Маънавий суд жараёни
СЎНГСЎЗ
1986 йилнинг 7 апрель куни биз ёру биродарларимиз билан уч-тўрт киши бўлиб Симферополь шаҳридан чиқиб Феодосия шоссеси бўйлаб кетмоқда эдик. Таксидаги соат эрталабки ўнни кўрсатар, ҳайдовчи Василий Фёдорович Лесних, олтмиш ёшлар атрофидаги қизил юзли, бошидан кўп азоб-уқубатларни кечирганиданми, мовий кўзлари хира тортган оғир-босиқ киши ўзининг мудҳиш қиссасини қайта-қайта сўйлаб борарди. Худди шу ерда, шаҳар остонасида, 10-чақиримда уруш пайти 12 минг киши отиб ўлдирилган эди.
“Биз болалар, мен ўшанда ўн ёшда эдим, томоша қилишга югуриб боргандик. Уларни усти ёпиқ машиналарда олиб келишди. Ҳаммаларини қип-яланғоч қилиб ечинтиришди. Шоссе ёнидан танкка қарши хандақ қазилган эди. Хуллас, ана шу хандақ ёқасида уларни пулемётда қириб ташлашди. Даҳшатли доду фарёд, нола-ю фиғон кўкни тутган, само ҳам инграётгандек эди. Декабрь ойи. Ҳаммаси калишини ечган, неча минглаб калишлар қалашиб ётарди. Шосседан ўтаётган аравалардаги кайфи тароқ фашистларда уят бормиди дейсиз! Улар бизни илғаб қаторасига ўқ узишди. Дарвоқе ёдимдан кўтарилибди – кичкина стол бўларди, шу ерда маҳбусларнинг паспортларини олишди. Бутун саҳро паспортларга тўлиб кетганди. Кўпларини чалажон кўмиб юборишди. Тупроқ гўё ҳансирарди. Кейин биз саҳрода этикмойи қутичасини топиб олдик. Оғирдек туюлди, очиб кўрсак, ичида олтин занжир билан бир жуфт танга бор экан. Демак, бир оиланинг бор жамғармаси. Одамлар энг қимматбаҳо нарсаларини ўзлари билан ола келишган. Кейин эшитишимча, кимлардир бу мозоротни очиб, олтин “қазиб” олибди. Ўтган йили уларни суд қилишди. Бу ёғи энди ўзингизга маълум!..”
Менга маълумгина бўлиб қолмай, бу ҳақда мен “Ҳирс” деган достон ҳам ёзгандим. Иккинчи томондан сарлавҳа учун “Хандақ” сўзи ҳам тинчлик бермай келарди. Мен гувоҳларни сўраб-суриштирдим. Бор танишлар архив ҳужжатларини кўрсатишди. Достон ниҳоясига етган бўлса-да, барибир тинчлик бермасди. Қирғин рўй берган жой ҳеч кўз олдимдан кетмас, қайта-қайта боргим келарди. Ҳолбуки, саҳронинг ястаниб ётган алафзорларидан бошқа у ерда кўрадиган нима ҳам бор?
“Менинг қўшним бор, Валя Переходник деган. Шунча одамдан ёлғиз ўшагина қутулган бўлса ажабмас. Уни йўлда онаси амал-тақал қилиб машинадан тушириб қолдирган”.
Тушамиз. Василий Фёдорович ҳаяжонланади.
Босқинчилар дастидан қурбон бўлганлар ҳақидаги ёзув битилган, қачонлардир сувалган, айни пайтда ҳаммаёғи дарз кетган, чўккан ғариб устун хотирадан кўра кўпроқ унутиш, лоқайдликни билдиради.
“Суратга тушамизми?” дея шеригимиз фотоаппаратини олди. Ёнимиздан шоссе бўйлаб “МАЗ” ва “Жигули”лар оқими ўтди. Буғдойзорнинг зумрад тўлқинлари уфққа бош уради. Чапда, тепаликнинг хилват гўшасида кўримсизгина қишлоқ қабристони жойлашган. Хандақ аллақачонлар текислаб ташланган, ўт-ўланлар кўкариб ётибди, бироқ шосседан бир ярим чақиримча ён томонга кетган хандақ тархини ҳозир ҳам илғаш мумкин эди. Гуллай бошлаган тоғолчанинг новдалари хижолат чеккандай оқариб турибди. У ер-бу ерда акас дарахтлари қорайиб кўринади.
Биз қуёш иссиғида лоҳасланиб, шоссе бўйлаб секин-аста юриб борардик.
Ва бирдан! Ие, бу нима?! Йўлда, ям-яшил дашт ўртасида янги қазилган ўра қорайиб кўринарди: тупроқ намлигича турибди ҳали. Ана, шунга ўхшаш яна бир ўра. Теварак-атрофда қорайган суяклар, чириган кийимлар уюми. Дудлангандай қоп-қора каллалар. “Лаънатилар, яна қазишяпти экан!” – Василий Фёдорович бутунлай чўкиб қолди.
Буларни – кинохроникада эмас, гувоҳларнинг ҳикоялари ёки ваҳм тушда эмас – худди шу ерда, шундоқ ўз кўзимиз билан кўраётган эдик. Ҳаммаси яқиндагина қазилган. Ана, бош чаноғи. Яна, яна. Иккитаси кичкина, болаларники. Ана, яна бирови – катта одамники. Майдалаб ташланган. “Бу – ўшалар, қоплама олтин тишларни омбур билан суғуриб оладиган ўша лаънатиларнинг иши”.
Аёллар киядиган бужур этикча. Сочлар, сочлари билан калладан шилиниб қолган бош териси, ўрилган ҳолда сақланган қизалоқнинг сарғиш кокиллари, ё Худо, Худойим, Художоним, бу нима, булар нима ахир?!. Кокилчалар шу қадар маҳкам ўрилган эдики, ўша мудҳиш саҳарда отишлардан олдин нимадандир умидвор-илҳақ бўлгани, кўз тиккани шубҳасиз эди!..
Лаънатилар! Йўқ, бу бадиий тўқима эмас, ўйлаб топилган қаҳрамонлар ёки жиноий хрониканинг саҳифалари эмасди бу. Бизнинг катта йўл бўйида, одамларнинг бош чаноқлари уюми қошида турганимиз рўйи-рост ҳақиқат эди. Қадимги ваҳшийлар эмас, йўқ, ҳозирги замонда яшаётган кимсалар қилишган бу ишни. Даҳшат, нақадар даҳшат!
Лаънатилар шу ўтган тунда кавлашган. Ерда фильтрли синиқ сигарет ётибди. Ҳатто нам тортиб улгурмаган ҳам. Унинг ёнида автомат ўқининг кўкаринқираган мис гильзаси. “Немисларники”, дейди Василий Фёдорович. Кимдир уни қўлига олади, бироқ юқумли касаллик хавфини ўйлабми – дарров қайтиб ташлайди.
Каллалар уюми – оламнинг бу мунгли жумбоқлари узоқ вақт ер қаърида ётганидан дудланган йирик қўзиқоринлардек тўқ малла тусга кирган эди.
Маҳорат билан қазилган шахта-ўраларнинг чуқурлиги – икки одам бўйича келади, бировининг тубида ичкарига қараб лаҳим-йўлак кетган. Иккинчисида – тупроққа кўмиб яшириб қўйилган сопи калта белкурак – демак, бугун қазишмани давом эттириш учун яна келишади!
Даҳшату ваҳшат ила, гўё булар ҳаммаси қўрқинчли тушда бўлаётгандек, ишонмай бир-биримизга қараймиз.
Катта серҳаракат йўл ёқасида одамзод суяк-скелетларини кавлаб ўтириш, фаралар ёруғида каллани майдалаб, олтин қопламаларни омбурлар билан суғуриб олиш учун одам боласи нақадар пасткаш, маънавий жиҳатдан нақадар тубан ва бузуқ бўлиши керак. Айниқса, ҳеч кимдан яширинмай, изларини ҳам йўқотмасдан очиқ-ойдин қолдирганлари, бу ишни ҳеч нарсадан тап тортмай намойишкорона қилганлари ажаблантиради кишини. Шосседан машиналарида бамайлихотир ўтаётган одамлар бўлса эҳтимол кулгига олишгандир: “Яна кимдир у ерда тилло қазияптими?..” Ҳамма ақлдан озганми, нима бало?!
Ёнгинамизда ерга қоқилган қозиққа суқиб қўйилган тунука лавҳада эса ёзув: “Қазиш мумкин эмас, кабель ўтган”. Одамларни қазиса майли! Кабель одамлардан азиз бўлдими, нима? Бундан чиқдики, ҳатто суд жараёни ҳам бу лаънатиларга заррача таъсир ўтказмаган ва, қолаверса, кейинчалик менга айтиб беришларича, судда марҳумларнинг тақдири ҳақида эмас, фақат жиноятчилар хусусидагина гап борган. Эпидстанция-чи, қаёққа қараяпти? Бу ўралардан ҳар қандай юқумли касаллик чиқиб тарқалиши, эпидемия ўлкага зиён етказиши мумкин-ку, ахир! Даштда болалар юрибди. Маънавий эпидемия – тубанлик ўлати тарқалса нима бўлади?
Қабрларни эмас, йўқ, бу ерда гап жирканч металлнинг арзимас мисқолларида ҳам эмас, руҳ ва маънавиятни, ўлганларнинг хотираси, ўзларининг, сизнинг маънавий бойликларингизни ўғирламоқда улар!
Милиция шоссе бўйлаб ҳамён илинжида ҳайдовчиларнинг ортидан қувгани-қувган, бу ёққа бўлса қиё ҳам боқмайди. Ҳеч бўлмаганда пост қўйишса бўлармиди. 12 минг марҳумга битта пост нима деган гап! Инсон хотираси муқаддас. Нега энди бу табаррук мозоротни юридик жиҳатдан ҳимоя қилиш билан бирга маънавий муҳофазасини ҳам ўйламаслик керак? Бир ишорат айланг, кўрасиз, энг яхши ҳайкалтарошлар муносиб ёдгорликни ўрнатишади. Токи бу муқаддаслик одамларга таъсир қилсин, ўйлатсин.
12 минг марҳум шунга муносиб. Биз, тўрт киши, ўнинчи чақиримда турибмиз. Бу шармандаликдан хижолат тортяпмиз, нима қилмоқ керак, дея тинимсиз савол беряпмиз. Балки дахлсиз кўкаламзор барпо қилиш лозимдир ёки мармар кошинлар билан қоплаб атрофини чегаралаб қўйиш керакдир? Номлар ҳам ёдга олинса ёмон бўлмасди. Айнан нималигини билмаймиз, бироқ ҳаялламасдан зудлик билан нимадир қилиш керак.
Шундай қилиб мен қайта кўтарилган ўтган йилги 1586-иш билан яна тўқнаш келдим.
Қайга, қаёнга элтяпсан, хандақ?..
МУҚАДДИМА
Минглаб каллаларга қараб айтаман:
Наҳот ақлимизни едик батамом?
Биз чўлда турибмиз жим.
Шосседа кетар Қрим.
Миямгача зирқиради ногаҳон менинг бошим.
Ёнимда дудланган қўзиқориндай
Бош чаноғи турар эди – қорайган аъзо.
Калла эмас гўё муштдай истеҳзо.
Мен англадим
Аллақандай махфий бирликни –
Бу ғаройиб ҳолатни биз шунда билдикми –
Бош чаноғин аппарати билан биз аро
Симсиз телефонлар сингари
Қандайдир сўзлашув кетарди гўё.
– …Марья Львовна, алло!
– Она, бу қандай бало?..
– Яна бўрон, космик мавжлар айлар ғалаён…
– Александр, тинчидингми? – Фёдор Кузмич,
ёмон…
– Бу қандайин жараён?..
Каллалар. Каллалар.
Амир Темур, жаҳонгир мақбараси.
Очмангиз қабрларни!
Янги жаҳон уруши бошланмасин ногаҳон.
Чопманг белкурак билан
маънавий томирларни!
Бир офат тарқалгайки ўлатдан ҳам у ёмон.
Симферополь воқеаси ҳали тугагани йўқ.
Замонларнинг кўприги бўлиндими бедарак?
Дўхтирларни чақиринг!
Мен “ҳирс” деб атаганим маънавий тубанликни
қандай қилиб олдини олмоқ керак?!
Қандайин шоирсан сен, эл дардини билмасанг?
Анграйиб қолдинг нечун, топсанг-чи бирор тадбир?
Ўн икки минг жуфт кўзнинг шундоқ рўпарасида
Чорасини топ ахир, сафсата сотма ахир!
Старшина, фалокат!
Сен қарагин, мамлакат –
Окоплардан ўғлин таниб онаси чақирадир.
Атроф-муҳит тўзонида бугун яшамоқ даҳшат,
Маънавий нопок муҳит ундан даҳшатлироқдир.
Мен қаерда бўлмайин,
неки ўқимайин мен –
Симферополь хандағига элтгайдир доим йўлим.
Қорайиб бошчаноқлари ўтаверар, ўтаверар,
Ёруғ ақлу идрокларнинг қаро қисмати бўлиб.
Ва мен шеърлар айтганимда заллар, стадионларда,
Бундан кейин сезиб ўтгай энди ҳар гал нигоҳим:
Қароғларин менга қадаб умидвор, тўрт томондан
ўн икки минг жуфт кўз қараб мўлтираб турар доим.
(Давомини журналдан ўқийсиз)
Рус тилидан Сирожиддин Саййид таржимаси
2021/4