Зарбулмасалхонлик*
Муҳаммад Шариф Гулханийнинг “Зарбулмасал” асари – ўзбек адабиётининг энг етук асарларидан биридир. VIII асрда Йўллуғтегин туркий эллар ҳаётини ҳаққоний тасвирлаб, тошларга зарб ила ўчмас қилиб битган бўлса, ХIХ асрда Гулханий туркий эллар ҳаётини қушлар орқали тасвирлаб, том маънода зарбул масал қилди. Эрамиздан аввал Бидпой ҳаким ҳинд ва шарқ халқларининг масалларини тўплаб, “Калила ва Димна” асарини яратган бўлса, ХIХ асрда Гулханий Шарқ, чунончи, туркий элларнинг масал, мақол, ҳикоят ва бошқа ҳикматли гапларини тўплаб, “Зарбулмасал” асарини яратди. ХV асрда Алишер Навоий “Қуръон”да келтирилган Ҳудҳуд ҳақидаги зарбулмасалга таяниб, ўз “Лисон-ут-тайр” достонида Ҳудҳуд бошчилигидаги қушларнинг Симурғни излашини тасвирлаган бўлса, ХIХ асрда Гулханий “Зарбулмасал” асарида Ҳудҳуддан дуойи фотиҳа олган Кўрқуш (Гўрқуш, Кўрўғли, Гўрўғли) етагидаги қушларнинг Ҳумо, яъни оилавий бахтни излашини тасвирлади. ХХ аср бошида Маҳмудхўжа Беҳбудий “Падаркуш” драмасини ёзиб, ўзбек драматургияси асосчиси саналмоқда, ҳолбуки, бир аср илгари, ХIХ асрнинг бошидаёқ Гулханий қушларнинг жами ўн тўрт диалог-суҳбатидан иборат ўзига хос драмани боплаб ёзиб қўйган эди, дейиш мумкин. Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмасида биргина ўғлини саводли қилолмаган, унга оқ-қорани, ҳақ-ҳуқуқини танитолмаган падар фожиаси тасвирланган бўлса, Гулханийнинг “Зарбулмасал”ида Кўрқушга ўхшаган мингта падарнинг, қўйинг-чи, бутун бир элнинг фожиаси тасвирланган. Гулханий ўзидан олдинги улуғ салафларга битта-битта эмас, бирваракайига жавоб қилди. Яъни, унинг “Зарбулмасал”ида туркий тошбитиклардагидек қайғули ва тантанавор услуб ҳам, “Қисаси Рабғузий”дагидек диний услуб ҳам, “Маҳбуб ул-қулуб”дагидек дидактик услуб ҳам, “Бобурнома”дагидек эсдалик услуб ҳам усталик билан бир-бирига йўғрилган.
Асарнинг жанрини ҳам, номини ҳам белгилаб турган “зарбулмасал” қўшма сўзи икки арабча сўз – “зарб” ва “масал”дан ясалган бўлиб, “шиддатли, салмоқли, кучли, катта масал” ёки “масаллар” деган маъноларни англатади. “Зарб” сўзининг яна бир маъноси “кўпайтирмоқ” бўлиб, “иккига иккини зарб қилмоқ” дегани “иккига иккини кўпайтирмоқ” ёки “икки карра икки”ни англатади. Демак, “зарбулмасал” сўзи “масалга масал зарб қилинган” деган маънога ҳам эга. Худди “Калила ва Димна”да икки чиябўрининг турли масалларни айтиши тасвирланганидек, Гулханийнинг “Зарбулмасал”и, асосан, қушлар ҳақида бўлиб, қушлар ўрни келганда турли масаллар айтади, яъни “масал ичида масал” қилади. Қушлар ҳақида бўлгач, “Зарбулмасал” асари Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” фалсафий-мажозий достонига ўхшаб кетади. Бироқ, бири – шеърий асар, иккинчиси – насрий асар. Бири – юксак тасаввуфий асар, иккинчиси, аксинча, тубан кимсаларнинг пасткашликлари ҳақидаги ижтимоий-маиший асар. Адабиётимизда қушлар ҳақида бу икки асардан кўламлироқ ва гўзалроқ асар йўқ! Буни икки асардаги қушларнинг номидаёқ аён кўришимиз мумкин. “Лисон ут-тайр”да аталган қушлар жами ўттизта: каклик, дуррож (қирғовул), тўти, калоғ (олақарға), булбул, қумри, ход (калхат), сунғур, юртачи (ўлаксахўр), товус, кабутар, ҳудҳуд (попушак), кабки дарий (тоғ каклиги), тазарв (тустовуқ), қарчиғай, шунқор, бургут, куф (бойўғли), ҳумой, ўрдак, товуқ (хўроз) ва бошқалар. Шу сўзлардан аксариятини бугунги тилимизда ҳам фаол қўллаймиз. “Зарбулмасал”да тилга олинган қушлар эса, жами эллик битта: бойўғли (бойқуш, кунушбону), япалоққуш, кулангир, булбул (ҳазордостон), ҳудҳуд, кўрқуш, қарға (шўранул), маликшабоҳанг, кордон,турумтой, куйканак, чумчуқ, ҳумо, уқоб, шоҳин, шунқор, қарчиғай, баҳрин, лочин, итолғу, кабутар, зоғ, қумри, турна, кўкқўтан, кўкқарға, пашша, анқо, алимерган, тасқара, сор, кўтикулди, фардогирам, оққуш, туғадоқ, ғоз, ўрдак, анғит, сўна, бўрчин, суқсур, чуррак, куркурак, кабк, бедона, олатўғаноқ, қизилиштон, зарғалдоқ, мусича, қалдирғоч, саъва! Қаранг, достондаги қушлардан зарбулмасалдаги қушлар деярли икки баравар кўп! Бундан ташқари, асарда ит, тошбақа, чаён, туя, бўталоқ, тулки, маймун, эшак, қўчқор, бузоқ, эчки ва бошқа жониворлар ҳақида масалу ҳикоятлар бор. Шу маънода, “Зарбулмасал” асарини зоология фанидан, айниқса, қушлар оламидан ўзига хос қўлланма, деса бўлади. Атиги икки асрча вақт ўтгани учун саналган қуш номларининг деярли барчаси бугунги тилимизда ҳам фаол қўлланади.
Ўзбек халқ оғзаки ижодида, айниқса, масаллар билан ҳайвонлар ҳақидаги эртакларда қарийб барча қушлар оддийгина парранда эмас, ўзига хос тимсоллар ҳисобланади. Масалан, семурғ, самандар, қақнус каби қушлар юксаклик тимсоли. Анқо – камёблик, қалдирғоч – эзгулик, кабутар (каптар) – тинчлик рамзи. Ҳумонинг иккинчи номи “Бахт қуши” ҳам кўрсатиб турибдики, у бахт-саодат тимсоли. Ҳаққуш – ҳақгўйлик тимсоли. Булбул – ширали-хуш овоз, қарқуноқ эса, аксинча, ёқимсиз-нохуш овоз тимсоли. “Қарқуноқдан булбул чиқибди” мақоли шунга ишора.Тасқара – хунуклик тимсоли ва ҳоказо. “Зарбулмасал” асаридаги бош қаҳрамонлар Япалоққуш билан Бойўғли ҳам, табиийки, ҳажвий-сатирик асарнинг ички талабларига тўла мос келувчи тимсоллардир.
“…Ровийлар андоқ ривоят қилурларким, илгариги аҳли айёми нофаржомда Фарғона иқлиминда Кайқубод отлиқ подшоҳдин қолғон бир эски шаҳристон бор эди. Анда бир Бойўғли ва Бойқуш ватан тутмиш эрди. Аммо бағоят ери-ҳавоси хуш, дилкаш эрди. Сабза раёҳин ва анвойи шақоиқ ва сечаклар касратидин пўнқорға қўнғон чоғда ҳам товуснинг думидек турланиб мунаққаш кўрунур эрди”. Эски масалчиларга хос ажойиб тасвир йўсинига қаранг! Гапнинг “айёми нофаржом”, яъни “бахтсиз, бемаъни, бехосият кунлар” билан эски шаҳристондан бошланиши орқали қаҳрамонларнинг бехосият туриш-турмушига ишора қилиняпти. Бу ерда “эски” сўзига ҳам “қадимий, кўҳна”, ҳам “тўзган, яроқсиз” маънолари юкланган. Аммо булар қанчалик бехосият бўлишса, она табиат шунчалик бежиримки, ҳатто ерга гўнгқарға қўнса ҳам теварак-атроф товуснинг ранг-баранг товланувчи думидек нақшинкор-жимжимадор кўринади. Гўнгқарға ва товус орқали қаршилаш (контраст) усули қўлланган бўлса, кейинги гапда энди тенглаш (параллел қўйиш) усули қўлланади: “Ва ани ёнида, бир яғочлик ерда, Япалоққушни ота-бобосидан қолғон жойи бор эрди”. Қаранг, битта гап билан бир неча фикр билдириляпти: биринчидан, асарнинг қўш қаҳрамони таништирилиб, Япалоққуш Бойўғли билан Бойқушнинг ёнига қўйиляпти, иккинчидан, уларнинг бошқа ерда эмас, бир ёғочлик, яъни 6 километр узоқликда ёнма-ён яшаши, яъни бехосият кунлар учаласига тегишли экани уқтириляпти, учинчидан, Бойўғли билан Бойқуш бу жойни ватан тутган келгинди-сиғинди бўлса, Япалоққуш келгинди эмас, балки киндик қони шу ерга тўкилган, ота-боболари бу жойларда илгаридан турғун яшаб келганлар.
“Қўй келади қўзи билан, Бир-бирининг изи билан” деганларидек, бош қаҳрамонлардан сўнг уларнинг болалари бирма-бир таништирилади: “Аммо Бойўғлини бир қизи бор эрди, юзига ҳуру пари байт айтур эрди:
Оразидин шамсу қамардур хижил,
Сўзларидин шаҳду шакар мунфаил.
Ҳосили умри эди ул бойни,
Оти Кунушбону ўшал ойни.
Аммо бағоят афифа ва мастура эрди. Офтоби оламтоб андин рашк қилур эрди, ё онки ҳар хомни пишуруб, ҳар ишни тиндирур эрди, бир эшикдан кируб, ўшал эшикдин чиқар эрди. Ҳеч махлуқ-мохалақоллоҳнинг ани кундуз кўрмоқға чораси йўқ эрди. Ва ул маҳзура юзини ёшурур эрди”.
Байтдаги “бой” сўзи аввало бой-бадавлат отага, қолаверса, қизнинг ота-онаси Бойўғли билан Бойқушнинг отларига ишора қилади. Кунушбонунинг юзи куну ойдан гўзалроқ, сўзи шакару болдан тотлироқ, иффатли ва покиза қиз бўлиши муболаға эмас, аслида.
“Кунуш” сўзининг ўзаги “кун” бўлиб, у “қуёш, офтоб” маъносини англатади. Биласизки, усмонли турк тилида қуёш гунеш дейилади.
“Ҳар хомни пиширур” деганда “нон ёпиш, пишир-куйдирга уста – қўли ширин”, “ҳар ишни тиндирур” деганда эса “бичиш-тикиш, супур-сидир, ювиш-артиш, тараш-қоқиш, тузаш-безашга уста – қўли гул” маънолари англашилади.
“Бир эшикдан кируб, ўшал эшикдин чиқар эрди” гапи орқали “яширинча орқа эшикдан чиқиб-кириб, чакки қадам босмайди” деган фикр зимдан уқтирилмоқда. Махлуқлар уни кундуз кўрмаслиги ва у юзини яширишида бир неча маъно бор. Биринчидан, у уятчан ва ҳаёли-иболи қиз. Иккинчидан, ҳали ёш полапон бўлиб, асосан, ота-онасининг қарамоғи-боқувида. Учинчидан, ожиза полапон бўлгач, турли йиртқич-зўравон махлуқлардан ўзини асраши-сақлаши керак. Тўртинчидан, бойқушлар ёруғ кундузда эмас, асосан, қоронғи кечада ов қилади. Бешинчидан, “Офтоби оламтоб андин рашк қилур эрди” деганда қуёш ботгач, унинг ўрнига Кунушбону чиқиб, оламни ёритади, шунинг учун қуёш ундан оламни қизғанади-да.
Қизнинг бўй етгани “осори аломати булуғ зоҳир бўлуб, тўши чиқиб, кўзи сузулуб, овози бузулуб, онасини ўнг сўзини терсига олиб сўзлай бошлади” дея синчи қушшунос тилида таърифланади. “Осори аломати булуғ” ибораси “балоғат, етуклик, пишиб-етилганлик белгиси” дегани. Яратганнинг чеварлигини кўрингки, қушлардаги бундай табиий ўзгаришлар одамларда ҳам деярли бир хил. Шундай ўзгаришларни аввало онаизор сезади: “Эй болам, кўнглингиз эр тилар ўхшар, сабр қилинг, кўп ошуқманг. “Ошуққон қиз эрга борса, ёргимас” ва “тешук тўлчоқ ерда қолмас”. Онанинг шу бир зорида камида икки маънони уқамиз. Биринчидан, она қизалоғидан айланиб-ўргилади, полапонига жонкуяр-меҳрибон. Иккинчидан, кўпни кўрган кайвони она билимнинг кони бўлган эл мақолини айтиб ўгит беряпти. Бу қўшалоқ мақол мазкур асарга худди тўнга қадалган мунчоқлардек жой-жойини топиб, битта-битта ўрнатилган бир юз олтмиш чоғли мақолнинг илк жуфтидир. Биз ҳам, келинг, даставвал шу икки мақол мағзини чақишга уннаймиз. Бугунги кунда кўпинча “Шошган қиз эрга ёлчимас” дейилгувчи мақол, биринчидан, “эрга борса” ёки “эрга тегса” деб аниқлаштирилган, иккинчидан, унда бошқа – “ёргимас” сўзи ишлатилган.
Иккинчи мақолдаги “тўлчоқ” сўзи ўрнида бугунги кунда “мунчоқ” сўзи қўлланади. “Тўлчоқ” сўзи луғатларда учрамайди. Худди тақинчоқ – тақиладиган, ўйинчоқ – ўйналадиган, мунчоқ (мўнчоқ, минчоқ) – миндириладиган нарса бўлганидек, тўлчоқ – бир ипга тизиб чиқилган, одам кўркини тўлдириб турган шода-да! Агар биринчи мақол онанинг ёзғириқ ва койишини англатса, иккинчиси таскин ва юпанчини англатади.
Гулханийнинг ёзувчилик маҳорати шундаки, ўзбек халқининг энг ноёб ва пурҳикмат мақолларини зарур жойда қўллаб, “Мана, манави мақол бундай ўринда айтилади!” дея гўёки ўқувчига ўргатади. Айни чоғда, тасвирда эжикилаб, икир-чикирларга берилиб кетмайди.
Қадимий қиссахонлик одати бўйича, “она билан қиз бу ёқда тура туришсин, энди гапни у ёқдан эшитинг” дейилади: “Ва яна бу сўзни устида эрдиларким, Япалоққуш Кўрқушни чоқируб олди, айди. Байт: “Ёшдир, қаридир – ҳар ким ўз жуфти билан, бусиз мумкин эмас”. Эй Кўрқуш, бизнинг фарзанди қурратулайнимиз эр етибдур, маслаҳат бирла бир ерга муносиб қилоли дермиз. Бойўғлининг қизи бор эмиш деб айтушурлар, биз жонибдин завчи бўлуб боринг, ҳар қанча қалин деса топилур”. Қаранг, тепада Кунушбону айтгандек, ота ўғлига қуруқ насиҳат қилаётгани йўқ. Балки ўғлини уйлантиришдек хайрли ишни бошлаб юборган. Бойқуш она қизига жонкуяр бўлса, Япалоққуш ота ўғлига жонкуяр. Зеро, “кўзимнинг оқу қораси, кўзимнинг нури”, “эр етди, чинакам эркак бўлди” дея ўғлини Кўрқушга мақташи шуни кўрсатади-да. Икки оиланинг бу тасвирида йигит томоннинг олувчи, қиз томоннинг сотувчи эканига, яъни йигит томон ташаббускор харидор эканига нозик ишора бор. Япалоққушнинг гапларидан у мард, танти ва обрўли экан, дея бир ажаблансангиз, элнинг япалоқ ҳақидаги мақолларини эслаб, баттар ажабланасиз. “Япалоқни мақтаган билан шунқор бўлмас, Ёмон отни мақтаган билан тулпор бўлмас”; “Икки лочин урушса, япалоққа жўн бўлар”; “Япалоқ қуш мақтанса: “Жардан қуён олдим” дер, Ёмон киши мақтанса: “Яхшининг ёқасидан олдим” дер; “Япалоққа кундан тун ёруғ”; “Япалоққуш тунда сичқон овлайди”; “Бургут қариса, япалоққуш бўлар”; “Ёмоннинг кучи япалоққа етибди”…
Япалоққушлар оиласида келбати энг каттаси укки, ундан сўнг бойўғли (бойқуш), япалоққуш ва энг кичиги кўрқуш ҳисобланади. Ана-а, масала анчагина ойдинлашди. Демак, Япалоққуш ўзидан кичикроқ Кўрқушни ўзидан каттароқ Бойўғлига совчи қилиб жўнатяпти. Хўш, умуман олганда, Гулханий нега айнан япалоққушларни танлади? Булар орқали у нима демоқчи, кимга ишора қиляпти? Бу саволларга бир эмас, бир неча жавоблар бор. Баъзан жавоблар аниқ, баъзан фараз бўлиб, ҳар икки ҳолда ҳам ихчам илмий асослар келтиришга ҳаракат қиламиз.
Кўрқуш, кўршапалак каби қушлар кўзи кўр бўлгани учун эмас, балки асосан қоронғида ов қилгани учун шундай аталган. Одатда ўғилга келин танлаш ва совчилик ишларида отадан ҳам кўпроқ она жонбозлик кўрсатади. Лекин асарда Япалоққушнинг жуфти айтилмайди. Демак, ўғил отали етим бўлиб, унинг бутун бахти-камоли отанинг елкасида. “Онали етим – гул етим, отали етим – шум етим” деганларидек, бундай чала оиладаги ўғилнинг феълию тақдирига нозик ишора бор, албатта. Нега Япалоққуш совчиликка Кўрқушни ёллади? Чунки қоронғида иш битирадиган жонзот табиатан ўта қув ва шум бўлади. Қолаверса, Кўрқуш ҳам Гўрўғли, ҳам Афандининг тимсоли сифатида кўринади. Гўрўғли душманларнинг қўшину карвонига кечаю кундуз ҳужум қилувчи бўлса, Афанди эзилган элни ноинсоф бой, муттаҳам қози, золим ҳоким ва бошқа ўғри-талончилардан қўриб, эртаю кеч уларнинг додини беради… Кўрқушнинг қувлик-шумлигини унинг ушбу жавобидан ҳам англаш мумкин: “Бор махтанса топилур, йўқ мақтанса чопилур” деган яхшилар масали бордур. Бойўғлини оғзини бир бурчидин минг чордевор чиқар “қизимни қалини” деб, ҳоло Ҳазрати Сайид Муҳаммад Умар аҳди овонларида олам маъмур, раоё масрур. Ҳар нечук абушқалар марваритдин, қурутқалар маржондин тасбеҳлар уюрурлар, бир бўш чордевор топилмас, уёлурмиз. Нечукким айтмишлар: “Ўй ўйлаган қул тек турмас”, “Уёт ўлумдин қаттиқ”. Ва яна айтмишларки, “Эрман яғочини эгилгани – сингани, эр йигитни уёлгани – ўлгани”. Тинмасликка қолсам керак. Орада турмоқ дағдағаси манда йўқ. Нечукким айтмишлар: “Хотун олмоққа (қунт) керак, кунда даҳсар эт керак”.
Аввало нега Кўрқуш мақолни “масал” деб атамоқда? Биринчидан, мақол, масал, матал жанрлари ҳикматли сўз ва гапга асосланиб, бир-бирига жуда яқин. Иккинчидан, масал – ўгит берадиган кичик мажозий ҳикоя ёки шеър бўлиб, унда қуш ва ҳайвонлар орқали инсоний жамиятдаги муносабатлар тасвирланади.
(Давомини журналдан ўқийсиз)
2021/6