Олег ЖДАН (1938 йилда туғилган) САЁҲАТ

oleg_jdan

 

Aнна Васильевна ҳар йили сентябрь ойининг иккинчи ярмида кенжа синглиси Марияни даволаниш учун Пятигорск шаҳрига, учинчи синглиси Мартаникига йўллар эди. Ҳар уччови ҳам шундай ёшда эдики, касалликлар доираси торайса-да, аммо оёқ қурғур кўп панд берар: масалан, автобусга тиззалаб чиқиб, ундан орқа билан тушиларди – бундай ёшлик пайтава-ю, бошмоқни ёдга солар; аммо Анна Васильевна даволанишни истамас-ишонмасди, Мария эса ишонар, чунки кунлардан бир куни у хосиятли туш кўрган.

Тушлар тўғри келмаслигини Анна Васильева унга уқтирган, аммо қандай тўғри келмаслиги мумкин, қачонки, бир куни ҳавода учиб бораётгани тушига кирди ва орадан бир ой ўтиб оёқлари шундай оғрий бошладики, кўзларидан тирқираб ёш оқди; болалигида кўрган тушичи, ота-онаси унга қараб гўё оғизларини очишиб, лаб-лунжларини қимирлатишади-ю, бироқ сўз дейишмайди ва орадан бир ой ўтиб у, Мария тиф билан касалланади, кейин эса кар бўлиб қолди.

Шу гаплардан сўнг Анна Васильевна ҳам ўзиникини маъқуллаб ўтирмади.

Тушида доим учиб юради. Бироқ энди бу тушлар яхшиликка эканини Мария билади.

Одатда йўл-йўлакай ҳамроҳлар учрарди. Бироқ бу сафар улар йўқ. Мана шу нарса аҳволни мушкиллаштирди. Чунки Пятигорск шаҳригача автобус ва поездни ҳисоблаганда уч жойда чиқиб-тушади. Энг тўғри йўл сафарни қолдириш эди, аммо бу саёҳатни Мария жуда интиқ бўлиб кутаётгани сезилар эди. У ҳақда тинимсиз гапирар, жўнаш куни яқинлашган сари кайфияти ҳам яхшилана борди. Энди уни қолдириб бўлмасди. Анна Васильевна синглисини жўнатишга қарор қилди.

Умуман олганда Мария ўзининг нотанти қисматига қарамай, хушчақчақ аёл (“мени ҳамма яхши кўради, чунки мен ёш ва қувноқман”), аммо бир хафа бўлса ҳафталаб, балки ундан ҳам кўпроқ ёзилмас эди.

“Белые Горы” бекатигача Анна Васильевнанинг ўзи кузатишга қарор қилди, Старогородда укаси Костя, Киевда эса жияни Толя, Пятигорскда синглисининг ўзи кутиб олади.

Режа мураккаб эди. Шундан Анна Васильевна иккиланар, Мариянинг ўзи эса бундай мустақил сафардан хурсанд ва опасини тинчлантиришга уринарди.

Йўлга чиқиладиган кечаси Анна Васильевна мижжа қоқмади. “Мен нима қиляпман ўзи? – ўйлар эди у.– Худо кўрсатмасин, бирор фалокат…Ўзимни ҳеч қачон кечирмайман”.

Фақат қаттиқ ухлаётган Мариянинг бир маромда, чуқур нафас олишигина афтидан, уни тинчлантириб турарди.

Анна Васильевна чўчиб тушди, сездики, кўзи илинибди. Соатга қараб, жўнаш вақти келганини пайқади. Марияни елкасидан туртди, у ҳам тезда уйғона қолди ва каравот четига сурилиб кела бошлади: унинг оёқлари билан каравотдан шунчаки тушиб бўлмас эди.

Автобус жўнашига ҳали икки соат бор эди, аммо хона бўйлаб ҳассаларини тўқиллатиб юришар экан, нонушта қилишга ҳам вақт қолмади. Қуруқ иссиқ чойни ҳўплашди-да, ҳассаларини бурчакка тираб (кўчага улар билан чиқишга уялишди), кейин жўнашди… “Қани, судралдик”, – деди Анна Васильевна, – оғриқ ва аҳволнинг кулгилигидан кўзлари жиққа ёшга тўлиб.

Ёш эркак ҳайдовчи уларга қизиқиб қаради:

– Қари аёлга остона ҳам печкага чиқишдай гап! – деди.

Шаҳардан чиқавериш ўнқир-чўнқир бўлиб, йўловчилар тутқичга маҳкам ёпишганларича, навбат билан бир-бирларининг устларига энгашиб боришарди.

“Ростдан ҳам кулгили, – ўйлади Анна Васильевна. – Юмалашмоқда…”

Анна Васильевна тез-тез ўзининг қарилигини уришар, ғамгин тортиб – нима ҳам дердим, унда ҳеч бир яхшилик қолмабди, дея алам билан нолиб қоларди.

Тонгги қатнов эди. Йўловчилар мудрай бошлашди. Анна Васильевна атрофга қараб, яна хавотир ола бошлади. Ниманидир ҳисобга олмагандай туюлди. Синглисига қаради – у ҳам мудги билан курашар эди, гўё. “Ҳавасимни келтиради”, – ўйлади у. Мария деярли ҳар доим мулойим. Аммо бу сафар адашиш ҳам ҳеч гап эмас. Зотан, аҳвол қанчалик хавотирли бўлса, унинг юз ифодалари шунчалик қатъий ва ҳаракатлари секин эди. Гўё аъзолар ўзининг нотавонлигини англаб, шошилишдан асраётгандек.

“Белые Горы”гача ўттиз беш чақирим бўлиб, Анна Васильевна синглиси билан юз бериши мумкин барча ҳолатларни йўл-йўлакай ўйлаб оламан, деб умид қилган эди, аммо майда-чуйда хаёллар унинг диққатини бўлди.

“Белый Горы”да эса бошқа машинага ўтириш вақти қисқа – бор-йўғи йигирма беш-ўттиз дақиқа бўлиб, чипта сотиб олиш ва ҳайдовчилар билан Старогородга боргач, Марияни Советская ҳамда Октябрская кўчалари кесишган чорраҳада тушириб қолдиришни келишишга етар эди, холос. Укасининг уйи чорраҳадан икки қадам нарида. Бу ерда Мария бир неча марта бўлган ва топиб боришини қатъий туриб ишонтирди. Афтидан, дабдурустдан бориб, укасини хурсанд қилмоқчи шекилли…

Вақт етди. Қайта ўйлашга фурсат йўқ. Анна Васильевна синглисининг кўзларига сўров назари боқди:

– Қўрқяпсанми?

– Йўқ… – бошини сараклатди Мария.

Бироқ Анна Васильевна унинг юзида аллақандай тушунарсиз тараддуд ифодасини кўрди. Ва ўша дамда нима бўлмасин, телеграмма жўнатишга қарор қилди. “Ҳечқиси йўқ, азизам”.

– Бора қол, жойингга ўтир…

Шу пайт кўйлакларининг енглари билакларигача шимарилган, қўл ва бўйинлари, ҳатто қуюқ сочларигача офтобда куйган ёш, бақувват ҳайдовчилар диспетчер хонасидан чиқиб келишди. Негадир улардан одам хуркир эди. Чапанича қувноқлик билан кузатувчиларга қарашаркан, улар орқага тисарилишди.

– Йигитлар, марҳамат қилиб, эслаб қолинглар…

– Қўрқма, онажон, бизга демоқдан Буэнос-Айрес бўлмайдими!

Анна Васильевна хавотир билан кулди.

– Буэнос-Айрес керак эмас, – деди ўзини тутиб, – Советская билан Октябрская бурчагида…

– Кампиршо бизни жинни деб ўйлаяпти шекилли.

Эшикнинг қулфи қатъий ёпилди. Анна Васильевна орқага чекинди, нигоҳи билан синглисини қидирар экан, шу пайтнинг ўзида маъюс тортиб, юраги сирқиради: Мария унга бутун борлиғи билан тикилиб турарди.

Мариянинг аҳволи яхши эди. Ҳа, автобус ўрнидан қўзғалган ўша пайтда у хавотир эмас, қўрқувни ҳис этди, буни опаси ҳам сезди, бироқ шаҳардан чиқишгач хотиржам тортди.

Даволанишга боришни Мария бундан ўн йил олдин бошлаган эди. Оёқларининг оғриқлари йўқ бўлди, деб айтолмайди, аммо бу саёҳатларнинг бошқа бир жиҳатлари ҳам йўқ эмасди: у ердан бахтиёрроқ ва ёшариброқ қайтар, гўё унда яшашга иштиёқни янгиловчи қандайдир манба бордек.

Уйга қайтар экан, даволаниш яхши ёрдам берганига опасини ишонтиришга уринар, тез кунда духовой оркестр остида рақсга тушиш учун шаҳар боғига боришини айтарди. Фақат яна бир-икки, борингки, уч марта даволанса кифоя.

Бундай бориб-келишлар анча-мунча харажат талаб қилишини у яхши тушунар, шу боис ҳам йил бўйи ҳамма нарсани қисиб-қимтиб ишлатар, зотан, унинг ўн олти рубллик нафақаси билан йўлнинг бир бошига ҳам боролмас эди.

“Ҳамманинг нафақасини оширишди, – ўйлади у автобусда бораётиб. – Мартанинг нафақаси ўттиз етти рубль эди, қирқ беш бўлди. Мени эса ёддан чиқаришди. Ишламаган эмишман… Қанақасига? Соат олтида туриб, кеч ётган бўлсам…”

У ҳар сафар Старогород орқали юрарди. Укаси озроқ бўлса ҳам пул берса қайтармас эди. Бундан хабар топган Анна Васильевна уни уришар экан, Мария кулиб: “Ҳечқиси йўқ, – дерди. – У кўп олади, мен эса оз оламан. Бунинг устига мен унинг опасиман”.

Орадан ярим соат ўтиб, Мария хотиржам тортдигина эмас, атрофга хурсанд қарай бошлади. Ўзининг Мартаникида сўнгги бор бўлган кунларини, бурунбойнинг унга қилган таклифини эслади.

Мартанинг эри ўлганига бир неча йил бўлган. Кейинги пайтларда унинг олдига истеъфодаги бир полковник тез-тез келиб, ўзига турмушга чиқишини, қолган умрларини бирга ўтказишни таклиф қилар эди. “Менинг ёшимда бундай нарсалар ҳақида ўйлаш, албатта, ножоиз, – деб ёзган эди Марта,– бироқ бошқа жиҳатдан қараганда, эртага нимадир бўлса, оғзимга ким сув томизади?..”

Анна Васильевна синглисининг иккинчи маротаба турмуш қилишига қарши эмасди, аммо Мариянинг сўзларига кўра, полковник дастурхонга виносиз ўтирмайди, оладиган нафақаси эса ярим ойга етмай тугайди, шуларни ўйлаб Анна Васильевна қандай маслаҳат беришни билмасди.

Полковник баъзан ошна-оғайнилари, кўпинча битта семиз гуржи билан ташриф буюрарди. У ҳам қари бўйдоқ эди. Гуржининг қизиқ одатлари бўларди: ўзига қараган одамга кўз қисар, кўзларини ола-кула қилиб қўрқитарди.

– Менга турмушга чиқ!

– Йўқ! – қатъий жавоб берарди Мария.

– Нега?

– Сен бурунбойсан, бунинг устига қарисан!

Ҳаммалари кулишарди.

Кейин ичишарди. Мария одатга кўра бундай машғулотни қораласа-да, бироқ бир-икки қадаҳни сипқориб, худди ичиб маза қилгандек, лабларини чўччайтириб ҳам қўярди.

Бурунбой эса ичишдан олдин ўрнидан туриб афтини бужмайтирар, ўзини худди винодан жиркангандек ҳаракатлар қилар, лекин қадаҳни бир кўтаришда сипқориб, устиконнинг остини ўпиб қўярди.

– Ичкиликбоз! – дерди Мария унинг қилиғига қараб.

– Йўқ! – бақирар эди гуржи. – Ўта яхши одам!

Мария автобусдаги йўлдошларининг унга ҳайрон қарашларидан қизариб, кулиб борар экан, олдинда турган йўл ва умуман ҳаётидаги қийинчиликларни унутиб ана шулар ҳақида ўйлади.

“Мана мен ўламан, – деди бир куни Анна Васильевна, – нима қиласан ўшанда? Опангникига борасанми, укангникига ёки ўғлим Витяникигами?”.

Мария бир дақиқагина ўйлади ва “Мен ҳам ўламан” деб жавоб берди.

Автобус тез эди. Мария олдинга қараб борар, ростдан ҳам гоҳ у шаҳарчани, гоҳ бу посёлкани таниб қоларди. Қайрилишда четан дарахтини кўриб, “оҳ”лаб юборди: бу ўсимлик ўтган йили ҳам шу йўлда учраган, фақат унда ёрқинроқ эди, балки ўша куни қуёш чарақлаб турганидан ярақлаб кўринган бўлса, ажабмас. Анави туман кўпириб ётган ўтлоқ ёки ҳу, наридаги анҳорми, кўлми, буларнинг барчасини илгари кўрмаган бўлса-да, аммо айнан ана шу нарсалар унда бир қур хотираларни уйғотди. Буларнинг ҳаммаси уни ўйга толдирар, афсуски, шу лаҳзаларда ўзи ёлғиз ўй сурган пайтлардагидек, қўлларини ёзолмайди.

Шундай бир пайтлар бўлдики, Анна Васильевнани Пятигорскка кўчиб кетишга астойдил кўндира бошлади. “Илиқ. Қишда ҳам, ёзда ҳам даволанамиз”. Ҳа, Анна Васильевна эсини танибдики, қишда пақир ёки бошқа жиҳоздаги музни синдириб, кейин сув олишган, бет-қўлларини ювишган. “Уйни нима қиласан?” – сўради опа. “Сотамиз”. – “Боғни-чи?” – “Бир йилда йигирмата олма керакмикан…” – “Қабристонни-чи? Қабрларга ким қарайди?” – “Шундоқ ҳам биз у жойга қатнамаяпмиз…” – деркан у тилини тишлаб қолди: бундай гапириш яхши эмаслигини тушунди. Қабристонда оиланинг бир неча авлоди ётибди.

Бундан ташқари, Пятигорскда яшайдиган жойнинг ўзи йўқ. Марта бор-йўғи битта хонага эга. Ошхонадаги битта плита устида учта оила куймаланади. Тўғри, иттифоқликлари бор. Бирларида бўлмаса, иккинчилари ёрдамга келади: бундай айтганда, бир майизни учга бўлиб ейишади.

“ Маъқул эмас!” – деди Мария.

“Лекин коммунизмга яқинроқ”, – жавоб берди Марта.

Марияга “коммунизм”ни тушунтириш жуда осон: бу тушунча ун­га­ қизил ранг орқали англатилади, қизил рангни кўрсатиш учун эса бармоқни лабга тегизсанг бўлди… Маъно анча мураккаб, аммо буни Мария тез илғаб олади.

Қўшнилар билан Мария яхши таниш эди. Келган куниёқ, эшикни дадил очиб, ҳамма билан бир чеккадан ҳол-аҳвол сўрашар, соғ-саломатлик ҳақидаги сўзларини у юз ва қўл ҳаракатлари орқали кундалик жараёнлар ҳамда ходисаларга ўхшатиб англатар эди. Шу боис уни тушуниш осон кечарди. Ўрта яшар, тўла, тилла гардишли кўзойнак таққан чиройли даволовчи шифокор ҳам уни танир, кулиб қарши олар ва ёнига бориб ўтирар эди. Барча айтганларига чин дилдан ишонгани ва атрофидагиларни ҳам кундан-кун соғайиб бораётганига ишонтиришга урингани учун ҳам шифокор Марияга хайрихоҳ эди.

– Мария Васильевна, аҳволлар қандай?

Мария лабларни ўқишни билмасди, аммо ички бир сезги ва фаҳм-фаросати ила шифокорнинг муддаосини тушунарди. Саволга дадил ва соғайишига ишонч билан жавоб қайтарарди.

Бир сўз билан айтганда, унинг таниш-билишлари анчагина эди. Шу боис ҳам подадан олдин чанг чиқариб, хавотир олишга ҳожат йўқ. Ҳайдовчилар ҳам тез-тез орқаларига ўгирилиб, қараб-қараб қўйишади, демак, Старогородга етгач, уни Анна Васильевна айтган жойда тушириб қолдиришни унутишмаган. Мария бўлажак учрашувни ўйлаб, яна кулиб қўйди. Опа-ука бир-бирларини яхши кўришарди. Кам учрашганлари туфайли, укаси унинг “тилини” унутган бўлса-да, нима демоқчи эканини Мария кўзларидан тушунарди. Қолганлари учун эса киссасида опаси ёзиб, 1 сони қўйилган хати бор. Иккинчи мактуб Мартанинг номига, учинчиси бирор кор-ҳол юз берса у ёки бу одамга мурожаат қилиб ёзилган.

Мариянинг келаётгани ҳақидаги телеграммани Евгения Борисовна олди. Меҳмон ташрифи ва яна телефон қилиш учун сабаб туғилганидан хурсанд бўлди. Айниқса, куннинг биринчи палласида ёлғизликдан тарс ёрилай дейди.

– Костягинам, сенми? – деди куёвига сим қоқиб. – Эшитдингми, янгиликни?

– Йўқ, – жавоб берди Костя, одатига кўра қайнонасининг яҳудий шевасига тақлидан. – Билмайман.

– Хушхабар! – деди овозини кўтариб Евгения Борисовна. – Сен унчалик банд эмасмисан?

– Сиз-чи? – сўради Костя.

Бу қилиқни у Тоняга уйланган давридаёқ бошлаган эди. Бошида Евгения Борисовна ҳафа бўлиб юрди, кейинчалик ўрганиб кетди. Нима демайин, Костя қизимни ўта яхши кўради, деб ўйларди у.

– Машенка келяпти! Анягинадан телеграмма олдим.

Евгения Борисовна ҳамма нарсани эркалаб сўзларди: некбин эди. Бошқалардан ҳам, ўзига бўлмаса-да, ҳеч йўғи болаларига ўшандай яхшилик қайтишини кутарди.

– Наҳотки?.. Мана буни янгилик деса бўлади! – хурсанд бўлди Костя. – Қачон?

– Бугун!.. Фақат, ғалати… “Мария Белые Горы – Минск” автобусида боряпти. Советская-Октябрская кўчасининг бурчагида кутиб олинглар…” деб ёзибди.

– Бунинг нимаси ғалати. Шундоқ уйнинг ёнида. Сизнингча, бу ғалатими?

– Шундайку-я, лекин…

– Келиш вақтини аниқлаб, ўн дақиқа олдинроқ чиқиш керак.

– Лекин…

– Унда ярим соат олдин… Бўлдими?

– Бўлди… – хўрсинди Евгения Борисовна.

Йўқ, қизига бошқа эрни истамайди, ҳеч қачон.

Шундай бўлса-да, бари бир озгина руҳи тушди. Хонада у ёқ, бу ёққа юрди, ўтирди. Унинг ҳам оёқлари оғрир ва у ҳам даволанишни ёқтирмас эди. Ичидан яна бир хўрсиниқ келди, кейин телефон гўшагини кўтарди.

– Тонягинам, сенмисан? – деди. – Бу менман…

– Эшитяпман. Нима дейсиз?

Қизининг овози анчайин қуруқ (у онасининг иш пайтида сим қоқишини ёқтирмасди) эса-да, тўсатдан Евгения Борисовнага жон кирди.

– Тонягинам, бу ерга телеграмма келди…

– Аняданми? Хабарим бор.

– Қанақадир ғалати… теле…

– Ғалати-палати эмас, ойи, вокзалга боришнинг ҳожати йўқ.

Евгения Борисовна бу гапни эшитиб, телефон устида анча туриб қолди.

“ Нима ҳам дердим, улар ёш ва ақлли” – ўйлади у.

Қачонлардир, йигирма беш йиллар нарида теварак-дунё унга жуда қизиқ туюлар эди. Бу уруш тугаган йили юз берди: тўсатдан сезиб қолдики, у аввалгидан бошқача экан.

Бундай кашфиётни бирмунча кейинги авлодлар ҳам ўзларида сезишди. Шундай бўлиши ҳам керак эди-да, ахир ўтган йиллар мобайнида худди ана шу умид билан яшашмадими, аммо унинг қандайлигини ҳеч ким билмасди.

Мария эса ҳаммадан кам биларди. Одамларнинг юз-кўзларидан қандайдир ўзгаришлар даври келганини сезар, хавотирга тушар, ўйлар ва ҳар бир одам ўз-ўзича эмаслигини, балки бир бутуннинг қисми эканини тушуниб қолди. Шунинг учун ҳам ўзининг мавжудлигини бошқа одамларнинг мавжудлигига нисбатан аниқлаб олиши муҳимдай кўринди.

Буни бошқа одамларнинг тасдиқи орқали тушуниш осонроқ туюлди. Шунда у укаси билан мулоқотга кирди.

– Мен қанақаман? – сўради у бир сафар.

Ука саволни тушунмади.

– Мен ёмонманми?

– Э, йўқ, – деди Костя. – Сен яхшисан.

Бошқа сафар эса мулоқотни обдон ўйлаб олди.

– Мен қари ва хунукманми? – деди Мария.

– Йўқ, – эътироз билдирди ука. – Сен ёш ва чиройлисан. Мен сенга қараб ўтиришни яхши кўраман.

– Одамлар-чи, улар қанақа?

– Ҳар хил. Баъзилари чиройли, бошқаси – йўқ.

– Улар мен ҳақимда ҳам гапиришадими?

У одамлар хусусида кўп ўйлар эди. Улар ҳам мен ҳақимда ўйла­шармикан? Табиий савол.

Ука ниҳоят айтмоқчи бўлганларини битта сўзга жамлади:

– Улар ҳаммадан яхши эканингни айтишади.

Мария хурсанд бўлди. Укасининг шундай дейишини билар эди. Ўша кундан эътиборан у ўзини бахтли сеза бошлади, зотан ўзининг ўзгалар билан тенг, балки айрим одамларга нисбатан устунроқ эканига тасдиқ олди.

– Мана бу кўйлакни ағдариб тикса, худди янгидай бўлади,– деди бир куни опасига.

Анна Васильевна унга қараб ўйлади, ўзи ҳали қирққа ҳам кирмаган, синглиси эса ундан ўн ёш кичик.

– Якшанба куни бозорга бориб, сенга янги кўйлак сотиб оламиз.

Мария ўзининг тақдири олдиндан маълум эса-да, барибир унга қизиқ туюлар, одамнинг битта камчилигини бошқа фазилатлари ювиб кетади, деб ҳисобларди.

– Менга қанча иш кўп бўлса, шунча яхши,– дер эди.

Яна бир сафар эса укасига шундай деди:

– Нега уйланмаяпсан?

– Ҳали ёшман.

– Янада яхши. Бир-бирларингни севиб яшайсиз.

– Ўқиш керак.

– Ўқинглар!.. Бола туғилса, олиб келиб берасизлар. Мен қарайман.

Костя ёшлигига бориб, унутди, аммо Мария орадан бир неча кун ўтгач бу ҳақда унга эслатди.

– Йўқ, олиб келма. Таътилда келмаса агар, бошқа пайт ўзларинг билан яшагани дуруст, мен нотавон гапиришни билмасам, уни нимага ҳам ўргатар эдим?

Анна Васильевна баъзан синглисига разм солар экан: “Уни эрга берсам, яхши бўлармиди”, дея ўйлаб қоларди. Аммо бунинг имкони йўқ эди, сабаби шаҳарда икки нафаргина гунг-соқов бўлиб, улар ҳам гапирадиган аёлларга уйланиб кетишган.

Анна Васильевна кўпинча Мариянинг гунг бўлиб қолганига сабаб қилиб ўз вақтида шифокорларга мурожаат қилишмаганида, деб ўйлайди. Касаллигининг дастлабки пайтларида маблағ бўлмади, бўлганда нима, қаёққа ҳам боришар эди. Ўз-ўзидан яхши бўлиб кетади, деган умид ҳам йўқ эмасди.

Бора-бора касалликка кўникиб ҳам қолишди, бу ёқда эса уруш бошланиб кетди.

Анна Васильева бахтини синаб кўрмоқчи бўлди. У синглисининг касалини бир вараққа батафсил ёзди-да, Соғлиқни сақлаш вазирлиги манзилига буюртма хат қилиб бир аҳволда жўнатди. Ана шу дақиқадан умид ўса бошлади. У шу даражада кучайдики, соат сайин ҳаяжонга солди ва “Сизнинг хатингиз илмий-текшириш институтига жўнатилди…” деган мазмунда жавоб олинган куни эса ҳеч бир асоссиз ўша умид сўна бошлади. Касаллик ўтиб кетгани боис жарроҳлик йўли билан даволашнинг иложи йўқлиги, бошқа усулларга институт ҳозирча эга эмаслиги хусусида хабар келганда умид бира тўла сўниб бўлганди. “Хайрият ҳам унинг ўзига айтмагандим”, деб ўйлади Анна Васильевна ёқимсиз кўк конверт­ни ғижимлар экан.

Албатта, Мария қулоғи соғ кишиларга ҳавас қиларди, аммо улардан кўра ҳам бармоқ тилида сўзлаша оладиган кар-соқовларни кўрганда юраги қинидан чиқиб кетарди, гўё… Шаҳарда ўшандай мактаб бўлиб, унинг ёнидан ўтаркан, Мария, уларнинг ҳис-ҳаяжонга тўла имо-ишоралар билан сўзлашаётганларини кўриб жунбушга келарди.

Бу мактабда ўқиш унга насиб этмади: ёшлигида бунга имкон бўлмади, урушдан сўнг эса қари, деб олишмади.

Синглисининг келажагига жавобгарлик ҳисси Анна Васильевнага тинч­лик бермасди – бир пайт уйга ўқитувчи таклиф қилди. Бу гапдан Мария ўта қувонди.

Ўқитувчи келадиган кун у янги пайпоғи ва кўйлагини кийиб, қандоқ бўлди, деган маънода ойна олдида анча турди, кейин аллақандай бир ҳадик билан опасига қаради.

– Яхши, – кулиб қўйди Анна Васильевна. Унинг ўзи ҳам бугунга умид боғлаб, Мариядан кам ҳаяжонланмаётган эди.

Мария зўриқишдан инқиллаб-синқиллаб бўлса-да, қоғоз устида қалам юргизишни, қайта уйғонган овоз толаларидан бинойидек одам товушини ҳам чиқара бошлади. Ўқитувчини интиқ бўлиб кутар, янги сўзлар ўрганаётганини тинимсиз намойиш этар, вазифаларни сидқидилдан бажарар эди. Бироқ орадан бир ой ўтиб хомуш тортиб қолди. Кейинги сафар Анна Васильевна олдига қалам билан қоғозни қўйди.

– Энди бошқа ўқимайман, – деди у четга қараб. – Бундан бир иш чиқмайди, шекилли. Бошдан бошлаш учун қари эканимни тушундим.

Ўша маҳалда у ўттиз ёш атрофида эди.

Бу пайт автобус Старогородга яқин қолганди.

Ёлғиз пайтлари нима ҳақдадир фикр юритганда, Мария, юз-кўз ва қўл ҳаракатлари билан ўзига ўзи ёрдам беришга одатланган эди. Бироқ одамлар олдида имо-ишора қилавериш ноқулай. Шу боис у бундай ҳаракатлардан ўзини тийиб ўтирарди. Аммо баъзан чуқур ўйга ботар экан, шеригига тикилиб қараб турганини тўсатдан сезиб қоларди.

Албатта, бу ёмон одат. Аммо у арзимас бир нарса ҳақида ўйлаб олиш учун ҳам кўп вақт сарфлайди. Қандайдир чалғитувчи олов мудраб бораётган мияга кириб олади-ю, ҳатто ухлашга қўймайди. Ва мана шундай пайтларда ўша ниманидир ўйлаб олиш учун нафақат қўл, балки бутун танасининг ҳаракати ёрдамга келади.

– Нима бўлган унга? – сўради шеригидан орқани кўрадиган ойнадан Марияга ишора қилиб.

– Ким билсин… – иккинчиси ҳам қаради. – Уларнинг барчаси шунақа…

Автобус эса чорраҳаларда ўкириб, худди фил хартумидай капотини силкитиб шаҳар кўчаларидан оҳиста ўтиб боради.

– Бояги кампир анавини қаерда тушириб қолдиришни сўраган эди?–тўсатдан безовталаниб сўради биринчи ҳайдовчи.

– Октябрский ва Советскийнинг бурчагида.

– Ёки Социалистический ва Октябрьскийдами?..

Иккинчиси ҳам ўйланиб қолди.

– Ҳар ҳолда Советский бўлса керак, – деди у.

– Бу соқов сайёҳлар, – жаҳли қўзиди биринчининг. – Ўтқазиб қўйишади-да, кейин олиб юрасан…

– Биридан иккинчисигача юз қадам. Пиёда ўтиб кетади.

– Ана шу мулоҳаза иккалаларига ҳам маъқул келди.

 

Мария шаҳарни узоқданоқ таниди ва кўчалардан ўтиб борар экан, анчайин ҳаяжонланди. Қадрдонлари билан учрашувни, айниқса, Евгения Борисовнанинг гапларини тушунтиролмай иккала қўлини ёнларига уриб, хижолатли табассум қилишини тасаввур этди. Кейин эса Тоня ишдан, ўғли Толька мактабдан қайтади, ниҳоят укасининг ўзи ҳам хизматдан келади.

– Ҳой-ҳой!..Эшитяпсанми? Мана сенинг кўчанг…

Ҳушига келганда автобус тўхтаган, унинг эшиги очиқ, ҳайдовчилар унинг автобусни бўшатишини кутишарди. Шошиб ўрнидан туришга уринди. Бироқ, тўрт соат мобайнида бир жойда ўтириб, увишиб қолган оёқлари унга бўйсунмасди. Ўтиргичлар, ушлагичлар ва тўсиқларга осилганча, бир амаллаб автобусдан тушиб борар, йўловчилар эса ўтирғичлар оша бўйинларини чўзиб унга тикилиб боқишарди.

Автобусдан тушган жойи Марияга нотаниш кўринди. Ҳозир олдидан укаси турадиган кўча чиқишини хотирадан кўра қалб кўзи билан ҳис қилганча олдинга юра бошлади. Юки оғир эмасди, оёқларининг оғриғи ҳар доимгидек, чидаса бўлади.

Пул солинган ён чўнтагини силаб қўйди: пул ҳам, хатлар ҳам жойи­далигидан кўнгли ўрнига тушди. Синглиси Марта Пятигорскда ҳатто ювиниш хонасигача кузатиб бориши шу пайт хаёлидан ўтди ва ўзининг ёлғиз саёҳати ҳақида эшитгач, ҳайрон бўлишларини ўйлаб, ҳузурланиб кулиб қўйди. Мариянинг кулгиси касал одамникига ўхшамас, одатдагидай, ҳатто ёқимли бўлиб, ўтган-кетганлар: бу одам нега овоз чиқариб кул­япти, дегандай ажабланиб қарашди.

Бироқ Мария тез орада юришдан тўхтади ва хавотир билан орқасига ўгирилди: кўча унга олдингидан ҳам нотаниш туюлди. Йўл чўзилиб кетди, таниш қайрилишдан эса дарак йўқ. У ташвишланиб, яна юз-икки юз қадам юриб, таққа тўхтади. Ўйланди-ўйланди ва қарши кўча бўйлаб кетди. Номига битта бўлса ҳам таниш бинони топиши муҳим эди.

Уч соатга яқин вақт ўтди. Костя била Тоня шаҳар бўйлаб зир югуришмоқда: Советский ва Октябрьский чорраҳасидан автобус вокзалига, ундан чиқиб уйга чопишади. Уйдан эса яна чорраҳага… Мариядан дарак йўқ. Ташқарига қоронғу туша бошлади.

Икки соат чамаси илгари улар Мария келиши кутилаётган автобусни кўриб орқасидан чопишди, аммо машина тезлигини ошириб, вокзал томонга қайрилиб кетди. Костя билан Тоня вокзалга етиб келишганда автобус аллақачон жўнаб кетган эди. Кар-соқов аёлни эса ҳеч ким кўрмаган.

Балки бирор сабаб билан Мария автобусдан олдинроқ тушиб, ўзи бормоқчи бўлгандир, деган ўй билан уйларига чопишди. Уйда эса қувончли учрашувга қизғин тайёргарлик кўриб ўтирган Евгения Борисовна аҳволни эшитиб, оҳлаб юборди ва тасодифан ортида турган курсига ўтириб қолди.

– Вой-эй! – Ўзини у ёқдан, бу ёққа ташлаб йиғи бошлади.– Телеграммани кўрганимдаёқ беҳудага қўрқмагандим! Вой, худойим-эй! Бирор кор-ҳол бўлишини сезгандим!

– Ойи!

– Вой, энди нима қилами-из! Юрагим бекорга оғримаган экан!..

Тоня эрига қаради. Унинг бу нигоҳида ҳам “Энди нима қиламиз?”, деган савол мужассам эди. Костя одамлар билан мулоқотга киришиш имкониятидан маҳрум опасининг ёт кўчалар бўйлаб ёки бундан ҳам даҳшатлиси бутунлай бошқа шаҳарда адашиб юрганини тасаввур қилар экан, юраги ачишиб, хотинига мўлтираб қаради…

Мария адашиб қолганини тез орада тушунди. Қайси томонга юрмасин, пешонаси нотаниш уйларнинг деворига бориб тақалар, уларнинг деразалари одам бўйидан баланд бўлиб, кўчалари эса гўё чексиз кенгликлар оша бутунлай бегона жойларга етаклайди.

Дастлаб бу ҳодиса унга қувноқ, ҳатто кулгили туюлди. У ҳақда қандай сўзлаб беришни ҳам ўйлаб қўйди. Аммо теварак-атрофга кеч кира бошлагач, Мария хавотирга тушди.

Яхшилаб ўйлаб олиши зарур, ахир. Бир нусхадаги уйлар оралаб бориб-келаётганини у аллақачон тушунди. Шундан сўнг Мария тўғрига, токи катта кўчага чиқмагунга қадар юришга қарор қилди. Мабодо вазият шунда ҳам аниқ бўлмаса…

Бундан ташқари уни оёғи ташвишга солар эди. Оғриётганидан эмас, кўп юриб қўйганидан. Оёқ қурғур юради-юради-да, бирдан юрмай қўяди, шунақа одати бор. Ана ундан сўнг юмалаб кетмайсанми, бари бир саёҳат тугайди…

Кўча бўйидаги кичкина хиёбонда темир эшак учради ва Мария унга ўтириб ўн беш-йигирма дақиқа нафас ростлади. Кейин турди. Яхши, оёғи юриб кетди.

Олис ёшлик пайтида ўрмонда адашиб қолганини эслади. Ўшанда орқа-олдига югурди, “ау” деб қичқирди. Қаердандир акс-садо эшитилди. Бугунга келиб эса одамнинг овози қандайлигини ҳам унутган. Фақат бир ажиблигини билади.

Баъзан радиоприёмник олдига келиб, устига қўлини қўяди.

“ Мусиқами?” – сўрайди.

“ Ҳа”.

“ Яхшими?”

“ Яхши”.

“Болалигимда сурнай ва гармошкани эшитганман. Ўшанга ўхшай­дими?”

“Ҳа…”

Аслида, радио-приёмникка тегинар экан, уни мусиқа эмас, овозлар жунбушга соларди. Назарида нима ҳақда сўз бораётганини тушунаётгандек бўларди.

Бир сафар эса қулоғи остида худди биров овоз бергандек, уйғониб кетди. Бақириб юборди. Кўрпадан даст туриб, опасининг олдига югурди. Сўнг бу бор-йўғи васваса эканига иқрор бўларкан, ажабки, кўнгли тинчланди. Ҳатто қайта ухлаб ҳам қолди. Балки бу унинг элликка кириб, қариб қолганидандир. Балки тушдир.

Мария ўз ўйлари қаърига чўмиб кетганданми ёки йўлида кенг кўча учрамаганиданми шаҳар четига келиб қолганини сезмади: қаршисида овлоқ ер, ҳу нарида эса ўрмон кўзга ташланди. Буларни кўриб Мария қўрқиб кетди ва тезда орқасига қайтди. Энди биргина иш – одамлардан сўраш қолди. Шуларни ўйлаб у ён чўнтагидаги 3 рақамли хатни қўлига ушлаб, юраги дукуллаган бир ҳолда қаршисидан келаётган аёл томон қадам ташлади.

“Мен кар-соқовман!”

У қўли билан оғзи ва қулоғини кўрсатди.

“Ўқиб кўринг!”

Хатни қўлида силкитди.

Аёл уни тушунди. Хатни олиб тўхтади.

– Менга нимани суняпсан? – деди ачинган, аммо айни пайтда, болалар ва ногиронларга айтиладиган алмисоқдан қолган жазогир оҳангда.–Кўзойнаксиз бирон нарсани кўради, деб ўйлайсанми?

Тўладан келган бу аёлнинг нафаси қисарди: улар тахминан тенгдош бўлиб, Мария унга минг умид билан қараб турарди.

– Нега тикилиб қолдинг, кўзойнагим йўқ, кўзойнак!

Аёл бармоқларидан ҳалқа ясаб, кўзига олиб борди. Мария тушунди. У эшитиб, гапира оладиган оламга қарам эди, шу боис уларни шипшигидан тушунишга ўрганган. Бироқ улар Марияни яхши англашмас, демак, ҳар доим ҳушёр бўлиш керак. Шундай вазиятларда у қулоғи динг одамга айланар, тушунтиришнинг энг қисқа усулларини топа биларди. Бу сафар ҳам шундай бўлди

– Жжжжж! – деди у қўли билан ғилдиракни ўхшатиб силкитар экан.

– Вокзалгами? Поездми? – аёл унинг ҳаракатларини такрорлади.

– Ҳа! Ҳа! – хурсанд маъқуллади Мария.

– Бошимга бало ортирибман-ку! У томонларга боришга кўзим учиб турибдими?.. Нега ҳам сени учратдим-а? Бошқа йўлдан кетай дедим-а…

Шу тариқа кампирлар бири иккинчисига тиркалиб (фақат ким кимга тиркалганини ажратиш қийин эди), қўлтиқлашганча юриб кетишди.

Анна Васильевна буни кўрганда “Судралдик” деган бўларди.

– Сингилжон! Марусенка! – қичқирди аёлларга қараб бир эркак ва уларнинг ёнига борлиқни гўё селдек ёриб етиб келди.

Евгения Борисовна ҳар қандай изтиробни оғир енгарди. Мия узоқ вақтгача ташвишли хабар юборар, заҳарланган қон қари томирларда адашар ва кўз олдида бир-биридан даҳшатли манзаралар пайдо қилар эди. Бироқ – худога шукур! – зиён-заҳмат етмади! – деган ўйлар уни тез орада ўзига қайтарарди.

Албатта, бундай катта-кичик асаббузарликлар унинг гоҳо кулиши, гоҳида эса йиғлаши, баъзан эшик олдига қўйилган одам бошли ҳайкалдай қотиб туришига, баъзан “Сут!” деганча ошхонага чопишига халақит этмасди.

Унинг дунё ҳодисаларига муносабати ҳамма нарсадан улуғи ва муҳими соғлик билан оиланинг бахт-иқболи, деган бири иккинчисига уланиб кетадиган маълум ҳалқага ўхшаб кетади. Ҳаяжони турли суратларда, кўпроқ ҳолатининг бирдан ўзгаришида намоён бўлади: гоҳ қўлларини партуғи остига яширганча тек туриб қолар, худди ибодат қилаётгандек тебранар, гоҳида эса ҳовлиқиб, тўлиб-тошар эди. Ана шундай пайтларда бир қадрият иккинчиси билан аралашиб кетар, шахсий ҳаёти ва мамотини эса деярли унутарди.

Евгения Борисовна эшик олдида Мария, Костя ва Тоняни кўриб йиғлаб юборди. Ошхонага кириб тухум оқини аралаштираркан, ҳеч бир ёмонлик юз бермаганидан, барчалари бирга уйда эканликларидан, ўзини бахтиёр ҳис қилди. Ана, шундай эшикни очса бўлди, ҳаммасига кўзи тушади.

Баъзан унга дунё фалокат бўсағасида тургандек, бирон чорасини кўрмаса бўлмайдигандек туюлади. “Ҳамма нарса ўз-ўзидан юз беради, деб ўйлайсиз-да?”, дейди ўзи билан ўзи гаплашаркан, “Йўқ, адашасиз!” Фалокат худди йиртқичга ўхшаб, кутилмаганда ҳамла қилишига, уни олдинроқ сезсанг, айланиб ўтишига астойдил ишонарди.

– Ойи! – деб эътироз билдирса-да, аммо анчадан буён, хусусан, ўзи ўғиллик бўлгандан бошлаб қизи ҳам онасининг ўзгачалигини ич-ичидан тушуниб етгандай эди.

Бир сафар онасининг ҳолсизланиб ўтириб қолганини кўриб, юраги қалқди, бирдан умрнинг бебақолиги ҳақида ўйлаб қолди. Қизда онага нисбатан ана шу заҳотдан бошқача бир муҳаббат, балки бир қўрқув уна бошлади.

Кечки овқатга ошхонага тўпланишди; Мария янги шароитга тез мослашарди: идишдан ҳовури чиқиб турган шини косаларга қуйиб, нон кеса бошлади.

– Меникида турасанми? – сўради Костя.

– Йўқ. Опаларим кутишяпти.

У суҳбатлашишни ёқтирар, аммо ҳоли-ҳаёти асосан ёлғизликда кечгани учун жим юришга ҳам кўниккан эди.

– Шўринг қурғур, шўринг қурғур аёлгина… – Евгения Борисовна энди бошлаганди, қизи уни тўхтатди:

– Оййи!.. Евгения Борисовна пиқиллаб, жим бўлди.

Мариянинг нигоҳи бехос унга тушиб, кулиб қараркан, овқатни тўкиб юборди ва оғзини қўли билан артди.

– Нима қиляпсан? – сўради Евгения Борисовна гарчи тушунмаса-да.

Мария укасига қаради.

– Мен зўрман, – деди у. – Менинг ўрнимда бошқа биров бўлганида қўрқиб кетарди, мен эса йўқ. Ҳатто кулиб турибман.

– Баракалла, – деб олқишлади Костя.

– Фақат бу ҳақда опаларимга ёзманглар, хавотир олишади.

Мариянинг иштаҳаси соз эди. Евгения Борисовна қадаҳга ишора қиларкан, шаҳд билан маъқуллади.

– Кўп ичиш яхшимас, – англатди у, – озгина бўлса – мумкин.

Қадаҳларни чўқиштирган пайт, балки бу одатга аҳамият берганидан бўлса эҳтимол, у жиддий тортиб қолди.

Костя ва опа-сингилларнинг барчаси болаликда бир-бирларига ўх­шарди. Афтидан вақт, ҳатто ўхшаш юзларни ҳам ўзгартирар, фақат кўзлар ўша-ўша эди.

– Меҳмон бўлиб борардинг, – қайта сўради опасидан Костя.

Йўқ. Тезроқ бориб, тезроқ қайтиш керак. Анна бир ўзи ёлғиз. Йиғлайди.

“Йиғлайди”ни қайғуради, зерикади деган маънода тушуниш керак. Баъзан эса йиғлайди ҳам.

– Ўзинг биз томонларга бор, сени яхши кўрамиз. – Шундай деб Мария тўсатдан укасининг қўлини олиб, ўпди.

Евгения Борисовна ва Тоня бирдан йиғлашга тушишди, Костя эса Мария бу изҳорни кўнгли бўшаб кетганидан эмас, укасига меҳрини билдириш учун қилганини тушунди. Бундай одат унда кўп йиллар муқаддам пайдо бўлди: чеккасидан ўпганда ҳар икки томон жўш уриши лозим, қўлдан эса… – мана менинг муҳаббатим.

Костя оилада кенжаси бўлган. Шу боис опаларининг меҳрини кўп кўрди.

– Саломатлигинг яхшими? – сўради Костя таомдан сўнг.

– Тьфу. Мана кўрасан, Пятигорскдан ёш ва соғлом бўлиб қайтаман. Айтчи, кўринишим ёмонмасми?

– Мен учун ҳар доим гўзалсан, – жавоб берди укаси.

Мария хурсанд бўлганча ўзига ажратилган хонага кетди. Укасининг бегидир муболаға қилаётгани унинг кулгисини қистарди…

 

Эртасига тонгда Марияни кузатишди. У ҳар доимгидек, кузатувчиларнинг маслаҳатларига обдон қулоқ тутиб, улар билан қўл қисиб, ўпишиб хўшлашди. Бу аёл гўёки узоқ ва таниш йўлга чиқаётгандек эди. Фақат поезд ўрнидан силжигандагина у бирдан сергак тортди ва ойнадан қаради: укаси югуриб борарди. Поезд шаҳардан узилиб чиққанда ҳам укаси ҳамон чопиб келаётгандек туюлди унга.

Қулайроқ ўтириб олгач атрофига қараб, шароитга кўниккандан сўнггина хотиржам тортди. То Киев шаҳригача, яъни роса йигирма тўрт соат ҳаяжонланмасдан кетиши мумкин.

Марияни поездга ўтқазгач, Костя сўнгги вагон кўздан ғойиб бўлгунга қадар перронда турди ва жиянига телеграмма жўнатиш учун телеграфга йўл олди. У Марияни Киевда кутиб олиб, Пятигорскка борадиган поездга ўтқазиб қўйиши лозим эди. Навбатда турар экан, ўзи ва опалари ҳақида ўйга толди: оилада кичиги бўлгани сабабми унинг омади чопди. Ака-ука ва опа-сингиллар қанчалик меҳрибон бўлишмасин, ҳаёт уларни барибир ажратади, бу албатта, ачинарли, аммо табиий, уларни фақат бахтсизлик бирлаштириши мумкин. Мана Мария бутун тани-жони билан ҳаётга тирмашиб, яшаяпти.

Кейинги пайтларди кўнгли нозик тортиб қолди. Таниш бир нарса юрагини қисиб келар экан, тескари ўгирилди, бармоғи билан аввал бир кўзини, кейин иккинчисини артди.

Бир пайтлар опасининг уйига айвон қуриб бериш учун у ёқ бу ёқларни ўлчади, чизди-ёзди, аммо вақтида таътилга чиқолмади, кейин хотини, орқасидан ўзи ётиб қолди, ўша ниятга ҳам йигирма йил бўлибди.

“Ғишт ва цемент сотиб олдик, – ёзган эди яқинда Анна, – Ертўла қулаб тушмасидан томини янгилаш керак… Сен биларсан, шу иш неча пул туради? Кеча ғишт терувчилар келиб уч юз рубль сўрашди, жўнатиб юбордим. Билмасам, балки ростдан ҳам шунча турар?..”

– “Бораман”, – қатъий ўзига сўз берди у.

– Гапиринг!

Ўн етти ёшлар чамасидаги қиз унга худди телбага қарагандай тикилиб турарди. Костя бу ҳолатдан кулиб қўйди-ю, қўлидаги пул ва манзил ёзилган бланкани узатди.

Саёҳат эса давом этарди.

Мария ойна қаршисида ўтирар ва липиллаб ўтаётган сим ёғочлару дарахтларга қараб ўй сурарди: ўрмон ҳар фаслда яшариб кўринади, далалар эса фақат баҳор ва ёзда. Ўрмонга ҳам онда-сондагина боришади, уч йилдан бери эса уни кўрмади. Қирқ ёшдан ўтиб ҳисобда адашадиган бўлиб қолди, ўзининг ёши нечада эканини ҳам яхши англамаяпти. Вақтдан фойдаланиб ҳисоблаб кўрмоқчи бўлди: икки-уч ёш фарқи билан уч хил натижа келиб чиқди.

Йўл бўйи чиқиб-тушувчилар кўп эди. Ёнига ўтирганлар у билан мулоқотга оғиз очишар, аммо кар-соқовлигини англашгач, ҳайрон бўлиб жим қолишарди.

Бироқ узун бўйли, басавлат бир кампир ҳеч бир хижолат тортмай, аксинча, хурсанд бир алфозда Мариянинг елкасидан тортиб, қулоғини кўрсатди. Бир дақиқа ўтиб, улар суҳбатга киришиб кетишди. Унинг айтишича, кампирнинг ҳам кар-соқов қизи бўлиб, фақат у лаб воситасида гапириш ва тушуниш мактабини битирган, кейин ўзига ўхшаган болага эрга тегиб, қизалоғи бор экан. Қизчанинг овози ўткиргина чиқибди.

Шундан сўнг Мария ҳам ўзи, опалари, укаси ҳақида гапириб берди. Афсус, кампир озгинадан сўнг йўлда тушиб қолди.

Кампирни кузатгач анчагача унинг гапларини ўйлаб кетди: қани энди у ҳам ўша мактабда ўқиган бўлса, бирон жойда, масалан, тикувчи ёки бошқа касбда ишлаётган, энг муҳими, ҳаёти ёлғизликда эмас, одамлар орасида кечарди.

Бир аёл қизи билан қанчадир жойгача борди. Қизчанинг сочида катта бантик бўлиб, кўзлари кўм-кўк, йўловчилар унга узоқдан кулиб боқишди. Мария эса унга қўлини узатиб ўйинга чорлаб, тилини қоқди ва тўсатдан унинг овозидан узилиб чиққан товуш қизчани қўрқитиб юборди. У онасининг ортига яширинар экан, Марияга тилини чиқарди. Мария хафа бўлиб, ойнага ўгирилиб олди.

У ўзини болалар ёқтирмаслигига ҳеч кўниколмасди. Кичкиналар қўрқарди, катталарнинг эса бағритош эди. Баъзан кўчадаги болалар оғиз-бурунларини қийшайтиришиб, қандайдир маймунона қилиқлар билан атрофида чопиб кузатиб қолишарди.

Кейин Мария Мартанинг невараси Ирочкани эслади. У Мариядан қўрқмадигина эмас, аксинча унга боғланиб қолди, биринчи учрашгандаёқ, яхши кўрди. Шу ҳақда эсларкан, юзига кулги ёйилди ва бошқа ҳамма болаларни кечирди.

Баъзан йўлакдан қиз ва йигитлар югуриб ўтаркан, Мария уларга синовчан нигоҳ ташлайди. Бундай ёшларнинг суҳбатларига ҳаваси сўнган, эндиликда бегона ёшлик унда раҳм-шафқат уйғотар, гоҳида нозик, шикас­та қизни кўриб қолса, ачиниб кетарди.

Чиптачи келиб, уникини жуда узоқ, ҳатто, чироққа тутиб текширар экан, Мария ҳаяжонга тушди: хайрият, тешиб берди. Вагонлар бўйлаб газета-журналлар, турли озиқ-овқатлар жойланган саватларни кўтариб ўтишади. Кун охирига бориб, Мария шароитга шундай ўрганиб кетдики, ўзига борш сотиб олди, кейин эса расмларини томоша қилиш учун журнал сўради.

Чарчаб, мудрай бошлади.

Кўп йиллар олдин укаси урушдан унга ва опасига кўйлаклик олиб келган эди. Анна материални иккиланиброқ ушлаб кўзгу қаршисига бориб елкасига ташлар экан, бирдан унинг ҳар доимги беҳаловатлик, ғам-ташвишни акс эттиришга ўрганиб қолган юзлари ўзгариб, унинг ўрнида осон, омадли, бугуни ва эртасидан кўнгли хотиржам одамга айланиб қолгандай туюлди. Кўзгу қаршисида бир-икки дақиқа туриб, ундаги оловни ўчиргач, четга чиқди.

– Энди сен ўлча, – деб Марияга ирғитди кўйлакликни.

Синглисининг ҳам очилиб кетгани ўзидаги ўзгаришни тасдиқлаганидан қайта жунбушга келди.

Аммо кўйлакни ўша пайтнинг ўзида тиктиришнинг иложи бўлмади. Чунки аввал материалга кўникиш, ундан кейин бичимини танлаш, тикувчи ва унинг нархини аниқлаш керак бўлди. Қўни-қўшнилар чиқаркан кўйлаклик жавондан тушар, оловга тутиб (жунми ёки сунъийми), сувга солиб (хитойнинг тахта ипагига ўхшаб, ёйилиб кетмайдими) ва албатта, кўзгу қаршисида елкага ташлаб кўрилар эди.

Келишиш учун чеварни уйга таклиф қилишди. Бу аёл ҳам уларга тенгдош бўлиб, жон деб келди. Кўйлаклик унинг ақлини шоширди: биринчидан, ўзи ҳам ҳали ёш эди, иккинчидан эса у кейинги йилларда фақат кийимларни ағдариб ёки қайта тикарди.

Кўйлак узоқ муддатда тикилди. Тайёр бўлгач эса Анна Васильевна уни ўлчаб-ўлчамай жилдга солиб, жавонга илиб қўйди. Мария аксинча, чеварнинг уйидан янги кўйлакда қайтди ва ўша куниёқ айланишга чиқди.

Икки соатдан сўнг қайтаркан, Анна Васильевна унинг юзидаги чарчоқ ва ҳафсаласизликни кўриб ҳайратда қолди.

– Тьфу! – деди у кулиб.

– Нега?

– Билмадим… Қарайверади ҳамма, қарайверади…

Эскиларини кийиб, янгини жилдга солиб, у ҳам жавонга илгачгина кўзларида қониқиш зуҳур этди.

Замонлар ўзгарди. Мариянинг энди кийимлари етарли. Уларнинг аксариятини опалари, укаси ва унинг аёли совға қилишган. Буларнинг бари Мариянинг ёдида. Балки бу эскиларини ташлаб юборишга кўзи қиймаганидандир.

– Осилиб тураверсин!

Албатта, бу гапда айёрлик ҳам йўқ эмасди: укам келиб ўзи совға қилган кофтани кўраркан, хурсанд бўлади.

Бир сафар укасига шундай деди:

– Менга рақсга тушишни ўргат!

– …

– Мен қобилиятлиман! Бир дақиқада ўрганиб оламан! Ҳозир ҳам унча-мунча биламан! Майдондан ўта туриб кўрдим: бир қадам чапга, икки марта ўнгга! Мана, қара!.. Тўғрими?

– Тўғри… Лекин… Сенга нега керак?

– Керак!.. Рақс тушишни хуш кўрасанми?

– Билмадим… Назаримда, йўқ.

– Бошқалар-чи?

– Ҳар ким… Унчалик эмас.

– Нега унда рақс тушишади?

– Телбалар.

Мария ўйга толди. Кейин:

– Йўқ! Улар ёшлар! – деди.

– Бориб ўйнаб келсам майлими? – катта опасидан сўради кечки пайт.

– Мумкин.

Янги кўйлагини кийиб, атир-упалар турган стол ёнига боради.

– Сепсам майлими?

– Албатта.

Кўча бўйлаб жим юради. Кейин эса ёғоч деворлар тагидаги тор сўқмоқлар, эски боғнинг узун йўлаклари, йигит-қизларнинг соялари кўриниб турган ўтирғичлар, икки кунгурали черковнинг сукутдаги суратлари ва қоронғуликка чўмкан дарахтлар, бинолар ёнидан уйга қайтади.

Уйга қайтаркан, у опаси китоб кўриб ўтирган хонага кирди.

– Хўш? – опа аста ўгирилади.

– Арғувонлар гуллаяпти. Эшитмаяпсанми?

– Эшитяпман.

Озгина бўлса-да, инсон ҳақидаги билимлар унга маълум эди.

– Иккинчи болангни нега туғмаяпсан? – сўрайди опасидан.

Анна Васильевна қизариб кетди.

– Биринчидан, эрим йўқ. Қолаверса… менинг ёшимда яхшимас.

– Йўқ, – деди Мария, – ажойиб.

 

Поезд Киевга яқинлашмоқда эди.

Киевда уни ҳеч ким кутиб олмаслиги Марияга деярли маълум эди. Гап олдиндан сезганида эмас, зеро, ҳар қандай занжирнинг маълум бўш ҳалқаси борки, Анна Васильевна жияни билан ҳеч қачон ёзишмаган, табиийки Мария ҳам уникида бўлмаган. Бироқ у ҳаяжонланмади. Чунки бу пайтга келиб, бир қадар тажриба орттирган, энди ундан фойдаланишга тайёр турарди.

Ҳа, жияни йўқ эди. Бироз турди-да, ўйлаб-ўйлаб кўпчилик одамлар бораётган томонга йўл солди. Ҳозир энг муҳими, шошмаслик ва хотиржам бўлиш. Оҳисталик осойишталикни, осойишталик эса ишончни туғдирмоқда эди. Доира кўнгилдагидек туташмоқда – Мария ҳали-ҳозирча ташлаётган ҳар бир қадамини яхши биларди.

Бир неча одам турган навбат охирига бориб турди. Ҳаял ўтмай қўлидаги чипта, пул ва учинчи сонли хатни дарчага узатди.

Ҳаммаси бехатар ўтишини у сезарди… Бир пайт ҳошияси қизил фурашка кийган аёл киши қалин юзларидаги табассум билан Марияга бош қимирлатди, унинг кетидан иккинчиси, учинчиси… Улар Марияни қўлтиқлаб олишиб, унга аллақандай телеграммаларни кўрсатишиб, етаклаб кетишди. Мария тўсатдан юз берган бунлай меҳрибончиликдан дастлаб ўзини йўқотаёзди, ҳатто қаршилик кўрсатмоқчи ҳам бўлди. Бирдан эсига укаси Костя тушиб тинчланди ва кулганича ҳомийларига эргашди. Аттанг, бошқа поездга ўтириш маросимини тўла ўзи бажарганида қизиқарли ўтарди, деб қайғуриб ҳам қолди.

 

Мария ойнага дастлаб қарабоқ опаси Мартанинг безовта юзини кўрди. Унинг феъли-хўйи бир жиҳатдан Евгения Борисовнага тортиб кетади. Аҳамиятсиз воқеалар ҳам уни ташвишга солар, бугунгидай кутиш-жўнатишлар эса хаёлига инсон зоти дучор бўлиши мумкин бўлган минг­лаб мушкулотларни олиб келиб, унинг бутун қувватини суғуриб оларди. Бундан ташқари, бироз хаёли ҳам жойида эмасди. Учинчи вагон платформанинг охирида бўлишини билади, йўқ, вагон эшигидаги рақамга эргашиб олдинга югуриб кетди. Дарвоқе, олтмишга кирган кампир қандай ҳам югурсин. Мария чуқур нафас олди.

Мана энди ҳамма тушиб олгунича кутиш зарур. Опаси эса ташқарида сарсон. Нотаниш юзлар руҳини туширарди. Ана ниҳоят кўз кўзга тушди!.. Марта сумкага қўл чўзди, Мария одатига кўра эшикка орқасини ўгириб, тиззалаб поезддан туша бошлади. Пастга тушиб, Мартанинг кўзларида ёш кўрди…

– Сенга нима бўлди?

– …Қариб қолдик!

– Сен қари бўлсанг – бордир, аммо мен ҳали ёшман! Қани, кетдик!

Мана энди, шу тобда бир-бирларини қўлтиқлаб, имкони борича тенг қадам ташлашар, саёҳат охирига етганини, барча ҳаяжонлар ортда қолгани ва улар жуда ҳам бахтиёр эканликларини ҳис қилишди.

– Қандай ўзинг ёлғиз етиб келдинг? – сўради Марта трамвайда бораётганларида.

– Кейин сўзлаб бераман.

Шу лаҳзада унинг умумий танишлари: полковник, Бурунбой ва бошқа қўшнилар ҳақида жуда билгиси келарди. Аммо Мария Мартанинг ишоралар ёрдамида сўзлашни яхши билмаслиги ва нима десанг бошини ликиллатишини билганидан индамай қўяқолди.

– Қўрқмадингми?

– Ҳечам.

– Баракалла. Сенинг ўрнингда мен бўлсам…

– Сенинг ақлинг камроқ, менда эса ғиж-ғиж, деб кулди. Мария мақтанишни яхши кўрар ва эпларди. Гарчи, мақтанаётганини билиб турсам ҳам.

Бироқ адолат ҳисси баланд келди.

– Аннага раҳмат. У хат ёзиб берди.

Шундай деб, Мария опасига юмшаб кетган конвертни узатди ва Марта ўқиди:

“Қадрли ўртоқ!

Мен болалигимдан буён ногиронман. Менинг исмим Мария Васильевна Русанова. Опам Марта Васильевна, Пятигорск шаҳар, Южная кўчаси, 7-уйда туради, даволанишга боряпман.

Бу шаҳарда адашиб қолдим.

Мени темирйўл вокзалига кузатиб қўйсангиз.

Саводсизман. Ёрдам кўрсатишингизни ўтиниб сўрайман.

 

Ҳурмат билан, кар-соқов Мария Васильевна”.

Эртасига Костя ҳамда Анна Васильевна битта мазмунда телеграмма олишди: “Мария эсон-омон етиб келди. Ўпиб қоламан. Опа-сингиллар”.

 

 

Рус тилидан Ёқубжон Хўжамбердиев таржималари

2019/4

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi