Игор КЛЕХ. МАСАЛНИНГ ХАЗИНА ДУНЁСИ

igor_klex

Одамларни масал билан овунтириш ҳақида

Инсонга унинг улуғворлигини таъкидламай туриб махлуққа монандлигига ишонтириш хавфли ишдир. Аммо унинг пасткашликка мойиллигини айтмасдан улуғворлигига ишонтириш хавфи ҳам бундан кам эмас. Янада хавфли томони – инсоннинг феъл-атвори икки тарафламалигини очиб ташламасликдир. Энг маъқули – унга бор гапни борлигича айтиш. Токи у аслида қандайлигини билиб олсин.
Блез Паскал

Масалнинг тарихи узун…

Масал, бу – инсониятнинг жониворлар ҳақидаги илк ибтидоий эртаклари билан улардан анча кейин пайдо бўлган мақол, матал ва замонавий латифалар орасидаги муҳим бир маъжозий бекатдир. Унинг ёши минг йиллар билан ўлчанади. Яъни, масал ҳозирги давр тушунчасидаги тамаддунга тенгдош ҳисобланади: қисқа ва ибратли маъжозий ҳикоялар эллик минг йил муқаддам пайдо бўлган шумерларнинг мих ёзувли тахтачаларида ҳам учрайди. Одамлар тўда-тўда бўлиб яшашдан юқорироқ даражадаги турмуш ҳолатига ўтиб, шаҳарлар барпо қилиб, давлатлар тузишганларида бу янги шароитдаги яшаш тарзи қоидаларини келишиб олиш зарурати туғилади. Бошқача қилиб айтганда, Икки дарё оралиғи, Миср, Ҳиндистонда халқни тарбиялаш кун тартибига қўйилди ва бу борада маълум ютуқлар қўлга киритилди. Масалан, Элладада эрамиздан олдинги ­I асрда Эзоп масаллари шаклланган.
Қачонки буюк ва қўрқинчли афсонабозлик (Олимпнинг ўлмас илоҳлари, турли хил баҳайбат махлуқлар, даҳшатли қисматлар) чекинишиб, театрларга кўчишгач ва бу одатий таомилга айлангач, буюк антик давр сўз санъати вужудга келди. Гомер эпоси, асил фалсафа ва фожиавий саҳна асарлари – зодагонларга, тўпори риторика, масаллар ва комедиялар оддий халққа хизмат қила бошлади. Шуниси таажжубки, ўта салобатли, кўзлари кўр Гомер соз чертиб, даҳшатли тарихий воқеалар ҳақида куйлади, Эзоп эса бадбашара қул бўлишига қарамай, ҳазил-мутойиба билан сўзлар, суҳбатдошини мот қилиб қўяр, масаллар айтарди, унинг бу масаллари кейинчалик юнон саҳҳофлари томонидан битикка туширилди ва адабий жиҳатдан қайта ишланди.
Бир ўйлаб кўрайлик-чи, Эзоп масалларининг аксарият қаҳрамонлари нега жониворлар? Ҳа, бу шунчаки савол эмас, фалсафий савол.
Кўриниб турибдики одамлар дастлабки даврда ўзларини табиат дунё­сидан алоҳида деб ҳисоблашмаган, шу боисдан ҳам жониворлар улар учун илоҳий саволларнинг муносиб жавоблари бўлиб туюлган. Ахир, улуғвор ва қудратли қиёфага, салобатли ёлларга эга бўлган Шер юриш-туриши, мағрур нигоҳи билан шоҳларга ўхшамайдими? Бўриларнинг раҳмсиз овчилардан нима фарқлари бор? Кичикроқ ва заифроқ бўлган жониворларга устамонлик ва айёрлик хислатлари хос эмасми? Чумолилар ва боларилар уста қурувчиларни эслатмайдими? Сувда сузувчи парандалар кема қурувчиларга сузишни кўрсатиб уларга илҳом беришмаганми? Итнинг эгасига содиқлигидан ортиқроқ содиқлик борми дунёда? Буларнинг ҳаммаси дастлабки даврлар одамларининг ақл-тафаккурлари учун бебаҳо хазина эмасмиди? Инсон вақти-соати келиб жонли табиат сабоқларини ўзлаштириб ва уларни масалнинг рамзий тилига ўтказгач, ўзини жониворлар оламидан ажратиб олди ва ўзини улардан беқиёс даражада юқорига қўйди. Турган гапки, масалдаги жонивор фақатгина рамзий ва мажозийгина бўлиб қолмай, турли хилликка эга бўлди, турли қитьаларда яшовчи турли халқлар ҳар хил жониворларга турлича сифатлар бердилар.
Масалнинг умри ХIХ асрнинг ўрталарига келиб материалистик таълимотларнинг тантанаси ва техник тамаддуннинг кенг жорий этилиши оқибатида тугади. Дарвин, Маркс, Фрейд ва Павловларнинг илмий назариялари, ҳайвонларнинг юриш-туришлари сирларини баён этувчи генетика, кибернетика ва этология фанларининг вужудга келиши жониворлар хусусидаги олдинги содда қарашларни чиппакка чиқарди. Адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори Чеслав Милош ўзининг учинчи минг йиллик бўсағасида ёзган “Огоҳлантирув” асарида “Болаларнинг расмлари бўяладиган китобчаларида одамлардай гапирадиган қуёнчалар, кучуклар, олмахонлар, чигирткаларни кўргансиз. Уларнинг ҳақиқий жониворлар ва ҳашаротлар билан ўхшашликлари бизнинг дунё ҳақидаги қарашларимизу ҳақиқий дунё ўртасидаги фарқдан иборатдир”, деган эди.
Масал жанрини “кўмган” охирги масалчилар – қўпол ҳазиллар муаллифи бўлмиш хорижлик Амброэ Бирс, Россияда эса адабий пародия ва лақиллатиш устаси бўлган тўқима образ – Кузма Прутков бўлди. Шунингдек, совет адабий тарғиботчилари Демьян Бедний, Маяковский, Михалков ва шунингдек, ўз даврида машҳур бўлган Феликс Кривинларни ҳам шу қаторга қўшиш мумкин.
Келинг, биз масал жанрининг келиб чиқиш манбалари ва у эришган чўққиларни кўриб ўтайлик. Масал жанрининг асосчиси ва Эзоп тили деб номланган услубнинг кашфиётчиси бир томондан худди Хўжа Насриддин сингари афсонавий шахс бўлиб, иккинчи томондан, тарихчи Геродотнинг гувоҳлик беришича, тирик инсон бўлган.
Тўғри, Эзоп ҳақидаги аниқ маълумотлар бармоқ билан санарли даражада. Шуниси маълумки, у эрамиздан олдинги VI асрда яшаган, Кичик Осиёда, Юнонистоннинг Самос оролида дунёга келган ва қул қилиб сотилган бадбашара ҳабаш бўлган. Қулларни ваҳшийлар деб атаган ўша давр юнонлари нуқтаи назарида у икки оёқли уй ҳайвони саналган. Шу сабабдан уни сотиб олган хўжайинларини ва сўзларини эшитган кишиларни Эзопнинг ажойиб ҳазил-мутойибалари, ўткир ақли ва ўта донолиги ҳайратга солар эди. Бу ўта ақллилик ва донолик Эзоп қариган чоғида унинг бошига балолар келтиради. У Делфа шаҳри одамларининг текинхўрлик ва бадғаразликларини фош қилишга киришади. Бу шаҳарда юнонларнинг муқаддас ибодатхонаси бўлиб унда тақдирни олдиндан айтиб берувчи башоратгўй аёл ва кўплаб коҳинлар истиқомат қилишарди.
Делфаликларга Эзопнинг уларни фош қилувчи ўткир сўзлари ёқмайди, унинг тўрвасига Аполлон эҳромидан келтирилган тилла косани солиб қўйиб, уни ўғирликда айблаб ўлимга ҳукм қиладилар ва қоядан ташлаб юборадилар. Бу воқеа ҳақиқатдан ҳам шундай юз берган бўлса, у файласуф Суқрот ва бошқалар бошига тушган шафқатсиз жазоларни биринчи бўлиб татиб кўрган бўлади.
Эзопнинг юнонларга маъқул келиб, оғиздан оғизга ўтиб, халқ мулки, оғзаки ижодига айланган масаллар тўқигани ҳақиқат. Бир неча аср ўтгандан сўнг бу жанрда ёзилган барча асарлар Эзопники деб ҳисоблана бошланди. Бу пайтга келиб муаллифнинг таржимаи ҳолига ҳам турлича афсоналар, тафсилотлар қўшилди. Булар Эзопнинг ҳаддан ташқари хунук бўлгани, қуллар бозорида “Ким ўзига хўжайин сотиб олмоқчи бўлса мени харид қилсин”, деб қичқириб тургани, ўзининг доноларча мулоҳазаси билан Самос оролини шоҳ Крёз томонидан босиб олинишидан сақлаб қолгани ва бу хизмати учун қулликдан озод этилгани ва шоҳ Крёзга ҳамда Бобил ва Миср подшоларига маслаҳатчи сифатида хизмат қилгани, ўша даврнинг энг машҳур файласуфлари бўлмиш етти донишманд зиёфатида иштирок этгани, делфаликлар олдида қандай масални айтгани ҳамда улар доно масалчини қатл этганликлари учун вабога дучор бўлгани ҳақида эди.
Эрамиздан олдинги 323 йилда Александр Македонскийнинг вафотидан сўнг қадимги юнон дунёси узоқ ва аста-секинлик билан сўниш даврига кирганида бу оғзаки ривоятлар қоғозга туширилди ва у ёки бу даражада адабий ишлов берилди. Эрамизнинг охирларига келиб Эзоп ҳақидаги афсоналар анчагина тугал бир тусга эга бўлди. Номаълум муаллифнинг “Ксанф файласуф, унинг қули Эзоп ёхуд Эзопнинг бошдан кечирганлари” асари бу мавзуни якунлади. Эзоп масалларининг бир ярим минг йилдан ортиқроқ вақт давомида Европа мамлакатлари ва Шарқда қайта-қайта ёзилиб, турли тилларга таржима қилиниши унинг номини абадийлаштиришга хизмат қилди. Эзопнинг тарихчи ва адабиётшунослар тан олган энг қадимги ва шу боисдан энг ишончли масаллар мажмуаси “Эзопнинг асосий тўплами”дир. 244 ҳикоядан иборат бўлган бу мажмуа кейинчалик Лафонтен ва Криловлар томонидан давом эттирилди. Буларнинг барчаси Эзоп оламини ташкил этади. Бу олам қандай вужудга келган эди?
Масал худди афсонавий Янус сингари икки қиёфага эгадир. Эзоп масаллари ҳам шундай турли маъно жиҳатларига қурилган. Масалларнинг икки турли қиёфага эга бўлиши шу билан изоҳланадики, масал қизиқ воқеани ҳикоя қилиш орқали ўқувчини қизиқтиради, шу билан бирликда, бу тасвир насиҳат билан йўғрилиб кетади. Худди тана билан руҳ сингари улар ҳам турличадир, бу эса масалга алоҳида жозиба бахш этади.
Эзоп бир томондан жамият тубидаги хўрланганлар, эзилганларнинг норозиликлари ифодачисидир. Иккинчи томондан эса фақат бузишгина эмас, яратишга қаратилган инсон шахсиятини улуғлаш тарафдоридир. У ҳаётга танқидий кўз ва умидсизлик билан қарайди: дунёни ёвузлик ва адолатсизликка асосланган куч бошқаради, кўзга кўриниб турган нарса – алдоқчи, тақдир ўзгариб туради, ҳис-туйғулар ҳам алдамчидир. Шунинг учун ҳар ким ўзига ишонган ҳолда, ўз кучини чамалаган ҳолда ўз ўрнини билмоғи, кўрпасига қараб оёқ узатмоғи лозим. Ҳар бир масалнинг сўнггида келадиган қиссадан ҳисса, бошқача қилиб айтганда, ташвиқот шиорига икки тараф – оддий одамлар ва қайси тарихий, ижтимоий ва сиё­сий тузум бўлишидан қатъи назар ҳукмронларнинг ғоявий хизматкорлари жон-жаҳдлари билан ёпишиб олдилар. Эзопнинг кўпчилик масалларидан келиб чиқадиган туб ахлоқий хулосани уларнинг таржимони ва антик даврнинг ўткир билағони Михаил Гаспаров: “Ҳеч ким мавжуд аҳволни ўзи учун яхшироқ бўлсин деб бузишни хоҳламас эди, мабодо шундай қилганда ҳам унинг учун аҳвол яхшироқ эмас, балки бундан бадтарроқ бўларди”, деб изоҳлаган эди.
Юқоридаги фикр Эзоп масалларининг жанр сифатидаги туб моҳиятини ташкил этади: у ижобий намуна эмас, балки нима қилмаслик кераклигини кўрсатиб беради, бу эса бу масалларни оилаларда ва мактабда машҳур қилди ҳамда мана – икки минг йилдан кўпроқ вақтдан бери ўқиб келинишига сабаб бўлди.
Гап Эзоп масалларининг кучи бугун ҳам бемалол севиб ўқилишидадир. Бунинг сабаби Эзоп оддий доно насиҳатгўй эмас, маънавий донишманд ва рамзий масаллар ижодкори. Одоб-ахлоқ белгилаб қўйилган ва бузилиши мумкин бўлмаган тамойиллардан иборат бўлса, тўғри юриш-туриш санъати мавжуд шароитдан келиб чиқади. Юриш-туриш қоидалари одоб-ахлоқдан ўзининг келишувчанлиги ва нисбатан юмшоқлиги билан ажралиб туради.
Масал дунёга келгандан бери унда икки хил йўналиш мавжуд бўлиб келмоқда. Ахлоқшунослар, ўқитувчилар, назариётчилар, мафкурачилар масалнинг биринчи вазифаси унинг насиҳатомуз қиссадан ҳиссаси деб билишса, ижодкорлар унда ҳикоя қилинган уйғун воқега эътибор берадилар. Бу тортишувда кўпроқ ижодкорлар ютиб чиқишди ва бу жанр аста-секин бўлса-да адабий тасвирнинг муҳимлиги томонига ўсиб бораверди ва шу билан Эзоп масаллари даври ўз ниҳоясига етди.

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi