза бўлиб кетди ва мени воқеа қаҳрамони сифатида эътироф эта бошладилар. Эмлаш амалиётига қарши бўлган одамлар мени энг нуфузли ва донишманд шахс сифатида тан олишиб, эмлаш жараёни масаласида оғзимдан чиққан ҳамма гапларни далил сифатида пеш қила бошладилар.
Гарчи мен бу масала юзасидан бирон аниқ ва қатъий фикр айтмаган бўлсам ҳам, мени, бора-бора, чечак эмлашга қарши бўлган докторларнинг етакчиси ва устози сифатида тан ола бошладилар.
Ана шу, аслида сохта бўлган шуҳратим асосида Стефан Стронг, агарда мен, одамларнинг фақат эмлаш оқибатида касалга чалингани тахмин қилинган ҳар битта ҳолатни алоҳида текшириб чиқиш вазифасини зиммамга олишга рози бўлсам, у менга мўмайгина мукофот пули таклиф қиладиган бўлди. Мен рози бўлдим, зотан бундай текширув менга ҳеч қандай мажбурият юкламасди ва ниҳоят икки йил давомида астойдил қунт билан олиб борган текширувларим натижасида, ўша пайтларда эмлаш усулининг амалиётда бир одам қўлидан иккинчи одам қўлига ўтиши оқибатида, кўпинча эмлаш жараёни қон бузилиши, йирингли яра, сарамас, ҳатто сил касалининг келиб чиқишига сабаб бўлганига ишонч ҳосил қилдим. Бу воқеаларнинг ҳаммасини мен газета ва журналларда эълон қилдим, натижада, ўша вақтда Вестминстерда жойлашган чечак эмлаш қироллик комиссияси мени ўз ҳузурига чақириб, бу масала юзасидан изоҳ беришимни сўради. Изоҳимни эшитган мазкур ташкилот аъзоларидан айримлари мени эмлашнинг фойдаси ёки зарари ҳақида ўз фикримни айтишга мажбур қилмоқчи бўлдилар. Мен узоқ музокара олиб боришдан қочиб, биронта ҳам одам Женнернинг буюк кашфиётини инкор эта олмайди, деб мужмал жавоб бердим.
Агар эслаб кўрадиган бўлсак, бир вақтлар деярли ҳар бир одам чечак балосидан азоб чеккан фақат чечак дардига чалинган бўлса ҳам, минг-минглаб ҳамжинслари сингари бадбашара бўлмай улғайган аёлгина гўзал ҳисобланган. Агар сиз ҳозирги қарияларимиздан, ҳали гўдак бўлган чоғларида чечакнинг халқ бошига қандай бало-офатларни ёғдиргани ҳақида сўрасангиз, ҳаммаси равшан бўлади-қолади. Лекин шуни ҳам айтиш керакки, агар чечакка қарши эмлаш – қаллоблик бўлса, унда 1000 та доктордан 999 таси нафақат Англияда, шунингдек, барча маданиятли мамлакатларда ҳам чечак эмлашнинг фойдали эканлигига қандай қилиб қатъий ишонч билдирганлар?
Шу эди менинг дохилий эътиқодим, лекин буни элга овоза қилишни лозим кўрмадим. Ўша пайтларда эмлашнинг фалокатли бўлиш ҳоллари халқ ўртасида тез-тез учраб турарди-ю аммо бунга доим ё лимфанинг ёмонлиги, ё эмловчининг бемор олдига исқирт ҳолда келиши сабаб бўларди.

(Давоми келгуси сонда)

Рус тилидан
Қодир Мирмуҳамедов
таржимаси

4/2019

0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi