Сельма ЛАГЕРЛЁФ. Нильснинг ёввойи ғозлар билан саргузаштлари

base_ec0e0c2a6d

Сельма ЛАГЕРЛЁФ

(1858–1940)

НИЛЬСНИНГ ЁВВОЙИ
ҒОЗЛАР БИЛАН САЁҲАТИ

Эртак-қисса

Рус тилидан
Очил ТОҲИР
таржимаси

3

Кулранг каламушлар Глимминген қалъаси деворларига яқинлашиб қолганида аллақачон борлиқни қоронғилик қоплаб олганди. Ичкарига киришга бирон-бир тешик топиш илинжида, бутун қалъа атрофини уч марта айланиб чиқишди. Ҳеч қаердан ўзлари сиғадиган бирон туйнук тугул, панжаларини чўзиб ёпишиб олиш учун деворни туртиб чиққан биронта дўнг жой ҳам топа олишмади.
Тинимсиз узоқ қидиришдан сўнг улар ниҳоят қалъа деворидан оз-моз учи чиқиб турган тошга дуч келди. Каламушлар ҳамма томонидан ўраб олиб, унга осилишса ҳам тош жойидан қўзғалмай турарди. Шундан сўнг каламушлар тошни ғажишга, тирноқлари билан тирнашга ва унинг остидаги ерни кавлашга тушдилар. Тошга бутун оғирликларини ташлаб осилганича, уни у ёқ, бу ёққа суриб ўрнидан силжитишга ҳаракат қилишарди.
Охири тош қимирлаб, бўғиқ товуш чиқарганча девордан кўчиб тушди…
Ўша заҳоти каламушлар бирин-кетин товуш чиқармай қора тўртбурчак туйнук орқали ичкарига кириб олдилар. Улар кечиб ўтиши биланоқ дарҳол тўхтаб қолишди. Мутлақ бегона жойда ҳар қадамда тўсиқ-пистирмага дуч келиш мумкин. Йўқ, ундай бўлмади, атроф жимжит ва тинч эди. Шундан сўнг каламушлар анча дадиллашиб, зинадан тирмашиб юқорига чиқа бошлади.
Ташлаб кетилган катта залларда дон тоғдай бўлиб уюлиб ётарди. Каламушлар ўта оч бўлиб, доннинг иштаҳани қитиқловчи ҳидидан кўнгиллари қанча суст кетмасин, барибир ўзларини тийиб, биронта донга оғиз уришмади.
Балки бу атай қўйилган тузоқдир? Эҳтимол, улар тўсатдан бостириб келиб қўлга туширишни мўлжаллаётгандир? Йўқ! Улар бунақа ҳийла-найрангга алданадиган аҳмоқ эмас!
Токи бутун қалъани тинтиб чиқиб, ишонч ҳосил қилмагунча дам олиш ва овқатланиш тугул, ҳаттоки бу ҳақда ўйлаш ҳам мумкин эмас.
Каламушлар барча қоронғи ковак, бурчакларни, йўлак ва ўтиш жойларини бирма-бир тимирскилаб чиқишди. Ҳеч қаерда тирик жон йўқ эди.
Кўриниб турибдики, қалъада яшовчилар қўрққанидан жуфтакни ростлаб қолган.
Қалъа энди уларники – каламушларнинг мулки!
Улар дон уюмига ютоқиб ташланди. Хирмонга боши билан шўнғиб, донларини очофатлик билан ямлаб ютишга киришди. Қоринлари эндигина қаппая бошлаган ҳам эдики, кутилмаганда қаердандир қамиш сурнайчанинг майин ва тиниқ оҳанги эшитила бошлади.
Каламушлар тумшуғини кўтарганча серрайиб қотиб қолди.
Сурнайчанинг товуши тиниши билан каламушлар яна мазали хўракка ташланишди.
Аммо қамиш сурнайчанинг овози яна эшитила бошлади. Аввалига куй жудаям паст эшитилиб турди, кейин кучайиб, тобора қаттиқ чалина бошлаганини ҳаммаси пайқади. Қалин деворлардан сизиб ўтган титроқ солувчи садо бутун қалъани тутиб кетди.
Каламушлар хўрагини ташлаб бир-бирининг изидан товуш келаётган томонга югура бошлади. Бу қайсар махлуқлар ўлжани осонгина ташлаб кетгиси келмай, шоша-пиша донни ғажиб қолишга уринади. Бироқ қамиш сурнайча товуши тинмай, қалъани ташлаб чиқиб кетишни буюрар, каламушлар эса нафасларини узиб келмасди.
Сеҳрли мусиқанинг тинимсиз янграши уларни ҳовлига тезроқ чиқишга мажбур қилди. Каламушлар зинадан сирпаниб тушишаркан, бир-бирининг устидан ўмбалоқ ошиб, баъзилари сакраганича ўзини деразадан пастга ота бошлади.
Қалъа ҳовлисининг ўртасида миттигина одамча тинмай қамиш сурнайчасини чаларди.
Каламушлар унинг атрофини ҳалқадек ўраб олиб, тумшуқларини юқорига кўтарганча унга тикилиб турарди. Ҳовлида оёқ босишга жой қолмаган, қалъага бошқа каламуш тўдалари ҳам келиб қўшилгани учун ҳалқа зичлашиб борарди.
Қамиш сурнайчанинг товуши тиниши биланоқ каламушлар мўй­ловларини қимирлатиб, иржайиб қараганча тишларини шақирлата бошлади. Шу дамда улар митти одамчага ташланиб, уни ғажишга шай турардилар!
Қамиш сурнайча яна чалина бошлагач, каламушларнинг қимирлашга журъати етмай қолди.
Митти одамча ҳамма каламушларни бир жойга йиғди ва ўзи дарвоза томонга секин сурила бошлади. Унинг ортидан каламушлар итоаткорлик билан эргашди.
Одамча қамиш сурнайчасини чалганча одимларкан, ортидан келаётган каламушлар бир-бирини туртиб-суриб ўтишга интиларди. У қояни айланиб ўтгач, водийга тушди. Дала ва жарликлардан ўтиб бораркан, изидан бутун бошли каламушлар оқими чўзилиб келарди.
Митти одамча кўл бўйига етиб келганида аллақачон осмонда юлдузлар ўчиб бўлган эди.
Қирғоқда эса қозиққа боғлаб қўйилган қайиқчадек тўлқинда чайқалганча кулранг ғоз уни кутиб турарди.
Одамча сурнай чалишни тўхтатмасдан, ғознинг елкасига сакраб чиқиб олди, у эса кўл ўртасига қараб аста суза бошлади.
Каламушлар қирғоқ бўйлаб югуришди, сурнайча оҳанги кўл устида яна ҳам баландроқ янграб уларни ўзи томонга чорларди.
Афсунли куйга сеҳрланган каламушлар унинг ортидан эргашиб сув кечишни бошлади. Оқибатда бари ғарқ бўлиб, бу дунёдан изсиз йўқолди…

4

Каламушларнинг энг сўнггиси ҳам сув тубида ғойиб бўлгач, кекса ғоз ўз ҳамроҳи билан кўкка кўтарилди.
– Офарин, Нильс! – деди Акка Кебнекайса. – Сен ўз ишингни қойил­латиб уддаладинг. Мабодо кучинг етмай қолганида борми, улар сени шу ернинг ўзидаёқ еб қўярди.
– Ҳа, тан оламан, ўзим ҳам қўрққан эдим, – жавоб қайтарди Нильс. – Улар тишини шу қадар шақирлатиб қайрашдики, қўрқувини босишга зўрға куч топдим. Ахир жимжилоқдай митти сурнайча бутун бошли каламушлар тўдасини тинчитишига ким ҳам ишонади, – Нильс чўнтагидан қамиш сурнайчани олиб, унга яна бир бор разм солди.
– Бу сеҳрли қамиш сурнайча, – деди онабоши ғоз, – барча ҳайвонлар ва қушларни бўйсундиради. Калхатлар худди жўжа каби кафтингда дон чўқилайди, бўрилар эса ҳали эси кирмаган кучукча каби сенга суйкалиб эркаланади, фақатгина сен уни эплаб чалсанг бўлгани.
– Сиз буни қаердан олдингиз? – қизиқиб сўради Нильс.
– Буни укки Флимнеа олиб келди, – деди кекса ғоз, – унга эса ўрмоннинг митти сеҳргари берган.
– Ўрмон сеҳргари – митти одамча?! – титраб кетди Нильс, бироқ унга ўзи ҳақда оғиз очмади.
– Ҳа, шунақа, ўрмоннинг митти сеҳргари, – деди онабоши ғоз. – Нимага сен ўзингни йўқотиб қўйдинг? Фақат ундагина бор бундай қамиш сурнайча. Кекса укки Флимнеа иккимиздан бошқа ҳеч ким бу ҳақда билмайди. Айтиб қўяй, яна сен бошқаларга оғзингдан гуллаб юрма. Ҳа, сен қамиш сурнайчани эҳтиётлаб маҳкам тут, тағин бирон нимага уриб олмагин. Қуёш чиққунича укки Флимнеа уни эгасига қайтариши керак. Ўрмоннинг митти сеҳргари қамиш сурнайча сенинг қўлингга тегишини эшитиб, аввалига беришга кўнмабди. Сўнг укки ялиниб-ёлвориб кўндирибди, хуллас, иложини қилиб ундириб келди… Зўрға кўнди. Тушунмадим, нега номингни эшитиши биланоқ ўрмон митти сеҳргарининг бирдан ғазаби қайнаб кетди экан?
Нильс унга индамади. Ўзини худди Акканинг охирги сўзларини эшитмаганга олди. Аслида, унинг гапларини тўлиқ эшитган ва қўрқиб кетган эди.
“Демак, менинг қўпол қилиқларим ҳали ўрмон митти сеҳргарининг эсидан чиқмабди! – ғамгин ўйга толди Нильс. – Ҳалигидақа ишларим оз эмас-да, уни капалак тутадиган тўр қоп билан ушлаб олгандим, барибир, охирида мени боплаб кетган! Буларни у Аккага қандай айтади. У жудаям жиддий, адолатпарвар, билиб қолса, ҳозироқ мени гала сафидан ҳайдаб юборади. Ундан сўнг менинг ҳолим нима кечади? Кейин қаерга бош уриб бораман?” – оғир хўрсиниб қўйди у.
– Нима бўлди, нега хўрсинаяпсан? – сўради Акка.
– Менми, эснаяпман. Чарчаганга ўхшайман, уйқум келаяпти.
У ростдан ҳам тезда ухлаб қолди, шу қадар тош қотиб ухладики, ҳатто ерга қандай тушишганини ҳам сезмади. Уларни ғозлар галаси шовқин солиб қичқиришганча қуршаб олди. Мартин ҳаммасини туртиб-итариб олдинга ўтиб Нильсни кекса ғознинг елкасидан авайлаб олганича ўзининг қанотлари остига яширди.
– Йўл беринглар, йўл беринглар, – у ҳаммани бир четга ҳайдади. – Одамнинг ухлашига халақит қилманглар!
Бироқ Нильсга роҳатланиб узоқ ухлаш насиб этмади.
Ҳали тонг отар-отмас ёввойи ғозларнинг олдига лайлак Эрменрих учиб келди. У Нильсни кўриши зарурлигини, унга оила аъзолари ва шахсан ўз номидан миннатдорлик билдирмоқчи эканлигини айтди.
Кейин кўршапалаклар пайдо бўлди. Улар одатда ёруғ кунда ухлашади.
Тонг уларга – оқшом, шом эса – тонг. Бу ҳеч ким ўзгартира олмайдиган қатъий тартиб. Бугун эса улар бу ўзгармас кўникма-қоидаларини ўзлари тарк этишди.
Кўршапалакларнинг изидан омон қолган думини мамнун силкитганча мушук чопқиллаб келди.
Ҳаммаси Нильсни кўриш истагида, кулранг каламушларни қирган ­довюрак жангчини табрикламоқ учун талпинарди.

6-БОБ

КУЛАБЕРГ ТОҒИДА БАЙРАМ

1

Тунги воқеалардан сўнг ғозлар галаси бундоқ тинчиб ҳордиқ чиқаришга ҳам улгуролмади, чунки улар шошилинч Кулабергга боришлари керак эди.
– Омадинг бор экан! – дейишди ёввойи ғозлар Мартинга. – Фақат йилда бир марта ўтадиган бу байрамда барча ҳайвонлар ва қушлар бир жойга тўпланади. Қандай ўйинларни ўйлаб топишмайди! Шунақа рақсга тушишадики, худди мурвати буралган қўғирчоқлар дейсан!
– Нимагадир бу байрам ҳақида сира эшитмаган эканман, – деди Нильс. – Мактабда тўлиқ уч йил ўқиган бўлсам ҳам.
– Сенинг бу байрамдан мутлақ бехабарлигинг табиий, бунинг ҳеч ажаб­ланарли жойи йўқ, – деди қария Акка. – Чунки парранда-ю даррандаларнинг бу ажойиб тантанаси ҳақида шу пайтгача одам зоти эшитмаган. Шунингдек, Кулабергга қандай борилишини ҳам биронта инсон билмаслиги керак.
Акка Кебнекайса Нильсга диққат билан разм солди.
“Башарти шундай экан, мени ўзлари билан олиб боришмайди, – кўнглидан кечирди Нильс. – Ахир миттигина бўлсам ҳам барибир мен одамман”.
Бироқ у бу ҳақда Аккага ҳеч нима демади.
Шу пайтда ғозларнинг ўй-хаёли фақат байрам тараддуди билан банд. Патларини силаб-сийпаб ўзларига оро берар: бирма-бир сувга кириб панжаларини совунлаб ювиб тозалар, сўнг тумшуқларини оқариб ялтирагунча қумга ишқаларди.
Фақат Мартин билан Нильс уларни бепарво кузатганча бир четда ўтирарди.
Албатта, Кулабергда бўлолмайди, бунга ақли етиб турибди, Нильс шу ҳақда ўйларкан, Мартин улар кетса, ўзи Нильснинг ёнида қолиши керак­лигини кўнглидан ўтказарди. Дўстни ёлғиз ташлаб кетиб бўладими?
Тушга яқин яна лайлак Эрменрих учиб келди.
Тонг-саҳардан буён унинг қўними йўқ. Қарийб беш марта ботқоқликка учиб бориб, бир нечта қурбақа тутиб келди, Эрменрих хоним эса уларни қаерга қўйишни билмай боши қотарди.
Энди ҳеч ким жаноб Эрменрихга қараб, у фақат тақдирдан шикоят қилиш учун сўз очади, деб айтолмайди. У ўзининг ҳар бир хатти-ҳаракати ва гапида бу дунёда бахтли лайлаклар орасида ундан бахтиёри йўқлигини таъкидлайди.
Эрменрих бош эгиб, тиз чўкиб таъзим қилиши ҳамда табрик-қут­ловларини тугатиб бўлгач, Акка Кебнекайса уни ўз ёнига чорлаб гап бошлади:
– Жаноб Эрменрих, менга бир масалада маслаҳатингиз зарур. Маълумки, бугун биз ҳаммамиз Кулабергга жўнаймиз. Биласизми, галамиз билан оқ ғоз ҳам учади ва… – гап шу ерга келганда қария Акка сўзини йўқотиб, тутилиб қолди, – ва унинг дўсти бор. – Акка Кебнекайса Нильс исмли одам дейишга ботина олмади. – Унинг биз билан бирга эканлигига аввалига ўзим ҳам бир қадар шубҳа билан қарагандим, энди эса қарамоғим­даги ҳар битта ғоз сингари, уни ҳам тўлиқ ўз кафиллигимга оламан. Ишончим комил, у ҳеч қачон бизни одамларга сотмайди. Мен ҳатто ўйлайманки…
Лайлак унга гапини тугатишга имкон бермади.
– Муҳтарама Акка Кебнекайса, – қаддини виқор билан тутганча сўзларига алоҳида урғу бериб гап бошлади лайлак. – Адашмасам сиз Нильс ҳақида гапираяпсиз, Глимминген қалъасини бало-офатдан қутқарган халоскор, шундайми? Нильснинг ўзи минглаб кулранг каламушлар билан яккама-якка жанг қилганини айтмайсизми? Ўз ҳаётини хавф-ҳатарга қўйиб хотиним ва болаларимни қутқарган буюк у эмасми? Нильс тўғрисида қанчалик…
– Ҳа, ҳа, худди ўша ҳақда, – Акка Кебнекайса лайлак Эрменрихнинг ҳаяжонли нутқини бўлди. – Айнан шу тўғрисида сиз билан маслаҳат қилмоқчи эдим?
– Кебнекайса хоним, – деди тантанали овозда лайлак ва тумшуғини тошга шу қадар зарб билан урдики, худди пуч ёнғоқлар чақилганидай қасирлаб кетди. – Кебнекайса хоним, халоскоримиз Нильснинг биз билан бирга Кулабергга жўнашини шахсан ўзим учун шон-шараф деб биламан. Ҳанузгача ўзимни кечиролмаяпман, негаки, кеча у билан одобсизларча муносабатда бўлдим. Шу айбимни ювиш учун – сиздан илтимос, хўп денг! – уни ўзим олиб борсам, албатта, тумшуғимда эмас, елкамга миндириб элтсам.
Жаноб Эрменрих бошини чайқаганча, ўз қароридан қайтмайдиганлар қиёфасида тумшуғини осмонга кўтарди.
Уни Кулабергга шахсан лайлакнинг ўзи олиб боришини билгач, Нильс шу қадар қувондики, айни пайтда бошидан ҳам баландга сакрашга тайёр эди. У жуда кичкина бўлгани учун ишониш мумкиндир, лекин ҳалигача биронта бўй-басти рисоладагидай одам ўз бошидан баланд сакрай олмаган.
Ниҳоят барча йиғилиш ва тайёргарлик ишлари охирига етди.
Лайлак Нильснинг оёғи остига тумшуғини қўйди, у тирмашиб жаноб Эрменрихнинг елкасига чиқиб олди. Лайлак билан бирга ғозлар галаси, Нильс ва Мартин йўлга отланди.
Нильс лайлакнинг елкасида учиб бораркан, ҳақиқий парвоз қанақа бўлишини энди тушуниб етганди.
Ёввойи ғозлар учишда ҳеч қачон лайлакка тенг келолмайди, Мартин қанча уринмасин, барибир ёввойи ғозлардай парвоз қилолмади.
Жаноб Эрменрих Нильсни олиб бораркан, уни мумкин қадар кўпроқ хурсанд қилишни хоҳларди. Шунинг учун у кўкда парвози давомида ҳар хил ўйинлар қиларди. Кутилганидан ҳам аълороқ чиқиши учун ўқдай учиб булутларгача етиб борар ва қанотларини ёзиб, ҳавода муаллақ қотиб турар, бирдан тошларга теккудай пастлаб кетар, гўё ерга бориб уриладигандай туюларди. Гоҳ ҳавода доира ясар, дастлаб айланани кенг олиб, бора-бора торайтириб, кичрайтириб борарди. Сокин уча туриб кейин тезлигини оширар, у буларни Нильснинг завқини ошириш учун қиларди.
Ҳа, бу ҳақиқий парвоз бўлган эди.
Нильс Акка Кебнекайсанинг галасига қарашга интиларкан, айланиб ҳар бурилганида уларни зўрға кўриб қоларди.
Гала доимгидек қатъий тартиб билан учар, Мартин ҳам ҳақиқий ёввойи ғоздек улар билан теппа-тенг борарди.

2

Кулаберг тоғ тизмаси қоялари тўғри денгизнинг ўзидан тик кўтарилган. Кулаберг тоғ этагида уни ҳимоя қиладиган на бир парча қуруқ ер, на бир қумлоқ жой йўқлиги боис у доимо дарғазаб тўлқинлар қуршовида. Минг йиллардан буён ўжар тўлқинлар бағридаги тош палахсаларини вижирлаган кўпиклар қоплаб ётарди.
Тўлқинлар ковлаган чуқур ғорлар, гумбазли дарвозага ўхшаш тешик қоялар камари, тоғни чуқур ёриб кирган кенг кўрфазлар бир-бирига туташ. Денгиз ва унга кўмакчи шамол йўниб силлиқлаган, арра тишларига ўхшаш қиррали улкан деворлар юзаси теп-текис. Шундай силлиқ ва ялтироқки, дунёдаги энг зўр ғишт терувчи уста ҳам шак-шубҳасиз бунга ҳавас қилган бўларди.
Кулаберг тоғи ёнбағрида мустаҳкам илдизлари тошларга ўралиб, ёпишиб кетган дарахтлар ўсарди. Денгиз шамоли уларни пастга эгиб, қадларини тиклашига йўл бермас, бироқ қайсар дарахтлар тоққа ёпишиб, барг-новдалари билан чирмовуққа ўхшаб яланғоч тошларни ўраб-чирмаб олган эди.
Пастликдаги одам оёғи етмаган ва мутлақо чиқиб бўлмайдиган тоғ тизмасидаги майдонча шунақаям силлиқки, худди биров улкан пичоқ билан тоғларнинг тепасини бир текисда кесиб чиққандай.
Йилда бир марта баҳорда қушлар ва ҳайвонлар у ерда тўпланиб, ўзларининг ананавий Улуғ ўйин-кулги байрамини ўтказишади.
Бу байрам ўтказиладиган кунни фақат турналар белгилайди. Чунки улар қачон ёмғир ёғиши, қачон ҳаво очиқ бўлишини олдиндан билади, об-ҳаво тўғрисида аниқ маълумот бера оладилар.
Қадимий урф-одатга биноан ҳайвонлар ва қушлар байрам куни бир- бири билан махсус яраш сулҳини тузади. Шу куни қуёнча ҳеч бир хавотирсиз қарға билан ёнма-ён хотиржам сайр қилиши мумкин, биронта ҳам қанотли қароқчи ботиниб ҳамла қилиш тугул, ҳатто қағиллашга ҳам ҳаққи йўқ. Ёввойи ғозлар эса сира қўрқмай тулкининг шундоқ тумшуғи остида бемалол айланиб юраверади, уларга хавф солиш у ёқда турсин, бундоқ қайрилиб қараши ҳам мумкин эмас. Барча ҳайвон ва қушлар ана шу қоидага асрлар оша қатъий амал қилиб келади.
Ғозлар даставвал ўзларига мос жой топиш учун ҳаммаёқни яхшилаб қараб чиқишди.
Уларнинг шундоққина ёнгинасида шох-новдалари ўсиб кетган бутун бир ўрмонни буғулар подаси эгаллаган экан. Бу ердан қизил тулкилар жойлашган баланд дўнглик ҳам кўриниб турарди. Ундан нарироқда кулранг майин қумлоқ тепалик бўлиб, бу ер қуёнлар галасининг маскани эди.
Ғозлар ўзларига ҳеч қандай йиртқич хавф солмаслигини билсалар ҳам, барибир, балодан нари дея қўноқ манзилини тулкилардан узоқроқ жойдан танладилар.
Ҳамма байрам бошланишини сабрсизлик билан кутарди. Нильснинг иштиёқи уларникидан юз чандон ортиқ. Ахир у ҳайвонлар ва қушларнинг ўйин-кулги байрамини кўришга мушарраф бўлган биринчи ва ягона одам-да!
Байрам эса кечикиб борарди. Негаки, Акка Кебнекайсанинг галасидан бошқа қанотлилар дунёсидан ҳали ҳеч ким Кулабергга келмаганди. Биронта қушлар галаси кўринмасмикан, дея Нильснинг кўзлари тўрт бўлиб, йўлга тикиларди. Жаноб Эрменрихнинг елкасида ўтирганча, нуқул осмонга қарарди.
Бироқ паррандалар худди бугунги байрамни унутгандек ҳанузгача дом-дараксиз.
Осмон артилган ойнадек тип-тиниқ, фақат узоқ-узоқда – уфқ этагига бир парча қора булут осилиб турарди. Булут борган сари катталаша бошлади. У тўғри Кулабергга эниб келиб, ҳайвонлар йиғилиб турган майдон тепасини ўраб олди.
Аммо бу булут куйлар эди: бошида чуғур-чуғур овози эшитилди, изидан ҳуштак чийиллашига ўхшаш товуш кела бошлади. Булут гоҳ баландлаб, гоҳ пастлар, овоз ҳам гоҳ узоқлашиб, гоҳ яқинлашиб турарди. Бирдан созанда булут ерга лоп этиб қулаб тушди – бутун замин қизил, сариқ, яшил тусдаги саъва, сўфитўрғай, какликларга тўлиб кетди.
Биринчи булутнинг изидан иккинчиси қора кўрсатди. У қаерга қараб сузмасин – кичкина қишлоқ тепасиданми, шаҳар майдончаси устиданми, қўрғонча ёки кон заводи узра ўтадими – ҳаммаёқда уларга ердан кўтарилган кулранг суюқлик тизиллаб отиларди. Булут ўсиб, кенгайиб, Кулаберг устига келиши билан улардан чумчуқлар галаси жаладай қуйилди.
Аллақачон кўк этагидан яна бир қорамтир-кўк ёмғирли булут кўрин­ди. У ваҳима билан Кулабергга яқинлашиб келарди. Бу зич ва қалин пардани қуёш нури зиғирча тешиб ўтолмасди. Тун мисоли борлиқни қоронғилик қоплади. Даҳшатли гумбурлаган қалдироқ булутни силталар экан, бирдан Кулаберг узра қоп-қора дўл ёға бошлади. Сепалаб ўтгач, осмонда яна қуёш нур соча бошлади, майдонда эса қағиллаб қанотларини силкитганча қора қарғалар, қузғун, зағча ва шуларга мансуб бошқа қушлар пайдо бўлди.
Кейин осмон юзлаб нуқта ва чизиқчаларга тўлди, гоҳ бир қанча тенг бурчакли учбурчак ҳосил бўлса, гоҳ худди чизғичда чизилгандек тўғри чизиқлар пайдо қилар, изидан ярим айлана чизилар эди. Булар атрофдаги ўрмонлардан учиб келган ботқоқ ўрдаклари, ғозлар, турналар ва қарқурлар экан…
Кулабергдаги қадимий тартиб-қоидага кўра биринчи ўйин қарғаларнинг парвози билан бошланди.
Майдоннинг икки тарафида учган қарғалар ҳавода бир-бири билан ўзаро тўқнашиб, яна турли томонларга қайтиб кетишди. Унчалик қизиғи бўлмаган бу ўйинга эҳтимол қарғаларнинг ўзида ҳам иштиёқ йўқ эди. Қолганларнинг ҳаммаси чарчаган, шундай бўлса-да, ўзларини мамнундай қилиб кўрсатишди. Қарғалар биринчи бўлиб чиқишди, нима бўлганда ҳам улар байрамни бузишмади.
Улар изидан майдонга чопқиллаб қуёнлар чиқди.
Ана энди ҳақиқий хушчақчақлик бошланган эди.
Қуёнлар сакрашар, бошлари билан ўмбалоқ отишар, кимдир ерда ғилдиракдай думаласа, кимдир бизбизакдай ғизиллаб айланар, бошқаси панжасига таяниб тикка турар, кимдир боши билан бемалол юрар эди. Қуёнлар қувноқ бўлганлари учун уларни томоша қилиш ҳам завқли эди!
Ҳа, уларнинг бу қадар юмалаб-қувнаб ўйнашларининг сабаби бор! Баҳор келяпти! Қишнинг аёзли кунлари тугади. Очлик мавсуми ҳам ортда қолди!
Қуёнлардан кейин навбат қарқурларга етди.
Қарқурлар дарахтларга жойлашиб олгач, қоп-қора ялтироқ патларини, оч-қизил рангдаги қошларини уйиб ўзларини жиддий кўрсатишга ҳаракат қиларди. Бир қарқур қўшиқ куйлаганча энг юқори новдада ўтирган бирини чорлади. У думини силкитиб, қанотларини кериб, қора парлари остидан оқ патларни ёйиб, бўйнини чўзиб, кўзларини кўкка тикканча чуғурлаб сайрай кетди:
– Чирқ! Чирқ!Чақ! Чақ!
Унинг қўшиғига ҳаммаси жўр бўлди, пастдаги бутоқда турган учта қарқур дарахтнинг у шохидан, бу шохига қўниб, куйлай бошлади. Дарахтдаги барча қарқурлар мамнунлик билан, узоқ кутилган баҳорни қутлаб куйладилар.
– О-р-р! О-р-р! Ч-у-р! – Ч-чу-рр!
Ҳамма куй-қўшиққа сеҳрланиб, берилиб тинглаётган пайтда битта тулкининг оёқ учида Акка Кебнекайса галаси томон ўтиб кетганини ҳеч ким сезмай қолди. Бу аламзада Смирре эди.
– Ёввойи ғозлар! Эҳтиёт бўлинг! Ўзингизни эҳтиёт қилинг! – бақирди миттигина чумчуқча.
Смирре чумчуқчани панжаси билан бир уриб нобуд қилди. Бироқ ғоз­лар кўкка учиб улгурган эди.
Тулки ўз ғазабини босолмай увиллаб юборди. Ахир, қанча кун-у, тунни бедор ўтказиб, Акка ва унинг галасидан ўчини олишни ўйлаб юрганди-да. Кулабергда ғозлар галасини кўргач, баҳор байрами муқаддас анъаналарини, қолаверса, дунёдаги ҳамма нарсани унутган эди.
Кулабергдаги тинчликка путур етди! Бунақа ҳодиса ҳозиргача ҳеч бўлмаган! Ҳайвонлар Смирренинг ёввойи ғозлар тўдасига қилган ҳамласини, шўрлик чумчуқчани ўлдирганини кўргач, унинг ғазабини чегарадан чиқиш деб ҳисобладилар. Ҳаттоки тулкилар ўз қавмдошига қарши исён қилишди. Шу ернинг ўзидаёқ суд бўлди. Ҳукм ўқилди:
“Кимда ким ҳайвонлар ва қушларнинг буюк тўпланув ва тинчлик куни­нинг абадийлик қонунини поймол қилса, у ўз жамоасидан бир умрга бадарға қилинсин. Тулки Смирре ана шу қонунни оёқ ости қилди, бундан кейин унинг ҳудудимизда яшашига ҳаққи йўқ”.
Смирренинг қанақа жинояти учун тўдадан ҳайдалганини барча парранда-ю, даррандалар билиши ва уларга ҳам сабоқ бўлиши учун энг кекса тулки унинг қулоғининг учини тишлаб узиб олди.
Пасткашлиги учун шарманда бўлиб, қулоғидан айрилган Смирре оёғини қўлга олиб қочишга тушди, изидан барча тулкилар лаънатлаб қолди…
Ҳайвонлар тулки Смиррени жазолаб бўлгунга қадар қарқурлар ва бошқа ўрмон қушлари ўз куй-қўшиқларини давом эттириб туришди. Бу ўрмон қушларининг табиатан шундайки, улар куйлай бошладими, токи ўзлари ҳориб-чарчаб тўхтамагунча, ҳеч нимани кўрмайди, эшитмайди ва тушунмайди.
Ниҳоят улар ҳориб жим бўлишди.
Энди майдонга буғулар чиқишди. Булар жасоратли курашчилар эди.
Дарҳол бир нечта жуфтлик кураша кетди. Улар пешоналарини ёргудай бўлиб шохлашар, мугузлари чатишиб қолар, туёқлари остидан тошлар отилиб кетарди. Буғулар овозининг борича наъра тортиб бир-бирига ташланишини кўрган ҳайвон ва қушларда ҳам жанговарлик руҳи уйғонди.
Ҳаяжонланганидан қушлар қанотларини керар, ҳайвонлар эса туёқлари билан ер тепинар эди. Баҳор уларга янги куч ато этгани ҳолда ҳаётда курашиб яшашга ундарди.
Буғулар жангни ўз вақтида тугатишди, боиси, уларнинг жангини кўриб бошқа ҳайвон ва қушлар ҳам ўз ҳунарларини кўрсатгилари келиб қолди, қарасалар, умумий курашиш тадбири тугаб қоладигандек туюлди.
– Энди навбат турналарга! Энди навбат турналарга! – овоза Кулаберг узра янгради.
Қарабсизки, майдонда боши йўниб силлиқлангандай кичкина, қизил тожли, қайишқоқ бўйинли, оёқлари узун ва тўғри, басавлат кулранг қушлар – турналар пайдо бўлди. Улар қанотларини кенг ёйганча, гоҳ учишар, гоҳ патлари ерга тегиб-тегмай бир оёқда турганича пириллаб айланардилар. Майдонда қушлар эмас, гўёки кулранг соялар айланаётгандек эди. Бундай товуш чиқармай ғириллаб енгил айланишни турналарга ким ўргатди экан? Эҳтимол, ботқоқ ер устини бағирлаган туманданми? Балки замин узра эсаётган эркин шамолдандир? Ёки осмонда сузиб юрган булутдан сабоқ олдилармикан?
Кулабергда ҳамма худди эс-ҳушини йўқотгандай турналарнинг ортидан эргашар эди. Қушлар гоҳ учиб, гоҳ қўнишса, ҳайвонлар бир у, бир бу томонга чайқалиб бориб келарди. Биттаси турналарнинг рақсига думи билан қарсак чалса, бошқаси шохларини эгиб таъзим қиларди.
Турналарнинг давра олиб ўйнаши то қуёш тоғлар ортига бекингунича давом этди. Қош қорайиб тун қуюқлаша бошлагач, турналар қанотларни осмонга кўтариб кўздан йўқолдилар.
Байрам тугади.
Ҳайвонлар ва қушлар бирин-кетин ўз қавми ва тўдаси билан Кула­бергни тарк эта бошлади.

3

Ғозлар Глимминген қалъаси деворига қайтиб келганида аллақачон қоронғилик чўккан эди.
– Бугун ҳаммангиз хотиржам ухлашингиз мумкин, – деди Акка. – Энди тулки Смирредан хавотирланишга ҳожат йўқ. Эртага тонг ёришиши билан йўлга чиқамиз.
Ғозлар мамнун эди. Бошларини қанотлари остига яширганича уйқуга кетишди. Фақатгина Нильс ухламаган эди.
Тунда Нильс секин Мартиннинг қаноти остидан чиқди. У атрофга олазарак қараб, ҳеч ким уни кўрмаётганига ишонч ҳосил қилгач, тез-тез қадам босганча қалъа томонга кетди.
Унинг муҳим иши бор эди. Қандай бўлмасин укки Флимнеани топиши шарт. Ундан ўтиниб сўраб митти сеҳргарнинг яшаш жойини билиб олса бўлди. Нильс уни дунёнинг қайбир бурчагида бўлмасин, сўзсиз ахтариб топади. Майли, митти сеҳргар ундан нимани хоҳласа сўрасин, Нильс барини муҳайё этишга тайёр, фақат уни аввалги ҳолатига қайтарса бўлди!
Нильс укки Флимнеа жойлашган минорани қидириб қалъа атрофида узоқ дайдиб юрди. Бироқ тун шу қадар қоронғи эдики, қўлингни узатсанг, кўзинг ҳатто бармоқларинг учини кўрмас эди. У қаттиқ совқотиб, энди изига қайтмоқчи бўлиб турганида ниманингдир овози эшитилиб қолди.
Нильс бошини кўтариб қаради: кўмир чўғидай тўртта кўз тун бағрини ёритиб турарди.
– Энди у ипакдай майин бўлиб қолган… Илгари унинг дастидан ҳеч кимга кун йўқ эди, – гапирарди бир бойўғли иккинчисига. – Ҳамма ундан тўйган эди! У қанча қушларнинг инини бузди! Қанча-қанчасини жувонмарг қилди! – Гап шу ерга етганда бойўғли секин гапира бошлади, – даҳшат, ҳатто айтишга тил бормайди, у нима қилганини биласизми: келиб-келиб дунёда одам қуригандек, ўрмоннинг митти сеҳргари билан ҳазиллашадими? Оқибатда митти сеҳргар уни афсун билан жимитдек қилиб қўйди…
– Наҳотки, у ҳеч қачон олдинги ҳолатига қайтмаса? – сўради иккинчи бойўғли.
– Энди унга жудаям қийин, одамлик ҳолига қайтиши мушкул. Биласизми, бунинг учун нима қилиш керак?
– Хўш? Нима?
– Бу шу қадар махфий сирки, фақат қулоғингизга айтишим мумкин…
Нильс бир жуфт ёниб турган кўз наригисининг ичига кириб кетгудай яқинлашганини кўриб турарди.
Нильс қанча ҳаракат қилмасин, барибир ҳеч нимани эшита олмади.
Бойўғлилар яна гапирармикан, деб умидвор бўлиб, қалъа деворига суянганча узоқ кутди. Бироқ бойўғлилар ўзаро шивирлашиб кўздан ғойиб бўлишди.
“Афтидан, мен энди ҳеч қачон олдинги қиёфамга қайтмайдиганга ўхшайман!” – ғамгин ўйга ботди Нильс. Сўнг ерга тупурганча ёввойи ғозлар галаси томонга қайтди.

(Қиссанинг давомини  журналимизнинг 2021 йил июль-август сонларида ўқишингиз мумкин. )

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi