Жек ЛОНДОН (1876–1916) Ўзим ҳақимда

jek_london

Мен[1] 1876 йили Сан-Францискода туғилганман. Ўн беш ёшга кирганимда улғайиб бўлган эдим, мабодо бир неча цент[2] пулим ошиб қолса, унга обакидандон эмас, пиво сотиб олардим, – мен ҳақиқий эркак, албатта, пиво сотиб олиши керак, деб ўйлардим-да. Ҳозир, ўша пайтимдагига қараганда икки баробар улғайган бўлсам-да, қайта яна ўсмирлигимга қайтгим келади, чунки ҳозир атрофимда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга аввалгидай жиддий қарамайман. Бўлиши мумкин-ку, ахир, кутилмаганда яна ўсмирга айланиб қолсам. Ўша ўсмирлигимда масъулият нелигини олдинроқ анг­лаб етишим даргумон эди. Қандай савод чиқарганим ёдимда йўқ, – беш ёшимдан бошлаб ўқиш-ёзишни ўргатишганини эслайман, холос, – илк бор Аламеддаги мактабга борганим, кейин ранчога кўчиб ўтганимиз ва ўша ерда саккиз ёшдан бошлаб иштиёқ билан меҳнат қилганларим ёдимда.

Мен таълим олган иккинчи жой Сан-Матеодаги бўлмағур мактаб бўлди. Ҳар бир синф хонасига биттадан парта қўйилган, аксарият ҳолларда бу партадан фойдаланилмас, чунки дарсга ўқитувчилар маст-аласт аҳволда келарди. Ёши каттароқ болалардан бири ўқитувчини дўппослаб қўйган кунлар ҳам бўлган, шунда у чидолмасдан аламини кичкиналардан оларди – тасаввур қилоласизми, мана шу олағовур жанжалхона мактаб аталарди.

Менинг қариндош-уруғларимдан ҳеч ким адабиётга меҳр қўймаган – эҳтимол, бошқаларга қараганда бобом китобга яқинроқ бўлгандир: валломат бобом мавзенинг мирзаси эди, сокин ўрмонда ихлос билан Инжилни қироат қиларди, шунинг учун ҳам “Жонс ота” деган лақаб орттирган эди.

Болалик чоғимда атрофимдаги одамлар қанчалар жаҳолатга ботганидан ҳайрон бўлардим. Тўққиз ёшимда Вашингтон Ирвингнинг “Альгамбра”сини завқ билан ўқиб чиққач, ранчодаги бирон кимса бу китобни ўқимаганига ишонгим келмасди. Орадан бироз ўтгач, менда жаҳолат фақатгина бизнинг қишлоғимизда ҳукм суради, шаҳарларда тамоман ўзгача деган фикр туғилди. Кунларнинг бирида ранчомизга шаҳарлик киши келди. Унинг этиги топ-тоза, ялтиратиб артилган, қимматбаҳо мовут пальто кийиб олганди; ниҳоят, зиёли кишилар билан фикр алмашиш имкони келди, деб ўйладим. Эски мўрини бузишганда чиққан пишиқ ғиштлардан ўзим қурган Альгамбрам бор эди – миноралар, пешайвонлар, ҳаммаси бўр билан чизиб чиқилган. Мен шаҳарлик меҳмонни қалъамга олиб бордим ва ундан “Альгамбра” ҳақида сўрадим. Афсуски, шаҳарлик олифта ҳам ранчомиздагиларга ўхшаган бесавод бўлиб чиқди, хуллас, бу оламда иккита ақлли одам бор: Вашингтон Ирвинг ва мен, деган хулосага келиб, ўзимни овутдим.

Ўша пайтларда “Альгамбра”дан ташқари ўн центлик романлар (уларни батраклардан сотиб олардим) ва газетлар ўқиб борардим, – хизматкор қизлар бу газетларда босилган камбағал, аммо ҳимматли савдогарларнинг қизиқарли саргузаштларини мароқ билан ўқишарди. Улар билан танишгач, фикрим бошқа томонга бурилиб кетиши керак эди, аммо ҳамиша ўзимни ёлғиз ҳис этар ва яна қўлимга тушган нарсани ошиқиб ўқиб чиқардим. Ўшанда ўқиганим Уйданинг “Сигна” қиссаси менда катта таассурот қолдирган ва икки йил давомида қайта-қайта ўқиб юрганман. Ёзувчининг қиссада нима демоқчи эканини ёшим улғайгачгина тушуниб етдим: чунки мендаги эски, йиртиқ  китобнинг якуний қисми йиртилиб йўқолган, шу сабабли қисса қаҳрамони билан орзуларга берилиб, олдинда шафқатсиз Немезида пойлаб турганини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим.

Ўша вақтларда менга асалари уясини қўриқлаш топшириларди; дарахт соясида ўтириб, эртадан кечгача, яъни асаларилар йиғила бошлагунча китоб ўқиб, хаёлга толардим. Ливемор водийси – теп-текис, зерикарли жой; ҳатто водийни ўраб олган тепаликлар ҳам мени завқлантира олмасди. Хаёлимни биргина ҳодиса – асалариларнинг бир уяга ғуж бўлиб йиғилиб қолишидан бошқаси бузолмасди. Улар ғуж бўлишса, дарров шовқин кўтарардим, ранчодагилар қўлига нима илинса – челакми, тувакми, ҳар хил идишларга сув тўлатиб мен томон чопишарди. Ёдимда бор, “Сигна” қиссасининг илк сатрлари бундай бўларди: “Бу бор-йўғи кичкинтой болакай эди”. Лекин кичкинтой буюк мусиқачи бўлишни, бутун Европани ўз пойида тиз чўктиришни орзу қиларди. Ўша болакай мен эдим… Нима учун энди “Сигна”дек орзу қилмаслигим керак экан?

Менга Калифорния ранчосидаги ҳаёт чидаб бўлмас даражада зерикарли туюла бошлади; уфқ чегарасидан чиқиб, дунё кезишни орзу қилмаган куним бўлмаган. Ўшанда ғойибдан олис сафарга чорловчи шивирларни эшита бошладим: гўзалликка интилардим, аммо атрофимдаги олам тароватсиз туюларди. Водий ва тепаликлар кўзимга хира пашшадек кўринар, қарасам кўнглим айнирди. Уларга меҳрим баландлигини олисларга кетганимдан кейингина чуқур ҳис этдим.

Ранчони тарк этиб, Оклендга келганимда ўн олти ёшларда эдим. Кўп вақтимни Окленд оммавий кутубхонасида ўтказар, қўлимга тушган китобни ташналик билан ўқиб чиқардим – китобга тикилиб ўтиравериб кўзим пирпирайдиган, оёғим қалтирайдиган ҳолга тушай дедим. Қаршимда дунё сирлари очилган сари паришонликдан халос бўла бошладим. Кўчада газета сотишдан топган пулим эвазига тирикчилигим ўтарди; хуллас, шу тарзда ўтган ўн олти йил давомида катта билим эгалладим – ишлаб ўқидим, ўқиб ишладим.

Ўша пайтларда саргузашт орзусида қоним қайнарди, охири уйдан кетдим. Мен қочиб кетганим йўқ, шунчаки тарк этдим – қўлтиққача сузиб келдим-да, устрица[3] овлайдиган қароқчилар тўдасига қўшилдим. Ўғринча устрица овлаган кунларим ҳам ўтди, мабодо менинг қароқчилигим учун суд қилишса борми, беш юз йил муддат белгилаб, панжара ортига ташлашган бўларди. Кейин кичикроқ елканли кемада денгизчи бўлиб, лосос[4] овладим. Ишонасизми, навбатдаги хизмат жойим балиқчиларни назорат қилиш бўлинмаси бўлди: вазифам – ноқонуний балиқ овлаётган ҳар қандай ҳуқуқбузарни ҳибсга олиш эди. Ҳуқуқбузарларнинг кўпчилиги – хитойлар, юнонлар ва итальянлар бўлиб, ўғринча балиқ овлашарди. Кўпинча уларни тартибга чақирувчи қўриқлаш бўлинмасидаги айрим назоратчиларнинг ҳаёти хавф остида қоларди. Хизмат вазифамни бажаришда ягона қуролим – атиги пўлат санчқи бўлса-да, мен мардларча, сира қўрқмасдан ўғри овчиларнинг қайиғига ўтиб, бошлиғини ҳибсга олардим.

Сўнгра катта кемага денгизчи бўлиб ишга ёлландим ва Япония соҳиллари томон сузиб кетдим – бу денгиз мушукларини овлаш экспедицияси эди. Ҳатто Беринг денгизигача сузиб бордик. Етти ойга чўзилган мушук овидан сўнг Калифорнияга қайтиб, турли юмушлар билан шуғулландим: кўмир қазидим, бандаргоҳда ҳаммоллик қилдим, жут[5] фабрикасига ишга ёлландим; у ерда эрталаб соат олтидан кечқурун еттигача ишлардим.

Кейинги йил ҳам денгиз мушуги овига боришга қарор қилдим, аммо кечикдим, аввалги шерикларим “Мери Томас” кемасида сузиб кетишибди, – ўша кема ҳалокатга учраб, бутун жамоаси сувга ғарқ бўлди.

Ўша кунлар гоҳи-гоҳи мактабга ҳам бориб турардим, оддий иншолар ёзиб, оддий баҳолар олардим; жут фабрикасида ишлаган пайтимда ҳам бирон нарса ёзишга уриниб кўрдим. Кунига ўн уч соатдан ишлардим, қолаверса, ёш эдим, ўйин-кулги ҳам четда қолмасди, яна ўзимга қарашга бир соат ажратардим – ижод қилишга жуда оз вақт қоларди. Ўшанда Сан-Францискодаги “Колл” газетаси очерклар танлови эълон қилганди. Ойим менга далда бериб, таваккалига танловда қатнашишга ундади, айтганини бажардим ва “Япония соҳилидаги тўфон” номли очерк ёздим. Жуда чарчаб, уйқусираб, эртасига беш яримда уйғонишни билсам-да, ярим кечаси очерк ёза бошладим ва икки минг сўзни, – очеркнинг белгиланган ҳажми, – ёзиб бўлмагунча тўхтамадим, аммо мавзунинг ярминигина ёрита олдим, холос. Кейинги кеча яна чарчаб, уйқусираб ишга ўтирдим ва яна икки мингта сўз ёздим, учинчи кеча ортиқчасини қисқартирдим, танлов шартига кўра айрим ўзгартиришлар киритдим. Қаранг, биринчи даражали мукофотни беришди; иккинчи ва учинчи ўринларни Стенфорд ва Беркли университетлари талабалари олишди.

“Колл” газетаси танловида эришган муваффақиятим қўлга қалам олиш борасида жиддий ўйлаб кўришга ундади, аммо ҳали тиниб-тинчимаган йигитча бўлганимданми, яна нимадир қилишга уринардим, ижодий машқларни кейинга қолдирдим – чунки, “Колл” газетаси навбатдаги мақоламни рад этганди.

Калифорниядан то Бостонгача – Қўшма Штатларни кезиб чиқдим Тинч океани қирғоғи бўйлаб, дайдилигим учун қамашган Канада орқали уйга қайтдим. Дарбадарликда йиққан тажрибаларим мени социалистга айлантириб қўйганди. Мен меҳнатнинг таги роҳат эканини англаб етгандим; ҳали на Карлайлни, на Киплингни ўқимай туриб, ўзимнинг меҳнат мадҳиямга чизмалар тортдимки, бунинг олдида уларнинг битиглари хиралашиб қоларди. Ҳаммаси – меҳнатдан. Меҳнат – бу нажот ва умид. Оғир иш кунини ўтказгандан сўнг, ўз қўлим билан қилган ишимни охирига етказганимдан сўнг дилимдан кечирган ғурур туйғуларини сиз ҳис этолмайсиз. Мен қачонлардир капиталистлар эзиб ишлатган ёлланма қулларнинг энг фидойиси бўлганман. Бир сўз билан айтганда, менинг ҳаётга ташна манфаатпарастлигим мустаҳкам буржуа ахлоқининг мафтуни эди. Ўшанда инсон қадрланган, иш одамни излайдиган Ғарбдан аҳоли зич, одамлар ғилдирак остидан кўтарилган чангдай арзимас Шарқ штатларига келиб қолгандим – ҳамма тилини осилтирганча тентираб иш излаб юрарди. Бу мени ҳаётга бошқача, янгича нуқтаи назардан қарашга мажбур қилди. Ишчилар ижтимоий томондан бир уюм чиқинди каби йўқликка юз тутганига гувоҳ бўлдим. Шунда ўзимга-ўзим сўз бердим: энди жисмонан оғир меҳнат қилмайман, бошқа имконият қолмагандагина ишлайман, дедим. Ўшандан буён жисмоний оғир меҳнатдан ўзимни асрайман.

Мен Оклендга қайтиб, ўрта мактабга кирганимда ўн тўққиз ёшга тўлдим. Бу мактабда оддий журнал чоп этиларди. Ҳафтада бир марта – йўқ, ойда бир марта чиқарди, – унда ҳикояларим босилди; деярли ҳеч иккиланмай денгизда сузганларим, сарсон-саргардонликларимни очиқчасига ёздим. Бир йил мактабда ўқигач, тирикчилик ўтказиш ташвишида эшикбон бўлиб ишга ёлландим. Иш кўпайиб кетди, улгуролмай қолдим, яна мактабни ташлашга тўғри келди. Ўша замондаги ижтимоий қарашларим кўпчиликнинг эътиборини қозонди ва ҳамманинг кўз ўнгида “социалист-бола”га айландим – охир-оқибат, кўчада “нутқ ирод этишларим” сабабли ҳибсга олиндим.

Ўқишни ташлагач, уч ойда мактабнинг уч йиллик дастурини мустақил равишда ўқиб, қабул синовларидан ўтиб, Калифорния университети талабасига айландим. Университет таълимини чўзиш, ортга суриш ёки ташлаб кетишни хаёлимга келтирмаган эдим – тирикчилик кирхонадаги ишим ва ижодим эвазига ўтиб турарди. Фақат бир мартагина ишга меҳр билан ёндашдим, аммо олдимга қўйган мақсадлар ҳаддан ташқари кўп, машаққатли эдики, ярим йил ўқигач, университет билан хайрлашдим.

Аввалгидай кирхонада кўйлак дазмоллай бошладим, бўш қолдим дегунча ижод қилардим. Мен ҳар иккисини бекаму кўст бажаришга интилар, аммо гоҳи-гоҳида чарчаб, қўлимда қалам тутганча ухлаб қолардим. Ниҳоят, кирхонадаги ишни ҳам бас қилиб, бутун борлиғим билан ижодга шўнғидим – яна ҳаёт гўзаллигини ҳис этиб, орзуларга берилдим.

Уч ой қўлёзмалар устида ўтириб, мендан ёзувчи чиқмайди, деган хулосага келдим ва олтин изловчиларга қўшилиб Клондайк томонларга кетдим. Бир йил ўтмай, зангила[6] касалига чалиниб, уйга қайтишга мажбур бўлдим: бир минг тўққиз юз миль[7] денгиз йўлини қайиқда сузиб ўтиш давомида айрим йўл таассуротларини қоғозга қораладим. Клондайкда ўзимни, ўзлигимни топдим. У ёқларда ҳамма сукут сақлайди. Ҳамма ўйга толган. У ёқларда ҳаётга тўғри қарашни ўргандим. Топганим шу бўлди.

Клондайкка кетганимда отам вафот этибди, энди оила ташвишлари  менинг зиммамга тушди. Калифорнияда оғир кунлар бошланди, ишсиз бўлиб қолдим. Иш қидириб сарсон бўлиб юрган кунларим “Дарё бўйлаб қуйига” номли ҳикоямни ёздим. Бу ҳикояни таҳририятларга олиб борганимда, қайтариб қўлимга тутқазишди. Уни шу ҳолича ташлаб, йигирма минг сўздан иборат яна бир бошқа ҳикоя ёздим. Бу ҳикояни бир газета бўлиб-бўлиб босмоқчи бўлиб турган эди, кутилмаганда қандайдир номаълум сабабга кўра қайтарди. Таҳририятлар қанчалик рад этишмасин, янги-янги асарлар ёзавердим. Мени тушунадиган бирон дурустроқ муҳаррир дуч келмас, бирор сатримни эълон қиладиган одам топилмасди. Ниҳоят, Калифорниядаги журнал бир ҳикоямни қабул қилиб, беш доллар қалам ҳақи тўлади. Тез орада “Қора мушук” деган ҳикоям учун қирқ доллар беришди. Хуллас, ишлар юришгандан-юришиб кетди, энди тирикчилик учун кўмир қазиш шарт эмас, албатта. Аммо ҳамон қўлда курак тутишни билар, ҳатто кези келса, бунга тайёр ҳам эдим.

1900 йили биринчи китобим дунё юзини кўрди. Мен газетчилик билан ҳам бемалол тирикчилик ўтказа олардим. Унинг васвасасидан сақловчи соғлом фикрим ижодкорни ҳалокатга олиб борадиган бу машинанинг қулига айланиш олдини олди: ижоднинг дастлабки даврида, ҳали пишиб етилмаган ёш ижодкорни айнан газета ҳалок этади. Журнал ходими сифатида танилганимдан кейингина газетларга ёза бошладим.

Мен изчил ишлаш зарурлигига ишонаман ва ҳеч қачон илҳом келишини кутиб ўтирмайман. Феъл-атворимга кўра, нафақат бепарво ва пала-партиш, устига-устак, дилгир одамман. Лекин унисини ҳам бунисини ҳам енгиб чиқдим. Денгизчи бўлган пайтларимдан қатъий интизомга амал қилиш одати сақланиб қолган. Эски денгизчилар тартибига кўра бўлса керак, ҳар куни аниқ бир вақтда уйқуга кетаман ва кам ухлайман. Беш ярим соатлик ором – мана меъёр, шу билан чекланаман. Уйқу вақти келмай туриб, сабабсиз ўринга ёнбошлаган эмас.

Спортни севаман: бокс, қиличбозлик, сузиш, чавандозлик билан шуғулланаман, яхтада сузаман, ҳатто, қоғоздан илонлар ясайман. Шаҳарда туғилган бўлсам ҳам қишлоқда яшашни хуш кўраман. Қишлоқдаги ҳаёт ҳаммасидан яхши – ўзингни табиат бағрида ҳис этасан. Ёшлигимдан бошлаб менга катта таъсир кўрсатган ёзувчилар – қисман, Карл Маркс ва умуман, Спенсер. Менинг бесамар кечган ўсмирлик кунларимда имкон бўлганда эди, мусиқа билан шуғулланардим. Ҳозир, айтиш мумкинки, ўзимнинг баркамол ёшлик давримга қадам қўярканман, бир-икки миллион долларим бўлганда борми, ўзимни шеър ёки памфлетлар ёзишга бағишлардим. “Қариялар лигаси” ва “Кэмптон-Уэсс мактублари”ни энг яхши асарларим деб биламан. “Қариялар лигаси”ни кўпчилик ёқтирмайди. Улар янада ёрқин ва қувноқ асарларни хуш кўради. Балки, ёшлигим ортда қолгач, уларнинг фикрларига қўшиларман.

 

ЁЗУВЧИНИНГ ҲАЁТ ФАЛСАФАСИ ҲАҚИДА

 Адабиёт оламидаги ҳунармандлар, ўша бир умр енгил-елпи нарсалар ёзиб тирикчилик ўтказиб юрганлар бу мақолани ўқий кўрмасин: вақтини бекор ўтказиб, кайфиятини бузади. Улар қўлёзмани қайта-қайта кўриб чиқишни, матн устида ишлашни, муҳаррирнинг сифату равишларнинг азалий ҳийлаларидан келиб чиқадиган инжиқлигини тушунишни истамайди. Эй, бедаво “чобукқаламлар”, бу мақола сиз учун битилмаган! У шундай ёзувчига аталганки (майли, ҳозирча у ўртамиёна асарлар қоралаб юргандир), унинг юксак мақсади, ўзгача рамзлари бор, чинакам сўз санъатига интилади ва келажакда қишлоқ хўжалиги ютуқларини мадҳ этувчи газеталару “оилавий” журналларнинг остонасига қадамизи қилмасликни кўнглига тугиб қўйган.

Ҳурматли жаноб, муҳтарама хоним, сиз бу соҳани танлаб, қандай қилиб шуҳрат қозонмоқчисиз? Даҳолик?! Ахир сиз даҳо эмассиз-ку! Мабодо, даҳо бўлганингизда ушбу сатрларни ҳижжалаб ўқиб ўтирмаган бўлардингиз. Даҳо ҳар қандай кишанни парчалаб ташлайди, бидъатларни четга улоқтириб, бўйсунишни хаёлига ҳам келтирмайди. Даҳо, rara avisnote[8]  – сиз ва менга ўхшаб дуч келган ўрмон тепасида парвона бўлиб учиб юрмайди. Балки, сиз истеъдод соҳибидирсиз? Ҳа, албатта, ҳали очилмаган! Геркулеснинг мускуллари йўргакда ётган пайтида ингичка ипдай кўринган. Сиз ҳам шундайсиз: истеъдодингиз ривожланмай қолган. Агарда у етарлича озиқланиб, парвариш қилинганида борми, бу мақолани ўқимасдингиз. Агар истеъдодингиз камолига етганига ишончингиз комил бўлса, тўхтанг, мақоланинг қолган қисмини ўқиманг! Агар истеъдодингиз ҳали кўзланган нуқтасига чиқмаган бўлса, сизнингча, у қайси йўл билан ўша даражага кўтарилади?

Ўйлаб ўтирмай, “ўзига хослик билан”, дея жавоб берасиз, кейин қўшиб қўясиз: “ўзига хосликни мунтазам такомиллаштира бориб..”.. Ажойиб! Аммо савол ўзига хосликка қаратилмаган, – буни ёш бола ҳам билади, – балки ўзига хос бўлишнинг қандай йўллари борлигига, бунга қай йўсинда эришиш мумкинлигига қаратилган. Сиз ижодингизга нисбатан ўқувчилар иштиёқини қандай уйғотмоқчисиз, ноширлар овчи сингари қўлёзмангизни сўраб ортингиздан пойлашлари учун нелар қилмоқчисиз? Бошқалар йўлидан бориб ўзига хос бўлинмайди, аммо ўзгалар ёғдусини жамлаб, ёрқин истеъдод эгасига айланиш мумкин. Ахир, ҳеч ким Вальтер Скотт ва Диккенсга, Эдгар По ва Лонгфеллога, Жорж Элиот ва Хэмфри Уорд хонимга, Стивенсон ва Киплингга, Энтони Хоуп, Мэри Корелли, Стивен Крейн ва бошқа кўплаб адибларга, – уларнинг рўйхатини истаганча давом эттириш мумкин, – кимдир тайёр ижодий йўл очиб бермаган. Ҳанузгача ноширлару ўқувчилар уларнинг китобларини сўраб шовқин солишади. Нега? Чунки уларнинг ҳар бири ўзига хосликка эриша олди. Қандай? Улар шамол парраги сингари арзимаган шабадада чирпирак бўлиб айланмади. Улар ҳам ўзларига ўхшаган тенгдошлари билан бирга йўлга чиқди, аммо бошқаларнинг омади келмади, оқибатда эскича, сийқаси чиққан услубдаги асарларини келажакка мерос қолдиришди. Буюкларни омадсизлардан бир жиҳат ажратиб туради: буюклар айнан булоқнинг ўзидан сув ичади, бошқалар қўлидан ўтган маълумотларни инкор қилади. У ўзгаларнинг хулосаларига, бошқаларнинг, ҳатто нуфузли ижодкорларнинг фикрига ҳам ишонмайди. Улар ўз қўли билан бажарган ишига муаллифлик ҳуқуқидан ҳам юксак бўлган хослик – Менлигини муҳрлашни муҳим деб билади. Дунё ва дунёдаги турли анъаналарнинг асл манбасидан (бошқача айтганда, башарият маданияти ва тафаккури) ўзининг ҳаёт фалсафасини яратиш учун зарур билим ва маҳорат эгаллайди.

“Ҳаёт фалсафаси” га нималар киради, бу аниқ бир тушунчага сиғмайди. Аввало таъкидлаш жоизки, ҳаёт фалсафаси одамнинг шахсий муаммоларини бартараф этиб қўймайди. У ўтмиш ва ҳозирги замондаги қалб ўртанишлари, жинслар учун айрим ва умумий ахлоқ қоидалари, хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллиги, аниқланган хоссаларни ўзлаштириш, спиритизм, шакл ўзгаришлари, маст-аласт қилувчи ичимликларга муросасиз муносабат сингари масалаларга мутлақо эътиборсиз. Аммо ҳаёт, ижод йўлида дуч келса, бу масалалар, ҳатто бошқа икир-чикирлар билан ҳам шуғулланишга мажбур, бу – ҳаёт замирида яралган, алоҳида эътиборталаб, балки кундалик, ишчан ҳаёт фалсафасидир.

Ижодий фаолиятда мутлақ муваффақият қозонганларнинг ана шундай фалсафаси бор. Бу тоифа ёзувчиларнинг дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга ўзига хос қарашлари шаклланган. Кўзи тушган воқеа-ҳодисалар аҳамиятини салмоқлаб кўрадиган қандайдир тарози ёки бошқа ўлчов қурилмаси бор. Мана шу фалсафага суяниб характер яратади, тегишли хулоса чиқаради. Фалсафа туфайли ёзувчининг яратиқлари ҳаётий, тўғри, соф бўлади, дунё интиқ бўлиб кутаётган янги сўзни айта олади. Бу фақат уники – алмисоқдан буён такрорланавериб, чайналиб кетган, дунёга маълум гаплар эмас.

Аммо хатога йўл қўйишдан эҳтиёт бўлинг. Бундай фалсафага эга бўлиш дидактика дегани эмас. Барча масалаларда ўз фикрини айта олиш қобилияти панд-насиҳатдан иборат роман ёзиб, ўқувчининг ҳафсаласини пир қилишга асос бўлмайди, айни пайтда бу ишни қилмасликни ман ҳам этмайди. Таъкидлаш жоизки, ёзувчилик фалсафаси қайбир муаммони у ёки бу тарзда ҳал этишга китобхонни оғдириш истагини камдан-кам намоён этади. Фақат айрим йирик ёзувчиларгина очиқчасига панд-насиҳат қилишга зўр берган, айни дамда, бошқалари, масалан, дадил ва низиктаъб Роберт Луис Стивенсон ижодда ўзини деярли тўлиғича намоён этиб, бировга панд-насиҳат борасида ҳатто ишорага ҳам йўл қўймаган. Аксарият ёзувчилар ўз фалсафасидан сирли асбоб тарзида фойдаланишади. Унинг ёрдамида фикрларини, характерларни, сюжетни шакллантиради, барчасига ўз фалсафасини сингдиради, асарни ёзиб бўлганда буларнинг барчаси намоён бўлади. Англаш лозимки, бу сингари фаолият фалсафаси ёзувчи ижодини нафақат ўзлигида жамлайди, балки ўзи кўриб чиққан ва баҳосини берган воқеа-ҳодисаларни ўзининг “мен”идан ўтказади. Юқорида таъкидланган хосликлар даҳоларда, айниқса, машҳур учлик – Шекспир, Гёте ва Бальзак ижодида ёрқин намоён бўлган. Уларнинг ҳар бири шу даражада ўзига хоски, ҳатто бир-бирига таққослаб бўлмайди. Ҳар бири ўзининг илм хазинасига, ўзининг услубий фалсафасига эга ва бу олий мақсадга лойиқ муносиб асарлар яратишган. Улар ҳам туғилган пайти ўзи сингари бошқа оддий болалардан фарқ қилмагани аниқ, аммо кейинчалик дунё тамаддуни мўъжизаларни англаб ета олганлар, тенгдошларга эса, бу бахт насиб қилмаган. Яъни, улар дунёга нималарни айтиш лозимлигини, ўз айтар сўзини кашф этганлар.

Қани, сиз-чи, ёш қаламкаш, сизнинг айтар сўзингиз борми?

Сизнинг сўз айтишингизга ҳеч нарса ҳалақит бермаяптими?

Агар сиз дунё тинглашни истаган юксак ғояларингизни такомилига етказишга қобил бўлсангиз, қандай ўйлаган бўлсангиз, шундай ифодаланг. Агар сиз ёрқин фикрласангиз, ёрқин ёзасиз; агарда фикрингиз қадрли бўлса, асарингиз қадрли бўлади. Аммо ёзганларингиз қизиқарли бўлмаса, чекланган бўлса, ўзингиз тор фикрлаган бўласиз. Агар фикрларингиз чалкаш ва аралаш-қуралаш бўлса, сиздан ифода ёрқинлигини талаб қилиш мумкинми? Агар билимингиз ночор, тизимли бўлмаса, эркин ва мантиқли ёза оласизми? Ишончли асоссиз, ижодга фалсафий ёндашмай туриб, алғов-далғовлардан тартибли олам яратиш мумкинми? Воқеликни тўғри англаш ва олдиндан кўра олиш мумкинми? Сиз эгаллаган билим зарралари ҳажмини ва ўзаро нисбий қимматини аниқлаб бўладими? Мана шуларнинг барчасисиз, ўзингизни намоён эта оласизми? Машаққатли меҳнатингиз билан дунёга бирор янгилик бероласизми?

Бу фалсафани ягона йўл – машаққатли изланишлар орқали, жаҳон маданияти, илм-фан хазинасидан олинган дурдоналарни жамлаш йўли билан  ишлаб чиқиш мумкин. Қозон тубидаги иссиқлик кучини билмай, ундан пайдо бўлган буғ пуфакчалари нималигини англай оласизми? Рассом “Ecce Homo” картинасини яҳудийлар тарихи ва мифологиясини тасаввур этмай, яҳудий характерини тоблаган турли-туман чизгиларни англамай – эътиқод ва орзу-армонларини, эҳтирос ва вафо-садоқатини, умид ва қўрқувини ҳис этмай туриб чиза олмасди! Бастакор олмонларнинг қадимги буюк эпосини ўқимай туриб, “Валькирий парвози”ни ярата олармиди? Бу сизга ҳам тегишли – ўқишингиз керак. Ҳаёт юзига онгли равишда қарашни ўрганишингиз лозим. Характерларни ва ҳаракатларнинг у ёки бу даражасини фаҳмлаш учун, шахслар ва оммани ҳаракатга келтириб, оқибатда Жон Брауннинг дорига ва Исонинг Гўлготасига[9] олиб борадиган буюк ғоялар туғиладиган оҳангларни англай билишингиз лозим. Ёзувчи қўлини ҳаёт мурватидан олмаслиги керак, шундагина ҳаёт унга ижод фалсафасини тақдим этади, ўз навбатида, ёзувчи бу фалсафа ёрдамида воқеа-ҳодисаларни баҳолайди, салмоқлаб кўради, таққослайди ва дунёга ҳаёт ҳақида  ўз сўзини айтади. Шахснинг мана шу муҳри, воқеа-ҳодисаларга шахсий назари “ўзига хослик” дейилади.

Сизга тарихдан, биологиядан, тамаддун ҳақидаги билимлардан, маданиятдан ва яна мингдан бир билим соҳаларидан нелар маълум? “Аммо, – эътироз билдирасиз сиз, – менинг роман ёки поэма ёзишимга улар қандай ёрдам бериши мумкин?” Айнан, ўшалар ёрдам беради. Бевосита бўлмаса – билвосита. Билим фикрингизни бойитади, уфқни яқинлаштиради, ­фаолият доирасини кенгайтиради. Умуман, фалсафий қуроллантиради, бу эса, бошқа фалсафа эмас, ўзингизники; ўзингизга хос фикрлар уйғунлиги.

“Бу жуда катта иш, – деб эътироз билдирарсиз. – Бунга вақтим йўқ”. Аммо устозлар бу улкан ишдан чўчимаганлар. Ихтиёрингизда умрнинг кўп йиллари бор. Демак, ҳаммасини аста-секин англайман дея кутиб ўтириш ярамайди, билимингиз қанчалик тез кўпайиб борса, ёзувчилик маҳоратингиз ҳам, атрофдагиларга таъсирингиз ҳам ортаверади. Вақт! Унинг етмаслиги ҳақида гапиришганда, самарали фойдалана билишни назардан қочиришади.

Сиз мутолаа қилишни биласизми?

Бир йилда ҳикоячилик маҳоратингизни ошириш ёки танқидий қарашингизни чархлаш учун неча сийқа, саёз ҳикоя ёки роман ўқийсиз? Неча-неча журналларни бошдан-охир ҳижжалаб чиқасиз? Мана у, сизнинг вақтингиз, сиз эса уни аҳмоқона машғулотларга сарфлайсиз, ахир, вақтни ортга қайтариб бўлмайди. Мутолаа қиладиган китобларни синчиклаб саралашга ўрганинг, мағзини чақиб, тез ўқинг. Сиз кундалик газеталарни нуқтасини ҳам қўймай, эълонигача ўқийдиган мияси айниган чолларнинг устидан куласиз. Лекин замонавий адабиётнинг тўлқинида оқиб, кўкрак керишингиз ундан авломикин? Барибир, бу оқимдан ўзингизни қутқаринг.

Яхши ўқинг, энг яхшиларини ўқинг. Ўқишни бошлаган ҳикоянгизни ниҳоясига етказмай туриб четга ташлаб қўйишдан чўчиманг. Ёдда тутинг, ҳаммасидан аввал, сиз ёзувчисиз. Ёдда тутинг, фақат бошқа асарларни мутолаа қилиш орқали уларнинг савия-даражасини, айни пайтда нималар ҳақида ёзмасликни  ҳам ўрганасиз.

 

Рус тилидан

Ҳумоюн таржимаси

 

[1] Жек Лондон – Жон Гриффит Чейни (1876–1916) – америкалик ёзувчи, жамоат арбоби, ҳарбий мухбир. АҚШнинг Калифорния штатида яшаган. “Мартин Иден” романи ва ҳикоялари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган.

 

[2] Цент – (лот.) centum — юз, пул бирлиги – тийин.

 

[3] Устрица – еса бўладиган денгиз молюскаси.

 

[4] Лосос – қизил  балиқ.

 

[5] Жут – толасидан дағал мато, арқон тўқиладиган бир йиллик ўсимлик.

 

[6] Зангила – милк касаллиги, витамин етишмаслигидан келиб чиқади.

 

[7] Бир денгиз мили – 1852 метр.

 

[8] Rara avisnote – ноёб  қуш (лот).

 

[9] Исо Масих чормих этилган қоя ёки тепалик. Ҳозирги Исроил давлати ҳудудида.

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi