Иван Алексеевич Бунин (1870–1953) Арсеньев ҳаёти

ivan_bunin

(Роман)

1917 йилги Октябрь тўнтаришидан сўнг Россияда янги сиёсий тартиблар жорий этилиши айрим санъаткорларда норозилик кайфиятини уйғотди ва уларни ўз қадрдон юртини тарк этиб, чет элдан паноҳ излашга мажбур қилди. 1920 йили “Спарта” кемасида Францияга йўл олган буюк рус ёзувчиси Иван Алексеевич Бунин ҳам ана шулардан бири эди. Аммо Бунин 33 йил Россиядан четда яшаган бўлса-да, ҳар қачон ватанига қалбан содиқ қолди. Унинг қуйидаги дардли сўзлари фикримизга исбот бўла олади: “Россияни, рус табиатини биз ўзимиз билан бирга олиб кетганмиз. Биз қаерда бўлмайлик, уларни дилдан ҳис қилиб яшаймиз”. Аммо собиқ Шўролар замонида Бунинга аксилсовет ёзувчи деган тамға босилиб, душманлик назари билан қаралди. Унинг ижоди ўзбек китобхонига ҳамон кенг таниш эмаслиги, асосан, шу омил билан изоҳланади.
“Арсеньев ҳаёти” романи, таъбир жоиз кўрилса, Буниннинг бош китобидир. У оғир ҳаётий синовларни енгиб ўтган ва катта ижодий тажриба орттиргандан сўнггина асарни ёзишга киришди. Муаллифнинг ниятига кўра, роман бир инсон ҳаётини у дунёга келганидан то вафот этгунига қадар тўлиқ гавдалантириши лозим эди. Лекин, таассуфки, адибга ўз ниятини тугал амалга ошириш насиб этмади. У роман қаҳрамони – Алексей Арсеньевнинг фақат ёшлик даврини қоғозга туширишга муваффақ бўла олди, холос.
Роман устидаги меҳнат 1927 йилдан 1933 йилгача давом этди. Бунин асарга ўз ёшлигининг кўпгина воқеларини асос қилиб олди. Бироқ, шунга қарамай, “Арсеньев ҳаёти”ни, тўла маънода, автобиографик роман деб аташ қийин. Чунки асарнинг катта қисми бадиий тўқима билан бойитилган. Романда ёш Алексейнинг 20 йиллик ҳаёт йўли XIX аср охиридаги Россия ижтимоий воқелиги фонида тасвирланади. Бу давр, энг аввало, Русь заминида феодал тузумнинг инқирозга учраши – 1861 йили крепостной ҳуқуқи бекор қилиниши оқибатида йирик ер эгалари хонавайрон бўлиши билан эътиборга моликдир. Ёзувчи романда ижтимоий воқеликка объектив ёндашади: ўзи мансуб бўлган дворянлар табақаси ҳалокатини рўй-рост гавдалантиради. “Арсеньев ҳаёти” романи ғоят жозибадор услубда ёзилгани ва катта ижтимоий-бадиий қийматга молик бўлгани сабаб 1933 йилда Нобель мукофоти билан тақдирланди.
Юқорида қайд этганимиздек, ўзбек китобхони Бунин меросининг фақат бир қисми билан таниш, холос. Айниқса, “Арсеньев ҳаёти” романи ҳозиргача она тилимизда жарангламагани чуқур таассуф уйғотади. Биз айни бўшлиқни тўлдириш мақсадида асарни ўзбекчага ўгиришга жазм этдик. Романдаги шеърий парчаларни шоир дўстимиз Муҳаммадали Қўшмоқов таржима қилиб берди.

Таржимон

Биринчи китоб

Ёшлик

I

“Нимaики хатга туширилмаса, бегумон унутилгай. Хатга туширилгани эса боқий сақлангай…”
Мен бундан ярим аср аввал ўрта Россиядаги бир қишлоқда, отамнинг қўрғонида туғилдим.
Қанийди одам қачон туғилганию қачон ўлишидан мутлақо бехабар бўлса! Шу боис менга қачон туғилганимни айтишганидан афсусланиб юраман. Агар айтишмаса эди, ҳозир ёшим нечадалигини билмасдим. Энг муҳими, унинг тоғдек зил юки елкамдан босиб турмасди. Ўшанда яна ўн ёки йигирма йилдан кейин ўлишим ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмасдим. Борди-ю мен бирор кимсасиз оролда туғилганимда, бу дунёда ўлим деган нарса борлигини ҳам билмаган бўлардим. Шуни назарда тутиб, “Мана буни бахт деса бўлади!” – деб хитоб қилиб юборгим келади. Лекин яна ким билади, дейсиз? Балки бу – бахт эмас, айни бахтсизлик бўлиб чиқар! Ўлим нималигини билмай яшаб ўтиш мумкинми ўзи? Ўлим туйғуси бизга туғма ато этилмаганми, ахир?! Шу туйғу бўлмаганида, мен ҳаётни ҳозиргидек қаттиқ сева олармидим?
Арсеньевлар уруғи, уларнинг келиб чиқиши тўғрисида мен деярли ҳеч нима билмайман. Биз нимани ҳам билардик ўзи? Фақат шуниси маълумки, насаблар китобида Арсеньевлар уруғи “жуда қадимдан давом этиб келаётганлар” қаторида тилга олинади. Камина бир умр бизнинг наслимиз, гарчи қашшоқлашиб қолган бўлса-да, бироқ ҳамон бообрў эканини ҳис қилиб, шундан ғурурланиб қувониб яшайман. Уруғ-аймоғининг тайини йўқ аллақандай қаланғи-қасанғилардан эмаслигим кўнглимга хотиржамлик бахш этади. Черков Руҳлар кунидаги маъвизаларда барча ўтганларни дуо билан эсга олинг, дея панд-насиҳат қилади. Шу куни ажойиб бир дуо янграйди: “Эй Худойим, Ўзингга тоат-ибодатда бўлган барча бандаларинг, Одам Атодан то отамизу акаларимиз, ёр-биродарларимизу қариндош-уруғларимизгача, шояд, Сенинг раҳматинг ва элчинг Иброҳимнинг шафоатига ноил бўлиб, абадий роҳат-фароғат топгай!”
Бу дуода “ибодат” сўзи бежизга тилга олинмаган. Шу ибодатни бир замонлар адо этган отаю акаларимиз билан боғлиқликни, яқинликни ҳис қилиш, ахир, одамга нақадар зўр қувонч бахш этади! Кўп асрлар олдин аждодларимиз “Худонинг ҳар бир инсон ҳаётидаги покиза ва бардавом йўли” ҳақидаги таълимотга эътиқод қўйишган. Бу йўл фоний ота-оналар оша фоний зурриётларга кўчади ва шу тариқа абадият касб этади. Яратган Эгам қоннинг, зотнинг тозалиги, бардавомлигини сақлашга буюрган, зероки, илоҳий йўл булғанмасин, узилиб қолмасин. Ҳар гал янги фарзанд туғилиши билан қон, зот янада поклансин, авлодлар оша Парвардигорга яқинлик – қурб ҳосил қилинсин.
Аждодларим орасидан ярамаслар ҳам чиққан бўлса бордир. Лекин доим аввалги авлод кейингисига “Сиз олий насаб инсонлар авлодисиз, ҳеч қачон буни унутманг!” дея қонни, зотни тоза сақлашни васият қилган. Мен ўз насабим гербига баъзан назар ташлаб, шундай ҳис-туйғуларни бошдан кечираманки, уларни ифодаб беришим қийин. Гербда рицарлик қурол-аслаҳалари – совут ва туяқуш пати билан безатилган дубулға акс этган. Булардан пастроқда эса қалқон тасвири. Қалқон ўртасида садоқат ва абадият рамзи – узук ярақлаб турибди. Узукка юқори ва қуйидан хочсимон дастали учта қилич келиб туташади.
Бугун менга ватан бўлиб турган мамлакатда, бизга бошпана берган шаҳар каби, бир вақтлар довруқ қозонган, аммо ҳозир ҳувиллаб қолган гўшалар анча. Бу шаҳарлар аҳолиси қашшоқликка ботиб, майда ташвишларга ўралашиб яшайди. Бироқ ана шу ночор ҳаёт узра ҳам – бу асло бежиз эмас – салиб юришлари замонидан қолган кулранг минора виқор билан юксалиб туради. Ундан пастроқда ажойиб равоқли муҳташам ибодатхона кўҳна нақшларини кўз-кўз этганча ястаниб ётади. Осмонўпар хочда эса Парвардигор жарчиси – хўроз осий бандаларни Худо салтанатига чорлайди.

II

Энг биринчи хотирам жуда арзимас бўлиб, ўзимда ҳам ҳар гал таажжуб уйғотади. Куз арафасида қуёш нуридан ёришган кенггина хонани аниқ эслайман. Жануб тарафдаги деразамиздан қарасам, қуёш қия тепалик устида нур сочиб турибди. Фақат шу лаҳзагина, шунинг ўзигина эсимда қолгани таажжуб! Қизиқ, шу кун, шу соат, шу дақиқада онгим арзимас бир сабаб билан нега қўққис ёришиб кетди экан? Ва шу дақиқадан яна хотирам, қай сабабга кўра, анча вақтгача бирдан ўчиб қолди экан?
Энг кичиклик пайларим менда маъюс таассуротлар қолдирган. Балки ҳар кимнинг ҳам энг кичиклик чоғлари қайғули ўтар: ҳали ҳаёт нималигини англамаган митти жонга дунё жимжит ва омонат туюлади. Унинг ҳуркак ва бегуноҳ қалби ҳар нарсадан бегонасираб туради. Болалик – бахтга тўла олтин давр, дейишади. Бироқ, аслида, бу – бахтсизлик даври! Бола қалби салгинага лат ейди, энг ачинарлиси – ана шу!
Балки менинг мурғаклик даврим айрим сабабларга кўра қайғулироқ ўтгандир? Эҳтимол, бу – менинг чекка бир қишлоқда ўсиб улғайганим билан боғлиқдир. Даштни эсга солувчи далалар, уларнинг ўртасида ёлғиз сўппайган қўрғон. Қишда бу поёнсиз далаларни қалин қор, ёзда эса ғалла, ўт-ўлан ва гул-чечаклар қоплайди. Далалар, қачон қараманг, жимжит бўлади, бу жимжитлик жуда сирли туюлади. Наҳотки, бу жимликни бирорта суғур ёки тўрғай овози ҳам бузмаса? Йўқ, улар бирор имдод сўраб ёлвормайди ҳам, бирор мўъжизадан ҳайратга тушмайди ҳам, биз – инсонлардан фарқли ўлароқ, улар дунёнинг сирли қалбини ҳис этмайди, маконнинг даъватию вақтнинг чопқиллашини сезмайди. Ваҳоланки, менинг қалбимга бу туйғулар ўша пайтдаёқ таниш эди. Осмоннинг тубсизлиги, далаларнинг бепоёнлиги улардан-да нарида бошқа қандайдир бир олам борлигига ишора қилаётгандек бўларди. Бу қалбимда ўта ноёб бир нималар ҳақида орзу ва соғинч туйғусини уйғотар, ўзимга ҳам нотаниш ким ёки нимагадир мубҳам севги ва назокат ҳиссини жўш урдирар эди…
Ўша вақтда нега далаларда одамлар кўринмасди? Бизнинг қўрғонимиз Каменка қишлоғи деб аталарди. Асосий мулкимиз эса Дон дарёсининг нарёғида эди. Отам ўша ёққа тез-тез отланар ва узоқ вақт қолиб кетарди. Қишлоқдаги хўжалигимиз катта эмас, ҳовлимизда бир неча хизматкор бор эди, холос. Одамлар оз бўлса ҳам, барибир, ҳаёт қайнар эди. Қўрғонда итлар, отлар, қўйлар, сигирлар, аравакаш, оқсоқол, ошпазлар, подачилар, энагалар, отам ва онам, гимназист акаларим, беланчакда ётган синглим Оля бор эди…
Ҳайронман, нима сабабдан хотирамда фақат ёлғизлик пайтларим сақланиб қолган? Мана, ёзнинг яна бир куни тугаб, оқшом чўкмоқда. Қуёш аллақачон уйимиз, боғимиз ортига ўтиб кетган, ҳайҳотдек бўм-бўш ҳовлимизни соя қоплаган. Мен бўлсам (дунёда ёлғиз, якка-ёлғиз) ҳовлимиздаги ям-яшил, салқин ўт-ўланлар устида ётибман. Худди кимнингдир чиройли ва қадрдон мовий кўзларига боққандек, тубсиз осмонга, руҳим маконига тикиламан. Юксак-юксакда оппоқ булут сузиб бораркан, секин-аста юмалоқланиб, шакл-шамойилини ўзгартиради… Одамнинг юрагини нақадар эзадиган гўзаллик! Қани шу булутга ўтириб олсанг-да, шу ваҳмкор баландликда, бепоён осмонда Яратган Эгам ва оқ қанотли фаришталар сари сузиб бораверсанг!
Мана, энди қўрғонимиз орқасида, далада турибман. Яна худди ўша кунгидек оқшом. Фақат ҳали қуёш уфқда нур сочиб турибди. Ҳамон дунё­да ёлғиз қолгандек ҳис этаман ўзимни. Қаёққа назар солмай, ҳаммаёқ жавдару сули бошоқлари билан қопланган. Эгик бошоқлар остида эса беданаларнинг сирли ҳаёти қайнайди. Ҳозир беданалар сукут сақламоқда, умуман, оламни жимжитлик босган. Гоҳо бошоқлар орасида малларанг ғалла қўнғизи маъюс ғинғиллаб қўяди. Мен уни озодликка қўйиб юбораман-да, ҳайрат билан суқланиб қараб қоламан. Ўзи нима бу? Қандай жонивор бу сариқ қўнғиз? Қаерда яшайди у? Қаёққа, қай мақсадда учиб кетаётган эди? У нимани ўйларкин, нимани ҳис қиларкин? Қўнғиз ўзини жиддий ва жаҳлдор тутади: мана, бармоқларимда типирчилаб юрибди, қанот-қалқонларини шитирлатяпти, аввал ўша қанот-қалқонлар остида сарғиш харир патчалар кўринади, сўнг қанот-қалқонлар иккига ажралиб, харир патчалар ёйилади ва қўнғиз ҳавога кўтарилади, эркин нафас олиб, баҳузур ғўнғиллайди-да, мени тарк этганча осмонга сингиб йўқолади. Шу асно у мени янги бир туйғу билан бойитиб кетади: қалбимда айрилиқ изтироби қолади…
Мана, яна уйдаман: яна ёзги оқшом, яна ўша ёлғизлик. Қуёш жимжит боғ орқасига ўтиб кетган, бўм-бўш зал, бўм-бўш меҳмонхона – нимқоронғи. Ваҳоланки, қуёш кун бўйи чарақлаб, уларни ёритган эди. Энди эса бурчакдаги паркет сиртида, қадимий стол оёқлари орасида бир тутамгина нур яллиғланиб турибди. Оҳ, Яратган эгам, шу бир тутам нурнинг сокин ва маъюс гўзаллиги нақадар азобли! Яна ҳам кечроқ, боғ тунги сирли қора тусига кирган, мен қоп-қоронғи ётоқхонамдаги каравотчамда ётган пайтим менга деразадан жудаям баланддан бир юлдуз жимгина тикилгани-тикилган эди. Унинг менда қандай юмуши бўлиши мумкин? У шу тахлит сукут сақлаганча, нималар дерди, қайларга чорларди, неларни эслатарди?

III

Болалик мени аста-секин ҳаёт билан боғлай бошлади – бу ёғига хотирамдан баъзи одамларнинг юзлари, қишлоқ турмушининг айрим манзаралари, баъзи содир бўлган воқеалар лип-лип ўтади…
Ўша воқеалар орасида биринчи ўринда ҳаётимдаги илк саёҳатим турадики, бу барча сафарларим ичида энг узоғи ва ажойиби бўлган эди. Отам билан онам шаҳар деб аталган сирли дунёга мени ҳам бирга олиб кетишди. Ўшанда мен одамнинг орзуси ушалса, у қанчалик қувонишини ва айни чоғда агар орзуим ушалмай қолса-чи, дея нечоғли қўрқишини илк бор ҳис қилдим. Эрталабданоқ извошхонадан судраб чиқарилган тарантасга термулганча, қуёш тиғи остида узоқ азоб чекиб кутганим ҳозиргача яхши эсимда. Қачон извошга отларни қўшишар экан, сафарга тайёргарлик қачон тугар экан? Сўнгра жуда узоқ йўл босганимиз ҳам яхши ёдимда, биз босиб ўтган далалар, жарликлар, қишлоқлар, чорраҳаларнинг чеки йўқдек эди. Йўлда ғалати бир воқеа рўй берди: бир жарликда – қуёш ботиб бўлган, жой ҳам овлоқ эди – нариги қияликдан бир “қароқчи” камарига болта тиқиб олганча эман буталарини оралаб тушиб кела бошлади. Бу мен ўша пайтгача ва умримнинг охиригача кўрган деҳқонлар ичида энг сирлиси ва қўрқинчлиси эди. Шаҳарга қандай кириб келганимизни эслай олмайман. Аммо шаҳар тонгихотирамда аниқ сақланиб қолган! Мен баланд бир бинодан пастга худди жарликка боққандек қараб турар эдим. Қуёш нури, ойна ва пештоқлар кўзларимни қамаштирар, осмондан эса оламга аллақандай ажиб куй ёғилар эди. Бу жаранг ва гулдурос Фаришта Макоил жомеси қўнғироқхонасидан таралар эдики, ундаги виқор ва ҳашам Римдаги Пётр ибодатхонасининг ҳам тушига кирган эмас. Фаришта Макоил жомеси шу қадар маҳобатли эдики, шу сабаб кейинроқ Хеопс пирамидасини кўрганимда ҳам ҳеч қандай ҳайратга тушмадим.
Шаҳарда мени ҳамма нарсадан ҳам этик мойи кўпроқ лол қолдирди. Шаҳар бозорида этик мойи солинган қутичани қўлимга тутқазишганда, у менда умрим бўйи учратган ҳамма нарсадан ҳам ортиқ қувонч ва завқ уйғотган эди. Бу доирасимон қутича оддийгина дарахт пўстлоғидан ясалган, бироқ шунга қарамай, у катта санъаткорлик билан қутичага айлантирилган эди! Этик мойининг ўзи-чи, у қоп-қора ва юмшоқ бўлиб, сирти хира ялтираб турар, ундан спирт ҳиди анқирди! Шундан кейин яна иккита зўр хурсандчилик юз берди: менга қўнжида қизил сахтиён жияги бор этикча олиб беришди. Этикчам ҳақида аравакаш бир умр эсимдан чиқмайдиган сўзни айтди: “Қулинг ўргулсин этикча экан-да, ўзиям!” Яна дастасида хуштаги бор қайиш ўрма қамчи ҳам олиб беришди! Қизил сахтиён жиякли этикчани ҳам, қайишдан ясалган ўрма қамчини ҳам қанчалик ҳузур ва ҳаяжон билан силаб-сийпалаганимни кўрсангиз эди! Қўрғонга қайтгач, каравотчамда ётволиб, оёқ томонимда янги этигим тургани, ёстиғим остига эса ўрма қамчи беркитиб қўйилганидан ўзимни дунёдаги энг бахтли одам санар эдим. Ўша таниш юлдуз эса деразадан менга термулганча гўё бундай дер эди: мана энди ҳамма нарсанг бор, бундан ортиғи бўлмайди, ортиғига ҳожат ҳам йўқ!
Менга илк бор ҳаёт қувончлари эшигини очган бу саёҳат яна бир таассурот қолдирди. Бу таассуротга сабаб бўлган воқеа шаҳардан қайтишда юз берди. Биз шаҳардан кечга яқин йўлга чиқдик. Узун ва кенг кўчадан ўтдик.У биз қўнган меҳмонхона ва Фаришта Макоил черкови жойлашган кўчага қараганда анча хароб эди. Биз катта бир майдондан ўтгач, кўз олдимизда яна таниш дунё – далалару қишлоқча сиполик ва эркинлик юз кўрсатди. Йўлимиз ғарбга, яъни қуёш ботаётган томонга тушар эди. Мен тўсатдан бир одамни кўриб қолдим. У ҳам қуёшга ва далаларга термулиб боқди: шаҳардан чиқаверишда баҳайбат ва жирканч бир бино қаққайиб турарди. Бу бино мен шу пайтгача кўрган ҳеч бир уйга ўхшамас эди – деразалари жуда кўп бўлиб, ҳар бирига темир панжара қўйилганди. Бино атрофи баланд тош девор билан ўралган эди. Баҳайбат дарвозаси эса ёпиқ турарди. Панжарали бир дераза ортида кулранг мовутдан кўйлак ва қалпоқ кийиб олган киши кўринди. Унинг шишинқираган заҳил юзида мубҳам ва мудҳиш ифода акс этарди. Шундай юзли одамни биринчи марта кўришим: унинг юзида соғинч, изтироб ва мутелик ифодаси шиддатли, аммо маъюс бир орзумандлик билан қўшилиб кетган эди. Ота-онам ўша бинонинг қандайлигию панжара ортидаги одамнинг кимлигини менга айтиб беришди. Бундай кишилар маҳбуслар, сургун қилинганлар, ўғрилар, қотиллар деб аталувчи тоифага кирар экан. Бироқ биз қисқа умримиз давомида оладиган бундай билимлар менга худди арзимасдек туюлади: ҳайриятки, булардан ташқари бизга туғма ато этиладиган бошқа жуда бой билимлар ҳам бор. Ўша панжара, ўша маҳбус қалбимда уйғотган таассуротлар олдида ота-онам менга айтиб берган гаплар ҳеч нима эмас эди. Мен туғма билимларим ёрдамида ўша кимсанинг қабиҳ қалбини ўзимча ҳис қилдим. Эман буталари чакалакзор бўлиб ўсган жарда камарига болта қистириб юрган деҳқон ҳам қўрқинчли эди. Лекин у ростакам “қароқчи” эдики, бунга сира шубҳа қилмайман. Бирдан рўпарангдан “қароқчи” чиқиб қолиши жуда қўрқинчли, айни чоғда, худди эртакдагидек, жуда ғаройиб эди. Бу маҳбус, бу панжара эса…

(Давомини журналдан ўқийсиз)

Рус тилидан Санжар СОДИҚ таржимаси

2019/9

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi