Аҳмад ШИМШИРГИЛ (1959 йилда туғилган) АМИР ТЕМУР*

ahmad_shimshirgil

Тўртинчи бўлим

ВАФОТИ ВА ШАХСИЯТИ

Сайидларнинг мавқеини бошқалардан юксак тутиб, уларнинг ҳур­матини жойига қўй. Уларни ҳар қанча иззат этсанг-да, бунга бир таъма аралаштирма. Зотан, Оллоҳ йўлида қилинган ишларда ҳеч исроф бўлмас.
Шайх Абубакр Тайободий

ОХИРАТ САФАРИ

Соҳибқирон Ўтрорда турганида, 11 февраль куни тўсатдан соғлиги ёмонлашди ва иситмаси кўтарилди. Ҳакимликда машҳури жаҳон, йиллардирки амир ҳазрат ёнида юрган мавлоно Фазлуллоҳ Табризий уни даволашга киришди. Бироқ касаллик кундан-кунга оғирлашиб, турли-турли, бир-бирига ўхшамас белгилар бера бошлади. Табиб бир хасталикни даволаб, барҳам берса, яна бошқаси шиддатланар эди.
Шунга қарамай, Соҳибқироннинг эс-ҳуши жойида эди. У бедаво дардга чалинганини, чора йўқлигини англади. Тақдирга тан бериб, Яратгандан бутун қилган гуноҳларидан ўтишини сўраб, тавба қилди. Аҳли аёлини, яқинларию бекларни чақириб, васиятини билдирмоққа чоғланди. Барча ҳузурига йиғилгач, бундай деди: “Сезиб турибманки, руҳ қуши бу қафасдан чиқиб кетмоқчи. Мен Аллоҳ Таолога сажда этурман ва сизларни унга омонат қолдирурман. Мен ўлганимдан сўнг орқамдан йиғлаб, фар­ёду фиғон чекмангиз. Ҳеч фойдаси йўқ. Роббимга гуноҳларимни кечиришини сўраб дуо айлангиз. Руҳимга бағишлаб фотиҳа ўқингиз, такбир келтирингиз. Худога шукр, Эрон ва Туронда бизга қарши чиққувчи бирор кимса қолмади. Биламан, гуноҳларим кўп. Аммо Оллоҳдан умидим шуки, золимлар қўлини мазлумлар бошидан узоқ тутганим учун менга раҳм этгай. Ҳаётим давомида кучлининг кучсизни эзишига изн бермадим. Бу дунё­да абадий яшаган кимса йўқдир: менга вафо кўрсатмаган олам сизга ҳам вафо кўрсатмагай. Бироқ дунё ишларини ҳеч ташлаб қўймангизки, мусулмонларга зарар тегмасин. Акс ҳолда, Қиёмат куни сиздан ҳисобини сўрарлар. Энди гап шу: Пирмуҳаммад Жаҳонгирни валиаҳд тайин этдим ва қойиммақомим сифатида Самарқандни унга бердим. Мустақил ўлароқ тадбирлар қўллаб, унда ўтирсин; барча ўлкаларнинг ва ўрдунинг ишлари билан машғул бўлиб, тобеларнинг дардидан хабар олсин. Сизлар ҳам унга итоат айлаб, ёрдамчиси бўлингиз, токи тартиб ва тузан бузилмасин, мусулмонлар зарар кўрмасин ва кўп йиллик меҳнатим зое кетмасин. Шундай иш тутингки, узоқдагилар сизнинг иттифоқ эканингизни билсин ва бирор кимса сизга қарши исён кўтаришга журъат тополмасин.
Беклар ва улуғ кишилар ҳузуримга тўплансинлар ва васиятимдан четга чиқмасликка онт ичсинлар. Шу онда бу ерда бўлмаган беклар ва сардорлар ҳам васиятимни бажарсинлар”.
Амир Темурнинг бу сўзларини эшитган беклар ичи ёниб-титраб, пиқ-пиқ йиғлашга тушди. Шоҳмаликбек ва шайх Нуриддинбек: “Эй амиримиз, жонимиз сизга садақа. Оллоҳ бизнинг жонимизни олиб, сизнинг жонингизни бағишласин!”, – дея кўз ёши тўкдилар. Соҳибқирон уларга: “Фойдаси йўқ, тушунинг ахир, аммо сиз ўз ишингизни, менинг васиятимни мардона бажарингиз!” – деди. Улар бундай жавоб қилишди: “Жонимиз танимизда экан, Ҳазратнинг амри фармонидан чиқмагаймиз. Бу қулларингиз валинеъматимизнинг бир сўзини бажармаса, асло бири икки бўлмасин. Бугунгача сизнинг бандаларингиз ўлароқ хизмат этдик ва бундан ўзга ишга уннамадик. То тирик эканмиз, хизматни давом эттирамиз”. Беклар бу сўзларни айтишар экан, кўзларидан дув-дув ёш оқарди. Беклар яна бундай дедилар: “Мумкин эрса, Тошкентдаги шаҳзода Халил султон ва бошқа беклар ҳам бунга келишлари учун фармон берилсин. Гарчи бизлар сизнинг бу сўзингиз, васиятингизни уларга етказурмиз, аммо буларни ўз оғзингиздан эшитганлари янада яхшироқдир”.
Соҳибқирон уларнинг бу гапига кўнмади ва: “Эҳ, энди вақти ўтди. Ортиқ мажол ҳам қолмади. Улар шу пайтда бу ерда эмаслар ва етиб ҳам келолмаслар. Улар билан кўришмоқ қиёматга қолди. Бу – сизлар билан охирги кўришувимдир. Оллоҳга шукрки, дин йўлида неники қилмоққа чоғланган бўлсам, барини бажариш насиб этди, кўнглимда армон қолмади. Кошки эди, ўғлим Шоҳрухни бир кўрсам!” – деди.
Ҳазрат амир ҳузуридаги барча хотинлар, оқалар ва баъзи шаҳзодалар унинг бу сўзини эшитиб, фарёд уриб юборди.
Соҳибқирон жон-жигарларига, қон-қариндошлари ва амирларига шаф­қат ва меҳр билан қараганча, яна бундай деди: “Нима десам, ўлканинг манфаати учун айтдим, асло қулоқларингиздан чиқмасин. Халқнинг, фақирлар ва мискинларнинг аҳволидан хабарсиз қолмангиз. Доимо айтган гапларимга, насиҳатларимга кўра иш тутингиз. Қиличларингиз қабзасини менга ўхшаб маҳкам ушланг, шундагина подшоҳликдан мен каби насибдор бўлгайсиз. Ожизлик ақлни йўқ қилиб, нафсу ғайратни ўлдиради. Ортиқча камтарлик ва камсуқумлик инсонни ғоядан узоқлаштиради. Тушкунлик, ирода заифлиги орзу-истакларга тўсиқдир… Мен дунёни адолат ва яхшилик ила обод айладим. Агар менинг васиятларимга кўра, адолатли иш тутсангиз, узоқ йиллар бу мамлакат қўлингизда тургай. Аммо бир-бирингиз-ла олишсангиз, бу сизларга хайр келтирмас…”
Бир оздан сўнг Темурнинг аҳволи янада оғирлашди. Энди бу жа­ҳоний тахту салтанат, шону шавкат, ўрду ва сарватнинг бир фойдаси қолмаган эди. Ташқарида ҳофизлар Қуръони карим ўқишарди. Мавлоно Убайдуллоҳнинг ўғли мавлоно Ҳайбатуллоҳга ичкарига кириб, Соҳибқироннинг бош тарафига ўтириб, Қуръон тиловат қилиш айтилди ва у дарҳол бу ишга киришди.
Соҳибқирон Амир Темур қуёш ботганидан кейин, шом ва хуфтон намози ўртасида, бир неча бор калимаи шаҳодат келтирганидан сўнгра жон берди. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун.
1405 йилнинг 19 февраль куни эди. Амир Темур вафот этганида олтмиш тўққиз ёшда эди. Подшоҳлик даври ўттиз олти йилдир. Салтанати йилларига уйғун ўлароқ ўғиллари ва неваралари сони ҳам ўттиз олтитадир.

УЛКАН МУСИБАТ

Соҳибқирон Амир Темур бу ўткинчи дунёдан мангу оламга кўчганидан кейин шаҳзодалар тожларини бошидан отиб, мотам ва қайғу либосига бурканди. Оқалар ва хонимлар юзларини тирнаб, сочларини юлдилар. Барча беклар ёқаларини йиртиб, бағирларини ерга бериб, қон йиғладилар.
Эрта тонгда Ҳиндушоҳ хазоначи Соҳибқирон жасадини ювди. Васиятга кўра, мавлоно Қутбиддин майитнинг бош тарафида Қуръон тиловати билан машғул бўлди.
Бир оз ўтгач, Бердибек, Сариқ Буға, шайх Нуриддин, Шоҳмалик, Хўжаюсуф каби беклар ва бошқа атоқли кишилар йиғилиб, Амир Темурнинг васиятини бажариш ниятида, ғазо сафарини давом этдиришга бир овоздан қарор бериб, қасам ичдилар.
Соҳибқироннинг вафоти сир сақланди. Душманлар билиб қолмаслиги учун оқаларнинг йиғлаши, фарёду фиғон кўтариши тақиқланди. Шундан ке­йин оқалар ва беклар биргаликда кенгашиб, баъзи қарорларни қабул этдилар.
Хизир қавчин шаҳзода Халил султон ва шаҳзода султон Ҳусайн ҳузурига жўнатилиб, у орқали “Соҳибқироннинг хасталиги оғирлашди, энг яқин кишиларингиз билан тезда етиб келинг”, дея хабар берилди.
Шаҳзода Пирмуҳаммадга ҳам бундай мазмунда хат юборилди: “Ҳазрат сизни валиаҳд тайин этди. Ҳозирда аҳволи бир оз ўзгарди. Тезда Самарқандга келгайсиз”. Мактубда, жумладан, Соҳибқироннинг васиятига кўра, подшоҳлик қилиши, халққа нисбатан адолатли ва жўмард бўлиши, душманларни суюнтирувчи ишлардан узоқ туриши лозимлиги каби масалалар ҳам алоҳида уқтирилган эди.
Аҳволдан огоҳ этиш учун Темур қавчин Ҳиротга, Шоҳрух мирзо ҳузурига юборилди. Донгли чавандоз Али Дарвиш Табриздаги шаҳзода Умар саройига, Ара Темур эса Бағдодда ҳукм сураётган шаҳзода Ми­роншоҳ ва шаҳзода Абубакр қошига жўнатилди.
Тағин баъзи чопарларни Ироқ ва Форс мамлакатларига йўлладилар. Ўтрордаги шаҳзодалар ва оқалар 19 февраль кечаси, хуфтон намози пайтида Ҳазрат амир тобутини ипаклар билан ўраб, тахтиравонга жойлади ва Ўтрордан чиқиб, Самарқанд йўлига чиқди. Кечаси Хўжандга етдилар, Хўжанд дарёси музлаган эди, муз устидан ўтиб, нариги қирғоқдаги ўрмонликка кириб, дам олдилар. Тонг отар экан, аза ва айрилиқ ўти юрак-бағирларини шунчалар ёндирдики, тиззалари қалтираб, кучсизланиб, вафот сирини сақлашга мажоли қолмай, хотину эркак, барча баравар ўкира-ўкира йиғлай бошлади. Уларнинг кўз ёши ва фарёду фиғонидан ер-кўк остин-устун бўлиб кетди. Йиғлаб-йиғлаб тўйдилар. Шунда беклар насиҳат оҳангида: “Ажалнинг чораси йўқдир, сабр этишга мажбурмиз. Садақалар тарқатиб, хайру эҳсонлар айлаб, Қуръони каримдан оятлар ўқиб, марҳумнинг руҳини шод қилайлик”, деди.
Бироқ бу ўгитни эшитиб туриб ҳам, барча тағин йиғи-сиғига берилди. Беклар яна ўша насиҳатни такрорлади. Бири бундай деди: “Бу дунёда ҳазрати пайғамбаримиз саллаллоҳи алайҳи васалламдан кўра устун инсон йўқдир, чунки Ҳақ Таоло бу дунё ва у дунёни ул зот учун яратмишдир. Вақти замони келиб, пайғамбаримиз ҳам жон таслим этди ва бу дунё­дан у дунёга кўчди. Шундай бир киши у оламга кетганидан кейин ким ҳам бунда қола олади, ахир! Ҳар қанча қийин бўлса ҳам, сабр этмоқдан, ризолик кўрсатмоқдан бошқа чорамиз йўқдир”.
Беклар оқаларга ва шаҳзодаларга ҳазрати пайғамбаримиз ҳаётидан мисол келтириб насиҳат қилгач, улар бир оз тасалли топиб, сокинлашди. Йиғи-сиқтовни тўхтатдилар. Сабрларига таяндилар.
Шу паллада қўмондон беклар бир йиғилиш ўтказди. Юзларига кўзёшлари оққанча, бир қўмондон бундай деди: “Барча аскар – бири баҳодир, бири паҳлавон, бири қўмондон кўз ёши тўкмоқда. Қолаверса, бу бекларнинг ҳар бири замонамизнинг Исфандиёри ва Рустамидир. Шундай қурол-яроғлар ва шундай буюк ўрдуни Жамшид замонидан бери кимса кўрмаган ва эшитмаган. Бундан кейин ҳам бунақа ўрдунинг тўпланиши амримаҳол. Бу қўшин билан душман устига юрсак, барини маҳв этиб, кулини кўкка совуришимиз муҳаққақ. Ҳатто Соҳибқирон ҳазратларининг ўлим хабарини эшитишса ҳам, биз бу ўрду билан устига селдай ёпирилиб борсак, эшитганига ишонмас ва: “Агар Соҳибқиронга бирор нима бўлсайди, бунақа қўшин бостириб келолмасди”, дегайлар. Ё итоат камарини боғлагайлар ва ё шаҳарини тарк айлаб, унда-бунда санғиб юргайлар. Қисқаси, биз қиладиган иш шу: Соҳибқирон руҳини шод этиб, Оллоҳдан мадад тилаб, Хитой сафарига отланмоқ, кофирларга қарши ғазавотга киришмоқ, ундаги бутхоналарни йиқиб, бутларни парчаламоқдир. Бу юмушни ҳал қилиб, яна орқага қайтиб, юртимиз осойи­ши ила машғул бўлгаймиз. Шунчалар улуғ ўрду тўпланган экан, ҳеч не қилмай ортга қайтмоқ уятдир”.
Оқалар ва шаҳзодалар бекларнинг бу қароридан суюнди ва кенгашиб, Соҳибқирон Хитой сафарига чиқаркан, ёнига олгани Иброҳим султон қўмондонлигида душман устига юриш режасини маъқуллади. Бундан ташқари, Тошкентда ҳукм юритаётган шаҳзода Халил султоннинг ҳам келиб ўрдуга қўшилиши мақбул топилди. Ўша паллада Халил султон йигирма бир ёшда эди ва шу ерда бўлган шаҳзодаларнинг энг каттаси ҳисобланарди. Уни подшоҳ сайлаб, барча беклар ва ўрду бошида Хитой устига юрилишига, у ўлка фатҳ этилгач Самарқандга қайтилиши ва ўшанда барча шаҳзода, бек ва оқалар тўпланиб, кенгаш қуриши ва Соҳибқирон васиятига кўра иш тутилишига қарор берилди.
Шундан сўнг Соҳибқирон жасади Қора Юсуф, Али қавчин ва бошқа хос аскарлар назоратида Самарқандга олиб кетилди. Уларга йўлда эҳтиёт бўлиш алоҳида уқтирилди. Карвон ортидан Сароймулк хоним, Тўкал хоним, Туман оқа ва бошқа хониму оқаларни, Мирзо Улуғбек ҳамда бошқа шаҳзодаларни қўшиб, Соҳибқирон тахтиравони ёнида Самарқандга йўлланди.
Аммо бундай эҳтиёт чораларию тадбирларига қарамай, Амир Темур вафоти ҳақидаги хабар тўрт ёққа тарқалиб бўлганди. Илгари ҳам фитна чиқариб юрган султон Ҳусайн ўз лашкари билан Самарқандга қараб келаётганди. Бу хавфли вазият бошқа шаҳзода ва қўмондонларни вақтинча – ишлар ўрнига тушиб кетгунча, Чин сафарини тўхтатиб туришга мажбур этди.
Улкан мусибат тахтиравони жадал йўл босиб, 23 февраль куни пойтахтга кириб борди. Соҳибқирон исломий урф-одатга кўра, гумбаз остига дафн этилди. Амир Темур ҳар доим жон-дилидан ихлос қўйган пири Са­йид Барака ҳазратлари оёқ учига дафн этилишни орзу қиларди. Шунинг учун Сайид Бараканинг Андхудга кўмилган жасади суякларини олиб келиб, Ҳазрат амирга аталган гумбаз ичига қўйдилар. Марҳум шаҳзода Муҳаммад султон наъшини ҳам Соҳибқирон қабрига ёндош гўрга жойлаштирдилар.
Самарқанд буюк турк хоқони учун аза тутиб, мусибатнинг қора либосига бурканди. Ҳар ким аза кийимини кийиб, фарёду фиғон этди. Улкан аза маросими бошланди. Бир неча кун қўй, мол, отлар сўйилиб, азадор халққа хайру эҳсон берилди, марҳум руҳига атаб дуолар ўқилди. Соҳибқироннинг шахсий ноғорасини бир оз чалдилар, уни эсладилар ва сўнгра парчаладилар. Арвоҳига хатми Қуръон бағишланди, дуолар қилинди.

АМИР ТЕМУРНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Соҳибқирон Амир Темур узунга яқин, ўрта бўйли (бир метру етмиш беш сантиметр) йирик одам бўлган. Манглайи кенг, боши катта, бўйни йўғон, дудоқлари қалин, кўзлари катта-катта, киприклари узун эди. Юзи оқ-қизилдан келган, мушаклари бўртган, кенг елкали, соқолли киши эди. Соқол-мўйлови қора эди. Чеҳрасида қатъият балқиб турарди. Ниҳоятда кучли, соғлом ва ҳайбатли эди. Гуриллаган товуши бор эди. Ўлимдан қўрқмасди. Ёши етмишга етганида ҳам соғлом, қайғусиз, ҳаракатлари чаққон, худди метин қоядай қиёфага эга эди. Жангу жадалларда орттирган яралари боис ўнг қўли фалаж, ўнг оёғи бир оз оқсоқ эди. Ҳазилни, ёлғонни ёмон кўрарди. Ўзига ёқмаса ҳам, тўғри сўзни, тўғриликни яхши кўрарди. Бўлиб ўтган нарсаларга ачинмасди, эришадиган ё қўлга киритадиган нарсаси учун ҳам суюниб кетмасди. Муҳрида “Рости русти”, яъни куч – адолатдадир, деган ҳикмат нақш этилганди. Отларига ва ақчаларига “О” шаклида тамға босиларди.
Унинг йиғилишларида, умуман, адабсиз сўзлар тилга олинмасди. Қон тўкиш, асир олиш, бостириш, талаш ва хотинларни таҳқирловчи сўзлар ҳам сўйланмасди. Мансаби ва унвони қандайлигидан қатъи назар, жасур, қўрқмас ва мард йигитларни тақдир этарди. Чунки улар ёрдамида забт этилмас ерлар калитини қўлга киритар, балоли инсонлар балосини даъф қилдирар, юксак тоғлар устидаги душман қалъаларини улар зарбаси-ла харобага айлантирарди. Ниҳоятда тўғри фикрли, закий ва ўта фаросатли эди. Улуғлик ва ҳайбат унга ярашарди. Ҳар доим сўзи ва қарори қатъий эди. Бошига мусибат ёғилганида ҳам тўғри гапирарди. Биров бир гапни айтса, тўғрилигига далил-исбот сўрарди, қош остидан боқаркан, қаршисидаги шахснинг юз-кўзидан ҳам кўп нарсани сезиб-билиб оларди. Фавқулодда зийрак ва сезгир эди. Ҳар қанақа имо-ишорани кўздан қочирмасди. Ҳар қанақа воқеа-ҳодисани тафсилотлари билан эринмай муҳокама этарди. Ҳеч бир ҳийлакор ўз найрангини ундан яширолмасди. Закоси ва тажрибаси соясида кимнинг фикри тўғрию кимнинг насиҳати янглиш, барини яхши англаб турарди. Бирор буйруқ берганидан ёки бирор нарсага ишорат қилганидан кейин асло ўз фикридан қайтмасди. Бир ишга йўналганда ҳам орқага асло одим отмасди. Уни ўзига хос фазилатлари туфайли “етти иқлим соҳибқирони”, “қуруқлик ва денгизлар қаҳрамони”, “маликлар ва султонлар хоқони” каби унвонлар билан тилга олишарди.

(Давоми. Боши ўтган сонда)

Туркчадан Тоҳир ҚАҲҲОР таржимаси

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi