Чарльз Диккенс ҳозир столимда турган қайдларида бир пайтлар “Barnaby Rudge” романининг ички қурилиши борасидаги менинг таҳлилимга ёндашиб, шундай ёзади: “Дарвоқе, Годвин “Калеб Уильямс” романини охиридан бошлаб ёзганига эътибор берганмисиз? У дастлаб асарнинг иккинчи жилдида қаҳрамонни бутун бошли гирдоблар орасидан олиб ўтади, кейин эса, биринчи жилдни ёзиб, аввал, иккинчи жилдда тасвирланган воқеа-ҳодисаларни тавсифлашнинг турли йўлларини ўйлаб топишга уринади”.
Том маънода Годвин ижодда prese – айнан шу тарзда иш тутган, деган фикрдан йироқман – шунингдек, унинг бу тўғрида айтган гаплари жаноб Диккенс тахминларига мутлақо мос келмайди; – қолаверса, “Калеб Уильямс”нинг муаллифи ижодий услубларнинг барча икир-чикиригача пухта эгаллаган моҳир адиб эди. Шак-шубҳасиз, ҳар қандай асарнинг режаси, агар режа деб аташга лойиқ бўлса, шу даражада ишлаб чиқиладики, қўлга қалам олмасдан олдин ҳеч қурса, ечимга аниқлик киритиб олинади. Пировард ечим ҳамиша диққат марказида сақланиб, барча воқеа-ҳодисалар унга мувофиқ, асосий мақсад сари сабаб ва оқибат изчиллигида ёзилади.
Менингча, ижодкорлар одатда амал қиладиган юқоридаги сингари ҳикоя қилиш услубининг нотўғрилиги унинг туб илдизидадир. Биз – ёки бирон тарихий воқеани асос қилиб оламиз ёки шу кунларда содир бўлган қандайдир ҳодисадан завқланамиз, ёки ундан ҳам қизиқроқ, ақлни шошириб қўядиган шов-шувли нарсани тўқиб чиқарамиз-да, уни ҳикояга айлантириб, пухта ўйлаб, суҳбатлар, далиллар ва хатти-ҳаракат етишмай қолган ўринларда шахсий фикр-мулоҳазаларимизни қўшиб қоғоз қоралаймиз.
Мен эса, ижодий ишни таъсир омилларини аниқлаб олишдан бошлашни маъқул кўраман. Ўзига хосликни бир лаҳза ҳам назардан қочирмаган ҳолда ўзимга дейман: юрак ёки ақл, умуман олганда, қалбни асир этадиган кўплаб турли тасаввур ва таъсир омиллари – эффектлар орасидан қай бирини танлайман? Хуллас, асар мазмунига мувофиқ қандайдир ажойиб таъсир омилларини яратишга ҳаракат қиламан ва уларга қай тарзда эришишни чамалаб кўраман: асарда тасвирланган воқеалар муштараклиги орқалими ёки ҳикоя қилиш тарзининг ўзига хос оҳанги биланми, – одатдаги воқеа-ҳодисалар ва ноодатий оҳанг воситасидами, – ёки ғайритабиий воқеалар тасвири ва одатдаги оҳангдами, – ёки воқеа ва оҳанг бир хил, янги йўсиндами, – мана шу атрофда имкон қадар талаб этилаётган самарали таъсир омилини юзага келтирадиган воқеа-ҳодисалар муштараклиги ва баён услубини топаман.
Мен тез-тез муаллиф иқрори, яъни, бирон ижодкорнинг ўзи истаган асарни пишиб етилгунча бўлган жараённи қадам-бақадам изоҳлаб берса, ўқувчилар учун жуда қизиқарли мақола бўларди, деб ўйлаб қоламан. Оммага бундай тажриба нима сабабдан ҳеч қачон таклиф этилмагани хусусида бир нима дейишим қийин, – балки, бу камчилик ижодкорларнинг иззатталаблиги ёки бошқа бирон сабаб билан изоҳланар, бошқача эмас. Кўпчилик адиблар, – айниқса, шоирлар, – ўзига хос, одамларнинг шоир ваҳий таъсирида, жазавага тушиб шеър ёзади, деб ўйлашини исташар, – агар оммага саҳна ортига қарашга рухсат берилса ва у ёқда фикрлаш қанчалар мураккаб эканини; муаллиф сўнгги лаҳзадагина ўз мақсадига эришувини; ўқувчига тақдим этиб бўлмаслиги сабабли тасаввурда пишиб етилган яхшигина ҳосиладан қандай воз кечишини; машаққат билан ёзганларини ўчиришини, баъзан ошириб ёзишга мажбурлигини; керакли сўзни қидириб тополмай қолганда асабийлашишини; бир сўз билан айтганда, асар воқеаларини ўзгартириш учун турли қурилмалар, ғилдирак, паррак, хўроз пати, упа-элик ва бошқи турфа воситаларни алмаштириб боришини – юздан тўқсон тўққиз фоиз ҳолда адабий актёрнинг қурол-аслаҳалар, лаш-лушлар омборини кўришнинг ўзи ўқувчини титратиб юборса керак.
Масалага бошқа томондан қаралса, тушунаман, мақсад сари босиб ўтган йўлини қадам-бақадам кузатиб борадиган муаллифлар – ноёб ҳодиса. Одатда, ғоялар кутилмаганда пайдо бўлади, шундай бетартиб қоғозга тушади ва ўшандай осонгина унутилиб кетади.
Ўзимга келсак, юқорида тилга олинган масала борасида чўчиб ўтирмайман ва истган асаримнинг пишиб етилиб, ёзилиш жараёнини қайта эслашда заррача қийинчилик сезмайман; чунки бу тарздаги таҳлил ёки ижод жараёнини хотирада қайта тиклаш, менингча, адабиётда desideratum – исталган, зарур мақолани юзага келтириш, – таҳлил этилаётган асарнинг ҳақиқий ёки тахминий қийматидан қатъи назар, асарларимдан бирининг modus operandi – ҳаракат тарзини ошкор этсам, ўйлайманки, одоб доирасидан чиқмаган бўламан. Шу мақсадда “Қузғун”ни – кўпчилик мухлисларга таниш бўлган шеъримни танладим. Мақсадим – унинг бирон парчаси кутилмаган ички ҳис таъсирида ёки тасодифан ёзилиб қолмаганини, асар якунига етгунча изчил алжабрий масала ечгандай аниқ ҳамда пухта ишлаб чиқилганини исботлаб беришдир.
Шеърга бевосита per se – алоқаси бўлмаган масалаларни четга суриб турамиз-да, аввало китобхонлар қалбини асир этган ва адабий танқидчилар талабини қондира олган бу шеърнинг ёзилиш тарихи, ёки айтайлик, қандай вазиятда ёки эҳтиёж натижасида яратилганини кўриб чиқамиз.
Бинобарин, биз худди мана шундан бошлаймиз.
Биринчи навбатда, поэманинг ҳажми қанча бўлиши лозимлиги ҳақида савол туғилади. Агар исталган адабий асар бир ўтиришда охиригача ўқиб чиқиб бўлмас даражада узун экан, таъсир омилининг муҳим қирраларидан бири – таассурот яхлитлиги бой берилади, чунки асарнинг мутолаа жараёни иккига бўлинади, оқибатда кундалик турмуш ташвишлари орага тушади ва фикримиз чалғийди, бу эса, кейинчалик асарни тўлиқ тасаввур қилишга халал беради. Аммо caeteris piribus – бошқа шундай шароитларда ҳеч бир шоир ўз мақсадини амалга оширишга any thing – нимаики кўмак берса, албатта, ундан воз кечмайди, биз шеър яхлитлигини йўқотишдан наф кўрамизми? Қатъий жавобим шу: йўқ, ҳеч қандай наф йўқ! Биз поэма деб атаганларимиз, моҳиятан, бир қанча қисқа шеърлар, бошқача айтганда, бир қанча поэтик таъсир омилларидан иборат бўлади. Шеър шунинг учун ҳам шеърки, у қалбга кўтаринки руҳ бериб, кучли ҳаяжон уйғотади, дея исботлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ – бефойда, барча кучли ҳаяжонлар руҳий ҳолат сифатида ўткинчи. Мана, нима учун “Йўқотилган жаннат”нинг камида ярми наср ҳисобланади: у бир қатор inevitable – муқаррар ўринлар келганда пасаядиган ва оҳанг мароми тўниб борадиган поэтик парвозлардан иборат, у фавқулодда узун бўлгани сабабли муҳим бадиий унсур – таассуротнинг яхлитлиги ҳамда таъсир омилининг бутунлигидан айрилган.
Демак, ҳар қандай бадиий асар учун маълум ўлчов, меъёр бор экан, айнан – бу бир ўтиришда ўқиб чиқиш имкониятидир, насрдаги айрим тур асарлар, масалан, “Робинзон Крузо” сингари романларнинг чегараларини янада кенгайтириб, ҳажмини каттайтириш фойдали бўлиши мумкин, аммо шеър, достон ҳажмини меъёрдан ошириб юбориш ақлдан эмас. Ҳатто, меъёрга кўра, шеър ҳажми унинг мазмун-моҳиятига мутаносиб, яъни унинг таъсир даражаси ёки бошқача айтганда, унда ўқувчини ҳайратга соладиган чинакам поэтик таъсир ҳажмига яраша, жозибали бўлсин; демак, бу борада ягона шартли ҳажм меъёри бор, айнан – бу асарнинг таъсир даражаси ҳисобланади.
(Давомини журналдан ўқийсиз) 2021/5
Рус тилидан Хумоюн АКБАР таржимаси