Душан МАКОВИЦКИЙ. Толстойнинг сўнгги кунлари

lev_tolstoy

Словакиялик Душан Маковицкий 1904–1910 йилларда улуғ ёзувчи Лев Толстойнинг шахсий шифокори ва котиби сифатида хизмат қилган. Толстой хонадонига садоқатли бу инсон Ясная Полянада ўзи кўрган, шахсан гувоҳ бўлган воқеаларни, бу ерга келган ёзувчилар, матбуот ходимлари, машҳур кишилар билан учрашув ва суҳбатларини батафсил ёзиб борган. Унинг қораламалари кейинчалик Толстой асарларининг 90 жилдлик мукаммал асарлар тўпламида эълон қилинган. У Толстой ўз хонадонидан безиб, уйдан бош олиб кетган оғир кунларда ҳам адибнинг ёнида бўлган.

 

* * *

28 октябрь. Тунги соат учда халат кийган, яланг оёқларида туфли, шам кўтарган Лев Николаевич мени уйғотди, юзида қандайдир изтироб, ҳаяжон ифодаси, аммо қарашларида қатъият бор эди.

– Кетишга қарор қилдим. Сиз мен билан борасиз. Мен юқорига чиқаман. Сиз ҳам чиқинг, фақат эҳтиёт бўлинг, Софья Андреевна уйғониб қолмасин. Кўп нарса керак эмас, энг зарур буюмларни оламиз. Саша уч кундан кейин ҳамма нарсаларни олиб боради.

Л.Н. шундай деб юқорига кўтарилди. Мен ҳам шоша-пиша буюмларимни йиғиштирдим-да, Л.Н.нинг ҳузурига йўналдим. У бир зумда кийиниб олган, ҳамон қўлида шам, эшик олдида кутиб турган экан.

– Тайёр бўлдингизми? – сўради Л.Н. Овозидан сал бўлса-да кечикканимни, кутиб қолганини англадим. Л.Н. Александра Львовнани уйғотгани кетди, мен эса унинг нарсаларини олиш учун кабинетга кўтарилдим. Ички кийимлари ва баъзи нарсаларини ўзи тайёрлаб қўйган экан. Л.Н. тезда қайтиб келди. У тунда кўп безовта бўлар, яхши ухлай олмас, асабийлашиб қолган эди. Томирини ушлаб кўрдим – 100. Ҳар нарса бўлиши мумкин. Александра Львовна келди. Л.Н. унга нарсаларни тайёрлашга кўмак беришни, қўлёзмаларга эҳтиёт бўлишни буюрди.

Л.Н. кийиниб бўлди. Софья Андреевнага бериладиган хат ҳам тайёр эди.

Л.Н. Александра Львовнага ҳозир Шамардинога жўнаб кетишга қарор қилганини, агар манзил ўзгарадиган бўлса, Т.Николаев номидан Чертковга телеграмма юборишини айтди ва шу заҳотиёқ юқорига чиқиб кетди. Л.Н. олиб кетишга мўлжалланган нарсалар учун катта жомадон зарур эди, Софья Андреева уйғониб қолишидан қўрқиб, уни олишдан бош тортди. Л.Н. нинг ётоқхонаси билан Софья Андреевнанинг оромгоҳи орасида учта эшик бор эди. Софья Андреевна Л.Н. ни бемалол кузатиб ётиш учун уларни очиб қўярди. Бу эшикларни сезилмайдиган қилиб ёпиб қўйишди ва ҳеч қандай шовқин-суронсиз жомадонни олиб келишди.

Александра Львовна келгандан кейин Л.Н. унга сақлаб қўйиш учун қўлёзмаларни берди. Л.Н. тинимсиз хавотирланар, бесаранжом бўлар эди. Яна ўзига керакли буюмлар: ён дафтарлар, ручка, шу кунларда ўқиётган П.П.Николаевнинг “Худо ҳақидаги тасаввурлар” китобини олди. Шундан кейин Александра Львовна билан шивирлаб гаплашиб пастга тушди ва аравакашларни уйғотиб, отларни тайёрлаш учун уйдан анча наридаги отхонага қараб жадал юриб кетди. Тун қоронғи эди, Л.Н. олмазор боғидан ўтаётганда адашиб, шапкасини йўқотиб қўйди. Электр фонарни ёқиб, уни қидириб топа олмади. Шундай қилиб, аравакашлар хонасига бошяланг ҳолда кириб келди ва Андриан Павловични[1] уйғотди.

Биз нарсаларни – улар кўп эди: катта сафар жомадони, иккита катта тўқима сават, пальто ва яна бошқа зарур буюмлар – Александра Львовна, Варвара Михайловналар билан отхонага келтириб, извошга жойлаштирдик. Энди бемалол жўнаб кетишимиз мумкин эди.

Ҳаво совуқ, ер лой, оғир буюмларни зўрға кўтариб келгандик. Кўчага чиқаверишда фонарь ушлаган Л.Н. бизни кутиб турарди. Шапкасини қандай йўқотиб қўйганини айтди; чўнтагимда бошқа шапкаси бор эди. Олиб бердим.

Лой кечиб, извошлар турадиган саройга етиб келдик. Аравакаш отларни йўлга тайёрлаб улгурмаган экан. Л.Н. унга қараша бошлади. У ниҳоятда шошилмоқда эди. Нарсаларни жойлаштирдик. Л.Н. ёқасини кўтариб олди. Александра Львовна ва Варвара Михайловна билан хайр­лашди. Шекино бекатига қараб юрдик. Аравакаш фонарь ёруғида катта йўлга тўғри кесиб чиқишни таклиф қилди, аммо Л.Н. қишлоқ ичидан юрганимиз маъқул деди.

Баъзи кулбаларда чироқлар ёнган, печкалар ёқилмоқда эди. Фили қишлоғидан юқорида дарё тошган экан, тўхташга тўғри келди. Мен кўлмакдан ўтиб, жиловни амаллаб топдим-да, шу заҳотиёқ Л.Н. нинг оёқлари ўралганми деб пайпаслаб қўрдим. Л.Н. қаттиқ ўшқириб берди; кулбалардан мужиклар чиқиб келишди. Қишлоқ орқада қолиб, катта йўлга чиққанимиздан кейин шу пайтгача индамай келаётган Л.Н. бирдан тилга кирди; ғамга ботиб, ҳаяжонланиб, хириллаган, ғамгин товушда бизни ташвишда қолдиргани учун узр сўрагандек, Софья Андреевнанинг дастидан қочиб кетаётганини тан олди; Софья Андреевна кечалари ҳам ҳадеб хонасига бостириб киравергани учун хотиржам ухлай олмаётгани, у билан жанжаллашавериш жонига тегиб кетгани, аммо уни қаттиқ хафа қилиб қўйишни хоҳламаслигини айтди. Сўнг Л.Н. ундан қочиб қаерга борамиз? – деб сўради.

Мен: Бессарабияга, москвалик ишчи Гусаровникига борганимиз маъқул. У ерда қалин ошнангиз Александра ҳам хотини билан яшайди, – деб жавоб бердим. – Фақат у ерга етиб олиш жуда қийин, йўлнинг узоқлиги ҳеч нарса эмас, поезднинг жуда секин юриши одамни эзиб ташлайди, – дедим. Л.Н. индамади. У Гусаровлар оиласи билан яхши муносабатда эди.

Шекина йўлидан борар эканмиз, Л.Н. бошим совқотяпти, деди. Дарров шапкаси устидан яна биттасини кийдириб қўйдим. Л.Н. “Тонг юлдузи” газетасида руҳонийлардан бирига ёзган мактуби ва унга берилган жавоб босилганини айтди[2]. Қўрқмасдан қандай чиқаришганига ҳайрон қолдим, бу газетага ёзиб турсак бўлади, – деб қўйди.

Шекино бекатига етиб келгач, поездда Козелский билан алоқа қилса бўладими, шуни билиб кел, деб буюрди. Аввал иккинчи, кейин учинчи тоифали вагонда жўнаймиз, Тулада бошқа йўналишга ўтамиз, деди.

Шекинога келгач, поезд Тулага йигирма дақиқада, Горбачевога эса бир ярим соатда етишини аниқладим. Л.Н. бекат биносига ҳаммадан олдин кирди, мен буюмларни кўтариб орқада бордим. У тўғри буфетчининг олдига келиб, Горбачевода Козелск билан боғланиш мумкинми деб сўради. Идорада ўтирган навбатчи ходимдан ҳам шуни суриштирди. Л.Н. қаерга кетаётганимизни билинтирмаслик учун яна Тулага борадиган поезд қачон келади деб сўради ва шунга ўтирамиз деб қўшимча қилди. У чамаси изини чалғитишни мўлжаллаётган эди, чунки Тулада уни кўпчилик яхши таниши маълум. Засекинода ҳам худди шундай. Бундан ташқари, Софья Андреевна уни излаб Шукинога биздан олдин келиши аниқ. Бунга шубҳаланмасак ҳам бўлади. Мен Тулага бормасликни маслаҳат бердим ва у ерда бошқа поездга ўтиришга улгуролмаслигимизни айтдим. Горбачевогача билет сотиб олдим. Бошқа бекатларга тушишдан маъно йўқ эди, чунки Л.Н. кетаётганини одамлардан яшириб бўлмасди. Мен буюмларни саранжом қилдим, Булгаковга, Александра Львовнага хат ёздим, ўзимнинг пальтомни қайтариб юбордим, чунки Л.Н. бир неча пальто олганди. Мен ҳали Л.Н. Ясная Полянадан бир умрга кетаётганини билмас, нари борса, бир неча ҳафтадан кейин қайтамиз деган хаёлда эдим.

Поезд яқинлашаётгани ҳақида сигнал чалинганда Л.Н. вокзалдан 400 метрча нарида бир ўқувчи бола билан гаплашиб юрган эди. Поезд тўрт дақиқа турар экан. Шошмай келаверинг деб огоҳлантириш учун олдига югуриб бордим. Л.Н. мана шу бола билан бирга кетамиз, – деди. У иккинчи тоифали вагоннинг ўртасидаги алоҳида купега жойлашди. Ёстиқни ҳозирлаб, ёнбошлади. Поезд қўзғалди. Энди Софья Андреевна етиб келолмаслиги аниқ бўлгач, енгил нафас олди ва кайфиятим яхши деб қўйди. Уни ёлғиз қолдириб, йўлакка чиқдим. Анча вақтдан кейин хабар олгани кирсам, у ҳамон хаёл суриб ёнбошлаб ётган экан, озгина кўзим илинди деди. “Оила давраси”ни сўради. У ҳам, “Кундалик газета” ҳам йўқ экан.

Л.Н. камгап бўлиб қолганди. Нималар ҳақида гапиргани ҳозир эсимда йўқ. Кеча, жўнаб кетишимиздан бир кун олдин мен ёрдам сўраб келган иккита камбағал хотинни кўрган эдим. Л.Н. ҳовлига чиққач, улар бўлис бошлиғи берган гувоҳномаларни кўрсатишди. Қаттиқ асабийлашиб турган Л.Н. улар билан гаплашишни хоҳламади ва ҳеч нарса бермади. Бундай аҳволга биринчи марта дуч келишим, у ҳеч қачон бундай қилмаган, ҳар ҳолда мен бундай муомалани аввал сира кўрмаган эдим.

Эртаси куни Лихвинга борадиган катта йўлга ёндош сўқмоқ бўйлаб ёш дарахтлар орасидан юриб бордик. Салдан кейин жуда чуқур, чеккалари қиррадор улкан жарликка дуч келдик. Юпқа муз босган ер юмшоқ қор билан қопланиб, сирғанчиқ бўлиб қолган эди. Л.Н.га отдан тушишни так­лиф қилдим, у дарров кўнди. Бундай ҳолат жуда кам бўларди.

Жарлик ниҳоятда тик эди. Мен отларни етаклаб ўтказмоқчи бўлдим, аммо биринчи отни олиб ўтаётганимда Л.Н. иккинчисини етаклаб қолиши мумкин эди. (Л.Н. бошқалар ўзига хизмат қилишини ёқтирмасди). Шунинг учун бир жиловини ўнг қўлимда ушлаб, мабодо отлар тойиб кетса, босиб олмаслиги учун қўлларимни кенг ёйиб, олға юрдим. Авайлаб пастга тушиб, ирмоқдан сакраб ўтдим. Шунда Л.Н. отлар қоқилиб, мени босиб олдимикин деб ўйлаб қаттиқ бақирди. Сўнг шахт билан ўрнидан туриб, жарликнинг нариги томонига кўтарилмоқчи бўлди. Шу ерда анча тин олгач, дарахт ва буталарни ушлаб юқорига, бироз ҳордиқдан сўнг, яна тепаликка интилар эди. Мен ўгирилиб қараб, шошилманг, озгина дам олиб туринг деб маслаҳат бермоқчи эдим, аммо ботина олмадим. Барибир айтганидан қолмасди. Жарликдан чиққандан кейин оғир нафас олиб, харсиллаб турганига қарамасдан отга миниб олға юрди. У отда жуда яхши ўтирарди. Шу куни 16 чақирим йўл босдик. 24 сентябрда – Кочетадан қайтганимиздан кейин ҳам, ҳар галгидек 16 – 18 чақирим, ке­йинги кунларда эса янада кўпроқ йўл боса бошладик. Авваллари 16 – 18 чақиримдан ошмас эдик. У гўзал куз манзараларини жуда яхши кўрар, бундан ташқари, уйдан нарироқда эркин юришни хоҳларди. Л.Н. ҳар доим уйдан толиқиб, асаби бузилиб чиқарди. Айниқса, кейинги тўрт ой ичида уйдаги шароитдан безиб, асабийлашиб, кечалари яхши ухлолмайдиган бўлиб қолган, сабр-косаси тўлиб-тошмоқда эди.

Мен кофе қайнатдим, бирга ичдик. Кейин Л.Н:

– Софья Андреевна нима қиляпти экан? Унга ачинаман, – деди.

Авваллари Кочетига борганимизда Л.Н. вагонда кўнглига келган фикр-мулоҳазаларни айтиб ёздирар ёки ўзи ёзар эди. Бу гал ундай бўлмади, чуқур хаёл суриб жим ўтирди. Кейин бекатдалигимизда айтган гапларини яна такрорлади. Л.Н. бекатда учинчи тоифали вагонда кетамиз деган эди. Буюмларимизни Суханичи – Козельск поездига олиб ўтдик. Бахтга қарши у юк поезди бўлиб, фақат биттагина учинчи тоифали вагони бор экан. У ҳам йўловчиларга лиқ тўла эди, яна уларнинг ярмиси чекувчи одамлар экан. Кўпчилик жой йўқлигидан ёпиқ вагонларга осилиб олганини кўрдик.

 

(Давомини журналдан ўқийсиз).  2021/6

 

Рус тилидан

 Ортиқбой Абдуллаев

 таржимаси

 

[1] А.П.Елисеев – отбоқар.

 

[2] Гап Толстой роҳиб Клишевскийга ёзган мактуб ҳақида. Шу сонда (“Тонг юлдузи”, 1910 йил, 13 октябрь) роҳибнинг жавоби ҳам босилган.

 

Ижтимоий тармоқларда ёйиш:
0 Menga yoqdi
0 Menga yoqmadi