Даҳр элидин нафъ агар йўқтур, зарар ҳам бўлмаса,
Марҳам ар йўқтур, кўнгулга ништар ҳам бўлмаса.
Олам аҳлидин агар йўқтур жигаргун соғаре,
Кошки юз минг қадаҳ хуни жигар ҳам бўлмаса.
Маҳвашеким бўлмағай васлидин уммиди ҳаёт,
Хуштурурким жонға ҳажридин хатар ҳам бўлмаса.
Бедилеким, бехабар тушкай биров ҳижрониға,
Не балодур гаҳ-гаҳе андин хабар ҳам бўлмаса.
Соқиё, неткай мени ул навъ қилсанг мастким,
Ақлу ҳушумдин нишон, балким асар ҳам бўлмаса.
Ким, тузай мастона Шоҳи Ғозий авсофида савт,
Бу кўнгул гар бўлса ўз ҳолида, гар ҳам бўлмаса.
Эй, Навоий, сен чекарсен оҳ, лекин яхшидур
Ул парийнинг зулфи бу ел бирла дарҳам бўлмаса.
(“Ғаройиб ус-сиғар”, 27-ғазал)
ЛУҒАТ:
Даҳр – олам.
Нафъ – фойда, манфаат.
Ништар – наштар, ўткир тиғ, найзанинг учи.
Жигаргун – жигарранг, тўқ қизил.
Маҳваш – ой каби гўзал.
Соғар – қадаҳ.
Бедил – ошиқ.
Авсоф – васфлар.
Савт – овоз, товуш; бу ерда шеър айтиш маъносида келган.
Дарҳам – паришон.
Байтларнинг насрий баёни
Олим ДАВЛАТОВ шарҳи
- Олам аҳлидан фойда-ку йўқ, зарар ҳам бўлмаса эди. Улар кўнгилга малҳам бўлмаганига яраша, наштардек санчимасалар яхши бўларди.
- Жигарранг бир қадаҳ тутиб, кўнглингни хуш қилмайдиган бу олам эли дастидан кошкийди юз минг қадаҳ жигар қонини ичишга мажбур бўлмасанг.
- Васли билан ҳаёт умидини бахш этмайдиган ойжамолнинг ҳижронидан ҳам жонга хатар бўлмаса кошки эди.
- Севган ёрининг ҳижрони сабаб ўзидан бехабар, ҳушидан кетган ошиқдан ҳар замонда хабар олиб турмаслик яна қандай бало бўлди?!
- Эй соқий, мени ақлу ҳушимдан асар ҳам қолмайдиган даражада маст қилсанг, нима бўлади?!
- Токи кўнглим хуш ёки нохуш эканидан қатъи назар Шоҳ Ғозий Ҳусайн Бойқаро васфида мастона байту ғазаллар куйлайин.
- Эй Навоий, сен оҳ чекаяпсан, лекин оҳларингдан ул парийнинг зулфи паришон бўлмагани яхшидир.
Ғазалнинг умумий мазмун-моҳияти
Мумтоз адабиётшуносликка оид манбаларда ғазал мавзуларининг бири сифатида “Шиквоия” (замона ва унинг аҳлидан шикоят) ҳам кўрсатилган. Дастлаб фақат ишқ-муҳаббат тараннумидан иборат ғазал тадрижий такомили жараёнида мавзулар доираси ҳам кенгайиб, турли ижтимоий, фалсафий, диний, ирфоний ва ахлоқий фикрларни ифодалаш учун самарали ва қулай воситага айланади. Таҳлил қилинаётган ушбу ғазал ҳам қайсидир маънода Навоийнинг ҳасби ҳоли ўлароқ вужудга келган асарлардан.
“Насойим ул-муҳаббат”да Абу Абдуллоҳ Мағрибийдан қуйидаги ҳикмат ривоят қилинади:
“Ва ҳам ул дебдурки, дунёдин мунсифроқ (инсофлироқ) кўрмадим. Агар анга хидмат қилсанг, ул ҳам санга хидмат қилур ва агар таркин тутиб, сидқ била Тенгри қуллиғиға машғул бўлсанг, анинг шарридин (ёмонлигидан) эмин (омон) бўлурсен, яъни ул сенинг таркингни тутар”. Шу билан бирга, дунёнинг ҳо-ю ҳаваслари ва ўткинчи истакларини тарк этган, Ҳақ таолога содиқ банда бўлган покиза зотлар айнан дунёнинг ёмонлигидан омон қолганлари билан дунё аҳлининг ёмонлигидан қутула олмайдилар. Ҳар қандай давру замонда Навоийга ўхшаган софдил инсонлар муттаҳам ва каззоб, ёлғончи ва фирибгар нокасларнинг ёмонлигидан азият чекадилар, уларнинг ҳийла ва алдовлари қалбларига наштардек санчилади. Мустамлий Бухорий буюрганидек, бу дунёда мўминлар авлиёларнинг баракотидан, кофирлар мўминларнинг баракотидан яшамоқдалар. Шунга қарамай, аксар вақт мўминлар кофирлар дастидан, авлиёлар эса барча олам аҳлидан азият чекадилар.
Эл ғамининг оғирини енгил қилиш, уларнинг қувончу қайғусини баҳам кўриш, инсоф ва диёнат билан яшашни ҳаёт маслагига айлантирган инсонлар давронда осойишталик, хотиржамликнинг кафили бўлсалар-да, уларнинг бу хизматлари кўпинча қадрланмайди.
Навоий бошқа бир ғазалида қайд этганидек:
Турфа кўрким, халқ коми бирла умрум бўлди сарф,
Турфароқ буким, бировга ёқмади бу хидматим.
Дастлабки икки байтда замондош дунё аҳлидан шикоят келтирилган бўлса, учинчи ва тўртинчи байтда бундан ҳам оғирроқ дард – ҳижрон дарди ҳақида сўз юритилади. Бу байтларда ёр висолидан умид узган ошиқнинг жондан ҳам умидини узмоқ ҳолатига тушгани, ёр фироқида беҳуш бўлиб қолишлари ҳақида сўз юритилади:
Маҳвашеким бўлмағай васлидин уммиди ҳаёт,
Хуштурурким жонға ҳажридин хатар ҳам бўлмаса.
Бедилеким, бехабар тушкай биров ҳижрониға,
Не балодур гаҳ-гаҳе андин хабар ҳам бўлмаса.
Навоий бу чорасизликнинг ягона чораси – соқий шаробидан бехуду мастона бўлиб, Ҳусайн Бойқаро васфида ғазалхонлик қилиш, деб билади:
Соқиё, неткай мени ул навъ қилсанг мастким,
Ақлу ҳушумдин нишон, балким асар ҳам бўлмаса.
Ким, тузай мастона Шоҳи Ғозий авсофида савт,
Бу кўнгул гар бўлса ўз ҳолида, гар ҳам бўлмаса.
Марҳум олим Нажмиддин Комилов бунга қуйидагича изоҳ берганлар:
“Демак, Султон Ҳусайн Бойқаро нафақат шоҳ, мамлакат ва миллат сардори, балки Навоий каби дили дардга тўла инсонларнинг маънавий ҳамдарди, таскин ва тамкин берувчиси бўлган. Зеро, пок дил пок дилга талпинади”. Қўшимча равишда айтиш мумкинки, бу ғазал фақат Навоийнинг ҳасби ҳоли эмас, балки Султон Ҳусайн Бойқаро кайфиятининг назмий ифодаси ҳам бўлиши мумкин. Тарихдан маълумки, Ҳусайн Бойқаронинг сиёсати ҳамма вақт ҳам хушнудлик ва мамнуният билан қабул қилинмаган. “Даҳр эли” майда манфаатлари илинжида ҳукмдорга елкадош бўлиш ўрнига унинг ислоҳотларини йўққа чиқариш, мамлакат тинчлиги ва ободлиги йўлида амалга оширган ишларини инкор этиш, арзимаган нарсалар учун унга исён ва итоатсизлик қилиб туриш одатий ҳолга айланган. Бойқаро сиёсий фаолиятининг асосий қисми энг яқин кишилари – фарзандлари ва қариндошларининг исёнларини бостириш билан ўтган. Ана шундай пайтда унинг қалбига малҳам бўладиган, тилга кўчиролмайдиган ғуссаларини ўзининг қайғусидек қабул қилиб, дарддош бўладиган инсоннинг тасаллосига эҳтиёж сезгани шубҳасиз.
Навоий шу маънода Ҳусайн Бойқаронинг дардкаши ва маслакдоши эди. Шунинг баробарида, бу дардкашлик кўнгилдошининг кайфиятини кўтариши, унинг яраларини битишига кўмак бериши керак. Акс ҳолда, париларнинг ошуфта зулфи ишқ оламида ошуб ва ғалаён солгандек, султоннинг кайфияти бузилиши бошқалар, айниқса Навоийнинг кўнгли учун жуда оғир ботиши мумкин:
Эй, Навоий, сен чекарсен оҳ, лекин яхшидур
Ул парийнинг зулфи бу ел бирла дарҳам бўлмаса.
Ғазалнинг инглизча таржимаси
Таржимон – Қосимбой Маъмуров
As there is no benefit, so be there no harm to world’s people. As there is no sting, the ointment to the soul there were not.
If the world’s people did not have a brown goblet,
I wish a hundred thousand liver blood there were not.
I wish therе were no more danger than the separation, It would be better if separation danger there were not.
It is the lover who happened to miss the beloved, What an evil it is if aware of her you were not.
O wine pourer, if you make me an unconscious drunkard,
What if a little consciousness I had in me there were not.
Let me sing bytes, ghazals to praise Shah Ghozi Husein Boyqaro
Regardless whether my soul is functioning or even were it not.
Hey Navoi, you are sighing Oh, but it would be better
If that angel, became mindless of your wows it were not.