Франсиско Гойя

fransisko-goyya-na-hodulyah

Франсиско Гойя олам ва одамни беаёв фош этган фавқулодда мутафаккир мусаввирдир. У инсон мавжудлигини атроф-муҳитдан холи ҳодиса сифатида кўрсата олди ва санъат тарихида композициянинг мумтоз қонуниятларини рад етган рассом бўлиб ном қолдирди. Гойянинг бадиий нигоҳи сюрреалистик рангтасвирдан ҳам юқорида туради.
Франсиско Хосе де Гойяи-и-Лусьентес 1746 йили Испаниянинг Фуэндетодос шаҳрида дунёга келган. Унинг отаси черков меҳробларига олтин суви юргизувчи уста, онаси эса қашшоқлашган идалгонинг қизи эди. Гойянинг ёшлик ҳаёти афсоналарга ўхшаб кетади. У ўсмирлигида Сарагос шаҳрида руҳонийнинг нафсониятига тегадиган сўзлар айтгани учун инквизицияга тушади. Шундан сўнг у Мадридга қочади. Кейинчалик у дарбадар тореадорлар билан Испанияни сайр қилади.
Франсисконинг рассомлик иқтидори эрта намоён бўлади. У 1760 йили сарагослик моҳир рангтасвирчи Хосе Лусано Мартинес устахонасига шогирдликка қабул қилинади. 1764–1766 йилларда Франсисконинг Мадриддаги Сан Фернандо академиясига кириш ҳаракатлари муваффақиятсиз кечгач, 1766 йили шу шаҳарда рассом Франсиско Байеу қўлида таҳсил олади.
Гойя 1771 йилда Италияга боради ва Парма академиясида “Алп чўққисидан Италия заминига қараётган Ганнибал” картинаси учун юксак мукофотга сазовор бўлади. Ватанига қайтгач, дастлабки йирик ишларига қўл уради. Собрадиэль саройи капелласига, Санта Мария дел Пилар собори гумбазларига сурат ишлайди.
1770 йилларнинг ўрталарида у Мадридга кўчиб ўтади. Рассом у ерда Санта Барбара қироллик мануфактураси учун кўплаб тарихий ва жанрли картиналар ишлайди. 1791 йилга қадар шундай ишлар билан машғул бўлиб, 43 та эскиз яратади. Унинг картиналари ғайриоддийлиги, хаёлотининг бойлиги, ғоясининг ўзига хослиги ва моҳирона ишлангани билан ажралиб туради.
Гойя асарларида биринчилардан бўлиб турли тонларни уйғунлаштириш техникасини кўрсатади. Услуби, ранглар мажмуи, тасвир мароми рококо (XVII–XVIII асрга хос, мураккаб безакли тасвирий ва меъморий йўсин) услубига яқин бўлиб, ҳиссиётни теран ифодаловчи чизгилари билан ажралиб туради. Кўча, оломон ва байрамлар, шаҳар манзаралари акс этган асарларида рассом фигураларни йириклаштириш, ранглар мажмуини ёрқинлаштириш билан композициянинг янги шаклини кашф этди. “Мансанарес соҳилидаги нонушта” (1776), “Маха ва унинг ихлосмандлари” (1777), “Сўқир гитарачи” (1778), “Идиш сотувчи” (1779), “Яраланган тоштарош” (1786), “Қишлоқдаги никоҳ”, (1787), “Сан Исидоро водийсидаги баҳор байрами”, (1788), “Бекинмачоқ ўйини” (1791) каби асарлари бетакрор, айни вақтда мураккаб композициялари билан қимматлидир.
Гойя графика билан алоҳида шуғулланган. Гравюранинг офорт техникасида бир қатор асарлар ишлаган. Бу йўналишда машҳур рассом Велас­кес асарлари унга тажриба манбаи бўлади. Гойянинг портретлари ижодининг муҳим қисмини ташкил этади. “Француз элчиси Гиймард” (1798), “Изабелла де Лобо и Порсел” (1805), “Карл III овда” (1782), “Бош вазир граф Флоридабланка” (1783) каби буюртмага ишланган портретларидан ташқари “Маркиза Анна Понтехос” (1787), “Герсог Осуна оиласи” (1787) каби образларнинг характерли жиҳатлари теран ифодаланган портретлари жуда машҳур.
1780 йиллар Гойя учун шон-шуҳрат даври бўлади. Унга Испаниянинг энг аслзода зодагонлари ҳомийлик қилар эди. 1789 йили у сарой рассоми унвонига ҳам сазовор бўлади. Аммо 1792 йилга келиб, Франсиско Гойя­нинг соғлиғи ёмонлашади ва оқибатда эшитиш қобилиятини йўқотади. Шундан сўнг у руҳан тушкунликка тушиб, одамлардан узоқлашади. Фақатгина санъат унга ягона нажот манбаи бўлиб қолади. Касаллик рассом ижодида кескин таъсир кўрсатади. Унинг олам ҳақиқатларини янгича англаши ва унга нисбатан танқидий муносабати уйғонгани “Инквизиция суди”, “Ақли заифлар уйи”, “Флагеллантлар маросими” каби ўнлаб композицияларида акс этган.
Гойянинг “Либоссиз маха” (1797–1800) ва “Либосли маха” (1800–1803) диптихи Ренессанс даврининг венециялик усталари – Тициан ва Жоржоне асарлари билан рақобатлашади. У бу асарлари билан академик мактабга зарба бера олди. ХIХ асрнинг етакчи танқидчилари ҳам Гойянинг академик тасвир анъаналарини кескин бузгани, образлардаги ҳиссиётни кучли ифодалай олганидан ҳайратга тушади.
1793–1797 йилларда у оламшумул 83 та асардан иборат “Капричос” офортлар (металлга ишланган гравюра) туркумини яратади. Гойя улар орасидан битта асарга тавсиф бериш орқали бутун туркумнинг умумий руҳиятини ёритиб бера олган: “Олам – бу маскарад… Ҳамма унда ўзини кимдир қилиб кўрсатишга интилади, лекин бу уларнинг ўзлиги эмасдир. Ҳамма алдайди ва ким ким эканлигини ўзлари ҳам билишмайди”. Туркумнинг фронтисписи сифатида Гойянинг автопортрети хизмат қилади ва унда рассомнинг ёшлик даврига хос жўшқинлик излари йўқ. Катта оғир бош, кинояга тўла тунд қиёфа, сўлғин қовоқлар орасидан қараб турган кўзлардаги зийрак нигоҳ – кўп ўйлаган ва кўп нарсаларнинг моҳиятини ­англаган ҳорғин инсон тасвиридир. Бу туркумда Гойя ер юзида ҳукмронлик қилаётган ёлғон, лаганбардорлик, ақлсизлик, ақидапарастликларни тасвирларга муҳрлайди. Ҳаққоният ва хаёлотни бирлаштириб жамиятнинг сатирик манзарасини ифодалаб беради. Асарлари орқали ёвузлик, риё, хурофот, ахлоқсизлик, онгсизлик, очкўзлик, зулм буларнинг қули ва қурбони – ожиз ва гуноҳкор инсоният устидан даҳшатли кулади.
Асосан офорт ва акватинта техникасида ишланган “Капричос” туркумини Валериан фон Лога шундай таърифлайди: “Биз бу офортларда тор сиёсий памфлетни ёки шахсий ҳажвияни эмас, балки кундалик ҳаётни чуқурроқ англаб етган инсоннинг мустақил, эркин руҳиятини кўрамиз. Гойя Испанияда ҳали ҳеч ким англамаган янги давр қанотлари шовқинини эшита олди ва бу унинг тақдири эди”.
Гойя реализми – “Пуерта дел Солдаги 2 май қўзғолони”, “1808 йил 2 майдан 3 майга ўтар кечасидаги қатл”, “Қироллик оиласи портрети” асарларида, шунингдек, 30 саҳифадан иборат “Тореадорлик Сид давридан бошлаб”, “Капричос”нинг мантиқий давоми бўлмиш 18 саҳифалик “Мақоллар”, 80 та эскиздан иборат “Уруш талафотлари”, “Сардинкиларни дафн этиш”, “Тавромахия” каби туркум графика ишларида давр ва инсоннинг фожиавий манзаралари акс этган. Гойянинг бетакрор умумлаштириш ва типиклаштириш қудрати, унинг услубига хос чуқур мантиқийлик, нур ва соялар зиддияти, гротеск, аллегория ва хаёлот билан ҳаётни идрок этиш тарзи Европа санъатининг янги ривожланиш йўлларини белгилаб берди.
Гойя рафиқаси вафотидан кейин умрининг сўнгги йилларини Мансанарес кўли яқинидаги уйида ёлғизликда кечиради. “Кар уйи” деб номлангани мазкур уйда рассом ўз руҳий изтироблари ифодаланган аллегорик-фантастик характердаги ўн бешта композиция яратади. Улар орасида энг машҳурлари “Ўз фарзандларини еяётган Сатурн”, “Ит”, “Жанг”, “Шўрва ичаётган икки кампир” каби картиналардир. Мазкур асарларни тушуниш, ҳис қилиш билан буюк рассомнинг даҳшатли азоблари кўламини тасаввур этиш мумкин ва бу аянчли оғриқ томошабин руҳиятида ҳам пўрталар уйғотишга қодир.
Ўз даври санъатида инқилоб ясаган буюк Франсиско Гойя сўнгги кунларига қадар ишлашдан тўхтамайди. Энг охирги ишларидан бирида ҳассатаёқ тутган қария суратини чизиб, “Мен ҳали ҳам ўрганмоқдаман”, дея имзолаган мусаввир 1828 йилнинг 16 апрелида бу ёруғ оламни тарк этади.

Муниса МУҲАММЕДОВА,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн
институти доценти,
Тарих фанлари бўйича
фалсафа доктори (PhD)

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi