Абдулла Аъзам. Аброрлар ҳайрати (фалсафий эссе)

2Pluto

Академик Алибек Рустамов
таваллудининг 90 йиллигига
бағишланади

Ҳижрат сабаблари

Навоийнинг Самарқандга ҳижрати сабаблари билан танишишга қай­тайлик. Биринчи сабабнинг давоми:

Бирав бўл|са бир иш|да бу нав|ъ фард,
Вале кўр|маса баҳ|ра жуз ран|жу дард,
(“ъ” – айн алоҳида ҳижо ташкил этмоқда!)

Бўлуб Қо|ф важҳи | маоши|ға кон,
Мураббий|си анқо|ға ҳам-о|ш-ён,

Уйи но|тавон кўнг|ли янглиғ | бузуқ,
Бу уй ич|ра анду|ҳу ғам ер | озуқ,

Майи баз|ми барча | юрак қо|нидин,
Суруди | ҳазин кўнг|ли афғо|нидин…

Киши бўл|са андоғ|ки, ўтти | мақол,
Бу янглиғ | кишига | бу нав-ъ_ўл|са ҳол,

Нечук май|ли ово|ралиғ эт|магай,
Бошин о|либон бир | тараф кет|магай?

(Ким назм осмонида ягона бўлса-ю, бунинг эвазига ранжу дарддан бошқа нарсани кўрмаса, тирикчилиги афсонавий Қоф тоғи ичидаги кон, бошини силайдиган одам зоти эса афсонавий қуш – Анқога ҳамошён, маскани кўнглидай бузуқ, бу уй ичида егани ғам билан андуҳ, ичгани юрагининг қонидан тайёрланган шароб, қўшиғи – ҳазин кўнглидан чиқадиган оҳ бўлса, ҳар қанча азобли бўлса ҳам, у бошини олиб бир тарафга кетишдан бошқа нима чораси қолади?)
Иккинчи сабаб: мулк талашиш тинмай аҳолига солиқ солишни, урушга йигитларни жалб қилишни талаб этар, бунинг оқибатида юрт нотинч, ҳар ким ўзи билан ўзи овора, арзимаган нарса учун одамлар орасида нифоқ чиқадиган муҳит вужудга келган эди. Бундай синов паллаларида жамиятда хайру эҳсон кучайганига тарихда мисоллар учрайди, аммо ўша даврда Хуросонда бунинг акси юз берган бўлса керак:

Яна бир | буким, зо|ҳир ўлмиш | ма-нго
Ки, чиқмиш | Хуросон | элидин | вафо…

Вафо е|рида зо|ҳи-р_ўлмиш | нифоқ
Сахо ўр|нида бух|л тутмиш | висоқ,

Мурувват|ға бўлмиш | ҳасад жо:|й-гир…

(Мен шуни кузатдимки, Хуросон элида вафо қолмади, вафо ўрнини нифоқ, саховат ўрнини бахиллик, мурувват ўрнини эса ҳасад эгаллади.)
Ижтимоий-иқтисодий инқироз шу даражага борганки,

Қаро пул | учун ай|лабон қат|л фан,
Ўлуктин | таъма ай|ла-б_аммо | кафан.

(Одамлар арзимас пул учун ҳам бир-бирини ўлдира бошлади, ҳатто майитнинг кафанини сотиб пул ишлашдан тоймайдиган даражага етди.)
Бундай муҳитда Навоий нафақат яқинларисиз қолган, ҳатто дурустроқ ҳамдард топилмаган:

Ма-нга бу | э-л_ичра | на бир ҳам|даме
Ки, бир дам | иковлон | дейишсак | ғаме…

Не важҳи маоше муқаррар манга
Ки, бўлғай фароғе муяссар манга.

Етишса | ўлум ран|жи бемо:|р-лиғ,
Су бергун|ча қилмай | бирав ё:|р-лиғ,

Су бермак | неким, зо|ҳир айлаб | ғулу,
Олурға | агар бўл|са жоним|да су.

(Агар бетоб бўлиб ўлим ёқасига етсам, сув тутадиган киши ҳам йўқ, борлари эса сув бериш қаёқда, чанқоғини бостириш учун қонингни ичишга тайёр.)
Навоий ниҳоятда таъсирчан қалбли бўлгани яхши маълум. Шунинг учун ҳолатни шоирона муболаға билан тасвирлаган бўлиши истисно эмас. Аммо бу сатрлар унинг руҳиятини тўғри акс эттирган. Чамаси, унга маълум муддат навобахшлик қилган шайх Камол Турбатий вафот этган, Саййид Ҳасан Ардашер эса олисда бўлган. Агар Ардашер Ҳиротда ёки Хуросоннинг бошқа жойида бўлганида, Навоий Машҳад ўрнига ўша ерга борган бўлар эди:

Сен эрдинг|ки, ҳар иш|да ёрим | эдинг,
Не ғамким | етар, ғам|гусорим | эдинг.

Сени ҳам | сипеҳри | мухолиф|мазоқ
Ўкуш ре|в_ила сол|ди мендин | йироқ.

(Сени ҳам бу тескари айланувчи маккор фалак мендан йироққа солди.) Шунинг учун:

Биравга|ки юз қўй|са мунча | бало,
Не бўлғай | анинг чо|раси жуз | бало?

Зарурат|ки, ясаб | сафар бар|гини,
Тушуб йўл|ға, қилғай | ватан тар|кини.

Учинчи сабаб ушбу мақоладан кўзланган мақсад учун принципиал аҳамиятга эга. Навоий ўз бошига тушган фалокатлар, замон ва жамият муаммолари устида чуқур тафаккур қила бошлаган: Аллоҳ ўзи инсонни нима учун яратган? Тақдир бу қадар бешафқат бўлиши мумкин экан, инсоннинг ҳаётидан маъно нима? “Маснавий”нинг бу қисмида орадан 30 йил ўтиб ёзилган “Ҳайратул-аброр” руҳияти аниқ сезилади:

Учунч_ул|ки, чун Хо|лиқи зул|жалол
Ки, ҳам лам|язал кел|ди, ҳам ло|язал (абадий).

Чу лавҳи | вужуд уз|ра тортиб | қалам,
Ики кав|н тарҳи:|ға урди | рақам… (Кавн – борлиқ, олам).

Демай ет|ти обо|у тўр-т_ум|маҳот (етти обо=етти ота – етти осмон, тўрт уммаҳот=тўрт она – тўрт унсур).
Ки, хилқат | тўни кий|ди чун ко|инот
(хилқат тўни – яратилиш)

Эмас эр|ди мақсу|д жуз о|даме
Ки Ҳақ сир|рининг бўл|ға-й_ул маҳ|рами.

Баридин | ғараз гар|чи инсон | эди,
А-нга до|ғи мақсу:|д ирфон | эди.

Бу мулоҳазаларни “Ҳайратул-аброр”нинг “Аввалғи муножот” бобидаги мана бу байтлар билан қиёслайлик (табиий, “Маснавий” вазнида эмас, достон вазнида ўқилади):

Эй Се-нга маб|даъда абад|дек азал,
Зо:ти қади:|минг абадий | ламязал…

Ганжи-нг_аро | нақ-д фаро|вон эди,
Ле:к бари: |дин ғара-з_ин|сон эди. –

Бу байтлар Навоийнинг кексалигида, бутунлай бошқа муҳитда ёзилган. Шунинг учун инсонга юклатилган миссия кучайтирилган. “Маснавий”да эса Навоий бу борада тафаккур қилишни бошлаган экан, шундай давом этади:

Хаёлим|да андоғ | мусаввар | бўлур
Ки, ул ик|ки ишдин | муяссар | бўлур.

Бири бу|ки, бир жаз|ба Ҳақдин | етиб,
Кў-нгулни | яқин жо|мидин мас|т_этиб,

Ҳақиқат | сари тур|к-то:з_ай|лагай,
Жаҳон шуғ|лидин бе|ниё:з_ай|лагай,

А-нга қол|мағай ҳам | ўзидин | хабар,
Ўзидин | неким, ўз|лугидин | асар.

Бўлуб раф|ъ имко|ни мавжу:|д-луғ,
Топиб Ҳақ | вужуди|да нобу: |д-лиқ…

Шундай қилиб, ҳали ҳаёт неъматларидан тўйиб татиб улгурмаган йигит тасаввуф йўлини танлашга қатъий қарор қилади, бу йўлда Аллоҳдан жазба (бу ерда: ишора, илҳом) кутади, “яқин жоми”дан маст бўлишдан умид қилади. Бунинг учун:

Яна бир | будурким, | гадо гар | мулук
Талаб йў|лида қил|ға-й_онча | сулук.

Хоҳ гадо бўлсин, хоҳ подшоҳ, тариқат йўлига чиқишга қарор қилса, бу машаққатли йўлда тоймаслиги, йиқилиб ярим йўлда қолиб кетмаслиги учун унга йўлбошчи зарур:

Бурун мур|шиди ко|ми-л_истай | юруб,
Ани топ|қа-ч_ўзин | а-нга топ|шуруб.

Шундай қилиб, Навоийнинг ўз сўзига қараганда, у Самарқандга икки мақсадда йўл олган: тасаввуф тариқатига кириш ва бу йўлда қўлидан тутувчи пир топиш. Бу қарор узоқ ва чуқур мулоҳазалар натижаси бўлганки, Навоий қарори қатъийлигини алоҳида таъкидлаган:

Урармен | қадам то|ки боргун|ча гом,
Ки, бўлғай | муяссар | ме-нга уш|бу ком.

Агар бўл|са бу йўл|да умрим | талаф,
Чу бу йўл|дадур – ул | ҳа-м_э:рур | шараф

Ва гар бўл|са-м_ўз ко|мима баҳ|раманд,
Зиҳе мул|ки жови|ду бахти | баланд.

(Қадам босишга қувватим борича бу йўлда мақсад сари интиламан, унга эришиш менинг саодатим бўлади.)

Максимализм

XV асрда тасаввуфнинг маркази, ҳеч шубҳасиз, Мовароуннаҳр эди – нақшбандия тариқати шу ўлкада туғилиб, дунёга тарқай бошлаган, унинг ўша даврдаги пешвоси Хўжа Убайдуллоҳ (Хожа Аҳрори валий) Самарқандда истиқомат қилаётган эди. Бундан ташқари, Амир Темур замонидан Самарқандда кўплаб олимлар фаннинг кўп соҳалари бўйича тадқиқотлар олиб борган, улкан кутубхона йиғилган, салмоқли асарлар ёзилган, Улуғбек мадрасаси ва расадхонасининг фаолияти ҳали тўхтамаган эди.
Мана шу сабабларга кўра, Навоий Самарқандга етиб келади. Султон Абусаид мирзо 1464–65 йили Аҳмад Ҳожибек исмли амирни Мовароуннаҳрни бошқаришда ўғли Султон Аҳмад мирзога ёрдам бериш учун Самарқандга юборган. Бу амир аввал Ҳирот доруғаси (бошқарувчиси) бўлган ва шу даврда Навоий билан учрашгани ҳақида тарихий маълумот бор. У ёш Навоийнинг истеъдоди тўғрисида хабардор бўлган. Навоийнинг отаси билан танишлиги ҳам ҳақиқатга яқин. У маърифатли киши бўлиб, Вафоий тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзган. Навоий айнан уни қора қилиб Самарқандга келган бўлиши ҳам истисно эмас. Нима бўлганда ҳам Аҳмад Ҳожибек Навоийни бенаволикдан қутқарганига шубҳа йўқ.
Биз бу ўринда Навоийнинг Самарқанддаги ҳаётига тўхталмаймиз – бу мавзу В.Абдуллаев, Ш.Сирожиддинов ва бошқа навоийшунослар асарларида батафсил тадқиқ этилган. Бизни фақат қуйидаги савол қизиқтиради. Навоий Самарқандда камида 3 йил яшаган. (Агар Навоий­ Машҳадда ниҳоятда оғир аҳволда бўлганини ҳисобга олиб, Аҳмад Ҳожибек Самарқандга эшикоғаси қилиб юборилганини эшитиши билан йўлга чиққан, деб фараз қилсак, бу ерда 5 йилга яқин яшаган бўлади.) Навоий­ бу йиллар давомида нима ёзган? Шуниси ажабланарлики, саволга жавоб йўқ – бизга ўша даврда ёзилган Навоийнинг на бир девони, на достони, на рисоласи, ҳатто “Маснавий” каби унча йирик бўлмаган жанрдаги асари маълум. Агар ёзганида икки-уч девонга етарли ғазал йиғилиб қолган бўлар эди. Ҳатто ўзининг болалик орзуси бўлмиш “Хамса”ни ёзиб тугаллаши ҳам бемалол (коҳилсаро) мумкин эди. Албатта, Навоий таҳсил билан қаттиқ шуғулланган. Аммо бу масалага ечим бўла олмайди – таҳсилни Навоийдай иқтидор эгаси ижод билан қўшиб олиб бора олар эди. Ахир, “Хазойинул-маъоний” мажмуасидаги ғазалларнинг кўпи Навоий давлат бошқарувида юқори лавозимларда ўта бандлигига қарамай ёзилган. Ҳатто истеъфога чиққанидан кейин ҳам вақтининг кўпида минглаб кишиларнинг ижтимоий муаммолари билан шуғулланишига сарф бўлган – бу юқорида “Садди Искандарий” якунидаги эътирофда қайд этилганини кўрдик.
Самарқандда девон яратмаганини Навоийнинг назмдан совигани билан изоҳлаш мумкиндир, аммо ўзининг болалик орзуси бўлган “Хамса”ни ёзишига нима халақит қилган?
Бу масалага доир мулоҳазаларимиз: Навоий табиатан энг юксакликка, идеалга интилувчи шахс бўлган. У турк тили назм учун форс тилидан кам эмаслигини исботлашни мақсад қилган экан, форсийнавис салафларининг ютуқларини туркийда шунчаки такрорлаш уни қаноатлантирмаган – УЛАРДАН ЎТКАЗИШГА ИНТИЛГАН. Бунга эришган ҳам. Бир неча далил “Муҳокаматул-луғатайн”да мавжуд. Навоий ўзининг турк тилидаги ижодида эришган муваффақиятларини санагач, шундай давом этади (табдил):
“Бу сўзлардан ўқувчи англамасин ва гумон қилмасинким, таъбим фақат туркийга мос, форсийда ҳам таъбим ундан кам эмас. Форсий сўзлар ва ибораларни ҳеч ким менчалик кўпроқ ўзлаштирмаган, мақбул ва номақбулини мендан яхшироқ билмайди. Амир Хусрав Деҳлавий, Хожа Ҳофиз Шерозий ва Нуриддин Абдураҳмон Жомий форсий назмда нақадар юксакликка эришган бўлсалар, уларнинг қасида ва ғазалларининг нозик маънолари ва санъатлари тагига етганман, энг яхшиларига пайравлар битганман.
Қасидалардан Амир Хусравнинг “Дарёи аброр”и жуда машҳурдир. Амир Хусрав “юз минг байтдан ортиқ ғазал, қасида ва достонларим дунё юзидан ювилиб кетса-ю, биргина шу қасидам қолса, шунинг ўзи менинг назмий қувватимга далил бўла олади”, деган.
Айниқса унинг биринчи байти (матлаъи) жуда машҳур:

Кўси шаҳ хо|лию бон-ги | ғулғулаш дар|ди са-р_аст,
Ҳар ки қонеъ | шуд ба хушку | тар, шаҳи баҳ|ру бар аст.

(Подшоҳ ноғорасининг ичи бўш-у, шовқин-сурони бошни оғритади. Кимки қуруқ-ҳўлга қаноат қилса, ер юзию денгизлар подшоҳидир.)
Бу шеърга ҳазрати Махдумий Нуран (Жомий) жавоб айтибдурлар, “Лужжатул-асрор” деган. У шундай матлаъ билан бошланади:

Кунгури ай|вони шаҳ ка-з | кохи кайвон | барта-р_аст,
Раҳнаҳо дон | к-аш ба дево|ри ҳисори | дин да-р_аст.

(Подшоҳ саройининг пештоқи еттинчи осмон қадар юксак бўлса-да, у дин қалъаси деворларининг ёрилишига сабаб бўлади.)
Жомий қасидаси бадиий жиҳатдан Деҳлавийникидан баландроқ. (Деҳлавийда матланинг мисралари орасидаги боғланиш суст, Жомийда эса улар сабаб-оқибат тарзида боғланган).
Бу фақир иккала бузрукка татаббуъ қилган ва уни “Туҳфатул-аҳрор” деб атаган. Матлаъи:

Оташин лаъ|ле: ки, тожи | хусравонро | зева-р_аст,
Ахгаре баҳ|ри хаёли | хо:-м пухтан | дар са-р_аст.

(Ҳукмронлар тожини безовчи оловдай ёқут гўё уларнинг бошидаги хом хаёлларни пиширадиган чўғдир.)”
Ҳар уч байт ҳам танқидий руҳда. Фақат Деҳлавий шоҳнинг ўзини эмас, ноғорасини танқид қилмоқда (албатта, танқид мажозан ҳукмронга ҳам қаратилган, аммо бу жуда пардаланган). Жомий подшоҳларнинг дабдабали саройлар қуришга ишқивозлигини танқид қилиб, унинг салбий оқибатига урғу бермоқда. Навоийнинг танқиди эса бевосита ҳукмронларнинг ўзига қаратилган: уларнинг хаёлига келадиган фикрлар кўпинча хом бўладики, ўша хаёлларни пишириш учун, тожига қадалган ёқут гўё чўғ вазифасини ўтайди. Яна бу танқид ажабтовур бадиий тарзда ифода этилган: оташ(ин)–ахгар (чўғ), лаъл–зевар (безак), хом–пиширмоқ, тож–бош жуфтликлари сўз санъатини ҳадди аълосига етказган, бутун байт эса яхлит ташбиҳ (ўхшатиш) санъатининг нодир намунасидир.
“Туҳфатул-афкор” қасидасига Абдураҳмон Жомий, Султон Ҳусайн ва Заҳириддин Бобур жуда юксак баҳо беришган. Ҳақиқатан, батамом фалсафий руҳдаги қасида бошидан охиригача мазмунан ҳам, бадиияти бўйича ҳам мисли йўқ хазина. Устига-устак, қасиданинг 20 та байти муаммо санъатли бўлиб, шунча шахс исми топишмоқ сифатида яширилган. Қасида шу қадар жозибалики, у ҳозиргача ўзбек тилига қайта ва қайта таржима қилиб келинмоқда: Шоислом Шомуҳамедов, Абдуқодир Ҳайитметов, Жамол Камол ва яна бир неча шоир уринишлари маълум. Табиий, таржимада аслиятдаги бутун нафосатни акс эттиришнинг имкони йўқ.
“Муҳокаматул-луғатайн”да Навоий қайси соҳага қўл урмасин, идеалга интилганини далилловчи бошқа мисоллар ҳам мавжуд. Шеър санъатининг шаклан олий намунаси тарсеъ бўлиб, унда байтнинг ҳар икки мисрасидаги сўзлар ҳам бир хил вазнли, ҳам қофиядош бўлади. “Хамса” достонларида тарсеънинг юзлаб намуналари мавжуд. Хожа Салмон Соважийнинг машҳур “Қасидайи маснуъ” асаридаги биринчи байт тарсеънинг энг яхши намунаси деб ҳисобланган:

Сафои сав|вати рўят | бирех-т о|би баҳор,
Ҳавои жан|нати кўят | бибех-т муш|ки татор.

(Покиза юзингнинг софлиги баҳор кўзёшини тўкди, кўчангнинг жаннатдек ҳавоси тоза ва хушбўй ифорингни олиб келди.)
Сўнг Навоий форсийнавис шоирлар унга жавоб беришга уринишган-у, аммо “лат ейишганини” таъкидлайди-да, ўзининг жавобини айтади:
Чунон вази|д ба бўс-тон | наси:ми фас|ли баҳор,
Ка-з_он раси|д ба ёрон | шами:ми вас|ли нигор.

(Баҳор фаслининг шабадаси бўстон сари елиб, ошиқларга севгилисининг ифорини олиб келди.)
Бу ерда ҳам Навоий байтида тарсеъ ҳадди аълосига етган: Салмон Соважийда “оби” ва “мушки” сўзларида тарсеъ оқсаган, мисралар мазмуни ҳам бироз ғалат: ёмғир ёғиши билан хушбўй ҳид таралиши бир-бирига мувофиқ эмас, кўпинча зид. Навоий байтида эса тарсеъ ҳам мукаммал, мазмун ҳам.
Шунингдек, Навоий тарсеъ санъатли рубоийсини ҳам келтириб, бундай рубоий бошқа бирор шоирда учрамаслигини таъкидлаган:

Эй руи | ту кавкаби | жаҳон оро|е,
В-эй буи | ту ашҳаби | равон осо|е,
Бе муйи | ту, ё Раби, | чунон фарсо|е,
Гисуи | ту чун шаби | фиғон афзо|е.

(Айрим нашрларда учинчи мисрадаги мурожаат “ё Раб” шаклида бериладики, бунда тарсеъ тўлиқ бўлмайди, вазнга ҳам тушмайди. Аслида “ё Раби” бўлгани аниқ – бу ибора арабчадан “эй Раббим” деб таржима қилинади ва рубоий вазнига ҳам айнандир).

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi