Тошкент халқаро кинофестивали: Анъаналар давом этади

photo_2021-08-25_12-23-03

Кино санъати ўзининг  асрлик тарихига эга бадиий-эстетик зарурат сифатида ҳаётимиздан муҳим ва муқим жой эгаллади. Бугун довруғи курраи заминни тутаётган халқаро кинофестивалларни ижод аҳли ҳам, ихлосмандлар ҳам маданий ҳаётимизнинг қувончли воқеаларидан деб билиши бежиз эмас. Чунки санъатнинг қайбир йўналишида бўлмасин, яхши асарларнинг юзага келиши инсоният учун хайрли туҳфадир. Шу боис дунёда турли даража ва мақомдаги кинофестиваллар сони йилдан йилга тобора ошиб бормоқда. Бу эса кинонинг ҳаётимизда жиддий мавқе касб этиб, умумбашарий тус олишига хизмат қилади.
Ҳар қандай ижоднинг манзил-марраси инсон қалби экан, айтиш мумкинки, кино санъати уни чуқур эгаллади. Бу санъатни ривожлантириш, алалоқибат, ҳар бир миллатнинг ўз маънавий камолоти учун хизмат қилиши демакдир.
Ўзбек кино санъатининг шонли тарихи бор. Унинг эртаси қандай бўлиши эса, бугун қилинаётган амалий ишларга боғлиқ. Шу боис, мамлакатимизда адабиёт, маданият, санъат соҳалари, хусусан, миллий кинематографияни янги ривож босқичига кўтариш, ижодий анъаналарни янада жонлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори билан дунёга машҳур кинофестивалнинг тикланиши бу борадаги энг муҳим қадамлардан бўлди. Фестиваль миллий кино санъатининг асрий анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш, ушбу санъат тури орқали мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва биродарликни янада мустаҳкамлаш, халқаро миқёсда ижодий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш мақсадида “Ипак йўли дурдонаси” кинофестивали номи билан қайта тикланди.
Тошкент халқаро кинофестивали ўтган асрнинг иккинчи ярмида Осиё, Африка ва Лотин Америкаси – уч қитъа кино санъати тараққиётига хизмат қилган нуфузли фестиваллардан ҳисобланади. Мазкур фестиваль 1968 йилда Халқаро кинопродюсерлар ассоциациялари федерациясининг “А” тоифали олий фестиваллари мақомида ташкил этилган. Бундай тадбирлар кўплаб ижодий, ташкилий, ижтимоий-маданий вазифаларни қамраб олиши, фильм ва иштирокчилар сонининг кўплиги билан ажралиб туради.
Фестиваль ташкил этилганида “Осиё ва Африка мамлакатлари Тошкент халқаро кинофестивали”, деб номланган эди. 1976 йилдан бошлаб унда Лотин Америкаси мамлакатлари ҳам қатнаша бошлаган. Фестиваль 1968–1988 йиллар давомида (1970 йил бундан мустасно) ҳар икки йилда бир марта май ойининг охирги ўн кунлигида Тошкент шаҳрида ўтказилган.
Фестивалда барча иштирокчиларнинг фильмлари мамлакатимиз кино­театрлари экранларида намойиш этилган. Намойишлар олдидан фильм ижодкорларининг томошабинлар билан ҳаяжонли учрашувлари бўлиб ўтган. Тадбир якунида барча меҳмонларга ташкилий қўмитанинг махсус дипломлари, жамоат ташкилотларининг совғалари топширилган. Фестиваль кунлари турли жанр ва йўналишдаги фильмлар намойиши билан бирга, ахборот шаклида фильмлар тақдимоти, кино бозори ўрин олган.
1968 йилги Тошкент халқаро кинофестивалида дунёнинг 49 мамлакатидан 318 нафар меҳмон қатнашган. Тадбир ҳиндистонлик таниқли кинорежиссёр Раж Капурнинг машҳур “Сангам” фильмининг намойиши билан очилган.
1972 йилги “Осиё ва Африка мамлакатлари II Тошкент халқаро кинофестивали” доирасида уюштирилган кино бозорида 62 мамлакатдан 500 га яқин кино ижодкор, кўплаб матбуот ходимлари иштирок этган. Фестивалда намойиш этилган фильмлар сони 120 тага етган. 1974 йилги учинчи фестивалда 70 мамлакатдан 300 дан ортиқ меҳмон қатнашган. Тадбирда таниқли кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов суратга олган “Абу Райҳон Беруний” бадиий фильми катта муваффақиятга эришган.
1976 йилги фестивалда 82 мамлакат ижодкорлари қатнашган, 110 та бадиий ва 115 та ҳужжатли фильм намойиш этилган.
1978 йилги “Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари V Тошкент халқаро кинофестивали”да қатнашувчи мамлакатлар сони 85 тага етган, меҳмон сифатида иштирок этганлар ҳам бўлган. 1980 йилги киноанжуманда 100 га яқин мамлакат вакиллари қатнашиб, 98 та бадиий ва 112 та ҳужжатли фильм намойиш этилган. Шу келтирилган рақамлардан кўриниб турибдики, Тошкент Халқаро кинофестивали жаҳон кино санъати ривожига улкан ҳисса қўшган.
Мустақиллик йилларида Тошкент Халқаро кинофестивали икки марта: 1992 йилнинг октябрь ва 1997 йилнинг май ойларида ўтказилган. 1992 йилги фестиваль илк бор танлов дастури асосида ўтказилган. “Энг яхши фильм”, “Энг яхши эркак роли”, “Энг яхши аёл роли”, “Миллий анъаналарни акс эттирган фильм” сингари номинациялар таъсис этилган. Ғолибларга “Олтин Семурғ”, “Олтин арча”, “Олтин лола”, “Хўжа Насриддин” сингари совринлар топширилган. Таниқли кинорежиссёр Малик Қаюмов “Кино санъатига бахшида умр” деб номланган махсус совринга сазовор бўлган.
1997 йилги киноанжуманда улуғ ёзувчи Чингиз Айтматов ҳакамлар ҳайъатига раислик қилган. Жанубий Корея кино ижодкорларининг “Майитни эъзозлаш” бадиий фильми ғолиб деб топилган. Ўзбек кино­ижодкорлари томонидан яратилган “Амир Темур” бадиий фильмининг постановкачи оператори Рифқат Иброҳимовга “Энг яхши операторлик иши учун” мамлакатимизда ишлаб чиқарилган “Нексия” автомобили совға қилинган.
Кейинчалик Тошкент Халқаро кинофестивали маълум сабабларга кўра ўтказилмади. 2010 йили “Олтин гепард” Тошкент Кинофоруми ташкил этилди. Унда кинорежиссёр З.Мусоқов суратга олган “Қўрғошин” бадиий фильми ғолиб деб топилди.
“Тинчлик, ижтимоий тараққиёт ва халқлар озодлиги” шиори остида қарийб ярим аср мобайнида ҳар икки йилда ўтказиб келинган Тошкент кинофестивали Марказий Осиёдаги энг йирик санъат байрами сифатида тарих саҳифаларига муҳрланиб қолди. Кино ихлосмандлари ғолибларга “Олтин семурғ” (гран-при), “Олтин лола” (энг яхши аёл роли учун), “Олтин арча” (энг яхши эркак роли учун), “Кумуш семурғ” (энг яхши дебют учун), “Насриддин афанди” (миллий анъаналар тараннум этилган фильмлар учун) мукофотлари топширилганини ҳануз ёдда сақлашади.
Фестиваль ижодий-ташкилий жиҳатдан бир неча йўналишдаги тад­бир­ларни ўз ичига олган. Хусусан, бир киноанжуман доирасида иштирокчиларнинг юзлаб бадиий, ҳужжатли, қисқа метражли фильм­лари, мультфильмлар кўригидан ташқари, жаҳон ретро фильмлари ҳафталиклари, меҳмон кино ижодкорларнинг маҳорат дарслари, маш­ҳур­ киноюлдузлар билан республика ҳудудлари бўйлаб ижодий учрашувлар ўтказилган. Дастур доирасида кинобозор ташкил этилиб, йирик киноком­паниялар, продюсерлар иштирокида фильмларни сотиш ва харид қилиш бўйича шартномалар имзоланган. Киноанжуманнинг халқаро миқёсда ёритилишига юзлаб хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари жалб этилган. “Фестиваль йўлдоши” номли махсус журналда жараёнлар кунма-кун ёритиб борилган.
Мазкур лойиҳа ярим аср мобайнида Осиё, Африка, Лотин Америкаси мамлакатлари киноижодкорларини Тошкентда, тинчлик, тараққиёт, озодлик ғоялари атрофида бирлаштирди. Кино тимсолида халқимизни дунё билан, дунёни эса ўзбек киноси билан таништирди. Африканинг ҳали ўз кинематографиясига эга бўлмаган элатларнинг дастлабки фильмлари кашф этилди. Сомалилик режиссёрнинг “Қишлоқ ва шаҳар” фильми бунинг яққол мисолидир.
Турли йилларда Раж Капур,  Митхун Чакраборти, Амитабх Баччан, Никита Михалков, Чингиз Айтматов, Анжела Дэвис, Элисабет Агилар Гонсалес, Алан Гриффитс, Йожеф Киш, Кимура Акира, Родион Наҳапетов, Сергей Герасимов, Тамара Макарова, Нонна Мордюкова, Ирина Мирошниченко, Михаил Ульянов, Евгений Чазов, Владимир Жанибеков сингари санъат, адабиёт, илм-фан намояндалари фестиваль доирасида юртимизга ташриф буюришган.
Тошкент кинофестивали ўзбек киносини дунёга таништиришда муҳим роль ўйнаган. Киноанжуман дастурлари доирасида “Тоҳир ва Зуҳра”, “Алишер Навоий”, “Хўжа Насриддин” каби ўнлаб бадиий фильмлар, Худойберган Девонов, Наби Ғаниев, Комил Ёрматов ва уларга издош Шуҳрат Аббосов, Элёр Эшмуҳаммедов, Али Ҳамроев, Исамат Эргашев сингари ўзбек режиссёрларининг ижодий намуналари иштирокчиларга намойиш этилди.
Шу йилнинг 28 сентябрь – 3 окябрь кунлари “Тинчлик, тараққиёт ва маърифат” шиори остида ўтказилиши режалаштирилаётган “Ипак йўли дурдонаси” фестивали дунё мамлакатлари ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, жаҳон кино саноати вакиллари билан ҳамкорликни кучайтириш имконини беради. Шу муносабат билан Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва Киноарбоблар уюшмаси томонидан фестиваль лойиҳаси ишлаб чиқилиб, уни юқори савияда ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Осиё ва Африка мамлакатлари ўртасида ўтказилувчи “Ипак йўли дурдонаси” – XIII Тошкент халқаро кинофестивали эски анъаналарнинг тикланиши баробарида янги ўзига хос жиҳатларга эга бўлиши кутилмоқда. Кинофестиваль “Фестиваллар фестивали” шаклида ўтказилиб, нуфузли жаҳон киноанжуманларида эътироф этилган энг сара фильмларни ўз дастурида қамраб олади. Шунингдек, бу фестивалда ёшлар ижодига алоҳида урғу берилади. Осиё қитъаси ва қадимий Ипак йўли бўйлаб жойлашган мамлакатлар ёш киноижодкорларининг қисқа метражли фильмларини саралаб тақдирлаш ва бу орқали янги киноижодкорлар авлодини юзага чиқариш фестивалнинг муҳим мақсади ҳисобланади.

Мафтуна Муҳаммадаминова

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi