Азизиддин НАСАФИЙ КОМИЛ ИНСОН КИТОБИ

Poetry

ЎН БИРИНЧИ РИСОЛА
МУЛК, МАЛАКУТ ВА ЖАБАРУТ ОЛАМЛАРИ БАЁНИДА

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Алҳамду лиллаҳи роббил-ъаламийн вал-ъақибату лил-муттақийн, вас-солату вас-саламу ъала анбиёиҳи ва авлиёиҳи хойру холқиҳи, ва ъала алиҳим ва асҳобиҳим ат-тоййибийн ат-тоҳирийн.
Аммо баъд, заифларнинг энг заифи ва фақирларнинг ходими, камина – Азизиддин Муҳаммад Насафий ушбу китобнинг биринчи жилдини ёзиб, авом ҳам, хослар ҳам фойдаланаётган ўн рисолани тугатганимдан сўнг дарвешлар – Аллоҳ уларни янада кўпайтирсин – бу бечорадан мулк олами, малакут олами ҳамда жабарут олами ҳақида бир рисола тартиб беришимни сўрадилар. Уларнинг таклифларини қабул қилдим ҳамда хато ва гумроҳликдан паноҳ истаб, Аллоҳ таолодан мадад ва ёрдам сўрадим. Негаки, фақат У ниманики, истаса Қодир эрур ва сўраганларни ижобат қилишга муқтадир.
Эй дарвеш! Биринчи жилдда сўз юритишнинг қоида ва қонунлари бошқа эди, ушбу иккинчи жилдда сўз юритишнинг қоида-қонунлари бошқачадир. Ҳар бирининг ўзига хос ва бири-биридан узоқроқ бўлган услуби бордир.

Биринчи фасл

ОЛАМ БАЁНИДА

Аллоҳ сени икки оламда азиз этсин, билгилки, олам жавҳарлар (моҳият, субстанция) ва аразлар (атрибутлар, хоссалар)нинг исмидир. Барча жавҳарлар ва аразларнинг номини умумлаштириб, олам дейдилар. Муайян жавҳар ё аразни алоҳидаликда ҳам олам деб айтадилар. Олам маъносини билдинг, энди билгилки, мавжуд бўлган оламнинг ташқи вужуди бордир ва биринчи қисмда иккига бўлинади: мулк олами ва малакут олами, яъниким, маҳсус (сезги) олами ва маъқул (ақл) олами. Бу икки оламни қўшимча тарзда турли исмлар билан зикр этмишлар, яъниким, мулк олами ва малакут олами, халқ олами ва амр олами, шаҳодат олами ва ғайб олами, зулмоний олам ва нуроний олам, маҳсус олами ва маъқул олами ва ҳоказо. Бу ибораларнинг барчасидан шу икки олам англашилади, яъни мулк олами ва малакут олами.
Эй дарвеш! Жабарут олами мулк ва малакут олами сингари эмас. Чунки жабарут оламининг ташқи вужуди йўқдир. Мулк, малакут ва жабарут – учаласи учта оламдир, учаласи ҳам Аллоҳнинг оламларидир; учаласи ҳам биргадир, бир-бирининг ичидадир ҳамда бир-биридан айрилмасдир. Жабарут олами мулк ва малакут оламларининг зоти (моҳият, асос)дир, мулк ва малакут оламлари эса, жабарутнинг важҳидир. Жабарут олами мухтасар китобдир, мулк ва малакут олами муфассал китобдир. Жабарут олами уруғдир, мулк ва малакут олами дарахтдир, маъданлар, наботот ва ҳайвонот бу дарахтнинг меваларидир.
Эй дарвеш! Бу сўзнинг ҳақиқати шуки, жабарут олами мулк ва малакут оламининг мабдаъидир. Мулк олами ва малакут олами жабарут оламидан пайдо бўлиб, борлиққа айландилар. Жабарут оламида яширин ва мужмал бўлган нарсаларнинг барчаси мулк ва малакут оламида зоҳир ва муфассал бўлдилар; ижмол оламидан тафсил оламига келдилар, зот мартабасидан сифот мартабасига етишдилар. Бу сўзлар мисол келтирмагунча маълум бўлмайди ва ойдинлашмайди.
Билгилки, кичик олам катта оламнинг намунаси ва кичрайтирилган нусхасидир, катта оламда нимаики бўлса, кичик оламда ҳам бор. Демак, катта оламда ниманики исбот этсалар, кичик оламда ҳам унинг кўриниши бўлиши керак, бу сўз тўғридир.
Бу муқаддималарни билиб олдинг, энди билгилки, одамзоднинг нутфаси (уруғи) жабарут оламининг намунасидир, жисми ва руҳи эса, мулк олами ва малакут оламининг кўринишидир. Жисм ва руҳ нутфадан пайдо бўлдилар ва вужудга айландилар; нимаики нутфада пинҳон ва мужмал эди, барчаси жисм ва руҳда зоҳир ва муфассал бўлди; ижмол оламидан тафсил оламига келдилар, зот мартабасидан сифот мартабасига етишдилар.
Эй дарвеш! Катта оламнинг даражаларидан хабардор бўлиш учун катта олам ва кичик оламнинг ўртасида уларнинг татбиқ этишдан кўра аниқроқ ва равшанроқ далил йўқ, чунки катта оламнинг қайси даражасини исбот этсалар, агар бу даража кичик оламга мутобиқ бўлса, тўғридир, агар мутобиқ бўлмаса, тўғри эмас. Катта олам ва кичик олам ўртасидаги муносабатни маълум қилдинг, энди билгилки, нутфани жисм ва руҳнинг зоти деб атасанг, жисм ва руҳни нутфанинг важҳи деб билсанг, тўғридир; агар нутфани мужмал китоб, жисм ва руҳни муфассал китоб деб айтсанг, бу ҳам тўғридир; агар нутфани уруғ, жисм ва руҳни дарахт деб айтсанг, бу ҳам тўғридир. Эзгу сўз, эзгу амал, эзгу ахлоқ ва маориф бу дарахтнинг меваларидир, агар дарахт (одам)нинг меваси шулар бўлса, шажарайи таййиба (яхшиликлар дарахти)дир, агар меваси айтилганларнинг зидди бўлса, шажарайи хабиса (ёмонликлар дарахти)дир.
Бу муқаддималарни билиб олдинг, энди билгилки, жабарут бу вужуднинг зотидир, мулк ва малакут бу вужуднинг важҳидир. Бу вужуднинг исмлари важҳ мартабасидадирлар, бу вужуднинг амаллари нафс мартабасидадирлар.
Эй дарвеш! Мулк, малакут ва жабарут ҳақида қисқача билиб олдинг, энди батафсил бу ҳақда сўзлайман. Шоядки, тафсил йўлида билиб олсанг, негаки бу масала олимлар, файласуфлар ва шайхлар олдида илмнинг мушкулотидандир. Олимлар, файласуфлар ва шайхлардан кўпчилик бу масалада сарсон-саргардондир. Бу масалани билиш соликлар учун жуда муҳимдир, чунки бу масала ишнинг асл асосидир. Агар асос мустаҳкам ва маҳкам бўлса, бошқаси ҳам мустаҳкам ва маҳкам бўлади. Агар асос мустаҳкам бўлмаса ва путур етган бўлса, унинг устида нимаики қурсалар, барчасига дарз кетади. Яна шуки, нимаики бор бўлса, бу уч даражадан – жабарут даражаси, малакут даражаси ва мулк даражасидан мосуво эмас; бу уч даража биргадирлар, бир-бирларининг ичларидадирлар, бир-бирларидан айри бўлмаслар. Кимки бу даражаларнинг ҳақиқатини англамаган бўлса, ҳеч нарсанинг ҳақиқатини билиб ололмайди. Яна билгилки, мизож, тухум ва нутфа мураккаб зотлардан эмаслар, аммо зотнинг намунасидирлар, тушунтириш учун яхши мисолдирлар.
Эй дарвеш! Мураккаб нарсаларнинг зоти моҳиятлардир, моҳиятлар маҳсусот (сезгилар) ва маъқулот (ақллар)дан ҳам юксакдирлар.

Иккинчи фасл

МУЛК, МАЛАКУТ ВА ЖАБАРУТНИНГ
БАТАФСИЛ БАЁНИ

Билгилки, мулкнинг ҳиссий мартабаси бор, малакутнинг ақлий мартабаси бор, жабарутнинг ҳақиқий мартабаси бор. Жабарут олами моҳиятлар оламидир. Маҳсусот ва маъқулот (сезгилар ва ақллар), оддий нарсалар ва мураккаб нарсалар (муфрадот ва мураккабот), жавҳарлар ва аразлар (субстанция ва акциденция)нинг моҳиятлари барчаси жабарут оламидадир, бу моҳиятлар айримлари жузъий, айримлари куллий тарзда мавжуддирлар. Моҳият – Борлиқ ва Йўқликдан ҳам юқорироқ турган нарсадир. Чунки моҳият Борлиқ ва Йўқликдан ҳам кўра умумийроқ тушунчадир, у ҳам борлиқ, ҳам йўқликнинг таркибий жузъи бўла олади.
Билгилки, моҳиятлар махлуқ (халқ қилинган, яралган) эмаслар, уларнинг ибтидоси йўқдир. Аллазий аъто кулла шайъин холқоҳу сумма ҳадо.
Аллоҳнинг сўзи: “(Мусо) айтди: “Роббимиз ҳар бир нарсага ўз яратувчилигини ато этиб (кўрсатиб), сўнгра (уни) тўғри йўлга йўллаган зотдир”.
Моҳият Борлиқ ва Йўқликдан кўра умумийроқ экан, демак, у барча нарсаларни қамраб оладиган тушунча бўлиб, барча нарсаларнинг таркибий қисми бўла олади. Бу сўзлар сенга фақат мисол орқали тушунарли бўлиши мумкин.
Билгилки, жисм умумий тушунчадир, аммо жавҳар (асос, субстанция) жисмдан умумийроқ тушунчадир; жисм умумий тушунча бўлиши билан вужуд (Борлиқ) ундан кўра умумийроқ тушунчадир; вужуд умумий тушунча бўлгани билан шайъ (нарса, материя) ундан-да кўра умумийроқ тушунчадир, чунки шайъ Борлиқ ва Йўқликнинг жузъи бўла олади. Шайъ Борлиқдан ҳам, Йўқликдан ҳам кўра умумийроқ экан, демак, барча нарсалардан кўра умумийроқ ва барча нарсаларнинг жузъи бўла олади. Шайъ, Моҳият ва Зот – учаласи бир даражададирлар, бу уч нарсадан юқорироқ ҳеч нарса йўқ, барчаси уларнинг остидадир.
Эй дарвеш! Мулк маҳсусот оламининг номидир, малакут маъқулот оламининг номидир, жабарут моҳиятлар оламининг номидир. Моҳиятларни баъзилар аъёни собита, баъзилар ҳақиқати собита деб айтганлар, бу бечора ашёи собита деб айтади. Ашёи собита бу ашёи собита қандай бўлсалар, ўшандайлар, ҳеч қачон ўзгармаганлар ва ўзгармайдилар ҳам; шу сабабдан уларни ашёи собита (ўзгармас нарсалар) деб айтадилар. Пайғамбар алайҳиссалом бу нарсаларнинг қандай бўлса, шундайлигича билмоқ ва кўрмоқни истарди “Аллоҳумма аринал-ашё кама ҳия”, бу орқали нарсаларнинг ҳақиқатини билиб, ўзгарувчан ва ўзгармас нарсаларни билиб олмоқчи эди. Ва бу нарсаларга хитоб келдиким “Аласту бироббикум”.
Аллоҳнинг сўзи: “Раббингиз Одам ўғилларининг белларидан (пушти камарларидан) зурриётларини (руҳларини) чиқариб олиб, уларни ўзларига гувоҳ қилиб туриб: “Мен Раббингиз эмасманми?”, (деди). (Улар): “Йўғ-е! (Раббимизсан!), Гувоҳлик бердик”, – дедилар. Қиёмат куни: “Биз бундан ғофил (бехабар) эдик”.
Эй дарвеш! Жабарут Одами бошқадир, Малакут Одами бошқа, Мулк Одами ўзгадир, Тупроқ Одами ўзгадир. Жабарут Одами Борлиқнинг аввали ва жабарутникидир, шу жиҳатданким, барча мавжудот жабарутдан пайдо бўлдилар. Малакут Одами малакут оламининг аввалидир, у Биринчи Ақлдир, чунки малакут оламининг барчаси Биринчи Ақлдан пайдо бўлдилар. Мулк Одами мулк оламининг аввалидир, у Биринчи фалакдир, негаки, мулк оламининг барчаси Биринчи фалакдан пайдо бўлдилар. Тупроқ Одами барча илмларнинг мазҳари ва нурларни тўпловчисидир, у Комил инсондир, чунки барча илмлар Комил инсондан пайдо бўлди.
Эй дарвеш! Тупроқ Одами нурларнинг мағрибидир, чунки барча нурлар жабарут машриқидан чиқиб, Тупроқ Одамига сингиб кетдилар. Энди нур Тупроқ Одамидан зоҳир бўлади, қиёмат бўлди ва Қуёш мағрибдан чиқади.
Сўз чўзилиб, мақсаддан узоқлашмайлик, жабарут олами оламнинг зоти эканлигини билдинг, энди билгилки, жабарут олами бир кўзгу истади, токим бу кўзгуда ўз жамолини кўриб, ўз сифатларини мушоҳада этса. Тажаллий этиб, ижмол оламидан муфассал оламга келди. Бу тажаллийдан икки жавҳар мавжуд бўлдиларким, улар зулматни асровчи ва нурларни тўпловчи, нурларни ҳимояловчи фонусдир; бу икки жавҳардан бири – Биринчи Ақл ва иккинчиси Биринчи фалакдир. Жабарут дарёсидан Вужуд соҳилига чиққан илк нарсалар шу икки жавҳар эди. Чунки Биринчи ақлни малакут оламининг биринчи жавҳари, Биринчи фалакни мулк оламининг биринчи жавҳари деб ҳам аташади. Яна шу учунким, Биринчи Ақлни малакут оламининг Арши, Биринчи фалакни мулк оламининг Арши деб айтишади. Икки жавҳар нузул қилиб, бир неча даража қуйи тушдилар, натижада Биринчи Ақлдан ақллар, нафслар ва табиатлар пайдо бўлдилар, Биринчи фалакдан осмонлар, юлдузлар ва унсурлар зоҳир бўлдилар, маҳсусот ва маъқулот пайдо бўлдилар, оламнинг муфрадоти тамом бўлди. Оламнинг муфрадоти бундан ортиқ эмас.
Бу муқаддималарни билиб олдинг, энди шуни ҳам билгилки, ақллар, нафслар ва табиатларни малакут олами дейдилар, осмонлар, юлдузлар ва унсурларни мулк олами дейишади, ақллар, нафслар ва табиатларни обо (оталар), осмонлар, юлдузлар ва унсурларни уммаҳот (оналар) дейдилар.
Эй дарвеш! Жабарут олами, малакут олами ва мулк оламини билдинг, таҳқиқ орқали маълум қилдингким, ҳар бири қайси ҳолатда эдилар ва қандай вужудга келдилар; нимаики кетган бўлса, ўзи кетди, нимаики бор эди ўзи бор эди. Энди шубҳасиз билгилки, малакут нур дарёсидир, мулк эса зулмат дарёсидир. Бу нур дарёси зулумотдаги обиҳаёт – тирик­лик сувидир. Яна шу нур дарёси (малакут олами) илм ва ҳикмат дарёсига нисбат олганда айни вақтда зулмат дарёсидир; илм ва ҳикмат малакут оламининг зулумотидаги обиҳаёт – тириклик сувидир. Шундай қилиб, тириклик чашмасининг тўрт даражаси, балки ундан-да кўпроқ даражаси бор. Бу зулматлардан ўтиб, тириклик сувидан ичиш учун Искандар керак.
Эй дарвеш! Анча вақтдан бери оби ҳаёт зулумотда эканлигини эшитиб юрибсан, аммо обиҳаёт нима, зулумот қаердалигини билмайсан. Айрим соликлар айтадиларким, биз бу нур дарёсига етишдик ва бу нур дарёсини кўрдик. Ҳадсиз-ниҳоясиз нур, тубсиз ва бепоён денгиз эди. Мавжудотнинг ҳаёти, илми ва иродаси бу нурдандир; мавжудотнинг кўриш, эшитиш, гапириш, ушлаш ва тамъ билиш хоссалари бу нурдандир; мавжудотнинг табиати, хосияти ва амаллари бу нурдандир; қисқаси, барча нарса бу нурдандир. Ҳифз этувчи зулмат дарёси ва нурнинг тўпловчиси бу нурдир, бу нур фонус ва ҳимояловчидир, сифатларнинг мазҳари ҳам шу нурдир.
Сўз чўзилиб, мақсаддан узоқлашмайлик. Бу нур дарёсини обо (оталар) дейдилар, зулмат дарёсини уммаҳот (оналар) дейдилар. Бу ота-оналар ўз бўйинларига қўлларини ҳалқа қилиб, бир-бирларини қучоқлаб олдилар: Маражал-баҳрайни ялтақиёни байнаҳумо барзахун ло ябғиён”. Бу ота-оналардан фарзандлар пайдо бўлдилар: яхружу минҳумо аллуълу вал-маржон. Бу маволид (фарзандлар) маъданлар, ўсимлик ва ҳайвонот оламидир. Маъдан, наботот ва ҳайвонот мураккаботдирлар. Оламнинг мураккаботи бундан ортиқ эмас. Мураккабот бирор жойдан келмайди ва бирор жойга кетмайди. Муфрадот мураккаб бўлади ва мураккаб яна муфрад бўлади – Кулла шайъин яржиъу ило аслиҳи. Мураккаблашувнинг ҳикмати шуки, тараққий топишга истеъдод топсинлар ва уруж эта олишсин; жоми жаҳоннамо ва Искандар кўзгусига айланишсин. Бу нур ва зулмат дарёларида ўз жамолларини кўришсин ва ўз исмлари ва феълларини мушоҳада этишсин. Сўзни чўзмай, мақсаддан узоқлашмасликка шунча уринсам ҳам, ихтиёримдан ташқари сўз чўзилаяпти.

Учинчи фасл

УРУЖ БАЁНИДА

Билгилки, муфрадот нузул этадилар, мураккабот уруж этадилар. Уруж нузулнинг қарама-қаршисидир. Аслида муфрадот неча даража нузул этганлари маълум эмас. Демак, мураккаботнинг уружи нечта мартабада бўлиши кераклиги ҳам маълум эмас. Ҳеч ким ҳақиқат юзидан фалакларнинг адади нечталигини билмайди. Дейдиларким, муфрадот ўн тўрт мартаба нузул этдилар. Демак, мураккабот ҳам ўн тўрт мартаба уруж этишлари лозим, ўшанда доира тамом бўлади.
Эй дарвеш! Муфрадот ўз мабдаъидан қанча узоқлашсалар, ғашлик уларда шунча кўпаяди; мураккабот ўз мабдаъидан қанча узоқлашса, шунча поклик кўпаяди. Оламнинг моҳиятлари биринчи мартабада бўлганлари сабабли бир қисмдирлар; бу жабарут эрур. Оламнинг муфрадоти иккинчи мартабада бўлганларидан икки қисмга бўлиндилар; булар – мулк ва малакутдир. Оламнинг мураккаботи учинчи мартабада бўлганликлари учун уч қисмга бўлиндилар; булар маъданлар, наботот ва ҳайвонотдир.
Эй дарвеш! Мавжудотнинг мартабалари тамом бўлди, жабарут олами ижмол оламидан тафсил оламига келди, зот мартабасидан важҳ мартабасига етишди. Бу Вужуд ўз жамолини кўрди ва ўз сифатлари, исмлари ва амалларини мушоҳада этди.
Эй дарвеш! Ушбу рисолада кўп илмларни дарж этдим. Кўп маънолар ва тушунтиришларни ёзиб қўйдим, уларни тааммул ва диққат билан ўрганиб чиқ. Дарвешлар мулк, малакут ва жабарутни шарҳлаб ёзишимни илтимос этгандилар, аммо шарҳи билан ёза олмадим. Шоядки кейинги рисолада шарҳ билан ёзишга эришсам, иншоаллоҳи таоло.

Тўртинчи фасл

НАСИҲАТ БАЁНИДА

Билгилки, донишманд кимсалар бу дунёда бирор нарсани хоҳласалар, фақат бу нарсадан уларга хотиржамлик ва фароғат етиши, паришонлик ва ғусса етишмаслиги учун талаб қиладилар. Донишманд кимсалар тинчлик ва хотиржамлик талабида эканлар, демак, тинчлик ва хотиржамлик катта неъмат ва бебаҳо роҳат эрур.
Эй дарвеш! Сен ҳам тинчлик ва хотиржамлик талабида бўлгин! Нимаики паришонлик ва ғам-ғусса сабаби бўлса, ўзингдан улоқтир ва унинг бандида бўлма. Аниқ билгилки, тинчлик ва хотиржамлик мол-дунё ва амал-мансабда эмас. Мол-дунё ва амал-мансаб паришонлик ва ғам-ғуссага сабабдир. Хотиржамлик омонликда, соғлиқда, етарли ризқ ва донишмандлар суҳбатидадир. Валҳамду лиллаҳи Роббил-ъаламийн.

ЎН ИККИНЧИ РИСОЛА

МУЛК, МАЛАКУТ ВА ЖАБАРУТ ОЛАМЛАРИ БАЁНИДА

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Алҳамду лиллаҳи роббил-ъаламийн вал-ъақибату лил-муттақийн, вас-солату вас-саламу ъала анбиёиҳи ва авлиёиҳи хойру холқиҳи, ва ъала алиҳим ва асҳабиҳим ат-тоййибийн ат-тоҳирийн.
Аммо баъд, эй дарвеш! Умид улдурким, ушбу рисолада мулк олами, малакут олами ҳамда жабарут олами ҳақида баҳс якун топиб, дарвешларнинг муроди шарҳ билан ҳосил бўлгай.

Биринчи фасл

ЖАБАРУТ ОЛАМИ ВА МОҲИЯТ СИФАТЛАРИ БАЁНИДА

Билгилки, мулк – шаҳодат оламидир, малакут– ғайб оламидир, жабарут – ғайбнинг ғайби оламидир. Яъниким, мулк – сезгилар оламидир, малакут – ақллар оламидир, жабарут – фитрат оламидир. Фитрат олами – кенг оламдир. Унда яратиқлар кўп, бу яратиқлар мавжудотнинг асли ва мавжудотнинг уруғидирлар. Бу яратиқлар, қандай бўлсалар, худди ўшандайлар, ҳеч қачон ҳоллари ўзгармаган ва ўзгармайди ҳам.
Эй дарвеш! Фатир (патир) деб хамиртурушсиз нонни айтадилар. Мулк олами ва малакут оламининг моя – хамиртуруши бор, чунки улар жабарут оламидан пайдо бўлдилар. Жабарут олами моясиз – хамиртурушсиздир, чунки жабарут мабдаъи кул – куллий сарчашмадир. Ундан юқори ҳеч нарса йўқ, жабарут оламининг азамати ва улуғлиги кишининг фаҳм-тасаввурига сиғмайди. Ҳадсиз ва ниҳоясиз бир олам, тубсиз ва бепоён бир денгиздир. Мулк олами шунча азамат ва катталиги билан малакут оламининг олдида бир томчининг денгиз олдидаги нисбатига ўхшар; малакут олами шунча азамат ва катталиги билан жабарут олами наздида денгиз олдидаги томчига ўхшар; жабарут олами шунча катталиги билан яратиқлардан тўладир, бу яратиқлар сон-саноқсиздир. Бу яратиқлар ўзлари яшаб турган ер ва осмондан бошқа яна ер ва осмонлар борлигидан бехабардирлар. Бу яратиқлар бошқа ер ва осмонда бир замонлар Одам ва Иблис бўлганлигидан бехабардирлар. Бу яратиқлар кимдир Аллоҳ таолога осий бўлиши мумкинлигидан бехабардирлар.
Эй дарвеш! Бу яратиқларнинг ҳар бирининг иши бордир, ҳар бири ўз ишига ярайди, бошқалар ишини қилолмайди. Бўрининг моҳияти ҳеч қачон қўзининг моҳияти бўлмас ва қўзилик қилолмас. Қўзининг моҳияти ҳеч қачон бўрининг моҳияти бўлмас ва бўрининг ишини қилолмас. Бошқа нарсаларни ҳам худди шундай деб билгил.
Эй дарвеш! Бўрининг моҳиятининг ўз сифати бор, қўзи моҳиятининг ўз сифати бор. Моҳиятларнинг сифатлари ҳеч қачон ўзгармайди ва эврилмайди. Қандайки ўзлари билан олиб келган бўлсалар, ўзлари билан олиб кетадилар. Аммо нафс сифатлари ва жисм сифатлари ўзгариб, эврилишга дуч келадилар. Пайғамбарлар ва валийларнинг даъвати ҳам ана шу нафс ва жисм сифатлари ўзгариши боисидандир. Бу сўзлар сенга фақат мисол орқали маълум бўлади. Билгилки, даррандалик, озор етказишлик ва хатарли бўлишлик бўрининг моҳиятининг сифатларидир, бу сифатлар ҳеч қачон ўзгармайди ва эврилмайди, яъни бўри бўлиб қолгунича бу сифатлар бор. Худди шу каби беозорлик, зарар етказмаслик ва бўйсунувчанлик қўйнинг моҳиятининг сифатларидир ва бу сифатлар ҳеч қачон ўзгармайди ва эврилмайди, яъни қўй бўлиб қолгунича бу сифатлар бор. Аммо бўрининг бошқа сифатлари бор, қўйнинг бошқа сифатлари бор, бу сифатлар ўзгаради ва эврилади. Бўри ва қўйнинг моҳиятига оид бўлган сифатлар айримлари бўри ва қўйнинг жисмига оид сифатлардир, айримлари бўри ва қўйнинг нафсига оид сифатлардир. Масалан, бўри ваҳший ҳайвондир ва одамлардан қочади. Қўй эса ваҳший эмас ва одамлардан қочмайди. Қўй ва бўрининг бу сифатлари уларнинг нафсига оид сифатдир. Ҳар бир кимса ва ҳар бир нарсанинг нафси ўрганувчи бўлади. Нимани хоҳласалар ўшанга одатлантириб қўйиш мумкин, негаки, “алхайру ъодатун ваш-шарру ъодатун ван-нафсу муътодун”. Агар бўрини қўлга ўргатмоқчи ва қўйни ваҳший ҳайвонга айлантирмоқчи бўлсалар, бу осон ишдир. Жисм сифатлари ўзи аёндир.
Эй дарвеш! Бўри ва қўзида билган нарсаларни бошқа жонзотларда ҳам шундай деб билгил. Одамнинг моҳиятига оид бўлган сифатлар ҳеч қачон ўзгармайди ва эврилмайди, аммо нафсининг сифатлари ва жисмининг сифатлари ўзгаради ва эврилади.

(Давоми бор)

Форс тилидан Нажмиддин Комилов,
Олимжон Давлатов таржимаси

2019/4

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi