Ибройим ЮСУПОВ (1929–2008) Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири

ibroyim_yusupov

 БЕШТЕПАНИНГ  ТОҒЛАРИДА

 

Кўп вақт бўлди кездик холи,

Сирлашайлик овлоғида…

Майин эсар тонг шамоли,

Бештепанинг тоғларида.

 

Ота-бобо армон этган,

Ҳориб-толиб  зўрға етган,

У кунлар олислаб кетган,

Бештепанинг тоғларида.

 

Амударё тўлқин отар,

Сув бўйида қатор-қатор.

Беш нортуя чўкиб ётар,

Бештепанинг тоғларида.

 

Булдуруқли бўз тумани,

Бошланди янги  даврони.

Бебаҳо бойликнинг  кони,

Бештепанинг тоғларида.

 

Оқсин яйраб жилға сойлар,

Ўтлар пастда сурув қўйлар.

Архарлар ирғишлаб ўйнар,

Бештепанинг тоғларида.

 

 

СУЙМАГАНГА  

 

Ошиқ дилнинг  ўз йўли бор,

Суймаганга салом йўқдир.

Гўзалликда эрка  дилдор,

Сенга ўхшаш санам йўқдир.

 

Ошиқ боқмас  аҳволига,

Қаноти бор   хаёлида.

Жон куйдирмай висолига,

Етсам деган таъмам йўқдир.

 

Боқий эмас давру даврон,

Биздан кетиб, сизга борган.

Мен ғариб ишқингда ёнган,

Бедард дилларга  ғам йўқдир.

 

Булбул қўмсар гул васлини,

Қалбин  ёқар  ишқ  ёлини.

Ошиқ Аёзнинг  ҳолини

Хатга битар қалам йўқдир.

 

 

АНГЛАМАС

 

Тўпидан айрилган ягона ғознинг

Ноласини ойдин кўллар англамас.

Гул ишқида куйган булбул  фиғонин

Баҳорда очилган гуллар  англамас.

 

Кимгадир ҳижрон-у, кимгадир висол,

Дунёнинг ишига қолиб ҳайрон-лол,

Сув излаб ҳориса ярадор марол –

Ўзи сувга чанқоқ чўллар англамас.

 

Қасдинг бордай бунча қийнаб жонимни,

Беаёв  чертарсан кўнгил торимни.

Менинг  “сен” деб чеккан оҳу-зоримни,

Худога минг шукур, еллар англамас.

 

Гуллар фасли – ўтар  баҳори, ёзи,

Бесабаб урмагай хазон аёзи.

Ошиқ Аёз “сен”га битган баёзин

Бедард жонлар, ҳиссиз диллар англамас.

 

 

АНОР   ГУЛЛАДИ

 

Юр севгилим, боғ сайлига борайлик,

Бахт-иқбол боғида анор гуллади.

Мевали оғочлар довчага кириб,

Гул тўккан чоғида анор гуллади.

 

Сарви гулга  булбул қўнгайдир ҳар дам,

Малол келмас, боғбон беозор одам,

Яйраб гул терайлик келақол эркам,

Балоғат  тонгида  анор  гуллади.

 

Ўрик гуллаганда келмадинг ёрим,

Олма  гулин берсам, олмадинг ёрим,

Ўзга оғочда  гул қолмади, ёрим,

Тонгнинг шафағидай анор гуллади.

 

Қирмизи  гул  монанд  анор пўстлоғи,

Ёшлик диёридир – муҳаббат боғи,

Ёздан сўнг  куз келар ,  дема  бу ёғи…

Айни  Ёз  чоғида анор гуллади.

 

ТОШҚИН БЎЛИБ  ОҚИБ  ЎТ

Замонанг бор, яйраб даврон сурмоққа,

Дарё  бўлсанг,   тошиб-тошиб  оқиб ўт.

Елман десанг, шамолдай  чоп тўрт ёққа,

Булут бўлсанг кўнгилларга  ёғиб ўт.

 

Гулман десанг, хумор боқтир кўзларни,

Тилман десанг, маржондай тиз сўзларни,

Қон-қардошдан бурма асло юзларни,

Гоҳ-гоҳида эшигини қоқиб ўт.

 

Ботир бўлсанг,  армуғоқдай кўпик соч,

Шунқор  бўлсанг,  ёзгин самода қулоч,

Кенг феъл бўлиб эл-юртингга қучоқ оч,

Ҳаволанмай, сен мулойим боқиб ўт.

 

Вақт ғанимат,  билгин олмосдан қиммат,

Унутма, бу гаплар эмас беҳикмат,

Эр йигитда  бўлсин  саховат, ҳиммат,

Тоғлар оша чақмоқ бўлиб чақиб ўт.

 

Ёшлик фасли ёзилмаган бир достон,

Доғ тушмасин унга, авайла, инсон,

Яшаш  Яратгандан бизгадир эҳсон,

Тириклик  бир марта берилар фақат.

 

АЙТ АЖИНИЁЗ ҚЎШИҚЛАРИДАН

Айтгин сен Ажиниёз қўшиқларидан,

Йиғласин ёр ишқи бағрин эзганлар,

Инграсин элидан айро кезганлар,

Айтгин сен Ажиниёз қўшиқларидан.

 

Куйин  шамол ёдлаб, сўзин эл билган,

Бир шоир дунёга келди-да, кетди.

Тол ортидан янги ойга термулган,

Дилбар қалб тушимга кирди-да, кетди.

 

Қўшиқ  дарё-дарё нур бўлиб оқсин,

Тош дилларда ишқ оташин  ёқсин,

Қиз йигитга ишва,  ноз билан боқсин,

Айтгин сен Ажиниёз қўшиқларидан.

 

Айтгин “Бўзатовни” оҳангга солиб,

Жўр бўлмаган  сенга бағри тош бўлсин.

Қорақалпоқ қалби-дарди қўзғалиб,

Шодумон дамларга қариндош  бўлсин.

 

Шоир  кезган замон бўлгандир ғойиб,

Эл-юрт бугун борар тобора бойиб,

Бир илҳом парисин кўрдим ажойиб,

Айтгин сен Ажиниёз қўшиқларидан.

 

Тингласам,  ўзгариб менинг ҳолатим,

Дил  сармаст булбулга айланар мудом.

Мен уни  тингласам, туққан элатим,

Ери  жаннат  бўлиб кўринар шу дам.

 

Юлдузлар заминга тизилсин десанг,

Ёмон шоир четга сурилсин десанг,

Ўлсам, мени қайта тирилсин десанг,

Айтгин сен Ажиниёз қўшиқларидан.

 

 

БИР ОДАМНИ  БИР ОДАМ

Қандай яхши биродар,

Одамзотнинг юраги.

Бир одамга бир одам,

Бўлса доим кераги.

 

Бир одамни бир одам

Суйиб қолар танишса,

Бир одамни  бир одам

Соғинади олисда.

 

Кетса биров орадан,

Биров йўқлаб  йиғлайди.

Бир одамни  бир одам

Эслаб бағрин  тиғлайди.

 

Ўқ отилса бировга,

Жонин қўйиб гаровга,

Етиб борар суёвга,

Бир одамга бир одам.

 

Тийиб нафсин  нон берар,

Томиридан қон берар,

Керак бўлса жон берар

Бир одамга бир одам…

 

Эзгулик униб ўссин,

Инсон инсонни суйсин!

Йўқса қандай яшайди,

Бир одамсиз бир одам?

 

Сипқор  меҳр косасин,

Тотиб  ишқнинг бўсасин,

Доим севиб яшасин,

Бир одамни бир одам.

 

 

ТУРМАС

Қирқ ой  қўлда ўсган кийик

Чўл исини олса турмас.

Кенг яйловда кезган чўпон,

Шаҳарда боғласа  турмас.

 

Боғ ичида писта-бодом,

Татир насиб этган одам,

Оҳангни туймаган  нодон,

Булбуллар сайраса  туймас.

 

Мурувватли бўлса кўнгил,

Дард-аламинг бўлар енгил,

Бу бўстонда очилган гул,

Хазон уриб сўлса, турмас.

 

Баланд тоққа қуриб ошён,

Булут кўз ёш қилар ҳар он,

Поёни йўқ давру даврон,

Ётиб туш кўрганча бўлмас.

 

БЕРДАҚНИНГ  ДУТОРИ

Аслинг сенинг  оғочдандир,

Сўйла дутор, сўйла дутор.

Фиғонлари  тўла армондир,

Дардинг баён айла дутор.

 

Улуғ  шоир бўлган  эганг,

Тинглаган эл-улус ноланг,

Булбул қўнган ҳар  шому тонг,

Номинг достон элга, дутор.

 

Қадим ўтмишга  гувоҳсан,

Сайраганда нола-оҳсан,

Бердақ бобомга ҳамроҳсан,

Дардинг баён айла, дутор.

 

Аъло созим куйга бойсан,

Кўҳна дардларим қўзғайсан,

Инграниб мунча бўзлайсан,

Тилинг бўлса, сўйла дутор.

 

 СЎЙЛАСИН

Қўлга олгин дуторинг, ҳар номадан сўйласин,

Жаннатмонанд гулдиёр Фарғонадан сўйласин.

Хоразмнинг мен суйган ўн икки мақомидан,

Ё Ражабий, Абдулла мавлонадан сўйласин.

Келтир   Ҳалимахоннинг жонона “Тановарин”,

Бубул хониш яйратган арвонадан сўйласин.

Ойимхон “Дам бермасин” Аму булбулларига,

Нодира-ю Зулфия сўзонадан сўйласин.

Дил истак хоҳишидир  “Самарқанд ушшоқлари”,

Донгдор тенгдош Турсуной дугонадан сўйласин.

Ўзбек “оқ олтини”ни оламга достон этган,

Пахтакор деҳқон халқим мардонадан сўйласин.

Соз торлари  сўйласин Аёзий дардларини,

Сендай жонондан етган армонлардан сўйласин.

 

 

БЎЛДИ

Навбаҳор келиб бемор қалблар давойи бўлди,

Жумла жаҳон сабза ранг, осмон  ҳавойи бўлди.

Ҳар бир йигит Фарҳоду ҳар қиз ўзича  Ширин,

Ҳар кўнгил шоирликда гўё  Навоий бўлди.

Амударё пишқириб бўлди қайтадан Жайҳун.

Қуюнлар каврак қувиб чўлда ёввойи  бўлди.

Саргашта булутлар кўкдан сочар марварид,

Қизғалдоқлар қон йиғлаб ишқнинг  гадойи бўлди.

Сен, бепоён  пайкалнинг оҳу кўз ҳукмдори,

Чўлни бўстон айлай деб жонинг фидойи  бўлди.

Кўксингда юлдуз  порлар, юзингда   бахт шуъласи,

Эл кўнгли-эҳтироми, иззат саройи  бўлди.

Бу баҳор ҳам биз томон қайрилиб бир боқмадинг,

Билмадим, Аёзийнинг қандай  гуноҳи  бўлди.

 

Қорақалпоқ тилидан Очил Тоҳир таржимаси

2019/7

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi