Фрэнсис Скотт ФИЦЖЕРАЛЬД (1896–1940) Умид канизаги

Фрэнсис Скотт ФИЦЖЕРАЛЬД

Биз қадимги француз қалъаларининг мустаҳкамлиги, уларнинг қурилиш услуби хусусида ўзаро фикрлашиб ўтирганимизда кимдир Людовик ХI нинг Кардинал Балини олти йил тошхонага қамаб қўйганини эслаб қолди-ю! Тамом, ҳамма шу ҳақда қаерда нимани эшитган, ўқиган бўлса, шуни мулоҳаза тарзида ўртага ташлайверди. Мен бунақа тошхонани ўз кўзим билан кўрганман – чуқурлиги уч-тўрт газ келадиган сувсиз қудуқдан фарқи йўқ, маҳбусни ўша ерга ташлаб юборишса бас – қисқа муддат ичида бечора ақлдан озиб, восвос бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Бу ўзига хос зиндон менга шу даражада таъсир қилган эди-ки, ҳали-ҳануз унутолмайман, эсимга тушса тамом, юмшоқ купеда ҳам ётолмасдим. Бир вақтлар клаустрофобия нималигини бошимдан кечирганим учун бу дардисарни яхши билардим. Ўйладим дегунча совуқ тер чиқиб кетади аъзойи баданимдан. Бу табиий ҳол, чунки одам боласи бунақа жазавага чидаёлмайди – тор ҳужра, деворлари тошдан, на эшиги, на дарчаси бор. Руҳан эзиласиз, бора-бора валакисаланг бўлиб қоласиз, охири ақлдан озасиз. Жисму жонингиз қийноқдан бирдам қутулолмайди. Мавжудотни жазолаш учун ўйлаб топилган усуллардан бўғилиб кетаётганиданми врач оғайнимиз бу мавзуни четга буриб, тириклайин дафн этилганларга мутлақо алоқаси йўқ бир воқеани эслаб, шуни айтиб берайми, деб қолди.  Суюниб кетганимдан кўзимга олов бўлиб кўриниб кетди.

Бу ёруғ жаҳонда Кинг хоним деган бир аёл бор экану, эри билан аҳил, тинч-тотув яшар экан, дея ҳикоясини бошлади у. Бир-бирига ўта вафодор бу эр-хотин егани олдида, емагани кетида экан. Бир-бирларини бир кун кўрмасалар дунё кўзларига қоронғи кўриниб кетар экан.

Минг афсус, иккинчи боласини туғиш чоғида аёл анча қийналибди, ҳушдан кетиб, ўзини билмай қолибди, пировардида восвос бўлиб қолибди. Бу қисмат ҳар бир аёлнинг бошига тушиши мумкин. Токи фарзанд кўриш қисмати пешонасига ёзилган экан, бундай руҳий касалликка чалиниш ҳеч гап эмас. Бошида у ўзига-ўзи гапирадиган одат чиқариб, нуқул Мустақиллик Декларацияси хусусида бир нима демоқчи бўлар экан. Хуллас калом, шўрлик шу дардга йўлиқибди. Лекин кунлар, ойлар ўтиб, қувватга кирган сайин руҳий хасталик аломатлари камайиб борибди. Бир ярим ойлардан сўнг аёл бутунлай соғайиб, уйга кетиш учун рухсат беришларини интизорлик билан кута бошлабди.

Кинг хоним эндигина йигирма бир баҳорни кўрган, унинг вужудида ёшлик малоҳати ва алланечук зарифлик барқ урар, бир сўз билан айтганда, у кўзга яқин жувон бўлиб, шифохона ходимларидан тортиб беморларгача уни ёқтиришар экан. Унинг аҳволини кўрган шифокорлар энди бемалол кўнглингиз тусаган курортларга бориб дам олишингиз мумкин, деб рухсат беришибди. Бу янгиликни ўша куниёқ ҳамма эшитиб,  уни кўргани палатасига киришибди. Ҳатто бир ҳамшира Кинг хоним билан кўйлак сотиб олгани Филадельфияга бориб келибди, яна бошқаси эр-хотиннинг Мексикада тасодифан танишиб қолишгани ҳақидаги ғаройиб ҳикояни Кинг хонимга айтиб беришибди. Онасига кўрсатгани баъзи-баъзида касалхонага олиб келишадиган унинг икки нафар ширинтойларини беморлардан тортиб шифохона шифокорлари-ю, ҳамширалари жуда-жуда ёқтириб қолишибди. Қисқаси, эру-хотиннинг дам олиб келишга қарор қилишгани ҳам атрофдагиларни бефарқ қолдирмабди.

Жувоннинг сафар тадоригини кўраётгани, жомадонини ҳафсала билан саранжомлаши, ўзига оро беришлари, сочларини турмаклаши, қўйингчи, мана шундай ёқимли икир-чикирлардан мамнун ва бахтиёр бўлаётганини томоша қилишдан ҳам завқланишарди. Белгиланган муддатга ярим соат қолганда у ҳозирлигини кўриб бўлди ва касалхонада орттирган дугоналари билан хайрлашгани чоғланди: у эгнига мовий кўйлак, бошига соябони кенг шляпа кийиб олган эди. Дард, изтироб ғамгин ифода қолдирган мунис ва маъсум чеҳраси истиқболда ўзини кутиб турган фароғатли лаҳзалар хаёлидан гулгун ёнарди.

– Беғам-беташвиш яшаш бирам яхши, –  дерди у, –  боргандан кейин уч кун тўйиб ухлайман. Чўмиламан, кийимларимни ўзим харид қиламан, тушликка кўнглим тусаган таомни буюртираман, фақат…

Жўнайдиган дақиқалар келганда Кинг хоним эрини палатада эмас, пешайвонда кутиб олишга аҳд қилди, жомадонини кўтариб олган ҳамшира билан йўлак бўйлаб бораркан, йўлида учраган бемор борки, кўнгил сўраб, саёҳатга бирга боришолмаётганларидан афсусланиб, илтифот-ла хайрлаша-хайрлаша зинадан пастга тушишди. Бош врач унга оқ йўл тилади. Бир ниманинг баҳонасида ортидан чиққан икки ҳамшира унга тикилиб тўймас – Кинг хонимнинг қувончи шунчалар ҳадсиз ва юқумли эдики, унга маҳлиё бўлмасликнинг иложи йўқ эди.

– Офтобда юриб, қорайсангиз жудаям очилиб кетасиз…

– Борган заҳоти бизга хат ёзиб юборинг…

Кинг хоним эндигина шифохона ҳовлисига тушган мана шу лаҳзаларда, уни олиб кетгани келаётган эрининг машинаси йўлда юк машинаси билан тўқнашиб кетган – эри оғир жароҳатдан ҳушига келмай, шифокорларнинг айтишича, ана кетди-мана кетди бўлиб ётарди.

Бу фалокат ҳақида телефон орқали хабар беришди. Уни биринчи бўлиб эшитган алоқачи қиз ойнаванд тўсиқнинг нариги тарафида келаётган Кинг хонимнинг қорасини кўриб қолди-ю, азбаройи сезиб қолмасин, дея бир нимани баҳона қилиб, бош ҳамширага қўнғироқ қилиб уни чақирди. Бу фалокатдан хабар топган бош ҳамширанинг юраги орқасига  тортиб кетди ва шифокор ҳузурига отилди. Шифокор ҳозирча эри тирик бўлса, беморга билдирмай туриш лозим, дея кўрсатма берди ва кетидан эрингиз бугун келолмас экан, иши чиқиб қолибди, деб айтинглар, дебди.

Кинг хоним диққати ошганини яширмади.

– Хафа бўлишга-ку хафа бўлмайман, лекин сира ўйламаган иш бўлди. Ҳай майли, бир кун минг кун эмас, эртага келаман, дедими ишқилиб?!

Ҳамшира дафъатан нима деб жавоб қилишни билмади. Лекин бир амаллаб бундай ноқулай вазиятдан чиқиб кета олди.

Кинг хоним эса ҳорғин ва алланечук ўйчан қиёфада хонасига қайтиб кетди. Шундай кейин касалхона маъмурияти тажрибали ва оғир-вазмин бир кекса ҳамширага Кинг хонимдан кўз-қулоқ бўлиб туришни, бир иложини қилиб оқшомги газеталарни ўқитмасликни топширди.

Эртасига эрталаб, хабар олишганда унинг эри ҳали тирик эди, шифокорлар ҳали бу ёғи нима бўларкин, дегандек сабр-тоқат билан кута бошлашди. Тушга яқин ҳамширалардан бири Кинг хонимни йўлакда учратди – у худди кечагидек пардоз-андоз жойида, башанг кийинган, фақат жомадонини ўзи кўтариб олган эди.

– Ҳозир эрим келади, – деди жилмайиб ва худди кечагидек гул-гул ёниб, – кеча зарур иши чиқиб қолган экан. Бугун албатта, келади.

Ҳамшира уни кузатиб чиқди. Хоним касалхонадан ташқарига чиқмай бемалол юриши мумкин эди. Бунга рухсат беришганди, шу боис ҳамшира уни палатага мажбуран қайтариб юбормади.

У эҳтиётсизлик қилиб, Кинг хоним билмаслиги шарт бўлган гаплар оғзидан чиқиб кетиши мумкинлиги учун дилидагини айтгани ботинолмади. Улар биргалашиб пешайвонга чиқишганда ҳамшира алоқачи қизга имо қилиб қўйди, алоқачи нима гаплигини дарҳол фаҳмлаб олди.

Кинг хоним ўзини сўнгги бор кўзгуга солиб:

– Доим шунақа шляпа кийиб юришни орзу қилардим, бугун шунчалар бахтиёрманки, – деди.

Бир дақиқа ўтар-ўтмас таъби тирриқ ҳолда бош ҳамшира кириб келди.

– Нима бўлди?! Жорж бугун ҳам келолмас эканми?

– Афсус, нимаям қилардингиз? Тақдирга тан беришдан ўзга илож йўқ.

Кинг хоним маҳзун жилмайиб қўйди.

– Аксига олади-да, Жорж мени шу либосда кўришини роса хоҳ­лаётувдим.

– Ҳечқиси йўқ, бугун бўлмаса эртага кўрар.

– Ҳа-я, эртагача кўйлагимнинг оҳори тўкилиб қолармиди?! Шундай қувончли кунда дилсиёҳлик қилсам уят бўлади.

– Бу бошқа гап.

Шу куни кечаси Кинг хонимнинг эри оламдан ўтди. Эрталабки йиғилиш чоғида, энди нима қиламиз, дея ҳаммаларининг боши қотди, чунки тўғрисини ошкор қилиш  қанчалик мушкул ва қалтис бўлса,  яшириш, алдаш ҳам шунчалик қийин ва ташвишли эди. Хуллас, узоқ мунозарадан кейин Кинг хонимнинг эрини “узоқ сафарга иш билан жўнатишга” аҳд қилишди. Шу тариқа, бир сўз билан айтганда, яқин кунлар ичида кутилаётган учрашув умидидан аёлни маҳрум этишди. Сал нарироқ бориб ётиғи билан тушунтирадиган бўлишди.

Шифокорлар тарқала бошлаган пайтда улардан бири туйқус ҳам­касбларини тўхтатиб, йўлакнинг нариги бошига имо қилди: ўша ёқдан жомадон кўтарган Кинг хоним пешайвон томонга келарди.

Уни муолажа қилаётган профессор Пири чуқур хўрсинди:

– Аҳвол чатоқ. Балки ҳамма гапни ҳозироқ айтганимиз маъқулмикин. Эринг жўнаб кетди, деб ёлғон гапиришдан нима фойда?! Ҳар ҳафтада бир эмас, иккитадан хат ёзиб турган меҳрибон эр бирдан, хотинига айтмасдан жўнаб кетмайди-ку! Эрингиз касал бўлиб қолди, дейиш унданам кулгили. Бир кўриб келай, деб рухсат сўраб қолса нима дейман?!

 

2

Мажлис бўлган куниёқ шифокорлардан бири дам олишга жўнаб кетди. Икки ҳафтадан сўнг қайтиб келганда, у йўлакдаги манзарани кўриб қотиб қолди: жомадон кўтарган шифокор, унинг ёнида ҳамшира ва эгнида мовий кўйлак, бошига оппоқ шляпа кийиб олган Кинг хоним пешайвон сари гаплашиб келишарди.

– Салом, доктор, – дея унга юзланди Кинг хоним, –  мен кетяпман. Ҳозир эрим келади, биз Виржинияга кетамиз, кутиб қолмасин, ҳовлига вақтлироқ тушиб турақолай девдим. Тўғри ўйлабманми?!

Шифокор унинг рухсорига тикилди, аёлнинг кўзлари ёш боланинг кўзлари сингари мусаффо ва беғубор боқарди. Ҳамшира ҳаммаси кўнгилдагидек кетаяпти, дегандек ишора қилди, шу сабабли шифокор тавозе билан сўрашгач, ҳавонинг ажойиблиги ҳақида сўз қотди.

– Ҳа, кун жуда ажойиб, –  деди Кинг хоним, – лекин ҳозир жала қуяётган бўлса ҳам барибир мен учун энг ажойиб кун бўлиб қолаверади.

Ҳайратга тушган шифокор унинг ортидан ачинибгина қараб қолди. Нима кераги бор эди, бу ёлғон-яшиқни шунча чўзиб, дея ўйлади у. Нимага умид қилишяпти?

– Биз унга тўғрисини айтиб ҳам кўрдик, у кулиб мени синамоқчи бўлаяпсизлар, соғлигимдан шубҳаланяпсизлар, – дея биздан ёзғирди, –  деди профессор. – Ақл бовар қилмайди, деганлари шу бўлса керак. Бу аёлнинг мияси эрининг ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотни қабул қилмаяпти.

– Аммо қачонгача бундай давом этади. Умрбод шундай бўлиб қол­майди-ку.

– Назарий жиҳатдан шундай. Бир неча кун аввал у доимгидек жомадонини саранжомлаётганда ҳамшира уни қайтаришга уриниб кўрди. Пешайвондан туриб мен унинг юз-кўзидаги ифода ўзгаришини кузатмоқчийдим, ишонсангиз, бутун муолажа даврида биринчи марта мазаси қочди. Юзлари тортишиб, кўзлари ялтиллаб, овози бўғилиб қолди, ҳамширадан ёлғон айтаяпсан, деб шунчалик ҳам ҳиссиз оҳангда сўради-ки… Аҳвол жуда чатоқ эди, яна бир дақиқадан кейин беозор даволанувчининг ўрнига қаттиқ жазавага тушган оғир беморни палатага олиб кириб ётқизишга тўғри келарди. Ана шунда мен ҳамширага уни пешайвонга олиб чиқишни буюрдим.

Профессор Пири ҳамширалар ва санитар кузатувида Кинг хонимнинг палата сари қайтиб келаётганини кўриб жим бўлиб қолди. Кинг хоним тўхтаб профессорга сўз қотди:

– Яна эримни иши чиқиб қолибди, афсус, лекин эртага албатта келаман, деб айтиб юборибди. Шунча кутган одамга бир кун нима деган гап!

– Тўғри айтасиз, хоним.

– Бориб кийимларимни ўзгартирай, эртагача ғижимланиб қолмасин яна. – У шляпасини қўлига олиб синчиклаб кўздан кечира бошлади. – Қаранг, доғ тегибди, артсам кетар, балки Жорж пайқамас?

– Ишонтириб айтаманки, пайқамайди.

– Яшанг доктор, эртагача кутишга тўғри келаётганидан зиғирча хафа бўлмаяпман. Бир кун кўз очиб юмгунча ўтиб кетади.

Шифокорларнинг ўзлари ёлғиз қолганда ёшроғи оғир сўлиш олди:

– Балки болалари… бир эмас,  иккита боласи бўлса.

– Болаларини асраб қолармикин?!

– Шу дарддан кейин унинг бутун умиди мана шу саёҳат бўлиб қолганди. Шу умиддан маҳрум қилинса,  у яна ақлдан озиши мумкин; натижада ҳаммасини қайтадан бошлаш керак бўлади.

– Умид қилса бўладими?

– Бу хусусда бирон нима дейиш қийин. Мен бугун нима сабабдан ­пастга тушишга рухсат беришганини аниқламоқчи эдим, холос.

– Токайгача давом этади бу?

– Нима ҳам қилардик, – деди профессор Пири. – Ажойиб кунларнинг бирида эрининг кириб келишига умид қилишдан ўзга илож йўқ…

Шу ерга келганда дўстимиз бирдан ҳикоясини тўхтатди. Уни ҳоли-жонига қўймай қайта-қайта сўрасак, бу ёғи унчалик қизиқ эмас – ҳар қандай раҳм-шафқатнинг ҳам чегараси бор, беморларнинг инжиқлик­ларига касалхона ходимлари кўниколмайдилар, деб жавоб қилди.

– У ҳалиям эрини кутиб олишга чиқадими?

– Ҳа, ҳаммаси ўша-ўша, лекин энди бошқа беморлар, янги келганларни ҳисобга олмаганда, унга эътибор бермай қўйишган, кўйлаги эса худди кеча сотиб олгандек яп-янги. Ҳар сафар бирозгина дили сиёҳ бўлади, лекин сездирмасликка ҳаракат қилади, ўзини-ўзи юпатади. Фикри ожизимча, у ўзини бахтиқаро аёл деб ҳисобламайди. Буни қарангки, унинг қисматини кўрган бошқа беморлар шукур қилишади. Худо ҳаққи, бўлди қилайлик, бояги тошхоналар ҳақидаги мавзу минг марта яхши эди.

 

Рус тилидан Шоира Абдураҳмонова таржимаси

2020/3

 

 

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi