Бахтиёр Ёқубов. "Йиллар ва ўйлар" (Кинорассом Бахтиёр Назаров ижоди)

maxresdefault (1)

Бахтиёр Назаров бугунги ўзбек тасвирий санъатида катта нуфузга эга. У ўзининг ижод йўли, услуби, дунёқараши ва бадиий образ яратишдаги маҳорати билан бошқа рассомлардан ажралиб туради. Рассомнинг номи, аввало, кино санъати билан чамбарчас боғлиқ. У ижодини, асосан, кинематография билан боғлади. Ўзбек ҳамда жаҳон киносидаги кўплаб дурдона асарларнинг яратилишида катта ҳисса қўшди. Ижодини рангтасвирдан бошлаган рассомнинг кинода ишлаши ўзига хос тарих ва тасодифларга эга…
1942 йилда Наманган вилоятининг Нанай қишлоғида ўқитувчилар оиласида туғилган Бахтиёр Назаров болалигидан рассомликка қизиқиб, расмлар чизиб юрарди. Лекин ота-онасининг тавсияси билан тиббиёт олийгоҳига ҳужжат топширади, бироқ имтиҳонларни тўлиқ топширмай ташлаб кетади. Сўнг Беньков номидаги рассомлик билим юртига келади. Аммо, бахтга қарши бу ерда имтиҳонлар ўтиб кетган эди. У ортига қайтиб, бир йил тайёргарлик кўради. Кейинги йили ўқишга киради ва тасодифан рус гуруҳга тушиб қолади. Аслида, бу ҳам унинг бир омади эди. Рус тилини умуман билмайдиган қишлоқдан келган йигитча кейинчалик уни ўзбек гуруҳига ўтказамиз дейишса ҳам рози бўлмайди ва қийналса-да, рус гуруҳида ўқийди. Ўқиб юрган вақтларида машҳур рассом Юрий Иванович Пименов ижодига қизиқиб қолиб, қандай бўлмасин шу рассомдан таълим олишни дилга тугади. Пименов Бутуниттифоқ кинематография давлат институти (ВГИК)да дарс берар эди. Бахтиёр Назаров бир ўринга уч юздан ортиқ талабгор ҳужжат топширган жаҳонга машҳур олийгоҳнинг тўққиз нафар талабасидан бири бўлди. Ўз орзусига етиб, Юрий Пименов ва унга сафдош машҳур рассомлар, Михаил Богданов, Иосиф Шпинелларнинг ҳам таълимини олди. Бахтиёр Назаров Москвадаги бу олийгоҳда ўқиган илк ўзбек кино рассоми эди. 1971 йилда ўқишни тугатиб Тошкентга қайтди ва ўзининг дастлабки фильми – “Сени кутамиз, йигит”да ишлади. Режиссёр Равиль Ботиров билан илк ҳамкорликдан ёш рассом катта тажриба орттирди. Замонавий мавзудаги ушбу фильмда ёшлар ҳаёти акс этган эди.


Рассом ишини ҳар доим ҳам сўз билан таърифлаб бўлмайди. Тасвирлар одатда томоша орқали ҳис этилади. Кинода рассом фаолиятининг анча мураккабликлари бўлади. У бир томондан сценарийни ўз тасаввури орқали тасвирга кўчириши лозим бўлса, бошқа томондан актёрлар ижроси учун шароитни ҳамда оператор учун аниқ картинани белгилаб бериши керак. Рангтасвирчи рассом учун фантазия ва маҳорат муҳим бўлса, кино рассоми учун бу омиллардан ташқари жисмоний куч, аниқ ўлчамлар ола билиш ҳам зарурий ҳисобланади. Зеро, фильм декорациясини қуриш ёки табиий шарт-шароитни танлаш ҳам рассом зиммасидаги вазифадир.
Бахтиёр Назаровнинг биринчи иши бўлган “Сени кутамиз, йигит” фильмида ўз ҳаётини қуришга интилаётган ёшлар ҳаёти Темур исмли қаҳрамон орқали очиб берилади. Одатда фильмни кўраётган томошабин қизиқарли воқеаларга, актёрлар ижросига диққатини қаратади ва тасвирдаги ўзига хосликни фақат оператор иши, деб ўйлайди. Аслида эса, кино даставвал рассом эскизларида вужудга келади. “Сени кутамиз, йигит” фильмига Бахтиёр Назаров катта куч ва меҳнат сарф қилганини киноасар воқеаларидан дарров билиб олиш мумкин. Шу ўринда рассом ишининг мураккаблигини конкрет мисолда тушунтириш зарур. Эътибор қаратилса, сўз юритилаётган фильмда Темурнинг баланд юк крани учига хўрозни илиш эпизоди мавжуд. Сценарий муаллифи бу воқеани тасвирлаганда шунчаки “Темур крандан юқори чиқиб, унинг учига хўрозни илади. Атрофда шаҳар кўриниши”, деб ёзиши мумкин. У ҳеч қачон шаҳар кўринишидаги деталларга тўхталиб ўтирмайди. Бироқ рассом шаҳар кўриниши, деган шу биргина таърифни тасвирга кўчирганда, у ердаги ҳар бир бинога, йўлга, уларнинг жойлашувию аниқлигига алоҳида эътибор қаратиши лозим. Шунингдек, кино рассоми ишининг яна мураккаб­лиги – ҳар бир кадрдаги композицияни алоҳида ўйлаш баробарида фильм­даги барча кадрларнинг ўзаро уйғунлигини, услубиятини чуқур ўйлаб чиқиши, воқеалар кетма-кетлигининг изчил ва мантиқий давомийлигини таъминлаш учун муҳит яратиши даркор. “Сени кутамиз, йигит” фильмининг тажрибали, қаттиққўл режиссёри Равиль Ботировнинг ўзига хос одати – у ҳар бир янги фильмига доимий ижодий ҳамкорларидан ташқари, албатта, бир-икки янги ижодкорни қўшиб оларди. Бу бир томондан фильмга янги нафас олиб кирса, бошқа томондан кадрларни тайёрлашда ўзига хос мактаб вазифасини ўтарди. Талабчан режиссёр ёш рассомнинг ишидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилди. Зеро, Бахтиёр Назаров катта устозлар қўлида сабоқ олгани сезилиб, ёш бўлишига қарамасдан ўз аниқ чизмалари, ёрқин ечимлари билан фильм муҳитини ифодалаб беролган эди. Фильмда объектларнинг кўплиги, хилма-хиллиги, ноодатий услубда тасвирга олиш режалаштирилгани ҳам рассом ишини мураккаблаштирар эди. Шаҳарнинг умумий ва айрим жойлари кўриниши, автобуснинг ичидаги турли планлар, хонадонлар ҳамда кўп қаватли уйларнинг ташқи ва ички кўринишлари, завод, кўл каби кўплаб жойларни бадиий ниятга мос тарзда кадрма-кадр чизиб чиқиш ва бош рассом уларни ўз гуруҳи билан моҳирона қуриши катта меҳнат талаб этадиган жараёндир.
Шундан сўнг Бахтиёр Назаров кетма-кет кўплаб фильмларда ишлади. Турли мавзу ва жанрдаги фильмларнинг ҳар бирида рассом ўзига хос ёндашувга эриша олди. Худди шундай фильмлардан бири режиссёр Дамир Салимов суратга олган “Шум бола” фильми эди. Ушбу фильм тарихий мавзуда бўлиб, ХХ аср бошларидаги Ўрта Осиё, аниқроғи, Тошкентда содир бўлган воқеаларни гавдалантиради. Ғафур Ғуломнинг шу номли қиссаси асосида ишланган фильм сценарийсини Ш.Аббосов ҳамда А.Наумовлар ёзган.
Одатда, бадиий адабиёт асосида ишланган фильмларда қиссадаги воқеалар тўлиқлигича акс этмайди, балки маълум талқин мақсадига мувофиқ келадиганларигина танлаб олинади. Бу эса кино рассоми учун мураккабликлар пайдо қилади. Негаки, қисса қисқартирилиб, айрим воқеалар олиб ташланганда ёки баъзи эпизодлар тўлиқлигича эмас, балки қисқартириб олинганда воқеалар кетма-кетлигида мантиқий узилиш келиб чиқиши мумкин. Рассом эса фильмнинг умумий кадрлар композициясини қуришда ана шундай номувофиқликни бартараф этиш йўлини қидиради…
“Шум бола” фильмида бир қанча эпизодлар борки, уларда Бахтиёр Назаровнинг маҳорати алоҳида кўринади. Буни фильм бошидаги иккинчи кадрдаёқ англаш мумкин. Унда маҳаллада безорилик қилган болаларни Тўйчи Орипов қаҳрамони қувиб кетади. Кадр икки кўча туташган бурчак рўпарасидан тасвирланади. Бу орқали бир томондан кадр жозибадорли таъминласа, иккинчи томондан ҳаракат давомийлиги ва фильм динамикасига эришилган.
Ушбу кадрда кинорассом ўз мураккаб вазифасини қандай ҳал этгани ёрқин кўринади. Ундан фильмнинг тарихий муҳитини, ижрочилар жойлашувини, объектлар аниқлигини ҳамда фильм воқеалари изчиллигини таъминлаши талаб этиларди. Кадр ва планларни чизиш билан бир қаторда рассом натурадан шундай табиий шароит топиши ёки ўзи ўзи сунъий барпо этиш зарур бўлган.
“Шум бола” фильмида томошабинлар эътиборини алоҳида тортадиган эпизод – Қоравойнинг эшакни сўйиб қўйгани учун калтак еб қочишидир. Бу эпизодни тасвирлашда рассом энди боя таъкидланган вазифалар билан бир қаторда воқеаларни ўзаро боғлаши, кейинги воқеа учун ҳам қаҳрамонни қулай вазиятга олиб чиқиши лозим эди. Энг муҳими, Бахтиёр Назаров томма-том югураётган қаҳрамон ҳаракатлари табиий чиқиши ва томошабин ҳам бунга ишонишининг уддасидан чиқа олган.
Қоравой бир неча томдан югуриб қочаркан, охири ўзи ҳам кутмай бир уй ўчоқбошисига йиқилади. Томдан тушиб кетган қаҳрамон тўғри ертандир ичига кириб қолади. Шу ерда юқорида таъкидланган хусусият – қиссанинг қисқартирилган воқеаларидаги мантиқий узилиш кўзга ташланади. Қоравойнинг томдан тўғри тандирга қулаши томнинг тешилганини билдиради. Шох-шабба ва хас-хашакдан иборат томнинг тешилиши ўчоқбошига кирган киши эътиборини дарҳол тортмаслиги мумкин эмас. Бироқ кеч тушгач, бу ерга кириб келган аёл ва эркак пинҳона учрашув чоғида томнинг аҳволига умуман эътибор қаратишмайди.
Фильмда рассомни ҳақиқий имтиҳондан ўтказувчи ўрин – бозор манзараларидир. Бу эпизод оммавий саҳналари билан, айниқса, мураккаб. Режиссёр ва унинг ёрдамчилари, асосан, оммавий саҳналарда актёрлар ижроси улар ҳаракатининг ўзаро мувофиқлигини таъминлашда қийнал­са, рассом тарихий муҳитни беришда, ҳар бир қаҳрамонни шунга мос кийинтиришда қийналади.
Бозор эпизодининг яна бир мураккаб томони планларнинг кўплиги ва ранг-баранглиги билан ҳам изоҳланади. Рассом учун эса бу мураккаблик бир кадрнинг ўзида томошабинга ҳам давр муҳити, ҳам фильм муҳитидан дарак берувчи ахборотни узатиш билан боғлиқдир. Хусусан, бир кадрдаги иштирокчиларнинг ижтимоий мавқеи бир қарашда англашилиши керак. Жумладан, Қоравойнинг дўппи танлаш эпизодини олинг. Кадрда – тўрт иштирокчи. Уларнинг барчаси – турли кийимда. Ҳар бирининг кийими ижтимоий ва иқтисодий аввалини англатади. Шу билан биргаликда, улар фильмда акс этган давр кишилари қиёфасини ҳам ифодалаши лозим. Бахтиёр Назаров ушбу кадрни дўппи растаси рўпарасидан тасвирлайди. Бунинг икки сабаби бор. Биринчиси, Қоравойнинг растама-раста юриши учун қулай, иккинчиси, ҳароб кийимдаги Қоравойнинг дўппи танлашига сотувчи муносабатини ва унинг ёнидаги икки ўзига тўқ кишининг хатти-ҳаракатини тўла очиб бериш учун ўнғай.
Бозор эпизодида фильмда акс этган давр руҳидан келиб чиқиб, замон ўзгаришлари ифодасини ҳам бериш лозим эди. Русия вассали бўлган Ўрта Осиё ҳаётига Европа маданияти кириб келаётганини кўрсатиш учун рассом маҳаллий аҳолининг ҳаёти тасвирига бир-икки детални киритиб ўтади. Чойхонадаги чоллар суҳбати эпизодида граммафоннинг кўрсатиб ўтилиши бунинг ёрқин мисолидир.


Бахтиёр Назаров эскизларида қаҳрамоннинг жисмоний, руҳий ҳолати, атроф-муҳитнинг унга таъсири ва ўзаро гармонияси тўлалигича ўз ифодасини топади. Гарчи бу эскиз қайсидир фильмнинг маълум кадри учун чизилган бўлса-да, алоҳида мустақил асар сифатида ҳам бадиий қийматга эгалиги билан аҳамиятлидир.
Бахтиёр Назаров 56 та фильмда бош рассом сифатида ишлаган. Улар орасида ўзбек киносининг “Севги”, “Шариф ва Мариф”, “Ҳаёт маъноси”, “Катта қисқа ҳаёт”, “Ўзингни кўрсат”, “Карвон” каби дурдоналари билан бирга жаҳон киноси намуналари, кўплаб қўшма лойиҳалар ҳам бор. Булар сирасига “Қизил поезд” (Озарбайжон), “Жунгли қонунига кўра” (Ҳиндистон ва СССР), “Уч Қирол жанги” (Марокаш, Испания, Италия, СССР), “Шаҳризоданинг сўнгги эртаги” (Тожикистон) каби бир қанча фильмларни киритиш мумкин. Айниқса, дунёга машҳур марокашлик режиссёр Самуэль Бен-Барканинг беш қисмли икки фильмида ишлагани рассомнинг катта ютуғи ҳисобланади.
Таассуфки, рассом ўз ижоди билан фильмнинг бадиий баркамоллигига катта ҳисса қўшади-ю, ўзи бошқа кино ижодкорлар даражасида машҳур бўлмайди. Томошабин улар номини фақат фильм титрларидагина ўқишади, холос. Шу сабаб ҳам кўплаб маҳоратли мусаввирлар кинорассом бўлишни унчалик ҳам хоҳлашмайди. Лекин Бахтиёр Назаров бошқа кинорассомлар сингари сояда қолиб кетмади. У кинодаги ва рангтасвирдаги ижодини баробар олиб борди. Рассом тасвирий санъатнинг деярли барча жанрларида ижод қилди. Унинг кинода ишлагани рангтасвирдаги ижодига ёрдам берди, дейиш мумкин. Масалан, портрет жанридаги кўплаб асарлари ўзининг табиийлиги, ҳаққонийлиги ва оний ҳолат моҳирона топилгани билан ажралиб туради. Буни рассом ишлаган Малик Қаюмов, Лутфихоним Саримсоқова, Наби Раҳимов, Зулфия каби халқ севган санъаткорлар портретларида кўриш мумкин. Бахтиёр Назаров ижодида Ғарб ва Шарқ бадиий анъаналарининг ўзаро синтези кўзга ташланади. Унинг “Аёлга мадҳия” кўргазмасидан ўрин олган юз нафар аёл портретида инсоният тарихида теран из қолдирган машҳур аёллар сиймоси маҳорат билан тасвирланган. Йиллар давомида ишланган бу суратлар тасвирий санъат ихлосмандларини аёл қалбининг сирли оламига, бетакрор гўзаллик уммонига олиб киради.
Рассом пейзажлари ҳам табиат манзараларининг шунчаки тасвири эмас. Уларда рассомнинг ўзига гоҳ бадиий диди ва тафаккури мужассам. Бахтиёр Назаров – инсон туйғулари, борлиқ ҳолати ва ҳаракатини ўзига хос кўз ила кўрадиган санъаткордир. Унинг ҳайрат олами, туйғу ва ўйлари асарларига кўчади.
Академик рассом бугунги кунда ижод қилиш билан бирга рангтасвир ва кинода орттирган бой тажрибасини ёш авлодга улашиб келмоқда.

Бахтиёр ЁҚУБОВ,
Ўзбекистон давлат санъат ва
маданият институти доценти в.б.,
санъатшунослик фанлари
бўйича фалсафа доктори (PhD)

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
3 Menga yoqdi
1 Menga yoqmadi