Лев ТОЛСТОЙ (1828–1910) ИБЛИС. (Қисса)

lev_tolstoy

Ҳар бир ўқувчи бадиий асарни ўз ҳаётий ва адабий тажрибаси асосида идрок этади. Шу боис бир ўқувчининг идроки бошқасиникига айнан ўхшамайди. Бадиий идрок билан боғлиқ бу турфалик, аслида, бизга ато этилган ажойиб неъмат. Шунга кўра, буюк рус адиби Лев Толстойнинг “Иблис” қиссаси таржимасига ёзилган ушбу сўзбошидан мурод ҳам муҳтарам журналхоннинг шундай муқаддас ҳуқуқига дахл қилмоқ эмас, албатта. Биз атиги даҳо сўз санъаткори мазкур қиссасини қандай яратгани ҳақида баъзи муҳим маълумотларни эслатиб қўймоқчимиз, холос. Зеро, бу маълумотлар “Иблис” қиссасини тўғри тушуниш, тўғри талқин этишда ҳар бир ўқувчига асқотиши шак-шубҳасиздир.
XIX асрнинг 80-йиллари охири – 90-йиллари бошида Толстой “Крейцер сонатаси”, “Тирилиш”, “Авлиё Сергий” каби қисса ва романлар устида зўр илҳом билан ишлайди. Шуниси эътиборга лойиқки, мазкур асарларнинг барчасида муаллифнинг диний-ахлоқий қарашларида муҳим ўрин тутувчи масала – зино ва унинг инсон тақдирига ҳалокатли таъсири бадиий тадқиқ этилади. “Иблис” қиссаси ҳам худди шу даврда қоғозга туширилган ва худди шу мавзуга бағишланган. Демакки, уни Толстойнинг юқорида зикр этилган уч асари билан уйғун идрок этиш айни муддаодир.
“Иблис” қиссаси икки ҳаётий манбага таяниб, қоғозга туширилган. Биринчи манба – тулалик суд терговчиси Николай Фридерихснинг ишқий можаролари бўлиб, у зино гирдобига тушиш оқибатида бутун ҳаётини барбод этади. “Иблис” қиссаси, сюжет нуқтаи назаридан, шу фожеий қисматга тўлиқ мувофиқ келади. Айни чоғда, Толстой қиссага ўз ҳаёти лавҳаларини ҳам сингдириб юборганки, бу эса “Иблис” учун иккинчи ҳаётий манба бўлиб хизмат қилган. Зотан, Толстой ўз биографи Павел Бирюковга ғўр ёшлик йилларида икки зино – икки гуноҳга йўл қўйгани ва шу разил қилмиши ўзини тоадаб азоб­лажаги ҳақида сўзлаб берган эди.
Хуллас, мазкур икки ҳаётий манба “Иблис” қиссаси учун ўриш ва арқоқ бўлиб хизмат қилади. Толстой асарни ёзиб тугатгач, уни ёзув столи ғаладонида сақлайди. Чунки турмуш ўртоғи Софья Андреевна тасодифан қиссани топиб олса, унинг эски рашки яна аланга олиши ва иккови ўртасидаги жанжал катталашиши аниқ эди. Бироқ ҳар қанча эҳтиёт чоралари кўрилмасин, 1909 йил 13 майда қўлёзма Софья Андреевнанинг қўлига тушиб қолади. Лев Николаевич ўша кунги сана билан кундалигига хотини “Иблис”ни топиб олгани-ю, бундан кучли ларзага тушганини қайд этади. Йигирма йил сир сақланган қисса, ниҳоят, 1911 йилда, Толстой вафотидан сўнг илк бор чоп этилади.
Энди қиссага доир баъзи хусусиятларга изоҳ бериб ўтсак. “Иблис”нинг бир неча жойида ўзаро номувофиқликлар кўзга ташланади. Русча нашрларда бундай номувофиқликлар сақлаб қолиниб, уларга изоҳ бериш билан кифояланилади. Лекин биз ўзбек китобхонига осон ва ўнғай бўлсин деган мақсадда уларни таржимада тузатиб кетишни лозим топдик. Масалан, асосий персонажлардан бири – Степанида келин бўлиб тушган оила қисса аввалида Печниковлар деб аталса, ярмидан бошлаб Пчельниковларга “айланади”. Биз қиссанинг аввалидан охиригача Пчельниковлар деб ўгиришни мақсадга мувофиқ, деб топдик.
Қолаверса, Толстой қисса якунини икки вариантда яратган. Иккинчи вариант дастлабкисидан бирмунча кейин ёзилган. Русча нашрларда иккинчи вариант ҳар доим қиссага илова этилади. Биз ҳам шу усулни тўғри деб топиб, қисса якунининг кейинги вариантини ҳам ўзбекчалаштирдик. Шуниси ҳайратга сазоворки, Толстой бир қиссага икки муқобил якун ёзиб, орадан эллик-олтмиш йил вақт ўтгач юзага келувчи постмодернизм адабиётига хос гиперматнлиликка тамал қўйгандек гўё.
Таржимондан

“Лекин мен сизга айтаман: ким бир аёлга шаҳват назари билан қараса ҳам, аллақачон кўнглида у билан зино қилган бўлади.
Агар сенинг ўнг кўзинг гуноҳ қилишингга сабаб бўлса, уни суғуриб ташла. Чунки бутун баданинг жаҳаннамга ташланишидан кўра, аъзо­йингдан бирининг нобуд бўлгани сен учун яхшироқдир.
Агар сенинг ўнг қўлинг гуноҳ қилишингга сабаб бўлса, уни чопиб ташла. Чунки бутун баданинг жаҳаннамга йўлиқишидан кўра, аъзо­йингдан бирининг нобуд бўлгани сен учун яхшироқдир”. (Инжил, Мотто – V: 28, 29,30)

I

Евгений Иртеневни олдинда катта амал-мартабалар кутарди. Бунинг учун қанча фазилат зарур бўлса, бари унда бекам-кўст ҳам эди. Иртенев оиласида жуда ажойиб тарбия кўрган, Петербург университетини якунлаб, юрист дипломини олган, яқинда қазо қилган отаси сабаб аслзодалар даврасида анча-мунча таниш орттирган, бундан ташқари министрликда шахсан министрнинг ҳимоятида хизматни ҳам бошлаб юборган эди. Яна каттагина ер-мулки ҳам бор эди-ю, аммо бу ер-мулк сал шубҳали эди. Отаси онаси билан бирга умрини аксар чет элда ва Петербургда ўтказар, икки ўғли – Евгений ва унинг кавалергарддаги акаси Андрейга ҳар йили олти минг рублдан чўнтак пули бериб турарди. У фақат ёзда икки ойга ер-мулкига келар, шунда ҳам хўжалик ишларига бош қўшмас, барча ваколатни келгинди ишбошига топшириб қўйган, ишбоши эса хўжаликни ўз ҳолига ташлаб қўйган-у, аммо хўжайин унга батамом ишонарди.
Оталари вафотидан сўнг ака-ука ўртасида мерос тақсимланадиган бўлганда марҳумнинг шу қадар кўп қарзлари борлиги юзага чиқдики, марҳумнинг ишончли вакили охири уларга бувиларининг юз минг рубль турадиган ер-мулкини сақлаб қолиб, мероснинг бошқа қисмидан бутундай воз кечишни маслаҳат берди. Аммо кекса Иртеневга берган насия пулини сўроқлаб, қўлида вексель билан келган қўшни помешчик, гарчи қарзлар кўп бўлса-да, каттакон ер-мулкни сақлаб қолиш ва оёққа турғизиш мумкинлигидан сўз очиб қолди. Унинг фикрича, ўрмонни ва бўш ётган тақир ерларни сотиб, асосий сердаромад жой – Семёновскийни тўрт минг десятина унумдор қора тупроғи, шакар заводи ва икки юз десятина яйлови билан сақлаб қолинса, ўз ҳаётини шу ишга бағишлаб, қишлоққа кўчиб келинса-да, ақл ва тадбир билан хўжайинлик қилинса, кифоя эмиш.
Евгений баҳорда ер-мулкига келди-ю (отаси қишда – рўзада қазо қилганди), уни бошдан-оёқ кўздан кечиргач, хизматидан истеъфо беришга, қишлоққа онаси билан кўчиб келиб, асосий ер-мулкни сақлаб қолиш учун хўжалик билан шуғулланишга қарор қилди.
Ўзи кўпам дўст-иноқ бўлмаган акаси билан эса қуйидаги битимга келди: унга ҳар йили тўрт минг рублдан пул бериб туради ёки бирйўла саксон минг рубль тўлайди, акаси эса бунинг эвазига меросдаги улушидан воз кечади.
У, ростдан ҳам, қишлоққа кўчиб келди-да, онаси билан кенг-мўл уйга жойлашиб, хўжалик ишлари билан қизғин, айни чоғда эҳтиёткор шуғуллана бошлади.
Одамлар қариларни консерватор, ёшларни эса новатор бўлади, деб ҳисоблашади. Ваҳоланки, бу мутлақо нотўғри фикр. Аслида, қарилар эмас, ёшлар консерватор бўлади. Улар яшашни жуда хоҳлайди-ю, аммо қандай яшашни мулоҳаза қилмайди ёки бунга вақти ҳам бўлмайди. Шунинг учун одамлар уларгача қандай яшаган бўлса, шундай яшаб кетаверади.
Евгений ҳам худди шундай қилди. У қишлоққа кўчиб келди-ю, отасининг давридаги эмас – чунки отаси нўноқ хўжайин эди – бобосининг замонидаги ҳаёт тарзини қайта тиклашга бел боғлади. Евгений бу турмуш тарзини уйда ҳам, боғда ҳам, хўжаликда ҳам, албатта, янги замонга мослаб қайта тиклаш – катта-катта харжлаб, бадавлат, тўқ яшаш, ҳар ерда батартиблик ва саришталик ўрнатиш учун ўзини ўтга-чўққа урарди. Ўшандай ҳаётни оёққа қўйиш учун бир дунё ишни бажариш лозим эди: ҳақдорлар ва банкларнинг талабини қондириш, бунинг учун ерларни сотиш ва қарзларни чўздириш, тўрт минг десятина унумдор ерга ва шакар заводига эга Семёновскийдаги каттакон хўжаликнинг бир қисмини ижарага бериб, бир қисмини эса ўз кучи билан экиб, сақлаб туриш учун ҳам озмунча пул керак бўлмасди! Ёт кўзларга ташландиқ ҳолга келиб, заволга юз тутгандек кўринмасин учун уйни ҳам, боғни ҳам бир нави парваришлаб туриш зарур эди.
Евгенийнинг ишлари бошдан ошиб-тошиб ётарди-ю, бироқ унинг куч-қуввати – хоҳ жисмоний, хоҳ руҳий бўлсин – ҳар қанча юмушга етиб ортарди. У йигирма олти ёшдаги ўрта бўйли, мускуллари бўртиб чиққан, бақувват, хушчақчақ, таъсирчан ва чаққон йигит бўлиб, икки юзи қип-қизил, тишлари садафдек оқ, лаблари жуда хушбичим, сочлари сийракроқ, майин ва жингалакка мойил эди. Унинг яккаю ягона камчилиги кўзи узоқни кўрмаслиги бўлиб, кўзойнакка ружу қўйганидан бу касалини зўрайтириб олган, энди пенснесиз юролмайдиган бўлиб қолган, шу матоҳ бурнининг дўнгчасига ботиб, кўкиш из қолдириб ҳам улгурган эди. Унинг жисмоний қиёфаси ана шундай эди. Руҳий қиёфаси эса янаям ажойиб, уни кимки қанча кўпроқ билса, шунча кўпроқ ёқтириб қоларди. Онаси илгаритдан уни бошқалардан кўпроқ авайлар, эри қазо қилгандан кейин эса нафақат бор меҳри, балки бор ҳаётини ҳам унга атаган эди. Аммо уни бу қадар севган фақат онасининг ўзи эмас эди. Гимназия ва университетда орттирган ўртоқлари ҳам уни севар, айни чоғда ҳурмат ҳам қиларди. У еттиёт бегона одамларга ҳам худди шундай таъсир кўрсата оларди. Иртеневнинг оғзидан чиққан бирортаям гапга ишонмаслик мумкин эмас эди. Ахир, ҳалоллик акс этиб турган бундай очиқ юз, янаям тўғрироғи, кўзга боқиб, ундан алдов, ёлғон кутиш мумкинми?!
Умуман, йигитнинг ҳалоллиги унинг ишларида кўп бор асқотган эди. Қарз берувчилар бошқаларнинг илтимосини рад этса ҳам, унга йўқ деёлмасди. Ишбоши, оқсоқол, мужиклар ҳам ҳар кимга қабиҳлик қилса, ҳар кимни алдаса-да, хушфеъл, содда, янаям муҳими, ичи билан таши бир бу йигитни чув тушуришни эсдан чиқариб қўярди.
Май ойининг охирлари эди. Евгений бекор ётган тақир ерларини бир савдогарга сотадиган бўлиб, уларни гаровдан чиқаргани шаҳарга борди-ю, бу бошоғриғидан бир амаллаб қутулгач, хўжаликнинг ашқол-дашқоллари, яъни отлар, ҳўкизлар ва араваларни янгилаш, янаям муҳими, хуторда баъзи қурилишлар қилиш учун ўша савдогарнинг ўзидан қарз кўтарди. Ана шундан кейин ишлар жонланиб кетди. Тахта-ёғочлар ташиб келтирилди, дурадгорлар ишга киришди, саксонта арава гўнг ташишга қўйилди, аммо ҳаммаёқ путурдан кетган, лиққиллаб омонат турарди.

II

Шу чоп-чоплар орасида, гарчи муҳим бўлмаса-да, аммо Евгенийни беҳаловат қилган бир вазият юзага келди. У ҳам ёшлигини барча навқирон, соғлом бўйдоқ йигитлардек ўтказар, яъни ҳар турли аёллар билан алоқада бўлиб турарди. Уни бузуқ деб бўлмасди-ю, аммо ўзи тан олганидек, роҳиб деб ҳам бўлмасди. Евгений бунга, унинг ўз ибораси билан айтганда, жисмоний соғлиғи ва ақлий эркинлиги қанча талаб қилса, фақат шунча майл кўрсатар эди, холос. У ўн олти ёшидан ана шу йўлга кирган, ҳозиргача бари кўнгилдагидек борарди. Кўнгилдагидек дегани шу маънода эдики, у бузуқликка берилиб кетмади, бирортасига телбаларча элакишмади, яна касал-пасал ҳам оттирмади. Петербургда охирги марта бир чевар қиз билан ишқибозлик қилиб юрди, аммо кейинги пайтда қизнинг ахлоқи бузилди, шунда у билан дарҳол орани очиқ қилди. Ҳартугул, қизни пул билан таъминлаб қўйганидан, ортиқча ҳижолат ҳам тортиб ўтирмади.
Лекин қишлоққа кўчиб келганига, мана, икки ой бўляптики, бу борада қандай йўл тутишни билмай, боши қотар эди. Ўзини мажбуран тийиш йигитнинг мазасини қочириб борарди. Наҳотки, шугинани деб шаҳарга тушиш керак бўлса? Хўш, шаҳарга тушмаса, қаерга борсин? Қандай қилиб бетоқат ҳирсини қондирсин? Уни фақат шу саволлар қийнар, чунки шундай қилмасам бўлмайди, деб ҳисоблар эди. Хаёлида зарур деб билгани ҳаётида ҳам зарурга айланди, шу асно у эрки қўлдан кетгани, ҳар бир аёлга ҳирс билан қараётганини пайқаб қолди.
Евгений шу қишлоқдан бирор маъшуқа топишни ножоиз деб биларди. Одамлардан эшитишича, отаси ҳам, бобоси ҳам, бошқа помешчиклардан фарқли ўлароқ, ўз уйида ҳеч қачон ҳеч қандай деҳқон аёл билан ошиқ-маъшуқлик қилмаган экан. Аввалига у ҳам бундай иш қилмасликка қарор берди. Аммо кейин шу нафси бедавога қанчалик боғланиб қолганини тушуниб етиб, шаҳарда бошига қандай кўргуликлар тушишини даҳшат-ла кўз олдига келтириб, ҳозир крепостнойлик бекор қилинган, демак, шу ерданам жазман топсам бўлади, деган фикрда тўхталди. Фақат шундай иш тутиш керакки, ҳеч ким буни пайқамасин, яна бузуқлик учун эмас, соғлиқ учун қилсин, у ўзига нуқул шундай деб гап уқтирарди. Йигит шу қарорга келди-ю, безовталиги баттар ортди. У оқсоқол биланми, бирор деҳқон ёки дурадгор биланми гаплашиб қолса, ўзиям сезмаган ҳолда гапни аёллар мавзусига бурар, шу хусусда сўз очилди дегунча эса гўё мум тишлаб оларди. Йигит аёлларга янаям кўпроқ қарайдиган бўлиб бораётганини пайқади.

III

Аҳд қилиш бошқа гап экан-у, уни бажариш бошқа гап экан. Ўзи бирор аёлга гап отай деса, барин деган номига сира тўғри келмайди. Қайси аёлга, қаердаям гап отсин! Бировни ўртага солсинми ёки? Аммо кимдан илтимос қилади буни?
Бир гал чанқоғини бостиргани қоровулхонага кирди. Қоровул – ота­сининг собиқ овчиси Данила чол эди. Иртенев чолни гапга солганди, қоровулнинг қулфи дили очилиб кетди – авваллари ов пайти хўбам шароббозлик қилишганидан сўзлай кетди. Шунда йигитнинг хаёлидан ўша сабилни шу қоровулхонада ёки ўрмонда қилинсами, жуда бопта бўлар эди, деган фикр ўтди. Аммо бунинг иложини қандай топса бўлади? Дарвоқе, Данила чол шу ишни бўйнига олмасмикан? “Балки буни илтимос қилсам, чолнинг аччиғи чиқар, ўзим эса шарманда бўларман? Балки оппа-осон рози бўлар”. У Данила чолнинг ҳикоясига қулоқ тутар экан, хаёлидан ана шу фикрлар ўтар эди. Данила Пряничков билан дьячиханинг овбоп даласига қандай бориб қолишгани-ю, шеригини ўша хотин билан қандай қовуштириб қўйганидан сўзларди.
“Чолга айтсам бўлар”, деб ўйлади Евгений.
– Жойи жаннатда бўлгур отангиз ҳеч бунақа аҳмоқона ишлар қилмасди.
“Йўқ, айтиб бўлмайди”, деб ўйлади бу гапни эшитиб Евгений, аммо бир синаб кўриш учун таваккал сўз бошлади:
– Ўзинг нега бунақа чатоқ ишлар қилгансан унда.
– Бунинг нимаси чатоқ экан. Аёли тушмагур ҳам хурсанд, Фёдор Захаровичнинг-ку оғзи қулоғида. Яна ҳамёнга бир рубль тушиб турибди. Нима қилсин ўша бечораям. У ҳам тирик жон! Эҳтимол, шароб ичар!
“Ҳа, айтса бўлади”, деб ўйлади Евгений ва дарҳол сўз бошлади:
– Сенга айтсам, Данила, – у шундай деди-ю, дувва қизарди, – жуда қийналиб кетдим. – Данила унга кулимсираб қараб турарди. – Роҳиб эмасман, ахир, тарки одат…
У гапи аҳмоқона чиққанини англаб, уялди-ю, аммо Данила маъқуллаб турганини кўриб, суюнди.
– Илгарироқ айтмайсизми шу дардингизни, иложи йўқ иш эканми бу! Сиз фақат фалон жувонни десангиз, бас.
– Оҳ, рости, менга фарқи йўқ. Фақат кўҳлик, соғлом бўлса, дегандим.
– Тушундим, – деди лабини қимтиб Данила. У ўйга толганди. – Ҳа, жуда кетворган биттаси бор, – деб бирдан гап бошлади у. – Ўтган кузда эрга чиққан, шуни синаб кўрсангиз-чи? – Данила бу ёғига шивирлашга ўтди. – Эри ҳеч нима қила олмайди. Овчига шуям қайғу бўлибди-ю!
Евгенийнинг юзи уятдан бурушиб кетди.
– Йўқ, йўқ, – деди у шоша-пиша. – Менга бунақаси керак эмас. Менга шунақаси керакки, ўзи кўҳлик ҳам соғлом-у, аммо ташвиши озроқ бўлсин – аскарликка кетган бирортасининг хотиними ёки бошқа шунга ўхшаганими…
– Топдим! Демак, сизга Степанида боп экан. Эри пул топгани шаҳарга кетган, аскарнинг хотини, деса ҳам бўлаверади. Лекигин ўзи кўҳлик, соғлом жувон. Кўнглингиз, албатта, тўлади. Бир оғиз бор десам, ўзи келаверади…
– Хўш, қачон?..
– Хоҳланг, эртагаёқ! Тамакига борганда, кириб ўтаман. Туш пайти шу қоровулхонага ёки ҳовли этагидаги ҳаммомга келинг. Ҳеч ким ҳалал бермайди. Ҳамма тушки уйқуга кетган бўлади.
– Майли, мен – рози!
Уйга қайтаётганида Евгенийни қаттиқ ҳаяжон босди. “Эртага нима бўлади энди? Қанақа жувон ўзи у? Бирор тасқара бўлса-чи? Йўқ, қишлоқи жувонлар кўҳлик бўлади, – хаёлидан ўтказди у ўзи ортидан кўз узолмай қараб қолган ёш аёлларни эслаб. – Аммо унга нималар дейман, қандай қўл теккизаман?”
Евгений кун бўйи ҳардамхаёл бўлиб юрди. Эртасига соат ўн иккида қоровулхонага келди. Уни эшик олдида жим қаршилаган Данила боши билан ўрмон тарафга маъноли ишора қилди. Евгенийнинг юраги дукиллаб уриб кетди, у юраги овозини эшитган кўйи ҳовли этагига қараб юрди. Аммо бу ерда ҳеч ким кўзга ташланмас эди. Ҳаммомга яқин борди – бу ерда ҳам ҳеч зоғ йўқ. Ҳаммомни кўздан кечириб, ташқари чиққан ҳамоно новданинг “қирс” этиб синган овозини эшитди. Йигит овоз келган тарафга қараган эди, жар ортидаги бутазорда бир жувонга кўзи тушди. Евгений жар оша ўзини ўша ёққа отди. Аммо жарда қичитқи ўсиб ётган экан, ҳовлиқишда буни пайқамабди – бутун бадани ачишиб-қичишди-ю, бурнидаги пенснесини ҳам тушириб, яна ортига чопиб чиқди. Жувон каштагулли оқ фартук, тўқ қизил тивит юбка, оч қизил рўмолда ялангоёқ турар, дуркун, соғлом, чиройли эди. У ўша ерда турганча, ҳайиқиброқ кулиб қарарди.
– Ўша ерда айлана сўқмоқ бор, шундан юра қолсангиз-чи, – деди у Евгенийга. – Биз келганимизга ҳийла бўлди. Йўғ-ей, кўп эмас.
Евгений жувоннинг ёнига борди, бирров кўз ташлади ва секин қўл теккизди.
Чорак соатдан сўнг улар икки тарафга қараб кетдилар. Евгений пенснесини қидириб топди-да, Даниланинг олдига кирди. Унинг “Мамнунмисиз, барин?” деган саволига жавобан индамай бир рубль узатди-да, уйига қараб кетди.
У мамнун эди. Аввалига бироз уялди. Кейин уят ўтиб кетди. Бари кўнгилдагидек эди. Энг муҳими, энди ўзини енгил, хотиржам, тетик ҳис қиларди. Жувонга эса тузукроқ разм ҳам солмади. Эсида қолгани – шу: у покиза, соғлом, кўҳлик ва оддийгина эди.
“Кимнинг хотини экан-а бу, – дер эди у ўзига-ўзи. – Данила, Пчельниковнинг дегандек бўлувди-я? Қандай одам экан ўша Пчельников? Пчельниковлар – бир эмас, икки оила. Афтидан, Михайла чолнинг келини бўлса керак. Ҳа, аниқ ўшаники. Чунки ўғли Москвада юради. Ўрни келганда, Даниладан сўрарман”.
Шу кундан бошлаб Евгенийнинг ҳаётидаги ўша кўнгилсизлик – ўзини ўзи тийилишга мажбурлаш барҳам топди. Энди ҳар хил фикрларга чалғишдан ҳам қутулиб, ўз ишлари билан бемалол шуғуллана бошлади.
Евгений бошлаб қўйган ишни енгил деб бўлмасди: унга баъзан ўзининг бу ишга иродаси етмайдигандек, охири ер-мулкини сотишга мажбур бўладигандек, бутун меҳнати чиппакка чиққани бир сира, яна ҳеч бир ишни эплолмайдиган ландовурга чиқиб қоладигандек бўлиб кўринарди. Уни ҳаммасидан ҳам шу ҳадик кўпроқ азоблар эди. Евгений энди бир тешикни ямадим деганда, бошқа ерда дарров янгиси пайдо бўларди.
Бу орада отасининг, ўзига илгари номаълум бўлган, қанча янги қарзлари чиқиб қолди. Отасиям умрининг охирида ким тўғри келса, ўшандан қарз кўтараверган кўринади. Евгений май ойида – мерос тақсимланаётганда отамнинг ҳамма қарзларини биламан, деб ўйлаганди. Бироқ ёзнинг ўрталарида унинг қўлига бир хат келиб тегди, унда отаси бева аёл Есиповадан ўн икки ярим минг рубль қарз кўтаргани битилган эди. Қарз олингани ҳақида вексель йўқ, оддий тилхат бор эди, холос. Адвокатнинг айтишича, бу тилхатни тан олмаса ҳам бўларди-ю, лекин шу важдангина отаси чиндан ҳам олган қарздан бўйин товлашни Евгений хаёлига ҳам келтиролмас эди. У фақат бу чинданам қарзми ё тагида бошқа гап борми, шуни билгиси келарди.
– Ойи, Калерия Владимировна Есипова деганлари ким ўзи? – деб сўради у онаси билан тушлик қилиб ўтиришганда.
– Есиповами? У – бобонгнинг асрандиси. Нима эди?
Евгений онасига хат ҳақида сўзлаб берди.
– Ҳайронман, наҳотки бу аёл уялмаса? Отанг унга қанча пул берган эди-я, – деди онаси.
– Ўзи қарздормизми ундан ёки йўқми?
– Буни сенга қандай айтсам экан. Қарздорликка қарздор эмасмиз-а, аммо отанг азбаройи валинеъматлигидан…
– Ҳа, бироқ отам буни ўзига бурч санарди.
– Рости, бирор йўл кўрсатолмайман. Бошим қотган. Ахир, сенга ҳозир шундоғам оғир…
Марья Павловна нима деярини ҳам билмай каловланиб турар, бу кайфияти ўғлига ҳам юққан эди.
– Бундан чиқди – қарз, уни узиш керак, – деди Евгений. – Эртагаёқ уникига бораман-да, муҳлатни узайтиринг, деб илтимос қиламан.
– Оҳ, сенга шунақаям раҳмим келяптики… Лекин, биласанми, яхшиси, унга айт: озроқ кутиб турсин. – Онаси ўғлининг қароридан кўнгли тинчиб ва ғурури жўшиб ана шундай деди.
Онаси ўғли билан бирга яшаса-да, унинг аҳволини тушунмаслиги Евгенийни ниҳоятда азоблар эди. Марья Павловна умрбўйи дабдабали яшаб ўрганганидан, бугун ёки эртага ишлар буткул орқага кетиб, ер-мулкидан ҳеч вақо қолмаслиги, ўғли бор-будини сотиб қарзларни узгач, ўзини ҳам, онасини ҳам давлат хизматидан олажак маоши ҳисобидан боқишга мажбур бўлиши, ўғлининг мавқеидаги одам учун эса бу маош йилига икки минг рублдан ошмаслигини хаёлига ҳам келтира олмасди. У ҳозирги вазиятдан фақат ҳар бир ерда харажатларни қисқартириш эвазига қутулиб қолиш мумкинлигини тушунмас, шу боисдан Евгений ҳар хил майда-чуйдалар, масалан, боғбонлар, извошчилар, хизматкорлар ва ҳатто дас­турхонга тортилажак ош-овқатлардан ҳам тежаб сарфлашга ийманаётганини пайқамасди. Бундан ташқари у, кўпчилик бева аёллар каби, марҳум эрининг хотирасини шунчалар эъзозлар эдики, унинг ўзига тириклигида бу қадар эъзоз кўрсатмаганди. У марҳумнинг қилган ишлари-ю, ўрнатган тартиблари нобоп деб топилиб, ўзгартирилиши мумкин деган фикрни эса хаёлининг яқинига асло йўлатмас эди.
Евгений боғ ва гулхонани икки боғбони, отхонани ҳам бир жуфт извозчиси билан сақлаб тураман, деб жонини жабборга берарди. Марья Павловна эса соддадилларча ошпаз чол дастурхонга тортаётган ош-овқатдан ҳам, хиёбондаги баъзи йўлкалар тозаланмай қолаётганидан ҳам, гумашталар ўрнига биттагина болакай қолганидан ҳам нолимаётганини жонфидо она ўғли учун нимаики қилиши мумкин бўлса, барини адо этишга йўяр эди. Евгений буниси энди жуда ортиб тушди-ку, дея зўрға бўйнига олган бу қарзга ҳам Марья Павловна ўғлига ўз олийжаноблигини кўрсатиш учун бир баҳонаи сабаб деб қаради. У Евгенийнинг моддий аҳволидан унча ташвишга тушмаётганининг яна бир сабаби – агар ўғлига тузуккина сепли келин топса, бари яна аввалги изига тушиб кетишига ишониши эди. Марья Павловна ўғлига айнан шундай келин топишига сира шубҳа қилмасди. У қизини Евгенийга жон-жон деб қўшқўллаб топширишга шай бир неча оилаларни биларди. Она ўғлини иложи борича тезроқ уйлантириш тараддудига тушиб қолганди.

(Давомини журналдан ўқийсиз)

Рус тилидан Муҳиддин РАҲИМ таржимаси

2019/7

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi