Стефан ЦВЕЙГ (1881 – 1942) КРИСТИНА

stefan_sveyg

Роман

Агарда кимдир Австриянинг битта почта идорасини кўрган бўлса, кифоя – барини кўрдим дея ҳисоблаши мумкин. Зеро, улар бир-биридан унча фарқ қилмайди. Франц Иосиф замонидаги буюмлар билан зарур тартибда жиҳозланган мазкур почта идоралари ҳамма жойда, ҳатто, аллақачон муз нафаси уфуриб турган Тиролнинг энг чекка қишлоғида ҳам бир хил. Нохуш кўринишдаги бу ишхоналар кўҳна Австрия идораларига хос арзон тамаки ҳиди ва қоғоз чангини ўзида сақлаб келмоқда. Туйнукли ойнаванд тўсиқ хонани аниқ бир мутаносибликда фоний ва боқий дунё каби мижоз ва хизматчига мўлжалланган қисмга ажратган ҳолда ҳамма ерда бир хил лойиҳаштирилган. Мижозлар учун курси ва бошқа қулайликлар йўқлиги бу ерда уларнинг қанча вақт бўлиши ҳукуматни кўпам ташвишга солмаслигини билдиради. Деворга бақамти қўйилган, устига клёнка қопланган омонат ёзув столи, одатда, мижозга ажратилган жойнинг бирдан-бир жиҳози бўлиб хизмат қилади. Клёнка тарам-тарам ёрилган ва юзаси сиёҳ доғларига тўлиб кетган. Ҳолбуки, столнинг бир четига ўрнатилган сиёҳдонда қуюлиб қолган бўтқадан бўлак бирон нима бўлганини ҳеч бир тирик жон эслай олмасди. Мабодо – мўъжиза рўй бериб – сиёҳдон ёнидаги ўйиқда ручка топилганда ҳам, перонинг учи албатта қайрилган ва ёзишга яроқсиз бўлади.
Қурумсоқ ҳукумат нафақат қулайликлар, балки безак борасида ҳам тежамкорликка зўр берарди. Оқланмаган девордан император Франц Иосиф портретларини йиғиштириб олганларидан сўнг аллақачон ёпилиб кетган кўргазмаларга ташриф буюришни, лотереялар сотиб олишни, ҳатто баъзи бир идораларда аллақачон тугаган уруш заёмларига обуна бўлишни таклиф қилувчи ёрқин плакатлар оммавий жойларнинг бирдан-бир нурсиз безаги ҳисобланарди. Ҳукуматнинг почта маҳкамаларига нисбатан ғамхўрлиги мана шундай арзон-гаров безаклар ва чекмаслик ҳақидаги илтимоснома (унга аслида ҳеч ким амал қилмасди) билан ниҳоя топарди.
Бироқ хизмат тўсиғининг нариги томонидаги бўлма анчайин серҳашам. Ҳукумат бунда ўз куч-қудрати аломатларини сахийлик билан намо­йиш қилади. Узоқ бурчакда ёнмайдиган пўлат сандиқ бўлиб, деразаларга панжаралар ўрнатилганига қараганда, бу махсус сандиқда анча-мунча пул сақланишини тахмин қилиш мумкин. Маҳкама столида – худди қимматбаҳо буюмдек – жез билан жило берилган телеграф аппарати жойлашган, ёнгинасида – никелланган дастгоҳда эса одмироқ телефон “муд­райди”. Бу икки ускунага гўё атайин эътиборли жой ажратилган, зеро, мис симларга уланган бу ускуналар овлоқ қишлоқни мамлакатнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайди. Почтанинг бошқа жиҳозлари тиқилинчда ётишга мажбур: хатлар учун тарози ва қопчиқлар, сўровномалар, хатжилдлар, дафтарлар, қайдлар китоби, почта танга-чақалари учун юмалоқ шиша банкалар, тарози ва қадоқтошлар, қора, кўк, қизил рангдаги ва сиёҳ қаламлари, қисқич ва маҳкамлагичлар, каноп ип, сурғуч, губка ва қоғоз учун бостирмалар, қоғоз қирқиш учун пичоқ, елим ва қайчи – турли-туман буюмлар стол чеккасида уймалашиб, пала-партиш жой олган, торт­малар эса ҳар хил қоғозу, бланкаларга тўлган. Бир қарашда, бу буюмлардан исрофгарчилик билан фойдаланишаётгандек туюларди, бироқ бу алдамчи таассурот. Ишлатилган ёки эскирган ҳар бир буюм учун ҳукумат ўз хизматчиларидан (яширинча) – донабай ҳисоб-китоб талаб қилади. Ёзиб тугатилган қаламдан тортиб, йиртилган маркагача, титилиб кетган босма қоғоздан тортиб, қўл ювгичдаги олқиндигача, хонани ёритувчи лампочкадан тортиб, идора қулфининг калитигача: фойдаланилган ҳар бир буюм учун давлат хизматчиларидан, албатта, ҳисоб-китоб талаб қилинади.
Мана шу почта идорасига яроқли энг кўзга кўринмас, энг майда техник жиҳозларнинг рўйхати ҳам арифметик аниқлик билан машинкада ёзилиб, расмий муҳр ва тушунарсиз имзо билан тасдиқланган ҳолда чўян печ ёнига илинган. Бу рўйхатда қайд қилинмаган биронта буюмнинг хизмат хонасида бўлиши мумкин эмас ва аксинча: унда кўрсатилган ҳар бир буюм шу ерда бўлиши ва исталган пайтда ундан фойдаланиш имконияти яратилиши шарт. Бу – маъмурият, интизом ва қонунчилик талаби.
Умуман олганда, ҳар куни эрталаб соат саккизда туйнукнинг ойнаванд тавақасини кўтариб, барча жиҳозларни ҳаракатга келтирувчи бир шахс­ни ҳам шу рўйхатга тиркаса бўларди. У почта буюмлари қопини очиб, мактубларга муҳр босади, пул жўнатмаларини тўлаб, квитанцияларни тўлдиради, юбориладиган буюмларни тарозида тортиб, қоғозларга қизил, кўк ва сиёҳ рангдаги қаламлар билан турли-туман тушунарсиз, ноаниқ белгилар қўяди, телефон гўшагини олиб, Морзе аппарати қулоғини бурайди. Бироқ – балки одоб юзасидандир – иш билан келувчилар одатда “почта хизматчиси” ёки “почтмейстер” деб атайдиган бу шахс номи буюмлар рўйхатига киритилмаган. Унинг исми-шарифи почта маъмуриятининг бошқа бир рўйхатида қайд этилиб, барча нарсалар каби ҳисобга олинган бўлиб, назорат ва тафтиш қилиниши шарт.
Гербдаги бургут сурати расмий руҳ бахш этган хизмат хонасида сезиларли ўзгариш сира содир бўлмайди. Ибтидо ва интиҳонинг мангу қонунияти маъмурий тўсиққа урилиб, чил-чил синади: почта биноси атрофидаги дарахтлар барг чиқаради ва тўкилади, болалар катта бўлиб, қариялар омонатини топширади, эски уйлар бузилиб, янгилари қад кўтаради, фақат давлат идорасигина ўзининг ҳеч кимга бўйсунмас мангу ўзгармаслигини намойиш қилиб, қаққайиб тураверади. Зеро, бу оламда ишлатиб бўлинган ёки йўқолган, бузилган, синган ҳар бир буюм ўрнига раҳбарият айни кўринишдаги бошқасини талаб қилиб олади, жойига қўяди ва шу асно маъмурий оламнинг йўқликка маҳкум оламдан афзаллигини намойиш этади. Борлиқ – ўткинчи, шакл эса – абадий. Деворда осилган тақвимдан ҳар куни битта варақ йиртиб олинади, ҳафтада – етти, ойда – ўттизта. Ўттиз биринчи декабр куни, тақвим варақлари тугаб қолганда, ўша кўриниш, ўша ёзувдаги янгисига буюртма берилади: йил янгиланади, тақвим эса аввалгидек қолаверади. Столда рақамлар устун шаклида ёзилган ҳисобот китоби. Чап томондаги устун ҳисобланган заҳоти якуни ўнг томонга олиб ўтилади ва ҳисоб варақма-варақ давом этади.
Китобнинг сўнгги варағи ҳам тўлса, ўша кўриниш, ўша ҳажмдаги, аввалгисидан ҳеч фарқ қилмайдиган янгиси очилади. Бугун тугаган барча нарса эртасига янгидан, хизматнинг ўзидек айни бир хилликда давом этади: ўша стол устида худди шу нарсалар ҳеч бир ўзгаришсиз туради, бир хил варағу қаламлар, маҳкамлагичлар ва кўрсатмалар ҳар сафар янги, шу билан бирга, мудом аввалгидек ҳолатда. Бу маъмурий оламда ҳеч вақо ўзгармайди, ҳеч нима қўшилмайди, ўша-ўша ҳаёт, тўғрироғи, ўша-ўша ўлим мудом ҳукмронлик қилади, интиҳо топмайди. Турли буюмларга хос ягона бир хиллик – бу уларнинг ишлатилиш муддати ва алмаштирилиши. Асло тақдирлари эмас! Дейлик, қалам бир ҳафтага ярайди ва бошқасига алмаштирилади. Почта китобининг “умри” бир ой, лампочканики уч ой, тақвимники – бир йил. Тўқима ўриндиқ то уч йил фойдаланмагунларича хизмат қилаверади. Унда ўтириб меҳнат қиладиган ходимнинг иш муддати эса – ўттиз ёки ўттиз беш йил; сўнг ўриндиқни янги хизматчи эгаллайди, аммо тўқима курси олдингисидан сира фарқ қилмайди.
Темир йўл бўйлаб Венадан тахминан икки соатлик масофада, Кремс яқинидаги Кляйн-Райфлинг қишлоғи почта идорасида 1926 йили бир жувон фаолият кўрсатар, идора иккинчи даражали бўлгани боис бу шахсга “почта ёрдамчиси” вазифаси юклатилганди. Ойнаванд тўсиқ ортидан уни яхши кўра олмайсан, балки унчалик ҳам кўзга яқин эмасдир. Аммо ён томондан қаралса, бинойидек қиз: юпқа лаблар, заҳил ёноқлар, кўзлар тагида кулранг соя. Бироқ у кечки пайт чироқни ёққанда, синчковлик билан қараган киши пешона ва чаккасида билинар-билинмас ажинларни пайқай олади. Барибир, дераза ортидаги гулхайри ва бугун у тунука кўзачага солиб қўйган маржон гуллар билан бирга қўшиб қаралса, бу қиз Кляйн-Райфлинг почта идорасига қарашли жиҳозлар ва хизматчилар ичида энг янгиси ва кам деганда яна йигирма беш йил ишлаши ойдинлашади. Қизнинг рангпар бармоқлари шарақлайдиган ойнаванд тўсиқни яна минг марталаб кўтариб-туширади, яна юз минглаб, балки миллионлаб мактуб­ларни ўша беўхшов ҳаракат билан резина ёстиқча устига ташлайди ва қорайиб кетган мис босма билан тақиллатганча улардаги маркалар рангини ўчиради. Эҳтимол, машқини олган қўллари ҳаракати янада аниқ, тез ва ғайришуурий бўлиб қолар. Юз минглаб мактублар, албатта, турличадир, бироқ мактуб доимо мактублигича қолаверади. Маркалар ҳам ҳар хил, бироқ ҳамма вақт – марка. Кунлар ҳам турли хил, бироқ ҳар кун, соат саккиздан ўн иккигача, иккидан олтигача ўша-ўша хизмат, меҳнат, худди ўшандек иш…
Балки ёзнинг сокингина чошгоҳида кулранг сочли бу қиз ойнаванд тўсиқ ортида ўтирганча олдинда ўзини нималар кутаётганини ўйлаб қолгандир, ёки шунчаки орзуга берилгандир. Ҳар ҳолда, қўллари стол устидан сирғалиб, тиззасига тушди ва ингичка, ҳориган, рангпар бармоқлари бир-бирига чирмашди. Ёрқин-зангори июлнинг мана шу дим чошгоҳи пайти Кляйн-Райфлинг почтасида иш йўқ ҳисоби эди. Эрталабкиси битган, доимо тамаки чайнаб юрувчи букри почтачи Хинтерфельнер мактубларни аллақачон тарқатиб бўлган, ҳеч қандай пакет ва ашёлар кечга қадар фабрикадан келтирилмайди, хат ёзиш учун эса қишлоқдагиларнинг на иштиёқи, на вақти бор. Кенг гардишли шляпа кийган деҳқонлар токзорни чопиқ қилмоқда, мактабдан қутилган ялангоёқ болалар дарёда чўмилмоқда, эшик ортидаги, тош ётқизилган, чошгоҳнинг жазирамасидан қизиб кетган майдонча бўм-бўш. Ҳозир қиз уйида бўлганида борми, бироқ бемалол орзуларга берилиш имкони ҳам ёмон эмас. Токча ва қутилардаги карточка ва бланклар парда соясида қолган, тилларанг нимқоронғида метин жиҳозлар “ором олмоқда”. Сокинлик қуюқ чанг каби барча буюмлар устига ястанган, фақат дераза ромлари орасидаги чивину қовоғариларнинг жажжи “оркестри”гина ёзги нағмасини чалмоқда. Салқингина хонада қимирлаётган бирдан-бир нарса – деразалар оралиғига илинган соат капкири. Бу девор соати ҳар сонияда вақт “томчиси”нинг жиндеккинасини ютиб юборади, бироқ бир маромдаги бу заиф товуш кишини сергак торттириш ўрнига, кўпроқ уйқу оғушига чорлайди.
Бизнинг почта ёрдамчимиз уйқу гирдобидаги мана шу митти оламда шу алфозда ўтирарди. Аслини олганда, у кашта тикмоқчи эди, ҳатто игна ва қайчи тайёрлаб қўйганди, бироқ кашта тиззасидан ерга тушиб кетди, уни олишга эса на куч, на истак бор. Қиз ўриндиқ суянчиғига ўзини ташлаганча, кўзларини юмиб, деярли нафас олмай, бекорчиликнинг – бу ҳолат ҳаётида камдан-кам рўй берарди – оромбахш қучоғига сингиб кетганди.
У бехос тақиллаган товушдан чўчиб тушди. Товуш янада кескин қай­тарилди: Морзе аппарати қайсарлик билан тақиллар, соат жангур-жунгур этар, телеграмма – Кляйн-Райфлингга камдан-кам келувчи “азиз меҳмон” ўзини муносиб қарши олишларини талаб қилмоқда эди.
Қиз илкис ҳаракат билан уйқусини қочириб, аппарат столи сари югурди ва тасмани қўлига олгач, пешма-пеш чиқаётган дастлабки сўзларни кўрибоқ, сочининг таг-тагигача қизариб кетди, зеро, бу ерда хизмат қила бошлагандан буён илк марта тасмада ўз номини кўриб турарди!
Телеграммани охиригача йўллаб бўлишгач, қиз ҳеч балони тушунмаган кўйи уни қайта-қайта ўқиди. Нега? Нима учун? Понтрезина шаҳридан унга телеграмма юбориш кимнинг хаёлига келди?
“Кристина Хофленерга, Кляйн-Райфлинг, Австрия. Сени интиқлик билан кутмоқдамиз, истаган кунинг кел, фақат келишингни аввалдан хабар қил. Қучиб қоламиз. Клер – Энтони”.
У ўйланиб қолди: Энтони деганлари ким бўлди? Эркакми ёки аёл? Балки ҳамкасбларидан биронтаси ҳазиллашмоқчи бўлгандир? Сўнг, тўсатдан ёдига тушди: шу йил ёзда Европага холаси келиши ҳақида сал аввал онаи­зори гапирганди. Ҳа-да, унинг исми Клара-ку! Энтони эса эри бўлса керак. Тўғри, онаизори уни доимо Антон деб атарди. Ҳа, энди аниқ эсига тушди: уч-тўрт кун илгари унинг ўзи онасига Шербур шаҳридан хат олиб борганда, у негадир сир сақлаб, хат мазмуни ҳақида ҳеч нима демаганди.
Бироқ телеграмма унинг ўзига – Кристина Хофленер номига юбо­рилган-ку! Наҳотки Понтрезинага – холаси ҳузурига ўзи боришига тўғри келса? Бу ҳақда ораларида ҳеч қандай суҳбат бўлмаган.
У ҳозирча елимланмаган тасмага – илк марта шахсан ўзига юборилган телеграммага – яна бир бор кўз ташлади, ўзини йўқотганча, қизиқиш ва ишончсизлик билан, матн ғалати бўлгани учун ҳеч нарсага ақли етмай, яна ўқиб чиқди.
Йўқ! Тушлик танаффусини кутишга унда куч қани! Бу нимани англатишини онасидан тезда билиб олиши керак!
Кристина калитни юлқиб олиб, идорани беркитди ва шошганидан телеграф аппаратини ўчиришни ҳам унутиб уйига чопди.
Мана, жез болғача гўё ўзига нисбатан бефарқлик қилганларидан жаҳли чиқиб, қаровсиз хонада тоза тасмага беҳуда урилгандан-урилиб ётибди.
Қайта-қайта имон келтирасан: бизнинг фикр юритишимиздан шид­датлироқ бўлгани боис электр токи тезлигини тасаввур қила олмаймиз. Ахир Австриядаги бир идоранинг дим ҳавосини товушсиз оқ яшиндек ёриб ўтган ўша йигирмата сўз бир неча дақиқа аввал дунёнинг нариги чеккаси – Энгадиннинг кўм-кўк осмони остидаги муз қатлами салқинида ёзилиб, сиёҳи ҳали қуришга улгурмай, маъноси ва чорлови шошган юракка келиб урилганди-да!
Аслида, у ерда мана нима рўй берганди: Энтони ван Боолен исмли голландиялик маклер (у кўп йиллар аввал пахта савдоси билан шуғулланиб, сўнг Америка Қўшма Штатларининг жанубида ўрнашиб қолганди) – оқкўнгил, тепса-тебранмас ва гапнинг тўғриси, мавқеи ҳам ҳаминқадар мана шу одам “Палас” меҳмонхонаси айвонида нонуштасини тановул қилганига ҳеч қанча вақт бўлмаганди. Энди breakfastга “никотинли тож” (йўғон, қора-қўнғир, тайёрлов жойидан истеъмолчига ҳаво ўтказмас махсус тунука ғилофда етказиб бериладиган “гавана” сигараси) билан якун ясаш мумкин. Ҳузурбахш тутунни тажрибали кашандага хос тарзда мириқиб тортиш учун бу жаноб оёқларини рўпарадаги похол креслога қўйиб, “Нью-Йорк геральд” газетасини қоғоз елкандек ёйди ва биржа маълумотларининг чексиз “уммони” бўйлаб сузиб кетди. Рўпарасида ўтирган рафиқаси Клер – илгари у шунчаки Клара эди – зерикканидан грейпфрут бўлакларини чимдиб ўтирар ва суҳбат воситасида газета “деворини” бузиб ўтишнинг сира имкони йўқлигини кўп йиллик тажрибасидан биларди. Шунинг учун меҳмонхона хизматчиси, жигарранг қалпоқли, ёноқлари қирмизи ғаройиб нусха ўзи томон юриб, янги келган почтани узатгани унга жуда маъқул бўлди. Патнисда биргина мактуб бор эди. Унда битилган сўзлар Клерни шунчалар ўзига ром этдики, узоқ йиллик кўникмасини унутиб, эрини ўқишдан чалғитишга уринди:
– Энтони, менга қара. – Газета қилт этмади. – Энтони, сенга халақит бермоқчи эмасман, бир сонияга гапимни тингла. Хат Мэридан келибди, шошилинч экан… – У опасининг исмини беихтиёр инглизча талаффуз қилди. – Кела олмаслигини ёзибди. Ўзи-ку, жудаям истар экан, аммо юраги чатоқ. Шифокорнинг айтишича, икки минг метрли баландликда юришга ҳеч қанақасига дош бера олмасмиш. Лекин, агар биз қарши бўлмасак, албатта, икки ҳафтага Кристина келиб кетаркан. Уни танийсан-ку, малласоч кенжа қизи. Урушдан аввал тушган фотосуратини кўргансан. Пост-офисда хизмат қилади, ҳалигача бирон марта тўлиқ таътилга чиқмабди. Мабодо ариза ёзса, ишхонасидагилар йўқ дейишмайди. Орадан шунча йил ўтиб, “азиз Клара ва муҳтарам Энтонига ҳурматини изҳор этишдан” қизгина ғоятда бахтиёр бўларди.
Эрининг газета тутган қўли қилт этмагач, Клер қистовни бошлади:
– Нима деб ўйлайсан, уни таклиф қилиш керакмикин? Шўрлик қизга тоза ҳавода бироз нафас олиш зарар қилмасди. Одоб-ахлоқ қоидалари ҳам шуни тақозо қилмайдими, ахир! Бу ерларга келибманми, демак, опамнинг қизи билан ҳам танишмоғим керак. Шундоқ ҳам уруғларим билан борди-келдим йўқ. Уни таклиф этсам эътироз билдирмайсанми?
Газета сал шитирлаб, тепасидан сигаранинг ҳалқасимон кўкимтир тутуни сизиб чиқди, сўнг чўзиқ ва лоқайд овоз эшитилди:
– Not at all. Why should I.

* * *
Кимнингдир ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборган суҳбатга шу лўнда жавоб билан якун ясалди.
Неча ўн йиллар ўтиб қариндош-уруғчилик ришталари қайта боғланди. Зеро, исм-шариф оқсуякларникидек янграшига қарамай “ван” одатий голландча қўшимча эди ва эр-хотин ўзаро инглизча сўзлашса-да, Клер ван Боолен аслида Мари Хофленернинг синглисидан ўзга аёл эмасди. Бинобарин, ҳеч шубҳа йўқки, у Кляйн-Райфлинг почта хизматчиси Крис­тинанинг холаси бўлиб, нохуш бир воқеа туфайли бундан йигирма беш йил аввал Авст­рияни тарк этганди. Ўша воқеа бизнинг хотирамизда сал-пал сақланган, аммо касалманд Мари бу ҳақда қизларига сира оғиз очмаганди.
Ўшанда бу воқеа кўп шов-шувга сабаб бўлган, ақлли ва устомон кишилар оммавий қизиқиш олдини олмаганларида, эҳтимол, бундан ҳам баттар оқибатларга олиб келарди. У пайтлари Клер ван Боолен хонимни шунчаки фройляйн Клара деб чақиришар, хоним Кольмарктдаги муҳташам модалар салонида оддийгина манекенчи бўлиб ишларди. Кўзлари чиройли бу қизгина кўйлак ўлчатиш учун аёлини етаклаб келган, ўрмон саноати билан шуғулланувчи бир қари савдо маслаҳатчисида жуда чуқур таассурот қолдирганди. Тетиккина маслаҳатчи қария умри сўнгида эҳтироси жўшиб, ёқимтой ва қувноқ малласоч қизни севиб қолган ва ўзи мансуб даврага ярашмаган сахийлик билан уни совға-саломга кўмиб ташлаганди. Тез орада ўн тўққиз яшар манекенчи қиз хушахлоқ қариндошлари ғазабини қўзғаганча, мўйнадан тикилган, авваллари фақат кўзгу рўпарасида турганча инжиқ ва диди ўткир мижозларга кўз-кўз қиладиган либосларни кийиб, серҳашам извошда сайр этадиган бўлиб қолди. Қанча башанг кийинса, кекса ҳомийига шунча ёқиб борар, кутилмаган ишқий саргузаштдан боши айланган савдо маслаҳатчисига қанчалик ёқса, у қизни шунчалик башанг кийинтира бошлаганди. Уч-тўрт ҳафта ўтгач, Клара хушторини шу даражада эритиб юбордики, унинг адвокати топшириқни мутлақо махфий сақлаган ҳолда, маслаҳатчи қонуний хотинидан ажралгани ҳақида ҳужжат тайёрлади ва қизгинамиз Венанинг энг бой аёлига айланишига сал қолди. Бироқ аноним мактуб орқали хабардор қилинган хотин зудлик билан ишга аралашиб, қовун тушириб қўйди. Ўттиз йиллик тинчгина турмушдан сўнг ундан худди қартайган байталдек қутулишга аҳд қилганлари аламзада аёлни қутуртириб юборганди. У тўппонча харид қилиб, бир-бирига номуносиб жуфтликнинг висол онида қайтадан жиҳозланган махфий уйига бостириб кирди ва эрини тортиб олган қизга қарата ҳеч қандай гап-сўзсиз ўт очди…
Бир ўқ хато кетиб, иккинчиси елкани шилиб ўтди. Яра арзимас экан, аммо бу машмашанинг оқибати чатоқ бўлди. Югуриб чиққан қўшнилар, синган эшик, ҳушдан кетиш ва бошқа дилхираликлар, шифокорлар, полиция, содир бўлган ҳодисага оид далолатномалар. Олдинда эса ҳар икки тараф учун ҳам бирдай ваҳимали маҳкама жараёни ва жанжал.
Худога минг шукрки, бадавлат шахсларга бажону дил хизмат қиладиган, жанжалли ишларни хаспўшлаш борасида тажрибага эга, чаққон адвокатлар нафақат Вена, балки ҳар ерда мавжуд. Шулардан бири, ўз ишининг устаси Карплус деган кимса зудлик билан зиддизаҳар топмоқ ҳаракатига тушди.
У Кларани иззат-икром билан идорасига таклиф қилганда қиз жуда башанг кийинган, елкаси ғамзали боғланган ҳолда кириб келди ва шарт­нома матнини қизиқиш билан ўқиб чиқди: гувоҳлар маҳкамага таклиф этилмай туриб Америкага шошилинч жўнаб кетиш мажбурияти экан бу. Яъни бирваракайига бериладиганини ҳисобга олмаганда, етказилган “маънавий” зарарни қоплаш мақсадида беш йил мобайнида (у ерда ўзини одоблигина тутиб юриш шарти билан, албатта!), ҳар ойнинг бошида адвокат воситасида қизга маълум миқдорда пул тўлаб турилади…
Жанжалдан сўнг Кларанинг ўзи ҳам Венада қолмоқчи эмасди. Устига-устак, ота-онаси уйдан ҳайдаб солганди. У пинак бузмай, тўрт варақли шартномани ўқиб чиқди, жуда кўп эканлигини ич-ичидан эътироф этган ҳолда жами пулни тезда ҳисоблаб ташлади ва ҳар эҳтимолга қарши яна минг гульден талаб қилди.
Ризоликдан сўнг нимтабассум билан шартномага имзо чекиб, уммон ортига жўнаган Клара бу қароридан сира афсусланмади. Йўлдаёқ уйланиш билан боғлиқ кўпгина таклифлар олганига қарамай, Нью-Йоркда, пансионда ван Боолен билан танишгачгина унга тегишга рози бўлди. Ўша пайт аллақайси Голланд фирмасининг кичик савдо вакили ван Боолен хотинининг маблағи қаердан келганига шубҳаланиб ўтирмай, шу пуллар эвазига айни мамлакат жанубида хусусий иш очишга қарор қилди. Уч йил ўтгач икки болали, беш йилдан сўнг – уйли, ўн йилдан сўнг эса – уруш барча бойликларини ваҳшийларча йўқ қилган Европадан ташқари исталган қитъада бўлгандек – каттагина мулк соҳибларига айланишди. Эндиликда, ўғиллар вояга етиб, енг шимарганча оталари ишини давом эттирмоққа киришганларида, кексайиб қолган ота-она Европага бемалол, бадастир саёҳат қилиш имконига эга эдилар. Ажабланарлиси шунда эдики, туманлараро Нормандиянинг ясси қирғоғи кўзга ташланган маҳал, унут бўлган ватан соғинчи Клернинг юрагида қайта уйғонганди.
Қалбан аллақачон америкаликка айланган Клер қуруқликнинг бу парчаси Европа эканлигини англаган шу биргина ондаёқ, ёшлик соғинчининг ногаҳоний туғёнини туйди. Болалигида опаси билан бирга ухлаган панжарали каравот тушига кириб чиққан Клернинг ёдига минглаб бошқа майда-чуйдалар ҳам тушди ва камбағал бевага айланиб қолган опасига ўтган шунча йил ичида бир сатр ҳам ёзмаганидан уялиб кетди. Опаси ҳақидаги фикрлар Клернинг оромини ўғирлади, бинобарин, ўша вақтнинг ўзида, кемалар тўхташ жойидан унга мактуб битди ва конвертга юз доллар солиб, тезда етиб келишини ўтиниб сўради…
Айни пайтда опаси ўрнига жиянини таклиф қилиш мумкин эканлигини билган ван Боолен хоним бармоғини қимирлатар-қимирлатмас бу ишора нимани билдиришини сезган меҳмонхона хизматчиси (у жигарранг ливрея ва юмалоқ қалпоқ кийиб олганди) унинг ҳузурига замбаракнинг ўқидек учди. У телеграф бланки келтирди ва тўлдирилган бланкни олиб, почтамтга югургилади. Бир неча дақиқа ўтгач эса хабар деганимиз тақиллаётган Морзе аппаратининг нуқта ва тирелари шаклида, минг­лаб километрли сим бўйлаб, зувиллаётган поездлар, автомобиллардан кўтарилаётган чангдан ҳам тезроқ, яшиндек учди. Бир лаҳза ўтар-ўтмас чегара, яна бир лаҳзадан сўнг минг бошли Форарльберг тоғлари, миттигина Лихтенштейн, водийлар билан пора-пора қилинган Тироль ва мана, сирли равишда сўзга айланганча муз қоплаган баландликлардан ошиб ўтди. Аввал Дунай пасттекислиги, сўнг Линцга – коммутатор қўйилган тарафга отилди. Бу ерда уч-тўрт сония “дам олиб”, “тез” сўзини талаффуз қилишингдан ҳам тезроқ Кляйн-Райфлинг почтаси томидаги симдан телеграф қабул қилгичига парвоз этди. Қабул қилгич деганлари бир чўчиб тушиб, уни қизиқиш ва ҳадикка тўлиб-тошган қалб сари тўппа-тўғри йўналтирди.

* * *
Муюлиш ортда қолиб, ғижирлайдиган қоронғи зина бўйлаб юқорига кўтарилган Кристина ғарибона деҳқонча уйнинг болохонасига қадам қўйди. У шу ерда, кичкина деразали хонада онаси билан яшарди. Том тепасидаги пешайвон қишда қордан, ёзда офтобдан авайлабгина пана қилар, ингичка, заифлашиб қолган қатра нур фақат оқшомларигина токчадаги ёронгулга тушарди. Аммо нимқоронғи болохонадан ҳар доим дим ва зах, чириган тўсину, ҳўл чойшаб ҳиди анқиб турарди. Кўп йиллик зах дарахт замбуруғи каби деворга ҳам сингиган. Эҳтимол, илгарилари бу болохона лаш-лушлар ташлаб қўйиладиган чордоқ бўлгандир. Бироқ бошпанага эҳтиёж ортиб кетган сўнгги йилларда одамларнинг талаби ҳам камтаринлашиб борди ва тўрт девор ичига иккита каравот, стол ва эски сандиқ қўйиш имконини топсалар, тақдирга шукр айтадиган бўлиб қолишди.
Кристина ва ойиси ўзларига мерос қолган эски чарм оромкурси кўп жойни эгаллаганидан уни жандачига сувтекинга сотиб юборганлари учун энди афсусланмоқда эдилар. Ҳар гал фрау Хофленернинг оёғи истисқодан шишганда, ўтиришга жой йўқлиги боис каравотида ётарди.
Эман ғўласидек шишиб кетган оёқлар, бинт боғлами тагидаги ваҳимали кўктомирлар. Буларнинг барини бу ҳорғин, барвақт кексайган аёл ертўласиз ва шу боис ниҳоятда зах бинонинг биринчи қаватидаги ҳарбий шифохонада икки йил хўжалик бекаси бўлиб ишлаган пайти орттирганди. Ўшандан бошлаб бу семиз аёл учун юриш азобга айланди. У юрмас, балки ҳансираганча судралар ва жиндек оғирлик тушса, юрагини чангаллаб қолар, узоқ яшамаслигини жуда яхши биларди.
Император тахтдан қулатилгандан сўнг рўй берган талотўпда гофрат унвонига эга қайнағаси Кристинага почтадан иш топиб бергани жуда яхши бўлганди. Майли, тупканинг таги, майли, маоши арзимаган чақа бўлсин, лекин, жилла қурса, таъминот бор-ку! Бошпана ҳам йўқ деб бўлмайди – нафас олиш мумкин. Тўғри, салгина тор, аммо нима қилибди – тобут бундан ҳам тор-ку! Унга аввалдан кўникиб бориш керак эмасми…
Хонада ҳамма вақт сирка, зах, касаллик ва бемор тўшаги ҳиди анқиб турар, товуқ катагидек ошхонанинг эшиги зич ёпилмас, шу боис димиққан ҳаво, иситилаётган овқат ҳиди ўша тарафдан тинмай кириб турарди.
Кристина хонага кирган заҳоти ғайришуурий равишда берк деразани ланг очиб юборди. Бу товушдан ингранганча уйғониб кетган онадан бошқа нарса кутиб бўлмасди. Ёғочининг нами қочган, ҳали тегмасингдан ғижирлайдиган жавон каби у ҳам қимирлашидан аввал инграр, сал ҳаракат туфайли лўқиллайдиган оғриқни аввалдан сезувчи тана ваҳми шу тарзда ўзини эслатарди.
– Нима бўлди? – сўради кампир каравотидан туриб.
Унинг ҳамон мудраётган идроки ҳали тушлик пайти бўлмагани, овқатга ўтиришга эрта эканини аллақачон фаҳмлаганди. Демак, бирон кутилмаган ҳодиса рўй берган.
Қиз телеграммани узатди.
Ажин босган қўл каравот бошидаги тумбани имиллаганча титкилади, жез гардишли кўзойнак дори шишачалари ва банкалар орасидан топилгунча анча вақт ўтди.
Аёл телеграммада нима ёзилганини билгани ҳамоно семиз гавдаси ток ургандек қалтираб кетди. Ҳавони ютоқиб ичига тортаркан, бир-икки қадам босди ва бор оғирлиги билан Кристинанинг устига ағдарилди. У қизини маҳкам қучоқлаганча титрар, кулар, нафаси тиқилиб, ниманидир айтмоқчи бўлар, бироқ уддалай олмасди. Ниҳоят, қўлини юраги устига қўйганча, ўзини стулга ташлади, тишсиз оғзи билан нафас олиб, бир дақиқа жим турди. Сўнг титраётган лабларидан тушуниб бўлмас сўзлар отилиб чиқа бошлади, дудуқланиб, сўзларни чалкаштириб бир нималар деяверди. Чеҳрасида шодон табассум пайдо бўлди, бироқ ҳаяжондан баттар дудуқланиб, қўлларини кучлироқ силкитди. Салқиган юзидан ёш оқиб, сўзларнинг безанжир оқими буткул ўзини йўқотиб қўйган Крис­тина устига ёприлди. Худога шукр, ҳаммаси шундай яхши якун топди. Энди у, ҳеч кимга кераги йўқ касалманд кампир, бемалол ўлса ҳам бўлади. Мана шунинг учун ҳам ўтган июн ойида табаррук жойлар зиёратига бориб, фақат бир илтижо қилганди: ўзи, яъни Мари ўлмасидан аввал синглиси Клара қайтиб келсин ва Кристинани қарамоғига олсин. Энди унинг армони йўқ. Мана, бу ерда ёзилибди: Кристина унинг ҳузурига – меҳмонхонага келсин. Телеграммага ҳам пул сарфлабди, икки ҳафта аввал эса юз доллар жўнатганди. Ҳа, Кларанинг қалби олтин, ҳар доим мана шундай меҳрибон ва ёқимтой эди. Бу юзталик нафақат йўл, балки ҳашаматли курортдаги холаси ҳузурига бориш учун маликалардек ки­йинишга ҳам етади. У ердаги кибор, бадавлат одамларнинг дориламон ҳаёт кечираётганини кўрган қизининг кўзи қинидан чиқиб кетади ҳали. Илк бор одамлардек яшаб кўради – бундай ҳаётга муносиб у. Ҳа-да, шу кунгача у ҳаётда нима ҳам кўрди? Ҳеч нима! Фақат иш, хизмат ва турли-туман ташвишлар, камига, ҳеч кимга кераги йўқ, касалманд, ноумид, аллақачон гўрга кириши лозим бўлган кампирга қараб юрибди. Уни деб, яна денг, лаънати урушни деб Кристининг ёшлиги буткул хазон бўлди. Энг яхши дамлари қайтмас бўлиб ўтиб кетганини ўйласанг, юрагинг қонга тўлади! Мана, энди бахтини топади у! Фақат холаси ва поччасининг ҳурматини сақласа бас. Ҳар доим одобли ва камтарин бўлсин. Холаси ҳузурида ҳайиқиб ўтирмаса ҳам майли – ахир, унинг юраги олтиннинг ўзи! Дилкаш! Бу овлоқ, бадбўй қишлоқдан чиқиб олиши учун туғишган жиянига албатта ёрдам беради. У, қари кампир эса барибир ўлади. Агар вақти келиб Клара ўзи билан Америкага олиб кетмоқчи бўлса, кетаверсин – бу ерда яхши нарсанинг ўзи қолмади! Мамлакат ўлиб бормоқда, одамлари бетайин, кампир ҳақида қайғуриб ўтиришнинг эса ҳеч кераги йўқ. Ғарибхонада истаган пайтингда жой топилади – яна қанча умри қолди ўзи? Оҳ, энди бемалол ўлса бўлаверади, энди ҳаммаси жойига тушди…
Кўйлаги ва ички юбкалари устидан шойи рўмол ўраган кекса, адо бўлиб бораётган кампир филникидек йўғон, шишган оёқлари билан хона бўйлаб гоҳ олдинга, гоҳ орқага судралганидан пол ғичирларди. У катта дастрўмол билан дам-бадам кўзини артаркан, тинмай қўлини силкитар ва бурнини тортарди. Сўнг бунчалик чуқур эҳтиросга берилганидан ҳориб, кейинги гаплари учун куч тўплашни ўйлаб, инграганча ўтирди, бурнини қоқди ва хаёлига яна нимадир келиб, гапираверди, гапираверди. Сўнг яна инграб, бурнини тортиб, кутилмаганда келган омаддан яна қувонаётган, ҳолдан тойган аёл бу хурсандчиликларнинг барига дахлдор Кристинанинг ранги ўчиб, қисиниб турганини пайқади. Кўзларида ҳайрат билан ҳадиксираганча нима дейишини билмай турди. Кейин бор кучини йиғиб танасини курсидан узди-да, қизига яқин келиб, елкасидан тутиб, чўлпиллатиб ўпди, бағрига босди. Уни ўзига келтириб, уйқудан уйғотишни истагандек, силкилади:
– Нега жим бўлиб қолдинг? Буларнинг бари сенга бўлмай кимга, аҳмоқ қиз! Бир сўз демай, тош ҳайкалдек қотиб туришингни қара. Ахир омад шундай кулиб турибди! Қувонсанг-чи! Нега қувонмаяпсан?
Хизмат низомида иш вақтида идорани ташлаб чиқиш қатъиян ман этилади. Ҳатто энг узрли сабаб ҳам идорадаги ҳаёт қонунлари олдида ожиз: аввал хизмат, сўнг одам, аввал ҳарф, сўнгра унинг маъноси. Шу боис Кляйн-Райфлинг почта хизматчиси бўлмиш Кристина кичик танаффусдан сўнг яна ойнаванд тўсиқ ортига ўтиб, вазифасини адо этишга киришди. Бу орада уни ҳеч ким сўрамаганди. Қоғозлар тарк этилган стол устида худди чорак соат аввалгидек тахланиб турар, уни яқиндагина ҳаяжонга солган, энди ўчириб қўйилган телеграф аппарати ним қоронғида ялтираганча гўё сукут сақларди. Худога шукр, ҳеч ким кирмади, ҳеч қандай камчилик йўқ. Сим орқали бу ерга етиб келган ногаҳоний хабар ҳақида виждонинг қийналмай, бемалол ўйлашинг мумкин. Бу хабар ёқимлими, йўқми – ўзини йўқотиб қўйган Кристина ҳали тушунишга улгурмаганди.
Унинг пароканда хаёллари секин-аста жойига туша бошлади. Демак, жўнайди, илк бор онасини ташлаб кетади, икки ҳафта, балки ундан ҳам кўпроққа. Бегона одамлар… Таътилга чиқиш, узоқ йиллардан сўнг ниҳоят бир марта бўлса-да мириқиб ҳордиқ чиқариш, дунёга назар солиш, бирон янгилик, ўзгача ҳаётни кўриш керак.
У тинмай ўйларди: аслида-ку, яхши хабар келди, онасининг ҳам хурсанд бўлишга ҳаққи бор. Гапнинг очиғи, узоқ йиллардан буён уларга келган энг яхши хабар бу. Бадга урган иш жойини илк бор ташлаб чиқиб, озодликда бўлишинг, янги чеҳраларни, ўзгача дунёни кўришинг мумкин – ахир бу самодан нозил қилинган ҳадя эмасми? Бироқ шу тобда, қулоқлари тагида онасининг жаҳли чиқиб, ҳайратланиб, қўрқиб айтган сўзлари янгради: “Нега хурсанд бўлмаяпсан, ахир?”
Онам ҳақ, нега хурсанд бўлмаяпман? Нега вужудимда ҳеч нима ҳаракатга тушмади, қимирламади, мени домига тортмади?
Кристина ўзига ўзи қулоқ тутиб, ҳеч вақони эшитмасди: ички товуш истаётган жавобни бермас, кутилмаган хабар унда фақат хижолат ва ҳадик уйғотарди. Ажабо, ўйларди у, нега қувонмаяпман? Манзарали откриткаларни конвертлардан юз марталаб олиб, саралаётганимда, кўримсизгина норвег фиордлари, Париж хиёбонлари, Сорренто бўғози, Нью-Йоркнинг тош эҳромларини томоша қилганимда хўрсиниб қўймасмидим?.. Ҳаётда ҳам шуларга ўхшаш бирон нима кўра оламанми, деб ўзимга савол бермасмидим? Эрталабки сокинликда бу қафасдан чиқишни, аҳмоқона мардикорликни ташлаб, кишини ҳолдан тойдирувчи вақт билан мусобақа ўйнамоқни унутишни орзуламай, нени орзу қилардим? Озгина бўлса-да дам олиш, ўзим учун вақтдан нимта-нимта, узуқ-юлуқ қилиб эмас, тўлалигича фойдаланишни ўйламасмидим? Итдек югуртирадиган, ўр­нимдан туриш, ки­йиниш, печ ёқиш, сут, нонга бориш, овқат иситиш, кейин идора томон судралиш ва бураб қўйилган механизмдек конвертларни муҳрлаш, ёзиш, телефон қилишга, кейин эса яна уйга – дазмол тахтаси, ошхона ўчоғи, пишириб-куйдириш, кир ювиш, ямоқ солиш, касал боқиш ва ниҳоят, ўлгудек чарчаб, уйқуга ётишга мажбур қиладиган бадкирдор қўнғироқли соат товушини жилла қурса бир марта эшитмаслик эмасмиди орзуим? Шу ерда, манави стол ёнида, шу димиққан қафасда бу ҳақда минг, юз минг марта орзу қилгандим. Онам рост айтади: мана энди, ниҳоят, шундай бахт кулиб боққанда хурсанд бўлмаяпман. Нега? Ёки, тайёр эмасманми?
Қиз елкаларини ожизона чўктириб, нурсиз кўзлари билан идоранинг шир яланғоч деворларига боқаркан, кечиккан қувонч ҳисси ниҳоят жисмимда ғимирламасмикин, дея ҳомиладор аёлдек нафас олишни беихтиёр тўхтатиб, ботинига қулоқ тутиб, кутиб ўтираверди.
Бироқ қушлар чуғур этмаётган сокин ўрмондагидек ҳеч бир сас эшитилмасди. Бор-йўғи йигирма саккизга кирган қиз хурсандчилик аслида нима эканини зўриқиб ўйларкан, даҳшат ичра бунинг нелигини билмаслигини англаб етди. Болалигида ёд олиб, кейин эса унутган, қачонлардир ўргангани баъзан эс-эс ёдига тушувчи хорижий тил каби эди бу. Сўнгги марта қачон бахтиёр бўлгандим? Кристина бошини қуйи солганча ўйланаркан, пешонасини икки қатор ажин кесиб ўтди. Оёқлари чўпдек, чит юбка кийган, мактаб папкасини беғам силкитаётган оппоққина қизалоқ хира тортган кўзгудагидек аста-секин хотирасида жонланди…
Мана, Вена атрофидаги хиёбон, ўнлаб қизалоқлар унинг теварагида зир югурганча қувлашмачоқ ўйнашар, тўпнинг ҳар бир итқитилиши шодон қийқириқ ва хохолашга уланиб кетарди. Ўшанда кулги худди томоғида тайёр турган каби қанчалар енгил ва эркин кулгани ёдига тушди. Гўё терисининг аллақаерига яширинган шодлик уни қитиқламоқда, томиридаги қони билан жўшиб, ташқарига интилмоқда эди. Сал тегиб кетсанг бас – тўхтатиб бўлмайди, бўғзингдан отилиб чиқади. Баъзан мактабда, француз тили дарсида, бирон қизиқ сўз ёки аҳмоқона ҳазилни эшитганида пиқирлаб кулиб юбормаслик учун партани чангаллаб, лабини тишлаб туришига тўғри келарди. Ҳар қанақа бўлмағур нарса – муаллимнинг тутилиб қолиши, кўзгу рўпарасидаги қийшанглаш, думини ғалати буриб турган мушук, кўчада унга кўз ташлаган зобит – арзимаган ножўя ҳаракат ҳам ичини тўлдириб турган кулгини юзага чиқаришга етарди. Бу ўйинқароқ беғамлик доимий эди. Кулги ҳатто тушида ҳам қувноқ муҳрини қизнинг беғубор лабларига босарди…
Тўсатдан барчаси ўчирилган пиликдек қорайиб, қоронғилашиб кетди. 1914 йил, биринчи август. Кундузи ҳовузда эди. Кабинада ечингани, яланғоч бадани – ўн олти яшар қизнинг тўлишган, оппоқ, қайноқ, сарвдек қомати порлаган нурдек ёдига тушди. Совуқ сувда маза қилиб чўмилгани, сув сачратиб ўйнагани, ғижирловчи тўшама тахта устида дугоналари билан югургани, қизларнинг кулги ва қийқириқлари ҳамон қулоғи остида жаранглайди. Кейин уйга шошилди: тезроқ, тезроқ, у кечикади, ахир! Дарров қайтиб, буюмларни йиғиштиришда онасига кўмаклашишни ваъда қилмаганмиди! Икки кундан сўнг Кампталдаги далаҳовлига кўчиб ўтишади-ку!
Кристина икки пиллапояни бир қилиб ҳатлаб, эшикни очди. Бироқ ғалати-я: ҳансираганча уйга кирган заҳоти ота-онаси ўзаро суҳбатни тўхтатиб, ўзларини уни кўрмаётгандек тутишди. Ноодатий баланд овозини у ҳозиргина эшитган отаси кишини шубҳага солиб, негадир газетага тикилиб турарди. Йиғлагани шундоқ кўриниб турган онаси дастрўмолни асабий ғижимлаб, шошилганча дераза томон юрди.
Нима гап? Жанжаллашиб қолишдими? Йўқ, ундай эмас шекилли. Ота­си бирдан онаси томон ўгирилди ва қўлини унинг титраётган елкасига қўйди. Кристина отасининг бунақа мулойим ҳаракатини ҳали бирор марта кўрмаганди. Бироқ ортига ўгрилмаган онасининг елкалари бу эркалашдан баттар титради. Нима гап ўзи?
Ота-она уни яна унутиб қўйгандилар, биронтаси ҳатто қайрилиб қарамади. Ҳозир, орадан йигирма йил ўтиб ҳам қандай қўрқиб кетганини Кристина яхши эслайди. Балки ундан жаҳллари чиқаётгандир? Балки бирон айб қилгандир? У қўрқиб кетганидан – ҳар бир ўспиринда албатта бу каби қўрқув ва айбдорлик ҳисси мавжуд – ошхона томон йўналди.
Ошпаз Боженанинг тушунтиришича, қўшнилари бўлмиш зобитнинг хизматкори Геза айтибдики, уруш бошланиб, ҳаммага буйруқ берилган ва энди лаънати сербларнинг танобини тортишади.
Демак, акаси Оттони заҳирадаги лейтенант сифатида урушга ча­қи­ришади. Поччасини ҳам олишади, мана нима учун ота-онаси бунчалик хафа экан.
Чиндан ҳам эртаси куни тонгда егерларнинг кулранг кийимида, зобитлар шарфини ўраб, қиличига тилла тасмабанд таққан Отто кириб келди. Гимназияда муаллимлик қиладиган акаси одатда қўл учида тозаланган қора камзул киярди. Рангпар, ориқ, сочи типратикандек олдирилган, ёноғини юмшоқ малла тук қоплаган бесўнақай бу йигит улуғвор қора либосда анча кулгили кўринарди. Аммо қоматига ёпишиб турган мундирда, лабларини қимтиб тураркан, у синглисида ҳозир аллақандай янги, бошқача таассурот қолдирди.
– Жин урсин, кўринишинг аъло! – чапак чалиб юборди соддагина қизалоқнинг маҳлиё нигоҳи билан қараган Кристина.
Ҳеч қачон қўл кўтармаган онаси кутилмаганда уни шундай туртдики, тирсагини жавонга уриб олди.
– Уят эмасми, бешарм қиз?
Бироқ бу ҳам онанинг яширин оғриғини енгиллаштирмай, ҳўнграганча ўғлининг бағрига отилди. Ўзини мардона тутишни истаётган йигитча эса бошини сарак-сарак қилганча она ватан, бурч ҳақида нималарнидир ғўлдиради.
Отаси четга ўгирилиб олганди. Отто ранги гезариб, тишини-тишига босиб, жазавага тушган она бағридан куч билан силтаниб чиқди. Сўнг унинг юзидан тез ўпиб, отасининг қўлини йўл-йўлакай қаттиқ сиқди. Кристинанинг ёнидан ўтиб кетаркан: “Ҳозирча” – деб ғўлдиради ва сал ўтмай, зинадан қиличининг жаранг-журунги эшитилди…
Тушдан кейин опасининг эри (тинчлик пайти шаҳар маҳкамаси мансабдори ва уруш даврида ортдаги қўшинлар фельдфебели) уйдагилар билан видолашгани келди. У ўзига ҳеч нима хавф солмаслигини яхши билганидан, уруш аллақандай эрмакдек бемалол сўйлади ва уч-тўртта латифа айтгач, қайтиб кетди. Бироқ ҳар иккиси ҳам уйда яқинларини қолдирмоқда эди: тўрт ойлик ҳомилали янга ва эмизикли боласи бор опа.
Шундан кейин бу икки аёл оқшомлари улар билан бир дастурхон атрофидан жой олишди ва Кристинага чироқлар янаям хирароқ ёнаётгандек туюлди. Бирон қизиқ гап айтиши билан унга жиддий нигоҳлар қадалар, ҳатто ўзи ҳам шунақа ёмон қизлиги, сипо эмаслиги, ёш боладек эканлиги учун кейинроқ, тўшакда ётганида ўзини койирди.
Ва беихтиёр камгап бўлиб қолди.
Уйларида шоду хуррамлик завол топган, ичкаридагиларнинг уйқуси сергак тортганди. Кристина тунлари бехосдан уйғониб кетганда девор ортида томчи томаётгандек оҳиста, тўхтовсиз пичирлашни эшитарди. Уйқуси учган онаси тиз чўкканча, Биби Марям тимсоли рўпарасида ўғли ҳаққига соатлаб дуо қилаётган бўларди.

* * *
1915 йил кириб келди. У ўн етти ёшда. Ота-онаси нақ ўн йилга қариган. Отаси гўё ичидаги аллақандай дард вужудини тинмай пармалаётгандек буришиб-тиришганча, ранги сарғайиб, қадди букчайиб у хонадан бу хонага ўтиб юрар, иши орқага кетаётгани боис ташвишланаётганини ҳамма биларди. Мана, олтмиш йилки, бобоси Бонифаций Хофленер ва отаси каби тоғ кийиги шохига ишлов бериб, овланган қушлар терисига сомон тиқа оладиган усталар бутун империяда йўқ эди. У уч-тўрт шогирди билан эрта-ю, кеч Эстергази, Шварценберг оилалари буюртмалари бўйича ов ўлжаларига ишлов берар ва қилган иши пишиқ-пухталиги билан ажралиб турарди. Энди эса фақат одамларнигина отишаётган бу қонли замонда дўкон эшигини ҳафталаб ҳеч ким тақиллатмас, келин эса бўшанганидан буён тўшакда ётар, невара бетоб ва буларнинг барига ақча керак эди.
Кунларнинг бирида Изонцо қирғоқларидан ўғлининг командири томонидан ёзилган илк мактуб келгач (бари маълум гаплар: ротани бошлаб бораётганда қаҳрамонларча ҳалок бўлди, ҳеч қачон унутмаймиз ва ҳоказо, ва ҳоказо), камгап устанинг қадди то узил-кесил синмагунча кун сайин букчайиб бораверди. Уйдаги сукунат тобора ҳукмини мустаҳкамлаб, Биби Марям санами рўпарасидаги чироқ ҳам ўчиб қолди. Энди дуо қилмай қўйган онаси унга чироқёғи қуйишни унутганди…
1916 йил. Кристина ўн саккиз ёшда. “Жуда қиммат!” – уйда шундан бошқа айтиладиган гапнинг ўзи йўқ. Ота-онаси, янга ва опаси ғарибдан-ғариб кундалик турмуш қанчага тушаётганини эртадан кечгача ҳисоблашгани-ҳисоблашган: “Гўшт жуда қиммат, ёғ жуда қиммат, пойабзал қиммат”. Бу ҳам қимматга тушмасин деб, Кристина ҳатто нафас олишга чўчиб қолди. Ҳаёт учун энг зарур нарсалар ваҳимага тушган жониворлардек тумтарақай бўлиб, гўё олибсотар ва муттаҳамларнинг инларига яшириниб олишган ва энди уларни излаб топишга тўғри келарди. Нон тилаб ол, бир тутамгина кўкат учун сотувчи аёл билан то сочинг оқаргунча савдолаш, тухум учун қишлоққа бориб кел, кўмирни вокзалдан қўл аравада келтир. Совуқда дийдираган, оч-наҳор минглаб аёллар мазкур кимўзарда ҳар куни иштирок этар, “ўлжа” эса кундан-кунга камайиб бормоқда эди. Отасининг ошқозони касал – унга парҳез таом керак. У “Бонифаций Хофленер” лавҳасини олиб ташлаб, дўконни сотгандан буён ҳеч ким билан гаплашмай қўйди. Баъзи-баъзида, ҳеч ким эшитмаётганига ишончи комил бўлса, қўлини қорнига босиб, инграб қўярди. Шифокорни чақириш ўрнига ҳеч кимга билдирмай оғриқдан буралган кўйи: “Жуда қиммат”, – дерди у.
1917 йил. Кристина ўн тўққиз ёшда. Янги йилнинг иккинчи куни отани дафн этишди, омонат дафтарчадаги пул унинг эски кийимини қора рангга бўяшга етди, холос. Турмуш кундан-кун қимматлашиб борар, иккита хона Бродовдан келган қочоқларга аллақачон ижарага берилган, шунда ҳам, эртадан кечгача тинка-мадоринг қуриб ишлаганингга қарамай, барибир пул етмасди. Амакиси ниҳоят, онасига Корнойбург ҳарбий шифохонасидан бекалик ўрнини олиб беришни, Кристинани эса идора машинисткаси қилиб жойлаштиришни уддалади…
Қани эди тонгдаёқ оёққа туриб, шунча олисга юришмаса, совуқ вагонда тонг ва оқшом пайти музлашмаса! Кейин то миянг тўмтоқлашиб, бирон ўй ва истаксиз оғир уйқу бағрига ўзингни отмагунингча – оҳ, қани эди шу уйқудан сира уйғонмасанг! – супур-сидир, ямоқ солиш, тикиш, кир ювишдан бўшамайсан…
1918 йил. Қиз йигирма ёшда. Уруш ҳамон давом этар, ҳалигача бирон кун ташвишсиз, хотиржам ўтмади. Кўзгуга қараш, бир дақиқага муюлишга чиқиш учун ҳалиям вақт йўқ. Онаси зах бинода ишлаётгани учун оёғи шишиб кетаётганидан нолир, бироқ ҳамдардлик билдириш учун Кристинада куч қолмаганди. У кўпдан буён турли дардлар билан ёнма-ён яшар, даҳшатли тан жароҳатлари ҳақида машинкасида ҳар куни етмиш-саксонталаб маълумотнома ёзаверганидан қалбида нимадир тўмтоқлашиб қолганди.
Чап оёғи эзилиб кетган, миқти, сочлари юртида ўсувчи буғдой сингари тилларанг, ҳамон чеҳрасида болаларча ҳадиксираш ифодаси бор, бироқ юзида бошидан кечирган даҳшатларнинг муҳри ҳам қотиб қолган, Банат томондан бўлмиш лейтенант қўлтиқтаёғида зўрға судралиб баъзан унинг ёнига келиб турарди. Бечораҳол, ҳали она сути оғзидан кетмаган бу йигитча юртини соғинганидан эскича шваб лаҳжасида қишлоғи, ити, оти ҳақида гапириб берарди. Бир оқшом хиёбон скамейкасида ўпишдилар ҳам. Бироқ муҳаббатдан кўра ачинишга менгзаб кетувчи икки-учта ҳиссиз бўса эди бу. Лейтенант уруш тугаши билан унга уйланишини айтганда, Кристина ҳорғин табассум қилиб, эшитмаганга олди. Уруш қачон бўлмасин тугаши ҳақида ўйлашга ҳам журъати етмасди.
1919 йил. Кристина йигирма бир ёшда. Уруш чиндан ҳам тугади, аммо муҳтожлик эмас. Муҳтожлик авваллари гўё йўриқномалар тагида беркиниб ётар, эндигина босилган пуллар ва заёмларнинг Миср эҳромлари сингари баланд қоғоз уюмлари остидан маккорона жой олганди. Энди эса кўзларига қон тўлиб, оғзини ланг очган юҳодек сурбетларча судралиб чиқди ва урушдан ортиб қолган энг сўнгги сарқитларни ҳам паққос тушира бошлади. Бир рақами ва ундан сўнг келадиган ноллар юз минглаб, миллионлаб кўринишда худди булутдан қор ёққандек ёғилар, ҳар бир рақам, ҳар бир нол илиқ кафтингда эриб кетарди. Пул ухлаётганингда ҳам эрир, дўконга югуриб бориб келиш учун ёғоч пошнали эски бошмоғингни кийи­шингга улгурмай, қадрсизланиб қоларди. Ҳар доим қаергадир югурасан, етганингда эса мудом кечиккан бўласан. Ҳаёт математикага айланиб қолганди. Қўшиш, айириш, рақамларнинг аллақандай ақл бовар қилмас ўпқони. Бу ўпқон энг сўнгги буюмни ҳам домига тортарди: онасининг кўкракка тақиладиган тилла тўғнағичи, бармоғидаги тилла узук, гулдор кимхоб дастурхон… Бироқ қанча уринма, бариси беҳуда: ярим тунгача юнгдан свитер тўқиганинг, ҳамма хоналарни ижарага бериб, онанг икковинг ошхонада ётганинг ҳам ёрдам бермайди. Фақат уйқунигина ўз эҳтиёжингга қарата оласан, шугина сариқ чақа сўрамайди. Ҳолдан тойган, озиб-тўзиган, ҳали ҳамон бокира танангни тун ярмидан оққанда тўшакка ташлайсан ва олти-етти соатга бу қиёмат-қойимни унутасан.
Кейин 1920 – 1921 йиллар келди. Кристина йигирма икки, йигирма уч ёшда. Ахир, буни ёшликнинг гуллаб-яшнаш даври демайдиларми! Бироқ унга ҳеч ким бу ҳақда гапирмас, ўзи ҳам буни билмасди. Эртадан кечгача мияда битта-ю битта ўй чарх уради: пул кундан кун камайиб кетаётган пайтда қай йўл билан ҳаммасини учма-уч қилса экан? Тўғри, кун кўриш бироз енгиллашгандек ҳам. Амакиси яна кўмаклашди. Шахсан ўзи почта маъмуриятида ишловчи қартабоз шериги олдига бориб, узум етиштирилувчи Кляйн-Райфлинг номли чекка бир қишлоқнинг почта идорасидаги бўш ўринни Кристина учун тилангандан баттар қилиб олиб берди. Ўрин жуда зўр ҳам эмас, бироқ синов муддатидан сўнг доимий ишлаш ҳуқуқи бор – жилла қурса шунга умид қилса бўлади.
Камгина маош бир ўзига етарди, бироқ опасининг уйида онасига жой бўлмагани боис Кристина уни ҳам ёнига олиб, пулни икки киши ўртасида бўлишга маҳкум этилди. Кундалик турмуш ҳамон тежамкорлик билан бошланиб, ҳисоб-китоб билан якунланар, ҳар битта гугурт чўпи, ҳар бир қаҳва дони, бир кафт ун ҳам ҳисобда эди.
Шунга қарамай, эркинроқ нафас олиб, ҳаёт кечирса бўларди.
Кейин 1922, 1923, 1924 йиллар келди – у йигирма тўрт, йигирма беш, йигирма олти ёшда. Қиз ҳали ҳам ёшми? Ёки қариб қолмоқдами? Кўзлари атрофида ажин пайдо бўлаяпти. Баъзан оёғи, баҳорда эса негадир боши оғрийди. Бироқ ҳаёт олға бормоқда, турмуш изга тушаяпти. Пулни қўлингда тутиб, унинг қаттиқ, юмалоқ эканлигини яна ҳис эта бошлайсан. “Почта ёрдамчиси” деб аталмиш доимий иш ўрнинг бор, почча ҳар ойда қайнона учун уч-тўрт чақа юбориб турибди. Энди яна бир марта ёш бўлишга уриниб кўрса бўлар. Бирданига эмас, албатта. Кўчага чиқиб ўйин-кулги қилишини онаси баъзан ҳатто талаб қиларди ва ниҳоят, уни қўшни қишлоқдаги рақс мактабига ёзилишга мажбур ҳам этди.
Рақс тушиш Кристина учун қийин, чарчоқ қон-қонига сингиб кетган. Бўғинлари музлаб, қотиб қолгандек – ҳатто мусиқа ҳам уни эрита олмайди. У рақс усулларини диққат билан ўрганишга киришди, бироқ бу ҳам уни ўзига тортмас, чин маънода қалбига ўтирмасди. Шундан сўнггина илк бор элас-элас пайқадики, жуда кеч бўлибди – уруш ёшлигини топтаб-синдириб ташлаган. Вужудида аллақандай мурват бузилгандек. Буни эркаклар ҳам пайқаганга ўхшайди: гарчи у ёноқлари қирмизи, юзлари думалоқ қишлоқлик қизлар орасида, ён томонидан қаралганда, аслзода хонимни эслатса-да, ҳали биронтаси жиддий хушомад қилгани йўқ.
Бироқ урушдан сўнг вояга етган навниҳол қизлар ўзини жуда бошқача тутмоқда эди. Ўн етти-ўн саккизга кирган бу қизчалар кимдир келиб, рақсга лутфан таклиф этишини кутиб ўтирмасдилар – сабрлари етмасди. Бунга ҳаққимиз бор, дея ҳисоблашарди ва шунчайин қизғинлик билан буни талаб қилардиларки, гўё нафақат ўз ёшликларидан қониқиш мақсадида, балки урушдан қайтмаган юз минглаб ёшлар учун ҳам ўйнаб-кулишни истардилар. Йигирма олти яшар Кристина янги авлоднинг бу вакилалари ўзларини қанчалик ишонч ва талабчанлик билан тутишини кузатар, кўз қарашлари қанчалик дадиллигини, сонларини қандайин силкитиб кўз-кўз қилишларини, йигитларнинг тегажоғлигига ҳиринглаш билан жавоб қайтариб, уйга қайтаётганларида дугоналаридан ҳеч уялмай эркаклар билан ўрмонга кириб кетишини аллақандай хавотир билан хаёлидан ўтказарди.
Кристина бундан жирканарди.
Урушдан кейинги очофат ва қўпол бу авлод олдида ўзини ҳаёт синдирган, ҳеч кимга кераги йўқ мункиллаган кампирдек ҳис этар, ёшлик ҳаваслари ўлиб бўлган ва умуман, бу қизлар билан баҳс юритишга қодир эмасди. Хуллас, ҳеч қанақа кураш, ҳеч қанақа зўриқишни хоҳламасди! Хотиржамгина нафас олса, жимгина орзуларга берилса, хизмат бурчини адо этса, дераза тагидаги гулларни суғорса бас. Бирон нимага интилиш, исташнинг кераги йўқ. Ёшлигининг ўн йилини уруш ўғирлаган, йигирма олти яшар бу қизда хурсандчилик қилишга на куч, на ирода қолганди…
Кристина енгил тортиш учун хўрсиниб, хотираларини нари итқитди. Ёшликда бошидан ўтган кўргиликларни ўйлаш ҳам уни чарчатганди.
Онаси режалаштирган бу ишда ҳеч маъно йўқ! Нега у ҳеч қачон кўрмаган аллақандай холаси ҳузурига, нотаниш жойларга, бегона одамлар ёнига кетиши керак? Лекин онаси шуни истар экан, бу нарса унга шунчалик қувонч бахш этаркан, нима ҳам қила оларди. Қаршилик қилиш шартмикин? Шунақаям чарчаганки…
Тақдирига тан берган Кристина столнинг юқори тортмасидан қоғоз олиб, яхшилаб икки буклади ва тагига мистар қўйиб, ўзига қонунан берилиши лозим таътилни оилавий шароитига кўра, шошилинч тақдим этишлари ва келгуси ҳафтанинг бошидан ўрнига бошқа бир кишини юборишларини сўраб, Вена почта маъмуриятига ариза ёзишга тутинди. Текис, дона-дона имлода, чиройли ҳарфларни тўр кўринишидаги чизиқ билан босиб ёзди. Кейин Венага, опасига хат битди. Унда ўзи учун Швейцария визасини олиш, чоғроқ жомадонини вақтинча бериб туриш ва онаси тақдири нима бўлишини маслаҳатлашиш учун етиб келишини илтимос қилди.
Кейинги кунлар Кристина гўё бу ўз ҳаётига эмас, хизмат бурчига тааллуқлидек, ҳеч нимани кутмай, на қувонч, на қизиқиш ҳис этмай, сафарга обдон тайёрлана бошлади.
Бутун ҳафта тайёргарлик билан ўтди. Оқшомлари йиртиқ кийимларга ямоқ солдилар, эски буюмларни тозалаб, янгилаб чиқишди. Гўё шуларнинг ўзи камдек, юборилган долларларга бирон нима сотиб олиш ўрнига опаси ўз бисотидан алланималарни келтирибди: йўлга ярайдиган сап-сариқ пальто, яшил кофта, онаси Венецияга қилган тўй сафари пайтида сотиб олган эмал тўғноғич ва тўқима жомадон. Опасининг фикрича, шунинг ўзи етиб ортаркан, зеро, тоғда юрганлар ясан-тусан қилишмайди. Агар Кристинага бирон нарса жуда зарур бўлса, ўша ернинг ўзида сотиб олган маъқул.
Ниҳоят, сафар куни ҳам келди.
Япасқи тўқима жомадонни қўшни қишлоқдаги мактаб муаллими Франц Фуксталер кўтариб бормоқчи бўлди, дўстона ёрдам бермоқчи экан. Паст бўйли, нимжон, мовий кўзлари кўзойнак ортидан тортинчоқлик билан боқувчи бу одам ўша телеграммадан кейиноқ ёрдамини таклиф этгани Хофленерларникига келганди. У Кляйн-Райфлингда фақат шу оила билангина дўстона алоқада бўлиб, дўхтирлар соғайиши даргумон деб топган хотини бир йилдан бери давлатга қарашли “Алланд” сил касалликлари шифохонасида ётар, икки нафар фарзандини бошқа шаҳарда истиқомат қилувчи қариндошлари олиб кетишганди. Деярли ҳар оқшом уйида – ҳувиллаган иккита хонада ёлғиз ўзи кўнглига яқин ишлар билан шуғулланар, қуритилган гуллар номини юмалоқ рондо шрифтида чиройли чиқариб, қизил тушда лотинча, қора тушда олмончасини ёзиб, гербарийлар тузарди. “Реклам” нашриётида чиққан севимли рисолаларини олачипор гулли қалин қоғоз билан ўзи муқовалар, тикилган жойига эса ингичка перода, заррабинона аниқлик билан босма ҳарфлар битарди. Оқшомлари эса – қўшнилар ухлаганидан кейин скрипкасини олиб, қўлда ёзилган нотага қараганча, одатига кўра, ё Шуберт, ёки Мендельсон битган куйларни уқув билан бўлмаса-да, катта иштиёқ билан чаларди. Ёки тўрт букланган юпқа, олачипор қоғозга қироатхонадан олинган китоблардаги ўзига ёққан шеър ва фикрларни кўчирар, уларнинг сони юзтага етганда ҳаммасини нав­батдаги альбомга тикиб, силлиқ ва ёрқин лавҳа билан муқоваларди. Худди Қуръоннинг арабча нусхасини кўпайтирувчи каби, юмшоқ зебу забарлар, нозик ва йўғон чизиқлар ёрдамида нусха кўчиришни афзал кўрарди. Жамоа томонидан тақдим этилган уйда истиқомат қилувчи бу мўмин, камтарин банда учун китоб деганлари уйида ўсувчи гулдек гап эди. У кекса боғбондек ҳар бир китобни эркалаб, гўё қимматбаҳо буюмдек авайлаб, озғин, рангпар бармоқлари билан қатор қилиб токчаларга териб чиқарди.
У ҳеч қачон қишлоқ қовоқхонасига қадам босмасди. Художўй одамлар ёмонликдан қўрққанлари каби, пиво ва тамаки ҳидидан қўрқар, у ердаги сўкинишу, телбавор қичқириқларни эшитган заҳоти қовоқларини уйганча бу маишатхона ёнидан тезроқ ўтиб кетишга ошиқарди. Хотини ётиб қолгандан буён дам олиш пайтлари у борадиган бирдан-бир макон Хофленерларнинг хонадони бўлиб қолди. Тушликдан сўнг шунчаки валақлашиб ўтириш учун, ёки уларга овоз чиқариб китоб ўқигани тез-тез келиб турар, кўпинча уларнинг ватандоши бўлмиш Адальберт Штифтернинг “Дала гуллари” асарини ўқир ва ҳаяжондан қуруққина товуши ҳам хушоҳанг чиқарди. Тортинчоқ ва бир қадар зерикарли бу муаллим китобдан нигоҳини кўтарган пайти берилиб тинглаётган қизнинг пастга эгилган оқ-малла сочли бошига қараб, ўзи билмаган ҳолда илҳомланиб кетар, бу ерда уни тушунишларини сезарди. Она эса муаллимнинг кўнглидан нима кечаётганини пайқаб, рафиқасининг пешонасида бор нарса юз берганидан сўнг қизига ташланаётган бу нигоҳ бошқача, янада дадилроқ бўлиб қолишини фаҳмларди. Кристина эса ҳар доимгидек сокин ва беун: у ўзи ҳақида ўйлашни аллақачон эсидан чиқарганди…
Онаси шифокорнинг қатъиян ман этишига қарамай, алланечук хавотирланиб Кристинанинг ортидан уч бор пастга тушди. У қизидан айрилишни сира истамас, вақт жуда оз қолган бўлса-да, қизи ҳўнграб йиғлаётган кекса, бесўнақай бу аёлни уч марта тепага чиқариб қўйганди. Кейин, охирги ҳафтада тез-тез содир бўлганидек, ярим-ёрти сўзлар ва пиқиллашлардан сўнг, тўсатдан унинг нафаси сиқиб қолди ва тўшакка ётқизишга тўғри келди.
Кристина онасини шундай аҳволда ташлаб кетаётгани учун ўзини койир, ҳали сира бунчалик асабийлашмаганди. Худо кўрсатмасин, бирон нима рўй берса-ю, у бўлса… Дейлик, тунда онасига бирон нарса керак бўлиб қолди, опаси эса Венадан фақат якшанба куни келади. Тўғри, новвойхонада ишловчи қиз оқшомлари у билан ўтиришга қасам ичиб, ваъда берди. Бироқ унга ишониб бўладими – у қиз рақс кечасига бориш учун туққан онасини ҳам ташлаб қочар!
Йўқ, кетмаслиги керак эди, бекор кўнди. Саёҳат деганлари унинг учун эмас – уйида бемор бўлмаганлар учун. Башарти, кетиш керак бўлгандаям, исталган пайтда қайтишга улгуриш учун яқинроқ жойга боргани маъқул эди. Ҳа-да, бу сафар Кристинага нима ҳам берарди? Онамга ҳеч нима керак эмасмикин, дея доимо хавотирланиб юрса, тунлари волидасининг ёнида ҳеч ким йўқлигини, пастда яшаётган уй эгалари қўнғироқ товушини эшитмаслиги ёки эшитишни истамаслигини ҳар дақиқа ўйласа, бунинг нимаси ўйнаб-кулиш? Ҳа, уларни ёқтиришмайди, ўзларига қўйиб беришса-ку, аллақачон ҳайдаб чиқарган бўлишарди. Устига-устак, Линцдан келган аёлга ҳам ишонч йўқ. Туш маҳали ва оқшомлари бир дақиқага бўлса-да, хабар олиб туришни илтимос қилганида, ўша аёл “майли” деди. Бироқ буни шунақанги совуқ ва қуруқ қилиб айтдики, на бориши, на бормаслигини биласан…
Балки рад жавоби билан холасига телеграмма бериш керакдир? Ҳа-да, холаси учун Кристина борди нима-ю, бормади нима. Ахир холасининг ғамхўрлиги ҳақидаги фикр онасининг хаёлига келган илинж-ку… Аксинча бўлганда, онаси иккови қийналиб юрган пайтлари кўпчилик юборгани каби, почта орқали у-бу нарса, дейлик, озиқ-овқат юборган бўлармиди! Унақа совға-саломларнинг неча-нечаси Кристинанинг қўлидан ўтди. Бироқ волидасининг туғишган синглисидан бирон нима келмади… Йўқ, бекор рози бўлди. Ҳалиям кеч бўлмасдан рад этиш керакдир балки – сира кетгиси келмаяпти.
Муаллим йўлда дуч келган шўх болаларнинг тиржайишига эътибор бермай, жомадонни сал қийшайган елкасида кўтариб борарди. Юк унчалик оғир эмас, лекин у тоқатсизларча, шитоб билан олдинга интилаётган Кристинага етиб олиш учун ўпкаси тўлиб ҳансирарди.
Пакана, малласоч, тортинчоқ муаллим дам-бадам тўхтаб дам олар ва Кристинага далда берарди. Хавотир олишга сира ҳожат йўқ. У ҳар куни қизнинг онасини кўргани бориб туради. Кристинанинг ҳам дам олишга ҳаққи бор – ахир шунча йилдан бери ишлаб, бир марта ҳам дам олмаган! Агар қиз бурчини унутганда, унинг ўзи биринчи бўлиб йўлдан қайтарган бўларди! Йўқ, Кристина сира хавотир олмаслиги керак, ўзи ҳар куни унга хат ёзиб туради.
Муаллим ҳовлиқиб, оғир нафас олганча, нима қилиб бўлса ҳам қизни тинчлантириш учун хаёлига келган нарсани гапирар ва чиндан ҳам бу қатъий панд-насиҳатлар Кристинага енгиллик бахш этар, айтилаётган сўзларнинг бари қулоғига кирмаса ҳам, бу инсонга ишонса бўлишини биларди.
Поезд келаётганини маълум қилиб сигнал чалинганда, камтарин ҳамроҳ хижолатли йўталди. Унинг анчадан бери ўзини у оёқдан бу оёққа ташлаётганини Кристина пайқаб турарди. Бирон нима демоқчи бўлаётгани шундоқ кўриниб турибди, бироқ журъати етмаяпти.
Ниҳоят, муаллим кўкрак чўнтагидан қат-қат букланган оппоқ бир нимани дадиллик билан чиқарди ва узр сўраганча Кристинага узатди: йўқ, совға эмас, албатта, шунчаки эътибор намунаси, эҳтимол, бирон нимага яраб қолар. Кристина ажабланганча чўзинчоқ қоғозни очди. Бу унинг Линцдан то Понтрезинагача қиладиган саёҳатининг харитаси эди. Темир йўл ёқасидаги барча тоғ, дарё ва шаҳарлар номи қора тушда, зиғирдек қилиб ёзилган, тоғлар ниҳоятда кичик рақамларда кўрсатилган ва баландлигига қараб сийрак ёки зич қилиб белгиланганди. Дарёлар кўк, шаҳарни билдирувчи доиралар қизил, шаҳарлар оралиғидаги масофа Жуғрофия институтининг мактаблар учун тайёрланган катта харитасидагидек, пастки ўнг томонда алоҳида устун билан берилган. Муаллим барчасини меҳр, тиришқоқлик билан, қилаётган ёқимли ишидан завқланиб бажарганди.
Кристина беихтиёр қизариб кетди, совғаси унга ёққанини кўриб, камтарин инсон ҳам жонланди. У яна битта харитани чиқарди – тилла ҳошияли тўртбурчак варақ. Бу Швейцариянинг йирик ҳарбий-топографик харитасидан кўчирилган, барча йўл ва сўқмоқлар энг майда тафсилотларигача кўрсатилган Энгадин харитаси эди. Ўртасида эса – алоҳида қизил доира билан белгиланган бино. – Бу – тушунтирди муаллим, – Кристина яшайдиган меҳмонхона, эски “бедекер”дан олинган. Сайр пайтлари адашиб қолишдан қўрқмай, шунинг ёрдамида бемалол йўл топиб кетиш мумкин.
Кристина ҳаяжонланиб унга миннатдорчилик билдирди. Эҳтимол, бу кўнгилчан киши дилидагини ундан яшириб, Линц ёки Венадаги кутубхонада керакли қўлланмалардан кўчириб олгану, кейин шу ёқимли машғулотдан ҳам фойда чиқариш ва қизнинг моддий имкониятига мослаш учун юз марталаб учи ўткирланган қаламда тунлари ҳафсала билан харитани чизиб-бўяб чиққандир. Қизнинг ҳали бошланмаган саёҳати ҳақида аввалдан бош қотириб, ҳар бир километрини ҳисоблагандир. Эҳтимол, Кристинани хаёлан сафарга кузатиб қўяркан, уни олдинда нима кутаётганини кеча-ю кундуз ўйлагандир.
Кристина ўз журъатидан ўзи чўчиётган бу инсонга қўлини миннатдорона узатаркан, унинг кўзойнак ортидаги кўзларини энди кўраётгандек бўлди. Мовий, меҳрли, гўдакникидек беғубор нигоҳ. Бироқ қиз унга қараб турганда бу мусаффо мовийранг нигоҳ кутилмаганда вужудини қоплаган ҳаяжон ичра қорайиб, чуқурлашиб кетди. Қизнинг ўзида ҳам илгари муаллимнинг ёнида сира ҳис этмаган илиқлик, авваллари биронта эркакка нисбатан уйғонмаган мойиллик ва ишонч туйғуси ногаҳон жўш урди. Шу пайтгача нотаниш ҳислар бу дам вужудида узил-кесил пишиб етилдики, дилкашлик билан унинг қўлини ҳар доимгидан узоқ сиқди. У ҳам қиздаги ўзгаришни сезди чоғи, чаккасидаги томир уриши тезлашиб, нафаси сиқилди. Керакли сўзларни ахтариб, хижолатга тушди. Бироқ шу тобда, улкан жаҳлдор махлуқдек пишқириб, тим қора паровоз етиб келди. У суриб келган ҳаво оқими муаллим қўлидаги қоғозни учириб кетишига бир баҳя қолди.
Поезд бор-йўғи бир дақиқага тўхтаркан.
Кристина шошганча вагонга кирди ва ойнадан қараб, силкинаётган, тутун босган олисликда тез орада кўздан ғойиб бўлувчи дастрўмолнигина кўрди. Шундан сўнг кўп йиллардан буён илк маротаба танҳо ўзи қолди.
Кристина бутун оқшом купенинг ёғоч деворига суяниб, ёмғир тарам-тарам қилиб ташлаган дераза ортидан хўмрайган осмон остидаги манзарага кўз тикканча борарди. Дастлаб шаҳар ва қишлоқлар гўё чўчитиб юборилган жониворлардек нимқоронғида ғира-шира кўзга ташланиб турди. Сўнг барчаси туман ичида эриб, қоришиб кетди. Учинчи тоифали купеда Кристинадан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Шу боис оёғини скамейка устига чўзгандагина қанчалик ҳориганини ҳис этди. У фикрини жамлашга уринар, бироқ бир маромда тақиллаётган ғилдираклар ва чайқалаётган вагон бунга имкон бермасди.
Қизнинг ҳаракатсиз қотган тани чексизлик бўйлаб сузар, остида эса ғилдираклар гўё қамчи билан саваланаётгандек шовқин-сурон кўтарганча еларди. Ортга ташланган боши узра эса, беун, қўл билан ушлаб бўлмас, чексиз-чегарасиз вақт ҳукмрон эди. Кристинанинг чарчоғи бу шиддаткор оқимга шунчалик қоришиб кетгандики, эрталаб купе эшиги шарақлаганча очилиб, елкадор, мўйловли, кўринишидан қаттиққўл бир киши остона ҳатлаганида чўчиб тушди. Орадан бир неча сония ўтгач ўзига келиб, формадаги бу шахс унга ҳеч қандай ёмонлик қилмаслиги, ҳибсга олиб, етаклаб кетмаслиги, бор-йўғи у ёғочдек қотиб қолган бармоқлари билан сумкасидан чиқармоқчи бўлаётган паспортини текширмоқчи эканлигини фаҳмлади.
Жандарм фотосуратни паспорт эгасининг безовта чеҳраси билан солиштираётганда Кристинанинг вужудини титроқ босди. Зеро, ҳув ўша урушдан бери юз минглаб қарорлардан бирини билмасдан бузиб қўйишдек аҳмоқона, лекин ҳеч йўқотиб бўлмас қўрқув ичида яшириниб олганди. Ахир, истаган пайтинг қандайдир қонунни бузиб қўйишинг мумкин-да.
Бироқ жандарм хушмуомалалик билан паспортни қайтариб берди ва енгилгина ҳурмат бажо келтириб, ортидан эшикни бу сафар очгандан кўра секинроқ беркитди. Энди яна ётиш мумкин, бироқ бўлиб ўтган таҳликали воқеа уйқуни қочириб юборганди.
Дераза олдига келган Кристина лол бўлиб қолди. Муздек ойна ортида, ҳалигина ухлаб ётганида туман ичра то уфққа қадар чўзилган кулранг тўлқиндек оқиб ётган пасттекислик ўрнида, ҳайбатли тоғлар – у сира кўрмаган маҳобатлар бўй чўзганди. Ҳайратланган, ваҳимага тушган нигоҳлари қаршисида Алпнинг ақл бовар қилмас юксакликлари ястанганди. Айни шу дақиқада тоғнинг қоқ бели узра шарқдан ёриб чиққан офтобнинг илк нурлари энг баланд чўққидаги музликларда миллионлаб шуъла билан чақнади. Кўзни қамаштирувчи оппоқ ёруғлик шунчалик кучли эдики, Кристина беихтиёр кўзларини юмиб олди.
Бу ёруғлик уни уйғонишга мажбур этганди. Дераза роми шу ға­ройиботни яқинлаштириш учун шарақлаб очилди. Шу ондаёқ муздек, қор ифорига тўйинган ҳаво ҳайратдан очилиб қолган оғиздан кириб, ўпкаларни лиммо-лим тўлдирди.
Кристина ҳеч қачон бундайин тўйиб нафас олмаганди. Дастлабки, югурик ҳаво ютими ичкарироқ кирсин дея, қўлларини беихтиёр икки томонга ёйди ва томирларидаги муздек нафас билан бутун борлиғи эриб боришини ҳис этди. Шундан кейингина, софланиб олгач, барча-барчасини бир бошдан, чапдан ўнгга қараб томоша қила бошлади. Роҳатдан эриб бораётган нигоҳи қирралари муз қотган ҳар бир харсанг нишабни пастидан то чўққисигача, қувонч билан, янгидан-янги тафсилотларни кашф қилган ҳолда сийпалаб ўта бошлади. Водийга гўё умбалоқ ошганча қуюлаётган оппоқ кўпикли шаршара, қоялар босиб тургандек кўринувчи, даралар ичра гўё қуш инидек жойлашган бежирим уйлар, энг баланд чўққи устида мағрур парвоз қилаётган бургут. Буларнинг бари тепасида илоҳий мусаффолик – қиз ҳатто тасаввур қила олмаган фавқулодда бир куч ва шодлик таратувчи, шойидек ҳилпираган кўм-кўк осмон салтанати!
Ўзининг торгина дунёсидан илк марта қочиб чиққан Кристина ақл бовар қилмас манзара, гўё бир кечада қад кўтарган тош минораларни эслатувчи қоялардан кўз узолмасди. Эҳтимол, улар, Яратганнинг буюк истеҳкомлари, минг йиллардан буён шу ердадир ва қимир этмай яна миллион йиллаб турар. Кристина эса, агар шу тасодифий сафар бўлмаганида, оламда бу каби буюкликлар борлигини тасаввур ҳам қила олмай ўлиб кетиши, кул бўлиб, чанг-ғуборга айланиши мумкин эди. Бунақасини сира кўрмаганди, кўриши ҳам амри маҳол эди. Ҳаёти бир овлоқда ўтиб кетаётганди: қўл узатса етгудек масофадаги бир парча ерда бемаъни ҳаёт кечирарди – бир қадам олдинга, бир қадам орқага. Бу ерда эса чек-чегарасиз хилма-хиллик ястанган экан.
Нимадандир мосуво бўлганлиги ҳақидаги шубҳа унинг шу пайтга қадар мудроқ идроки узра бехосдан илк марта оралади. Бундай пайтлар инсон қалбидаги жамики ҳис-туйғулар дунё кезишнинг қудратли таъсири остида ағдар-тўнтар бўлиб, одатга айланган нарсалар қобиғини бир силтаниб итқитиб ташлайди ва очилган кўнгилни тўхтатиб бўлмас ўзгаришлар гирдобига тортади.
Кристина қизарган ёноғини дераза ойнасига тираб, ўзини илк бора мавҳ этган туйғуга бутун борлиғи билан берилганча, атрофга ютоқиб тикилар, ортига боқиш ҳақида ўйламай ҳам қўйганди. Онаси, хизмат, қишлоқ унутилди. Сумкасидаги меҳр билан чизилган, чўққилар ва водийга шовуллаб отилаётган тоғ дарёлари номини ўқиса бўладиган харита, ўзининг кечаги “мен”и ҳам унутилди. Барчасини сўнгги томчисигача ўзингга сингдирсанг, тинмай ўзгарувчи сервиқор манзараларнинг биронтасини ўтказиб юбормасанг! Барини суратга олсанг ва муздек ҳавони, арча уруғи солинган ароқдек ўткир, хуштаъм, юрагингни дупурлатгувчи ҳавони симираверсанг, симираверсанг!
Кристина бир дақиқа ҳам ўрнидан жилмай, тўрт соат шу қадар берилиб ойнадан қараб турдики, ҳатто вақтни ҳам унутиб қўйди. Поезд тўхтаб, кондуктор нотаниш, бироқ анчайин тушунарли лаҳжада у тушиши лозим бекат номини атаганда, қўрқувдан юраги музлаб кетди. Ё худо – Кристина бор кучини йиғиб, ширин орзулар қучоғидан чиқди – етиб келишга келибди-ю, бирон нима ўйлаб топишга улгурмабди. На хола билан қандай кўришишни, на учрашганида айтадиган сўзларини билади!
У ҳовлиққанча шамсия ва жомадонини олиб – ишқилиб, бирон нимани унутиб қолдирмаса бўлди! – йўловчилар ортидан югурди. Олачипор қалпоқ кийган ҳаммоллар вокзалнинг кириш жойида ҳарбийчасига икки қатор тизилишган. Ҳамма ёқдан ғовур-ғувур эшитилиб, меҳмонхоналар номи баланд овозда айтилар, аммо Кристинани кутиб олгани ҳеч ким келмаганди. У безовталаниб, атрофига аланглади. Ҳаяжондан томоғи бўғилиб кузатди, излади, аммо – беҳуда. Ҳеч ким йўқ. Ҳаммани қарши олишар, келганларнинг бари қаёққа боришини билар, фақат угина борар манзилини билмасди.
Мана, у билан бирга келган йўловчилар меҳмонхоналарнинг гўё бирваракайига ўқ узишга тайёр замбараклардек қатор турган ранго-ранг автобуслари теварагида тўда бўлиб, перрон бўшаб қолди. Ҳали ҳамон ҳеч ким йўқ – уни ёддан чиқаришибди. Холаси келмади – эҳтимол, жўнаб кетган ёки тоби қочгандир… Сафар бекор қилиниши ҳақида Кристинага телеграмма юборишган, телеграмма эса… вақтида етиб келмаган. Э худо, жиллақурса қайтиб кетишга пули етсайди!
У аранг ўзини қўлга олиб, қалпоғининг қаншарида “Отел палас” деган тилларанг ёзуви бор хизматчи ёнига келишга жазм этди. Кейин синиқ товушда, уларда эр-хотин Бооленлар яшаш-яшамаслигини сўради…
– Бўлмасам-чи, бўлмасам-чи, – бўғиқ овоз билан жавоб қайтарди ўзига бино қўйган, дўнгпешона швейцариялик. – Менга хонимни вокзалда кутиб олиш топширилган. Қани, хоним, юк чиптасини менга бериб, ўзингиз автобусга чиқинг.
Қизариб кетган Кристина қўлида маҳкам ушлаб тургани – гадоларникидек тўқима жомадонига қаради. Дўкон пештахтасидан олингандек янги, металл қопламаси ялтироқ, қимматбаҳо юфта, тоза лайка, тимсоҳ ва илон терисидан тикилган жомадонлар орасида, забт этиб бўлмас қўрғондек юксалган улкан кофрлар орасида бу матоҳ фақирлигини қанчалар бўрттириб кўрсатишини пайқаб, бу қизнинг нафсониятига қаттиқ ботди. Ўзи ва бошқа йўловчилар ўртасидаги тафовут қанчалик кўзга ташланишини ҳис қилди. “Бирон нима деб алдашга тўғри келади”, – тезда қарор қабул қилди Кристина.
– Бошқа юкларим кейинроқ келади.
– Нима ҳам қилардик, демак, жўнайверсак бўлади, – деди ҳашамдор ливрея кийган швейцариялик ажабланмай ва автобус эшигини очди.
Инсон бирон нимадан уялса, бу туйғу идрокининг энг олис пучмоқлари, ҳар бир тўқимасидан билдирмай жой олади. Арзимаган юзаки эслатув, аллақандай тасодифий фикр бир марта уялган одамни яна бир бор бу азобни туйишга мажбур этади. Шу илк турткидан Кристина ўз савлатини йўқотди. У нимқоронғи автобус салонига бўшашибгина кирди ва бунда танҳо ўзи эмаслигини кўргач, беихтиёр ортга тисарилди. Бироқ энди орқага йўл йўқ эди. Ортдаги ўриндиқларга етиб олиш учун Кристина атир ифори, чарм ҳиди анқиб турган шу нимқоронғилик ва истар-истамай четга олинаётган оёқлар оралаб ўтиши лозим эди. У нигоҳини пастга қадаганча, ваража тутгандек қунишиб, ўзини йўқотган кўйи оралиқ бўйлаб юрар, чўчиётгани боис ёнлаб ўтаётган ҳар бир жуфт оёққа “салом” деб қўярди.
Аммо ҳеч ким алик олмади. Ё ўн олти жуфт нигоҳ ўтказган кўрик Крис­тина учун бехайр якунланди, ёки, йўловчилар – французчада жуда расво сўзлашаётган румин оқсуяклари – узоқ бурчакка қимтинганча сирғаниб ўтаётган бу ғариб кимсага эътибор беришмади.
Кристина жомадонини тиззасига қўйиб – бўш жойга қўйиш учун унинг журъати етмади – истеҳзоли тиржайишлардан яшириниш мақсадида эгилиб олди ва йўл бўйи нигоҳини кўтаришга журъат қилмай, фақат полга, ўриндиқлар тагидаги буюмларга тикилиб борди.
Бироқ хонимларнинг бежирим оёқ кийимлари шу ондаёқ бошмоқлари хунуклигини қизнинг ёдига солди. Ўзини йўқотган кўйи, уларларнинг ланг очиқ мўйна пўстинлари тагида олифталарча бир-бирининг устига чалкаштирилган чиройли оёқлари, эркакларнинг олачипор пайпоқларига кўз ташлади ва дабдабали ҳаётнинг “пастки қавати” танига титроқ солди. Бунчалик зеб-зийнат ичида ўзини қандай тутмоғи лозим? Ҳа, нимага боқмасин – янги азоб! Мана, ён томонидаги ўн етти ёшлар чамасидаги қиз тиззасида бароқ хитой болонкасини олиб ўтирибди. Жонивор эринчоқлик билан керишиб, ғингшиб қўяди. Кучукчанинг ёпинғичи ўзининг номи битилган мўйнадан тикилган, унинг юнгини силаётган, ҳали болаларники сингари майин қўлда эса олмос ва пушти рангли маникюр товланади. Бурчакдаги гольфга мўлжалланган клюшка ҳам чақмоқтош рангидаги янгигигина, силлиқ чарм ғилофда серҳашам кўринади. Нописандлик билан ташлаб қўйилган шамсиялар дасталарининг ҳар бирида бежирим нақшлар бор. Кристина беихтиёр шамсиясининг арзон шохдан ясалган хира дастасини яширди…
Кошки унга ҳеч ким кўз ташламаса, кошки кўнглидан нима кечаётгани, умрида илк бор нималарни кўраётганини ҳеч ким пайқамаса! Бахтиқаро қиз бошини борган сари қуйи эгар, ўзини ҳеч ким пайқамаслигини истарди. Ҳар гал яқинроғида кулги овози эшитилганда, аъзойи бадани жимирлаб кетар, бироқ бу кулги ростдан ҳам ўзига аталганига ишонч ҳосил қилиш учун нигоҳини кўтаришга журъати етмасди.
Ниҳоят, азобли дақиқаларга якун ясалиб, ғилдираклар тагида майда шағал ғижирлади – автобус меҳмонхона томон бурилмоқда эди. Вокзал қўнғироғиники сингари баланд товушни эшитган меҳмонхона хизматчилари ва мавсумий ҳаммолларнинг ола-қуроқ тўдаси автобус томон бостириб келди. Ортларидан виқор билан (эгаллаб турган мансаби шуни тақозо қиларди) қора сюртукли, соч фарқини тўғри очган бош маъмур пайдо бўлди. Автобусдан биринчи бўлиб болонка сакради ва ерга тушгандан сўнг юнгини яхшилаб силкитди. Шундан сўнг баланд овозда валдираганча, мантолари этагини спортчиларникидек пайдор сонларигача кўтариб, бош айлантирувчи ифорларни ортларида қолдириб бирин-кетин хонимлар тушди. Қўрқа-писа ўрнидан кўтарилган қизни эркаклар жиллақурса одоб юзасидан олдинга ўтказиб юборишлари даркор эди. Аммо қизнинг ижтимоий келиб чиқишини ё тўғри аниқлай олишди, ёки унга эътибор қилишмади. Ҳар ҳолда, бу жаноблар Кристинага қарамай, маъмурият тарафга юрдилар ва у ўзини йўқотган кўйи, эндиликда ўзи ҳам жирканаётган тўқима жомадонига ўтирганча қолди.
“Ҳаммалари нарироқ кетишсин – бу уларни менга қарашдан чал­ғитади”, дея ўйлади у. Керагидан ортиқ имиллаб автобус зинасига ниҳоят оёқ қўйганида, сюртукли маъмур руминлар билан бирга нари кетганди. Хизматчилар гердайганча жомадонларни олиб кета бошлади. Мавсумий ҳаммоллар эса оғирдан-оғир кофрларни автобус томига тарақлатиб қўйишга тушдилар – унга ҳеч ким эътибор бермади.
“Балки мени оқсоч ўрнида кўришгандир, – ўйлади қиз бениҳоя хўр­ланиб, – жуда бўлмаганда, анови хонимлардан бирининг ходимаси деб ўйлашгандир”. Чунки ҳаммоллар уни ўзларидек билиб, худди ҳеч нима бўлмагандек, бепарволик билан ёнидан ўтиб бормоқда эдилар. Ниҳоят, унинг сабри тугади ва бор кучини йиғиб, тап тортмай, навбатчи маъмур ёнига борди.
Мавсумнинг энг қайноқ давридаги навбатчи маъмур… Кичкинагина идорасида ўзини подшолардек тутаётган ва саволлар “тўфони” орасидан ҳеч иккиланмай йўл топиб бораётган бу серҳашам кема капитани билан гаплашишининг ўзи бўладими! Келганларнинг ўндан ортиғи бир қўли билан ниманидир ёзиб, бошқаси билан телефон гўшагини маҳкам чангаллаб, бирда сўл, бирда ўнгга маълумот бераётган, биргина имоси билан – бош силкитиш ёки нигоҳи ёрдамида – хизматчилар турли томонга ўқдек учаётган бу – Ҳар Нега Қодирнинг қарорини кутишмоқда. Қўлидан ҳар нарса келар, асаб толалари доимо таранг машина-одам бу. Башарти, унинг ҳузурида муҳтарам зотларки навбатда туришибдими, ҳали тажрибаси йўқ, тортинчоқ, янги одамча ҳақида нима дейиш мумкин?
Бу қиёмат-қойим “ҳукмдори” Кристинага шу қадар етиб бўлмас туюлдики, у тўс-тўполон тугашини кутиб, жимгина жойига қайтди. Бироқ жонига тегиб кетган жомадон қўлини узиб юборай демоқда. Кристина уни қўйиш учун бирон ўриндиқ ахтариб, атрофга аланглади. Айнан шу пайтда – балки ҳаяжонлангандан шундай туюлгандир – сал наридаги ўриндиқларда ўтирганлар унга кинояли назар ташлаб, ўзаро шивир-шивир қилганча кулиб қўйишдики, яна бир лаҳза ўтса зилдек жомадонни қўлидан тушириб юборган бўларди. Бармоқлари шунчалик зирқирарди. Бироқ шу қалтис дамда, сочи бўялган, ўзи сунъий яшартирилган, ниҳоятда пўрим кийинган хоним дадил қадам ташлаганча қошига келди ва ён томондан синчковлик билан қарагандан сўнг сўради:
– Сенмисан, Кристина?
Жияни “ҳа” деб жавоб беришдан кўра чуқур нафас чиқаргандек ҳаракат қилгандан сўнг хола унинг елкасидан енгил қучиб, упанинг илиққина ифорини таратганча, ёноғидан ўпди. Ўзини ноумид қилган ёлғизликдан сўнг ниҳоят яқинини топиб хурсанд бўлиб кетган Кристина холасининг бағрига отилди. Хола буни соғинч ифодаси дея ўйлаб, жуда таъсирланди ва қизнинг титраётган елкаларини силади:
– Оҳ, келганингдан қанчалар шод эканлигимни билсанг эди! Энтони иккимиз жуда хурсандмиз, – сўнг қизнинг қўлидан тутди. – Кетдик, ўзингни тартибга келтиришинг керак. Ахир, сизларнинг Австриянгиз йўллари жуда ноқулай! Бемалол тайёрланавер, фақат унча чўзилиб кетмасин-а. Тушликдан кейинги овқат учун аллақачон бонг чалинган. Энтони эса кутишни ёқтирмайди – унинг нозик томони шу. We have all prepared… Э, айтгандек, биз ҳамма нарсани тайёрлаб қўйганмиз. Эшикоғаси ҳозир хонанг калитини беради. Тезроқ кийин, хўпми? Ҳеч қанақа ҳашамдор либоснинг кераги йўқ, бу ерда тушлик пайти ҳамма хоҳлагандек кийинади.
Холасининг қўл имоси билан хизматчи йўл-йўлакай жомадон ва шамсияни олгач, калит учун югургилади. Товуш чиқармайдиган лифт эса Крис­тинани учинчи қаватга кўтарди. Хизматчи йўлакнинг ўртасида эшикни очиб, бошидаги думалоқ қалпоқни юлқиб олганча четга ўтиб турди: демак, бу – унинг хонаси.
Кристина кирди-ю, гўё эшикни адаштириб юборгандек остонадаёқ ўзини ортга ташлади. Зеро, теварагида нуқул қашшоқликни кўришга кўниккан кляйн-райфлинглик почта хизматчиси истаганида ҳам бу ҳаддан зиёд кенг, жуда ёруғ, ёрқин гулқоғоз ёпиштирилган, ланг очиқ айвонидан гўё ёруғлик шалоласи оқаётган хона ўзиники эканлигига ишона олмасди. Бунга тайёр эмасди. Бутун хона ёруғликка чулғанган, ҳар бир жиҳоз нур ичида эди. Силлиқланган мебеллар биллурдек қирралари билан зиё таратар, жез ва шишаларда офтоб нури жилваланарди. Гул солинган гиламни эса майсазор дейсиз. Хона эмас – ярақлаган жаннати тонг! Бу нур базмидан кўзи қамашиб, ақли шошган Кристина дупурлаган юраги тинчлангунча кутиб турди. Кейин мутаассир бўлганча эшикни тезгина қия ёпди.
Уни энг аввал мавҳ этган нарса ҳайрат эди. Наҳотки шундай бўлиши мумкин? Қанчалар дабдабали, кўркам! Кейин армонлари билан чамбарчас боғлиқ иккинчи фикр юзага қалқиди: буларнинг нархи қанча? Бунга қанча пул кетган? Ҳаддан зиёд қиммат бўлса керак! Бу ерда бир кун яшаш унинг бир ҳафталик маошидан ҳам қиммат турса керак… йўғ-э, бир ой денг! Кристина хижолат ичра аланглаб – бу ерда ўзини уйида юргандек ҳис этадиган одам бормикин! – қимматбаҳо гиламга аввал битта, сўнг бошқа оёғини қўйди. Кейин иззатини билиб, лекин шунда ҳам ўртаб бораётган қизиқувчанлик билан, ўзини ром этган бу жойни кўздан кечира бошлади. Дастлаб тўшакни сийпаб кўрди. Наҳотки шундай янги, муздек, оппоқ ўринда ухлаб бўлса? Момиқ кўрпа енгил, нафис, ипак гуллар тикилган – худди кафтингдаги укпар дейсан. Бармоғингни теккизсанг бас, хона бурчагини пушти ёғдуга тўлдириб, лампачироқ ёнаркан. Янгилик кетидан янгилик: юмшоқ кресло шунчалар чуқурки, илиқ “оғушидан” чиқишга аранг ўзингда куч топасан. Қимматбаҳо ёғочдан ясалган мебель яшилранг-баҳорий гулқоғоз билан нақадар муштарак! Стол устида турли рангда товланувчи тўрт дона чиннигул меҳмонни қарши олгани баланд, ингичка гулдонда яшнаб турибди. Гўё биллур карнай меҳмонни шарафлаб тантанали куй чалмоқда! Сеҳрли, ақл бовар қилмас ҳашамат! Буларнинг бари кўз ўнгида, барчасидан бир-икки ҳафта фойдаланади.
Кристина роҳат-фароғатли ҳаётни аввалдан ҳис этиб, худди севиб қолган тортинчоқ қизчадек у буюмдан бу буюмга ўтиб, ҳар бирини силаб кўра бошлади. Аммо бехосдан илонни босиб олгандек ўзини нари ташлаб, йиқилиб тушишига сал қолмагунча ҳар қадамида ҳайратга тушаверди…
Аслида, мана нима рўй берганди: ичида улкан кўзгу борлигини гумон ҳам қилмай деворга ўрнатилган жавон эшигини ланг очганида, гўё қутичадан отилиб чиққан қизил тилли ўйинчоқ шайтончадек бор бўйи билан кўзга ташланган ўз аксини кўрди. Кристина шу акс тимсолида мудҳиш ҳақиқатга рўбарў келди: ҳа, унинг акси бу ҳашаматли хона ичида бирдан-бир хунук, абгор нарса эди! Сап-сариқ, ғижимланган, тарвақайлаган пальто, саросимали чеҳра тепасида похол шляпа…
Бу манзара қизни адои тамом қилганди. “Жўна бундан, доғули! Тартибли хонадонни иснодга қолдирма! Қани, тезда келган жойингга жўна!” – қичқирарди гўё кўзгудаги акс. “Ростдан ҳам, – қийналганча ўйлади Кристина, – қандай қилиб бунақанги ҳашаматли хонада яшай оламан? Холамни шарманда қилмайманми? “Ҳеч қандай ҳашамдор кийимларингни кийма”, – деди у. Ўша кийимлар менда бордек гўё! Йўқ, тушмайман, шу ерда қоламан. Яхшиси, қайтиб кетаман. Қаерга яширинсам экан? Ғойиб бўлишга қандай улгураман? Ахир, холам бирдан суриштира бошлаб, жаҳли чиқади-ку”.
Кристина кўзгудан узоқлашиш мақсадида айвонга чиқди ва титраган қўллари билан панжарани чангаллаганча, пастга кўз ташлади. Кошки ўзини ташласа-ю, барчасига чек қўйса…
Бироқ худди шу он пастда яна бир марта бонг янгради. Эй худо! Крис­тина шошиб қолди, ахир пастда холаси кутмоқда-ку. У эса бунда тимирс­киланиб ўтирибди. Ҳатто ювинмаган, опаси арзон-гаровга олган жирканч пальтони ҳам ечмабди ҳалигача!
У бир парча матога ўралган кийимларини олиш учун жазавага тушганча жомадонини очди. Баданни қашловчи ёғоч чўтка каби қаттиқ совун, арзонга сотиб олингани шундоқ кўриниб турган бошқа буюмларни топ-тоза биллур токчага тахлаётганда ўз ғариблигини кимнингдир нописанд нигоҳи олдида яна бир бор намойиш қилаётгандек туюлди. Буларни кўрган қават ходимаси нима деркин? Ҳамкасабларига гадо қиз ҳақида киноя билан сўйлаб берар. Улар эса бошқаларга айтади… Бутун меҳмонхона у ҳақда билиб олади ва ҳар куни ғийбатчиларнинг ёнидан ўтишга, нигоҳини ерга тикиб, ортидан шивирлаётганларини эшитишга тўғри келади. Йўқ, холаси ҳеч қандай ёрдам беролмайди, буни беркитишнинг имкони йўқ. Бу энди ҳаммага тарқалади. Ҳар қадамда қандайдир бир камчилиги очилиб қолади. Кўйлак ва бошмоқлари ғариблигини баттар намойиш қилади. Аммо шошилиш лозим, холаси кутиб қолди, поччаси эса, унинг сўзларига қараганда, кутишни ёмон кўраркан. Эй худо, нима қилса экан? Нима кийсин?
Дастлаб хаёлига опаси қарзга берган, сунъий шойидан тикилган яшил блузка келди. Бироқ кечагина Кляйн-Райфлингдаги жавонини безаган бу кийим бугун ниҳоятда хунук кўринди. Яхшиси, оддийгина оқини ки­йиш керак, кўзга кам ташланади. Гулдондаги чиннигулларни олиш керак – агар кўйлакка яқин тутиб турса, ёрқин ранглари нигоҳларни чалғитади.
У гўё ҳамма ўзига қараётгандек кўзларини юмганча аранг нафас олиб, бошқаларни ортда қолдириб, зинадан югуриб тушди. Ранги бўзарган, оғриқ кирган боши чир айланар, шу онда тушида эмас, ҳушида жарга қулаётгандек ҳис қилди ўзини. Пастга тушиб, холаси қаерда турганини кўрди.
“Қизиқ, унга нима бўлди? – жияни томон юрди хола ҳам. – Гоҳ одамлардек қадам ташлайди, гоҳида… худди ирғишлаётгандек! Атрофдагилардан ўзини олиб қочаётир. Уялаяптимикин? Сал асабийроқми дейман. Ҳа, у ҳақида ҳамма нарсани аввалроқ билиб олиш керак эди! Вой, худо, жиннига ўхшаб кириш йўлагида туриб қолди. Ё кўзи яхши кўрмайди, ёки ундан ҳам баттар!”
– Ҳа, нима бўлди, болагинам? Рангинг жуда ўчиб кетибди. Тобинг йўқми?
– Йўқ, йўқ, – бидирлади Кристина ҳамон ўзини йўқотган кўйи. Эҳ-ҳе, холлда одам бунча кўп, анови қора либосли хоним эса унга лорнетдан тикилиб қараётгандек! Эҳтимол, кулгини қистовчи хунук бошмоқларини томоша қилаётгандир?
– Юр, юрақол, болагинам, – деди хола ва чўчиётган жиянига катта ёрдам бераётганини хаёлига ҳам келтирмай, қўлтиғидан олди. Ҳа, энди Кристина жилла қурса ярим қадамга ҳимояловчи соя паноҳида бўлади. Хола ҳеч бўлмаса бир ёнбоши, либоси, савлати билан уни паналаб туради.
Кристина холасининг ҳимояси остида ресторан залини бир қадар хотиржам кесиб ўтиб, боқибеғам, хўппасемиз Энтони поччаси кутаётган стол ёнига борди. Поччасининг шалвираб қолган юзида меҳрли табассум балқиб, голландларга хос қизғиш қовоқли кўзлари билан дўстона нигоҳ ташлаганча, меҳнатдан қаварган сўлоқмондек қўлини узатди. Унинг хурсандчилиги, аслида, безалган дастурхон устида энди ортиқ кутиб ўтирмаслиги боис пайдо бўлганди. Зотан, у ҳам барча голландлардек хотиржам, тўйиб овқатланишни хуш кўрарди. Бу борада у бесабр бўлиб, асабга тегиб бидир-бидир қилиб, ҳар балони сўрайвериши билан овқатланишга халақит берувчи аллақандай бекорчи, оқсуяк ойимчани кўрсам керак, дея кечадан буён ич-этини емоқда эди. Унинг ўрнида, уятдан ранги оқарган жозибадор қизни кўргач, хотиржам тортиб, у билан осонгина келишиб кетиш мумкин, деган хулосага келди.
– Аввал овқатланиб ол, сўнг гаплашармиз, – дўстона, эркаловчи оҳангда далда берди у қизга.
Нигоҳини ердан узишга журъат қилмаётган нозикниҳол, тортинчоқ бу қиз Энтонига маъқул келганди. Уммон ортидаги унга сира ёқмайдиган шаддод қизларга ҳеч ўхшамайди. Улар эртадан кечгача граммофон қўйиб, шунақанги қилпанглайдики, бунақа бемазагарчиликни унинг кўҳна Голландиясида ҳеч бир аёл ўзига эп кўрмаган бўларди.
Поччаси инқиллаганча стол устига энгашиб, ўз қўли билан қизга шароб қуйди ва тушлик келтириши ҳақида официантга имо қилди.
Официантнинг қиёфаси ҳам эгнидаги оҳорли, қаттиқ қадама енгли кўйлаги каби чўзинчоқ эди. Э худо, нелар билан дастурхонни безамоқда у! Қандайдир ғалати, ақлни шоширадиган газаклар: музда совутилган зайтун, ола-була салат, кумушранг балиқ, бир уюм артишок, алламбало кремлар, ғоз буйрагидан тайёрланган юмшоққина паштет ва пушти ранг балиқ бўлакчалари! Бари шунақанги нафис, мазали, оғизда эриб кетадиган егуликлар. Лекин… кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бу тансиқ таомларни манави анжомларнинг қай бири билан ейиш керак? Кичкина ёки думалоқ қошиқ биланми, ингичка ёки йўғонроқ пичоқ биланми? Бунақа ҳашаматли ресторанга ҳаётингда илк бор тушиб қолганингни манави хизмат ҳақи тўланган кузатувчи ва ейиш-ичишда суяги йўқ, пихини ёрган қўшнилар олдида мулзам бўлмаслик учун нималар билан кесиш ва олиш керак? Қовун туширмаслик учун нима қилмоқ керак?
Кристина вақтдан ютиш мақсадида қўлсочиқ тахини секин очиб, тақлид қилиш мақсадида кўз қири билан холасининг қўлларини кузатди. Айни пайтда поччасининг дўстона саволларини эшитиш, қулоғини динг қилишига ҳам тўғри келар, зеро, унинг олмонча-голландча сўзлари орасида инглизча жумла-ю, иборалар ҳам бор эди. Кристина “икки фронтда жанг қилиш” учун бор кучини жамлаши, ортидан келаётган пичирлашларга аҳамият бермай, ўзининг норасолиги ҳақидаги туйғуни ҳам енгиб ўтиши керак эди. У хола ва поччаси, официант ҳамда залда ўтирган ҳар қандай одам қаршисида тажрибасиз ва ғариблигини ошкор қилиб қўйишдан чўчир, айни пайтда ўзини бепарво, ҳатто қувноқ кўрсатишга тиришарди. Кристинанинг аҳволи шунчалик танг эдики, тушликка ажратилган ярим соат мангуликдек туюлди. Ширинлик тортилгунча бир илож қилиб чидаганида, ниҳоят холаси, қизнинг бошидан не кечаётганини билмай туриб, унинг хижолат бўлаётганини пайқади:
– Жуда ҳориган кўринасан, болагинам. Ҳа-да, тун бўйи Европанинг расвои радда вагонларида юрганингдан сўнг нима бўларди. Ҳечқиси йўқ, тортинма. Бирон соат ётиб ухлайсан, сўнг яна олға босамиз. Шошиладиган жойимиз йўқ. Энтони ҳам тушдан сўнг ҳар гал дам олади. – У ўрнидан туриб, жиянининг қўлтиғидан олди. – Юрақол, кузатиб қўяман. Ётиб ухлагандан сўнг отдек бўласан ва ўшанда мириқиб сайр этамиз.
Кристина холасидан миннатдор бўлиб, енгил нафас олди. Қулфлоғлиқ эшик ортига яшириниш, бу – нақ бир соатни ютиш дегани-ку!

* * *
– Хўш, у сенга ёқдими? – хонага кирар-кирмас сўради Клер йўл-йўлакай камзули ва жилеткасини ечаётган Энтонидан.
– Жуда ёқимтой экан, – эснади басавлат эр, – веналикларга хос хушбичим чеҳра… Қани, ёстиқни узат-чи… Ростдан ҳам камтарин ва ёқимтой қиз. Фақат – I think so at least – ўйлашимча, эгни-боши жуда ночор… билмадим, яна нима деб атаса бўлади… бизда, мисол учун, бунақа кийимлар аллақачон йўқ бўлиб кетган… агарда уни Кинсли ва бошқаларга жияним дея таништирмоқчи бўлсанг, башангроқ кийинтирганинг тузук… Унга кийимларингдан бериб тура олмайсанми?
– Кўраяпсанки, калит аллақачон қўлимда, – табассум қилди ван Боолен хоним. – Келганлар орасида кўриб қолганимда ўзим ҳам қўрқдим, ҳали, ҳовлида… ҳа, жуда нохуш аҳволда эди. Сен ҳали пальтосини кўрмадинг – тухум сариғидек, ғаройиб кийим, ҳинд ажойиботлари дўкони учун махсус тикилган… Эгнидагилари қанчалик тўпори эканини шўрлик билганида эди. Эй худо, қайдан ҳам билсин, ўша лаънати уруш туфайли уларнинг барчаси Австрияда бутунлай down. Нималар деганини ўзинг эшитдинг – бирон марта Венадан ташқарига уч мил нари чиқмаган, одамлар орасида бирон марта бўлмаган экан… Poor thing, бу ерда ўзини ноқулай сезаётгани дарҳол кўзга ташланди. Юрак ҳовучлаб юрибди. Бўпти, уни керагича ясантираман, анча-мунча нарса олиб келганман, агар бирон нима етмаса, инглизлар дўконидан харид қиларман. Ҳеч ким ҳеч нарсани сезмайди. Ростдан ҳам, нега энди шўрлик бир марта бўлса-да, бир ҳафтами, ундан кўпми, маза қилмаслиги керак?
Чарчаб-ҳориган эри ҳайҳотдек диванда ётганча мудрар экан, аёл кариатидадек нақ шифтга етганча йўлакда турган иккита улкан кофр ичини титкилади. Парижда икки ҳафта яшаганида, ван Боолен хоним нафақат музейлар, балки аёлларга кўйлак тикувчи чеварларга ҳам тан берганди. Крепдешин, шойи, батистлар шитирлаб, ўнлаб блузка ва кўйлакларни бирин-кетин қўлига олганча сийпаб кўрди. Ёруққа солиб, вазнини чамалади, санаб, яна жойига қўйди. Кристинага ниманидир садақа этишга қарор қилишдан аввал хоним синчковлик ва ҳузур билан қора, нафис ва қалин матолар, кўйлаклар узра бармоқ юргизди. Ниҳоят, кресло устида ҳарир кўйлак, пайпоқ ва ички кийимлардан иборат камалак рангидаги уюм бўй чўзиб, у пахтадек енгил мазкур юкни бир қўллаб кўтарганча Кристинанинг хонаси томон юрди.
Эшикни секин очиб ичкарига кираркан, дастлаб ҳеч ким йўқдек туюлди унга. Дераза ланг очиқ, кресло бўм-бўш, ёзув столи ёнида ҳам кимса йўқ. Холаси келтирганларини стул устига қўяётган эди, Кристинанинг кушеткада ухлаб ётганини кўриб қолди.
Ҳа, поччаси очиқ кўнгиллик билан кулганича бокалини ҳадеб тўл­дираверган, Кристина эса одатланмагани ва шошганидан ичаверганди. Мана, оқибат, боши ғалати оғирлашди. Аввал ҳамма-ҳаммаси ҳақида ўйлаб олиш мақсадида шунчаки кушетка четига ўтирмоқчи эди, аммо уйқу танасини эркалабгина ёстиқ томон эггач, кўзи илинганини билмай қолди.
Ухлаётган одамнинг кўриниши, ҳимоясизлиги – мудом таъсирли, ажо­йиб томоша. Оёқ учида унинг қошига келган холасининг кўнгли бузилиб кетди: Кристина уйқусида ҳам худди бир нимадан ҳимояланаётгандек қўлларини кўксига қовуштириб олган, қоши ҳам ёмон туш кўраётгандек чимирилган эди. Бу ҳолат ва гўдакларча ярим очиқ оғиз истасанг-истамасанг раҳмингни келтиради.
Хола унинг ҳатто уйқуда ҳам ҳуркаклигини пайқаб қолди. Лаби бунчалар қонсиз, ёш бўлсаям юзининг ранги носоғлом. Уйқуси гўдакларникидек… Балки еб-ичишнинг ёмонлигидандир бу. Етилиб улгурмай пул топишига тўғри келиб, кўп машаққат чеккан, тинкаси қуриган. Ҳолбуки, ҳали йигирма саккизга ҳам кирмабди. Poor chap! Фош бўлганини сезмай ухлаётган жиянига қараб тураркан, меҳрибон аёлнинг қалбида тўсатдан ориятга ўхшаш бир нима уйғонди. Ростдан ҳам, бунчалар ҳорғин, бахтиқаро, қийналиблар кетган, биз эса… Йўқ, шармандалик бу, аллақачон кўмак беришимиз керак эди! Биз у ёқда турли хайр-эҳсонлар қилиш билан машғулмиз, юзлаб charity teas ташкил этамиз, кимгалигини ҳам билмай туриб, янги йил совғалари тарқатамиз. Бу ерда эса туғишган опамнинг, қон-қардошимнинг фарзанди абгор аҳволда. Бир неча юз доллар мўъжиза пайдо қилиши мумкин бўлган ҳолда, уни шунча йил ҳатто эсламаганмиз! Албатта, ўзлари ёзиб, эсга солишлари мумкин эди. Лекин ўша аҳмоқона ғурур қон-қонларига сингиб кетган, илтимос қилишни ор биладилар! Худога шукр, ҳеч бўлмаганда энди бу рангпар, ночор, тортинчоқ қизга ёрдам бериш, озгина шодлик ҳадя қилиш мумкин.
Хола негалигини ўзи билмаган ҳолда, ухлаб ётган қизнинг чеҳрасига меҳр билан термилди. Балки унда болалик кўзгусида балқиган ўз аксини кўргандир, ёки болалигидаги каравоти тепасига илинган тилларанг ромдаги ойисининг фотосуратини эслагандир? Балки ўшанда, Нью-Йорк пансионида ўзи ҳис этган ёлғизлик туйғуси қайтадан тирилгандир? Нима бўлганда ҳам, ёши ўтиб бораётган бу аёл қалби меҳрга тўлаётганини ҳис этди ва жиянининг сарғиштоб кокилини эркалаб силади.
Кристина шу заҳоти уйғониб кетди. Бемор онани парваришлаш салгина турткидан ҳам уйғониб кетишга ўргатганди.
– Шунчалик кеч бўлдими? – гуноҳкорона қиёфада бидирлади у.
Ишга кечикишнинг барча хизматчиларга хос доимий ҳадиги кўп йиллардан бери уйқусида ҳам уни таъқиб қилар ва қиз қўнғироқли соатнинг илк жарангиданоқ уйғонарди. Соатга шу заҳоти кўз ташлар ва доимо “Кечикмайманми?” – деган савол кўнглидан кечарди. Уйғонгандан сўнг эса хизматда бирон айб иш қилиб қўйишдан чўчирди.
– Болагинам, бунчалик қўрқишнинг ҳечам кераги йўқ, – уни хотиржам қилиш учун майин оҳангда сўзлади холаси. – Бу ерда вақт шунчалар кўпки, қаерга қўйишингни билмайсан. Ҳаяжонланма, дам ол, чарчаган бўлсанг, худо ҳаққи, халақит бермоқчи эмасман. Фақат, мана, уч-тўртта кўйлак келтирдим. Кўр, агар биронтаси ёқса, киярсан. Париждан бир тўдасини олиб келганман, ҳатто жомадоним ёпилмайди… менинг ўрнимга бир-икки жуфтини сен киярсан, деб ўйладим.
Кристина юзи ва бўйни қизариб кетаётганини сезиб турарди. Демак, нима бўлгандаям, бир кўришдаёқ тушунишибди, камбағаллиги билан буларни ҳам уятга қолдирибди… балки ҳар иккиси – ҳам холаси, ҳам поччаси уни деб номус қилишаётгандир. Мана, холаси қанчалик одоб билан ёрдам кўрсатмоқчи, ранжимасин деб садақасини хаспўшлаяпти.
– Уларни қандай кияй? – дудуқланганча деди Кристина. – Ахир мен учун улар жуда қиммат…
– Бўлмаган гап! Балки улар мендан ҳам кўра сенга кўпроқ ярашар. Энтони шусиз ҳам ёшлардек кийинганим учун вайсагани-вайсаган. Гандамдаги ўгай бувиларидек кўринишимни истайди у. Асл протестант аёлларникидек этагидан ёқасига довур тугмаланган қалин қора шойи кўйлак, бошимда оҳорланган оқ чепчик… Бу лаш-лушлар сен кийганингда унга кўпроқ ёқса, ажабмас. Қани, ўлчаб кўр-чи, бугунги оқшомга қай бирини киясан?
Холаси биргина қўл ҳаракати билан – ҳув ўшандаги манекенчи қизнинг унут бўлаёзган ҳадиси кутилмаганда қайта уйғонган бўлса не ажаб! – Энг енгил кўйлакни танлади ва ўзига ўлчаб кўрди. Фил суяги рангидаги ялтироқ японча ҳошияли бу либос тундек қора бошқа бир шойи кўйлак қошида оловдек баҳорий ёғду таратарди. Учинчиси – ботқоқ рангида, чеккаларида кумушранг ҳошиялари бор. Ҳар учови ҳам Кристинага шунчалик чиройли кўриндики, уларни исташ, уларга эгалик қилишга ҳатто хаёлан журъати етмади. Бундай серҳашам ва нафис кўйлакларни кийиш ваҳимали. Тажрибасизлигинг боис ногаҳон йиртиб юбормай деб, доим юрак ҳовучлаб юрасан. Бу гул ва нурдан тикилган булутни кийиб қандай юриш, қандай қимирлаш мумкин? Ахир бунақа либослар кийишни аввал ўрганишинг керак!
Барибир, биронта аёл бу хазина олдида ўзини тутиб тура олмасди. Унинг бурун катаклари асабий уча бошлади. Қўли ғалати тарзда титрашга тушиб, матони меҳр билан силагиси келди. Кристина ўзини тутиб туришга аранг куч топмоқда эди. Нигоҳлардаги бу истак, ҳашамга дуч келган барча аёлларни мавҳ этиб, уларда эҳтирос уйғотувчи ҳаяжон кўп йиллик тажриба соҳибаси бўлмиш холасига яхшигина таниш эди. Малласоч тортинчоқ қизнинг кўзларида чақнаган учқунни кўриб, у беихтиёр табассум қилди. Бу нигоҳлар бир зум тинмай, иккиланганча, у кўйлакдан бу кўйлакка кўчар, тажрибаси йўқ қайси кўйлакни танлашини тажрибаси бор билар ва танлаб бўлгандан сўнг, минг битта надомат ичида, бошқасига кўз тикишидан хабардор эди.
Хола кўнгли тубидаги энг тоза ниятлардан ҳузурланганча оловга мой сепди:
– Шошиб нима қилардик, учовини ҳам қолдираман. Бугун дидингга қараб биронтасини танлайсан, эртага эса – бошқаларини. Пайпоқ ва ички кийимларни ҳам келтирганман… ёноғингдаги заҳилликка сал-пал ранг бериш учун энди қандайдир янги нарса керак бўлади. Агар эътироз билдирмасанг, ҳозироқ storesга бориб, сенга нимаики керак бўлса, барчасини харид қиламиз.
– Бироқ, холажон, – пойма-пой бидирлади бутунлай ўзини йўқотган Крис­тина, – менга ноқулай… мени деб бунча харажат қилишингиз ях­ши эмас. Бу хона ҳам жуда қиммат, рости, менга одмигина хона ҳам бўлаверарди.
Холаси ундан кўз узмай кулди, холос.
– Кейин эса, болажон, – деди у амирона оҳангда, – сартарошимизга борамиз ва у сочингни бироз тартибга келтириб қўяди. Сеникидек патила-патила соч бизда фақат ҳиндуларда бор. Гарданингдаги ёлинг у ёқдан бу ёққа силкинмай қўйса, бошинг енгилгина бўлиб қолганини ўзинг кўрасан. Йўқ, йўқ, баҳслашма, буни сендан яхшироқ биламан. Менга суянавер ва ҳаяжонланма. Вақтимиз бемалол. Энтони ҳозир тушликдан кейинги покер билан банд. Оқшомда сени унга онадан янги туғилгандек тақдим қиламиз. Бўл, болажоним, кетдик.
Спорт буюмлари дўкони токчаларидаги қутилар бирин-кетин пештахта устига равона бўла бошлади. Улар ичида шашка сурати туширилган свитер, белни хипча кўрсатувчи, юмшоқ чарм камар, янги ошланган тери ифорини таратувчи бир жуфт жигарранг ботинка, қалпоқча, оёқни сиқиб турувчи ола-була гольфи ва шу каби ҳар турли майда-чуйдалар бор эди. Кристина янги буюмларни кийиниш кабинасида ўзига ўлчаб кўриш олдидан хунук кофтасини танидан сидириб, бечораҳоллигининг бу “ашёвий далилини” қоғоз қутига секингина яшириб қўйди ва бадига урган кийимлар ўша қутига жойлангани сайин, гўё улар билан бирга қўрқуви ҳам бир умрга ғойиб бўлаётгандек, вужудини ажойиб бир енгиллик чулғай бошлади.
Яна бир дўкондан харид қилинган оқшомги туфли, енгил шойи рўмол ва шу каби кўзга яқин бошқа буюмлар ҳам қизнинг бисотига қўшилди. Кристина илгари ўзи сира кўрмаган харид усули, яъни, нархни сўрамай, “жуда қиммат” қаршисида титраб-қақшамай сотиб олиш жараёнини худди мўъжизага қарагандек ҳайрат билан кузатарди. Оладиган нарсангни танлайсан, қўрқмай, ташвишланмай “ҳа” дейсан ва қарабсанки, халталар боғланиб, кўзга кўринмас ҳаммоллар ҳаммасини уйингга элтиб беради. Ҳар қандай истак айтишга улгурмасингдан ижро этилади – бари бироз хавотирли, айни пайтда, жуда осон ва мафтункор.
Кристина тихирликни йиғиштириб, ўзини бус-бутунича холаси ҳук­мига ҳавола қилди. Фақат холаси сумкадан пул чиқараётгандагина хижолатпазлик билан четга ўгирилар, нархни билмай деб, эшитмасликка уринарди. Ахир, унинг учун сарфланаётган пул шу даражада кўп, ақл бовар қилмайдиган даражада кўп! Ярим соат ичида бу ерда шунча пул кетдики, ўзи бунчасини йиллар мобайнида ҳам сарфланмаганди.
Дўкондан чиққанларида миннатдорлик туйғуси жўшган Кристина ўзини тута олмай, титраганча холасининг пинжига кирди ва қўлларини ўпди.
– Хўп, энди сочинг билан шуғулланамиз! – деди холаси унинг хижолат чекаётганини жилмайиб кузатаркан. – Сени сартарошнинг олдига элтаман. Ўзим эса дўстларимни кўргани бориб, ташриф қоғозимни қолдираман. Бир соатдан сўнг қўғирчоқнинг ўзи бўласан-қўясан. У аёл неларга қодир эканини билсанг эди! Ҳозир ҳам кўринишинг бутунлай бошқача. Кейин сайрга чиқиб, оқшом эса ўйин-кулгига бериламиз.
Ҳаяжондан Кристинанинг юраги гупурларди. У қулоқ қоқмай (ахир холаси фақат яхшиликни соғинаяпти-ку!) кафел ва кўзгулар ярақлаётган хонага кирди. Бу ердаги илиқ ширинтоб ҳавода гулдан тайёрланган совун ва чанглатилган хонаки гулларнинг ифори кезар, аллақандай электр ускунаси худди дарада эсаётган шабададек шундоқ ёнгинасида ғувулларди. Сартарош – чаққонгина, манқа бурунли француз аёли холасининг кўр­сатмаларини тингларди. Уларнинг гапидан Кристина ҳеч балони анг­лай олмади, очиғи, тушунишни ҳам истамасди. Қизгинани негадир ҳар қандай ҳолатга шуурсиз бўйсуниш истаги қамраб олганди: э, билганларини қилишмайдими!
Холаси кетди, у эса қулайгина жарроҳлик креслоси суянчиғига ўзини ташлаб, кўзларини юмганча, роҳат “уммонига” ғарқ бўлди. Машинка “шиқ” этган товуш бергандан сўнг Кристина унинг муздек пўлатини гарданида ҳис этиб, эпчилгина сартарош аёлнинг тушунарсиз чулдирашини тинглай бошлади. Енгил сархушлик берувчи ҳид димоғига урилиб, бўйни ва сочини бегона, бироқ машқини олган қўллар ва хонаки гуллар ифорига жон-жон деб топширди.
“Фақат кўзимни очмасам бўлгани, – ўйларди у, – акс ҳолда, ҳаммаси сароб бўлиб чиқиши мумкин. Ҳеч нимани сўрамайман ҳам. Фақат бу байрамона туйғудан роҳатланиб, бир марта бўлса ҳам ҳордиқ чиқарсанг, ўзгаларнинг хизматини қилмай, ўзингга хизмат кўрсатишларига қўйиб берсанг, бас. Лаззатни кутиб ва уни сипқориб, бир мартагина бўлса ҳам қўлларингни қовуштириб ўтирсанг. Ташвишингни ейишаётганда, хушомад қилишаётганда роҳатбахш сархушликдан, ўша – йиллаб… йўқ, ўн йиллаб кўнглингдан кечмаган ғалати туйғудан баҳраманд бўлсанг, шу етади”.
Кристина илиққина хушбўй туман аро кўзларини юмиб, сўнгги марта қачон бунақа ҳолатга тушганини эслай кетди: ана, болалиги, у тўшакда ётибди, тоби йўқ, бир неча кун ҳарорати пасаймади, энди яхши, онаси оппоқ бодом сутини келтирди. Отаси ва акаси каравот бошида ўтиришибди, ҳаммалари унга меҳрибон, оқкўнгил. Дераза ёнидаги канарейка чуғурлаб, гўё қандайдир шўх куйни чалмоқда. Юмшоқ тўшак иссиққина, мактабга бориш шарт эмас. Кўрпа устига ўйинчоқларини ташлаб қўйишибди, бироқ ўйнагани эринасан. Яхшиси, кўзингни юмиб, маза қилиб ёт ва ҳеч нима қилма. Бекорчилик ва яқинларингнинг ғамхўрлигидан истаганча роҳатлансанг бўлгани…
Болалигида бошидан кечирилган бу ҳузурбахш сархушликни йигирма йил эсга олмаганди. Мана, ногаҳонда чаккаларига машинканинг илиқ, нам шамоли текканда уни яна ҳис этди.
Чаққонгина сартарош вақти-вақти билан: “Қисқароқ бўлишини истайсизми?” – қабилида савол бериб қўяр, у эса фақатгина: “Ўзингиз биласиз” – дер ва рўпарасидаги кўзгуга атайин нигоҳ ташламасди. Йўқ, ҳозир нима бўлишига билмайсан, бирон нимани исташинг шарт ҳам эмас. Сен учун бошқалар уринаётган экан, умрингда жилла қурса бир марта кимгадир буйруқ беришинг, ниманидир талаб қилишинг қанчалик жозибадор туюлмасин, бу роҳатбахш ҳолатни бузиб қўймаслик керак!
Серқирра шишадаги ифор сочидан қуйилар, устара ёқимли тегиб, терисини сал қитиқлар, боши анча енгиллашиб, гарданида аллақандай ноодатий салқинлик ҳис этаётганди. Ростини айтганда, кўзгуга қарагиси келиб, сабри тугаб борар, бироқ ўзини босарди. Ахир юмилган кўз ёрдамида бу оромбахш яримуйқу ҳолатни яна чўзиш мумкин-да.
Бу орада худди серҳиммат сеҳргардек иккинчи уста ҳам ёнига келди ва биринчиси ҳозирча соч билан овора экан, маникюрни бошлаб юборди. Крис­тина энди ҳайрон бўлмай қўйганди ва “Vous etes un peu pale, mademoiselle” сўзларидан сўнг қўли енгил сартарош турфа бўёқ ва қаламлар билан лабини бўяб, қошини эгма қилаётганда, ёноқларини қизартиришига ҳам жон деб қўйиб берди, қаршилик қилмади. Барчасини сезиб ётганига қарамай, сархушликда, буларнинг бари ўзи билан рўй бермоқдами, ёки, бутунлай бошқа, мутлақо янги “мен” биланми, ҳушидами ёки тушидами, идрок эта олмасди. Бу сеҳру афсуннинг кутилмаганда кунпаякун бўлиши эҳтимолидан безовталик ва енгилгина ваҳм туймоқда эди.
Ниҳоят, холаси қайтиб келди.
– Зўр! – деди у кўпни кўрган нигоҳи асло адашмай.
Илтимосига кўра уч-тўртта банка, қалам ва идишчаларни ўраб беришганидан сўнг жиянига бироз айланиб келишни таклиф қилди. Ўрнидан кўтарилган Кристина кўзгуга қарашга ботинмай, фақат гарданидаги ўша ноодатий енгилликни ҳис этарди, холос. Мана, энди кўчада бораётиб, ўзининг силлиқ юбкаси, ола-була ўйноқи гольфиси, ярқираган аломат туфлисига кўз қирини ташларкан, қанчалик ишонч билан қадам босаётганини ҳис этди. Холаси томон меҳр билан энгашиб, унинг изоҳларини тинглар, атрофидаги барча нарсалардан ажабланарди. Тоғ чўққилари кўриниб турган кўкаламзор манзара кишини ҳайратга солар, меҳмонхоналар – ҳашаматнинг қияликлар бўйлаб керилганча бўй чўзган бу улуғвор қоялари, кишини жалб этувчи витринали дўконлар – мўйна, қимматбаҳо тақинчоқ, соат ва қадимий буюмлар териб қўйилган – буларнинг бари ғалати ва бегона туюларди. Нафис эгар-жабдуқли отлар, итлар, ёрқин либосларида Алп гулларига ўхшаш одамлар эса бундан ҳам ҳайратланарли эди.
Кристинанинг етти ухлаб тушига кирмаган беташвиш ҳаётнинг серқуёш муҳити – меҳнатсиз, муҳтожликсиз олам. Холаси унга чўққилар, меҳмонхоналар, йўлларида учраётган киборлар номини бир-бир атаб борар, Кристина эса одоб билан қулоқ соларкан, уларга ҳурмат билан нигоҳ ташларди. Бу ерда эканлиги ҳар қадамда мўъжизадек туюлаверар, бунда сайр эта олишидан, бу ўзига мумкин эканлигидан ҳайратланар, шубҳаси яна ва яна ошиб бораверарди. Наҳотки шулар ўнгида рўй бераётган бўлса?
Ниҳоят, холаси соатига кўз ташлади.
– Қайтар пайтимиз бўлибди. Кийинишга улгуришимиз керак. Кечги овқатгача бор-йўғи бир соат қолди. Энтонининг жаҳлини чиқарадиган бирдан-бир нарса – кеч қолиш!
Кристина меҳмонхонага қайтиб, хонаси эшигини очганда, бу ердаги бор нарса оқшомги майин ёғдуга чулғанган, жиҳозлар ноаниқ ва хира кўринарди. Ланг очиқ айвон ортидаги осмонгина ҳали ҳамон ёрқин, қуюқ, кўзни қамаштирувчи мовийликни сақлаб турар, хонадаги буюмларнинг чеккалари эса хира тортиб, барқут сояларга қориша бошлаганди. Кристина ҳад-ҳудудсиз манзарадан баҳра олгани айвонга чиқди ва тез алмашинувчи ранглар рақсини томоша қилди. Дастлаб оқ булутлар туси ўча бошлади; улар гўё ҳеч нима билан ишлари йўқдек кўринса-да, офтобнинг шиддат билан ботиши ҳаяжонга солгандек, борган сари қизармоқда эдилар. Сўнг, бехосдан, кундузи дарахтлар ортида якка-якка беркинган соялар тик қиялик панасидан чиқиб, гўё мана энди бунга ҳадлари сиққандек тўда-тўда бўлиб, жарликлар ичидан юқорига қора парда сингари кўтарилди. Юракни ҳайрат ва ваҳима босди: бу соялар чексиз борлиқни забун этиб, зулматга чулғаганча, чўққиларнинг ўзини ҳам мавҳ этмасмикин?
Водийлардан аллақачон изғирин шамол эса бошлаган ва борган сари кучаймоқда эди. Бироқ кутилмаганда, чўққилар бошқа – янги, янада совуқроқ, ғира-шира нур билан ёруғлаша борди ва қарабсанки, кўкда оймомо пайдо бўлди. У бир жуфт энг юксак чўққи орасидаги бўшлиқда юмалоқ фонусдек осилиб қолди ва ўзида кўп рангларни жамлаган манзарали шакл­га – миттигина, хира милтиллаётган юлдузли оқ-қора суратга айланди.
Кристина ўзини буткул унутганча, манзаралари тинмай ўзгараётган улкан саҳнадан кўз олмасди. Қулоғи фақатгина най ва ғижжакнинг ёқимли оҳангига кўниккан одам илк бор бутун бошли оркестр куйининг шиддаткор жарангини эшитганида ўзини кар бўлиб қолгандек ҳис этади. Табиат кутилмаганда намойиш этган бу буюк, гўзал томошани кўрганда Кристинанинг ҳам туйғулари ларзага келиб, қўллари панжарани чангаллаган кўйи, кўз узмай қарайверди, қарайверди. У умрида бирон манзарага ҳеч қачон бундайин тикилиб қарамаган эди. Ҳеч вақт кўрган нарсаларига ўзини бу даражада бутунлигича бахш этмаганди, бошидан кечираётганларига шу асно бутунлай ғарқ бўлмаганди. Унинг бор ҳаётбахш қуввати гўё икки нафар кўз гавҳаридан иборат битта марказда жамлангандек, ўзини ҳам, вақтни ҳам унутиб, табиат сари интиларди.
Бироқ хайриятки, ҳаммаси аввалдан белгилаб қўйиладиган бу уйда бонг чалиб, ҳашамдан лаззатланиш мажбуриятини олишганини меҳ­монларга кунига уч бор эслатиб турувчи “вақт қўриқчиси” ҳам мавжуд. Гўё тўлқиндек таралган илк бонгни эшитганда Кристина сесканиб тушди. Ахир, холаси кечки овқатга кечикмасликни, кийимларини тезда алмаштиришни қаттиқ тайинламаганмиди!
Янги кўйлакларнинг қай бирини кийса экан? Уларнинг ҳаммаси жуда ажойиб, шундоқ ёнингдаги каравотда ётибди ва худди ниначи қанотидек нафис рангда товланмоқда. Қораси сояда жудаям жозибали жилваланади, бироқ Кристина фил суяги рангидагиси мени камтарроқ кўрсатади деган қарорга келди. У авайлаб қўлига олган кўйлакка қараб завқланди. Дастрўмол ёки қўлқопчалик вазни бор. Свитерини тезда танасидан сидириб, оғир бошмоқлари, қалин пайпоқларини ҳам ечиб отди – барча оғир кийимлар даф бўлсин!
У авваллари сира туймаган енгилликни ҳис этишга ошиқарди: буларнинг бари қанчалар нафис, қанчалар майин ва енгил! Ҳатто янги, қимматбаҳо ичкийимга қўлинг тегиб кетсаям ғаройиб ҳислар уйғонади. Кристина бармоқлари титраганча эски, дағал сурп ичкўйлакни тезда ечди ва юмшоқ матоси баданини эркаловчи янгигина кийим гўё илиқ кўпикдек жисми узра қуйилди. У чироқни ёқиб, ўзини томоша қилиш учун қўлини беихтиёр узатаркан, энг сўнгги дамда аҳдидан қайтди: бир-икки дақиқа кутиб, лаззат онларини узайтиргани маъқул. Ким билади, балки ғаройиб енгил мато фақат қоронғиликдагина пардек енгил туюлаётгандир, ёруғда гўзаллиги йўқ бўлиб кетар?
Ичкийим ва пайпоқлардан сўнг кўйлакка навбат келди. Эҳтиёт бўлиб – ахир уларнинг бари холасига тегишли-ку – Кристина муздек, ялтироқ, қаддини чулғаганча, елкаси бўйлаб ўзи оқиб тушаётган шойи шаршарага танини тутиб берди. Бу либос эгнингдалигини сира ҳис этмайсан: баданинг бўйлаб ёқимлигина сирғалиб ўтаётган шабададек, гўё ҳавонинг лаб­ларидек сезилар-сезилмас.
Бироқ имиллаш, элдан аввал завқланишни бас қилиш керак! Тезроқ кийин, шундан сўнг ўзингга мафтун бўлсанг ўлиб қолмайсан! Энди туфлиларми? Қани, юриб кўр-чи, тўғрила… худога шукр! Бўлди! Ниҳоят, энди – унинг юраги музлаб кетди – кўзгуга илк бор назар ташласа бўлар…
Кристинанинг енгил ҳаракати билан чироқ ярқ этиб ёнди. Нимқоронғи хона ёришиб, ранго-ранг гулқоғозлар, ялтираётган мебель ва бошқа ҳашамдор нарсалар гўё яна бир бор юз кўрсатди. Кристина учун бу ғоятда қизиқ ва ваҳимали эди: бирданига кўзгу рўпарасида туриб олишга журъати етмай, қирраларида айвон ортидаги манзаранинг бир чети ва хонанинг бир парчаси жилваланаётган бежирим кўзгуга фақат ён томондан кўз ташлади. Тўлақонли машқ учун ҳозирча жасорат етмай турибди. Аввалги кўйлагини – у ҳам бировники эди – кийганидан ҳам баттар кулгили кўринса-я? Бошқалардан, ўзидан яшираётган ёлғони кўзга ташланиб қолса-я?
Қисинса, ўзини камтар кўрсатса, худди қайсар ҳакамга панд бериши ва алдаши мумкиндек, ёни билан оҳиста юриб, кўзгуга яқин келди. Кўзгу аллақачон рўпарасида, бироқ нигоҳи ҳамон ер чизарди. Ойнага дадил нигоҳ ташлашга юраги ҳеч дов бермаётганди-да… Шу пайт пастдан яна бонг янграгани қулоққа чалинди, энди имиллаш мумкин эмас! У тезда қарорга келиб, сувга сакрашга чоғлангандек чуқур нафас олиб, нигоҳини кўтарди-ю, қўрқувдан титраб кетди.
Кутилмаган бу томошадан ростдан ҳам қўрқиб кетганди. Ортига бир қадам ташлади: ким бўлди бу? Сал эгилганча оғзини ярим, кўзларини эса катта-катта очиб, унга ростакамига ҳайрат билан қараётган хоним ким? Наҳотки унинг ўзи? Бўлиши мумкин эмас! Кристина буни товуш чиқариб айтмади, бироқ айнан шу сўзлар унинг лабидан учиб чиқишига сал қолди. Ажабо, у ёқда, кўзгуда унинг лаблари ростдан ҳам қимирлаб қўйди.
Қизнинг нафаси тиқилиб қолганди. Ҳали ҳеч қачон, ҳатто орзуларида ҳам ўзини бунчалик мафтункор, бунчалик навқирон, бунчалик пўрим тасаввур қилмаганди. Ахир, энди унинг лаблари бутунлай бошқача-ку – чўғдек, аниқ шаклга эга. Қошлар ҳам бошқа – ингичка, қайрилма; баланд кўтарилган сочнинг тилларанг қалпоғи тагида бехосдан ёруғлик кўрган бўйни, кўйлак қойилмақом тарзда чулғаб олган бадани ҳам бошқача. Бу қиёфада ўзини таниш учун Кристина яна ва яна кўзгуга яқин келди. Кўзгудаги акс ўзи эканлигини англаса ҳам, бу ўзгача “мен”ни тан олишга ҳадди сиғмас, яна бир қадам босса, кескинроқ қимирласа, бахтиёр бу кўриниш тумандек тарқаб кетиши ваҳми уни тарк этмасди. “Йўқ, бўлиши мумкин эмас, – ўйлади у, – бу қадар ўзгариб кетиш мумкин эмас. Агар аслида ҳам шундай бўлсам, демак мен..”.
У ҳатто хаёлан охиригача айта олмади, бироқ кўзгудаги акс бу сўз нимани англатишини пайқаб, жилмая бошлаганди. Дастлаб салгина кўзга ташланган табассум ёйилгандан ёйилиб, кўзлар энди мағрурлик билан очиқчасига кула бошлади. Мулойим қирмизи лаб эса: “Ҳа, мен сулувман” – дея шодлик билан тан олаётгандек.
Ўзингга мана шундай қараб ажабланиш, шамойилингда ниманидир кашф этиб, ўз-ўзингга мафтун бўлиш, шу пайтгача сен ҳис этмаган завқ билан вужудингни томоша қилиш, эркин нафас олаётган кўкрагинг шоҳи кўйлак остида тирсиллаб, чиройли тўлғаниб туришини илк бора пайқашинг нақадар мароқли! Кўринишинг қанчалар ихчам, айни пайтда, ранглар аро қандайин юмшоқ чизгиларда кашф этилмоқда. Очиқ елканг бу кўйлакда қанчалар енгил ва эркин кўринади.
Қизиқ, бу янгича, сарвдек қомат… юрганингда қандай кўринса? Крис­тина кўзгудан нигоҳ узмай, аста-секин ёнбошига ўгрилганида аксининг мағрур, мамнун нигоҳи билан яна бир бор тўқнашди ва бу унга дадиллик бахш этди. Энди тезда ортга уч қадам… Нима ҳам дердик, ҳаракатда ҳам барчаси гўзал! Энди пируэтга ҳам журъат қилса бўлар. У чирпирак бўлиб айланганда калта юбкаси қушдек парвоз қилиб, кўзгу унга яна бир бор табассум ҳадя этди: “Зўр! Қанчалар хушқад ва енгилсан!”
У рақс тушишни жуда истарди. Айниқса, ҳозир. Ҳар битта жузвида мусиқа янграмоқда. Кристина шошилганча хона тўрига юриб, сўнг ортига – кўзгу томон қадам ташлади. Кўзгудаги акси табассум қилар, унинг нигоҳи билан жилмаяр, уни ҳар томонлама имтиҳон қиларди. Қиз аксига мафтун бўлганча, фусункор либосдаги, навқирон, эврилган, кўзгунинг энг тўридан мудом жилмайиб ўзи томон юраётган, ҳавасни келтирувчи бу янги “мен”ига тўймасди.
Кристина бу янги шахс, янги “ўзи”ни қучоқлаб олишни жудаям истаётганди. У пешонасини кўзгуга, қорачиғини қорачиғига қўйди. Аксда у худди жонлидек. Мана, қайноқ лаблар бўса олгани муздек кўзгуга ботиб, унинг “синглиси” нафасдан буғланган шишада хиралашди. Кашшофликнинг ажойиб ўйинини давом эттирганча, ўзини янгидан-янги эврилишларда кўриш мақсадида Кристина турли ҳолатларга кира бошлаган эди ҳамки, пастда учинчи бор бонг овози янгради.
Кристина чўчиб тушди: эй худо, ахир холасини кутишга мажбур этаяпти-ку! Балки унинг жаҳли чиқаётгандир! У енгилгина, ола-қуроқ, қимматбаҳо мўйнадан тикилган оқшомбоп пальтосини тезда олди ва чироқни ўчиришдан аввал, кўзгуга энг сўнгги, хайрлашувчи ташна нигоҳини ташлади, аксдаги кўзлар яна жилмайди. Бахтиёрлик яна бир бор барқ урган чеҳра! “Зўрсан, зўрсан!” – дея гўё табассум қиларди унга кўзгу.
Кристина холаси ва поччаси яшаётган номер томон йўлак бўйлаб деярли югурар, ҳилпираётган шойи кўйлаги танига ёқимли салқинлик уфурар, бахтиёр шамол гўё оёғини ердан узгандек еларди. У худди тўлқинлар узра сузаётгандек эди, болалигидан буён ўзини бунчалар енгил, қанот чиқаргандек ҳис этмаганди. Ҳа, эврилиш сархушлиги аллақачон таъсирини бошлаб юборган эди.
– Аломат! Худди қуйиб қўйгандек ярашибди, – деди холаси уни кўрибоқ. – Ҳа, ёшлик бошқача, ҳеч қанақа сеҳр-жоду талаб қилинмайди! Кўйлак бўрттириб кўрсатиш ўрнига яширишга хизмат қилса, тикувчининг шўри. Йўқ, ҳазиллашмаяпман. Қуйиб қўйгандек турибди, сени таниб олишнинг ўзи амри маҳол, қадди-қоматинг қанчалар гўзаллиги энди билинди. Фақат бошингни баландроқ, эркин тутишга ҳаракат қил. Қараб турсам – мендан ранжима-я! Нуқул ўзингга ишончсизлик билан, букча­йиб юрасан, ёмғирда қолган мушукдек қунишасан. Сен америкачасига юришни ўрганишинг керак: енгил, эркин, кема шамолга қарши сузаётгандек, пешонангни олдинга чиқариб…
Кристина лола бўлиб кетди. Демак, унинг кўриниши ростдан ҳам кулгили эмас, қишлоқликларга ўхшамайди. Хола кўрикни давом эттирар, тирноқ тагидан кир қидирувчи нигоҳи бутун қомат бўйлаб сирғаларди.
– Гап йўқ! Фақат мана бу ерга, бўйнингга тақинчоқ керак, – у қутичасини кавлай кетди. – Ушла, мана бу дурни тақиб ол! Қўрқма, жиннивой, у қалбаки. Ҳақиқийси у ёқда қолган… сейфда, чўнтаккесарлар ғамини еб, уни Европага олиб келадиган аҳмоқ йўқ.
Дур этни жунжитиб, яланғоч бўйин узра сирғалиб ўтди, холаси эса ортига бир қадам ташлаб, “собиқ модель”нинг назари билан кўз ташлади.
– Жуда соз, – деди у. – Сенга ҳамма нарса ярашади, сени ясантириш эркаклар учун жуда завқли бўлса керак. Бўпти, кетдик! Энтонини бундан ортиқ куттириб қўйиш яхши эмас. Оғзи очилиб қолса керак ўзиям!
Зинапоядан биргалашиб пастга тушдилар. Кристина ўзида ғалати бир ҳолатни ҳис этмоқда эди: янги либосда гўё яланғочдек, юриш ўрнига учаётгандек, тани шунчалар енгилки, зиналарнинг ўзи шитоб билан бирин-кетин у томон оқиб келаётгандек эди.
Зинанинг иккинчи саҳнида смокинг кийган ёши улуғ жаноб билан тўқнаш келишди. Унинг оқ оралаган силлиқ сочи ханжарсифат фарқ билан ажратилганди. Жаноб эҳтиром билан саломлашиб, хонимларни ўтказиб юбориш учун тўхтади. Кристина бу оний учрашув пайтида аллақандай ноодатий, эркакларга хос ошуфталик, салкам шайдоликни акс эттирган нигоҳни ўзида туйиб, ёноқлари ловуллаб кетди. Умрида илк бор у билан кибор одам сўрашди, яна, шунчалик ҳурмат кўрсатиб, қадр-қимматини тан олганча кўришди.
– Генерал Элкинс, уруш пайтида бу номни эшитгандирсан балки. Лондондаги Жуғрофия жамиятининг раиси, – тушунтирди холаси. – Зодагон, тинчлик пайти Тибетда саёҳатда бўлиб, у ерда улкан кашфиётлар қилган, сени у билан таништираман. Олиймақом зот, саройда ҳам қабул қилинган.
Кристина қувончдан яшнаб кетганди. Шундай олийжаноб, ярим дун­ё­­­ни кўрган киши унинг сиймосида ўзича кибор хоним бўлиб кийиниб олган, нафратга лойиқ, чиптасиз томошабинни кўрмай, гўё оқсуяк хонимларга, ўз доирасига мансуб аёлдек эъзозлаб таъзим қилди. Кристина эндигина ўзини тенг ҳуқуқли инсон, дея ҳис этди.
Мана, шу ондаёқ яна битта исбот. Ҳали стол ёнига етиб келмай туриб, поччаси ҳайратланиб хитоб қилди:
– О, мана буни сюрприз деса бўлади. Йўқ, биласанми, бу даражада ўзгариб кетиш… Ўлгудек зўр кийинибсан… о, пардон… кўринишинг жуда ажойиб демоқчи эдим!
Илиққина титроқ яна бир бор Кристинанинг тани бўйлаб ёйилди, хурсанд бўлганидан қизариб, ҳазиллашишга уриниб кўрди:
– Почча, мени хушомадга кўмиб ташламоқчисиз, шекилли.
– Бўлмасам-чи! – кулди поччаси ва ўзи учун ҳам кутилмаганда қоматини ростлади. Бу ҳаракат туфайли кўксида буришиб турган кўйлак текисланди, аввалги бефарқлигидан асар ҳам қолмагандек, ёғ босган ёноқлари ичига беркинган, шамоллаган кўзлари қизиқиш билан чўғланди. Ҳатто истак-хоҳишнинг тариқдек учқуни милтиллагандек ҳам бўлди. Тўсатдан лобаргина бўлиб қолган қизни кўргач, ошкора завқланиб, ўзига хос бўлмаган тарзда сергап одамга айланди. Завқланиб, қизнинг ҳусну-жамолини мақтовга кўмди, ўзини бу соҳа билимдонидек кўрсатиб, либоснинг баъзи жойларига алоҳида қизиқиш билдира бошладики, ниҳоят холаси уни гапдан тўхтатишга мажбур бўлди.
– Қизалоқнинг бошини айлантирма, – кулди у, – ёш йигитлар буни сендан тузукроқ эплашади.
Бу пайтда официантлар яқин келди – улар меҳроб қошидаги қуйи рутбали руҳонийлардек стол ёнида қўл қовуштириб, бирон ишора бўлишини кутиб туришарди. “Ажабо, кундузи нега улардан бунча қўрққан эканман, – ўйлади Кристина, – ахир камтарин, баодоб ва ғоятда мўмин, ўзларини ҳеч ким пайқамаслигини истовчи одамлар”.
У энди тортинмай овқатлана бошлади, ҳадиксираш битган, олис йўл­дан сўнг очлик ўзини эслатмоқда эди. Ақл бовар қилмас даражада тотли қўзиқорин солинган бўғирсоқ, атрофига сабзавот терилган қовурдоқ, кўпикли мусс ва ҳар сафар меҳрибонларча кумуш куракча билан ликопчасига қўйишаётганлари – юмшоққина дирилдоқ. Ўзи сира ташвишланмай, ҳеч нимани ўйламаса ҳам бўлаверади. Очиғи, у аллақачон ҳеч нарсага ҳайратланмай қўйганди. Ваҳоланки, бунда барчаси ҳайратланарли эди ва энг ажабланарлиси, одам гавжум бўлса-да, сира шовқин эшитилмас, ясан-тусан қилиб олган, анчайин киборлиги кўриниб турган зотлар ўтирган бу ярақлаётган залда бўлишга у ҳам ҳақли эди. Аслида Кристина… йўқ, йўқ, бу ҳақда ўйламаслик керак, ўйламаслик, ҳозирча шу ерда эканми – унутиш керак!
Ҳаммасидан ҳам унга шароб ёқмоқда эди. Эҳтимол, уни жануб офтобига тўйинган тилларанг резалардан, олис, бахтиёр ва серҳиммат ўлкаларда тайёрлашар. Биллур қадаҳдаки каҳрабо янглиғ шундай нур таратмоқдами, демак, танглайингда салқин-сирғанувчи соққадек ёқимли думаласа керак.
Кристина аввалига қимтинибгина бир қултум ютишга жазм этди. Бироқ унинг гулдек жамолидан илҳомланган поччаси янгидан-янги қадаҳ сўзларини айта бошлагани сари қизнинг ҳам кўнгли суст кетиб, қадаҳ кетидан қадаҳ бўшатаверди ва мана, тили унинг истагига қарши ўлароқ валдирашга тушиб, гўё оғзи очиқ шишадан кўпикли шампан отилиб чиққандек, енгил, ўйинқароқ кулги ҳам бўғзидан отилди. У юрагини қисиб турган қўрқув исканжасидан фориғ бўлгандек, гоҳ нақадар беғам ва қувноқ кулаётгани, гоҳида эса тинмай валдираётганига ўзи ҳам ажабланарди. Шу қўрқувнинг кераги бормикин ўзи? Ахир холаси ва поччаси шунчалар меҳрибон, теварагидаги мана бу ясан-тусан қилган одамлар қанчалар назокатли – барчаси ғаройиб оламдек, худди мафтункор ҳаётдек аъло.
Тетик почча рўпарасида бемалол ўтириб, шўх-шодон жияни димоғини чоғ қилмоқда… “Оҳ, – орзуларга берилмоқда эди у, – қани эди ёшлигимни қайтара олсам-у, манави шайтон қизни шундай бағримга боссамки..”. У ўзини жуда хушнуд, яшарган, илҳомланган, сал бўлмаса ҳар нега қодир алп йигитдек ҳис этмоқда эди. Аслида минғир-минғирдан боши чиқмайдиган боқи-беғам бу одам кексалигини тан олмай, турли – баъзида бепардароқ ҳам – ҳазиллар қилар, кулгили воқеаларни ёдга оларди. Мамнунлигидан мушук сингари “хур-хур”лар, камзули иссиқлиқ қилаётганидан ғалати қизариб кетган, димоғи чоғлиги боис қирмизи ёноқлари Йорданс чизган суратдаги Дуккаки қиролникига ўхшарди. У жиянининг соғлиги учун қайта-қайта қадаҳ кўтариб, шампан буюришга тайёрлана бошлаганда, зийрак посбон, кулгидан ўзини тўхтата олмаётган Клер унинг кўтарилган қўлини тушириб, шифокор нима тайинлаганини ёдига солди.
Шу пайт қўшни залда мусиқа янграб, “жазавага тушган” органдан рақс навоси жаранглаб, вангиллаб, тарақлаб, вақиллаб кетганда, мистер Энтони маккажўхори сўтасини эслатувчи йўғон сигарасини кулдон четига қўйиб, кўзини қисди:
– Хўш? Нигоҳингдан сезиб турибман – ўйнагинг келаяпти.
– Фақат сиз билан, поччажон! – жўшиб жавоб қайтарди муғомбир қиз (“Худойим-ей, кайфим ошиб қолмадимикин?” – дея ўйлади ичида.) ва яна шарақлаб кулиб юборди. Унинг бўғзида, ҳар бир сўздан сўнг жарангдор қаҳқаҳа қўзғатувчи нимадир яшириниб олганди гўё.
– Ёлғон гапирма! – тўнғиллади почча. – Бу ерда роса кучга тўлган, учаласини бирга қўшганингда ҳам менинг ёшимдан кичик, каминадек шарти кетиб, парти қолган эски қалампирдонга қараганда етти марта яхшироқ рақс тушадиган йигитлар тиқилиб ётибди… Бўпти, ўзингдан кўр. Агар уялмасанг, кетдик.
У алмисоқдан қолган назокат билан қизга қўл узатди ва Кристина унинг тирсагидан тутиб, хохолаб, валдираб, кулгидан арқондек эшилиб поччаси билан ёнма-ён солланди. Ортларидан, ҳар иккисини масхаралаганча хола юрди. Мусиқа қулоқни кар қилгудек варанглар, ёруғ зал турфа рангга чулғанган, атрофдагилар иккисига дўстона, қизиқиб боқишарди. Официантлар қайсидир столни зудлик билан бир томонга суришди.
Бунда ҳамма нарса гўзал, қувноқ, кўнгилга яқин. Одамларнинг ола-қуроқ гирдобига ўзингни отиш учун жасурликнинг ҳам ҳожати йўқ. Энтони поччаси ростдан ҳам рақс пири эмас экан – мешдек қорни ҳар қадамда жилети тагида қулқуллайди. Сочи қордек оқ бу басавлат жаноб беўхшов ҳаракатлар билан қизни айлантирмоқда эдики, мусиқа ундан кўра тузукроқ эди. Хиёл титраб, кескин синкопалар билан дилга ўт солувчи ўйноқи наво. Шайтоний ликопчаларнинг ҳар зарби суяк-суягинггача етиб борар, шу ондаёқ янграган скрипка товуши томирларни юмшатарди. Аниқ-тиниқ янграётган оҳанг жон олиб, ларзага солар, эзиб, янчар ва ўз ҳукмига соларди. Тилла тугмали жигарранг камзул кийган қорамағиз аргентиналик созандалар – занжирбанд қилинган заруқали иблислар дейсиз гўё – мусиқани шайтондек ҳар бири алоҳида-алоҳида ижро этардилар. Ҳув анави, озғин, кўзойнак таққани саксофонида шунчалар қоқо-қоқо-ҳиқ-ҳиқ-қулт-қулт этадики, ичидаги борини сўриб оладигандек. Сўлроқдаги қўнғироқсоч бақалоқ эса янада мутаассибона, клавишларни қандай тўғри келса, шундайлигича, завқ билан савалайди. Айни пайтда, қўшниси оғзи қулоғига етгудек тиржайганча, ақл бовар қилмас шиддат билан қўшноғора, ликопча ва яна алланималарни ургани-урган. Уларнинг бари нимадир чақиб олгандек, гўё ток ургандек ўтирган курсиларида тинмай типирчилашар, маймунларга хос қилиқлар ва намойишкорона қаҳр билан мусиқа анжомларини уриб-эзғилардилар. Бироқ бу дўзахий шовқин-сурон машина товушидек бир маромда янграрди. Ҳабашларга тақлидона бўрттирилган ишоралар, тиржайишлар, бақиришлар, қи­лиқлар, қочиримли қийқириқлар ва мутойибалар – бари нота бўйича энг кичик деталларигача ўрганилган, кўзгу рўпарасида машқ қилинган, ясама қаҳр-ғазабнинг бенуқсон ижро этилиши таъминланганди. Эҳтимол, оёқлари узун-узун, тослари тор, ранги заъфарон, упа-элик сурган аёллар ҳам буни тушунишар. Ҳар оқшом такрорланувчи сохта жўшқинлик уларни жалб этмаслиги, қонларини қайнатмаслиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Зўрлаб, “елимлаб ёпиштирилган” табассум лабларида акс этувчи бу хонимлар рақсдаги жуфтлари қўлида ўзларини эркин ҳис этишарди. Рўпараларига қараганча, бошқа нарсани ўйлаб ўйнашаётгандек гўё. Балки ҳеч нима ҳақида ўйлашмаётгандир ҳам. Бегона, янги, ҳайратга тушган Кристина эҳтиросларини сездириб қўймаслик учун ўзини тутиб туришга, нигоҳини сўндиришга мажбур. Чунки маккарона қитиқлаб, дағаллик билан маҳв этганча, беадаб эҳтирослар қўзғатувчи мусиқадан қони борган сайин қизиб бормоқда эди.

(Давоми келгуси сонда.)

Рус тилидан
Абдуҳамид ПАРДАЕВ
таржимаси

2019/6

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi