Жадидлар қандай ижтимоий тузумни орзу қилганлар ёхуд уларнинг давлат тўғрисидаги қарашлари

fyodir_alberti

XIX аср охири – XX асрнинг биринчи чорагида Туркистонда фаолият кўрсатган ижтимоий-сиёсий оқим – жадидлар тўғрисида адабиётларда ҳар хил қарашлар мавжуд. Бундай қарашларнинг айримларида Туркис­тон жадидлари маърифат ва маданиятда жузъий ислоҳотлар ўтказишдан юқори кўтарила олмадилар, уларнинг сиёсий мақсадлари чекланган, давлат тўғрисидаги тасаввурлари тиниқлашмаган эди, деган фикр илгари сурилади. Ҳақиқатан ҳам, Туркистон жадидлари ижтимоий тузум, давлат тўғрисида муайян концепцияга, аниқ қарашга эга бўлмаганларми? Ҳақиқатан ҳам, уларнинг давлат тўғрисидаги тушунчалари эътибор беришга арзимайдими? Бу саволларга жавоб қайтаришдан олдин юзаки бўлса-да, жадидликнинг моҳиятига назар ташлайлик.
Кишилик жамиятининг кўп асрлик тарихи хилма-хил ҳаракат, таълимот, сиёсий оқим ва фирқаларни вужудга келтирди. Бунинг асосий сабаби башариятнинг адолатли, инсонпарвар жамият қуриш учун, зулм ва зўравонликдан, қуллик ва мустабидликдан, тенгсизлик ва жаҳолатдан қутулиш учун тинимсиз изланиши эди.
XIX асрда феодал қолоқлик Шарқни ғарблик мустабидларга қарам бўлишга олиб келгани сабаб миллий зулмдан қутулиш учун озодлик кураши асосий ижтимоий дастур ҳисобланарди. Озодлик, мустақиллик, эркка феодал қолоқликдан, жаҳолатдан қутулгандагина эришиш мумкин бўлган. Бунинг учун жамиятдаги мавжуд тузумни тубдан ислоҳ қилиш лозим эдики, шундай тараққийпарварлар қотиб қолган, даққи кучлар, яъни “қадим” (эски)ларга қарши турувчи “жадид” (янги)лар сифатида майдонга келди. Шу боис жадидлар Мисрда ҳам, Туркияда ҳам, Туркистонда ҳам сиёсий оқим тарзида пайдо бўлди. Тўғри, уларнинг шаклланганлик, тараққий топганлик даражаси бир хил эмасди. Чор Россияси томонидан босиб олинган ўлкаларда ҳам XIX аср охирига келиб миллий-озодлик ҳаракатлари охир-оқибатда жадидларни тарих саҳнасига чиқарди. Миллий истибдод занжирига тушган халқ ва элатлар қудратли империя чангалидан фақат бирлашиб ҳаракат қилгандагина қутулишлари мумкин эди. Бунинг учун, энг аввало, миллий онгни уйғотиш, миллатнинг ўзлигини англаб етишувига эришиш лозим эди. Ана шундай фикрга биринчилардан бўлиб қримлик Исмоил Гаспринский келди. У мазлум халқларда миллий ғурур ва миллий ўз-ўзини англаш, ватанпарварлик, она-юртга муҳаббат туйғуларини шакллантириш – уларни миллий-озодлик курашига тайёрлашнинг пойдевори деб билди. Мазлум халқларни эрк ва озодликка элтиш, моддий ва маънавий ночорликдан қутқариш йўлларини излар экан, И.Гаспринский бир хулосага келди: 1895 йили ёзган мақоларидан бирида “илм-фанни тараққий эттириш ва уни такомиллаштириш учун, энг аввало, янги ҳамда мутлақо ўнғай ғоя зарур”, дейди у. Шу боис туркий қавмлар, умуман, Россия мусулмонлари, энг аввало, асрий жаҳолатдан, феодал қолоқликдан қутулиб, дунёвий илмларни, замонавий фан ва техникани эгаллаб, тараққий топган миллатлар даражасига кўтарилиши лозим деган ғояни илгари суради. Бу ғоя эса инсоннинг дунёқараши, савиясини шакл­лантирадиган таълим-тарбия тизимини ислоҳ этишдан иборат эди. Натижада, у мусулмонлар оламида янги бўлган “усули савтия тадрижия”ни жорий этишга киришди ва кутилган натижаларга эришди. Бу усулни Гас­принский Кавказдагина эмас, Туркистонда, Волга бўйида ҳам жорий этишга ташвиқ қилди. Мазкур ўлкаларда ҳам унинг тарафдорлари, издошлари юзага келди. Туркистонда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори, Абдулқодир Шакурий, Фитрат ва бошқалар унинг ҳаммаслаклари эди. Гаспринскийнинг бу янги ва ўнғай ғояси маърифатни эгаллаш ғояси эди. Худди шунингдек, унинг турли жамиятлар тузиш, миллий манфаатни ҳимоя қиладиган матбуот юзага келтириб, ундан бош мақсад йўлида фойдаланиш, анжуманлар (съезд ва конгресслар) ўтказиш каби ғоялари ҳам туркистонлик ҳаммаслаклари томонидан қўллаб-қувватланди.
Айни пайтда, жадидчилик юзага келган вақтда бу ҳаракатга қўшилмаган ҳолда Россия императорига илтимосномалар ёзиб, муайян енгилликларни қўлга киритишни мақсад қилиб қўйган гуруҳ ҳам бўлган. 20-йилларнинг кўзга кўринган тарихчиларидан Е.Фёдоров архив ҳужжатлари асосида Ўрта Осиёда, жумладан, Тошкентда маҳаллий халқ орасида ана шундай гуруҳ бўлганини қайд этади ва бу гуруҳни “исломчилар гуруҳи” деб атаб, унинг фаолиятига қуйидагича баҳо беради: 1905 йил январь воқеалари муносабати билан тошкентлик бойлардан айримлари биронтасининг уйига йиғилишиб, мусулмонлар учун мустақил маҳкамаи шаръия ташкил қилиш, вақф мулкларини қайтариб олиш, қозилар ҳуқуқини тик­лаш, ўлганларни Тошкент шаҳри ичидаги қабристонларга кўмиш учун рухсат берилишини сўраб “оқпошшо”га ариза ёзганлар. Уларнинг сиёсий характердаги энг катта илтимоси мусулмонлар истиқомат қиладиган эски шаҳар учун алоҳида идора (маъмурият) ташкил этилишини сўраш бўлган. Мазкур аризаларни чор ҳукумати эътиборига етказиш 2-Давлат думасининг Тошкент эски шаҳар қисмидан сайланган аъзоси Обид Қориевга топширилади. Бироқ бу ариза ва шунга ўхшаган бошқа хатлар беоқибат қолдирилган. Мазкур исломчилар гуруҳи “… Ўрта Осиёдаги ўзбеклар ва қирғизлар (қозоқлар – Б.Д.) орасида ва Бухорода бўлган бошқа оқимга душман эдилар. Бу оқим “Таржумон” газетасининг таъсири остида вужудга чиққандур ва унинг исми “жадидчилик”дир”. Биринчи гуруҳ кейинроқ бориб уламолар гуруҳи (фирқаси)ни ташкил қилган бўлса, кейингиси жадидчилик оқимини вужудга келтирди. Уламолар ва жадидлар айрим ҳоллардагина ўзаро келишган бўлсалар-да, аксари ҳолларда бир-бирига муҳолифатда, ҳатто душманлик кайфиятида бўлдилар. Шу тариқа, “эски”лик кўпроқ уламолар гуруҳида намоён бўлди. Жадидлар ҳам “қадим”лар, ҳам мустабидларга қарши туришига тўғри келди. Демак, жадидларнинг миллат эрки ва озодлиги, уни моддий ва маънавий жиҳатдан юксалтириш йўлидаги курашлари улар номи билан боғлиқ сиёсий оқим моҳиятини ташкил этади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш зарурки, Туркистон жадидлари сиёсий савиялари, кураш тажрибаларига кўра Волга бўйидаги, Кавказдаги, ҳатто Алаш Ўрдадаги жадидларга қараганда ҳам орқароқда эди. Бунинг сабаби, аввало, татарлар, бошқирдлар, кавказликлар ва қозоқлар туркис­тонлиларга қараганда Россия мустабидлигига илгарироқ тушиб, ўз ҳақ-ҳуқуқлари йўлида эртароқ кураш йўлига кирган эдилар. XIX аср охирида Туркистонда содир бўлган бир ҳодиса ҳам бу ердаги жадидларнинг ҳадик аралаш фаолият кўрсатишларига сабаб бўлганди. Бу ҳодиса нималигини қайд этишдан олдин таъкидлаш лозимки, Туркистон XIX аср иккинчи ярмида Россия томонидан забт этилгач, ўлка халқлари мустабидлик занжирига солинган эди. Эрксевар аждодларимиз оёкларига миллий мустабидлик кишани урилганига осонликча кўникиб қўя қолмадилар: улар озодлик учун кураш олиб бордилар. XIX асрдаги Пўлатхон бошчилигидаги қўзғолон, Дукчи эшон қўзғолони, Тошкентдаги “вабо исёни”, Зарафшон ва Фарғона водийсидаги мустабидларга қарши кўтарилган ғалаёнлар бунинг ёрқин мисолидир. Мана шу исён ва қўзғолонлар ичида 1898 йил май ойида бўлиб ўтган Дукчи эшон (Муҳаммадалихон) қўзғолони икки жиҳати билан эътиборга лойиқ. Биринчиси, мустабид чор ҳукумати энди маҳаллий аҳоли эрк, истиқлол учун бош кўтаролмайди, деб қаттиқ ишониб юрган пайтда мазкур қўзғолон содир бўлди. Қўзғолонга мустабидлар назарида “саводсиз”, “жохил ва нодон” бир руҳоний – эшон бошчилик қилди. Минглаб кишилар унинг кетидан эргашиб озодлик, мустақиллик курашига отланди. Бу воқеа мустабидларни ўзлари Туркистонда юргизаётган сиёсатга муайян “таҳрир” киритишга мажбур қилди. Мустабидлар халқни буткул нодонликда, жаҳолатда тутиб туриш ўта хавфли эканига амин бўлдилар. Оқибатда улар халққа маърифат бериш керак, фақат бу русларга нисбатан илиқлик ҳиссини уйғотадиган тизим асосига қурилган бўлсин, деган тўхтамга келдилар. Бунга рус тили, маданиятини юзакигина ўргатиш, уларга рус турмуш тарзини сингдириш орқали эришиш мумкин, деган хулоса чиқарилди. Мустабидлар назарида, схоластика асосига қурилган эскича таълим усулини ҳам қисман ўзгартириш керак. Токи у ердан ўзларига қарши фанатик жоҳил оломон пайдо бўлмасин. Шу тариқа ўтган XIX аср охири – XX аср бошларида чор маъмурлари маҳаллий аҳоли учун рус-тузем мактабларини кўпайтиришга мажбур бўлди, катта ёшдагиларни ҳам рус тилига ўргатувчи бепул кечки курслар очишди.
Дукчи эшон воқеаси эрк, мустақиллик учун ёниб юрган маҳаллий халқлар вакилларига ҳам ўзига яраша сабоқ берди. Қудратли, замонавий қуролларга эга мунтазам армияси бор салтанат – Россия чангалидан онгсиз, уюшмаган ҳолда ибтидоий қуроллар билан қутулиб бўлмайди.
Гарчи Япония масофа жиҳатидан Туркистондан жуда узоқда бўлса ҳам, 1904–1905 йиллардаги рус-япон уруши ўлка халқларининг дилида умид учқунларини қайта алангалантирди. “Россия қудратли, улкан салтанат бўлса, нега ўзидан кичкина Япониядан енгиляпти?” “Демак Россия биз ўйлагандек мустаҳкам эмас экан”, “Эшитдингларми, японлар ҳам мусулмонлар эмиш?” “Японлар ҳам туркийлар экан”, “Японлар келиб Туркистонни руслардан озод қилишармиш…” Бундай миш-мишлар кўча- кўйда, бозорларда, чойхона ва гап-гаштакларда кучаяди. Маҳаллий аҳоли Россияни ҳам енгадиган куч борлигига ишона бошлайди. Муҳими, миллий-озодлик йўлига кирган курашчиларнинг юрагига далда бахш этади.
XX аср бошларида шундай катта бир тарихий воқеа ҳам содир бўлдики, у туркистонлик жадидларга зиммаларида турган вазифаларни амалга оширишда муайян шарт-шароит яратиш учун омил бўлди. Бу 1905–1907 йиллар рус инқилоби, Эрон ва Ҳиндистондаги инқилобий ҳаракатлар эди. 1905 йили инқилобий ҳаракатлардан таҳликага тушиб қолган Россия императори Николай Иккинчи 17 октябрь манифести деб аталган ҳужжатга қўл қўйишга мажбур бўлди. Мазкур манифестга кўра, Русия фуқароларига сўз, матбуот ва жамиятлар тузиш эркинлиги ваъда қилинганди. Россия истибдодига тушган миллат ва элатлар юзага келган “зиғирдек” имкониятдан фойдаланиб қолишга ўрганиб қолгандилар. Ушбу имконият ҳам самарасиз қолмади. Улар 1906 йилнинг 14 июнидан бошлаб дастлабки миллий газета “Тараққий”ни чиқара бошладилар.
Газета деярли барча сонларида подшо бошлиқ Россия ҳокимиятини тажовузкор, маккорона сиёсат юритаётгани учун танқид қилди. Порахўр, қобилиятсиз кишиларга мансаб, лавозим бермаслик ғоясини илгари сурди, миллий истибдод асоратига тушган миллатларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилди. “Тараққий” ҳукумат томонидан ёпилгач, “Хуршид” газетаси унинг йўлини давом эттирди. У ҳам маъмурлар томонидан чиқишдан тўхтатилгач, “Шуҳрат” мазкур газеталар анъаналарини давом эттирди.
Айтиш керакки, туркистонлик жадидлар чиқарган газеталар Боғчасарой ва Волга бўйида чиққан жадидлар газеталари тажрибаларига таянди. Кўзга кўринган туркистонлик жадид сиймолари ҳам қримлик, Волга бўйилик маслакдошларидан сиёсий савияларини оширишда кўмак олдилар. Таниқли олима Ингеборг Балдауф ёзади: “Ўрта Осиё жадидлари биринчи навбатда татар жадидларидан ўрнак олдилар… Ўртаосиёлик кўпгина муаллимлар ва публицистлар Қозон, Уфа ва Оренбург шаҳарларидаги жадидлар билан яқиндан танишиб олган, ҳатто Истанбул ва Кавказдаги жадидлар билан ҳам алоқа ўрнатган эдилар”.
Гап бу ерда маориф соҳасида кетса-да, комил ишонч билан айтиш мумкинки, сиёсий таълим соҳасида ҳам худди шу ҳолни кўриш мумкин. Чунончи, самарқандлик машҳур жадид Маҳмудхўжа Беҳбудий таржимаи ҳолини ёзган унинг замондоши Ҳожи Муин шундай дейди: “Ҳижоз сафаридан (1899 йил. – Б.Д.) Беҳбудий афанди Боғчасаройда чиқадурғон “Таржумон” газетасини олдуруб ўқуй бошлади. Иккинчи ёқдан, турлик илмий, фанний китобларнинг мутолааси билан маълумотини кенгайтирди. Оз вақтда дунё сиёсатидан ва замон аҳволидан хабардор бўлди.
Шу тариқа, матбуот ва китобларнинг таъсирида туркистонлик зиёлиларнинг сиёсий онги ошиб, уларда сиёсий воқеаларга муносабат билдириш рағбати пайдо бўлди. Уларнинг сиёсий жиҳатдан етилувида ички Россия жадид лидерларининг ҳам маълум даражада ҳиссаси бўлди. Туркистонлик жадидларнинг 1905–1906 йилларда бўлган умум Россия мусулмонлари съездларида иштирок этишлари уларнинг сиёсий такомилида ўзига хос мактаб бўлди. Шуни ҳам айтиш керакки, Россия мусулмонлари қудратли ва ёвуз империя исканжасидан қутулиш учун энг аввало бирлашиб ҳаракат қилиш кераклигини англаб етдилар. Натижада, миллий истибдод занжирига боғланган мусулмон халқлари бир жамият атрофига уюшиш мақсадида бутун Россия мусулмонларининг съездини ўтказиш учун ҳаракатни бошлаб юбордилар. Ҳаракат ўз натижасини берди. 1905 йилнинг 15 августида Нижний Новгород шаҳрида, Ока дарёсидаги Гус­тав Струве номли кемада бутун Русия мусулмонларининг (“мусулмонлар” сўзи бу ерда диний мансубликдан ҳам кўра кўпроқ этник мазмунга эга) биринчи съезди бўлди. Унда туркистонликлар ҳам иштирок этдилар. Русия мусулмонларининг 1906 йил 13-23 январда бўлиб ўтган 2-съездида эса “Бутун Россия мусулмонлари союзининг устави” қабул қилинди. Ушбу съездлар чор маъмурлари ва охранкасининг қаттиқ кузатуви остида ўтган бўлишига қарамай, мустабидлик оғусини тотиб келган мусулмон халқларида мустақиллик, эрк, озодлик туйғусини уйғотмай қолмади. Улар вақти келиб Туркистонда ҳам мустақил давлатчиликни тиклаш умидини уйғотди. Шундай ҳолатда мазкур съездлардаёқ Россиянинг, шунингдек, мустабидлик исканжасига тушиб қолган халқларнинг бўлажак давлат тузуми қандай бўлиши керақ деган масала илк бор муҳокамага олиб чиқилди. Мазкур съездлар туркистонлик делегатларда ҳам мамлакат усули идораси ҳақида мушоҳада туғдирмай қолмади.
Бутун Россия мусулмонларининг съездларини диққат билан кузатган Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Ҳозир Русия давлати(нинг) тарихи ҳукмронлиги(ни) ноқис эканлигига ҳар бир хабарлик киши иқрор этар. Давлат қонунларини(нг) ислоҳ ва таждидиға ҳар ким мойилдур”, деб ёзди. Мустабидлар томонидан “туземец” ёки “сарт” деб камситилиб келинган халқдан чиққан бир киши Россиядаги ҳокимият тизимида камчилик мавжуд демоқда. Бунинг устига, у Россия қонунларини ислоҳ қилиш, янгилаш фикрини бермоқда. Дарҳақиқат, буни фавқулодда жасорат ва сиёсий жиҳатдан етилиб бориш натижаси, дейиш мумкин. Маҳмудхўжа Беҳбудий “Хайрул умури авсатухо” сарлавҳали мақоласида Россия сиёсий харитасида юзага келган партиялар ҳақида тушунтириш беради. Булар: а) буйрукратияи мустабид /монархистлар, ҳукумат партияси/; б) машрутаи авомия /кадетлар партияси/; в) иштирокиюни оммавий /социал-демократлар партияси/; г) Русия мусулмонлари иттифоқи. Буйрукратияи мустабид фирқаси монархия тузумини ёқлайди, бинобарин, у эски тарздаги ҳукумат тарафдори. Эски тарздаги ҳукумат эса, идораи мустақила. “Идораи мустақила қўл остидаги фуқароларни ҳар қанча ҳукумат одамлари ва тўраларга яқин ва муносабатлик ўлса ҳам, аҳволи сиёсийя, динийя ва дунявийя ва олияси дуруст бўлмай, кундан-кун таназзулдадур”. Маҳмудхўжанинг бу фикри Россия давлат тузуми бўлган “идораи мустақила” пировардида тараққиётга эмас, таназзулга олиб келади деган ҳукмни тасдиқлаяпти. Беҳбудий социал-демократик партия ҳақида ёзади: “Буларни бошлуча муроди ҳозирги барча закун, мулкият қоидаларини бутун бузуб, мол ва ерларни ҳамма халойиқ ўртасига муштарак қилиб, анинг манфаатини бутун халойиқ ўртасида мусовий этмоқчидур. Бойлик ва камбағалликни йўқ қилиб, дунё моли(ни) роҳатидан ҳаммани баробар фойдалантируб, масъуд ва роҳат умр ўтказмоқиға ва ҳар ким ўз истиқболидан амин бўлмоқига закун ва қоида жорий қилмоқчидурлар. Буларни пруграмини жорий бўлмоғига ҳозирги асримиз мусоид эмас. Балки неча асрларга таваққуфи бордур… Ҳар ҳолда, бу партияни муроди мумкин лойиқиъ ёинки хаёлийдек кўрунуб, бу тоифаға қўшулмоқ биз мусулмонлар учун ниҳоятда зарарликдур”. Бу гаплар 1906 йилда ёзилаётганини назарда тутсак, Беҳбудийда ҳодисалар истиқболини кўра билишдек истеъдод бўлган деб ўйлайсан киши.
Беҳбудий умум Россия мусулмонлари съездларида ташкил этилган “Иттифоқи муслимин” партияси ҳақида бундай дейди: “Қарорларининг ижмоли, Туркия газеталаридан маълум бўлишига қараганда, Русия мусулмонлари диний ва илмий важҳдан алоҳида бир партияи махсусадурлар. Аммо сиёсий ва умумий талаб ва маслаклар тўғрисинда кадетларга қўшилатурғонға ўхшайдурлар”. Маҳмудхўжа Беҳбудий “Иттифоқи муслимин”ни Туркия газеталари кадетларга яқин дейишларига эътироз билдирмайди, бу унга кадетлар партиясининг дастури маъқул келганидан бўлса керак. У кадетлар партияси, унинг дастури ҳақида ёзади: “Бу фирқа ҳақиқатда ўрта фирқадур. Мўътадил ал-мижоз халқлар бу партияни хоҳлагандурлар… Фақат саломатлик ва амният букун кадетлар ҳизби соясида ватанимиз Русияга жорий бўлса керак…” Беҳбудий бу партиянинг мусулмонларга мақбул бўлишини уларнинг ҳар нарсанинг ўртачасини маъқул кўриши билан изоҳлайди. Яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, мусулмонлар, жумладан, туркистонликлар азалдан подшоҳлик тузумини мақбул билиб, одил подшоҳ фуқароларни бахтли қила олади, деб ҳисоблаганлар. Бу Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг илк сиёсий фикрлари эди. Ижтимоий вазият ўзгариши баробарида унинг қарашларида ҳам тадрижий силжиш кузатилади. Ҳар ҳолда, Туркистонда бўлажак давлатчилик масаласи февраль инқилобидан сўнггина бутун долзарблиги ва кўлами билан кун тартибига қўйилди.
1906 йилда Беҳбудий Гаспринский таклифи билан “Туркистон маданий мухторияти лойиҳаси”ни тузиб берган. Мазкур лойиҳа Беҳбудийнинг XX аср бошларида Туркистонда амалга оширишни мўлжаллаган бошқариш тизими тўғрисидаги тасаввурларини акс эттиради. Шуни ҳам айтиш керакки, Беҳбудийнинг фикрлари асоссиз эмасди. 1906 йили Россия Давлат думаси қабул қилган “Миллий-маданий автономия” тўғрисидаги қонун бу фикримизнинг исботидир.

(Давоми бор)

Бойбўта ДЎСТҚОРАЕВ,
филология фанлари номзоди,
доцент

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi