Ҳикоя
Эрталаб Уоррен Каттлетон Саксон учинчи кўчанинг ғарбий томонидаги уйидан чиқиб Бродвейга қараб йўл олди. Ҳаво очиқ, лекин салқинроқ эди. У ҳар доимгидек муюлишда сўқир газетафурушдан “Дейли миррор” сотиб олди. Газетафурушлар одатда доимий мижозларини таниса-да, бу кимса унинг овозини ҳам, қадам товушини ҳам ўткинчилардан ажратолмасди. Уоррен рўзномани қўлтиғига қисиб қаҳвахонага кирди ва одатига кўра, қаҳва ва пишириқ буюрди. Кейин бўш столга ўтириб газетани варақлаганча нонуштага киришди.
Аммо рўзноманинг учинчи бетидаги мақолага кўзи тушгач, Уоррен пишириқ билан қаҳвани четга сурди. Бу мақола кеча кечқурун Марказий хиёбонда ўлиги топилган аёл ҳақида эди. Маргарет Уолдек, аёлнинг исми шундай, Бешинчи авенюдаги шифохонада ҳамшира бўлиб ишларкан. Навбатчиликдан сўнг ярим тунда уйига қайтаётса, хиёбонда кимдир тутиб олиб чавақлаб кетибди. Мақолада жувоннинг кўкраги ва қорнига неча марта пичоқ санчилгани, шундан кейин бечоранинг ҳоли не кечгани ҳақида батафсил маълумот берилган, қонга беланиб ётган жасадининг сурати ҳам илова қилинганди. Уоррен Каттлетон суратга узоқ тикилди.
У барини эслади.
Бу хотира худди тўғонни бузиб ўтган селдек Уорреннинг миясига қуюлиб келди. Мана у хиёбонда юрибди. Ҳаммаёқ қоп-қоронғи, жимжит. Унинг қўлида дами ўткир, узун пичоқ. Пичоқнинг дастаси кафтининг теридан намиққан. Мана у йўлканинг четида ўлжасини кутаяпти. Узоқдан қадам товуши эшитилгач, дарахт панасига беркинди. Кейин аёлнинг ортидан ҳужум қилиб уни ерга қулатди-да, кетма-кет пичоқ урди. Жувоннинг чинқириғидан қулоғи битсаям, пичоғини санчаверди, санчаверди.
Уорреннинг боши айланиб кетди. Қонга беланган пичоқнинг ўрнида қўлида пишириқ бўлагини кўрди-ю, қаҳвахонада ўтирганини эслади. Маҳкам қисилган кафтини ёзувди, егулик столга тушди. Ҳозир қусиб юборади. У ўқчишдан бир амаллаб тийилди.
– Ё, Тангрим, – деди у хўрсиниб. Хайрият, гапини ҳеч ким эшитмади. Сигарет тутатмоқчи эди, қўли титраб, гугурт чўпи полга тушди. У чўпни оёғи билан босиб яна чуқур хўрсинди.
Ўша аёлни Уоррен ўлдирди. Ўзи танимаган ва аввал бирор марта кўрмаган ўша бадбахт жувонни у чавақлади. Газетада ёзилган ваҳший қотил, инсонийлик қиёфасини йўқотган газанда у эди. Яқинда полиция уни ҳибсга олади, кейин суд, ҳукм, узун йўлак бўйлаб панжара ортига саёҳат, ниҳоят электр столи ва ўлим.
Уоррен кўзини юмиб қовоқларига кафтини босганча чуқур-чуқур нафас олди. У нега бундай қилди? Унга нима бўлди ўзи? Нега одам ўлдирди?
Уоррен бирининг қолдиғидан бошқасини ёқиб кетма-кет учта сигарет чекди. Кейин телефонли ҳужрага кириб, тирқишга ўн центлик танга ташлади-да, таниш рақамни терди.
– Салом, мен Каттлетонман. Бугун ишга боролмайман. Мазам йўқ.
Котиба тезроқ соғайиб кетишини тилагач, Уоррен раҳмат айтиб трубкани илди.
“Барделл компани”даги йигирма уч йиллик фаолияти давомида Уоррен бор-йўғи икки-уч марта тумов сабаб ишга чиқолмаган. У ишхонадагиларга сира ёлғон гапирмайди. Шундай экан, бугунги баҳонасига ҳамма ишонади. Аслида буни баҳона дейиш ҳам нотўғри. Ахир чиндан ҳам унинг тоби қочаяпти-ку.
У уйига қайтаётиб “Дейли ньюс”, “Геролд трибюн” ва “Таймс” газеталарини олди. Хиёбондаги қотиллик ҳақида “Ньюс”нинг учинчи саҳифасида суратли мақола беришибди. “Таймс” ва “Геролд трибюн”да эса шу мавзудаги мақола газетанинг олди-қочди хабарларга тўла иккинчи қисмида экан, Уоррен тополмай роса қийналди.
Кун ботгач, у кўчага чиқиб “Жорнэл Америкен”, “Уорлд телеграф” ва “Пост” газеталарини харид қилди. “Пост”да Маргарет Уолдекнинг ўгай синглисидан интервью олишибди. Интервьюни ўқиб Уорреннинг кўзларига ёш келди. Маргаретга ҳам, ўзига ҳам ичи ачиди.
Кечки соат еттида Уоррен энди аввалгидай яшай олмаслигини тушунди. Одам ўлдирдими, жазосини олиши керак. Бу қотилликни фақат олий жазо – ўлим билан ювиш мумкин.
Лекин соат тўққизда жазодан қутулиб қолишга умид уйғонди. Рўзномалардаги мақолаларда полиция қотилнинг изига тушолмагани, айтарли далил йўқлиги ёзилган, бармоқ излари ҳақида эса ҳеч нима дейилмаганди. Унинг бармоқ изи ҳеч қайси архивда йўқ – буни Уоррен яхши биларди. Агар қотиллик жойида уни ҳеч ким кўрмаган бўлса (қоронғи хиёбонда ким ҳам кўрарди?) Уорреннинг айбдорлигини исботлай олишмайди.
Ўша куни кечқурун Уоррен босинқираб ухлолмай чиқди. Аёлнинг қадам товуши, ҳужум, қон, хиёбондан қочиб чиқаётгани – бари тушига қайта-қайта кираверди. Ҳар сафар додлаганча терга ботиб уйғонар, кейин яна мудраб даҳшатли тушнинг давомини кўрарди.
Энди бу босинқирашлардан қочиб қутулолмаслигини у яхши биларди. Уоррен восвос эмас. Қилган иши ёвузлик эканини тушунади. Йўқ, одам ўлдирганини била туриб, энди тинч яшолмайди. Айбини тан олиши керак.
У кўчага чиқиб газета харид қилди. Терговчилар ҳамон қотилнинг изига тушишмабди. “Миррор”да Маргарет Уолдекнинг кичкина жияни билан интервьюни ўқиб, Уоррен яна йиғлади.
Авваллари полицияга сира иши тушмагани учун у уйидан уч-тўрт даҳа наридаги маҳкамани узоқ қидирди. Ичкарига киргач, кимга мурожаат қилишни билмай довдиради. Ниҳоят навбатчи зобитни учратиб Уолдек қотилини қидираётган изқуварга гапи борлигини айтди.
– Қайси Уолдек? – деди зобит.
– Хиёбонда ўлдирилган аёл бор-ку.
– Ҳа, уми? Қотиллик ҳақида бирор хабар етказмоқчимисиз?
– Ҳа, – бош ирғади Уоррен.
Зобит Уолдек иши билан шуғулланувчи изқуварни топгунча у ёғоч ўриндиқда кутди. Ниҳоят навбатчи унга иккинчи қаватга кўтарилиб зобит Рукерга учрашишни тайинлади.
Рукер деганлари хўмрайган бир ёш йигит экан. У аввал ён дафтарчасига Уорреннинг исм-шарифи ва манзилини ёзиб олди.
– Хўш, – деди изқувар дафтарчани четга қўйиб. – Нима гапингиз бор?
– Айбимга иқрор бўлмоқчиман, – деди Уоррен овози қалтираб. – Маргарет Уолдекни мен ўлдирдим.
Изқувар ёнидаги шериги билан уни бошқа, торроқ хонага олиб ўтишиб саволларга кўмиб ташлашди. У энтика-энтика, йиғлагудек бўлиб ёдида қолган барча тафсилотларни айтиб берди.
Кейин яна саволлар ёғилди.
– Пичоқни қаердан олдингиз?
– Дўкондан.
– Қайси дўкондан?
– Колумбус-авенюдаги дўкондан.
– Номи ёдингиздами?
Уоррен растанинг ёнига келганини, сотувчи аёлни, пичоқнинг пулини тўлаб олиб кетганини эслади. Лекин дўконнинг номи ёдида қолмабди.
– Маргаретни нега ўлдирдингиз?
– Негалигини ўзим ҳам билмайман.
– Нима учун айнан уни ўлдирдингиз?
– У… йўлимдан чиқиб қолди.
– Нега аёлни пичоқладингиз?
– Одам ўлдиргим келди… ўзимни бошқаролмай қолдим.
– Лекин нега?
– Сабабини билмайман деяпман-ку. Лекин ўлдирганим аниқ. Пичоқни уни ўлдириш учун сотиб олувдим.
– Демак, қотилликни олдиндан режалаштиргансиз.
– Шундай десаям бўлади.
– Пичоқни қаерга яширдингиз?
– Уни зовурга ташлаб юбордим.
– Айнан қаерга ташлаганингиз ёдингиздами?
– Йўқ, эслолмайман.
– Кийимингизда қон юқи қолган бўлиши керак. Ўша оқшом аёлнинг қони дарё бўлиб оққан. Қотилликка чиққан кунги кийимингиз уйдами?
– Ташлаб юборганман.
– Зовургами?
– Рей, айбини тан олишга келган одамни шошириб нима қиласан? – деди изқуварнинг шериги.
– Кечирасиз, мистер Каттлетон. Жиноят вақтида кийган уст-бошингизни қаёққа ташлагансиз? Бир эслаб кўринг-чи?
Уорреннинг хотирасига алланималарнинг тутаб ёнаётгани келди.
– Чиқинди ёқиладиган ўчоқ.
– Уйингизда шунақа ўчоқ борми?
– Йўқ, уйимнинг яқинидаги бир бино ёнида. Ўша куни уйга келгач, уст-бошимни алмаштирганимни аниқ эслайман, қон сачраган кийимларни елим халтага солиб ташқарига олиб чиқдим-да, чиқинди ёқиладиган ўчоққа ташладим. Кейин ювиндим. Тирноқларим остидаям қон юқи қолувди.
Изқуварлар Уорренни белигача ечинтириб унинг қўлларини, кўксини, юзини ва бўйнини синчиклаб кўздан кечиришди.
– Ҳеч қаери тирналмаган, – деди зобит Рукер. – Қурбон эса қотилни роса тимдалаган. Аёлнинг тирноғида тери излари бор эди.
– Балки Маргарет Уолдек ўзини-ўзи тимдалагандир? – деди изқуварнинг шериги.
– Балки. Ёки мистер Каттлетоннинг яралари итникидай тез битармикан? Қани ортимдан юринг-чи.
Уорренни бошқа хонага киритиб суратга туширишди ва бармоқ изларини олишди. Кейин зобит Рукер унга қотилликда гумон қилинаётганини ва адвокатига сим қоқиш ҳуқуқига эга эканини уқтириб камерага қамади.
Темир эшик қарсиллаб ёпилиб қулф солингач, Уоррен камерадаги эски курсига чўнқайиб сигарет тутатди. Энди унинг қўллари титрамасди.
Аммо орадан тўрт соат ўтгач зобит Рукер дўсти билан кириб келди.
– Сиз аёлни ўлдирмаган экансиз. Нега бизга ёлғон гапирдингиз, мистер Каттлетон? – деди Рукер ўқрайиб.
Уоррен ҳеч нарсага тушунмай анграйиб қолди.
– Ўша оқшом сиз Саксон учинчи кўчадаги “Лоув” кинотеатрида икки серияли фильм томоша қилибсиз. Кассир аёл суратингизни таниди. Соат ўн яримда ундан чипта олган экансиз. Назоратчи ҳам сизни эслади. Эркаклар ҳожатхонасига кираётиб қоқилиб кетганингизни кўрган экан. Кинотеатрдан ўн иккидан ошганда чиқиб тўғри уйга қайтгансиз. Пастки қаватдаги қўшнингиз йўлак бўйлаб келаётганингизни кўрган. Сиз билан ёнма-ён турадиган киши эса соат бирга яқин квартирангизга кириб, ўн беш дақиқадан сўнг чироқни ўчирганингизни айтди. Хўш, нега қилмаган жиноятингизни бўйнингизга олаяпсиз, мистер Каттлетон?
Уорреннинг боши қотди. У ҳеч қанақа кинони эслолмасди. Чипта олгани-ю, ҳожатхонада қоқилганиям ёдида йўқ. Тунги зулмат, қадам товушлари, ҳужум, аёлнинг додлагани, қон – хотирасида фақат шулар қолганди. Кейин пичоқни зовурга ташлаб, қон теккан кийимини ўчоқда ёқди, тирноғининг остидаги қон юқини тозалади…
– Биз ҳақиқий қотилниям топдик, – деди Рукер. – Исми – Алекс Канстер. Аввал ўғрилик қилиб икки марта қамалиб чиққан. Пичоқни уйига яширибди, юзлари тирналган. Гаров ўйнайман, яқинда шу нусха Уолдекни ўлдирганини бўйнига олади. Сиз эса бизни лақиллатаяпсиз, мистер Каттлетон. Нега полицияни чалғитиб ёлғон кўрсатма бераяпсиз?
– Ёлғон гапирганим йўқ, – деди Уоррен тутақиб.
Рукер бир нима демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади-ю, кейин ўзини босди.
– Уни полиграфда текшириб кўрсак-чи, Рей, – деди изқуварнинг шериги.
Довдираб қолган Уорренни бошқа хонага олиб ўтиб, “полиграф” деган асбобнинг симларини оёқ-қўлига улашди-да, саволга тутишди. Исмингиз нима? Неча ёшдасиз? Қаерда ишлайсиз? Маргарет Уолдекни ўлдирганмисиз? Тўрт карра тўрт неччи? Пичоқни қаердан олдингиз? Иккинчи исмингиз нима? Кийимни қаерга беркитдингиз?
– Полиграф ёлғон тополмади, – деди қоғоздаги чизиқларни кўздан кечиргач, Рукернинг шериги. – Айтаётган ёлғонига унинг ўзиям ишонади, Рей.
– Баъзиларни полиграф ҳам олмайди ўзи.
– Нотўғри жавоб бериб кўрсин-чи.
– Мистер Каттлетон. Ҳозир учга тўртни қўшса неччи бўлади, деб сўрайман. Олти, деб жавоб беринг, хўпми?
– Етти бўлади-ку.
– Олти, деяверинг.
– Учга тўртни қўшса неччи бўлади?
– Олти.
Бу сафар полиграф ёлғонни кўрсатди.
– Бояги ёлғон кўрсатмаларига унинг ўзиям ишонади, Рей. У бизни лақиллатмоқчи эмас, Уолдекни ўлдирганман, деб ўйлаяпти. Баъзан тасаввур одамни қай кўйга солишини биласан-ку. Гувоҳлар ҳам кўпинча ўзи тўқиган тафсилотларга ишониб ёлғон кўрсатма беради. Мистер Каттлетон қотиллик ҳақидаги мақоладан қаттиқ таъсирланиб, Уолдекни мен ўлдирганман, деб ўзини ишонтириб қўйган.
Шундан сўнг Рукер билан шериги Уорренни тўғри йўлга солиш учун узоқ насиҳат қилишди. Уларнинг айтишича, Уорренда айбдорлик ҳисси кучли экан. Онг остига яширинган аллақандай қилмиш ҳақидаги хотира уни бошқа одам қилган қотилликни бўйнига олишга мажбур этганмиш. Дастлаб Уоррен буларнинг томи жойидами, деб ўйлади. Лекин изқуварлар Маргарет Уолдекнинг ўлимига унинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини далиллар билан исботлашгач, Уорреннинг фикри ўзгарди. Балки улар ҳақдир? Ахир шунча далил келтиришди-ку.
Хуллас, охир-оқибат Уоррен Маргарет Уолдекни ўлдирмаганига ишонди. Демак, хотираси панд берибди. Руҳшуносга кўриниш керак.
– Эсим оғиб қолибди, деб ўйлаётгандирсиз, – деди зобит Рукер худди унинг фикрини ўқиётгандек. – Ташвишланманг, мистер Каттлетон. Сиз соппа-соғсиз. Ҳар сафар газетада қотиллик ҳақида ёзишса, сизга ўхшаш айбсиз айбдорлардан камида беш-олтитаси иқрор бўлиш учун олдимизга келади. Айримлари одам ўлдирганига чиппа-чин ишонади. Сиз ҳам қачонлардир одам ўлдириш ҳақида ўйлагансиз, шу хотира онгингизга ўрнашиб қолиб айбдорлик ҳиссини уйғотади. Бу қотилликни бўйнингизга олишингизнинг сабаби шу. Бунақа ҳолатлар бизда кўп учрайди. Жинни бўлиб қолибман, деб хавотирланманг, мистер Каттлетон. Шунчаки шуурингиз сал чалғибди.
– Инсон мияси сир-синоатга тўла, – деди Рукернинг шериги.
– Агар бир кун келиб яна шундай ҳолатга тушсангиз, ваҳима қилманг, – гапида давом этди изқувар. – Эсингизда қолсин: сиз ҳеч кимни ўлдирмагансиз. Илтимос, кейинги сафар маҳкамага келиб бизга халал берманг.
Уоррен шўхлик қилиб гап эшитаётган боладек бош эгиб турар, лекин энди унинг кўнгли хотиржам эди. Электр курсидан қўрқмасаям бўлади. Чунки у ҳеч кимни ўлдирмаган!
Кечқурун у алаҳсирамай тошдай қотиб ухлади.
* * *
Ўша воқеа март ойида юз берганди. Орадан тўрт ой ўтгач, июлда яна такрорланди. Уоррен уйғониб кўчага чиқди, муюлишда “Дейли миррор” харид қилди, сўнг қаҳвахонага кириб қаҳва ва пишириқ сотиб олди-да, столга ўтириб газетани очди. Учинчи саҳифада кеча уйига қайтмаган ўн тўрт ёшли қиз ҳақида ёзишибди. Кечқурун ўша қизни кимдир жинкўчага олиб кириб устара билан бўғизлаб кетибди. Мақолага кекирдаги тилиниб ётган мурданинг сурати ҳам илова қилинганди.
Уорреннинг миясига хотиралар қуюндек ёпирилиб келди. Ҳаммаси ҳозиргидек кўз олдида. Унинг бир қўлида устара, иккинчиси билан типирчилаётган қизни маҳкам ушлаб турибди. Бечора қиз ҳўнг-ҳўнг йиғлайди. Кейин боёқишнинг бўғзидан тизиллаб қон сачради.
Наҳотки яна хотираси панд бераётган бўлса? Бўлиши мумкин эмас! Ахир қотилликнинг ҳар бир лаҳзаси ёдида-ку. Анави изқувар яна шундай ҳолатга тушсангиз, қилмаган ишингизни бўйнингизга олишдан тийилинг, деганди. Бўлмағур хотираларни миясидан чиқариб ташлаши керак.
Уоррен ўзини чалғитиш учун ишга борди. Лекин идорадаям хаёлини бир жойга жамлолмади. Сандра Житлерни бўғизлаётгани кўз олдидан кетмасди. Ҳамкасбларидан бири тобингиз жойидами, деб сўради. Компания вице-президенти шифокорга учрашишни маслаҳат берди. Соат бешда Уоррен шалвираганча уйига қайтиб туни билан алаҳсираб чиқди. Йўқ, полицияга боришдан бошқа чора йўқ. Агар ростдан ҳам ўша қизни ўлдирган бўлса, қамашади. Ўтган сафаргидек хотираси чалғигани аниқланса, изқувар далиллар билан айбсиз эканини исботлаб кўнглини жойига туширади.
Эртаси куни Уоррен маҳкамага кира солиб зобит Рукернинг хонасига қараб юрди.
– Салом, мистер Каттлетон, – изқувар уни дарров таниди. – Яна қотилликни бўйнингизга олиш учун келдингизми?
– Сизни безовта қилмоқчи эмасдим. Лекин газетада ёзилган жиноятни мен қилганман. Куинз туманида ўша қизни қандай ўлдирганим аниқ ёдимда.
Зобит Рукер уни бошқа хонага олиб ўтди-да, ўзи ташқарига чиқиб кетди.
– Куинз тумани полиция маҳкамасига қўнғироқ қилдим, – деди изқувар қайтгач. – Қотилликнинг газетада ёзилмаган айрим тафсилотларини етказишди. Айтинг-чи, мистер Каттлетон, қизнинг қорнига устара билан нима деб ёзганингиз ёдингиздами?
– Аниқ эслолмаяпман.
– Унинг қорнига “Мен сени севаман” деб ёзибсиз, энди эсингизга тушдими?
Ҳа, Уоррен эслади. Қизнинг қорнига худди шу сўзларни устара билан тилувди.
– Йўқ, мистер Каттлетон, – деди изқувар ачиниб. – Қотил Сандра Житлернинг қорнига айтиб бўлмайдиган сўкиш сўзларни ёзган. Шунинг учун ҳам бу тафсилот газеталарда берилмади. Сиз эса менинг гапимга ишониб чалғидингиз. Сиз қизни ўлдирмагансиз. Ўша жойда ҳатто бўлмагансиз ҳам. Шунчаки газетани ўқигач, хотирангиз ўтган сафаргидек яна панд берди.
Уоррен бошини хам қилиб узоқ ўтирди.
– Сандра Житлерни ўлдирмаганимни биламан, – деди у ниҳоят. – Лекин ўзимни шунга ишонтиролмаяпман. Қотилликнинг ҳар бир лаҳзаси кўз олдимда қайта-қайта жонланаверади ахир! Тушларимдаям шуни кўриб босинқираб чиқаман. Ҳар сафар одам ўлдирмаганимни кимдир далил билан исботламагунча кўнглим жойига тушмайди.
– Исбот керак бўлса бугунгидек тортинмай тўғри олдимга келаверинг, – деди Рукер жилмайиб. – Мен аҳволингизни яхши тушунаман. Сизга ёрдам беришга доим тайёрман.
Уоррен изқуварнинг қўлини маҳкам сиқиб миннатдорлик билдирди-да, елкасидан тоғ ағдарилгандай енгил тортиб маҳкамадан чиқди. У кечқурун хуррак отиб ухлади.
* * *
Сентябрнинг сўнгги кунлари. Эрталабки ёғингарчиликдан сўнг офтоб чиқди. Уоррен Каттлетон ишдан қайтаётиб, кўйлакларини олиш учун хитойликларнинг кирхонасига кирди. Кейин Амстердам-авенюдаги дорихонадан аспирин харид қилиб, хўжалик дўконининг ёнидан ўта бошлади.
Шу пайт унга нимадир бўлди.
Уоррен худди масофадан туриб бошқарилувчи роботдай нима қилаётганини ўзи ҳам тушунмай дўконга кириб бигиз сотиб олди.
Уйига қайтгач, кўйлакларни кийим жавонига жойлаб, икки дона аспирин ичди-да, бигизни кафтида ўйнатиб томоша қилди. Дастаси мустаҳкам, учи пўлатдан экан. Бармоғини теккизиб кўрди. Ўткирлигини қаранг!
У бигизни чўнтагига солиб уйидан чиқди ва сигарет тутатиб Бродвей томонга кетди. Саксон олтинчи кўчада метрога тушиб Вашингтон-Хейтсда ташқарига чиқди. Бекатнинг ёнида, хиёбонда ярим соатча ўтиргач, Дикман-авенюдаги ресторанга кириб бузоқ гўшти, қовурилган картошка ва қаҳва буюрди. Иштаҳа билан мазза қилиб овқатланиб кўчага чиққанда аллақачон қоронғи тушганди.
Ов вақти келди. Уоррен зимистон бир бурумга кириб ўлжасини кута бошлади. Ён томондаги кўчадан машиналар ғизиллаб ўтар, йигит-қизлар, аёллар, қариялар, хуллас ҳар хил одамлар изғишарди. Булар унга керак эмас. Уоррен икки соатлардан кейин кўча бўшаб қолгач, ёлғиз уйига қайтадиган бирор аёлни қўлга тушириш умидида эди.
У тунги совуқда сабр билан узоқ кутди. Ва ниҳоят сукутни пошналарнинг тўқиллаши бузди. Бошига қалпоқ қўндирган, қадди-қомати келишган, қора сочли ёш бир қиз тез-тез юриб келарди. Бу офатижон энди ундан қочиб қутулолмайди!
Қиз яқинлашгач, Уоррен қоронғи муюлишдан югуриб чиқди-ю, йиртқич ҳайвондек уни зимистонга тортиб кетди. Бошини асфальтга ургач, қиз чинқиришгаям мажоли етмай сулайиб қолди. Шунда Уоррен бигизни унинг юрагига санчди…
Ўлжасининг танаси совигач, у бигизни зовурга ташлаб уйига қайтди-да, ҳеч нима бўлмагандек ётиб ухлади.
Эрталаб уйқуга қониб уйғонган Уоррен хушкайфиятда ишга отланди. Кўчага чиққач, муюлишдаги сўқир газетафурушдан доимгидек “Дейли миррор” олиб, нонушта вақти варақлади. Учинчи бетда кеча ярим тунда Вашингтон-Хейтсда Мона Мур деган раққоса қиз ўлдириб кетилгани ҳақида ёзишибди.
Кечаги воқеалар лоп этиб унинг ёдига тушди. Қизга ҳамла қилиб бигизни юрагига санчгани, кейин қуролни зовурга ташлагани – Уоррен бошини чангаллаганча барини эслади. Йўқ, бўлиши мумкин эмас! У одам ўлдирмаган! Яна хотираси панд бераяпти, эси оғаяпти. Балки руҳшуносга учраш керакдир? Бу хотира энди унга тинчлик бермайди. Рукернинг олдига боришдан бошқа чора йўқ.
– Мен Каттлетонман, – деди у ишхонасига қўнғироқ қилиб. – Бугун ишга кечроқ бораман. Шифокорга учрашишим керак.
Ҳа, зобит Рукер энди унинг учун шифокордек гап. Фақат шу одам Уорреннинг миясидаги бўлмағур хотираларни даф қила олади.
– Ие, яна ўзлари-ю, – Рукер уни худди эски қадрдонлардек жилмайиб қарши олди. – Бугун келишингизни кўнглим сезувди. Кечаги қотиллик сизнинг услубингизга айнан мос тушади.
Уоррен нигоҳини олиб қочди.
– Мен… ҳалиги Мона Мурни…
– Бу стриптизчи қизлар ғалати исмларни яхши кўради ўзи. Мона Мур. Французчасига “севгилим” дегани.
– Йўғ-э?
Зобит Рукер бош ирғади.
– Хўш, мистер Каттлетон. Мона Мурни қандай ўлдирдингиз?
– Уни ўлдирмаганимни биламан, лекин…
– Сизга маслаҳатим – газета ўқишни бас қилинг, – деди Рукер бош чайқаб. – Юринг, миянгизни шубҳа-гумондан тозалаймиз.
Улар доимгидек кичкина хонага киришди.
– Қиз бигиз билан ўлдирилган. Бигизни қаердан олдингиз?
– Хўжалик моллари дўконидан.
– Дўкон қаерда жойлашган?
– Амстердам-авенюда.
– Нега айнан бигиз олдингиз?
– Чунки жуда бежирим матоҳ экан. Менга ёқиб қолди.
– Ҳозир у қаерда?
– Зовурга ташладим.
– Ҳар доимгидек, – деди Рукер. – Айтинг-чи, қизга бигиз санчганингизда кўп қон оқдими?
– Ҳа, ҳаммаёғим қон бўлди. Тезда уйга қайтиб уст-бошимни алмаштирдим.
– Қон сачраган кийимни қаёққа ташладингиз?
– Чиқинди ёқиладиган ўчоққа, – деди Уоррен овози титраб.
– Тушунарли, – Рукер кафтларини бир-бирига ишқади. – Энди менинг гапимга қулоқ солинг. Қотил бигизни қизнинг юрагига санчган. Қурбон шу лаҳзадаёқ жон берган. Унинг кўксида миттигина яра қолган, холос. Бир томчиям қон оқмаган. Хуллас, сизнинг кўрсатмаларингиз лофдан бошқа нарса эмас. Энди кўнглингиз жойига тушдими?
Уоррен секингина бош ирғади.
– Лекин бари худди ҳозир бўлгандек кўз олдимда турибди.
– Афсуски шундай, – деди зобит Рукер маъюс жилмайиб. – Сизга жуда раҳмим келаяпти, мистер Каттлетон. Қизиқ, бу алаҳсирашингиз яна қанча давом этаркан? Охири икковимиздан биримиз жинни бўлиб қолмасак гўрга эди.
Рус тилидан Алишер Отабоев таржимаси
2020/3