Хитойнинг 1912–1949 йиллардаги Республика даври адабиётида ўз номига эга бўлган Сяо Хун, Люй Бичэн, Ши Пинмэй ва Чжан Айлинлар Чин юртининг энг иқтидорли ва ардоқли адибалари бўлиб, ўзбек китобхони уларнинг ҳаёти ва ижоди билан унчалик таниш эмас. Боиси ушбу ижодкорлар асарлари ўзбек тилида босилмаган. Уларнинг умр ва ижод йўллари билан танишиш, бизнингча, муштарийларимизни хитой адабиётига янаям яқинлаштириб, билимларини оширади.
Сяо Хун
(1911–1942)
Сяо Хун, Цзо Ин, Лин Лин, Тянь Ди тахаллусли, асл исми Чжан Найин бўлган бу аёл оғир ва қисқа, аммо жўшқин ҳаётни бошидан кечирди. Сяо Хундан бой адабий мерос қолмади, унинг атиги учта тўплами маълум. Уларнинг ичида машҳур “Кичик шаҳар баҳори” новелласи ҳам бор. Шоира ва ёзувчи бўлган Сяо Хун ўз асарларида бир миллион хитой ёзувидан иборат иероглифларни ишлата олган истеъдод соҳибаси эди.
Сяо Хун Хитойнинг сўнгги Цин салтанати (1644–1912) ва унинг ҳукмдори Цисининг охирги йиллари кечаётган 1911 йилнинг 1 июнида маориф мулозими оиласида дунёга келди. У туғилган маскан Хитойнинг шимоли-шарқий нуқтаси бўлмиш Харбиндан 28 километр узоқликдаги Хулань шаҳарчаси бўлиб, адиба кейинчалик она тупроғи ҳақида шундай ёзади: “Хэйлунцзянь вилоятининг Хулань шаҳарчаси шундай жойки, бу ерда йилнинг тўрт ойида қор бўронлар сира тинмайди”.
Уларнинг оиласи яшил ғиштли, тунука томли уйда яшарди. Бугунги кунда адибанинг зиёратига келганлар бу ерда унинг уй-музейи ва ёдгорлик монументини кўришлари мумкин.
Сяо Хун хотираларида адабиётга илк муҳаббатини бобоси уйғотганини яширмайди. Эртакчи бобо ёш набирасига жуда кўп ҳикояту ривоятлар, шунингдек, қадимги Хитой ҳаётидан тарихий воқеаларни сўзлаб берар эди, бўлғуси адибанинг ижодида бу изсиз қолмади. Сяолар оиласи маорифчи бўлганлиги боис, амакиси ва катта акаси Пекинда сабоқ олар, улар таътилда Хуландаги қадрдон гўшаларига қайтганларида ўқишдаги воқеалар билан ўртоқлашар, шунингдек, адабиёт ва маърифат ҳақида суҳбатлар қурар эдилар. Айниқса Пекинда қизлар ва ўғил болаларнинг бир синфда ўқиши Сяони ҳайратга соларди. Пойтахт таълимидаги бундай ислоҳот республика шамоли олиб келган маорифдаги янгиланишларнинг илк куртаклари эди.
1926 йили Харбиндаги мактабга қатнай бошлаган Сяода рассомлик ва бадиий ижодга жиддий қизиқиш уйғонди, замонавий хитой адабиёти асосчиси Лу Синь (1881 – 1936) ва Мао Дунларнинг (1896 – 1981) асарлари билан танишди. Лу Синь асарларида у янги замон ва миллий анъаналар уйғунлигини илғаса, Мао Дунда кўпроқ рус адабиётига иштиёқни сезди.
Харбиндаги ўқишни якунлаб, Хуланга қайтганида Сяо Хун суюкли бобосининг вафотидан хабар топиб, қаттиқ ўксиди. Кўп ўтмай отаси билан ўрталарида низо чиққач, файзи кетган уйидан Харбинга қайтиб, у ерда илк муҳаббати Ли Цзеуни топди ва толеидан бахтиёр бўлди. Ошиқ-маъшуқлар бир олам орзулар билан Пекинга йўл олишди. Аммо кўп ўтмай йигитнинг бошқа оиласи ҳам борлиги маълум бўлиб, Сяо Хуннинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Жанжаллардан тоқати тоқ бўлган Сяо 1931 йилнинг кеч кузида ниҳоят ундан юз ўгириб, якка-ёлғиз Пекиндан Харбинга қайтди.
Ишончи, орзулари поймол бўлган Сяони Харбинда саргардонлик ва йўқчиллик кутарди. Кўп қийинчилигу, азоб-уқубатни бошидан ўтказган бўлғуси ижодкор охир-оқибат мадад сўраб, “Гоцзи себао” рўзномаси таҳририятига бир неча бора хат ёзди. Ёзган мактубларида чорасиз қолган аёлнинг фарёдини уқиш мумкин эди. Рўзнома муҳаррири Фэй Лаопэй алданиб, йўқсилликда қолган аёлга ёрдамга ошиқди. Кўп ўтмай Сяо Хун ҳаваскор қаламкаш йигит Сяо Цзюнь билан танишди. Ҳаммуаллифликда уларнинг қалами остидан бирин-кетин ҳикоя ва очерклар босилиб чиқа бошлади. Икковлари бахтиёр эдилар. Ижодлари ҳам гуркираб, ноширлар қўлёзмаларини сўрай бошлашди. Иккови ҳамкорликда илк катта ижодий меҳнатлари – “Йўл азоблари” номли сайланмани нашр эттиришди.
Аммо кутилмаганда Харбинга Япония ҳужум қилиб, шаҳарга бомбалар ёғдирди. Япон аскарлари биринчи галда зиёлиларни қувғин қилдилар, нашриётларни ёпиб, китобларни оловда ёндирдилар. Сўзига кирмаганларни пешонасидан отдилар. Иложсиз қолган жуфтлик 1934 йил 15 июнда аввал поездда, кейин паром орқали Циндао шаҳрига келади. Агар Гоминдан ҳукумати томонидан коммунистларни таъқиб этиш бошланиб, қора рўйхатга улар ҳам тушмаганларида ёш ижодкорлар ўзларига яна илҳом бахш этган бу шаҳарда кўп йиллар қолишлари мумкин эди.
Шанхайга кўчиб ўтишгач, улар адабиёт дарғаси Лу Синь томонидан бошпана билан таъминланади. Айнан шу ерда Сяо Хун ижодининг чўққиси бўлган “Ҳаёт-мамот даласи” асари чоп этилди ва у элга танилди. Лу Синь унга оталарча ғамхўрлик қилиб, қўлёзмаларини ўзи таҳрирдан чиқарар, ноширларга берарди. Шаҳарда адабий салонлар, театр, опера ва бошқа кўнгилочар масканлар кўп эди.
Бир қанча вақтдан сўнг Сяо Хун раҳнамоси Лу Синнинг маслаҳати билан Токио сафарига отланди. Гарчи япон адабий муҳити билан танишув мароқли кечган бўлса-да, бу сафар унга муваффақият келтирмади, асарлари японларда қизиқиш уйғотгани йўқ.
1936 йил 19 октябрда Лу Синь сил касалидан вафот этгач, Сяо Хун Шанхайга қайтиб, устози қабри узра бош эгди. Олдинда адибани янги изтироблар кутарди. Турмуш ўртоғи билан ўрталаридаги муносабат бузилгани боис Сяо Хун ўта тушкун кайфиятда 1937 йили уйини ташлаб, Пекин сари йўл олди. Бироқ япон бомбалари аввал Пекинга, августь ўрталарида Шанхайга ҳам ёғила бошлади. Одатда шаҳар ҳавоси ёзда дим ва иссиқ, кузи эса анчайин салқин кечар, аммо уруш туфайли Шанхайдаги бу дилраболикдан асар ҳам қолмагандек эди. Уч ой японлар билан қирғинбарот жанг бўлгач, ноябрь охирларига келиб генерал Чан Кайши шаҳарни ғанимга топширишга мажбур бўлди.
Сяо Хун ҳам жон сақлаш илинжида шаҳардан қочиб, ҳориб-толиб Уханга келди ва Дуаньму Хунлян тахаллусли ижодкор йигит билан танишди. Аммо уруш бу ерда ҳам уларни қўймади. Икки ижодкорнинг фронт чизиғи бўйлаб саргузашт ва азоб-уқубатга тўла сафари бошланди. Чунцин шаҳрига етиб келгунга қадар икковлон япон ўқларидан аранг жон сақлашди. Аммо Чунцинда ҳам уларни осойишталик кутмаётганди. Душман самолётларининг нохуш овози шаҳар осмонини ларзага солди. Бомбаларнинг бири Сяо Хун турган бино яқинида портлади. У қулоқларини беркитиб, энгашиб йиғлар экан, тақдирига ва урушга лаънатлар ўқирди.
Дўстларининг маслаҳати билан Дуаньму иккови Британияга қарашли Хонконг шаҳрига отландилар. Сяо Хун бандаргоҳ шаҳарда 1940 йил баҳоридан 1942 йил январигача яшади. Дуаньму билан йўллари айро тушгач, адиба яна ёлғиз қолиб, мусофирлигу, фақирликдан қаттиқ қийналиб, ўпка хасталигига йўлиқиб, шифохонага ётқизилди. Беморнинг аҳволи борган сари оғирлашди. Касалхона каравотида ётган Сяо Хун деразадан япон самолётлари шовқинини эшитиб, алам билан кўзларини юмди. Наҳот уни уруш шу ергача таъқиб этиб келган бўлса? 1942 йил 13 январь куни японлар Хонконгга бостириб келдилар. Тиббий ёрдамсиз қолган шўрлик Сяо Хун 21 январь тонгида ҳушидан кетди, кечга яқин унинг юраги уришдан тўхтади. Шу тарзда бутун умри сарсон-саргардонликда ўтган Сяо Хун 30 ёшида дунёдан эрта кетди. 1957 йили адиба хоки Гуанчжоуга кўчирилди. Фақат 1980 йилларга келиб, Харбин ноширлари унинг сайланмаларини нашр эта бошладилар. Бугунга келиб замонавий Хитойда Сяо Хун асарлари энг кўп чоп этиладиган ижодкорлардан биридир.
Люй Бичэн
(1883–1943)
Сяо Хуннинг вафотидан сўнг бир йил ўтиб, 1943 йил 24 январда Хонконгда ёши ўтинқираган бўлса ҳам латофатини йўқотмаган яна бир хитой аёли оғир хасталаниб ётар, бу ожиза ёзувчи ва шоира Люй Бичэн эди. У хотиржам кўзини юмса бўлаверар, сўнгги васиятини айтиб бўлган, вафотидан сўнг хокини Жанубий Хитой денгизи узра сочиб юборишларини тилаганди. У бир умр ёлғиз яшади. Ортидан йиғлаб қоладигани йўқ.
Люй Бичэн 1883 йили Хитойнинг шарқий вилояти бўлмиш Аньхойнинг Цзинда номли шаҳарчасида ўзига тўқ оилада, анъанавий услубдаги уйда туғилди. Отаси Люй Фэнси давлат мулозими бўлиб, илму маърифатли, закий инсон эди. У қизида болалигидан билимга иштиёқ уйғотди, хат-саводини чиқарди. Аммо бевақт ўлим ота меҳри ва сабоғидан уни эрта айирди, бева онаси қарамоғида қолди.
Люй Бичэн йигирмага тўлганида онасига Пекиндан унча узоқ бўлмаган Тяньцзин шаҳридаги қизлар мактабига бориш истагини айтди. Аммо оила аъзолари қаршилигидан сўнг мажбуран турмушга беришларидан чўчиб, аҳдига қатъий Люй Бичэн уйидан қочиб кетди. У пулсиз, таниш-билишсиз катта шаҳар кўчаларида изғир, тирикчилик йўлида бировларнинг кирини ювиб, уйини тозаларди. Ниҳоят турли қийинчиликлардан сўнг 1904 йили “Дангун бао” рўзномасида муҳаррир вазифасида ишлай бошлади. Шу тариқа Хитойда биринчи аёл муҳаррир даражасига эришган адиба пурмаъно шеърлар битиш билан бирга мамлакатда аёлларнинг ҳуқуқсизлиги ҳақида мақолалар ёзар, аёллар ҳуқуқи борасида турли муаммоларни ўртага ташларди. Бу ўша замондаги Хитой шароитида чин маънода жасорат эди. Шу тариқа Люй Бичэн биринчи феминист хитой аёли бўлиб танила бошлади.
1918 йили Люй Бичэн АҚШга, Колумбия университетига ўқишга кетади. Тўрт йил ичида у адабиёт ва санъат бўйича сабоқ олибгина қолмай, Америкадаги феминистик ҳаракатни зийраклик билан ўрганди. У Ватанига анча билим ва тажриба орттириб қайтди ва фуқаролар ҳуқуқи соҳасида жамоат ташкилотларини очди. Бу пайтга келиб у салкам қирққа кириб қолган эди.
1926 йили Люй Бичэн АҚШ ва Европа сафарига отланди. 1930 йили буддизмга эътиқод қўйиб, сочини қиртишлаб Ман Чжи исмини олган бўлса-да, дунёвийлигича қолди. Люй хоним етти йиллик сафари давомида кўрган-кечирганларини “Америка ва Европадаги саргузаштлар кундалиги” китобида баён этиб, ғарб бадиий адабиёти тараққиётидан жуда илҳомланганини яширмаган. Маълумки, анъанавий хитой романчилиги асрлар оша тўрт классик асарга асосланган бўлиб, шеърият эса салтанатни мадҳ этишгагина хизмат қиларди. Люй Бичэн хитойлик янги давр ижодкорлари Европа романтизмига ва Пекин диалекти (байхуа) ёзувига ўтишга интилаётганини қўллаб-қувватлаб, хитой тилидаги шеваларнинг бир-биридан кескин фарқ қилишини эътиборга олиб, анъанавий адабиёт ва тилдан унумли фойдаланган ҳолда замон билан ҳамнафас ижод қилишга чорлайди. Услуб танлашдаги иккиланишлари ижодига бирмунча путур етказганини теран англаган шоира республиканинг оғзаки расмий тили – путунхуа хитой халқининг эстетик дидига мослигини исботлаш учун шу йўналишда шеъру, қасидалар ёза бошлади. Шундан сўнг унинг ижодига эътибор ошди. Бугун Хитойда унинг асарлари жуда оммабоп.
Ши Пинмэй
(1902–1928)
Агар Люй Бичэн хитойлик биринчи аёл муҳаррир ва феминизм фаоли сифатида танилган бўлса, Ши Пинмэйни ҳам унинг сафдоши деб аташ мумкин. У 1924 йилда “Цзинбао” рўзномасига илова тарзида “Аёллар журнали”ни ташкил этди. 1926 йили эса “Атиргул” номли хотин-қизлар ҳуқуқи бўйича журналга бошчилик қилиб, турли феминистик тадбирларда қатнашди. Бу журнал саҳифаларида шоира ва ёзувчи аёллар асарлари мунтазам нашр этиб турилди.
Ши Пинмэй 1902 йили 20 сентябрда марказий Хитойнинг Шаньси вилоятига қарашли Тайюань шаҳрида, Цин салтанатининг амалдори оиласида дунёга келди. Жонсарак ота ишдан бўш пайтлари ўз вақтини қизидан аямади, унга конфуцийлик ҳикматларини ўргатиб, уч юздан зиёд халқ оғзаки ижоди намуналари жамланган қадимий “Ши Цзин” китобидан қўшиқ ва шеърлар ёдлатди. Бундан ташқари Ши Пинмэй хитой ҳуснихати ва мусиқасини қунт билан ўрганди. Ўзи туғилган Тайюандаги қизлар ўрта мактабини аъло баҳолар билан битириб, устозлар олқишини олди.
Оила ва мактабдаги сабоқлар зое кетмади. 1919 йили Ши Пинмэй Пекиндаги Аёллар олий педагогик билим юртига ўқишга кирди. Ўша йиллари бутун Хитой бўйлаб Япония босқинига қарши миллий норозилик ҳаракати авж олди. Ши Пинмэй ҳам адабий тўгаракларда, шеърият кечаларида ватанпарварлик ҳақидаги машқлари билан чиқишлар қилар, кўплаб хитойлик ёзувчи ва шоирлар билан яқинлашиб, бадиий тажриба тўпларди.
1923 йили Ши Пинмэй билим юртини битириб, олийгоҳ қошидаги ўрта мактабда хитой тили муаллимаси бўлиб ишлай бошлади. Шу йили у ўзи каби шижоатли ва тиришқоқ йигит Гао Цзюньюя билан турмуш қурди. Аммо 1925 йили Гао Цзюньюя оғир дардга йўлиқди. Суюклиси кун сайин сўлиб борар, чорасиз қолган Ши Пинмэй фарёд чекарди. Афсуски, унинг ноласи кўкка етмай, турмуш ўртоғи қўлида вафот этди. Ши Пинмэй жудолик азобини енгиш мақсадида ижодга зўр берди ва умрининг охиригача Гао Цзюньюя хотираси билан яшади. Боши билан ишга шўнғиб, дарс берди, қалам тебратди. Ўзини аямай, иш ва ижодни овунчоғи деб билди. Бундай ҳаёт тарзи соғлиғига таъсир кўрсатмай қолмади. 1928 йили 18 сентябрда у мия шамоллаши ташхиси билан шифохонага ётқизилди ва 30 сентябрда 26 ёшида оламдан ўтди. У ҳам Сяо Хун ва Люй Бичэн сингари дунёни яқинларисиз, ёлғиз тарк этди.
Ши Пинмэйдан унча катта адабий мерос қолмаган. Адибанинг ҳаётлик чоғидаёқ Лу Синь унинг “Хомаки режалар”, “Тўлқинлар шовури” номли тўпламларига кирган очерк ва ҳикояларига юксак баҳо берганди. Ши Пинмэйнинг барча сайланмалари ўлимидан сўнг чоп этилди. Эндиликда Ши Пинмэй ижоди қайта қадр топмоқда.
Чжан Айлин
(1920–1995)
Эйлин Чанг тахаллуси билан танилган Чжан Айлин хитойлик истеъдодли тўрт адиба орасида энг узоқ умр кўрган ижодкордир. Айлин 1920 йили 30 сентябрда Хитойнинг энг йирик шаҳарларидан бўлган Шанхайда, аслзодалар оиласида туғилди. Айлин икки ёшга тўлганида оиласи Пекинга яқин Тяньцзинь шаҳрига кўчиб келди ва йил ўтиб, 1923 йили онаси уларни ташлаб Англияга кетиб қолди. Ота-онаси ажрашганига қарамай, бобосидан қолган мерос Чжан Айлинга зориқмай яшашига ва етарли билим олишига имкон берди. Иқтидорли қизалоқ тўрт ёшида ўқишни ўрганиб, ўн ёшга тўлмай барча классик романларни ўқиб бўлганди. Айниқса классик тўртликка кирган “Қизил болдохонадаги уйқу” романи унда катта таассурот қолдирди. У инглиз тилини ҳам қунт билан ўрганиб, 1939 йили Лондон университетига ўқишга кирди. Аммо япон-хитой уруши бошланиб, хорижга йўл ёпилгач, Айлин Хонконг университетига ҳужжат топширди. Битирув имтиҳонларига ярим йил қолганда, 1941 йил декабрида шаҳарга япон аскарлари бостириб киргач, Айлин Шанхай сари йўл тутди.
Чжан Айлиннинг илк самарали ижод намуналари Шанхайда қоғозга тушди. 1943 йили Айлинни адабий жамоатчиликка танитган “Қулаган шаҳардаги муҳаббат” ва “Тилла кишанлар” қиссалари нашр этилди. Қуюндек ёпирилиб келаётган коммунистик мафкурани у қабул қила олмай, 1952 йили Хонконгга қайтиб, уч йил давомида АҚШ ахборот агентлиги ва турли нашриётларда ишлади. Хонконгда у “Куйган замин ишқи” ва “Шоли далаларидаги қўшиқлар” деб номланган икки асарини нашр этди.
1955 йили Чжан Айлин Хитойни тарк этиб, доимий яшаш учун АҚШга кўчиб кетди ва Калифорния университети қошидаги тадқиқотлар марказида “Қизил болохонадаги уйқу” классик романи устида ишлай бошлади. 1956 йил мартида америкалик ёзувчи ва сценарист Фердинанд Рейхер билан танишган Айлин унга турмушга чиқди. Аммо уларнинг турмуши узоққа чўзилмади. 1967 йили Рейхер инсульт касалидан вафот этиб, Айлин бева қолди. Адиба 1975 йилдан Лос-Анжелес шаҳрида яшаб, хитойлик ёзувчилар асарларининг таржимаси устида иш бошлади. Уларнинг орасида Цин салтанати даври ёзувчиси Хань Банциннинг “Денгиздаги қизнинг ҳаёти” номли асари эътиборга лойиқ.
Бу даврда Мао Цзе Дун ҳукмронлиги остида Хитойда турли силкинишу фалокатлар, сиёсий ва ижтимоий силсилалар юз берди. Инқилобий силжишлар ва очарчилик халқ учун оғир синов бўлди. Хитой ёзувчиси Ян Цзишэннинг ёзишича, Буюк Хитой очарчилиги йиллари (1958 – 1962) очлик, эпидемия ва сув тошқинлари 36 миллион кишининг ёстиғини қуритган.
Узоқ уммон ортидан бу воқеаларни кузатар экан, Чжан Айлин боши мусибатдан чиқмаган халқини ўйлаб, қаттиқ қайғурарди. Ниҳоят Дэн Сяопин даврига келиб Чин юртида ижобий ислоҳотлар бошланди. Мамлакат жаҳон иқтисодиётига эшикларини очди. Буюк ислоҳотлар адабиётга ҳам таъсир этиб, ёзувчи ва шоирлар социалистик реализм сиртмоғидан озод бўлди. Юй Хуа, Цзя Пинва, Цао Вэньсюань, Ян Ляньке, Бэй Фан, Лю Цисин, Кельян, Пэн Сяолянь, Ван Аньи сингари янги давр адиблари қалам тебрата бошлади, улар орасида Нобель соҳиби Мо Янь ҳам бор эди. Бугунги кунда Хитой ёзувчилар уюшмаси ўз таркибига саккиз мингдан зиёд ижодкорни жамлаган йирик ижодий жамоадир.
АҚШда қолиб кетган Чжан Айлин эса 1995 йил 8 сентябрда Лос-Анжелесда, 74 ёшида юрак хуружидан вафот этди. Сяо Хун, Люй Бичэн ва Ши Пинмэй каби адибалар сингари Чжан Айлин ҳам бутун умр тақдир зарбалари билан курашиб яшади.
Хитой халқи учун оғир синовлар замони бўлган ўтиш даврида ҳаёти мусибату, кулфатда ўтган ушбу тўрт ижодкор аёлдан қолган адабий мерос чин маънода Чин элининг битмас-туганмас матонати рамзидир.