Бобурийлар даврида солиқ сиёсати

Заҳириддин Муҳаммад Бобур

Кичик сонли қўшин билан аҳолиси сони жуда катта юртни босиб олиб, унда бир неча аср давомида ҳукмронлик қилиш ҳолатлари инсоният тарихида кам учрайди. Тарихдан маълумки, маҳаллий халқ киндик қони томган заминни ўзгалар босиб олганлигига узоқ чидай олмайди ва аксарият ҳолларда келгиндиларни ўз юртидан ҳайдаб чиқаради. Лекин четдан келган подшолар маҳаллий ҳокимларга нисбатан адолатли бўлганлари туфайли тарихда ўз ҳукмрон табақаларидан уларни афзал кўришган ҳолатлар ҳам борки, бунга Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган буюк Бобур ва бобурийлар салтанати ёрқин мисол бўла олади.

Мазкур сулола ҳинд заминида 332 йил (1526–1858) ҳукмронлик қилди. Бунинг сабаблари кўп ва улар тадқиқотчилар томонидан етарли даражада ўрганилган. Лекин сулоланинг Ҳиндистондай катта салтанатдаги ҳукмронлиги узоқ ва муваффақиятли давом этишида улар ҳинд халқи учун яратган адолатли солиқ сиёсатининг аҳамияти катта бўлганлигини кўпчилик билмайди.

Ҳиндистонни бобурийлар сулоласидан бошқа бир давлат – Буюк Британия тортиб олди. Лекин инглизларнинг бу заминдаги ҳукмронлиги бир асрга ҳам етмади, ҳиндлар уларнинг зулмига чидай олмай, босқинчиларни ўз юртларидан ҳайдаб чиқаришди. Чунки инглизлар ҳинд халқига бобурийлар яратиб берган адолатни бера олишмади, кўп бойликларини эса ўз юртларига ташиб кетишди…

Эътироф этиш керакки, маҳаллий халқ Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодларига нисбатан ҳам кўп қаршилик қилишган, қўзғолонлар, исёнлар уюштирилган. Урушларда ҳиндистонликлар устун келган ва ҳокимиятни қўлга киритган вақтлар ҳам бўлган. Лекин улар асосан вақтинча бўлиб, охир-оқибат давлат яна бобурийлар қўлига ўтаверган. Бобурийлар ерли халқнинг дини, тили, қадриятлари, маданияти ва урф-одатларини ҳурмат қилган, уларга асрлар давомида шаклланган удумларга мувофиқ яшашга имкон берилган, мамлакат ҳудудида истиқомат қилувчи барча халқларнинг эътиқодидан қатъий назар тенг мақомга эга бўлишини таъминлаш борасида кўп ишлар қилинган. Бундай сиёсат оддий халқ манфаатларига мос келган.

Бобур ва унинг авлодлари ерли халқлар учун жуда кўп иш қилишган. Улар бу юртдан ҳеч нарса ташиб кетишмаган. Бир мисол. Бобур Ҳиндистон подшоҳларининг хазинасидан орттирилган бойликни шу ерда яшайдиган аҳолига тақсимлаб берган. Бу тадбир жаҳон давлатчилик тарихида мисли кўрилмаган ҳодиса, ижтимоий ҳимоянинг олий даражаси сифатида баҳоланган.

Бобурийлар адолатли бўлганликлари учун ҳиндистонликлар бу сулоладан ҳокимиятни қайтариб олишга кўп ҳаракатлар қилишган бўлса-да, фикримизча, бунинг учун жон фидо қилишни унчалик исташмаган. Агар ҳиндлар ҳақиқатдан ҳам шуни хоҳлашганда, уларга сони ўзларидан бир неча юз баравар кам бўлган янги ҳукмдорларни енгишлари мумкин эди.

Кўпчилик учун маълум бир ҳақиқат бор, яъни ҳамма замонларда, айниқса, ўрта асрларда давлат ва инсон ҳаётида солиқларнинг аҳамияти жуда катта бўлган. Иқтисодиётнинг ўта муҳим бўлаги ҳисобланмиш солиқлар ҳамманинг – ҳукмдорнинг ҳам, солиқ тўловчи бой-камбағалнинг ҳам ҳамиша бошини қотирган. Аҳоли учун солиқ ҳаёт-мамот масаласи ҳисобланган.

Шу боис Бобур ва унинг авлодлари Ҳиндистонда адолатли солиқ сиёсати олиб бориш зарурлигини тўғри тушунишган ва бунга эришиш учун жиддий ислоҳотлар ўтказишган. Бунинг учун ҳукмдорнинг ўзи солиқ сиёсатининг назарий асосларини ишлаб чиққан. Чунки Бобур Ҳиндистонни қўлга кирита бошлаган пайтидаёқ тушунганки, бу юртда солиқ сиёсатини бошқарадиган аниқ бир тартибнинг ўзи бўлмаган. Бу ҳар бир рожанинг ўз иши бўлган. Ана шундай шароитда Бобур солиқ сиёсати ва солиқни йиғиб олишнинг исломий қоидаларига мувофиқ бўлган адолатли тартиботини яратган.

Бобур ўз иқтисодий ва солиқ сиёсатини ишлаб чиқиш учун бобоси Буюк Темур ва замонасидаги бошқа ҳукмдорларнинг давлатчилик тажрибасидан ҳам ижобий фойдаланган. Жумладан, Хуросон подшоси Ҳусайн Бойқаронинг давлат бошқаруви усуллари ва саройдаги аъёнларнинг молиявий таъминоти, сарфу-харажатларни белгилаш тартибини жиддий ўрганган[1].

Буюк бобомизнинг солиқ соҳасидаги фикрлари унинг “Бобурнома” ва “Мубайян” асарларида баён этилган. У солиқларнинг моҳиятини, уларнинг давлат ва жамият ҳаётига ўта кучли таъсир ўтказишини яхши билган. Шунинг учун ҳам унинг солиқ сиёсати адолатли ва кенг халқ оммаси учун мўътадил бўлган.

Бобурнинг “Мубайян” асари “Иймон-эътиқод”, “Намоз”, “Закот” (Бобурда у “Китоб уз-закот” деб номланган), “Рўза” ва “Ҳаж” деб номланган 5 та китобдан иборат. “Закот китоби”да закот шартлари, закот бериладиган моллар, нақдина, чорва ва тижорат молларининг закоти, закот фарзлари, закот берадиган шахслар, закот бериш дуруст бўлмаган кишилар, ушр ва хирожга доир барча масалалар бўйича аниқ тавсиялар берилган[2].

Бобурнинг буюклигидан гувоҳлик берувчи яна бир масалага эътибор қаратиш зарур. “Мубайян” асарини Бобур шеърий усулда ёзган. Солиқлардек ўта мураккаб соҳа бўйича фикрларини шеърий усулда баён этиш учун шахс қанчалик истеъдодли бўлишини тасаввур қилайлик. Унинг насрий баёнини таниқли шоир Мирзо Кенжабек тайёрлаган. Юқорида билдирилган фикрларимизга намуна сифатида “Закот китоби”га мурожаат қилайлик:

 

“Яна бир шарт, мулки том дурур,

Бил, нечук молға бу номдурур.

Мен санга дей, эшиткил, эй ҳамдам,

Бўлғай ул мулк-у, бўлғай илгида ҳам”.

 

Тўртликнинг насрий баёни:

“Яна бир шарт, тўлиқ мол бўлишидир. Билиб ол, қандай мол бу ном билан (тўлиқ мулк деб) аталади? Мен сенга айтайин, эй ҳамдам, эшит: у мулк мавжуд бўлиши билан бирга, эгасининг қўлида бўлиши шартдир”[3].

Фараз қилинг: мулк бор, лекин у маълум сабабларга кўра, сенинг ихтиёрингда эмас. Масалан, бировга қарзга берилган, лекин қарздоринг бунга иқрор эмас, уни қайтиб олишинг учун гувоҳ йўқ. Демак, бундай мулкдан закот берилмайди. Бобурга қадар Ҳиндистон рожалари кишининг ўз ихтиёрида бўлмаган мулклардан солиқ олиш нотўғри эканлигини билишмаган.

 

Бу хирожингниким олурсен, бил,

Рафъи маҳсулдин кейин олғил.

 

(Эй хирож олувчи!) Бу оладиган хирожингни маҳсул (йиғиб) кўта­рилгандан кейин олгил[4].

Ўрта асрларда аксарият давлатларда қишлоқ хўжалиги экинларидан олинадиган хирож ҳосилнинг бўлган ёки бўлмаганлиги, у йиғиб олинганми ёки йўқми, бу ҳолатлардан қатъий назар, солиқ йиғувчилар томонидан йиғиб олинаверар эди. Бобур ўз давлатида аҳолини қийин аҳволга солиб қўядиган бундай ҳолатларга чек қўйган. Табиий офат ёки шу каби сабаб­ларга кўра ҳосил нобуд бўлса, Бобур хирож олишни тақиқлаган:

 

Бу зироатга ё экин ерига,

Офате гар етушса ҳар бирига,

Ерда экин бу навъ бўлғонда,

Соқит ўлғай хирож ул онда.

 

“Бу зироатга ёки экин ерига – уларнинг ҳар бирига агар бир офат етса, ерда экин бу ҳолга учраганида у вақт хирож соқит бўлади”[5].

Бобурнинг молия ва солиқ соҳасидаги хизматлари бу борадаги назарий масалаларни тадқиқ этиш билан чекланиб қолмаган. Тасаввур қилинг: Бобур Ҳиндистон учун ўзи яратган молия ва солиқ тизимларнинг назарий асосларини ўзи амалиётга жорий этган! Бу Бобурнинг қанчалик буюк ва кенг қамровли шахс эканлигини кўрсатувчи ёрқин мисол ҳисобланади.

Бобур давлати барпо этилгунга қадар Ҳиндистон ҳудудида ҳукм сурган ўнлаб катта-кичик давлатларнинг хазинани ташкил этиш, даромаддан фойдаланиш, солиқ сиёсати, солиқ тизими, солиқ турлари ва уларни аҳолидан йиғиб олиш тартиботи бир-биридан кескин фарқ қилган. Ҳар бир рожаликнинг ўз солиқ сиёсати бўлган. Солиқларнинг турлари кўплиги, уларни йиғиб олишнинг тартиби қатъий эмаслиги ва солиқ миқдори жуда катта эканлигидан аҳоли қаттиқ қийналган[6].

Бобур Ҳиндистонда давлат хазинасини адолат тамойиллари асосида ташкил этиш бўйича кенг қамровли солиқ ислоҳоти ўтказган, бутун давлат миқёсида ягона солиқ тизимини яратиб, солиқлар миқдорини сезиларли даражада камайтирган. Авваллари ҳар бир рожанинг ўз қоидалари бўйича йиғиладиган солиқ ва йиғимлар Бобур даврида ягона исломий қоида ва тартибот асосида олинадиган бўлган.

Бобур солиқ сиёсати адолат тамойилларига асосланган. Чунки у табиатан ўта адолатли шахс бўлган. Афғонистонни забт этганида барча тартиб-қоидалар бўйича аслида амакиси Абулқосим Бобурнинг мулки бўлган, лекин замонанинг зайли билан бошқалар тасарруфига ўтиб қолган боғни эгаларидан пулини тўлаб сотиб олади.

Бобур салтанатида қуйидаги солиқ ва йиғимлар мавжуд бўлган – ер солиғи, савдо (тамға) солиғи, закот (мусулмонлар учун), жизъя (мусулмон бўлмаган аҳоли учун), ўлпон тўловлари, туз солиғи, урушлардан олинадиган ўлжаларнинг бешдан бир қисми, танга зарб қилиш, мусодара қилинган эгасиз мол-мулк ва совғалар[7]. Булардан ташқари маҳаллий эҳтиёжлар учун ишлатиладиган солиқлар ҳам мавжуд бўлиб, уларни маҳаллий ҳокимият йиғиб олган (мазкур солиқлар “аҳбоб” деб аталган)[8].

Бобур камбағал аҳолига солиқлар бўйича катта имтиёзлар берган. Солиқларнинг маълум қисмини бой-бадавлатлар давлатга эмас, бева-бечораларга беришган. Масалан, исломий қоидага кўра, “закот” солиғи муҳтож оилаларга тарқатилган. Бобур мусулмонлардан олинадиган “тамға” солиғини бекор қилган.

Бобурнинг давлатни бошқариш ва иқтисодиёт соҳасидаги фармон ва ҳукмлари Ҳиндистон иқтисодиётини ривожлантириш, молиявий ҳамда ҳарбий аҳволни яхшилашга улкан ҳисса қўшган. Савдогарларга енгиллик ва имтиёзлар берилган. Савдо аҳлидан олинадиган солиқ ва йиғимлар миқдори мўътадил, адолатли ва ошкора бўлган. Сотиладиган маҳсулотлар миқдорининг ошиши солиқлар ҳиссасининг камайишига олиб келган ва савдо ривожига катта ижобий таъсир кўрсатган.

Бобуршоҳ халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантириш давлатнинг иқтисодий қудратини оширишнинг муҳим омили эканлигини яхши тушунган ҳолда хорижлик савдогарларга бир қатор енгилликлар берган. Агар савдогарлар ислом давлатларидан келган бўлсалар, даромадларининг 5 фоизи миқдорида солиқ тўлашган. Номусулмон давлатлардан келган савдогарлар эса ўз юртларида мусулмон савдогарлардан олинадиган миқдорда солиқ тўлашган.

Бобурнинг солиқ соҳасида бошлаган ислоҳотларини унинг невараси Буюк Акбар (1556–1605 йиллар) ниҳоясига етказган. У солиқ сиёсатини салтанатнинг барча фуқароларига бир хил ва адолатли тарзда олиб борган. Акбар амалга оширган солиқ ислоҳоти натижасида ягона солиқ идоралари тизими ҳамда солиқларни тўғри ҳисоблаш мақсадида бир хил оғирлик ва миқдор ўлчов тартиби жорий этилган. У мусулмон бўлмаган аҳоли тўлайдиган “жизья” солиғи ва “жон солиғи”ни бекор қилган. Аввал натура шаклида олинган ва миқдори ҳосилнинг учдан бир қисмига тенг бўлган ер солиғини пул шаклида йиғиш тизимини жорий этган. Бу тадбирнинг аҳамияти жуда катта бўлган. Негаки, эндиликда солиқ тўлаш учун деҳқон маҳсулотини бозорда сотиши шарт бўлган. Бу эса ўз навбатида Ҳиндистонда товар-пул муносабатлари кескин ривожланишига ва иқтисодий ўсиш суръатларининг ошишига иқтисодий замин яратган.

Вазифалари аниқ белгилаб қўйилган ягона солиқ идоралари тизимининг яратилиши, солиқларни пул шаклида йиғишнинг жорий этилиши, солиқ йиғимлари миқдорининг аниқлиги, ҳисоб-китобларнинг пухталиги солиқчиларнинг бошбошдоқлигига чек қўйган. Бу тадбирлар солиқ йиғувчилар солиқларни ўғирлашига монелик қиладиган тизим яратишга асос бўлиб хизмат қилган. Аҳоли бу тадбирларни мамнунлик билан кутиб олган. Негаки, авваллари, яъни юртларида ўз рожалари ҳукмронлик қилган даврларда, солиқ йиғувчиларнинг очкўзлиги, яъни солиқни белгиланган миқдордан кўп олиши, бир қисмини ўзлаштириши кескин ­камайган.

Бобуршоҳ даврида дунёнинг аксарият давлатлари иқтисодиётида деҳқончиликнинг ўрни жуда катта бўлган. Ҳиндистонда ҳам зироатчилик аҳолини боқадиган асосий манба эди. Лекин деҳқончилик жуда нозик ва олинажак ҳосил миқдори об-ҳавога боғлиқ бўлгани учун ҳосил баъзан етарли, айрим ҳолларда эса эҳтиёждан анча кам бўлиши оддий ҳол эди. Шу боис Буюк Акбар ҳосил яхши бўлмаган ва очарчилик даврида солиқ олмаслик имтиёзини жорий этган, муҳтож аҳолига зарур ҳолларда пул ва ғалла билан қарз бериш тартибини амалиётга киритган.

Ҳиндистон иқтисодиётини юксалтириш соҳасидаги кенг қамровли тадбирлар ва, айниқса, адолатли солиқ сиёсатини яратиш туфайли бобурийлар Ҳиндистон тарихида энг қудратли ва энг буюк салтанатни барпо этишган. Йирик ва обод шаҳарлар қуришган. Уларнинг аксарияти шу кунга қадар Ҳиндистонга кўрк бағишлаб турибди. Буюк сулола вакиллари барпо этган гўзалликда тенги йўқ саройлар, масжидлар, турли иншоот ва бинолар миллионлаб сайёҳларни Ҳиндистонга жалб этиб келмоқда, боболаримиз барпо этган мафтункор “Тож Маҳал” эса дунёнинг етти мўъжизасидан бири ҳисобланади. Буюк аждодларимиз бу ерда маданият, фан ва санъатни шу даражада ривожлантиришганки, натижада Ҳиндистон бобурийлар даврида жаҳон цивилизациясининг энг йирик марказларидан бири мақомига эга бўлган.

Ҳинд халқининг буюк вакилларидан бири бўлмиш Жавоҳарлаъл Неру таъбири билан айтганда, “Бобур Ҳиндистонга келгандан кейин катта силжишлар юз берди ва янги рағбатлантиришлар ҳаётга, санъатга, архитектурага тоза ҳаво бахш этди, маданиятнинг бошқа соҳалари эса бир-бирларига туташиб кетди… Бобурнинг ҳинд халқига қилган энг катта хизмати шуки, у халқимизнинг руҳий-маънавий оламини кенгайтириб, уларни ўз кулбаларидан ташқарига қарашга, дунёнинг нақадар катта эканини англашга мажбур қилди”[9].

Ўз даврининг энг ривожланган ва қудратли иқтисодиётларидан бирини яратиш, буюклиги жиҳатдан жаҳон тамаддунининг фахрига айланган гўзал шаҳар ва иншоотларни барпо этиш, фан, санъат, адабиёт ва маданиятни ўз даврининг илғор даражасига олиб чиқиш катта миқдорда маблағ бўлишини тақозо этарди. Талаб этилган ҳажмдаги молиявий ресурсларни йиға олишда бобурийлар яратган адолатли солиқ сиёсати жуда катта рол ўйнаган. Улар ҳиндлардан йиққан солиқларни шу юрт ободончилиги учун сарфлашган. Буюк сулола тарқоқ, катта-кичик ўнлаб рожаликларни марказлашган ягона салтанатга бирлаштира олган.

Буюк сулола яратган адолатли солиқ сиёсатининг моҳияти ва мазмуни айни кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бобурийлар давлатни ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва халқнинг турмуш даражасини ошириш учун солиқ сиёсати адолатли ва мўътадил бўлиши шарт эканлигини ўз салтанатларида исботлаб беришди. Улар яратган солиқ сиёсатининг назарий ва амалий асосларидан, хулоса ва тавсияларидан бугун ҳам фойдаланиш мумкин.

 

Одил Олимжонов,

иқтисод фанлари доктори,

профессор

 

[1] Ҳасан Қудратуллаев. “Бобурнинг мамлакат бошқаруви ва иқтисодиётига оид қарашлари”. “Ўзбекистон овози” газетаси. 2011 йил 15 февраль.

 

[2] “Мубайян” ва насрий баёни. “Рисолаи Волидиййа” асари назмий таржимаси ва шарҳи. Насрий баён ва шарҳлар муаллифи М.Кенжабек; масъул муҳаррир А.Мансур; – Т.: “SHARQ”, 2014 . 213 – 238-бетлар.

 

[3] “Мубайян” ва насрий баёни, “Рисолаи Волидиййа” асари назмий таржимаси ва шарҳи. Насрий баён ва шарҳлар муаллифи М.Кенжабек; масъул муҳаррир А.Мансур; – Т.: “SHARQ”, 2014. 214-215-бетлар.

 

[4] Шу манба. 236-237-бетлар.

 

[5] З.М. Бобур. “Бобурнома”.- Т.: Юлдузча, 1989. 368 б. “Мубайян” ва насрий баёни, “Рисолаи Волидиййа” асари назмий таржимаси ва шарҳи. Насрий баён ва шарҳлар муаллифи М.Кенжабек; масъул муҳаррир А.Мансур; – Т.: “SHARQ”, 2014 . 236-237-бетлар.

 

[6] А.Раззоқов. Иқтисодий тафаккур сарчашмалари. –Т.: Ўзбекистон, 2011. 164-171-бетлар.

 

[7] Заҳириддин Муҳаммад Бобур энциклопедияси (қайта ишланган иккинчи нашр). /Таҳрир ҳайъати: А.Қаюмов ва бошқ. Бош муҳаррир: А.Аъзамов. – Т.: “Sharq” НМАК Бош таҳририяти, 2017. 120–бет.

 

[8] Шу манба. 120–бет.

 

[9] Жавоҳарлаъл Неру. “Дунё тарихига назар”. Рус тилидан Исажон Султон таржимаси. “Шарқ юлдузи” журнали, 1990 йил, 10-сон.

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi