Бир ҳовуч дур

yogoch_tuy

* Барча хазиналар жасоратли инсонлар йўлига кўмилган.

 

* Уйқусига халал бераётган чивинни тутган киши битта шерни тутган овчидан кам роҳат қилмайди.

 

* Бахтли бўлиш учун аввало бахт нима эканини билиш зарур.

 

* Олтин қулф на ўзини на хазинани қўриқлай олмади.

 

* Қишнинг кунлари иссиқ келса ҳам, барибир, у ёз бўлиб қолмайди.

 

* Ҳаёт баъзан шерга ўхшаб ўкириб, баъзан қуёнга ўхшаб аланглаб  яшашдан иборат чамаси.

 

* Бировнинг фожиаси  бировга томоша.

 

* Иродали бўлмоқ  қайсар бўлмоқ дегани эмас.

 

* Хайрли ишларни бошлагувчи бўлмасанг, хайрли ишларга эргашувчи бўл.

 

* Шу қадар кибрли одамлар борки, улар ерни ҳам мен яратганман деб қолмаса эди, деб чўчиб турасан киши.

 

* Қоронғида ёнар қурт гавҳардан жозибалироқ.

 

* Ёлғончининг тили олмахондан чаққон бўлса-да, бир кун тутилиб гувала бўлиб қолади.

 

* Аҳмоқ – бир камчилиги борлигидан эмас, бир қилиғи ортиқчалигидан аҳмоқ.

 

* Зулм нималигини биласизми? Билмасангиз, бахтли одам экансиз.

 

* Ўт билан сув фақат ошиқ-маъшуқлар кўзидагина бир пайтда мужассам бўла олади.

 

* Ит қутурса, аввал эгасини, одам қутурса, валинеъматини қопади.

* Оёқни ўлчаб, бошга кийим олинмас.

 

* Тутуруқсиз одамдан тутун яхши.

 

* Инсон ҳаётидаги энг буюк ғалаба муҳаббат йўлидаги ғалабадир. Энг оғир мағлубият ҳам муҳаббат йўлидаги мағлубиятдир.

 

* Уйда милтиқ бўлса, у албатта бир куни отилади, уйда китоб бўлса, у албатта бир куни ўқилади.

 

* Китоб устознинг устозидир.

 

* Бахтли бўлишни истасанг, кутма – бахт томон дадил юр.

 

* Бир ўқитувчим бор эди, у хеч бир ўқувчига “5” баҳо қўймасди. Мен ҳеч кимга бу фандан аъло баҳо қўймайман дер эди у. Бу – тарих фани эди…

 

* Ҳар қандай фарзанд олмос каби – тарошласанг гавҳарга айланади, ташлаб қўйсанг, оддий тошдан фарқи қолмайди.

 

* Бир онда бор умримни унутдим ва… бир умр ушбу онни унутолмай яшадим.

 

* Қайғу ва шодликда ўзини тута билган одамгина  бир маромда яшай олади.

 

* Яхшилик қилмоқчи бўлсанг, уни ҳозироқ қил, ёмонлиқ қилмоқчи бўлсанг, уни кейинга қолдир.

 

* Нега мендан хафа бўляпсиз? Нима, авлиё деб ўйлабмидингиз?

 

* Яхши-ёмоннинг фарқини билган кунингдан донолигинг бошланади.

 

* Биз ёшликнинг бегуноҳ йиллари фаришталардек тушимизда бот-бот  учамиз. Ёшимиз улғайгани сари эса бу лаззатдан маҳрум бўла борамиз – қанотимиз гуноҳларимизни кўтара олмай қолади.

 

* Бурғу олмосга эргашгани,  инсоният эса доноларга эргашгани учун йўл топиб боради.

 

* Муҳаббат шундай  гавҳари аълоки, у ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

 

* Кимлардир пул конига тушиб қолади. Бахт кони ҳам бормикин?

 

* Муҳаббатни таъриф-тавсифлаб поёнига етказган бирор шоирни билмайман. Қалам муҳаббат олдида ўз ожизлигини доим ҳис қилиб туради ва бу охиратгача давом этишига шубха йўқ.

* Дўст қидиришдан тўхтама, душман ўзи  келади.

 

* Самодаги юлдузларни санамаган одам йўқ, саноғига етган одам ҳам…

 

* Оёқларинг бир-бирини қувиб юришидан  ҳам катта бахт борми?

 

* Юрган сари йўл, улашганинг сари илминг кўпаяр.

 

* Ҳақиқат – оқиб турган дарё. Ўз йўлида тўсиққа учраса-ю, ундан ошиб ўтолмаса, шаксиз бошқа йўл топади.

 

* Мен ҳар куни қанча-қанча одамнинг йўлига интизор бўламан. Менинг йўлимга ҳам интизорлар бормикин?

 

* Бир тоифа одамлар борки, улар олмосдек  барқарор. Буларни фақат оловда ёқиб, кулга айлантириш мумкин. Бошқа тоифа одамлар борки, улар булутдек беқарор. Буларга бир “пуф” десангиз бас, шу ондаёқ тарқалиб, кўздан ғойиб бўлади.

 

* Бир гал қоронғи тун ғолиб, бир гал ёруғ кун. Униси бўлмасаям, буниси бўлмасаям, ҳаёт бўлмас эди. Оллоҳ оламни шундай яратган.

 

* Ёмон китобни ўқишга чидадиму, яхши китобни ўқишга тоқатим   етмаяпти.

 

*Қуёш ботиши билан дарҳол қоронғи тушмайди, бўрон тиниши билан денгиз ҳам дарҳол чайқалишдан тўхтамайди.

 

* Шер ғорга киришидан олдин мўйлаби билан ундан қайтиб чиқа оладими-йўқми, шуни  чамалайди.

 

* Ойнаи жаҳоннинг бир дастурида донишманд билан суҳбат, бош­қа ­дастурида маймунларнинг шохдан-шохга сакраши намойиш қили­наётган эди…  маймунни томоша қила бошладик.

 

* Кўчадагиларга ёқмай қолган уйидан паноҳ топади. Уйидагиларга ёқмай қолган-чи…

 

* Қуёшнинг чиқиши ва ботишини томоша қилиш жуда мароқли, чунки кўзинг қамашмайди…

 

* Қонун адолатни адолатсизликдан ҳимоя қилиш учун яратилади.

 

* Жаннатнинг ҳам, дўзахнинг ҳам эшиги то Қиёматгача барчага очиқ…

 

* Аблаҳларни авлиё-ю, авлиёларни аблаҳ деб билмоқдан Ўзинг асра, Парвардигор!

* Тиклаш энг қийин бўлган қаср – муҳаббат қасридир, бузиш энг осон бўлган ҳам муҳаббат қасридир.

 

* Ўқиган китобингиздан бир жумла бўлса ҳам ёзиб қўйинг.

 

* Барча дардни даволагувчи гиёҳ бўлмаганидек, ҳаётни тўлиқ қамраб олгувчи хикмат ҳам йўқ.

 

* Ҳикматни доно ҳам айтади ёвуз ҳам: доно ўзгалар фойдасини кўзлаб айтса, ёвуз ўз нафини кўзлаб айтади.

 

* Қўшнинг ёмон бўлса уйингни сотиб қутуласан; хотининг ёмон бўлса, ажрашиб қутуласан, феълинг ёмон бўлса-чи?..

 

* Заҳира йиғиш инсон, чумоли ва сичқонга хос. Шундан хулоса қилиб, инсон маймундан эмас, чумоли ё сичқондан тарқаган, десакмикин…

 

* Имон йўлида мол-дунё, уй-жой, амал-мартабадан кеч, аммо мол-дунё, уй-жой, амал-мартаба йўлида имонингдан кечма…

 

* Кўз кимга кўриш, кимга кулиш, кимга йиғлаш учун берилган.

 

* Биз – буюк халқмиз. Буюк халқ азим дарё кабидир. Азим дарё кичик бир тош тушса, чайқалиб кетмайди.

 

* Ёш бола кимнидир ёқтирмаяпти, бу – бесабаб эмас. Ёш бола кимнидир ёқтиряптими, бу ҳам бесабаб эмас.

 

* Йўқотманг донолигингизни! Доноликни йўқотиш бебаҳо бойликни йўқотишдир…

 

* Эй, сиз – нотавон! Ўзингизда ҳам фикр борми ёки фақат гадойчилик қиласизми?

 

* Товуқнинг бўйнига хўроз деган диплом илсангиз, хўроз бўларми? Хўроз бўйнига товуқ дея диплом ёпиштирсангиз, тухум қиларми?

 

*Вақти-соати етгач, боғбон ҳар қанча уринмасин, гул барибир сўлади…

 

*Аслида, бир боғ пиёзнинг бир даста гулдан фойдаси кўп…

 

*Одам бўлиб туғилиш  – мўъжиза! Одам бўлиб қолиш эса мўъжизанинг  мўъжизаси!

 

* Кимки инсоният дардини ўз дарди деб билмаса, у – инсон эмас!

 

Мансурхон ТОЙИРОВ

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi