Ошо (1931–1990) Ижод[1]

Osho_falsafasi

ИЧКИ КУЧЛАРНИ ОЗОД ҚИЛИШ

Ошонинг асл исм-шарифи Чандра Мохан Жеин бўлиб, у Ҳиндистон ва бутун дунёда Ражниша диний ҳаракати етакчиси сифатида кенг шуҳрат қозонган. Ошо ушбу китобида ижодкорнинг ким экани, унинг дунёқараши, ички ва ташқи дунёсида туғёнларнинг алангаланиш ва сўниш сабабларини, машаққатли изланишларини икир-чикиригача тафтиш қилади. Ижодкордан  нималар талаб қилинишини, ижодкор бўламан деб аҳд этган кишига унинг танлаган йўли нақадар мураккаб ва мушкул эканини, ижодкорлик рутбаси нақадар шарафли ва оғир эканини қайта ва қайта уқтиради.

Ошо ижодни буткул майда ҳужайраларга бўлиб, унинг моҳиятини, юзага  чиқиши, ривожи ва охир-оқибат ўз буюк вазифасини қандай адо этиши анатомиясини кўрсатиб беради. Ижод учун зарур МАЙДОНни қандай тайёрлаш лозимлигини, унинг кечишига қандай ТЎСИҚЛАР (“Беш тўсиқ”) халақит беришини, бу тўсиқларни қандай енгиш зарурлигини мукаммал таҳлил қилади.

Ижод дунёсининг ўз манзили, ўз ҳудуди, ўз қасри-ю, шу қаср дарвозасида ўз қулфи бор, деб таъкидлайди Ошо. Унга кириб, баҳра олиш учун бу даргоҳ  қопқасини очувчи ўша КАЛИТ (“Тўрт калит”)  нималардан иборатлиги, уларни қаердан, қандай топиш ва булардан қандай фойдаланиш йўриғини Ошо батафсил баён қилиб беради.   

Ошо ижоднинг чиндан-да юксак, ҳақиқий бўлмоғига қандай омиллар таъсир кўрсатишини “ТЎРТ САВОЛ”га бўлади. Ижодкор ана шу саволларни  қай тарзда ечиши ва бунинг учун қандай хислатларга таяниши лозимлигини кўрсатади. У ижодкор ўзида  қандай хислатларни тарбиялаши зарурлигидан баҳс юритар экан, нималардан воз кечиши  шартлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтади.

Дарҳақиқат, Ошонинг ушбу китоби ижод ва ижодкорга бағишланган ҚАСИДАдир. Ижодкорлар, ижодкор бўлишга аҳд қилган ёшлар, қолаверса, ушбу китобни қўлига олиб, мутолаа этган ҳар бир киши ундан албатта завқ олади, ижод моҳиятига яқинлашади, уни чуқурроқ англайди, ўз мақсадига элтгувчи йўл топади, деган умиддамиз.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, асар ўзбек тилига айрим қисқартиришлар билан ўгирилди.

Таржимон

 

ОЗОДЛИК  НАШЪАСИ[2]

 

Ижод – борлиқдаги буюк исёндир. Сен ижодкор бўлмоқни истасанг, барча шартлиликлардан воз кечишинг керак; акс ҳолда сенинг ижодинг ижод эмас, атиги нусха кўчириш, нусха кўчириш бўлганда ҳам, қора қоғоз қўйиб нусха кўчириш бўлади. Сен фақат индивидуал бўла олсанггина ижодкор бўласан; сен оломон психологиясининг бир қисмилигича қолсанг, ижодкор бўла олмайсан. Оломон психологияси  ижодийликдан  бенасиб; у фақат бугунги истеъмолчилик ҳаёти билан яшайди, у ҳеч қандай рақс, ҳеч қандай қўшиқ, ҳеч қандай қувончни билмайди; у механик тарзда яшайди.

Ижодкор бировнинг изидан бора олмайди. Ижодкор ҳаёт чакалакзорини ёриб ўтиб, ўз йўлини топиши лозим. У ўз сўқмоғидан ёлғиз одим отиши, жамоавий ақл, жамоавий психологиядан ажралиб чиқа олиши шарт. Жамоавий ақл  бу – дунёдаги энг кам ривожланган ақлдир, ҳатто бир кишининг аҳмоқлиги ҳам жамоанинг аҳмоқлигидан устун туради. Лекин жамоавийликнинг ўз ришвалари бор: у жамоавий ақлни бирдан-бир тўғри йўл деб  билганларни эъзозлайди, ардоқлайди.

Замона зайли билан ўтмишда барча  ижодкорлар: мусаввир, раққос, созанда,  шоир, ҳайкалтарошларнинг тўкин-сочин ҳаётдан воз кечиб, гадолардек қашшоқ яшашига тўғри келган; улар учун бундай ҳаёт тарзи ижодкор бўлиб қолишнинг ягона имконияти эди. Эндиликда бундай яшашга зарурият йўқ. Агар сиз мени тўғри  тушунаётган, сўзларим мағзини тўғри чақаётган бўлсангиз, келажакда ҳар бир киши индивидуал яшашига тўғри келади, шунда гадолардек қашшоқ яшашга ҳожат қолмайди.

Менинг истагим – жамоавий ақлни парчалаб, ҳар бир  индивидуаллик ўзини топиши, ўзи билан ўзи бўлишига эришишдир. Ана шунда ҳеч қандай муаммо қолмайди; сен ўзинг хоҳлагандек яшай оласан.  Аслида, инсоният  индивидуалликни унинг исёни билан бирга ҳурмат қила бошлаган кундан туғилади. Одамзод шу нуқтаи назардан, ҳали туғилганича йўқ, ҳозирча у ҳомила шаклида, холос. Сиз ҳозир кўриб турган ва инсоният деб атаётган нарса  –  алдамчи бир рўё. Биз ҳар бир кишига индивидуал эркинлик бермас, ўзлигини намоён этиши, ўзи хоҳлагандек яшашини тўлиқ кафолатламас эканмиз, унинг истиқболи муқаррар аянчли бўлиб қолаверади. Инсон, албатта, бошқа бировнинг ҳаётига аралашмаслиги керак, бу – эркинликнинг бир бўлаги. Ҳеч ким ҳеч кимнинг ҳаётига халақит бермаслиги зарур (…)

Ижодкор инсон шундайки, у оламни ўзигача ҳеч ким, ҳеч қачон кўрмагандек кўради, ўзигача ҳеч ким, ҳеч қачон тингламагандек тинглайди – ана шунда ижод юзага келади.

Инсониятга янгича замин – эркинлик замини лозим (…). Шунда ҳеч ким ўзини ўзи сиқувга олмайди.  Албатта, сен бошқа бировнинг ҳаётига аралашмаслигинг керак – бироқ ўз ҳаётингга келсак, сен ўз хоҳишингча яшашга ҳақлисан.

Ана шундагина ижод бўлади. Ижод бу – индивидуал эркинлик нашъасидир.

 

МАЙДОН  ТАЙЁРЛАШ

 

Патология йўқолиши ҳамоно ҳар бир одам ижодкорга айланади. Буни жуда теран англамоқ лозим: фақат касал одамларгина вайронкор бўлади. Соғ одамлар эса яратувчан бўладилар. Ижод бу – чинакам соғломлик. Одам ҳақиқатда соғлом ва тетик бўлса, ижод унинг табиатига айланади, унда ижодга ташналик пайдо бўлади.

 

Уч ҳақиқат бирлиги

 

Одамзод йўл иккига ажралган жойга келди. Ҳозиргача биз бир ўлчамли одам ҳаёти билан яшадик ва энди бундай ҳаёт кечириш имконияти тугади. Бу ёғига одамзодга янги, тўлақонли, уч ўлчамли ҳаёт керак (…).

Биринчи ўлчамонг, иккинчиси – ҳамдардлик ва учинчисияратувчанлик, ижод. 

Онг – моҳият, ҳамдардлик – ҳис-туйғу, ижод – ҳаракат. Менингча, янги инсон ҳар учала хислатга ҳам баб-баравар эга бўлмоғи лозим. Ҳой, ижодкор бўламан деб бел боғлаган азамат, бир дақиқа ҳам ёдингдан чиқарма, сенда бу учала хислат мукаммал бўлмоғи шарт. Мен сенга энг оғир топшириқни бераман, сенга энг қийин талабни қўяман. Сен Буддадек ўйловчи, Кришнадек севувчи, Микеланжело ёки Леонардо да Винчидек яратувчи бўлишинг керак. Ҳа, бир вақтда ҳар учаласидай. Шундагина сен яхлитлик касб этасан, акс ҳолда, сенда кемтиклик сақланиб қолади. Ана шу кемтиклик сени бирёқлама, номукаммал қилиб қўяди. Сен бир ўлчамли бўла туриб ҳам баланд чўққига кўтарилишинг мумкин, бироқ атиги чўққигина бўла оласан. Мен эса сенинг бутун Ҳимолай тизмалари бўлишингни, шунчаки бир чўққи эмас, чўққилар орасида чўққилар тизмаси бўлишингни истайман.

Бир ўлчамли одам ўз нодонлигини исбот этди. У гўзал Ерни, Ердаги  жаннатни ярата олмади. У мағлубиятга учради, буткул мағлубиятга! У бир қанча ажойиб инсонларни яратди, лекин бутун одамзотни ўзгартира олмади, бутун бани башар онгини юксалтира олмади. Фақат озгина инсонларнинг онги ёриша олди, холос. Ваҳоланки, бу билан ният ҳосил бўлмайди. Бизга ҳар уч жиҳатдан ҳам онги мунаввар жуда кўп одамлар керак.

Менинг янги одамга таърифим  – ана шундай! Будда шоир эмас эди, аммо янги инсоният – Буддага айланаётган бугунги кишилар шоир бўладилар. Мен  “шоир” деганда, улар шеър ёзадилар, деган маънони назарда тутмаяпман – сиз шоирсифат бўлсангиз кифоя. Сизнинг ҳаётингиз шоирона, сизнинг ёндашишингиз шоирона бўлмоғи зарур.

Мантиқ – қовжираган,  шеърият эса –  яшнаган дарахтдирМантиқ рақсга туша олмайди, бу – иложсиз. Мантиқнинг рақсга тушганини кўриш худди Маҳатма Гандининг рақсга тушганини кўришдек гап!  Шеърият эса рақсга туша олади; поэзия бу – қалб рақси. Мантиқ сева олмайди, у севги ҳақида сўзлайди-ю, лекин сева олмайди; зеро, севги манбаи ақл эмас. Фақат поэзиягина сева олади, фақат угина севги гирдобига ўзини отади.

Мантиқ – қуруқ ва совуқ. Уни математикага татбиқ этсангиз, ўзини оқлайди-ю, лекин одамзотга татбиқ этсангиз, оқламайди. Агар одамзод мантиққа ёпишиб олса, у кўздан йўқолади. Энди фақат рақамларгина қолади, ваҳоланки, рақамлар инсон моҳиятини ифодалашга ожиз.

Севги, шеърият, ҳиссиёт одамга теранлик, ҳарорат бахш этади. Сен эриб, муздан тушасан. Одамийроқ бўлиб қоласан (…) Инсон фикрчан бўлмоғи лозим, бироқ ҳис-туйғуга, севгига ҳам тўла бўлмоғи шарт. Одам ижодкор бўлмоғи зарур. Агар севгинг ҳис-туйғунинг ўзи бўлса-ю, ҳаракатга айланмаса, у инсониятнинг катта қисмига таъсир кўрсата олмайди. Сен севгингни ҳаётга татбиқ этишинг, уни  воқеликка айлантиришинг зарур.

Мана сенинг уч ўлчовинг: моҳият,  ҳиссиёт,  ҳаракат.  Ҳаракат  ижоддан, ҳар турли ижод – мусиқа, шеърият, рассомлик, ҳайкалтарошлик, архитектура, фан ва технологиядан иборат. Нимаики нафосатга дахлдор бўлса, барчаси – севгида, гўзалликда ҳис-туйғу бор.  Моҳият эса фикр­лашда, онглилик ва онгдадир.

 

ҲАРАКАТДА ЎЗНИ БЎШ ҚЎЙИШ

 

Энг аввало, ҳаракатнинг табиатини, унинг туб оқимини тушуниб олиш зарур;  акс ҳолда ўзни бўш қўйиш  юз  бермайди.  Сен ўзингни бўш қўйишни  истаганингда ҳам, агар фаолиятинг табиатини кузатмаган, ўрганмаган, англамаган бўлсанг, бунинг сира иложи  йўқ, чунки фаолият  бу – жўн ҳодиса эмас.  Кўп одамлар ўзини бўш қўйишни хоҳлаган, лекин бунга эриша олмаган. Ўзини бўш қўйиш худди гулнинг очилишига ўхшайди, уни мажбуран юзага чиқара олмайсан. Сен шуларни яхшилаб миянгга қуйиб олишинг керак – сен  нега бунчалик фаолсан, бундай иштиёқни  қаердан олгансан, нега унга бунчалар садоқатлисан?

Шу икки сўзни эсингда тут: биринчиси –“ҳаракат”, иккинчиси –“фаолият”. Ҳаракат – фаолият эмас; фаолият – ҳаракат эмас. Уларнинг табиати бир-бирига мутлақо зид. Ҳаракат вазият тақозо қилганда содир бўлади ва сен ўз ҳаракатинг билан унга жавоб қиласан. Фаолият эса вазият билан ҳеч қандай алоқасиз юз беради; бу – вазиятга жавоб бериш эмас; сен ўзингни шунчалар безовта сезасанки, вазият фаолият учун бир баҳона бўлади, холос.

Ҳаракат тинч, осуда ақлдан келиб чиқади  – бу дунёдаги энг гўзал нарса. Фаолият безовта, бетоқат ақлдан келиб чиқади – бу эса дунёдаги энг хунук нарса. Ҳаракат деб вазиятга мувофиқ жавобни, фаолият деб эса номувофиқ жавобни айтиш мумкин. Ҳаракат дафъатан юзага келади, бир неча лаҳза давом этади;  фаолият эса ўтмишга чўмиб ётади. Фаолият шу ондаги вазиятга жавоб эмас, у сен кечаги кундан бугунги кунга ташиб ўтган безовталик вулқонидир. Ҳаракат – яратувчи. Фаолият эса ашаддий бузғунчи  –  у ўзингни  ҳам, ўзгаларни ҳам вайрон этади.

Шундай бир вазиятни кўз олдингга келтир.  Масалан, сен очиқдинг, овқат еяпсан , бу – ҳаракат. Агар қорнинг тўйса ҳам, ейишда  давом этсанг,  бу – фаолият. Фаолият ўзига хос зўравонликдир: сен овқатга ташланяпсан, тишингни ғижирлатиб, унга ташланяпсан; бу ички безовталигингни бироз пасайтиради. Сен очиққанингдан овқат еяётганинг йўқ, балки шунчаки ички эҳтиёж бўлганидан, зўравонликка даъват бўлганидан шундай қиляпсан (…)

Агар биров билан гаплашаётган бўлсанг, шуни ёдингдан чиқарма, бу – қарийб юз фоиз ҳақиқат: суҳбатдошинг қўлини сигаретага чўзса, демак, у зериккан бўлади; сен уни дарҳол тарк эт. У сени ҳайдамоқчи-ю, лекин шундай қилолмаяпти, чунки бу – ҳурматсизлик. У сигаретани қўлига олиб, дилида: “Етар энди! Жонимга тегдинг-ку!“ деяпти. Агар ҳайвонот оламида бўлсами, у сенга ташланган бўларди, лекин у – маданий олам вакили, шу сабаб бундай қилолмайди. У жаҳлини сигаретадан олади, ютоқиб-ютоқиб тутун тортади. Бу ёғига унинг сен билан иши йўқ, у тамаки тутуни ичига яшириниб олади. Сигарета уни безовталикдан қутқаради.

Аммо сен ўзингнинг қанчалик телба эканингни  намойиш қилишда давом этасан. Ўзинг билан ўзинг қололмайсан, сукут сақлаб ўтиролмайсан, гоҳ у-гоҳ бу ёққа қимирлайсан (…)

Ҳаракат вазиятга жавобан ичдан отилиб чиқади. Ҳаёт сендан ҳар он жавоб талаб қилади, демак, ҳар он ҳаракатда бўлишинг керак. Бироқ  фаолият  бунга тўсқинлик қилади. Оч қолсанг, овқат қидирасан; ташна бўлсанг, қудуққа борасан, ҳориб толсанг ётиб ухлайсан. Шу дамда сен вазиятга қараб ҳаракат қиласан. Ҳаракат ичдан отилиб чиқади ва сени буткул қамраб олади.

Фаолият ҳеч қачон дафъатан юз бермайди, у ўтмишдан ўсиб чиқади. У эҳтимол йиллар мобайнида йиғилган, энди эса, мана, юзага чиқяпти – ҳеч тушуниб бўлмайди уни. Бироқ ақл – доғули, у фаолиятни доим оқлайди. Ақл мудом бу –  фаолият эмас, ҳаракат деб исботлашга уринади, уни зарурат, деб тушунтиради. Дейлик, сенинг бирдан жаҳлинг чиқиб кетди. Атрофдагилар бу ғазабни ножўя деб топади, вазият буни тақозо қилмасди, унга зарурат йўқ эди, дейди – фақат буни сен кўрмайсан, холос. Ҳамманинг кўнглидан: “Нима қиляпсан ўзи? Бунинг кераги йўқ-ку! Нега бундай ғазабланяпсан?” деган сўзлар ўтади. Лекин сен ўзингга зарур сабабни, ғазабингга яраша баҳонани ўйлаб  топасан.

Бу сабабу баҳоналар сенга ўз телбалигингни англамаслигингга “ёрдамлашади”. Буни Георгий Гуржиев “буфер” деб атаган. Сен вазиятни анг­ламаслик учун ўзингни шундай “оқилона” сабаблар буфери билан ўраб оласан. Буферлар поездларда ишлатилади – уларни вагонлар оралиғига ўрнатишади, токи поезд қўққис тўхтаса, йўловчилар қаттиқ силкинмасин. Буфер карахтликликка тушишнинг олдини олади. Сен ҳар доим ножўя ишлар қиласан-у, лекин анави буферлар сендан буни яширади. Буферлар кўзингни кўр қилиб қўяди ва фаолиятинг яна шу тахлит давом этаверади.

Агар сен фаолиятда давом этсанг, ўзингни бўш қўя олмайсан. Қандай қилиб ҳам ўзингни бўш қўя олардинг? Чунки фаолият шу қадар суллоҳ эҳтиёжки, сен  нима бўлишидан қатъи назар, бирор нарса қилгинг келаверади. Дунёда шундай аҳмоқлар бор, улар: “Ҳеч нарса қилмагандан кўра, бирор нарса қилган афзал!” деган ақидага бўйсунади. Яна булардан-да аҳмоқлар ҳам бор, улар: “Бўм-бўш ақл – Иблиснинг уяси” деган мақол яратиб олган. Асло ундай эмас! Бўм-бўш ақл Худонинг қасридир. Бўм-бўш ақл бу дунёдаги энг ажойиб, энг соф ақлдир, шу сабаб ҳам у қандай қилиб Иблис макони бўла олсин?  Иблис бўм-бўш ақлга кира олмайди, бунинг сира иложи йўқ! Иблис фаолиятга ёпишиб олган ақлгагина киради – шунда иблис сени ўз измига солиб, янада фаолроқ бўлишнинг турли усул ва воситаларини кўрсата бошлайди. Иблис сенга ҳеч қачон: “Ўзингни бўш қўй!” демайди. У: “Нега вақтингни бекор ўтказяпсан? Қани, бўл, бирор нарса қил! Ҳаёт ўткинчи, дадил бўл!” деб қутқу солади. Ҳаёт мағзини чаққан барча улуғ устозлар ўгитича,  бўм-бўш ақл сенга шундай майдон тортиқ этадики, унинг шарофати билан қалбингга илоҳийлик инади.

Иблис фаолиятдан фойдаланади, бўм-бўш ақлдан эмас. Иблис бўм-бўш ақлдан қандай фойдалансин?  У бўм-бўшликка яқинлашишдан қўрқади, чунки бўм-бўшлик уни ўлдиради. Аммо фаолликнинг телбаларча қистовига бўйсунсанг, унда иблис ҳукмига ҳам бўйсунасан.  Шунда у сени бошқаради, ягона йўлбошчинг бўлади (…)

Фаолиятга ўчлик устидан кузатувни йўлга қўйиш зарур бўлади. Ва бу кузатувни сен ўз ҳаётинг устидан йўлга қўйишинг лозим. Чунки сен фаолиятинг нотўғри, номақбул эканини шахсан кўрмасанг, менинг айтганларим  – бир пул (…)

Кўп йиллик саёҳатлар менга одамларни кузатишга имкон берди. Одатда, мен уларни кузатаётганимни пайқамаган, чунки купеда мендан бошқа яна биргина одам бўлган, холос… У жонини жабборга бериб,  мени гапга солмоқчи бўлар, мен эса “ҳа” ёки “йўқ” дейишдан нарига ўтмасдим; охири ҳафсаласи пир бўларди. Шунда ғаройиб тажриба, бепул томоша бошланарди! Секингина кўз қиримни ташлайман: у жомадонини очади, очади-ю, бир қараб қўйиб, яна ёпади. Кейин вагон ойнасини очиб, ёпади. Яна газетага ёпишади, сигарета тутатади, яна жомадонини очиб, ки­йимларини тахлайди, ойнани очиб, ташқарига қарайди. Нима қиляпти у, мақсади нима ўзи?  Қалбида нимадир ғимирлаяпти, қалт-қалт титраяпти, ақли талвасага тушган… У бирор нарса қилиши керак, бўлмаса бир кори ҳол бўлади… У ҳаётда жуда ҳаракатчан, серфаолият одам бўлса керак; энди ўзини бироз бўш қўйиши керак.  Йўқ, у ўзини бўш қўя олмайди, эски одати бунга изн бермайди.

Айтишларича, Шоҳ Жаҳоннинг ўғли Аврангзеб ўз отасини ҳибсга олган экан. Шоҳ Жаҳон суюкли хотини Мумтоз Маҳалбегимга атаб Тож Маҳал  мақбарасини қурдирган. Хуллас, ўғли  уни тахтдан ағдариб, қамоққа ташлатади. Бироқ ҳибсдаги ота бир неча кундан сўнг азобланмай қўяди, чунки унга аввалгидек ҳашамат ичида яшашга шароит яратилганди (…) У фақат бир нарсадан,  фаолиятдан маҳрум эди – Шоҳ Жаҳон ҳеч қандай иш билан шуғуллана олмасди. Шунда у ўғли Аврангзебга, ҳеч қандай шикоятим йўқ, мени нима зарур бўлса, бари билан таъминладинг, бунинг учун сенга раҳмат. Лекин менга фақат бир нарса етишмаяпти, агар ўттизта болани менинг ихтиёримга берсанг, сендан ўла-ўлгунча миннатдор бўлардим. Мен уларга дарс берар эдим, деб айтади.

Бу сўзлардан Аврангзеб  таажжубда  қолибди. “Нега отам ўттизта болани ўқитмоқчи?  Унинг бунга ҳеч қачон майли бўлмаган-ку, уни таълим ҳеч қачон қизиқтирмаган-ку? Унга нима бўлди экан?” Бироқ у Шоҳ Жаҳоннинг истагини бажо келтириб, унга ўттизта бола берган. Шу-шу ҳаммаси жойига тушган, Шоҳ Жаҳон  ўттизта болага шоҳлик қила бошлаган. Мактабга биринчи маротаба борган болалар учун муаллим бамисоли подшо. Унинг айтгани вожиб,  дарҳол беками-кўст адо этади.  Шоҳ Жаҳон ўз “қамоғи”да аввалги шоҳлик тартибларини қайта ўрнатган – у шунчаки  шоҳлик хумори тутгани, эски одатларини қўмсаганидан  ана шундай қилган (…)

Аврангзеб ўз хотираларида бундай деб ёзади: “Отам ўз одатларидан воз кечолмай, ёлғондан ўзини шоҳ деб фараз қилади. Майли фараз қилса қилар, шу билан ўзини овутади, майли, шундай бўла қолсин”. 

Ҳаракат зарур бўлмаганда, фаолият юз беради. Ўзингни кузатиб боқ: сенинг тўқсон фоиз куч-қувватинг фаолият учун сарфланяпти. Шунинг учун ҳам ҳаракат қилиш зарур бўлганида, сенда ҳеч қандай куч-қувват топилмайди. Ўзини бўш қўйган одам типирчиламайди ва унинг ботинида энергия тўпланади. У энергияни йиғади ва асрайди, ҳаракат қилиш пайти келганда эса ўша энергия унинг ичидан вулқондек отилиб чиқади. Шунинг учун ҳам ҳаракат яхлит бўлади, фаолият эса доимо чала-ярим (…)

Сен узоқ вақт гапирмай юра оласанми? Руҳшунослар фикрича, уч ҳафта гапирмай юрган одам ўзи билан ўзи гаплашишга ўтади. Одам иккига бўлинади: ҳам гапирувчи, ҳам эшитувчига. Агар сен уч ой гапирмай юрсанг,  жиннихонага равона бўлишга шай бўласан, чунки ёнингда биров борми ё йўқми, бундан безовта бўлмай қўясан. Сен нафақат гапирасан, балки жавоб ҳам қайтарасан, энди сен ҳеч кимга муҳтож эмассан,  сен билан ўзинг бор, холос (…)

Агар сен жим ўтиришдан қўрқсанг, демак, ичингда тажанг,  бетоқат, хаста ақл борки, у муттасил фаолиятни талаб этади.

Фаолият  бу – сенинг ўз-ўзингдан қочишингдир (…) Фаолият баҳона сен чалғийсан, чалғиганингда эса ҳеч қандай ташвиш, ғам-қайғу сени безовта қилмайди.  Шунинг учун ҳам сен ҳар доим фаол бўлишинг, гоҳ у-гоҳ бу ишга ўзингни уришинг керак. Лекин сен ҳеч қачон ўзингда фаолиятсизликни, унинг вужудингда барг ёзиб, мева тугишини синаб кўрмагансан.

Ҳаракат – соғлом. Фаолият – хаста.   Ўзинг аниқлаб ол: нима ҳаракат-у, нима фаолият? Бу – биринчи қадам. Иккинчи қадам –  куч-қувват асосан ҳаракатга сарфланиши учун  унга кўпроқ иштиёқ билдиришинг керак; фаолият келганида эса, кўпроқ кузат, ҳушёр тур. Сен уни англаган заҳотинг фаолият тўхтайди. Куч-қувват  сақланади ва у ҳаракатга айланади.

Ҳаракат мушоҳадакордир. У олдиндан тайёрланган, пишитилган нарса эмас. У тайёргарлик кўриб, машқ қилиб олишинг учун сенга ҳеч қандай имкон қолдирмайди. Ҳаракат қуёш нури жилва этаётган шабнамдек ҳар доим янги ва тозадир. Ҳаракатдаги одам ҳам ҳар доим тетик ва навқирон бўлади. Тана қариши мумкин, лекин тетиклик қолади; тана емирилиши мумкин, бироқ ёшлик давом этаверади. Тана йўқ бўлиб кетиши мумкин, лекин одам сақланиб қолади – чунки Худо навқиронликни хуш кўради (…)

Сенда ҳаракат қилиш имкони туғилганида, уни қўлдан бой берма, иккиланма – ҳаракат қил! Кўпроқ ҳаракат қил ва фаолиятни ўз-ўзидан чекинишига изн бер. Ўзгариш аста-секинлик билан юз беради. Бунинг учун вақт керак, пишиб етилиш вақт талаб этади –  шошилишни эса у ёқтирмайди.

Файласуфнинг уч ўгитига қулоқ сол:

–  вужудингни бўш қўй, у билан ишинг бўлмасин;

– оғзингни маҳкам юмганча, жимлик сақла;

– бошингдан ҳамма фикрни чиқариб ташлаб, ҳеч нарса тўғрисида ўйлама.

“Вужудингни бўш қўй, у билан ишинг бўлмасин”.  Мана, энди сен ўзингни бўш қўйиш нималигини биласан. Бу – энди сенда фаолият учун бетоқатлик йўқ, деганидир. Ўзини бўй қўйиш – ўликдек чўзилиб ётиш дегани эмас,  сен  фақат ўзингни ўлганга соласан, холос. Сен қандай қилиб ўликдек чўзилиб ётасан – ахир, тириксан-ку, сен ўзингни ўлганга соласан – шугина, холос. Сенда фаолиятга иштиёқ сўнганида, бўшашиш ўз-ўзидан келади; қўрқма, куч-қувват – вужудингда, у ҳеч қаёққа кетгани йўқ. Агар зарур вазият туғилса, сен ҳаракатни бошлайсан, лекин шу тобда ҳаракатга ҳеч қандай зарурат йўқ. Сен ўз-ўзингча хотиржамсан. Ўзини  бўш қўйиш дегани, сен – ўз уйингдасан, деганидир.

Анча йил аввал бир китоб ўқигандим. Китобнинг номи: “Ўзингни Бўш Қўйишинг Керак”. Ғалати-я? “Керак” эмиш. Ахир, бу сўз ўзингни бўш қўйишингга қарама-қарши-ку! Бунақа китоблар фақат Америкада сотилади. “Керак” дегани бу – фаолият, фаолиятга ўчлик, деганидир (…)  Нега энди “керак” экан? Ўзингни бўш қўйиш  сенинг ҳаётингдан ҳар қандай “керак-керак”лар чекинганда юзага келади. Ўзингни бўш қўйиш бу – нафақат тананг, нафақат ақлинг, балки бутун борлиғингни бўш қўйишдан иборат.

Агар фаолиятга муккадан кетган бўлсанг, сен, албатта, ҳорғин, ҳардамхаёл, сўлғин ва тундсан.  Ҳаётий куч-қувват қилт этмайди. Фақат тўсиқ, тўсиқ ва яна тўсиқ бор, холос. Нимаики қилсанг, фақат телбалардек қиласан. Албатта, ўзингни бўш қўйиш эҳтиёжи туғилади!  Худди шунинг учун ҳам ҳар ойда ўзингни бўш қўйиш ҳақида қанча-қанча китоб чиқади. Мен бирорта китобда ёзилганига қараб ўзини бўш қўйган одамни учратмаганман (…) Зотан, ўз ботиний моҳиятингни ўзинг англамагунингча, бирорта китоб сенга ёрдам беролмайди (…)

“Тананг қимир этмасин, уни фақат бўш қўй”, дейишади. Ҳеч нарса қилма, тамом-вассалом! Ҳеч қандай йога ҳолати,  ҳеч қандай машқ шарт эмас.  “Ҳеч нарса қилма!” –  ҳеч қандай фаолият бўлмаса, кифоя. Хўш, бу ҳолат қандай юзага келади? У англаш орқали юзага келади. Англаш – бу ягона талабдир. Сен ўз фаолиятингни англа, шунда у якунланмай бирдан тўхтайди. Агар сен нима қилаётганингни англасанг, у ўша заҳоти тўхтайди-қолади. Ана шу тўхтаб қолиш ҳолати: “Тананг қимир этмасин, уни фақат бўш қўй” деганнинг ўзи бўлади.

Бўш қўйиш нима ўзи? Бу – сенинг энергиянг ҳеч қаерга – келажаккаям, ўтмишгаям – сарфланмайди, у ўзинг билан қолади, деганидир (…) Шу сония – аввалу охир. Шундан бошқа лаҳза йўқ, вақт тўхтаган  – мана  шу ўзингни  бўш қўйиш. Агар вақт бўлса, бўш қўйиш йўқ.  Соат тўхтайди, вақт йўқолади. Сенга энди ҳеч нарса керак эмас, сен фақат бундан ҳузурланасан, холос. Оддий нарсалардан ҳам ҳузурланиш мумкин, чунки улар ажойибдир. Аслида, ҳеч бир нарса оддий эмас – шуни англадингми, ҳамма нарса ғайриоддийга айланади (…)

Пайғамбарлар: “Истаклардан холи бўл!” дейди. Чунки улар истак ўзингни бўш қўйишингга йўл бермаслигини билади. Улар яна: “Ўлганни кўм!” дейди, чунки сени ўтмиш безовта қилиб турса, бунда ҳам ўзингни бўш қўёлмайсан.  Яна: “Шу дамдан ҳузур қил!” дейишади. Исо пайғамбар дейди: “Даштдаги пиёзгулларнинг қандай ўсишига қараб, ибрат олинглар: улар на меҳнат қилар, на чарх йигирар.  Аммо сизларга айтиб қўяй: ҳатто подшоҳ Сулаймон ҳам ўзининг шуҳрат чўққисида буларнинг ҳеч биридай кийинмаган эди. Агар Худо бугун бор бўлиб, эртага ўчоққа отиладиган дашт ўтига шундай зеб берган бўлса, сизни ундан кам кўрармиди, эй имони сустлар?!

Исо пайғамбар нима деган? У ўзингни бўш қўй, деган (…) Исо пайғамбар айтган: “Агар У еру осмонни яратиб, бутун мавжудот ҳақида, унинг тириклиги ҳақида, емак ва ҳаво ҳақида, ёввойи ҳайвонлар ва гуллар ҳақида қайғураётган бўлса, сен нимага қайғуришинг керак? У сен ҳақингда қайғурмаяптими?”

Шу – ўзингни бўш қўйишдир. Нега келажак ҳақида бунча қайғурасан? Шу гулларни ўйла, уларни кузат, уларга ўхша – шунда ўзингни бўш қўясан.  Бўш қўйиш  бу –  бирор ҳолат эмас; бу куч-қувватнинг ёппасига ўзгариши, ўзга қиёфага киришидир.

Энергиянинг икки ўлчами бор. Бири – мақсадли, у муайян мақсадга қаратилади, айни лаҳза унинг учун фақат восита бўлиб, қаердадир турган мақсадни эгаллашга хизмат қилади.  Бу сендаги энергиянинг бир ўлчами: бу – фаолият ўлчами бўлиб, у мақсадга йўналтирилгандир. Бунда барча нарса воситага айланади.  Бир амаллаб мақсадга эришиш керак, шундагина хотиржам тортишинг мумкин. Лекин бундай энергия учун мақсад ҳеч қачон тугамайди, бундай энергия ҳозирги ҳар сонияни  келажакдаги бирор мақсад учун воситага айлантиради. Келажак уфқдаги манзил бўлиб қолаверади. Сен олға чопаверасан, лекин масофа ўзгармайди.

Аммо бошқа ўлчамдаги энергия ҳам бор: бу – сабабсиз байрамлар  ўлчамидир. Унинг мақсад ва шиори –  шу дамда, бошқа ҳеч қачон эмас, худди шу дамда. Унинг мақсади – сенсан, сенинг ўзинг. Шу лаҳзадан бошқа мақсад йўқсен гуллар ҳақида ўйлаб кўр. Агар мақсад – сенинг ўзинг бўлсанг, агар шу дам учун яшасанг,  агар эришадиган нарсанг бўлмаса, унда байрам қилишгина қолади – барча нарсага эришилган, ҳамма нарса муҳайё  – ўзини бўш қўйиш, сабабсиз энергия дегани мана шу!

 Шу боис ҳам икки тоифа одамлар бор: мақсадни изловчилар ва байрам қилувчилар.  Мақсадни изловчилар телбалардир. Улар бора-бора ақлдан озади – ўзини телба қилади. Бу телбаликнинг инерция кучи бор, у одамни тобора чуқурроққа тортади ва охири чўктириб юборади.

Бошқа тоифа одамлар мақсадни изламайди – у табиатан изловчи эмас, байрам қилувчидир.  Байрам қилувчи бўлинг, байрам қилинг! Ахир, бунга сабаб кўп: гуллар очилди, қушлар сайраяпти, қуёш нур таратяпти – шуларни байрам қилинг! Сиз тириксиз, нафас оляпсиз, ақл-идрокингиз бор –  шуни  ҳам байрам қилинг! Шунда бирдан енгил тортасиз, шунда ҳеч бир ташвиш, ҳеч бир оғриқ қолмайди. Оғриқни ҳосил қилган бутун энергия энди шукроналикка айланади. Юрагингиз беҳад шукроналик ила тепишда давом этади – бу ибодатдир. Ибодатнинг асл моҳияти юрак беҳад шукроналик ила тепмоғидир.

“Тананг қимир этмасин, фақат уни бўш қўй”. Бунинг учун ҳеч нарса қилиш шарт эмас, атиги сабабсиз энергия ҳаракатини кузатсанг, кифоя. У бирор мақсад сари  оқаётгани йўқ, у байрам қилиб оқяпти, холос.

Бола ўйин тушяпти, сакраб ўйнаяпти, чопқиллаб юрибди – ундан: “Мақсадинг нима?” деб сўраб боқ-чи? Унинг ҳеч қандай мақсади йўқ – бола сени аҳмоқ экан, деб ўйлайди. Болалар катталарни доимо аҳмоқ деб ўйлашади. “Мақсадинг нима, деб сўраш – ғирт аҳмоқона иш. Бола ўйнаяпти, бор-йўғи шу. Бола бу саволга жавоб беролмайди, чунки савол – аҳмоқона. У атиги елка қисиб қўя қолади. Бола: “Ҳеч нима”, дейди. Шунда мақсадга қаратилган ақл сўрайди: “Унда нега сакраб ўйнаяпсан?” – чунки бизга бирор мақсадга элтувчи фаолиятгина жўяли туюлади.

Сенга маслаҳатим шу: ҳеч қаерга боришнинг ҳожати йўқ. Ҳамма нарса шу ерда, сенинг олдингда. Бутун борлиқ шу лаҳзада ўз чўққисига чиқади, у мана шу биргина нуқтага жо бўлади. Дарвоқе, аллақачон бутун борлиқ шу лаҳзага қуйила бошлаган. Борлиқда нимаики бор бўлса, ҳамма-ҳаммаси шу лаҳзага қуйилмоқда – айнан  шу ерда, айнан шу онда. Бола шу онда ўша энергиядан завқ оляпти. Унда бу энергия мўл-кўл! У бирор жойга бориш учун чопаётгани йўқ, унда энергия ҳаддан зиёд кўп, у ана  шунинг учун  чопяпти.

Ҳаракатга сабаб шарт эмас, унга энергия бўлса, кифоя. Бу энергияни ўзгалар билан баҳам кўр, бироқ савдолашма, битим тузма. Ўзингда борлиги учун уни ўзгаларга тортиқ қил, аммо кейин қайтариб оламан, деб мақсад қилма, чунки шундай қилсанг, азоб ичида қоласан. Тужжор халқи борки, бари дўзахга тушади. Ҳамма буюк тужжор ва даллолларни топмоқ истасанг, уларни дўзахдан қидир, ўша ердан топасан. Жаннат тужжор аҳли учун эмас,  байрам аҳли учундир.

Насроний илоҳиётшунослиги: “Жаннатда фаришталар нима қили­шади?”, деган саволга қайта-қайта дуч келишган. Бу савол бутун фикр-зикрини мақсадга қаратган одамлар учун жуда муҳим: “Жаннатда фаришталар нима қилишади?” Фикримизча, у ерда қиладиган ишнинг ўзи йўқ.  Бир киши Майстер Экхартдан ҳам “Жаннатда фаришталар нима қилишади?”, деб сўрабди. У бундай деб жавоб қилибди: “Нима бало, тентакмисан? Жаннат байрам қилинадиган жой-ку! Улар ҳеч нима қилишмайди. Шунчаки байрам қилишади, холос – жаннатнинг файзи,  ҳашамати, гўзаллиги, камоли ҳаққи байрам қилишади. Улар қўшиқ айтиб, рақсга тушиб, байрам қилишади”. Менингча, Экхартнинг жавоби ўша одамни қониқтирмаган бўлса керак, чунки бизга фақат бирор мақсадга олиб борадиган фаолиятгина тушунарли.

Ёдингда тут: фаолият –  мақсадга йўналтирилган, ҳаракат эса – йўқ. Ҳаракат тўлиб-тошган энергиядир. Ҳаракат ногаҳоний, олдиндан тайёрланмаган, машқ қилинмаган жавобдир. Шунчаки бутун борлиқ сенга рўбарў келади-ю, сен  унга жавоб берасан. Қушлар сайраса, сен ҳам куйлашни бошлайсан,  бу –  фаолият эмас. У шунчалар дафъатан юз берадики, куйлаганингни  ўзинг ҳам билмай қоласан, бу – ҳаракат (…)

Тананг қимир этмасин, фақат уни бўш қўй; оғзингни маҳкам юм ва жимлик сақла. Оғиз чиндан-да жуда муҳим аъзо, чунки дастлаб фаолият ўша жойдан бошланган; энг биринчи фаолиятни лаблар бошлаган. Оғиз – бутун фаолият ибтидоси – сен туғилган заҳотиёқ илк нафасни олиб, чинқириб йиғлагансан, онангнинг кўкрагини ахтаргансан. Ҳа, оғиз доимо бетоқат фаолиятда бўлади. Шу боис ҳам файласуф: “Фаолиятни англа, ҳаракатни тушун, ўзингни бўш қўй ва… оғзингни маҳкам юм”, деб маслаҳат беради (…)

Агар сен танангни чиндан бўш қўйсанг, ундаги титроқ барҳам топади. Сен жимсан, ичингда ҳам ҳеч қандай фаолият йўқ. “Оғзингни маҳкам юмиб, сукут сақла” – ва ўйларни қув.

Энди сенга нима вазифа қолди? Ўйлар келаверади, кетаверади. Майли, келаверсин, кетаверсин, сенга нима? Сен уларга аралашма; сен четда тур, ўзингни панага ол. Сен фақат уларнинг келиб-кетишини кузат, улар қандай келиб-кетяпти, буниси сенинг ишинг эмас. Оғзингни юмиб, жим туравер. Аста-секин ўйлар ўз-ўзидан чекинади – чунки улар яшаши учун сенинг ҳамкорлигинг керак. Сен уларга хайрихоҳ бўлсанг, улар миянгда қолади; улар билан курашсанг, яна миянгда қолади, чунки бу икки усул ҳам ҳамкорлик – ижобий ва салбий ҳамкорлик (…) Сен бор-йўғи  шунчаки кузат. Агар оғзингни юмиб олсанг, бу жуда қўл келади (…)

Пассив бўл – сен дарё бўйида ўтирибсан, дарё шундоқ ёнингда оқяпти, сен эса уни томоша қиляпсан. Шошилиш, сиқилиш, бетоқат бўлиш йўқ. Ҳеч ким сени ҳеч нарсага мажбурламайди, бирор нарсани кўрмай қолсанг ҳам, ҳечқиси йўқ. Сен шунчаки кузатяпсан, шунчаки томоша қиляпсан. Ҳатто “кузатаяпсан” сўзи ҳам унча тўғри келмайди, чунки бу сўз ҳам фаолликни ифодалайди. Сен шунчаки термилиб ўтирибсан, унинг сенга ҳеч бир дахли йўқ. Ёки шундай алфозда осмонга қараб ётибсан, булутлар сузиб юрибди. Сен – пассивсан ва бу – жуда муҳим. Бунинг муҳимлиги шундаки, сенинг боқишинг фаол кутиш тусини олиши мумкин.  Ўшанда сен асл моҳиятни қўлдан бой берасан; оқибатда фаолият яна орқа эшикдан писиб кириб келади. Сен пассив кузатувчи бўл – “Онгни тозала-да,  ҳеч нарсани ўйлама”.

Бундай пассивлик ўз-ўзидан онгингни тозалайди, бўшатади. Фаолият тўлқини, ақл энергияси аста-секин босилади ва онгинг тозаланиб, унинг сирти ҳеч қандай тўлқин, ҳеч қандай мавжсиз тинч-осуда ҳолга  келади. У сукутдаги ойнага ўхшаб қолади.

Устоз айтади: “Танангни худди пўк бамбукдек тутиб, ором ол”.

Бу – устоз усулларидан бири. Ҳар бир устознинг ўз усули бўлади, бу усул ёрдамида у  маълум натижаларга эришади ва бошқаларга ҳам ёрдам беради. Қаранг: худди бамбук мисоли. Бамбукнинг ичи бўм-бўш бўлади. Демак, ҳордиқ чиқараётганингда ичинг бўм-бўш бўлсин (…) Дарҳақиқат шундай: сенинг тананг бамисоли бамбук, ичи бўм-бўш. Сенинг теринг, суякларинг, қонинг ҳам бамбукнинг бир қисми, уларнинг ичида эса бўм-бўшлик бор.

Тананг фаол эмас, тинч ҳолатда,  тилинг ҳам танглайга ёпишганча, сукут сақламоқда, ақл фикрлардан титроққа тушмаган  –  ҳеч нарсани кутмаган бир вазиятда бамайлихотир кузатади – ўзини худди бамбук мисол бўш қўяди. Шунда вужудингга дафъатан чексиз энергия қуйила бошлайди. Сен мавҳум, сирли, илоҳий файз  билан тўласан. Бамбук сурнайга айланади-да, ундан илоҳий оҳанг тарала бошлайди. Қачонки сен бўм-бўш бўлсанг, илоҳий файз сенга ёғилиши учун  йўл очилади.

Бу усулдан фойдаланиб кўр, бу – энг гўзал усул: бамбук мисол бўм-бўш бўлиш. Ҳеч нарса қилишингнинг кераги йўқ. Сен бамбук бўлсанг бас, қолгани ўз-ўзидан рўй беради. Бирдан ичингдаги бўшлиққа бир нарса инаётгандай бўлади. Янги ҳаёт яралиши учун гўё уруғ қадалаётгандек. Сўнгра шундай бир лаҳза келадики,  бамбук буткул ғойиб бўлади.

Ичи  кавак бамбукдек танангга ором бер. Енгил ором ол – руҳий юксалишни кўзлама, осмон-фалакни, ҳатто Худони ҳам кўзлама. Ҳа, ҳатто Худони ҳам кўзламаслик керак  – сенда ҳеч қандай истак бўлмаса, Унинг ўзи қадам ранжида қилади. Нажот топиш ҳақида орзу қилма, чунки орзу ­бу – қулликдир. Истагинг бўлмаса, сен – озодсан. Агар истак бўлса, демак, тўсиқ бор. Тўсиқ бўлмаганда, У ўзи келади. Бағрингга аллақачон уруғ қадалган. Сен бўм-бўш бўлдингми, демак, ер, дала бор – шу асно уруғ потраб чиқади (…)

Устоз айтади:  “Танангни худди бамбук мисол тутиб, ором ол”. На бир  нарса бер, на бир нарса ол, ақлингга ором берсанг, бас.

Берадиган ҳеч нарса йўқ, оладиган  ҳам ҳеч нарса йўқ (…) Бериш ҳам керак эмас, олиш ҳам. Сен қандай бўлсанг, шундайлигингча мукаммалсан.

Шарқнинг бу ҳикматини  Ғарбда нотўғри талқин этишади, шунинг учун: “Бу қанақа таълимот бўлди? Унақада одамлар ҳеч нарсага интилмайди, ривожланишни истамайди, ўз феъл-атворини, ҳаётини ўзгартирмайди, ёмонлик яхшиликка айланмайди. Унақада одамлар Иблисга қурбон бўлишади-ку”, дейишади.  Ғарбнинг шиори: “Ўзингни такомилга етказ!” – оламга қарабми-қарамайми, барибир, ўзингни такомилга етказ. Қандай қилиб ўзни такомилга етказиш мумкин? Қанақа қилиб мартабалироқ, салобатлироқ бўлиш мумкин?

Шарқ ёндашуви теранроқ: ҳар қанақа “бўлишга интилиш” тўсиқ ҳисобланади, чунки биров бўламан, дейиш ўз ихтиёри билан ўз олдига тўсиқ қўйишдир. Сен биров бўлишинг шарт эмас, шунчаки ўзингнинг ким эканингни англа, шунинг ўзи кифоя қилади. Ичингда ким яширинган – шуни тушуниб ет. Сен ўзингни қанча сайқаллаган тақдирингда ҳам, барибир, ўша хавотир ва таҳлика йўқолмайди, негаки, ҳар қандай уриниш ҳам сени нотўғри тарафга бошлаб кетади. У сенга келажак, мақсад, идеални  кўрсатади – оқибатда  ақлинг истакларга ўралашиб қолади.

Истакка эргашдингми, демак, ютқаздинг. Истагингни сўндир, сокин кўлга айлан  – бирдан ўзинг ҳам лол қоласан  – эвоҳ, ҳаммаси шу ерда, ўзингнинг олдингда экан-ку (…)

 Бўлмаса,  машқ ва тадбир  нимадан  иборат?  Яна ва яна  ўзингни бўш қўй.  Яна ва яна “шу ерда ва шу онда” яша.  Тобора кўп ҳаракатда бўл, тобора кам фаолият юрит. Яна ва яна пўк, бўш, пассив бўл.  Тобора кўпроқ кузатувчи бўл – кузатувчи бўлганда ҳам, ўзини бепарво тутадиган, ҳеч нарсани кутмайдиган,  ҳеч нарсани  истамайдиган кузатувчи бўл. Аслида қандай бўлсанг, шундайлигингча бахтли бўл.  Байрам қилувчи бўл.

Шунда қачондир бир пайт… қалбинг пишиб етилганда, ўша чин лаҳза келадики, сен ўрик дарахтидек бирдан гуллайсан, сен ижодкор бўласан.

[1] Қисқартирилган журнал варианти.

 

[2] Муаллиф сўзбошиси.

(Давомини журналдан ўқийсиз)

 Рус тилидан Олимжон САЛИМОВ таржимаси

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
1 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi