Ҳинд ва араб хандаларидан

xandalar_bisoti

ИККИ БОЙҚУШ СУҲБАТИ

Бирбал бир куни подшоҳ билан овга чиққан экан. Ўрмондаги бир дарахт устига қўнган икки бойқуш бир-бири билан “ҳу-ҳу”лашиб сайраша бошлабди.
– Эй Бирбал, – дебди подшоҳ, – сен доно маслаҳатчимсан, қани қулоқ тутиб айт-чи, бу икки бойқуш нима ҳақда суҳбатлашишяпти?
– Икки бойқуш бир-бири билан қуда бўлишмоқчи, – деб жавоб қилибди Бирбал. – Бириси иккинчисидан ўз қизи учун қирқта вайрона сўраяпти. Шунда иккинчи бойқуш: “Шунча вайронани сенга қаердан топиб бераман?”– деса, унга жавобан биринчи бойқуш: “Шу подшо омон бўлса, ҳали кўп уруш бўлиб, шаҳар-қишлоқлар вайронага айланади, шуларни бераверасан-да”, деяпти.
Бу жавобни эшитган подшоҳ ўйланиб қолибди ва вайронагарчиликларга сабаб бўладиган урушларини тўхтатибди.

ОТ КИМНИКИ?

Бир киши йўлда от миниб келаётган экан, бир жойда йўл четида турган одамни учратибди. Ҳалиги одам отлиқдан:
– Ҳой яхши одам, оёқларим оғрийди, илтимос, мени отингга миндириб олсанг, – дебди.
Отлиқнинг раҳми келиб уни отига мингаштириб олибди. Улар бир манзилга етиб келганларида отлиқ мингашган одамга:
– Мана, сен айтган манзилга етиб келдик, қани энди отдан туш, – дебди. Шунда ҳалиги одам:
– Нега мен тушарканман, от меники, сен туш отдан! – деб дағдаға қилибди. Муттаҳамликнинг чегараси бўлармиди, деганларидек, у “от меники”, деб туриб олибди. Одамлар бу жанжални қандай ҳал қилишни билмай турган экан, шу пайт Бирбал келиб қолибди. Унга бўлган воқеани тушунтиришибди.
– Жанжални бас қилинглар, – дебди Бирбал, – сиз иккалангиз ҳам отни қолдириб, эртага келинглар. От кимники эканлиги ҳал бўлади.
Бирбал улардан отни олиб қолиб, подшоҳнинг отхонасига олиб борибди ва эгар-жабдуғини ечиб, бошқа отлар ёнига боғлатиб қўйибди. Эртасига иккала даъвогар келибди. Шунда “От меники” деб даъво қилаётган одамга:
– Кириб отхонадан отингни олиб чиқ, – дейишибди.
Муттаҳам даъвогар отни таний олмабди. Эгаси эса юзлаб от ичидан бир зумда ўзининг отини танибди.
Бирбалнинг донолиги билан муттаҳам жазосини олибди.

РОСТ БИЛАН ЁЛҒОН ЎРТАСИДАГИ ФАРҚ

Бир куни подшоҳ Бирбалдан:
– Бирбал, рост билан ёлғон ўртасидаги фарқ қанча? – деб сўрабди.
– Кўз билан қулоқ ўртасигача, – деб жавоб қилибди Бирбал. – Қулоқ билан эшитгандан кўра кўз билан кўриш афзалроқдир.

ТЕСКАРИ ҚАРОР

Бир кекса одам нимадир бўлиб гуноҳкор бўлибди-ю, подшоҳ уни жазоламоққа қасд қилибди. Шу пайт Бирбал келиб қолибди. Подшоҳнинг ундан негадир жаҳли чиқиб турган экан.
– Бирбал, сен бу ишга аралашма. Агар сен бу гуноҳкорнинг ёнини оладиган бўлсанг, сенинг айтганларингнинг аксини қиламан, – дебди подшоҳ.
– Ундай бўлса бу гуноҳкорни ҳозироқ остиринг, – дебди Бирбал.
Подшоҳ ҳозиргина Бирбалнинг айтганларини тескарисини қиламан, деб сўз берганлиги эсига тушиб, гуноҳкорни оқлаб юборибди.

“БУ ЕРДА – ҲА, У ЕРДА – ЙЎҚ…”

Подшоҳ бир куни Бирбалнинг донолигини синамоқчи бўлибди ва унга:
– Бу ерда – ҳа, у ерда – йўқ, бу ерда – йўқ, у ерда – ҳа; на бу ерда, на у ерда; у ерда ҳам, бу ерда ҳам, – дебди ва: “Қани доно бўлсанг шу айтганларимга мос келувчи тўрт хил одамни олиб кел”, – деб буюрибди.
Бирбал ўйланиб қолибди, сўнг чиқиб бориб подшоҳнинг олдига тўрт одам – фоҳиша, зоҳид, гадой ва софдил деҳқонни олиб келибди. Подшоҳ бунинг маъносини сўрабди.
– Подшоҳим, сиз “бу ерда – ҳа, у ерда – йўқ” деганингиз мана бу фоҳиша аёлга мос келади, чунки у бу дунёда барча лаззатлардан баҳраманд бўлади, у дунёда эса ҳеч нарсага эришолмай азоб чекади. Мана бу тақводор зоҳид эса “бу ерда – йўқ, у ерда – бор”, деганингизга тўғри келади, чунки у бу дунёда барча лаззатлардан воз кечиб риёзат чекади, нариги дунёда эса муносиб ажрга сазовор бўлади, мана бу гадой эса “на у ерда, на бу ерда” бўлган бандадир, чунки таъмагирлик билан қорин тўйғазади, ибодатни унутади, шу боисдан унга бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам ҳаловат бўлмайди, тўртинчи одам – ҳалол меҳнати билан кун кўрувчи деҳқондирки, у бу бунёда тер тўкиб бошқаларга ризқ-рўз улашади, нариги дунёда ҳам азиз бўлади, – деди Бирбал.
Подшоҳ унинг донолигига қойил қолди.

ТУШНИНГ ДАВОМИ

Подшоҳ бир куни Бирбални мот қилмоқчи бўлиб:
– Тушимда иккаламиз осмонда учиб юриб бирдан ерга қуладик. Мен асал солинган ўрага тушибман, сен эса ахлат ўрага – дейди.
– Мен ўша тушнинг давомини кўрдим, – деди ҳозиржавоблик билан Бирбал. – Иккаламиз ўрадан чиққандан кейин мен сизни, сиз мени ялай бошлабмиз…

ЭШАК БОШЛАГАН ЙЎЛ

Жуҳо эшак миниб бораётган эди, унинг эшаги текис йўл қолиб ўйдим-чуқур ердан юра бошлади.
– Нега тўғри йўл қолиб эгри йўлдан юраяпсан? – деб сўрашди Жуҳодан.
– Эшак йўл бошлагандан кейин нима ҳам қила олардим, – деб жавоб қилибди Жуҳо.

ГЎШТИ УЧИБ КЕТГАН ШЎРВА

Жуҳо ўрдак шўрва ичгиси келибди ва кўлда сузиб юрган ўрдакларни тутиб олиш учун уларга қараб таёқ отибди. Таёғи тегмасдан ўрдаклар учиб кетишибди. Жуҳо кўлнинг сувидан ича бошлабди.
– Нима қилаяпсан? – деб сўрашибди ундан.
– Гўшти учиб кетган шўрва ичяпман, – деб жавоб қилибди у.

ҲАМ ЁЗГИ-Ю ҲАМ ҚИШКИ ХОНА

Жуҳонинг томи йўқ бир хонаси бор экан. Жуҳо уни ижарага бермоқчи бўлибди.
– Хонангнинг томи йўқ-ку? – дебди ижарага оладиган одам.
– Бу ёзги хона, – дебди Жуҳо.
– Қиш келганда нима қиламиз? – дебди ҳалиги одам.
– Ташвиш қилма, қишда хонани тўнтариб қўямиз, – дебди Жуҳо.

ТАОМ ҲАҚИ

Жуҳонинг қорни очиб ошхонага кирибди. Аммо таом учун тўлайдиган пули йўқ экан. Шунга қарамасдан у овқат буюриб, тўйгунча овқатланибди. Кейин ошхона эгасини чақириб:
– Мабодо бирор одам таомингни еб, ҳақини тўламаса нима қиласан? – деб сўрабди.
– Юзига шапалоқ тортиб юбораман, – дебди ошхона эгаси.
– Ундай бўлса тезроқ тортиб юбор, шошиб турибман, – дебди Жуҳо юзини тутиб.

БИР ОЁҚЛИ ҒОЗ

Жуҳо подшоҳнинг ошпази экан. Бир куни подшоҳ унга ғоз пиширишни буюрибди. Ғоз пишгач, Жуҳо ғознинг бир оёғини еб қўйибди ва қолганини подшонинг олдига қўйибди.
– Бу ғознинг бир оёғи қани? – деб сўрабди подшоҳ.
– Ғозлар бир оёқли бўладилар-да, – дебди Жуҳо ва ўз сўзига ишонтириш учун подшоҳни кўл бўйига бошлаб борибди. Қарашса ғозлар бир оёқда дам олиб туришган экан.
– Ана, кўрдингизми? – дебди Жуҳо.
Подшо таёқни олиб ғозларга отган экан, улар икки оёқлаб қоча бошлашибди.
– Ғозлар икки оёқли экан-ку? – дебди подшоҳ.
– Ахир, подшоҳим, сизни ҳам таёқ билан қувлашса тўрт оёқли бўлиб қочардингиз, – дебди Жуҳо.
М.ХУДОЙҚУЛОВ тайёрлади

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi