Абдулла ОРИПОВ

abdulla_oripov_21

Олам – жумбоқ, Одам ундан-да мушкул жумбоқ, дейдилар. Шоир аъмоли шу азалий  жумбоқларни ечишга бетиним интилишдан иборатдир. Энг қизиғи, бу жумбоқларнинг унисига ҳам, бунисига ҳам мутлақ ечим топишнинг асло  иложи йўқ. Бироқ аҳён-аҳёнда шундай буюк истеъдод соҳиблари етишадики, улар мутлақ ечимга бошқалардан кўпроқ яқинлаша олади. Абдулла Орипов ҳам, шак-шубҳасиз, шундай ноёб салоҳият эгалари сирасига киради. Айни чоғда шуни ҳам ёдда тутмоқ жоизки, ҳатто даҳо истеъдодлар ҳам ҳаваскорлик босқичини четлаб ўтишга қодир эмас. Абдулла Орипов ижодида бу давр, тахминан, ХХ аср 50-йилларининг ўртаси ва 60-йилларининг бошига тўғри келди. Шундан сўнг бирин-кетин “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?”, “Юзма-юз”, “Темир одам”, “Аёл”, “Муҳаббат”, “Авлодларга мактуб”, “Онажон”, “Баҳор” каби дурдона шеърлар яратилди. Биз қуйида беназир шоиримиз ижодининг ҳаваскорлик босқичига мансуб илк машқлардан бир нечасини эълон этаётирмиз. Улар Абдулла Орипов шеъриятининг асил қимматини белгиламаса-да, лекин адабий ҳужжат сифатида қизиқиш уйғотса ажаб эмас.

Таҳририят

 

Шоирнинг туғилиши

 

Орзуларим, қийнаманг мени,

Умидларим, қўзғаманг исён.

Мен ҳам севдим дарё тўлқинин

Порлаганда зангори осмон.

 

Мен ҳам тунлар дарё бўйида,

Ҳа, самовий ўйлар сурардим.

Ҳар тўлқинда, инсон қалбинмас,

Фақат мовийликни кўрардим.

 

Телба ўйу эринчак булут

Янглиғ оқди менинг кунларим.

Ёнолмадим бахтсизни кўриб

Бахт қадрини билмас ўйларим.

 

Капалакдай учдилар, эвоҳ

Кўнгирадор иморатларга…

Ва ҳисларим ўхшаб, тизгинсиз

Водийдаги асов отларга…

 

Куйлай дедим, куйлайин дедим,

Куйлай дедим, аммо нимани?

Умр йўлин ўйлайин дедим,

Ҳисларимнинг қайда маскани?

Кўрганларим: водию осмон;

Ҳар дам хушнуд оқувчи кунлар;

Қалб тубида ҳислар бепоён;

Мангу тирик мовий тўлқинлар;

 

Гулзорларда капалакларнинг

Товланади тилла қаноти;

Юлдузларки, гўзал, фараҳли –

Осмонларнинг бари-бисоти.

Гўзал эди кўзимга бари,

Мавзу эди сўзимга бари.

 

Кўзларимга борлиқни гўзал

Кўрсатолган ким экан дея:

Ҳаётимга шодликни тугал

Ўрнатолган ким экан дея:

У – меҳнаткаш; У – инсондир, деб

Ном берганнинг кимлигини ҳам;

Юмшоқ ўрин, иссиқ усти-бош

Нон берганнинг кимлигини ҳам

Ҳа, дўстгинам, ўйлашим керак,

Демак, кимни куйлашим керак?

 

Юрак шуни куйлар – томири

Қайга борса, қайга уланса;

Юрак шуни куйлар – қонида

Кимнинг оташ олови ёнса…

 

Менинг умрим, менинг қалбимга

Ҳаёт берган, халқим, ўзингсан!

Капалакни севган ҳисга ҳам

Қанот берган, халқим, ўзингсан.

 

Йўқ, сен учун, эй она халқим,

Милтир шам ҳам ёқолганим йўқ.

Кўкрагингга ўзим ўстириб,

Даста гулки, тақолганим йўқ.

 

Фақат сенинг шонли йўлингда

Бирга борай, деган онтим бор.

Неки эзгу, дунёда не соз –

Сенга берай, деган онтим бор.

 

Фақат сенинг қайноқ меҳрингдан

Узоқларга тушмасам, майли.

Майли, қуёш юз ўгирсин мендан

Фақат сенинг ишқинг туфайли!

 

 

 

ЙИҒЛАР

 

Аё ҳолимни кўргач ул… ҳама нозу, вафо йиғлар,

Таажжуб айлабон манго, Муҳаммад Мустафо йиғлар.

              

Тамоме мадҳ этиб эрдим, гўзал бахш этиб кўнгул,

Висолин мутлақо айлаб, нетай, ҳатто жафо йиғлар.

 

Муҳаббат номини қалбга дуру анбар ила тикдим,

Амо, ҳайҳот, юракда ваҳшат ила куй, наво йиғлар.

 

Ризоман, эй пари руҳ, майлига, дилга тиқиб ханжар,

Номусим тупроққа тўкгил, амо руҳу ҳаё йиғлар.

 

Мозоринг устина албат тўкарман, деб шўру ғавғо,

Бу куннинг айши, Абдулло, санга кайфу сафо йиғлар.

 

Тақдир

 

Тақдир бизни қовуштирган ўшал тун

Булбулмикан… сайрар эди йироқда.

Ой кезарди тинч кечада фироқда

Намхуш эди водий кийган яшил тўн.

Сен дедингки: “Умр бизга қўл тутди,

Юр дўстгинам, сайр этайлик гулшанда”.

Шивир-шивир гапларингни эшитдим,

О, нақадар бахтли эдим ўшанда…

 

Қўлларимдан тутиб менинг бир маҳал,

Унут дединг ул кечанинг барисин.

Унут дединг, тушдир унинг бариси,

Хайр, дединг, хайр, дединг ул маҳал.

 

Хайр, дедим, аммо қайта кўришмоқ,

Қайта насиб бўлмади-ку тўлин ой.

Сен ўзганинг оғушидан топдинг жой,

Ота-онанг  ҳузурида юзинг оқ!

 

Йиллар мени ёлларига миндириб,

Олис-олис манзилларга йўллади.

Ҳаёт, кураш, дўстлар ўзи қўллади,

Кўзларимга сўнмас ёлқин индириб.

 

Қайтдим бунга, борми сендан бирор из,

Биз юрган йўл туман эди бус-бутун.

О, сиз излар гулдай водий турганда,

Туманларга айландингиз не учун?..

 

 

Йиллар ва Бургут

 

Кўраяпсанми, укам, Бургут наҳори бошланди. Баланд қоялардан лоппиллаб қоқилган қанот булутларни ёриб сузмоқда. Бепоён осмоннинг мағрур сайёҳи Бургут! Чайир қанотлари атрофида телба шамоллар ожизона изғийди. Мустаҳкам чангалларга қари қояларнинг увадаланган ушоқлари ёпишган. Ана, у ўткир нигоҳини мағрур чўққига тикди. Ва беписанд шиддат билан қанот қоққанича, даралар сўнгида ғойиб бўлди. Сен уни севасан, укам! Сев! Унинг мағрур нигоҳини, бақувват ва қайрилмас қанотларини, юксакларни кўзлаган шижоатини сев! Ҳа, у ўзини тенгсиз қудрат эгаси деб билади! Шундаймасми, укам? Ҳа, дейсан. Сен жаҳонда беқиёс қудратли етти қанот бургут ҳақида ҳам эшитганмисан? Унинг қанотларини фақат йиллар ўлчай олади… Кел, у ҳақида сўйлаб берай…

 

Жазирама июль келди боз,

Ғарамларни айланар соя.

Ўрим авжи… бошоқлар кўп, соз;

Оппоқ қирда йўқ бир ниҳоя –

Чопар эдим тиғ ялангида.

Ва чақалоқ йиғлаганида

Алласини айтарди мубҳам,

У сен эдинг хумори укам…

 

1

Тонглар отар бунда энтикиб,

Қуёш висол дея ичикиб,

Тоғлар аро кўтаради бош.

Қаҳқаҳа-ла ёяр заррин соч,

У қуёшга ошиқ чиндан ҳам,

Бундай ошиқ учрар камдан-кам.

 

Юксакдан боқ: на гўзал водий!

Эртакларда у эрам боғи…

Азамат тоғ! Лекин нарёғи

Қушлар тинсиз, сонсиз сўроғин

Булоқларга сўзлаб берар у,

Сўроқларин куйлаб юрар у.

 

Хаёлидай учқур ва содда

Капалаклар нечун қанотда?

У севади Бургут парвозин,

Адирларни қоплар овози:

– “Бургут, бургут, майли, демай қат,

Кел, менга ҳам учишни ўргат!”

 

Эй, қора кўз хумори укам,

Кўп узоқмас сен каби мен ҳам.

Ошиққанман қуёшга, ойга,

Термулардим соқов чиройга.

Севар эдим лочин парвозин,

Саратонда ниначи созин…

Мен ҳам сўроқ этганман: “Тоғлар

Ортида ҳам бормикан тоғлар?!”

Эй, қора кўз хумори укам!

Кўп гўзалдир, гўзалдир ўлканг…

Ошганингда тоғлар ортига

Қистириб қўй хаёл қатига

Сенга илк бор куйлаб берганни –

Гўдак хаёлдаги ўлкангни…

 

2

Биларсанми, укажон, унинг

Қудратини тенгсиз жаҳонда?

Парвозини севаман жондан.

Эй, бургутий йилларим менинг.

Кўряпсанми укажон кўкда

Бошланибди бургутий наҳор.

Қанотида осмону фалак,

Теграсида унинг ҳам баҳор.

У сенинг бургутинг, укажон,

Ҳа, парвози создир унинг ҳам.

Севинарсан балки у баланд

Қояларга қанот қоққан дам.

Севинарсан кўкда муаллақ

Булутларни кесса қаноти.

Севинарсан ўз давридаёқ

Бургут дея қолса гар оти!

Талпинади балки ёш юрак,

Шиддатини кўргани чоғда.

Ва этасан учмоқни тилак,

Бургутмисол кўркам самода.

 

Уч, бургутим, учавер, уч, уч,

Бошларимиз узра сен – байроқ.

Уч, бепоён ўлкаларни қуч!

Соч нурларинг қучоқ ва қучоқ!

Майли, йиллар қанотинг созлар,

Улғай, қалбда улғайсин сурур.

Аммо бургут бўлай деганлар

Юрагини қоплайди ғурур.

Уфқларни чоғлаган марддир,

Қадамида ундирса гуллар.

Худди шундай парвоз қилади,

Бизнинг йиллар, бу бургут йиллар…

Нурлар сочар ҳар хонадонда,

Ҳар бир уйда ёқар бир қуёш.

Ва этади тоғларни банди,

Юлдузларнинг сирларини фош.

Чўллар кетар бошини олиб,

Қудратига беролмайин тоб.

Саҳроларда боғлар кўкариб,

Дарёларга туташар офтоб.

 

 

3

У учганда, майли, тилсимлар

Ҳузурида, майли, тирилсин.

Ва парвозин кўролмаганлар

Қора ернинг қаърига кирсин.

Келажакнинг довонларидан

Олиб ўтар бизни довюрак.

Боқ, укажон, етти қанотли

Чин бургут бу, бу бургут йиллар.

Майли, йиллар каби улғайгин,

Юксакларга учавер ногоҳ.

Алқар ўлка, олқишлар ватан,

Сени бургут атарлар у чоқ.

Оналарнинг мангу қувончи

Ва бахтиёр алласи учун.

Зафар билан йўлдош туғишган

Ўша июль палласи… учун.

Денгизларга туташган осмон

Оромини айтар сўз учун

Айрилиқни қарғаган бўстон,

Жон олғувси хумор кўз учун

Кўп қўшиқлар куйлайман мен ҳам,

Ҳа, сен учун хумори укам!

 

ТАРЖИМАЛАР

Александр Пушкин

 

1

Шовқинли кўчада сарсон юрсам-да,

Халқ тўла черковга бориб кирсам-да.

Шўх йигитлар билан бир ўтирсам-да,

Мени хаёл босар, ўй босар ҳамон.

 

Мен дейман: бу йиллар шошиб ўтади,

Сон-саноқсиз одам бир-бир кетади.

Дунёда кимки бор – бари битади,

Кимнингдир сўнг дами яқин шу замон.

 

Сўққабош чинорни ҳар кўрганимда,

Ўрмонлар бобоси дейман дилимда.

Оталарим асрин кўрдинг умрингда,

Мендан сўнг ҳам қолиб сурасан даврон.

 

Гўдакни эркалаб турганда хушҳол,

Дарров ўйлаб дейман: эркам, яхши қол.

Менинг ўрнимни бос, кўрмагил завол,

Мен тутоқдим, сўлдим, сен гулла омон.

2

Ҳар кун, ҳар йилимни ўтказиб шундоқ,

Оддий – хаёлларга ботаман узоқ,

Ҳар йил сўнг нафасдан оламан сўроқ,

Ҳар соат топаман ўлимдан гумон.

 

Билмайман, ажалим дуч келар қайда,

Жангдами, сафарда, ё тошқинсойда.

Ёки гўрим анов водий – тўқайда,

Совуқ ҳоким олар оғуши томон.

 

Ўликка ҳамма ер бирдак, ҳар қалай,

Туйғусиз тан гўрда қолмас чиримай.

Ҳар нечук истагим, ватанда ўлай,

Азиз тупроқ бўлсин сўнгги ошиён.

 

Қабрим теграсида ёш ҳаёт кулсин,

Қушлар бош устимда сайрашиб турсин.

Бепарво табиат доим барқ урсин,

Мангулик чиройда яшнаб беармон.

 

 

ҲАЙНРИҲ ҲАЙНЕ

 

                                                                                    Г.Гейне

 

* * *

Гўзал май ойида яна янгидан

Илдизлар қулочин ёйдилар қат-қат.

Ҳам менинг илк дафъа шу ёш қалбимда

Уйғонди биринчи севги, муҳаббат.

 

Гўзал май ойида, кўм кўк ўрмонда,

Қушлар қўшиқларин бошладилар бот.

Шу дафъа, куйларим, дилбар ишқида

Орзу-хаёллардан боғлади қанот.

 

* * *

Сен бахтсизсан, қийналаман, о!

Толе ёрдир, дўстим, иккимизга ҳам.

Дард қабрда топмаган ором…

Толе ётдир дўстим, иккимизга ҳам.

 

Қув қаҳ – қаҳанг аччиқ гулдурос,

Чуввос тортар қалбингда ғазаб.

Нигоҳингдан  чақнар мағрур сас,

Не ҳол! Сен ҳам мендек бахт талоқ.

 

Синиқ лабларингда алам ҳукмрон,

Сирли машаққатга гувоҳ – кўзда нам.

Шу мағрур кўкракда илон яширин,

Толе ётдир дўстим, иккимизга ҳам.                                              

 

 

 

 

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi