Ҳенри Райдер ХАГГАРД (1856–1925) ДОКТОР ТЕРН

xenri_rayden

(Қисса)

VI БОБ

Мен Рубикондан ўтдим

Менинг чечак эмлаш қироллик комиссияси ҳузурига эксперт сифатида боришим Денчестер аҳолиси кўзи олдида обрўйимни кўтариб юборди. Энди мен яна амалиётимнинг кенг тарқалиб, тез ривожланаётгани ва ишлаб топаётган пулим ўз эҳтиёжимни қондириш учун етарли экани билан мақтанишим мумкин эди.
Бундан уч йил бурун суд залидан қайтиб келиб, ционид кислотаси қуйилган рюмка қаршисида шўппайиб ўтирганимда Стефан Стронг қабулхонамга қандай кириб келган бўлса, бугун ҳам у кутилмаганда шундай кириб келди.
Қабулимга жуда кўп беморлар келаётгани сабабли, у қабулхонамда бир соатча кутиб ўтиришга мажбур бўлибди.
– Мана, ишларингиз анча бошқача тарзда юришиб кетди, доктор, – деди у кабинетимга кира солиб, – қабул қилишингизни бир соат кутдим, у ерда яна олтита одам ўтирибди. Самуэлснинг болаларини даволаган пайтингиздан бери бахт кулиб боқа бошлади сизга. Айтинг-чи, бугун нега келдим ҳузурингизга-а?
– Ўзингиз очиғини айтаверинг, мен одамлар дилидаги гапни топишга нўноқман, – дедим.
– Ҳа, яхши, бўлмаса эшитинг. Сиз кечаги газетада кекса пивопазимиз Хикснинг пэр унвонига кўтарилаётгани ҳақида ўқидингизми? Биласизми бунинг сири нимада? Хикс, агар бу олий мартабага эришишим муддатини яна кейинга суриб, мени кутдираверсаларинг, партиям фонди ҳисобига ажратаётганим одатий взносни бошқа тўламайман, дебди. У тўлайдиган взнос эса, йилига 5000 фунт! Хуллас, партия раҳбарлари буни эшитиб типирчилаб қолишибди ва парламент креслоси ўзларида қолади деб умид қилиб, Хикснинг талабини қондиришга шошилибдилар. Лекин улар янг­лишяптилар, сабабки, агар парламент аъзоси бўлишга муносиб одамнинг номзодини биз кўрсата олсак, радикаллар бу сафар ғолиб чиқадилар.
– Ким экан ўша муносиб одам? – сўрадим мен.
– Жемс Терн, эсквайр, тиббиёт доктори, – деб бамайлихотир жавоб берди Стефан Стронг.
– Ие, нималар деяпсиз ўзи? – деб юбордим мен. – Ахир қандай қилиб фақат битта сайловнинг ўзига 1000 ё ҳатто 2000 фунт пул тўлай оламан, кейин ҳар турли обуналар учун ҳам йилига шунча пул тўлашим керак бўлади; бундан ташқари, қандай қилиб бир вақтнинг ўзида ҳам даволовчи доктор, ҳам парламент аъзоси бўла оламан?
– Шошилманг, доктор, биласизми, кеча радикаллар кенгашида сизнинг номзодингиз тилга олинганида мен бу айтган гапларингиз масаласида бир тўхтамга келиб қўйганман. Зеро, сизнинг бу эътирозларингизни мен олдиндан кўз олдимга келтирган эдим. Энди менинг гапимни эшитинг: сиз ёшсиз, ақллисиз, салобатингиз ҳам бор, яна гапга чечан нотиқсиз, турган гапки, элга танилишни, обрў-эътибор қозонишни истайсиз, лекин маблағингиз йўқ. Сиз фақат меҳнат қилиб топган пулингиз ҳисобига кун кечирасиз; агар парламент аъзоси бўлсангиз, унда шу ишлаб топаётган пулингиздан ҳам айрилиб қолишингиз мумкин. Ва лекин биз, ҳамонки сиздек одамга муҳтож эканмиз, бажарадиган хизматингиз учун ўзимиз ҳақ тўлашга тайёрмиз.
– Йўқ, йўқ, мистер Стронг! – дедим мен эътироз билдириб. – Мен радикалларга қул бўлишни, улар буюрган ишни мажбуран бажаришни хоҳламайман, ҳа, мен ўз касбим бўйича хизмат қилишни ва ўз докторлик амалиётимга содиқ бўлишни афзал кўраман.
– Йўқ дейишга шошилманг, йигит! – деди қария гўё насиҳат қилаётгандек сўзимни бўлиб. – Ҳеч ким сизни қул қилмоқчи эмас. Лекин, масалан, агар парламент аъзоси бўлишингиз учун сарфланадиган пулнинг энг охирги центигача тўлашга кафил бўлсалар ва бундан ташқари, сайловда ютиб чиққанингизда, йилига 1200 фунт маош ва борди-ю мағлубиятга учрасангиз ёки бошқа бирон сабаб билан парламентдаги лавозимингиздан воз кечишга мажбур бўлсангиз, 5000 фунт мукофот пули олишингизга кафолат берсалар нима деган бўлардингиз?
– Унда мен, эҳтимол, рози ҳам бўлардим бу шартга, агар ўша кафолат берувчи одамнинг мени шунча маблағ билан таъминлаши аниқ эканлигига ишонсам ва бундан ташқари, қайси одамнинг қўлидан пул олишга рози бўлишимни билсам.
– Бу ёғи энди ўзингизга ҳавола! – деди суҳбатдошим. – Ўша одам – мен, Стефан Стронгман ва шартимизга розилик билдириб имзо чекишингиздан олдин сизнинг номингизга 10 000 фунт қўяман банкка. Йўқ, мендан миннатдор бўлманг, бундай иш тутишимга сабаб, биринчидан, менинг болаларим ҳам, қариндошларим ҳам йўқ, сиз бўлсангиз, бир кўрганимдаёқ кўнглимга ёқиб қолдингиз. Одамлар сизни таҳқирлаб аблаҳлик қилишди. Шунинг учун, мен сизнинг бадавлат, бообрў инсон сифатида ҳаммадан юксакроқ бўлганингизда, сизни бадном қилган ўша олифта боёнлар келиб этигингизни ялашларини истайман. Бу менинг сизга ёрдам қилаётганимга биринчи сабаб; иккинчи сабаб шуки, бутун Денчестерда парламентга биздан вакил бўлиб сайланишга лойиқ ягона одам сизсиз ва агар биз анави ўзларини доно деб ҳисобловчи мутаассиб ториларга панд бера олсак, ўша айтганим 10 000 фунт пулни айни энг керакли ишга сарфланди, деб ҳисоблайман. Энди менга бирон бир қатъий жавоб беришингиздан олдин, сиздан баъзи нарсаларни сўрамоқчиман… Айтинг-чи, ҳар битта одамга унинг даромадига мутаносиб тарзда солиқ солишни маъқуллайсизми?
– Ҳа, албатта, ҳар бир одам олаётган даромадига мувофиқ солиқ тўлаши шарт – бу адолат талаби.
– Энди парламент аъзоларининг цензурани чеклаш масаласида нима дейсиз?
– Турган гапки, мен парламент эшикларининг фақат бойларгагина эмас, шунингдек, ҳар битта ҳурматга сазовор нуфузли одам учун ҳам очиқ бўлишини талаб қиламан.
– Хўп, яхши! Ундан кейин, ўзингизга маълумки, биз ҳаммамиз флотимизни ривожлантириш тарафдоримиз, бинобарин, сиз ҳам шу фикримизни қўллаб-қувватлагайсиз, деб умид қиламан. Мана, бўлди… Фақат битта масала қолди, бу антивакцинация3 масаласи. Сиз нима қилиб бўлса ҳам, бу масалани албатта қувватлашингиз ва амалга оширишингиз керак!
– Мен ҳеч қачон ҳеч кимга, бу масалани қувватлашим ҳақида гап очмаганман! – дедим.
У менга ажаблангандек тикилди.
– Шунақа денг? – деди у. – Лекин қувватламайман, деб ҳам гапирмагансиз. Бироқ биз ҳозир узил-кесил бир битимга келишимиз керак. Бу масала бизнинг, Денчестеримизда бошқа жамики масалалардан ҳам муҳимроқ ҳисобланадики, агар парламент креслосини сақлаб қолиш бизга насиб этса, бу ютуққа фақат шу антивакцинацияни яхши тарғиб қилганимиз шарофати туфайли эришган бўламиз. Бу бизнинг энг муҳим, энг ҳаётий масаламиздир. Шунинг учун ҳам бизнинг бутун умидимиз фақат сиздан; сиз бу масалани пухта ўргангансиз ва бу борада энг йирик ва нодир мутахассиссиз, лекин агар бу масала юзасидан сизда қандайдир шубҳа уйғонаётган бўлса, очиқ айтаверинг, унда биз бу ҳақда бошқа гап очмаймиз. Мистер Стронгнинг бу гапи мени сескантириб юборди. Аниқки, чечак эмлаш оқибатида содир бўлган айрим ҳолдаги касалликларни текшириш мен учун жуда қизиқарли иш бўлган эди, шунга кўра, бу ишга мен бажонидил киришган эдим. Лекин ахир мен қандай қилиб чечакнинг олдини олиш учун қилинаётган эмлаш жараёнига қаршилик кўрсатаётган антивакцинация тарафдори бўлган нодон тарғиботчилар билан бир сафда турай, нега энди мен бу энг улуғ халоскор кашфиёт – эмлашни топтаб йўқ қилиб ташлай?
Агар Стронгнинг таклифини қабул қилсам, ўз эътиқодимга, олган билимларимга хиёнат қилган бўламан-ку. Йўқ, йўқ, мен бундай қилолмайман!
Лекин шуниси ҳам борки, менинг аҳволимга тушган одам ҳеч қачон ғарибона ҳаёт машаққатларидан қутилиб, яна бир марта бундай бахтли кунга мушарраф бўла олармиди? Ҳали гўдак бола бўлган пайтимдаёқ менинг энг эзгу орзуим парламент аъзоси бўлиш эди.
Мана бугун менга шу бебаҳо орзуимга эришишни таклиф қилмоқдалар. Агарда мен азал-азалдан мутаассиб торилар уяси бўлган бу шаҳарни радикаллар томонга оғдира олсам, ўша заҳоти мартабам кўтарилиб кетарди. Мен ўзимни ҳалитдан шаҳарнинг нуфузли бойи, халқнинг иззатли вакили сифатида тасаввур қила бошладим… яна, ким билади-ю, эҳтимол ҳали пэр унвонига кўтарилган депутат ҳам бўларман… Мана энди мен ўзимни иззат-ҳурматда, шон-шуҳратда яшаб кексайганимни ва беҳисоб мол-давлатимни ворисларимга мерос қилиб қолдираётганимни кўз олдимга келтира бошладим.
Лекин борди-ю, Стефан Стронгнинг таклифига рози бўлмасам, бугун менга тавсия қилинаётган бахтли ҳодиса бошқа ҳеч қачон такрорланмайди. Ана унда, ҳам Стефан Стронгнинг, ҳам унинг саховатли хотини – миссис Стронгнинг менга бўлган ихлосларидан ва яна уларнинг менга кўрсатаётган дўстона муносабатларидан маҳрум бўлишим эҳтимолдан холи эмаски, натижада менинг бутун ҳаётим бир бурда нон топиш учун курашиш билан ўтади. Хуллас калом, бу фикр дастлабки пайтда менга ниҳоятда даҳшатли бўлиб туйилган бўлса ҳам, лекин келажакдаги фароғатли ҳаётимни сотиб олишлари учун таклиф қилинаётган нарх унчалик йирик эмас, яъни мендан талаб қилинаётган бу вазифалар ўз партияси томонидан зиммасига юкланган барча ғоя ва талабларни, ёқласа-ёқламаса, тарғиб қилишни ўз бурчи деб депутатлик фаолиятини амалда бажараётган ҳар битта парламент аъзосининг айтарли унча муҳим бўлмаган одатий бир дастури-да, деган қарорга келдим.
Мунозара узоқ чўзилмади ва менинг аҳволимга тушган одам нима дея олса, мен ҳам шундай жавоб қилдим. Эвоҳ, кошкийди, бу қилмишим нима билан якунланишини олдиндан билолсам! Лекин ўшанда мен фақат ўзимнигина ўйлагандим.
– Хўш, нима дейсиз? – деб сўради Стронг бир оз кутиб тургандан кейин.
– Хўш, нима дей? – дедим мен. – Шу танланган йўлдан то охиригача боришга тайёрман.
Лекин овозимда ланжлик акс этди шекилли, бу мистер Стронгни сал ранжитгандай бўлди.
– Менга қаранг, доктор, – деди у, – мен диёнатли, тўғри сўз одамман. Бинобарин, ҳақ бўлсам ҳам, ноҳақ бўлсам ҳам, барибир, вакцинациянинг одамлар учун жуда хавфли ва зарарли эканига қатъий ишонаман, биз буни бўлажак парламент сайловида энг муҳим масала сифатида кўтариб чиқмоқчимиз ва сайловни шу масала замирида ўтказмоқчимиз. Агар сиз, мен кўзлаганимдек, антивакциначи бўлолмасангиз, унда бу ишдан воз кечганингиз ва ўртамизда бўлган ҳамма музокараларни гўё бўлмагандек ҳисоблаганингиз маъқул. Тўғри, сиз бизнинг энг сўзамол воизимизсиз, шунга кўра, ўзимизнинг порлоқ умидимизни амалга оширишни сиздан илтимос қилмоқчи бўлгандик; бас, шундай экан, кўз остимизга олиб қўйган яна уч-тўртта ишончли одамимиз бор; мен ҳозирнинг ўзида бу ердан чиқиб ўша одамлардан бирининг олдига боришим ва у билан барча масалалар юзасидан келишиб олишим мумкин! – Шундай деб у қўлига шляпасини олди-да, кетишга чоғланди.
Мен у эшик олдига боргунича индамай туравердим; лекин унинг тутқичга қўл узатиши билан, кимдир мени гўё туртгандай бўлди-ю бирдан тилга кирдим:
– Ҳайронман, мен ҳақимда бундай хаёлга боришга ким мажбур қиляпти сизни? Ахир мен вакцинация тарафдори эмаслигимни асосли далиллар билан исботлаб бердим-ку сизга!
– Бу билан нима демоқчисиз, доктор?
– Демоқчиманки, менинг яккаю-ёлғиз фарзандим, суюкли қизалоғим, мана, тўрт ёшга кираётган бўлса ҳам, вакцинация операциясини бошидан кечирмаган!
– Ростданми? – сўради Стронг ишонқирамай.
Худди шу пайт қизим Женни билан сайр қилгани зинадан тушиб келаётган энаганинг овозини эшитдим. Мен кабинетим эшигини очиб жажжи қизалоғимни ёнимга чақирдим. Унинг сочи очсариқ, шаҳло кўзлари йирик-йирик, анордек қип-қизил лаблари чиройли жилмайиб турарди.
– Мана, ўзингиз кўринг, – дедим мен Женнининг енгларини шимариб, иккала қўлчасини очарканман, – кўряпсизми, ҳеч ерида ўша лаънати белги йўқ! – Сўнг қизчамни ўпиб, яна энага олдига чиқариб юбордим.
– Бу ишингиз жуда яхши, албатта, доктор, лекин шуни унутмангки, қизингизни бундан кейин ҳам ҳеч қачон эмлатмаслигингиз керак!
Стронгнинг бу гапларини эшитганимда, қандай фалокатли ишга розилик билдирганимни бирдан тушундим-у юрагим шув этиб кетди. Лекин энди қарорим қатъий эди, агар аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам, ўша эсимни еб қўйган пайтимда қарорим менга шундай туйилган эди.
– Кўнглингиз тўқ бўлсин, – дедим мен, – ҳеч қачон ҳеч қандай мараз оғу қизимнинг қонига қўшилмайди!
– Мана, энди ишонаман сизга, доктор, – деди Стронг, – зеро, биронта ҳам одам ўзининг ёлғизгина жигарбанди – фарзанди ҳаётини бундай хавф остига қўйгани журъат эта олмасди. Мен бу жавобингизни қўмита кенгашига етказаман ва кенгаш парламент сайловида радикалларнинг депутатликка номзоди сифатида сизга ўзининг расмий таклифини юборади! Яхши қолинг. Энди мен парламентдаги кресломиз ўзимизда қолишига аниқ ишонаман!
Эртаси куни эрталаб барча маҳаллий газеталар, бўлажак парламент сайловларида эсквайр, тиббиёт доктори Жемс Терн радикалларнинг ишончли вакили сифатида нутқ сўзлайди, деб хабар қилдилар. Ва яна: “Вакцинациянинг ашаддий душмани бўлган доктор Терн, бир неча бор таъқиб қилинган бўлишига қарамай, ўзининг ёлғизгина фарзандини эмлашларига қатъий қаршилик кўрсатган”, деб ёзибдилар.
Шу газетанинг ўзида сал пастроқда сэр Томас Колфорднинг консерваторлар партияси номзоди сифатида мазкур сайловга қўйилиши эълон қилинди.
Шундай қилиб, мен қатъий қарор қабул қилган, яъни Рубикондан ўтган эдим.

VII БОБ

Балли, антивакциначилар

Бир ҳафтадан кейин кураш авжга минди. О, бу шундай қизғин кураш эдики, ҳатто Денчестер ҳақида ёзилган энг қадимий ривоятларда ҳам бундай жўшқин кураш ҳақида ҳеч бир хабар ёзилмаган эди.
Сэр Томас Колфорд жуда катта бой эди; буни ҳамма биларди ва шаҳарда тарқалган миш-мишларга қараганда, у, агар сайланса, бундай иззат-ҳурмат ва ишонч-эътиқодлари учун шаҳар аҳолисига беҳад улкан миннатдорлик билдиражагини айтганмиш, яъни: шаҳар госпитали ўз қанотида битта янги флигел бўлишини кўпдан бери орзу қилиб келаркан; сэр Колфорд ўз ҳисобига ана шундай флигел қуриб, уни барча керакли анжомлар билан жиҳозламоқчи бўлибди. Бундан ташқари, сэр Колфорд­нинг 40 акр серунум ери шаҳарнинг истироҳат боғига келиб туташган эди; одамларнинг гапига қараганда, сэр Колфорд гўё: “бу 40 акр ер мендан кўра кўпроқ шаҳарга зарурроқ ва умид қиламанки, бир кун келиб у албатта, шаҳарнинг ери бўлгай”, деб шама қилганмиш.
Шундай гап-сўзлардан кейин, турган гапки, маҳаллий матбуот унинг номзодини шавқ-завқ билан қувватлай бошлади. Мени бўлса фирибгар деб аташди, судланганлигимни пеш қилишди, “Ҳеч қандай сармояси, мол-давлати бўлмай туриб, бировларнинг пули ҳисобига бойимоқчи бўлди, фақат бир нечтагина ортиқча овоз олиш ниятида, эс-ҳушини йўқотиб, антивакциначи бўлди ва бутун шаҳар аҳолисини энг даҳшатли касалга мубтало қилишдан ҳам тоймади бу социалист”, деб айблай бошладилар мени. Бу айбловлар ичида фақат биттаси – мени антивакциначи деганлари юрагимга ништар бўлиб санчилганди.
Денчестерга кўчиб келган кунимдан бошлаб менинг ашаддий душманим бўлган, энди эса сэр Томас Колфорднинг асосий ишончли вакили ҳисобланган сэр Жон Белл минбарга чиқиб, йиғилган сайловчиларга мурожаат қиларкан, “Ўзининг ҳамкасбларини шарманда қилган бу одамга сиёсий манфаатингизни асло ишониб топширманглар”, деган маънода нутқ сўзлади.
Бу нутқ, худди ўйлаганимдай, тингловчиларга катта таъсир кўрсатди ва мен ҳалитдан, энди ютқаздим, деб ўйлашим мумкин эди, яна шуниси ҳам борки, кейинги йилларда биронта ҳам радикал ўз номзодини сайловга қўйиб, парламент аъзоси бўлиш ҳуқуқини консерваторлардан тортиб олишга ҳаракат қилмаган эди. Лекин кўп заводларда ишловчилар ёки пойабзалларни улгуржи тарзда тайёрловчи косиблар, яъни ўзларини социалистлар деб ўйловчи ишчилардан ташкил топган сайловчилар Денчестерда беҳисоб эди. Ҳар куни эртадан кечгача заводнинг ҳавоси бузуқ дим хоналарида ишлаб, кечалари шаҳар чеккасидаги хароба баракларда паноҳ топувчи бу одамлар жамиятнинг олий табақа кишиларидан қаттиқ нафратланишар ва турган гапки, улар, “Сизларнинг қисматингизни биз енгиллаштирамиз” деб ваъда қилган ҳар қандай одам учун овоз беришга рози бўлардилар, албатта.
Бу гуруҳдаги сайловчилардан ташқари яна бир гуруҳ сайловчилар бор эдики, улар фақат бир пайтлар ўз оталари ва боболари радикаллар партияси тарафдори бўлганлари учунгина, ўзлари ҳам шу радикаллар учун овоз бермоқчи эдилар. Кейин, яна шу пайтгача консерваторлар партиясида бўлган, аммо ҳокимиятнинг ташқи сиёсатига ёки бошқа сабабларга кўра норозилик билдириб, радикаллар томонига ўтишга аҳд қилганлар ҳам бор эди. Булардан ташқари яна ҳар турли аҳмоқона “ғоя”лар тарафдорлари ҳам бор эдики, улардан ҳам сайлов пайтида бир нечта овоз ундириш мумкин эди.
Бу одамлар тоифасида яна итларнинг тумшуғига бурундиқ кийдиришга қаршилик кўрсатувчилар уюшмаси аъзолари, ишловчи отларга ҳомийлик қилувчи жамият аъзолари, мутлақо ичкилик ичмайдиган ҳушёрлар жамиятининг аъзолари, ҳаттоки гўдак болаларга тиббий ёрдам кўрсатишга қаршилар жамиятининг аъзолари ҳам бор эди.
Агар мен ўз нутқимда ана шу эс-ҳушидан озган васвос одамларнинг талаб ва хоҳишларини маъқулласам, бор-йўғи йигирма-ўттизтача овоз олишим мумкин эди. Лекин бу ерда ўзларини антивакциначилар деб ҳисобловчи одамлар юзтадан ҳам кўпроқ эди, демак, шу кейинги йилларда туғилган болаларнинг 20 фоизидан ортиқроғи ҳали эмланмаган эди. Шаҳардаги халқ саломатлигига васийлик қилувчи хайрия идоралари бир неча вақтдан бери ўз фаолиятларини деярли тўхтатиб қўйган эдилар. Лекин парламентга янги номзод сайлаш пайти яқинлашганида, шаҳар шифокорлари бошқармасининг талабига кўра, ўз болаларини чечакка қарши эмлатишдан бош товлаган шахсларни таъқиб қилиш, уларга жарима солиш ва турли хил жазога тортиш бошландики, бу нарса аҳоли ғазабини жунбишга келтирди, оқибатда антивакциначилар тарафдорлари кун са­йин ортиб бораверди.
Денчестердаги антивакциначиларнинг кўпчилиги радикаллар эди, яна шу билан бирга, консерваторлар ичида ҳам бир неча юз антивакциначилар бор эди. Кошкийди, мен шуларни ҳам ўзимга оғдира олсам, ана унда радикаллар ғалаба қозонган бўлардилар!
Шу биринчи митинг пайтида сэр Колфорд нутқини сўзлаб бўлгач, антивакциначиларнинг бир вакили ўрнидан туриб унга савол берди:
– Айтинг-чи, сэр Колфорд, сиз чечакка қарши мажбурий эмлаш ҳақидаги қонунни бекор қилишни амалга ошира оласизми?
Унутмаслик керакки, шу митингнинг ўзида ҳозиргина сэр Жон Белл мени антивакциначиларнинг ашаддий ҳомийси деб қоралаган ва бу гапи билан ўзи ҳимоя қилаётган номзодни ночор аҳволга солиб қўйган эдики, энди сэр Томас, мен эмлаш жараёнига онгли ва асосли тарзда қаршилик кўрсатаётганларни озод қилиш тарафдориман, дея олди фақат, аммо берилган саволга аниқ бир жавоб айта олмади.
Кейин шу саволни менга бердилар. Мен бу имтиёздан фойдаланиб катта нутқ сўзладим. Гулдурос қарсаклар билан қабул қилинган бу нутқимда мен оналарга юракни эзувчи энг таъсирли сўзлар билан мурожаат қилдим ва кўпчилик аёллар ҳўнг-ҳўнг йиғлашди, мен шу аёлларнинг эрларига юзланиб дедим:
– Сизлар Англиянинг озод фарзандларисиз, демакки, сизлар зулм-истибдодга қарши курашишингиз, оталик ҳуқуқингизни ҳимоя қилиб исён кўтаришингиз керак ва агарда мени парламентга сайласангизлар, ана шундагина мен сизларнинг мажбурий тарзда зўрлаб операция қилинаётган ва бунинг оқибатида энг мудҳиш дардларга мубтало бўлаётган бегуноҳ болачаларингизни ҳимоя қила оламан!
Мен бу кейинги сўзларимни баралла ҳайқириб гапирдим ва бориб жойимга ўтирдим; шунда жамики сайловчилар – улар залда 2000 кишидан ортиқроқ эди, – ўринларидан туриб кетишиб, гапимни маъқуллаб, мени табриклай бошлашди ва: “Биз сизни албатта парламентга депутат қилиб сайлаймиз! Биз эркин халқмиз, ҳеч ким ҳеч қачон бизни зўрлаб хоҳламаган ишимизни қилдира олмайди!” – деб қичқира бошлашди.
Мен митингда тилга олинган бошқа ҳамма масалаларни четга йиғиштириб қўйиб, ўз нутқимни фақат антивакцинация масаласига бағишладим. Кейин чечак эмлашнинг зарари, золимона эмлаш оқибатида гўдак болаларнинг ўлаётгани, содда одамларни лақиллатувчи тарғиботлар ва ҳоказолар ҳақидаги рисола-ю мақолаларни сайловчиларга тарқатиб чиқдик. Бу ишимиз чечак эмлашдан азоб чеккан одамларнинг тасвирлари билан бойитилди, биз яна сифати паст лимфа билан эмлаш ёки бемор олдига исқирт ҳолда яқинлашиш натижасида қаттиқ азоб чеккан болаларнинг фото суратларини ҳам одамларга тарқатдик, бундай суратларни биз оммавий йиғинларда, қироатхоналарда, шунингдек, кўпроқ камбағал одамлар йиғиладиган портерхоналарда ва қовоқхоналарда, худди туманда олингандек хира тасвирда намойиш қилдик.
Бу ишларимиз оломонга қанчалик зўр таъсир қилганини ҳатто тасаввур ҳам қилиш қийин. Онда-сонда тасодифан содир бўладиган бу хатарли воқеалар тасвирини кўрган оми одамлар чечакнинг нақадар мудҳиш дард эканлиги, унинг ҳайратомуз юқумли экани ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмаганларидан, “Докторлар фақат ўз фойдаларини кўзлаб, бутун аҳолини заҳарлаб ўлдиришмоқчи” деган хаёлга астойдил ишонган эдилар.
Шаҳардаги зиёли табақа аҳлининг ҳаммаси менга қарши тиш қайрай бошлади. Ушбу ишга шахсан қотишув мақсадида лордлар палатасидан палата аъзоси – машҳур нотиқ келди. У жуда чиройли нутқ сўзлади. Лекин мени ҳайрон қолдирган нарса шу бўлдики, нотиқ бу ерга, аслида, антивакцинацияни тарғиб қилишга қаршилик кўрсатгани келган бўлса ҳам, бу масалага фақат гап орасида салгина тўхталиб ўтди-да, қолган барча масалалар тўғрисида тўлиб-тошиб гапираркан, асосан “галдаги масалалар” ҳақида кўпроқ сўзлади.
Бир йилдан кейин мен бу машҳур воизнинг нутқини эшитиш бахтига яна муяссар бўлдим – лекин унинг бу галги нутқи бутунлай бошқача бўлди: у ўз нутқида антивакциначиларни таъқиб қилувчи маъмурият аъзоларига насиҳатомуз танбеҳ берди, антивакциначилар талабини қондириш ва ўз болаларини чечакка қарши эмлатишни истамаган оталар ҳамда васийларни турли усуллар билан таъқиб қилиш ва уларга жарима солишни бекор қилиш ҳақида билл чиқаришни жамоа палатасидан талаб қилмоқчи эканини айтди.
Унинг парламентга қилган бу мурожаати амалга ошди; билл бир қадар ўзгарган ҳолда қабул қилинди ва унинг ҳосилини мен йигирма йилдан кейин ўз кўзим билан кўрдим…
Мана, ниҳоят сайлов бўлиб ўтди. Эрталаб соат саккизда барча сайлов қутилари муҳрланиб, шаҳар ратушасига юборилди, у ерда лорд-мэр, депутатликка номзодлар ва ўзга мансабдор шахслар назоратида овозлар санаб чиқилиши лозим эди. Мана, қутилар бирин-кетин очилиб, сайлов бюллитенлари алоҳида-алоҳида икки тўпга, яъни Колфорд ҳамда Тернга овоз берган бюллетенлар тўпига тахлана бошлади. Соат тўққиз яримда овозларни санай бошладилар. Ҳозирча, маълум бўлишича, консерваторлар номзоди радикаллар номзодига берилган овозларга қараганда 35 овоз кўпроқ олибди. Лекин мана, охирги энг катта қутининг муҳри бузилди. Сэр Колфорд ва мен ўз вакилларимиз билан каттакон столнинг икки томонида сайлов натижасини кутиб, эҳтиром ила сукут сақлаб турардик.
– Рақамлар қандай? – деб сўради консерваторлар вакили.
– Колфордга – 4349 овоз, Тернга – 4327 та, ҳали саналмаган икки тўп бюллетень бор!
Вакил таскин топиб енгил тин олди ва сэр Томасни табриклаш мақсадида унинг қўлини сиқди – зеро, у ўз партиясининг ғолиб чиқишига қатъий ишонган эди.
– Биз бу ўйинда ютқаздик, шекилли, – деб пичирладим мен Стефан Стронгнинг қулоғига. Қарасам, унинг юзидан, худди мурданикидек, қон қочган, лаблари кўкариб кетган эди. Мен унинг дардчил юрагидан хавотирлана бошладим.
– Мистер Стронг, дедим унга, – сиз ҳозироқ уйингизга бориб, биронта уйқу дорисини ичишингиз ва ўрнингизга ётиб ухлашга ҳаракат қилишингиз керак.
Бу орада бюллетенлар қутиси очилиб, овозларни санаш давом этди: биринчи овоз мени, кейин кетма-кет тўққизта овоз Колфордни сайлаган эди. Ана шунда номзод масаласи ўз аҳамиятини тамомила йўқотиб қўйди, чунки энди натижа ҳаммага ойдин эди. Табрикловчи ва таассуф қилувчи пичир-пичирлар эшитила бошлади. Овозларни ҳисобловчи мансабдор ҳамон санарди. Менинг сайловда ютиб чиқишим учун қолган қирқта бюллетендан йигирма иккитаси менга овоз бериши керак эди, лекин бундай бўлиши ҳеч ҳам мумкин эмасдек туйиларди.
Мансабдор бюллетенларни энди овоз чиқариб санай бошлади:
– Ўнта овоз Тернга, битта овоз Колфордга, олти, ўн, ўн беш овоз Тернга.
Ғўнғир-ғўнғир овозлар жим бўлиб қолди; ҳамма саноқни тинглай бошлади – ҳамма натижа қандай бўлишини диққат билан кутарди. Энди фақат ўн тўртта бюллетен қолган эди ва рақибимдан устун чиқишим учун шулардан ўн битта овоз меники бўлиши керак эди.
– Ўн олти, ўн саккиз, йигирма овоз Тернга, – деб санашда давом этди мансабдор ҳисобловчи, одамлар эса натижани астойдил берилиб кутардилар.
Агар яна иккита овоз менга берилса, сэр Томас Колфордни маррага етказмай орқада қолдираман… Ҳамманинг кўзи ҳисобчининг қўлига қадалган эди; унинг ўнг ва чап қўли ёнидаги бюллетенлар тўпи – ўнгда Колфордга овоз берган, чапда менга овоз берган бюллетенлар, – тобора ўсиб борарди.
– Йигирма бир Тернга, – деб давом этди ҳисобчи, – йигирма икки.
Ва бу бюллетен ҳам чапдаги тўп устига қўйилди.
– Азбаройи худо, сиз ютдингиз уни! – деди Стефан Стронг.
Яна еттита бюллетен қолган эди.
– Йигирма уч, йигирма тўрт, йигирма беш – Тернга! – деди мансабдор. – Йигирма олти, йигирма етти, йигирма саккиз, йигирма тўққиз – Тернга. Ҳаммаси Тернга овоз берган.
Шу маҳал Стронгнинг кекирдагидан ғайриинсоний бир хирқироқ оти­либ чиқди.
– Биз ютдик! Балли, антивакциначилар! – шундай деб Стронг бирдан ҳушидан кетди ва чалқанчасига қулади.
Мен унинг тепасига энгашиб, кўйлаги ёқасини чок қилдим. Айни шу пайт консерваторлар вакили сэр Томас Колфорд номидан бюллетенларни бошқатдан санаб чиқишни талаб қилди.
Бу қайта санашда мен иштирок этмадим, чунки энди мен яна бошқа бир доктор билан биргаликда зал ёнидаги кичик хоналардан бирида Стефан Стронгни ҳушига келтириш билан банд эдик.
Биз дарҳол Стронгнинг хотинини чақиртириб келдик. Миссис Стронг хонага кириб, олдин беҳуш ётган эрига, сўнгра менга савол маъносида қаради.
– Ҳали нафас оляпти, – дедим мен.
Бу бир бурдагина ожиза аёл сукутга толиб, шу ерда турган бир стулнинг лабига омонатгина чўкди ва худди ибодат қилаётгандай қўлларини қовуштириб, эшитилар-эшитилмас паст овозда мутеона деди:
– Худонинг хоҳиш-иродаси бўлса, менинг суюкли Стефаним яшайди, агар худо ихтиёр қилмаса, у ўлади!
Бу жумлани у то эрининг жони узилгунча ўқтин-ўқтин яна ўша мутеона оҳангда такрорлаб ўтирди.
Орадан икки соат вақт ўтганида кимдир эшикни тақиллатди.
– Кетинг! – деб қичқирдим мен.
Лекин тақиллатган одам кетишни хоҳламади ва мен эшикни очишга мажбур бўлдим. Келган менинг вакилим экан. У ҳаяжонланган овозда пичирлаб деди:
– Бюллетенлар мутлақо тўғри ҳисобланган, сизда еттита овоз ортиқ.
– Яхши, – дедим мен, – айтинг, яна спирт олиб келишсин бизга!
Стефан Стронг кўзини очди, айни шу маҳал майдонга тўпланиб сайлов натижасини кутаётган оломоннинг тантанавор қийқириғи эшитилди. Бу доимий одатга кўра, ратуша балконида туриб халққа сайлов натижасини эълон қилаётган лорд-мэрни қутлаётган одамларнинг қийқириғи эди.
Ўлим тўшагида ётган Стронг нигоҳини менга қаратди: у энди гапира­олмасди. Мен унга кўпчилик овоз билан депутатликка сайланганимни тушунтирмоқчи бўлдим, лекин у мени тушунмади. Шунда миямга бир бахтли фикр келди шу ерда, полда консерваторларнинг кўкракка тақадиган ҳаворанг лентаси ётган эди, мен уни қўлимга олдим, кейин ўзимнинг кўкрагимга тақилган радикалларнинг тўқ-сариқ рангли лентасини ечдим-да, икки лентани икки қўлимда ушлаб, жон таслим қилаётган Стронгнинг кўзи олдида радикаллар лентасини баланд кўтардим, консерваторларнинг ҳаворанг лентасини эса ерга отиб юбордим.
Бу ҳаракатимни у тушунди. Унинг хиёлгина табассум оралаган чеҳраси бир зумга ўзгарди ва ўлими олдидан охирги бор кучини йиғиб эшитилар-эшитилмас пичирлади:
– Балли, антивакциначилар!
Кейин у кўзини юмди, назаримда у ўлгандек бўлиб кўринди.
Лекин салдан сўнг у яна кўзини очди ва менга, кейин хотинига тикилиб қараркан, бошини сезилар-сезилмас астагина қимирлатиб қўйди. Мен бундай тикилиб қарашнинг маънисига тушунмадим, аммо хотини, тушунди шекилли, шоша-пиша жавоб қилди:
– Хотиржам бўл, Стефан, сени тушундим.
Яна бир дақиқадан сўнг унинг жони узилди.

XIII БОБ

Юксак мартаба ва пул

Қўрққанга қўша кўринар, деганларидек, менинг парламентга депутат бўлиб сайланишим ҳукумат маъмурлари кўзига огоҳлантирувчи нишон бўлиб кўринди. Газеталар юрак олдириб қўйган консерваторларни ваҳимага солиб, “замонавий ҳодисалар”, “радикаллар ғалабаси”, “антивакциначилар қудрати ва аҳамияти” ҳақида очиқ ва дангал ёза бошладилар.
Мен аста-секин ишга киришиб, антивакцинация масаласини муҳокама қилиш учун махсус комиссия тузилишини талаб қилдим ва бу талабим амалга ошди, натижада чечакка қарши мажбурий эмлаш ҳақидаги қонунни бекор қилиш тўғрисида тузилган билл парламент муҳокамасига қўйилди.
Бу билл олдин доимий қўмитага жўнатилди ва ундан кейин парламент муҳокамасига ҳавола қилинди. У ерда билл ҳақида қизғин мунозара бошланди. Ҳатто палата президенти ҳам бу масала юзасидан ғоят дабдабали нутқ сўзлади. Баски, бу ҳақда гап очган эканмиз, шу ўринда антиқа бир фактни эслаб ўтишимиз лозим: ўша пайтда жамоа палатасидаги ҳар юзта одамдан тўқсон тўққизтаси чечак эмлашнинг нақадар зарурий амал эканлигига қатъий ишонган бўлсалар ҳам, биронталари бу биллга қарши норозилик билдирмади. Тахминимча, Денчестерда бу борада қилинган ишлар уларга сабоқ бўлиб ўз самарасини кўрсатган эди, шунга кўра, уларнинг маслаклари ва нуқтаи назарлари бу масала хусусида қандай бўлишига қарамай, агар улар биллга қарши эътироз билдиргудек бўлсалар, бундан кейинги сайловда сайловчилар овозининг ярмидан маҳрум бўлишларини кўз олдиларига келтирган эдилар. Ўша билл лордлар палатасида ҳам муҳокамадан ўтди ва уни парламент акти деб эълон қилдилар.
Ҳокимият мажбуран амалга оширилаётган вакцинация (чечакка қарши эмлаш)нинг ғоятда зарурий вазифа эканлигига қатъий ишонган бўлса ҳам, шунга қарамай, ўз болаларини энг даҳшатли касалга ва ҳаттоки ўлимга олиб борувчи хавф-хатарга рўпара қилиш ҳуқуқини бидъат удумларга ишонган оталар ва оналарнинг ўзига ҳавола қилди.
Энди менинг мавқеим кўп йиллар давомида мунтазам равишда, ҳар жабҳада эришган ютуқларим ва омадларим билан биргаликда тобора равнақ топаверди. Мартабамнинг улуғлиги ва эл ҳурматига сазовор бўлган зот эканлигим, кўп маблағ сарфлашга мажбур этарди мени.
Турган гапки, тиббий амалиёт билан шуғулланишим учун энди менда вақт ҳам, имконият ҳам йўқ эди. Ҳамонки, шунча йилдан бери муттасил парламент аъзоси бўлиб ишлаб келаётган эканман, бунинг ҳаммаси марҳум дўстим Стефан Стронгнинг саховати туфайли бўлаётган эди.
Стронгнинг, одамлар ўйлаганидан ҳам бадавлатроқ эканлиги фақат у ўлганидан кейингина маълум бўлди. У дўконлар, мол сақланадиган омборлар, анча-мунча уйлар, катта-катта экинзорлардан иборат беҳисоб кўчмас мулкдан ташқари яна 190 000 фунт нақд пул қолдириб кетибди. Банкка менинг номимга қўйилган 10 000 фунт пулни ҳисобламаганда, қолган барча пул ва кўчмас мулклар фақат хотинига мерос қилиб қолдирилган ва миссис Стронг бу меросга ўз ихтиёрига кўра эгалик қилиши мумкин эди.
Буни мен марҳум дўстимни дафн этиб келаётганимизда миссис Стронгнинг ўз оғзидан эшитгандим.
– Менинг қадрли Стефаним фақат 10 000 фунт қолдирибди сизга, доктор, – деди у бошини хиёл чайқаб, – ишончим комилки, агар худо шўрлик Стефаннинг умрини зиёда қилганида, у сизга янада каттароқ саховат кўрсатган бўларди. Биламан, эрим сизни жуда ҳурмат қилар, қадрларди, сиз ҳам унинг раъйига бориб, бутун ҳаётингизни Стефанимнинг суюкли партиясига хизмат қилишга бағишладингиз, шунинг учун ҳам, аминманки, сизга моддий ёрдам кўрсатиб туришни эрим менга қолдириб кетган бўлса керак. Агар ўлмаганида ўзи ҳам шундай қилган бўларди. У жони узилаётганида менга тикилиб қараганида айнан шу гапни айтмоқчи бўлган. Мен буни ўшандаёқ унинг кўзларидан ўқиб тушунган эдим. Шунинг учун, доктор, имконим бор экан, сиз ҳеч қачон ҳеч нимага муҳтож бўлмайсиз. Парламент аъзоси оддий бир кимса эмаслигини, ўз мавқеига биноан кун кечириши лозимлигини ва бунинг учун унга кўп пул керак бўлишини мен жуда яхши тушунаман. Ўйлайманки, агар ўзимнинг шахсий харажатларимни 500 фунт билан чекласам ва яна 1 000 фунтни антивакциначилар фондига ҳамда итлар тумшуғига бурундиқ тақишга қаршилик кўрсатувчи жамиятга, яна бундан ташқари, исроилийларнинг йўқолиб кетган ўнинчи насабини қидирувчи жамиятга ажратсам, шунда сизга яна йилига 1 200 фунт бериб туришим учун имконим бўлади.
– Йўқ, кечирасиз, миссис Стронг, сизнинг ёрдамингиздан умид қилишга ҳеч қандай ҳаққим йўқ.
– Доктор, мен фақат қимматли эрим Стефаннинг хоҳишини бажариб, худо унга ато этган пул билан сизни таъминламоқчиманки, эҳтимол, бу пулларни худо чечак эмлаш масаласида ҳукуматнинг бечора ота ва оналарга қарши олиб бораётган қийноқ ва зулмларига барҳам бера оладиган сиздек истеъдодли шахсни таъминлаш учун юборгандир эримга.
Мен унга ортиқ эътироз билдирмадим ва шу вақтдан бошлаб йилига икки марта – биринчи январь ва биринчи июль кунлари миссис Стронгдан у тайинлаган пулни мунтазам равишда олиб турдим.
Лекин вақт ўтиши билан мени ваҳима боса бошлади, зеро, миссис Стронг энди аста-аста ақлдан оза бошлаган, таниш одамларни танимай қўйган, энг оддий гапларни айтишда ҳам довдирай бошлаган эди, иш масаласида-ку, ҳеч нимани тушунмасди. Менинг палата аъзоси бўлиб яшаётган даврим тугаш арафасида эди – ҳозирча менга ишониб пул қарз бераётган эдилар ва ҳозирча депутатлик пайтимда орттирган уй жиҳозларини гаровга қўйишда давом этардим. Мен бу муҳтожликка фақат бир ярим йил зўрға чидадим. Лекин пулдан сиқилиб қолганим тез орада ҳаммага аён бўлди ва мен билан энди қадрдон дўстлардек эмас, совуққина кўришадиган бўлдилар, чунки Англияда камбағал одамлар ҳеч қачон иззат-ҳурмат қозонмаганлар. Ниҳоят мен жуда оғир ва ночор аҳволга тушиб қолдим. Бир пайтлар Колфорд билан судлашиб, суд залидан уйимга қайтиб келганимда, ционид кислота қуйилган рюмка қаршисида ўтирган вақтимдан буён ҳеч қачон ҳозиргидек руҳий изтиробга тушиб эсанкираб қолмаган эдим. Бу ҳам етмагандай, энди ёшим ўтиб қолган ва ҳаётимни бошқатдан бошлашга қурбим етмасди, ҳаммадан ҳам кўпроқ, ўзим билан қизимни қандай боқишни билмай бошим қотарди ва менга ёрдам қила оладиган биронта ҳам қўли очиқ танишим йўқ эди.
Мен кун бўйи шаҳар кўчаларида ҳолдан тойиб, ғамга ботиб сандироқлаб юриб, кечқурун уйимга қайтдим. Даҳлизга кириб столчада ётган телеграммани кўрдим ва кабинетим томон юрарканман, уни бепарво кайфиятда очдим. Денчестернинг энг йирик адвокатидан келган бу телеграммада шундай сўзлар ёзилган эди:
“Мижозимиз миссис Стронг бугун кундуз соат учда тўсатдан қазо қилди. Сиз билан албатта учрашишим зарур. Эртага Денчестерга кела оласизми? Кела олмасангиз сизни Лондонда қачон ва қаерда кутиб олишимиз мумкин?”
“Мени Лондонда кутиб олишмоқчи?”, – деб кўнглимдан ўтказдим. Кимсан, шундай йирик фирманинг етакчи вакили мен учун ҳам, ўзи учун ҳам ниҳоятда муҳим бўлган ва иккимизни ҳам хушнуд қиладиган гап айтмоқчи бўлмаганида мен билан учрашиш учун Лондонга келиб овора бўлармиди? Балки миссис Стронг менга бирозгина пул мерос қилиб қолдиргандир ё бўлмаса, ким билсин, эҳтимол, мени ўзининг ёлғиз меросхўри этиб тайинлагандир. Илгари ҳам бир неча марта энг оғир ва мушкул аҳволга тушган пайтларимда ҳар гал, кутилмаганда, бахт кулиб боққан эди менга.
Дарҳол жавоб телеграммаси юбордим:
“Соат 8.30 да Денчестерда бўламан”.
Кўчага югуриб чиқиб, биринчи учраган извошга ўтирдиму вокзалга жўнадим; айни вақтида келган эканман – Денчестер поезди жўнай деб турган экан. Ёнимдаги бор пулимни сарфлаб фақат учинчи класс вагонига патта ололдим. Гарчи тезюрар поездда кетаётган бўлсам ҳам, йўл назаримда жуда узоқ ва ҳали-бери тугамайдигандек бўлиб туйилди менга. Мана ниҳоят Денчестер вокзалининг платформаси. “Агар ишончли вакил менга муҳим бир гапни айтадиган бўлса, ўз ходимларидан биронтасини мени қарши олгани юборган бўлиши мумкин, борди-ю бу тамомила ғайриоддий бир хабар бўлса, унда ўзи келган вокзалга”, – деб ўйладим мен.
Поезд бекатга етиб келди ва ёмғирдан ҳўл бўлган платформа ёнидан имиллаб ўтиб тўхтади, шунда мен кўнгилни ғаш қилувчи нохуш манзарани кўришни сал бўлса-да, кейинроққа суриш учун кўзимни юмиб олдим. Кейин кўзимни очиб вагон деразасидан ташқарига қараганимда, даставвал кўрганим шахс модали палтосининг мўйна ёқасидан менга мағрурона жилмайиб қараб турган икки юзи анордек қизарган фирма бошлиғининг ўзи эди. Ҳаяжонланганимдан тиззаларим қалтираб сал бўлмаса йиқилиб тушай дедим. Адвокат мени кўрди ва қарши олгани пешвоз кела бошлади. Унинг кўзлари чақнаган, жуда салобатли кўринарди.
– Муҳтарам сэр, – деб гап бошлади у, – телеграммам сизни безовта қилмагандир, деб умид қиламан! Лекин сизга билдирмоқчи бўлганим янгилик шу қадар қимматлики, уни ўзингизга имкон борича тезроқ етказишни лозим кўрдим.
– Кечирим сўраш учун асло уринтирманг ўзингизни. Лекин марҳамат қилиб айтинг-чи, бечора дўстимнинг хотини ўлгани ҳақидаги қайғули хабардан бошқа яна қандай янгиликни айтмоқчисиз менга?
– О, муҳтарам сэр, – дея жавоб қилди адвокат, – раҳматли миссис Стронг бу гапни сиздан сир тутишни қатъий талаб қилган эди, лекин ўзингиз эшитган бўлишингиз керак!
– Мен ҳеч нима билмайман, – деб унинг сўзини бўлдим.
– Ундай бўлса, сизга кўнглингизни қувонтирувчи бахтли янгиликни билдириш менга насиб этганидан ўзимни ғоят бахтиёр ҳисоблайман! – деб шоша-пиша гапира бошлади севинчдан оғзи қулоғида бўлган адвокат. – Марҳума мижозим миссис Стронгнинг васиятини бажарувчи сифатида, сизга бу қувончли хабарни биринчи бўлиб етказиш шарафига муяссарман: сизни у ўзининг ягона вориси этиб тайинлаган.
Мен сал бўлмаса ҳушимдан кетиб йиқилаёздим.
– Меросим рақами тахминан қанча эканини айта оласизми? – деб сўрадим ҳушимни йиғиб олганимдан кейин.
– Ҳозирча аниғини айтолмайман, лекин ўзингиз ҳам билардингиз – марҳума жуда тежамкор аёл эди. Банкдаги капитал эса муттасил ошиб бораверади. О, у пуллар доим ошгани-ошган! Менинг тахминимча сизга қолган пул 400 000 фунт атрофида бўлиши керак.
– Наҳотки? Ахир марҳуманинг эси оғиб телба бўлиб қолган эди-ку, қандай қилиб васиятнома ёза олдийкин?
– Қимматли сэр, васиятномани у эри ўлган кунларда ёзган эди. Лекин бир кун келиб сиз учун ҳеч кутилмаган хушхабар бўлсин, деб буни ҳозирча сиздан сир тутишни қатъий талаб қилган эди мендан.

IХ БОБ

Женни доктор Мерчисон билан учрашади

Менинг ворислик ҳуқуқимни ҳеч ким талашмади, марҳума миссис Стронгнинг қариндошлари ё яқин танишлари бўлмагани сабабли, васиятномага эътироз билдирувчилар топилмади. Менинг ниҳоятда йирик меросга эга бўлганим ҳақидаги хабар тезда бутун элга овоза бўлди ва энди нафақат Денчестерда, ҳатто Лондонда ҳам шон-шуҳратим ошиб, яна обрў қозона бошладим.
Мен серҳашам бир уй сотиб олдим ва ғарра-шарра пул сарфлаб дабдабали зиёфатлар бера бошладим, жамиятнинг энг сара кишилари бу зиёфатларда иштирок этишни ўзлари учун энг юксак бахт деб ҳисоблардилар. Навниҳол уй бекаси – Женнининг оқилалиги, мафтункорона ҳусни ва фазилати, шу билан бирга, унинг бой келинлиги ҳам жуда кўп таниш йигитларни худди оҳанрабодек жалб қиларди менинг хонадонимга. Ошиқ йигитларнинг сон-саноғи йўқ эди; бир қиш мавсумида қизимга учта жойдан совчи келди, лекин Женни учала совчига ҳам рад жавобини берди. Олдинги икки совчига “йўқ” деб жавоб берганида мен индамадим, лекин охирги, учинчи совчини ҳам рад этгани мени қаттиқ хафа қилди ва мен чидаб тура олмай, хафа бўлганимни қизимнинг юзига айтдим.
У гапимни охиригача эшитди ва хотиржам кайфиятда деди:
– Сизни хафа қилиб қўйганимдан таассуфдаман. Лекин мен ҳатто сизни деб ҳам, кўнглимга ёқмаган одамга турмушга чиқмайман.
– Ундай бўлса, Женни, – дедим мен, – агар бирон йигит кўнглингга ёқса, менинг розилигимни олмай туриб, унга ҳеч нима ваъда қилма.
У бир дақиқача иккиланиб жим турди, сўнг деди:
– Қимматли отажоним, ҳамонки мен кўнглимга ёқадиган ва менга эр бўладиган биронта одамни учратмаган эканман, бу ҳақда гап очишдан нима маъни бор? Лекин сиз шуни хоҳларкансиз, сўз бериб айтаманки, агар мен кўнглимга ёқадиган одамни учратсам-у аммо сиз уни, қандайдир сабабларга кўра, куёв қилишни хоҳламасангиз, у йигитга мен уч йилгача қатъий бир жавоб бермайман. – Аммо, деб илова қилди Женни, – ишончим комилки, мен танлаган йигит граф ҳам, пэр ҳам бўлмайди.
– Женни, қандай тилинг борди бу гапни айтишга!
– Нега ҳайрон бўляпсиз, ота? Илгари мен сизнинг халқ йиғинларида сўзлаган нутқларингизни кўп эшитганман; сиз доим: ҳамма одамлар тенгдурлар, лекин ишчилар барчадан аълороқдир, зеро, бу “меҳнат фарзандлари” юртимиздаги ҳар қандай қизга уйланишга ҳақлидирлар, дер эдингиз.
– Мен буни кўп йилдан бери айтмай қўйганман, – дедим бироз ранжиб.
– Ҳа, ота, миссис Стронг ўлиб, ҳамма бойлигига сизни меросхўр қилиб қолдиргандан кейин ва қаёқдаги лордлар ва ледилар уйимизнинг азиз меҳмонлари бўла бошлаганларидан бери айтмай қўйдингиз бу гапларни. Шундай эмасми, ота? – деди-да у хонадан чиқиб кетди.
Ҳар йили август ойида парламент мажлислари тўхтатилади ва парламент аъзолари таътилга чиқадилар; мен ҳам бу пайтда қизим билан Денчестер яқинидаги ер-мулкимга кўчиб ўтдим. Бу мулкимда жуда катта бир боғ бўлиб, унинг ўртасида қадимий усулда қурилган чиройли уй қад кўтарган эди, боғнинг теварак-атрофи эса ажойиб ов маскани сифатида довруқ қозонган хушманзара жой эди.
Бу мулкимнинг бир чеккасида қашшоқ ишчилар яшайдиган ғарибона катта даҳа бўлиб, унинг бир қисми ҳатто менинг ерим ҳудудига ҳам ёриб кирган эди. Женни менга ҳеч тинчлик бермай, ҳол-жонимга қўймай, ҳадеб талаб қилаверганидан кейин, унинг кўнглига қараб, шу қашшоқ ишчилар учун электр ва водопровод билан таъминланган ўттизтача коттеж қуриб бердим, лекин бу ишим мутлақо бефойда бўлди: ишчилар ҳали ҳам ўзларининг хароба кулбаларида яшашар, янги қурилган коттежларни эса, клерклар, хизматчилар, кичик амалдорларга, арзимаган ҳақ эвазига ижарага беришар эди.
Бир куни Женни бизнинг намунали коттежимиздан бирига кўчиб келган Смис фамилияли оиланикига борганида, фалокат босиб, мазкур даҳада хизмат қилувчи ва шу боис бутун даҳадаги касалларни боқувчи ўттиз ёшлардаги доктор Мерчисон билан танишган. Эрнест Мерчисон юз бичими мардона, чақмоқдек ёрқин йирик-йирик қора кўзлари чуқур ботган, яғриндор ва мушакдор шотландиялик йигит бўлиб, камгап, тўғрисўз ва муомалада бироз қўрсроқ йигит эди. Лекин доктор сифатида яхши обрў қозонган, ўз касбини чуқур ўрганган ва жуда қадрлар эди, бундан ташқари, у бутун Денчестерда энг яхши доктор ҳисобланарди. Қизим ана шу йигитни ёқтириб қолибди, Лондоннинг олий табақага мансуб барно йигитларига кўрсатмаган дил изҳорини шу йигитга очиб, унга кўнгил қўйибди.
Воқеа бундай бўлган эди: намунали қурилган коттежларимиздан бирига Смис фамилияли оила кўчиб келган эди. Мистер Смис композитор экан, унинг хотини – қизлик фамилияси Самуэлс бўлган миссис Смис бир вақтлар сифати ёмон лимфа билан эмланиб сарамас бўлган, кейин мен шифо топиб даволаган қизалоқ эди. Бир жиҳатдан, бу қизалоқ менинг омадли ва фаровон ҳаёт сари қўйган биринчи қадамим эдики, ҳамиша бу аёлга нисбатан дилимда беихтиёр миннатдорлик туйғусини ҳис этардим. Смисларнинг иккита боласи – тўрт ёшлардаги қизалоқ билан саккиз ойлик гўдак ўғилчалари бор эди. Бир кун бу болалар кўкйўтал бўлиб қолишибди. Шунда Женни уларни кўргани борганида, қизчага бир қути конфет совға қилибди.
Худди шу маҳал бу хонадонга доктор Мерчисон кириб келган ва касал болаларни кўра бошлаганида бирдан қизчанинг каравоти ёнида ётган бир қути ширинликни кўриб қолган.
– Бу нима? – деб сўраган у ўшқириб.
– Бу мисс Терннинг Тоттига совғаси, – деган болаларнинг онаси кўзи билан Женнини кўрсатиб.
– Тотти ҳеч қандай ширинлик емаслиги керак то бутунлай соғайиб кетмагунича.
Доктор болаларни кўздан кечиришда давом этаркан, қизалоқнинг қўлчасини очиб кўриб, бош чайқаб қўйган-да, деган:
– Қизингизнинг қўлида эмланганлик белгисини кўрмаяпман! Нима, сиз эмлашнинг соғлиқ учун фойдали эканига ишонмайсизми?
Ана шунда миссис Смис бирдан тутоқиб кетиб, эмлаш оқибатида ўзининг бошидан кечган машаққатли дардни ҳамда укасининг қандай азоб чекиб ўлганини сўзлаб берган ва ўзининг гўштдор қўлини очиб, тирсагидан юқорироқдаги эмланганлик белгисини докторга кўрсатган.
– Ўзим-ку аниқ эслолмайман, лекин докторнинг ойимга айтган гапи эсимда: болаларингизни ҳеч қачон чечакка қарши эмлата кўрманг, деган эди у доктор.
– Доктор! – деди Мерчисон ғазабланиб. – Йўқ, у доктор эмас, овсар одам бўлган, хоним, ҳа, овсар ёки бир донагина сайлов бюллетени учун жонини сотишга ҳам рози бўлувчи қандайдир сиёсий ташвиқотчи!
Бу гапни эшитган Женни тутоқиб кетиб, кўзларида дарғазаб ўт чақнаб, шахт ўрнидан турган.
– Сўзингизни бўлганим учун мени кечирасиз, сэр, – деган у. – Ҳозир сиз ёмонлаб тилга олган жаноб – доктор Терн менинг отам ва у мазкур шаҳардан сайланган парламент аъзоси!
Доктор Мерчисон қизимга бир оз вақт маҳлиё бўлиб қараб турган (Женни, одатда, ғазаб отига минганида, ҳусни янада латофатлироқ бўлиб кетарди), сўнг асло хижолат тортмай, одмигина жавоб қилган:
– Шунақами? Сиёсат мени қизиқтирмайди, шу боис бундан бехабар эдим.
Бу гап энди тамомила Женнининг қонини қайнатиб юборган ва у ўз тилига эрк беришдан қўрқиб, орқасига ўгирилган-да хонадан чиқиб кетган. У уй олдидаги гулзордан ўтиб, энди кўча эшикни очмоқчи бўлганида, шаҳдам юриб келаётган эркак кишининг оёқ товушини эшитган ва орқасига ўгирилиб, доктор Мерчисон билан юзма-юз тўқнашган.
– Сиздан кечирим сўраш учун орқангиздан шошиб келдим, мисс Терн. Мен, чиндан ҳам билмагандим кимлигингизни ва сизнинг шаънингизга бир оз таҳқиромуз гап айтиб юбордим, лекин шуни айтишим жоизки, чечак эмлаш масаласида мен ўзимнинг қатъий эътиқодимга амал қиламан, шунинг учун ҳам бу ҳақда бир оз кескинроқ гапириб юбордим!
– Бошқа одамлар ҳам ўз эътиқодларига амал қиладилар, сэр, – деб жавоб қилган унга Женни. – Ҳаттоки сизникидан ҳам қатъийроқ бўлган эътиқодларига.
– Мен буни биламан, – деган доктор, – ҳатто бир кун келиб ўша эътиқоднинг қандай ҳосил беришини ҳам биламан, мисс Терн, буни ўз кўзингиз билан кўрасиз ҳали, агар унгача тирик бўлсангиз. Ҳозир бу ҳақда баҳслашишимиздан фойда йўқ, албатта. – Сўнг у хайрлашгани шляпасини хиёл кўтарган ва яна бир марта кечирим сўраган-да, катта-катта қадам босиб коттежга кириб кетган.
Женни анча вақтгача доктор Мерчисондан аччиғланиб юрди, кейин чуқур ўйлаб кўриб, шу қарорга келди: “Ахир у келиб мендан узр сўради-ку, қолаверса, кўнгилни ранжитадиган ўша гапни у жаҳолат даъвати билан айтиб юборди, демак, уни кечириш керак”. Сўнг Женни, кечирим сўраш учун олдига келган докторга дилни хушловчи бир оғизгина ширин сўз айтишни унутганини эслади ва бир неча марта тасодифан учрашганларидан кейин, уни уйимизга чойга таклиф қилди.
Мен бу машъум ишқий романнинг тафсилоти ҳақида тўхталиб ўтирмайман. Доктор Мерчисоннинг қизимга мулозамат қилишига қатъиян қарши бўлсам ҳам, тан олиб айтишим керакки, бу йигит сиртдан қараганда, анча дағал ва қўпол муомалали бўлиб кўринса ҳам, дили пок, хушмуомала ва ҳаётда диёнатли, адолатли одам эди.
Женнининг бу одам билан муносабати анча жиддий тус ола бошлади.
Ниҳоят доктор қизимга уйланиш нияти борлигини ошкор қилди; бир кун эрталаб – ҳануз эсимда: Рождество бошланган кун эди, икковлари мен ишлаб ўтирган кутубхонага биргалашиб кириб келишди ва бир-бирларини севишларини, шу боис никоҳ ўқитиб, турмуш қурмоқчи бўлганларини изҳор этишди.
Мерчисон ўз фикрини икки оғиз сўз билан дангал ва мардона баён этиб қўя қолди.
– Мен ўзимнинг анча мушкул аҳволда эканимни жуда яхши тушуниб турибман, – деди у, – зеро, Женни бой қиз, мен эса, фақат маошим ҳисобига кун кечираман, лекин шундай бўлса ҳам, сизнинг ҳар қандай доно талабларингизга сўзсиз итоат этишга ваъда берарканман, бизнинг турмуш қуришимизга розилик билдиришингизни илтимос қиламан.
Бу унашув мен учун жуда қаттиқ зарба бўлди.
Мен қизимнинг Англия пэрига турмушга чиқишини орзу қилгандим, аммо унинг кутилмаганда, қаёқдаги қаланғи бир табибга кўнгил қўйгани мени ҳайрон қолдирди. Истиқболимиз порлоқ бўлади, бўлғуси авлодим аслзода инсонлар оиласида давом этади, деб қилган эзгу ниятларим бирданига буткул барбод бўлганди. Натижада ёлғизгина қизимнинг бахтли ҳаёт сари отланишидан қувониш ўрнига, ғазабим қайнаб, уларнинг турмуш қуришларига розилик бермадим. Мен, табиатан, унчалик қизиққон, қайсар одам эмасман, лекин бу гал ўзимни тия олмадим ва қизимнинг шу йигитга хотин бўлишига астойдил қаршилик кўрсатдим, ҳатто ёлғизгина қизимни бойлигимга ворис қилмай бир чақасиз қолдиражагимни ҳам айтдим. Лекин бу таҳдидимга жавобан ёшлар хиёлгина жилмайиб қўйдилар, холос. Ана шунда мен яна бир важ топдим: илгари Женни: “Агар сиз мен кўнгил қўйган одамни бирон бир сабабга кўра ёқтирмасангиз, у одам билан турмуш қуришимни уч йил кейинга сураман”, деб менга сўз берган эди. Қизимга шуни эслатдим.
Женни билан унинг қаллиғи уч-тўрт оғиз гапни пичирлашиб келишиб олганларидан кейин, мени тамомила ҳайратда қолдириб, бу даҳшатли талабимни бажаришга рози бўлдилар ва бир-бирлари билан уч йилгача дийдор кўришмасликка тайёр эканликларини, лекин бу муддат тугагач, менинг розилигимни олиб, ё ҳатто розилик берилмаган тақдирда ҳам никоҳдан ўтишга ҳақли бўлишларини баён қилдилар. Шундан кейин, менинг кўзим олдида ўпишдилар-да, бир-бирлари билан уч йил муддатга видолашдилар. Улар бирон марта ҳам берган ваъдаларини бузмадилар. Тўғри, фақат бир марта, у ҳам тақдир тақазоси билан учрашиб қолишди.

(давоми бор)

Рус тилидан Қодир Мирмуҳамедов таржимаси

2019/5

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi