Ўзимга ҳам ёқмайдиган одатларим ҳақида сўз бошласам, анча-мунча вақтингизни олишим тайин, шу боис, ёқадиганлари ҳақида ёзақолай. Улардан бири – ёшлигимдан китоб ўқишга қизиққанман, ўзимда бўлмаса, томорқа ишларига қарашвориш, даладан бир боғ ўт ўриб келиш, иншо, баён ёзишга кўмаклашиш эвазига бўлса-да, бошқалардан бир-икки кунга олиб ўқирдим. У пайтлари китоб анқонинг уруғи эди. Тили бийрон болалар овоз чиқариб ўқишса, қолганлар диққат билан эшитардик. Қўшни қишлоқ кутубхонасига бориб, китоб ўқиб келган пайтларим кўп бўлган.
Шу одатимдан воз кечмадим. Ҳар куни бир нима ўқимасам бўлмайди, ўзимни зўр бир янгиликдан қолиб кетаётгандай ҳис этаман. Яна бир одатим – ҳаво айниб, самолёт уч-тўрт соат, баъзан бундан-да кўп вақт кеч учса, поезд кечикса, амалдорларнинг қабулхонасида қолиб кетсам, ҳокимбуваларни уззу-кун кутишга тўғри келса, олди-қочди тадбирларда зериксам мутлақо асабийлашмайман, шовқин солмайман – портфелимдан китоб, журнал ёки ҳафталик газета олиб, ўқишга тутинаман, қоғозга бир нималарни ёза бошлайман. Бунинг роҳатига нима етсин.
1996 йили бир гуруҳ журналистлар Ҳиндистон – Шри Ланка саёҳатидан қайтаётганимизда, ёмғир мавсуми бошланиб, океан жунбишга келгани боис, Коломбо аэропортида парвозга шайланаётган самолёт ичида ярим кун қолиб кетдик. Хорижий авиакомпаниялар бундай ҳолатларда йўловчиларни зериктиришмайди. Аммо “Аэрофлот”да ўрнатилган тартибга кўра, ташқарига чиқиш мумкин эмас – кексамисиз-ёшмисиз, соғмисиз-бемормисиз – жойингизда ўтиришингиз керак.
Асаблар таранглашди, ҳинд океанининг икки қирғоғида мириқиб чўмилганимиз, йил давомида пешма-пеш мева тугадиган анвойи дарахтларни кўрганимиз, Будданинг оловдан омон қолган бир дона тишига бағишланган машҳур ибодатхонани томоша қилганимиз, Элифанта оролида минглаб тошйўнар усталар салкам бир аср давомида, табиийки – оталар бошлаб, сўнг болалар, кейин набиралар, набираларнинг набиралари ниҳоясига еткизган тоғ ичидаги маҳобатли қасрлар олдида ҳайратдан лол қолганимиз, бошқа шу каби таассуротлардан асар ҳам қолмади. Бетоқат йўловчилар учувчиларга нималар дейишмади, нималарда айблашмади дейсиз уларни. Дағдаға, сўкинишлар бошланди.
Ноябрнинг сўнгги кунлари. Боғлари-ю тоғлари, қир-далалари анвойи гуллар билан қопланган Коломбодан қиш заптига олаётган изғиринли Москвага учишимиз керак. Шундай бўлса-да, кўпчилик бу мўъжизакор юртни тезроқ тарк этгиси келиб, шовқин солади. Мен эса… ёнимдаги дафтарчанинг бўш саҳифаларига майда ҳарфларда саёҳат таассуротларини ёза бошлайман. Асабни сақлашнинг бошқа йўли йўқ.
Тавба дейман – ҳамма асабий, оғзига боди кириб, шоди чиқяпти, менга эса фикрлар, хаёлимда йўқ ибора-ю ўхшатмалар, хулосалар қуюлиб келмоқда. Ёнимда ўтирган истеъфодаги рус офицери стюардессаларни биз зум бўлсин тинч қўймайди – музли сув, вино, коньяк сўрайди, нега пиво йўқ, дея ўдағайлайди, “Не кўйларга тушдинг-а, юртим”, дейди, бироз тинчлангач яна бир нималарни буюради, йўқ дейишса, ёнидан валюта чиқаради. Мен эса шу ҳолатда ҳам йўловчиларга кулиб муомала қилаётган стюардессалардан… қоғоз сўрайман, блокнотим аллақачон тўлиб бўлган.
Ушбу хотираларни эслаётганим – соғлиқни тиклайдиган пайт келиб, сиҳатгоҳда жой бўшашини бир ҳафта кутиб қолдим. Шаҳарнинг бир четидан иккинчи четига бориш учун ҳам унча-мунча тайёргарлик кўриш керак. Жомадон тайёр, хабар келиши билан жўнаймиз.
Хабар бир ҳафтадан кейин келди. Унгача адабиёт ихлосмандларига номи унча таниш бўлмаган (балки менга шундай туюлгандир) Абдужалол Раҳимнинг Абу Али ибн Сино ҳақидаги романини ўқиб, ярмига етказдим. Мутолаага шундай берилдимки, кучайиб бораётган оғриқни деярли сезмадим, асар воқеалари ичига сингиб кетгандай бўлдим. Ҳар бир киши ўз душманини, ҳар бир нарса ўз зиддини ўзи яратади, деган гап бағоят тўғри. Истеъдодсизлар истеъдодлиларга, омадсизлар омадлиларга, беҳаёлар ҳаёлиларга, имонсизлар имонлиларга қарши кураш бошлашади. Бу жанг ҳеч қачон тугамайди – омад кулфатга, истеъдод азобга айланганида ҳам.
Асарнинг 316-саҳифасидаги “Ёз кунларининг соҳир бир тонгида Абу Али ибн Сино Бухорони бир умрга тарк этиб, Жайхун дарёсининг сўл соҳилидаги Гурганж сафарига отланди”, деган якуний жумлага етиб келганимда, худди шуни кутиб туришгандай сиҳатгоҳдан қўнғироқ қилишди.
Ўн кунлик даволаниш бошланди. Ўқиш учун портфел ичига бир-иккита китоб солиб қўйган эдим, биринчи куни баъзи муолажалардан ўтиб бўлгач, Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Саҳродаги муҳаббат” тўпламига кирган уч ҳикоя – “Мих”, “Банди”ва “Бой”ни бир-бирига улаб ўқидим. Оддий, жўнгина воқелар қаламга олинган, аммо бадиий ифода шу қадар аниқ ва ишонарлики, худди фильм томоша қилаётгандай бўласиз.
Бу услуб менга аввалдан таниш. Пойтахтда каттакон бўлиб кетган собиқ ўқувчисининг тўйига кўпчилик номидан келган кекса ўқитувчини эсласангиз керак. Газетчи муҳаррирлигимда Абдуқаюмнинг шу ҳикояси якунини бироз “ишлаганман”, “Биродар, наҳор ошнинг ҳам айрим ижобий томонлари бор, кўз-кўзга тушиб туради, унча-мунча ишни битириб олиш мумкин”, деганман. Муаллиф чинданми ё одоб юзасиданми, рози бўлган. Бу сафар эса “Банди”ни ўқиётиб, Абдуқаюмнинг маҳорат тўрига лаққа тушдим.
Салтиков-Шедриннинг бошқа муаллифларда деярли учрамайдиган бир одати бор – асарларини мириқиб ўқиётган китобхоннинг бурнига кутилмаганда мушт тушириб қолади: “Ҳой сўтак, сен ҳали менинг шу гапимга ишониб турибсанми, бу одам мен айтганчалик ёмон эмас, сенга ўхшаган қовоқ каллалар шундай деб ўйлашади, ҳе фаросатингга…”, дейди. Абдуқаюм ҳам бу “марҳамат”дан четда қолмаган, чоғи.
“Банди”нинг қисқача мазмуни шундай: “Асрорқул ўғирлик қилиб қамалиб кетади. Қамоқхонада ҳаётда анча кам учрайдиган воқеа юз беради: у қилмишидан пушаймон бўлиб, тартиб-қоидага риоя қилади, оиласини ўйлаб, ишлайди ва дурустгина даромад топиб, муддатидан илгари уйига қайтади. “Мен у ёқдан бошқача одам бўлиб қайтдим… Сен бор, болаларим бор, қадрларингга етадиган бўлиб қайтдим. Энди ҳаммаси бошқача бўлади, мана кўрасан, ўйлаб қўйган режаларим бор”, дейди у хотинига ва… бозорга йўл олади. Орадан бир ош пишиғи вақт ўтгач, қўйни-қўнжини тўлдириб, хотинига тилла сирға сотиб олиб, хурсанд ҳолда уйига қайтади. Аммо ҳовлига яқинлашганида кутилмаган воқеа юз беради: қўшниси Файзулла домла Асрорқулнинг бошига таёқ билан уради, ерга ётқизиб, аёвсиз дўппослайди, “Ўлдираман, ифлос, ялангоёқ, ўғри эдинг, ўғрилигингча қолибсан”, деб маҳаллани бошига кўтаради. Нима воқеа юз берганини тушунмай турган қўшниларга: “Одам бўлмапти, бу эгри таёқ, машинамнинг бардачогида пул бор эди, шуни ўғирлабди. Кеча қамоқдан келган одам тилла тақинчоққа, яна шунча бозор-ўчарга пулни қаердан олади”, дейди…
Шу жойга келганда хаёлим бузилди, “Асрорқул ўғрилик қилиб қамалган бўлса, кеча уйига қайтган, қараса дарвоза олдида қўшнининг машинаси турибди, эшиги очиқ, бардачокда пул, демак…”, деб ўйладим ва қаттиқ янглишдим…
Қолган икки ҳикояда ҳам мана шундай одамни янглиштирадиган жойлар бор. Хижолат тортиб қолмаслик учун уларни синчковлик билан ўқиш керак.
Ҳикоялардан сўнг Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Ёлғиз” деб номланган қиссасини қўлимга олдим. Шифокорлар, “Кўп ўқиманг, кўзингиз чарчайди”, дейишганди, аммо бу китобда мени муаллиф эмас, унга сўзбоши ёзган Шуҳрат Ризаев чалғитди. Олим дўстимиз менинг шифохонага отланаётиб, “Ёлғиз”ни портфелимга солиб қўйишимни аввалдан билгандай, сўзбошини нима деб бошлабди денг: “Октябрнинг биринчи шанбаси. Тонг. Ёлғизман. “Ёлғиз”ни ўқияпман. Италияда – Ўзбекистон элчихонасининг пастак ёлғизхонасида ўқиб тугатдим қиссани. Уйда, тонг-ла саҳарда ёлғизхонам – ишхонамда киришган эдим мутолаага, сўнг бафуржа ёлғиз қолиш имконияти топилмади. Қарангки, насиб шу ерда экан”.
Бу ҳам майли, ҳали қиссани ўқий бошлаганим йўқ, аммо сўзбошидаги мана бу жумлалар эътиборимни тортди-қўйди: “Сўз бугун қадрият эмас. Сўз айтиш ҳам. Кимнинг оғзига нима келса, ёзиб ётибди тармоқларда…”
“Ёлғиз” Абдулла Қодирийнинг бошига тушган кулфатлар, ёзилмай қолган асарлар, аянчли фожиа ҳақида. Бу улуғ адибнинг номини эшитмаган, романларини ўқимаган, “Ўткан кунлар” фильмини томоша қилмаган ёш ёки кексани топиш қийин бугун. “Шавла кетса кетсин, обрў кетмасин”, деган гап бор. Эндиликда қаерда сўров ўтказилмасин, амалдор, тижоратчи, солиқчи, божхоначи, ҳуқуқ-тартибот соҳаси ходими – аксарият улус ўқиган китоблари рўйхатига “Ўткан кунлар”ни, албатта, киритади. “Бу китобни ўқимаганман” дейиш карьера йўлига тўсиқ бўлиши мумкин. Сиҳатгоҳ шифокори Шоирахонимнинг кулиб айтишича, яхшигина лавозимга ўтиш учун суҳбатга келган номзод: “Ўзбек ёзувчиларидан кимларни биласиз, қайси асарларини ўқигансиз”, деган саволга: “Абдулла Қодирийнинг “Меҳрибон чаён” китобини ўқиганман”, деб жавоб берган экан.
Майли, бу ҳам бир уриниш-да, қолаверса, бир раҳбарнинг Абдулла Орипов ижодини узоқ мақтаб, пафосли сўзлар айтиб бўлганидан кейин шоирнинг елкасига меҳрибонларча қўлини қўйиб, “Ака, хафа бўлманг, ким нима деса десин, аммо сиз “Сен етим эмассан”ни, барибир, зўр ёзгансиз”, деганидан анча енгил.
Қиссани ўқий бошлайман. Ғаройиб услуб. Ҳамма ёзувчининг ўзига хос ифода йўли бор, шу жиҳатдан улар бир-бирларидан фарқланиб турадилар. Хуршид Дўстмуҳаммадга ҳам тааллуқли бу гап. Аммо Шуҳрат Ризаевнинг фикрича, Хуршид учун “ҳар асарда услуб билан бирга ўз ижодий манерасини топиш муҳимроқ”. Тўғри кузатув. Муаллиф бу мақсадга эришиш, қўшиқнинг охиригача пардадан чиқиб кетмаслик – саҳна тили билан айтганда – образда туриш учун, биласизми кимни… Абдулла Қодирийнинг ўзини ёрдамга чақиради, халқона ибора билан айтганда, “сопини Жулқунбойнинг ўзидан чиқаради”.
“Ёлғиз”нинг мазмунини баён қилиш ниятим йўқ. Қиссани ўқиган ўқувчи ҳаммасини тушуниб олади ва, ишончим комилки, худди мен каби, мутолаа жараёнида унинг кўнглига ҳам кўп ғаройиб фикрлар келади. Бадиий асарнинг бош хусусияти ҳам шу – ўқувчида ижобий, салбий, ҳиссий-эмоционал фикр уйғотади, шу аснода кўнглига қўл солади. Хуршиднинг бу галги услуб-манерасида асар қаҳрамони ва муаллифнинг фикрлари қоришиб кетган, бир-биридан ажрата олмай ҳам қоласиз. Мана, дастлабки мисол: “Чорсу бозоридан чиқиб, уйи томон йўл олган Абдулла (Қодирий) дам “Муштум” муҳаррири хонасида бўлган сермубораза машваратни ўйлаб кетар, дам боягина бозорда ўз кўзи-ўз қулоғи билан кўрган-тинглаган ҳангамаларни қай йўсинда қоғозга тушириш йўлини изларди. Халқ билади, айтади, ёзмайди, холос. Биз эса халқнинг билганини, айтганини излаймиз, топамиз, эшитамиз ва у(лар)ни қоғозга кўчириб, халқнинг ўзига ўқитамиз. Мардум ўзи билган ва айтиб юрадиган гапларни ўқигани сайин матбуотга қизиқиши ортади, қўлма-қўл қилиб ўқийди”.
Бу гаплар кимга тегишли? Очиқ ва аччиқ мақолалари улусга маъқул бўлаётганини ҳис эта бошлаган Қодирийгами ёки бугунги матбуотимиз муаммоларини жиддий ўрганган, хусусан, газета-журналларимиз нега қўлма-қўл бўлиб ўқилмаётгани, номдор газеталар нега энди “халқ билиб-кўриб турган нарсалар”, муаммолар, маънавий айнишлар, эл-юрт мулкини ўмараётганлар хусусида ёзмаётганидан ташвишланиб, биз муҳаррирларнинг бурнига шедринона мушт тушираётган Хуршидгами?
Битта черткига ҳар қандай бурун дош бера олади, аммо у кўпайиб кетса-чи? Мана, ўқинг: “Одамларни газит-журналга жалб этишда мақсад-маслак бўлмоғи даркор. Қуруқ газитхонлик-журналхонлик билан иш битмайди. Басират кўзларини очмоқ лозим уларнинг. Қандоқ ҳаёт кечирмоқдалар, инсон қавми аслида қандоқ яшамоққа лойиқ – биладиларми шуни улар?” Яна: “Абдулла… Мунаввар қорининг “Тараққий” газетида босилган мақоласини ёдга олди. Хўб ёзган, топиб ёзган, англаб етармиканлар деган ниятда аччиқ, қиличнинг тиғидек ўткир ёзган – дунёга нима учун келгонини билдирмоқликни кўзламоқ зарур, билсин ахир, одамларимиз! Билсин, билсин, кўзлар очилсин! Йўқ, яна бир карра, ўн карра йўқким, “…билмаслар, билмаганларини ҳам билмаслар… Буюк падаримиз Беҳбудий ҳаётини, умрини, жисми жонини гумроҳлар боши узра машъала ўрнида ёқди – билдиларми? Мунаввар қори, мавлоно Фитрат, Таваллони танийдурларми биз журналхонликка даъват этаётган қавм?”
Фикр келади: миллий матбуотимиз босиб ўтган тиконли, кундали йўлларни, ҳаво ўтмас панжараларни, Фурқатни, Ҳамзани, Завқий домлани, ҳеч бўлмаса сўнгги жадидларимизни бугун даврий нашрларга олазарак кўз ташлаётган, ғаройиб башоратлари билан машҳур бўлаётган “мутахассис”лар биладиларми, одоб билан айтганда, дутор чертишни билмаган киши дуторчи қизлар ансамблига раҳбар бўлса, ўша куннинг ўзида кулгига қолишидан хабарлари борми?
Бир томондан – бугунги адабиёт, санъат, матбуот, маънавий-маърифий нашрлар инсон бу ёруғ оламга нима учун келгани, қандай яшамоқлиги, ерни – ер, сувни – сув, ҳавони – ҳаво, инсонни – инсон мақомида сақлаб қолиш (Чингиз Айтматов) глобал вазифа бўлиб қолгани хусусида фикр юритмоқдами? Иккинчи томондан – босма нашрларнинг таназзули ҳақида чириллаётганлар миллатни яна қандай балоларга гирифтор қилишмоқчи? Олис ўтмишда илмнинг Элбрусдан баланд чўққиларига кўтарилиб, “Оврупо муаллимлари” мақомига етишган аждодларимиз меросидан бугун кимлар кўпроқ фойдаланмоқда: ўзимизми ё бошқаларми? Миллий тафаккурдан мосуво бўлиб, миллий тараққиёт йўлини йўқотганимиз, динимиз оёқости бўлгани, оқ олтин етиштирувчи олтин қулларга айланганимиз ёдимиздами? Тавалло бобо куюниб ёзганича бор:
Илму маърифат ҳам ҳунардан қолди маҳрум бизни халқ,
Маърифатсизлик балосига йўлиқғон бизни халқ.
“Офарин, домулло Тавалло, офарин! Аччиқроқ, чимдиброқ айтаверинг эмди ҳақ сўзни, Усто, аччиқроқ”, кўнглидан ўтказади Қодирий”.
Тавалло бобо, қачондир айни шундай хитоб бўлишини билгандай, янада хўброқ аччиқлашади:
Оврупо аҳли, сиз қулоқ тутингиз,
Биз ҳунарлар ёзуб тонуштирамиз.
Келтурунг занбарак, қурол неча хил,
Бизни собқон била отуштирамиз.
Афтомобил аробангиз қайда,
Ҳўқанд арба билан чопуштирамиз.
Аччиқ ёзиш изсиз кетмайди. Аччиқ ҳақиқат кимнингдир кўзини очади, фикри уйғонади, тафаккури бўй кўрсата бошлайди. Йўлчи каби (“Қутлуғ қон”) бозорнинг ўртасида, “юқоридан пастга, пастдан юқорига ўрмалаётган” одамлар орасида жисму жонини тарозига қўйиб, “Токайгача мундоқ яшаймиз”, дея чўқмордек муштини баланд кўтаради. Босқинчи бу муштдан ваҳимага тушади, вужудини қўрқув эгаллайди. “Элни тобе оломон даражасида ушлаб турмоқ, бошида қамчи ўйнатмоқ, оёғини тушовламоқ зарур”, деган фикрга келади. Мана, эшитинг. “Ёлғиз” қиссаси қаҳрамонларидан бири Карим қори бўлим мелиса идорасига келганида ўрис зобити бу ерга йиғилганларга шаҳарда ва, айниқса, бозор ичи ва унинг теварагида осойишталикни сақлаш муҳимлигини шундай тушунтиради: “Бозорда оломоннинг тўпланишига йўл қўймасликни эплолмаяпмиз. Саломлашсин-омонлашсин – рухсат, сотсин-олсин – рухсат, истаганича тиланчилик қилсин – ол, бунга ҳам рухсат, йўқ, бу халойиқни нима жин урган – билмадим, сал чалғисанг – тўдалашади, шовқин кўтаради, қўйиб берсанг, тўхтамай бир-бирини хабарлайди. Савдогаридан, лўттибозидан, қаландаридан гадосигача сиёсатдан сўқийди, сиёсатдан… Тўдалашма, (Карим қорига қараб) Ҳаромни нима дейди мусулмонларингиз? Ҳаромни… м-мак, макруҳ! Топдимми?! Тўдалашма, газетхонлик – макруҳ, деб фатво чиқаринг, олам гулистон! Қутуласиз-қўясиз” (Ё тавба, бугун бир раҳбар “Шеърхонлик, ғазалхонликни камайтирайлик деса, иккинчиси “Навоийнинг шеърларини (ғазалларини демоқчи) тиззаси йиртиқ жинси шимда ҳам ўқиса бўлаверади”, деб турибди – узвийлик борми, бор).
(Давомини 2021 йил 5-сондан ўқийсиз)
Аҳмаджон Мелибоев